язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Давлат ҳуқуқий тизими асослари/ Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари/ Фуқаролар йиғинининг ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича комиссияси тўғрисида Намунавий низом (ЎзР ВМ 07.10.2013 й. 274-сон қарорига 5-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2013 йил 7 октябрдаги

274-сон қарорига

5-ИЛОВА



Фуқаролар йиғинининг

ижтимоий қўллаб-қувватлаш

бўйича комиссияси тўғрисида

НАМУНАВИЙ НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ Фуқаролар йиғинининг ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича комиссияси (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) фаолиятини тартибга солади.


2. Комиссия ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, қонунларига, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, Фуқаролар йиғини тўғрисидаги Низомга, фуқаролар йиғини ва унинг кенгаши қарорларига ҳамда ушбу Низомга мувофиқ амалга оширади.


3. Комиссия ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади.



II. КОМИССИЯНИНГ МАҚСАДИ ВА ВАЗИФАЛАРИ


4. Комиссиянинг мақсади фуқаролар йиғини ҳудудида аниқ йўналтирилган асосда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилишига кўмаклашишдан иборат.


5. Қуйидагилар Комиссиянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

оилаларни ўрганиш, кам таъминланган оилалар ва ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз фуқароларни аниқлаш ва ҳисобга олиш;

аҳолининг ижтимоий ночор қатламларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга ошириш ҳақида фуқаролар йиғинига таклиф киритиш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда болали оилаларга нафақани, бола парвариши бўйича нафақани ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдамни тайинлаш ва тўлаш ҳақида қарор қабул қилиш;

ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз фуқароларга ҳомийлик ёрдамлари кўрсатиш, уларга ижтимоий ҳимоялаш, соғломлаштириш, маиший шарт-шароитларини яхшилаш тадбирларини амалга оширишда кўмаклашиш.

Комиссия қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.


6. Комиссия ўз вазифаларини амалга оширишда Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази, давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар, туман (шаҳар) хотин-қизлар қўмиталарининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси, профилактика (катта) инспекторининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчилари, фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича бошқа комиссиялар билан, шунингдек зарурият бўлганда, туман (шаҳар) давлат солиқ инспекциялари ва молия органлари билан ҳамкорлик қилади.

7. Комиссия ушбу Низомда белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда Комиссия аъзолари томонидан оммавий ахборот воситаларида чиқишларни ташкил этиши мумкин.



III. КОМИССИЯНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


8. Комиссия қуйидаги ҳуқуқларга эга:

фаолият йўналишига оид у ёки бу масалалар юзасидан қабул қилган қарорларини фуқаролар йиғини кенгашида кўриб чиқиш учун тақдим этиш;

кам таъминланган оилалар, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз фуқароларни қўллаб-қувватлаш, ушбу мақсадларда жисмоний ва юридик шахсларнинг ихтиёрийлик асосидаги маблағларини жалб этиш бўйича фуқаролар йиғинига таклиф киритиш;

кам таъминланган оилалар, вояга етмаган болалари бўлган муҳтож оилалар фарзандларини соғломлаштириш оромгоҳларида бепул ёзги дам олиш масалаларида ва бошқа ижтимоий тадбирлар ўтказиш бўйича тегишли ташкилотлар ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларга мурожаат қилиш тўғрисида фуқаролар йиғинига таклифлар киритиш;

фаолияти учун зарур бўлган маълумотларни тегишли ташкилотлардан белгиланган тартибда олиш тўғрисида, зарур ҳолларда маълумотларни жойига бориб ўрганиш ҳақида фуқаролар йиғинига таклифлар киритиш;

ўзига юкланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида ўз мажлисларига давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотларнинг вакилларини, мутахассисларни ва бошқа шахсларни жалб қилиш бўйича фуқаролар йиғини кенгашига таклифлар киритиш;

ушбу Низомда белгиланган вазифаларни бажаришда тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича фуқаролар йиғинига таклифлар киритиш.


9. Комиссиянинг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

ўз фаолиятида қонунчиликка ва мазкур Низом талабларига қатъий риоя қилиш;

мазкур Низомда белгиланган вазифаларни амалга ошириш;

фуқароларнинг қадр-қиммати камситилишига, ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол этилишига йўл қўймаслик;

фуқаролар йиғини фаолиятида фаол иштирок этиш, фуқаролар йиғини ва кенгашининг қарорларини амалиётга татбиқ этиш орқали маҳалланинг нуфузи, обрў-эътиборини мустаҳкамлаш ва таъсирини ошириш;

йўналиши бўйича тарғибот ишларини самарали ва мақсадли тарзда мунтазам равишда амалга ошириш;

кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлашда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибга қатъий риоя этилишини таъминлаш;

қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган ҳолларда тегишли органларга хабар бериш тўғрисида фуқаролар йиғинига таклифлар киритиш.


10. Комиссия қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ҳамда мажбуриятларни бажариши мумкин.


11. Комиссияга аён бўлган сирларнинг ўзгаларга ошкор қилиниши қатъиян тақиқланади.


12. Комиссия раиси ва унинг аъзолари:

ўз фаолияти давомида фуқаролар билан хушмуомала ва холис бўлишлари;

ўз билимларини, айниқса инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда ижтимоий муҳофаза соҳасидаги ҳуқуқий билимларини ошириб боришлари зарур.



IV. КОМИССИЯНИ ШАКЛЛАНТИРИШ ВА УНИНГ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


13. Комиссия аъзолари фуқаролар йиғини томонидан фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи обрў-эътиборли ва ҳурматга сазовор фуқаролар орасидан 2 йил муддатга, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) эса - унинг бутун ваколати даврига сайланади. Комиссия таркиби камида 15 кишидан иборат бўлиши керак.

Комиссия таркибига фуқаролар йиғини раисининг маслаҳатчилари, котиби, фуқаролар йиғини ҳудудига бириктирилган туман (шаҳар) Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази ходими, шунингдек зарурият бўлганда, туман (шаҳар) давлат солиқ инспекциялари ва молия органлари вакиллари киритилади.

Комиссияга фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) раҳбарлик қилади.

Комиссия таркибига номзод сифатида кўрсатилган шахс, агар фуқаролар йиғинида ҳозир бўлганларнинг ярмидан кўпи уни ёқлаб овоз берган бўлса, сайланган ҳисобланади.

Комиссия аъзоси муддатидан аввал Комиссия таркибидан чиқса, Комиссиянинг янги аъзоси бир ой муддат ичида фуқаролар йиғини томонидан сайланади.


14. Комиссия раиси:

мажлисларни чақиради ва ўтказади;

Комиссиянинг жорий ишларини ташкил қилади;

фуқаролар йиғини, йиғин кенгаши мажлисларида унинг номидан вакил бўлади;

Комиссия номидан чиқадиган ҳужжатларни имзолайди.


15. Комиссия раиси ушбу Низомда белгиланган вазифаларнинг Комиссия аъзолари томонидан бажарилишини таъминлайди.


16. Комиссиянинг йиллик, чораклик иш режалари Комиссия йиғилишида муҳокама этилади ва фуқаролар йиғини кенгаши томонидан тасдиқланади.


17. Комиссия ўз фаолиятини олиб боришда фуқароларнинг мурожаатлари, Комиссия раиси ва аъзоларининг таклифлари, ҳудуддаги ижтимоий муаммоларнинг келиб чиқишига қараб йиғилиш ўтказади ва тегишли қарорлар қабул қилади.


18. Комиссия йиғилиши, агар унинг ишида Комиссия аъзоларининг камида учдан икки қисми қатнашаётган бўлса, ваколатли ҳисобланади. Комиссия йиғилишида иштирок этаётган аъзоларнинг ярмидан кўпи ёқлаб овоз берган қарор қабул қилинган ҳисобланади.


19. Фуқаролар йиғини масъул котиби Комиссиянинг котиби ҳисобланади ва Комиссия йиғилишларининг баёнини юритади ва қарорлар ижросини назорат қилади.


20. Комиссия ўз фаолияти юзасидан ҳар ойда фуқаролар йиғини кенгашига, йилнинг ҳар чорагида фуқаролар йиғинига ҳисобот бериб боради.


21. Комиссияни зарур жиҳозлар билан таъминлаш, шунингдек Комиссия аъзоларини моддий рағбатлантириш учун маҳаллий бюджет маблағлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа маблағлардан ташкил топган фуқаролар йиғини мулки ҳисобидан фуқаролар йиғини кенгаши қарорига асосан пул маблағлари ажратилиши мумкин.



V. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


22. Комиссияни тугатиш ва унинг фаолиятини қайта ташкил этиш тегишли фуқаролар йиғини бирлаштирилганда, бўлинганда, тугатилганда ва чегаралари ўзгартирилганда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи қарорига мувофиқ амалга оширилади.


23. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 14 октябрь, 41-сон, 549-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2013 йил, 10-сон, 71-модда