язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси/ Сув, сувдан фойдаланиш ва сув хўжалиги/ Сув хўжалиги. Сув хўжалиги иншоотлари ва гидротехник объектлар/ Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги декларацияси ва хавфсизлик декларациясининг давлат экспертизаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 16.11.1999 й. 499-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

1999 йил 16 ноябрдаги

499-сон қарорига

1-ИЛОВА


Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги

декларацияси ва хавфсизлик декларациясининг

давлат экспертизаси тўғрисида

НИЗОМ



1. Мазкур Низом "Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ишлаб чиқилган, гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги декларациялари (кейинги ўринларда - хавфсизлик декларацияси деб аталади) мазмунини, уларни тузиш ва давлат экспертизасидан ўтказиш тартибини белгилайди.


2. Гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини декларациялаш гидротехника иншоотларини лойиҳалаштириш, қуриш, фойдаланишга топшириш, улардан фойдаланиш, уларни фойдаланишдан чиқаришда, шунингдек реконструкция қилиш, мукаммал тузатиш, тиклаш ёки консервациялашдан кейин мажбурий ҳисобланади.

Давлат мулки бўлган, республика, минтақа, сув хўжалиги ва энергетика тизимига кирувчи мукаммаллиги I, II, III класс бўлган гидротехника иншоотлари, шунингдек рўйхати "Давсувхўжаликназорат" инспекцияси билан келишган ҳолда декларациялайдиган ташкилот томонидан белгиланадиган фавқулодда вазиятларда юқори даражада хавф солувчи мукаммаллиги III классдан паст бўлган гидротехника иншоотлари декларацияланиши керак.


3. Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги декларацияси гидротехника иншоотлари хавфсизлиги асослаб бериладиган, уларнинг хавфсизлик мезонларига, лойиҳага, амалдаги қурилиш нормалари ва қоидаларига мувофиқлиги белгиланадиган, шунингдек юзага келиши мумкин бўлган авария ҳолатлари хусусиятлари ва кўлами ҳамда иншоотнинг мукаммаллик класси ҳисобга олинган ҳолда улардан фойдаланиш хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари белгиланадиган ҳужжат ҳисобланади.


4. Фойдаланилаётган гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги декларацияси фойдаланувчи ташкилот томонидан, лойиҳалаштирилаётган ва қурилаётган гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги декларацияси эса - буюртмачи вазифасини бжарувчи ташкилотлар (кейинги ўринларда - декларантлар деб аталади) томонидан тузилади.

Декларацияни ва унинг айрим бўлимларини ишлаб чиқишга бошқа ташкилотлар ҳамда алоҳида мутахассислар шартнома асосида жалб қилиниши мумкин.


5. Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги декларацияси 3 нусхада тузилади ва "Давсувхўжаликназорат" инспекциясига (кейинги ўринларда назорат органи деб аталади), ҳудудида гидротехника иншооти жойлашган вилоят ҳокимлигига тақдим этилади. Декларациянинг биринчи нусхаси фойдаланувчи ташкилотда сақланади.


6. Декларация:

тақдим этиладиган ахборотнинг тўлиқлиги ва ишончлилиги;

авариялар ва шикастланишлар хавфи ва сценарийларининг ҳар томонлама ва тўлиқ аниқланиши;

хавфлар ва таваккалчиликларни таҳлил қилишга нисбатан қўлланиладиган ёндашувлар ва усулларнинг асосланганлиги;

хавфларни таҳлил қилиш бўйича бажарилган ҳисоб-китобларнинг тўлиқлиги ва ишончлилиги, ҳисоб-китоблар натижаларига таъсир қилувчи барча омилларнинг ҳар томонлама тўлиқ ҳисобга олиниши;

режалаштирилаётган хавфсизлик чора-тадбирларининг ишончлилиги ва уларнинг амалдаги меъёрий ва ҳуқуқий ҳужжатлар қоидаларига мувофиқлиги талабларига жавоб бериши керак.


7. Хавфсизлик декларациясини ишлаб чиқишда "Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва бошқа меъёрий ҳужжатлар талабларини ҳисобга олиш керак.


8. Гидротехника иншоотлари хавфсизлиги декларациясини тузишдан олдин иншоотнинг техник ҳолати натурада кузатилиши ва текширилиши керак. Янгидан ишга туширилаётган иншоотлар учун қурилиш давридаги кузатиш маълумотларидан фойдаланилади.


9. Хавфсизлик декларациясида қуйидагилар бўлиши керак:

а) сарварақ, унда қуйидаги маълумотлар келтирилади: декларациянинг рўйхатдан ўтказиш рақами, декларацияни тасдиқлаш (рўйхатдан ўтказиш) грифи, декларация объектининг номи;

б) гидротехника иншоотлари ва улар жойлашган туманнинг табиий шароитлари, лойиҳада, фойдаланиш қоидаларида ва назорат органи кўрсатмаларида назарда тутилган хавфсизликни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги маълумотларни, фойдаланувчи ташкилот тўғрисидаги асосий маълумотларни ўз ичига олувчи умумий ахборот;

в) гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги таҳлили ва уни баҳолаш, шу жумладан хавфнинг юзага келиши мумкин бўлган манбаларини аниқлаш ҳамда гидротехника иншоотининг унга йўл қўймасликка ёки фавқулодда вазиятлар оқибатларини пасайтиришга тайёрлигини таҳлил қилиш ва баҳолаш ҳам шу жумлага киради;

г) алоҳида конструктив элементлар учун хавфсизлик мезонларини ҳамда умуман иншоотнинг хавфсизлик даражасини аниқлаган ҳолда иншоотларнинг техник ҳолати устидан натурада кузатиш натижалари;

д) объектларни қўриқлаш тизими ва алоҳида даврда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш тўғрисидаги маълумотлар;

е) гидротехника иншоотларида юз бериши мумкин бўлган ва пайдо бўладиган авария вазиятлари тўғрисида аҳолини, назорат органларини, вилоят ҳокимликларини хабардор қилиш тартиби;

ж) хулоса, у алоҳида узеллар ва умуман гидротехника иншоотининг хавфсизлиги даражасига берилган баҳони, шунингдек хавфсизликни таъминлашга доир зарур чора-тадбирлар рўйхатини ўз ичига олади;

з) қурилиши тугалланган гидротехника иншоотининг давлат комиссияси томонидан қабул қилиб олиниши тўғрисидаги далолатнома.


Иловалар:

а) текшириш далолатномаси билан биргаликда гидротехника иншоотининг ҳолати тўғрисидаги маълумотнома;

б) гидротехника иншоотларининг тийиб туриш жабҳаси босими ёриб ўтган тақдирда сув босадиган зонада қоладиган туташ ҳудудлар билан бирга иншоотларни жойлаштириш режаси;

в) мазкур очиқ сув оқимларида жойлашган сув омборлари каскади схемаси;

г) каналларнинг чизиқли схемаси;

д) асосий гидротехника иншоотларига хос бўлган бўйлама ва кўндаланг кесимлар;

е) назорат-ўлчаш аппаратларини ва асосий гидротехника иншоотларидаги кузатиш нуқталарини жойлаштириш схемаси;

ж) гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган муҳандислик-техник ва ташкилий тадбирлар режаси.


10. Хавфсизлик декларацияси фойдаланувчи ташкилот раҳбари томонидан имзоланади, у хавфсизлик декларациясида тақдим этилган ахборотнинг тўлиқлиги ва ишончлилиги учун жавоб беради.


11. Фойдаланилаётган гидротехника иншоотларининг хавфсизлик декларацияси декларант томонидан назорат органларига 5 йилда камида бир марта, шунингдек назорат органининг қарорига кўра ёки декларантнинг ташаббуси билан қуйидаги ҳолларда тақдим этилади:

иншоотнинг ишончлилиги даражаси пасайиши хавфи пайдо бўлганда, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш шарт-шароитлари ёмонлашганда, хавф аниқланган пайтдан бошлаб уч ой мобайнида;

хавфсизлик соҳасидаги амалдаги талаблар (нормалар ва қоидалар) ўзгарганда, фавқулодда вазиятлар давом этиши тўхтатилганда ва тугатилганда, тегишли меъёрий ҳужжатлар амалга киритилгандан кейин 6 ойдан кечикмай;

гидротехника иншоотлари реконструкция қилингандан, мукаммал тузатилгандан, тиклангандан ёки консервация қилингандан кейин - тегишли қурилиш-монтаж ишлари қабул қилиб олингунгача.


12. Лойиҳалаштирилаётган гидротехника иншоотларининг хавфсизлик декларацияси назорат органига лойиҳанинг давлат экспертизаси ўтказилаётган даврда тақдим этилади.


13. Қурилаётган гидротехника иншоотларининг хавфсизлик декларацияси назорат органига иншоотни вақтинча ёки доимий фойдаланишга топширишнинг белгиланган муддатидан камида 4 ой олдин тақдим этилади.


14. Назорат органи:

а) хавфсизлик декларациялари мазмунига ва гидротехника иншоотларининг вазифасига, мукаммаллиги даражасига, конструкция хусусиятларига, фойдаланиш шарт-шароитларига ва хавфсизликка нисбатан қўйиладиган махсус талабларга боғлиқ равишда ҳар хил турдаги гидротехника иншоотлари хавфсизлиги декларацияси хусусиятларини ҳисобга олувчи уларни тузиш методикасига қўйиладиган қўшимча талабларни;

б) хавфсизлик декларациялари шаклини;

в) хавфсизлик декларацияларини тақдим этиш жадвалини белгилайди.


15. Назорат органи хавфсизлик декларациясининг давлат экспертизаси ўтказилишини ташкил этади.


16. Декларацияда кўрсатилган маълумотларнинг, жумладан:

гидротехника иншоотларида авария вазиятлари пайдо бўлиши хавфини аниқлаш даражаси;

гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича назарда тутилган чора-тадбирларнинг етарлилиги ва ушбу чора-тадбирларнинг нормалар ва қоидаларга мувофиқлиги тўғрисидаги маълумотларнинг тўлиқлиги ва ишончлилигини аниқлаш хавфсизлик декларацияси давлат экспертизасининг мақсади ҳисобланади.


17. Гидротехника иншоотларининг хавфсизлик декларациялари давлат экспертизаси "Давсувхўжаликназорат" инспекциясининг Эксперт кенгаши томонидан ўтказилади. Эксперт кенгаши эксперт комиссияларини тузади, улар ишига алоҳида мутахассислар билан биргаликда илмий-тадқиқот ва лойиҳалаш ташкилотлари ҳам жалб этилиши мумкин.


18. Хавфсизлик декларациясининг давлат экспертизаси харажатлар сметаси ҳамда Эксперт кенгаши томонидан декларантга юбориладиган ҳисоб рақами асосида тўлов эвазига ўтказилади.


19. Хавфсизлик декларациясини давлат экспертизасидан ўтказиш муддати экспертиза ўтказилганлиги учун декларант томонидан ҳисоб рақамига тўлов тўланган кундан бошлаб 3 ойдан ошмаслиги керак.


20. Эксперт кенгаши эксперт комиссиялари таркибига киритилган мутахассисларга қўйиладиган малака талабларини, эксперт комиссияларини шакллантириш ва уларнинг иш тартибини белгилайди, экспертлар ўқувини ва уларнинг иш тажрибасини айирбошлашни ташкил этади.


21. Эксперт кенгаши белгиланган муддатда Эксперт комиссиясининг хулосасини назорат органига юборади. Эксперт комиссияси хулосаси назорат органи томонидан тасдиқлангандан кейин хавфсизлик декларацияси давлат экпертизасининг хулосаси мақомига эга бўлади.


22. Эксперт комиссияси томонидан салбий хулоса қабул қилинган тақдирда декларант такрорий давлат экспертизаси ўтказилишини талаб қилишга ҳақлидир. Назорат органи декларантнинг тегишли сабаблари кўрсатилган аризасини кўриб чиқади ҳамда ариза тушган кундан бошлаб икки ой муддатда ўз қарорини унга маълум қилади, мазкур Низомнинг 25-бандида кўрсатилган ҳоллар бундан мустасно.


23. Назорат органи хавфсизлик декларациясини ва эксперт комиссияси хулосасини кўриб чиқади ҳамда ушбу ҳужжатлар назорат органига тушган кундан бошлаб бир ой муддатда тасдиқлаш ёки тасдиқлашни рад этиш тўғрисида қарор чиқаради.


24. Агар хавфсизлик декларацияси ва Эксперт комиссияси хулосаси назорат органи томонидан кўриб чиқилаётганда хавфсизлик даражаси пасайганлигидан далолат берувчи ҳолатлар аниқланса, назорат органи гидротехника иншоотларини инспекторлик текширувидан ўтказади ва тақдим этилган хавфсизлик декларациясини текшириш натижаларини ҳисобга олган ҳолда кўриб чиқади. Бунда хавфсизлик декларациясини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш муддати 4 ойгача узайтирилиши мумкин.


25. Гидротехника иншоотларининг хавфсизлик даражаси пасайган, шунингдек уларнинг хавфсизлиги бўйича чора-тадбирлар бажарилмаган тақдирда назорат органи хавфсизлик декларациясининг амал қилиш муддатини қисқартиришга ҳақлидир.


26. Назорат органи томонидан тасдиқланган хавфсизлик декларацияси гидротехника иншоотини кадастрга киритиш ҳамда ушбу орган томонидан гидротехника иншоотларини фойдаланишга топшириш ва фойдаланишдан чиқаришга, реконструкция қилиш, консервациялаш ва тугатишга рухсатномалар бериш учун асос ҳисобланади.


27. Гидротехника иншоотлари хавфсизлик декларациясининг давлат экспертизаси салбий хулосаси ҳамда декларацияни тасдиқлаш рад этилиши тўғрисидаги қарор юзасидан суд тартибида шикоят қилиниши мумкин.


28. Назорат органи хавфсизлик декларацияси маълумотлари базасини шакллантиради ва юритади, хавфсизлик декларациялари тақдим этилиши муддатларини назорат қилади.