язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Савдо. Умумий овқатланиш. Маиший хизмат кўрсатиш/ Умумий овқатланиш/ Ўзбекистон Республикасида умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларни) ишлаб чиқариш ва сотиш Қоидалари (ЎзР ВМ 13.02.2003 й. 75-сон Қарорига 2-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2003 йил 13 февралдаги

75-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасида

умумий овқатланиш маҳсулотларини

(хизматларни) ишлаб чиқариш ва сотиш

ҚОИДАЛАРИ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Қоидалар, мулкчилик шаклларидан ва идоравий мансублигидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида умумий овқатланиш соҳасидаги барча хўжалик юритувчи субъектлар ишларига асосий талабларни тартибга солади.


2. Умумий овқатланиш соҳасидаги хўжалик юритувчи субъект бу умумий овқатланиш соҳасида кулинария, шунингдек бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлаш, сотиш ва истеъмол қилишни ташкил этиш ҳамда хизматлар кўрсатиш бўйича функцияларни бажарувчи юридик шахсдир*.

3. Умумий овқатланиш корхоналари қуйидаги талаблар асосида мулкдор деб белгиланадиган қуйидаги турларга бўлинади: ресторан, вагон-ресторан, бар, кафе, ёзги кафе, кафетерий, ошхона, чойхона, буфет ва кичик ошхона:


ресторан - ўз номига эга бўлган, истеъмолчиларга мураккаб усулда тайёрланадиган юқори сифатли кулинария ва қандолатчилик маҳсулотларининг кенг ассортиментини ҳамда ичимликларни тақдим этадиган энг қулай умумий овқатланиш корхонаси. Ресторан таомномасига мажбурий тартибда порцияли ва фирма овқатлари киритилади. Хизмат кўрсатиш дам олиш, овқатлар пишириш ва хизмат кўрсатиш билан уйғунлаштирилган ҳолда юқори малакали ошпазлар ва официантлар томонидан амалга оширилади;


вагон-ресторан - йўлда юриш давомида темир йўл транспорти йўловчиларига ва поезд бригадалари ходимларига нонушталар, тушликлар, кечки овқатлар, қандолатчилик маҳсулотлари ва ичимликлар билан хизмат кўрсатиш учун мўлжалланади;


бар - тик турган ҳолда истеъмолчиларга ичимликлар ва закускалар билан хизмат кўрсатишни (столчалар ёнида хизмат кўрсатиш билан бир қаторда) ташкил қилади. Сотиладиган ичимликлар ва маҳсулотлар турларига кўра барлар пиво, вино, коктейль, сут барлари ва бошқа барларга ихтисослашган бўлади;


кафе - истеъмолчиларга турли қайноқ ва совуқ ичимликлар, қандолатчилик, сут маҳсулотлари ҳамда тайёрланиши мураккаб бўлмаган кулинария маҳсулотларини тақдим этади. Сотиладиган маҳсулотлари ёки йўналишига кўра кафелар: ширинликлар, музқаймоқ, сут кафеси, болалар кафеси, ёшлар кафеси ва шу кабиларга ихтисослашган бўлади; уларда ўз ўзига хизмат кўрсатиш ёки официантлар томонидан хизмат кўрсатиш усуллари қўлланилади; кечки вақтларда мусиқий хизмат кўрсатиш ташкил этилиши мумкин;


ёзги кафе - истеъмолчиларга очиқ майдончада бостирма остида хизмат кўрсатади;


кафетерий - бу дўкон ҳузурида шу жойнинг ўзида истеъмол қилинадиган иссиқ ичимликлар, сут, шарбатлар, бутербродлар, қандолатчилик маҳсулотлари ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари сотиш учун ташкил этилган бўлимдир;


ошхона - бу истеъмолчиларни нонушталар, тушликлар ва кечки овқатлар билан таъминловчи корхонадир. Ошхоналар жойлашган жойига ва хизмат кўрсатиладиган мижозларига кўра умумий равишда фойдаланиладиган саноат корхоналари, муассасалар, қурилишлар, ўқув юртлари ва шу кабилар ҳузуридаги ошхоналарга бўлинади. Ишлаб чиқариш корхоналари, ўқув юртлари ва муассасалар ҳузуридаги ошхоналарда асосан ҳафта кунлари бўйича турли хил комплекс тушликлар, нонушталар ва кечки овқатлар ташкил этилади. Уларда ўз-ўзига хизмат кўрсатиш ва столларга комплекс овқатларни олдиндан қўйиш усуллари қўлланилади;


чойхона - бу чойнакларда чой бериш хизмат кўрсатишнинг асосий тури ҳисобланадиган корхонадир. Бундан ташқари чойхоналарда турли хил обинонлар, миллий ширинликлар, қандолатчилик, булка маҳсулотлари ва бошқа буфет маҳсулотлари бўлиши мумкин;


буфет - бу истеъмолчиларга чекланган турдаги қайноқ ва салқин ичимликлар, совуқ таомлар ва закускалар, нон-булка ва қандолатчилик маҳсулотлари, шунингдек осон тайёрланадиган иссиқ ва ширин таомлар билан жадал хизмат кўрсатишга мўлжалланган корхонадир. Унда ўз-ўзига хизмат кўрсатиш ёки официантлар томонидан хизмат кўрсатиш қўлланилади;


кичик ошхона - бу истеъмолчиларга осон тайёрланадиган таомлар ва закускалар, қайноқ ва салқин ичимликлар билан жадал хизмат кўрсатишни ташкил этувчи корхонадир. Сотиладиган маҳсулотлар турига кўра кичик ошхоналар қуйидагиларга ихтисослашган бўлиши мумкин: кабобхона, паловхона, сомсахона, сосискахона, чучварахона, чебурекхона, пирожкахона, блинчикхона ва шу кабилар.


4. Савдо, омборхона, ишлаб чиқариш ва маъмурий-маиший биноларга, маҳсулот ишлаб чиқариш анжомлари ва жиҳозларига, технология режимларига, сотиш ва истеъмол қилишни ташкил этишга, кўрсатиладиган хизматларга қўйиладиган талаблар ва мезонлар амалдаги техник регламентлар ёки стандартлар, санитария нормалари, техника хавфсизлиги қоидалари, ёнғиндан сақлаш ва бошқа талабларга мувофиқ белгиланади.

5. Умумий овқатланиш субъекти маҳсулотлар ва товарларни сотишни, истеъмолни ва хизматлар кўрсатишни ташкил этишни ушбу бобнинг 6-бандида кўрсатилган талабларга риоя қилган ҳолда ҳам савдо залларида, ҳам улардан ташқарида амалга ошириши мумкин.


6. Товарларни сақлаш, маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва сотиш билан боғлиқ умумий овқатланиш корхонасида ишлайдиган ходим махсус тайёргаликка эга бўлиши, қуйидагилар:

ушбу Қоидалар;

санитария-нормалари ва талаблари;

ёнғиндан сақлаш нормалари;

стандартлар талаблари;

техника хафвсизлиги қоидалари билан танишган бўлиши ва уларга риоя қилиши керак.


7. Хорижий сайёҳларга хизмат кўрсатувчи умумий овқатланиш корхоналари штатида ўз вазифаларини бажариши учун зарур бўлган ҳажмда камида битта хорижий тилни (инглиз, немис, француз тилини) биладиган ходимлар (метрдотеллар, официантлар) бўлиши керак. Ушбу корхоналарда фирма жилдларида, давлат тилида ва хорижий тилларда ёзилган таомнома бўлиши керак.


8. Умумий овқатланиш субъекти истеъмолчиларга ўзининг тўлиқ номи, иш режими, тавсия этиладиган маҳсулотлар, товарлар ва кўрсатиладиган хизматлар тўғрисидаги зарур ва ишончли маълумотларни кўргазмали ва қулай шаклда етказиши шарт, маълумотларда тўғри танлаш имкониятини таъминлайдиган камида қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:

маҳсулотлар ва товарлар рўйхати;

умумий овқатланиш маҳсулотларининг тайёр таомлари порцияларининг умумий вазни (ҳажми), тавсия этилаётган ичимлик бутилкасининг сиғими ва унинг порциялари ҳажми тўғрисидаги маълумотлар;

хизматлар рўйхати ва уларни кўрсатиш шартлари;

хизматлар нархи ва уларни тўлаш шартлари.


9. Умумий овқатланиш корхоналарининг иш режими, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, мустақил равишда, саноат корхоналари, муассасалар, ўқув юртлари ҳузуридаги умумий овқатланиш корхоналарининг иш режими эса маъмурият ва касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда белгиланади.

Тасдиқланган иш соатларига мулкчиликнинг барча шаклларидаги корхоналар томонидан мажбурий тартибда риоя қилиниши керак.

Умумий овқатланиш корхонаси (режали санитария тадбирларини ўтказиш, таъмирлаш ва шу кабилар учун) ёпилган тақдирда корхона камида бир ҳафта олдин тегишли эълонни осиб қўйиши керак.


10. Официантлар хизмат кўрсатадиган умумий овқатланиш объектларига мижозларни киритишни уларнинг ёпилишидан 30 дақиқа олдин, ўз-ўзига хизмат кўрсатиш усули бўйича ишлайдиган умумий овқатланиш объектларига эса - уларнинг ёпилишидан 15 дақиқа олдин тўхтатишга йўл қўйилади.


11. Умумий овқатланиш корхонаси қўлланишга рухсат этилган ўлчаш воситаларига эга бўлиши ва уларни соз ҳолатда сақлаши, ўз вақтида ва белгиланган тартибда метрологик текширишдан ўтказиши шарт.


12. Барча ўлчаш воситалари, тортиш ва ўлчаш приборлари, кўриниб турадиган ишонч тамғасига ёки "Ўзстандарт" агентлиги органларининг амал қилиш муддати ўтмаган текшириш гувоҳномаси соз ҳолатда, тоза, тўғри ўрнатилган бўлиши, белгиланган мақсадда қўлланилиши ҳамда ўлчашларнинг ягоналигини ва ишончлилигини таъминлаши ва тегишли паспортга эга бўлиши керак.

Носоз ва қўлланишга рухсат этилмаган ўлчаш воситаларидан фойдаланиш тақиқланади.


13. Истеъмолчилар билан нақд пулли ҳисоб-китоблар назорат-касса машиналарини қўллаган ҳолда амалга оширилади, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. Умумий овқатланиш объекти раҳбари ходимни назорат-касса машиналарини ишлатиш қоидалари билан таништириши шарт.


14. Умумий овқатланиш соҳасида фаолиятни амалга оширувчи хўжалик юритувчи субъект овқат учун ҳисоб-китобларнинг олдиндан тўлаш, таомлар танлангандан кейин тўлаш, овқатланиб бўлгандан кейин тўлаш, ўзи ҳисоблаш каби турли усулларидан фойдаланиши мумкин. Овқат учун ҳисоб-китоблар шакллари хизмат кўрсатиш методига, хизмат кўрсатиладиган мижоз спецификасига, объект турига ва унинг ихтисослашганлигига кўра белгиланади.

Ўз-ўзига хизмат кўрсатиш усули бўйича ишлайдиган умумий овқатланиш объектларида ва кулинария дўконларида (бўлимларида) ҳисоб-китоб вақтида истеъмолчига касса чеки берилади.

Хизмат кўрсатиш официантлар томонидан амалга ошириладиган барча умумий овқатланиш объектларида берилган маҳсулот учун ҳақ тўлаш официант берган счёт ёки белгиланган намунадаги назорат-касса машиналари чеки бўйича амалга оширилади.

Барча умумий овқатланиш объектларида банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда тўловларни қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминалининг мавжудлиги таъминланиши керак.

Доимий мижозларга (ишчилар, хизматчилар, талабалар, ўқувчилар ва шу кабиларга хизмат кўрсатадиган ошхоналарда ҳисоб-китоб якка тартибдаги ёки гуруҳ абонементлари бўйича амалга оширилиши мумкин.


15. Умумий овқатланиш субъекти таомлар, маҳсулотлар, ичимликларнинг ассортимент рўйхатини санитария ва технология талабларига тўлиқ риоя қилишни ҳисобга олган ҳолда мустақил равишда ишлаб чиқади, таомлар рецептураларини тузади ва тасдиқлайди. Калькуляция карточкаси маҳсулот нархини белгилаш учун асос ҳисобланмайди, у фақат умумий овқатланиш объектлари эгалари томонидан ички фойдаланиш учун хизмат қилади Калькуляция карточкасини юритиш шарт эмас. Маҳсулот нархи унга бўлган талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

16. Кулинария ва ярим тайёр маҳсулотлар дўконларида, буфетларда сотиладиган барча товарлар ва маҳсулотларда товар ва маҳсулотнинг номи, унинг сорти, ўлчови, оғирлиги ёки упаковкаси бирлиги нархлари кўрсатилган, ягона намунадаги ва аниқ расмийлаштирилган нархномалар бўлиши керак.

17. Мулкчилик шаклларидан қатъи назар, умумий овқатланиш корхоналари истеъмолчига унга сотилган таомлар, кулинария маҳсулотлари, товарларнинг ўлчами ва оғирлигини, шунингдек сотилаётган маҳсулотнинг (хизматнинг) норматив-ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини текшириш имкониятини яратиши керак. Якка тартибдаги меҳнат фаолияти тартибида умумий овқатланиш маҳсулотини тайёрлаш ва сотиш билан шуғулланувчи шахслар истеъмолчининг илтимосига кўра унга якка тартибдаги тадбиркорнинг (юридик шахс бўлмаган деҳқон хўжалигининг) давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани кўрсатиши керак.

Кулинария маҳсулоти (кўрсатилаётган хизматлар) сифатида камчиликлар, кам тортишлар ёки ҳисоб-китобдан уриб қолишлар аниқланган тақдирда умумий овқатланиш корхонаси раҳбарияти ва ходимлари истеъмолчининг танлашига кўра:

белгиланган камчиликларни бепул бартараф этиши;

кулинария маҳсулоти (хизматлар) учун тўлов миқдорини камайтириши;

қўшимча ҳақ тўлатмасдан худди шундай таомни, кулинария маҳсулотини тайёрлаши (хизматни такроран бажариши);

истеъмолчининг сифатсиз кулинария маҳсулоти сотиб олиш (хизматларни бажариш) билан боғлиқ харажатларини тўлиқ қайтариши;

етказилган маънавий зарарни қоплаши шарт.


18. Хизмат кўрсатишга олдиндан берилган буюртмани бажариш муддатлари бузилганда, кўрсатилаётган хизматда камчиликлар аниқланганда истеъмолчи ўз танловига кўра:

умумий овқатланиш субъектига хизматлар кўрсатишни бошлаши ва (ёки) тугаллаши керак бўлган янги муддатни тайинлашга ва кўрсатилаётган хизмат нархини камайтиришни талаб қилишга;

кўрсатилаётган хизмат нархини камайтиришни талаб қилишга;

истеъмолчи тайинлаган мақбул муддатда камчиликларни бепул бартараф этишни ёки зарур сифатдаги ана шундай умумий овқатланиш маҳсулотини тайёрлашни ёки уни бошқа маҳсулотлар билан алмаштиришни талаб қилишга;

кўрсатиладиган хизматлардан воз кечишга ҳақлидир.

Истеъмолчи шунингдек хизматлар кўрсатишни бошлаш ва (ёки) тугаллаш муддатлари бузилиши сабабли ўзига етказилган зарарнинг тўлиқ қопланишини талаб қилишга ҳақлидир. Етказилган зарар истеъмолчининг тегишли талабларини қондириш учун Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда қопланади.

Умумий овқатланиш соҳасида фаолиятни амалга оширувчи хўжалик юритувчи субъект хизмат кўрсатиш муддатларининг бузилиши енгиб бўлмайдиган кучлар оқибатида ёки истеъмолчининг айби билан содир бўлганлигини исботлаган тақдирда истеъмолчининг талаблари қондирилмайди.


19. Умумий овқатланиш корхоналарида хизмат кўрсатиш жараёнида тайёр маҳсулотлар ва харид қилинган товарлар истеъмолчининг хоҳишига кўра тегишли идишда ва ўрамда олиб чиқиб кетилиши мумкин, алкоголли ичимликлар бундан мустасно.

Полимер плёнкали пакетларни бепул бериш, уларнинг қийматини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотиладиган товарлар қийматига қўшиш, шунингдек, уларни ўз таннархидан паст нархларда сотиш (тутқичсиз ва товарларнинг ажралмас қисми ҳисобланган пакетлар бундан мустасно) тақиқланади.

Алкоголли ичимликларни олиб чиқиб кетиш учун сотишга йўл қўйилмайди.

20. Умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкоголли маҳсулотлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги махсус комиссиялар томонидан белгиланган тартибда бериладиган рухсат гувоҳномаси мавжуд бўлганда сотилади.

Умумий овқатланиш корхоналарида алкоголли ичимликлар прейскурантларида ичимликлар номи, бутилкасининг сиғими, бутилка умумий сиғимининг, шунингдек 100 ёки 50 граммининг нархи кўрсатилиши керак.

Алкоголли маҳсулотларни сотиш жойларида уларнинг йигирма ёшга тўлмаган шахсларга сотилмаслиги, шунингдек алкоголли маҳсулотларнинг инсон соғлиғига салбий таъсири тўғрисидаги огоҳлантирувчи ёзув бўлиши лозим.

20-1. Алкоголли маҳсулотларни:

савдо автоматлари орқали;

болалар ўйинчоқлари, конфетлар ёки болалар ассортименти бошқа товарлари кўринишида;

сотиш жойларида алкоголли ичимликлар йигирма ёшга тўлмаган шахсларга сотилмаслиги, шунингдек алкоголли маҳсулотларнинг инсон соғлиғига салбий таъсири тўғрисидаги огоҳлантирувчи ёзувлар бўлмаганда;

алкоголли маҳсулот идишида алкоголли маҳсулотларни истеъмол қилиш инсон соғлиғига салбий таъсир кўрсатиши тўғрисидаги матн ва (ёки) расм шаклидаги тиббий огоҳлантириш мавжуд бўлмаганда;

йигирма ёшга тўлмаган шахсларга сотиш тақиқланади.

Алкоголли маҳсулотларни сотаётган сотувчи кўриниши йигирма ёшдан кичик кўринган харидордан унинг ёшини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатишни талаб қилиши, ҳужжат мавжуд бўлмаган тақдирда эса алкоголли маҳсулотларни сотишни рад этиши шарт.

21. Истеъмолчи умумий овқатланиш соҳасида фаолият кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектга амалда қилинган харажатларни тўлаган тақдирда ўзи буюртма берган хизматлардан исталган вақтда воз кечиши мумкин.


22. Ишлаб чиқариш жараёнида таомлар уларни сотиш санитария қоидаларида белгиланган муддатларга қатъий мувофиқ ҳолда сотиш мумкин бўлган партияларда тайёрланиши керак. Олдинги кундан қолган гўшт, майдаланган балиқ маҳсулотлари, макаронлар, қайла, ёрма маҳсулотлардан фойдаланиш қатъиян тақиқланади.


23. Умумий овқатланиш маҳсулотларини махсус ажратилган жойларда сотиш тартиби маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан белгиланади.



II. УШБУ ҚОИДАЛАРГА РИОЯ

ЭТИЛИШИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


24. Ушбу Қоидаларга риоя этилишини назорат қилиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Назорат органлари (муассасалари) ушбу Қоидаларга риоя этилишини текширишга мутахассисларни, истеъмолчиларнинг жамоат ташкилотлари вакилларини жалб этиши мумкин. Савдо корхоналари ва якка тартибдаги тадбиркорлар текширувчи шахсларга текширишларни ўтказишда ва камчиликлар ва қоида бузилишларини бартараф этиш чора-тадбирларини кўришда кўмаклашиши керак.



III. САВДО ҚОИДАЛАРИ БУЗИЛИШИ ТУРЛАРИ


25. Ушбу Қоидаларни бузганлик қуйидаги ҳолларда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Жиноий кодексига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади:

нархларни асоссиз равишда ошириш;

товарлар, маҳсулотларни нотўғри ўлчаш, нотўғри тортиш ёки хизматлар кўрсатмаслик;

товарлар, маҳсулотларни (хизматларни) чек (квитанция, счет) бермасдан сотиш;

харидорга товарнинг, маҳсулотнинг миқдори, вазнини текшириш имконияти яратишдан бош тортиш;

носоз ёки тамғаланмаган тортиш ва ўлчаш приборларидан фойдаланиш;

қуйидагиларга:

тўлов терминаллари билан жиҳозлаш ва пул ҳисоб-китобларини амалга оширишда уларни қўллаш тартибига;

назорат-касса машиналарини қўллаш тартибига;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотиш;

қуйидагиларни:

сифатсиз товарларни, кулинария буюмларини ва атайин ностандарт маҳсулотларни сотиш, шунингдек харидорга сотилган сифатсиз товарни, маҳсулотни алмаштириб беришни ёки пулларни қайтаришдан бош тортиш;

товарларни, маҳсулотларни уларнинг сифатини ва ишлаб чиқариш маркасини тасдиқловчи ёки сертификацияланган маҳсулотнинг белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатларсиз сотиш;

ишлаб чиқариш маркасида ёки товар белгисида тайёрловчининг номи ва жойлашган ўрни тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилмаган товарларни сотиш;

яроқлилик муддати ўтган товарларни сотиш;

полимер плёнкали пакетларни бепул бериш, уларнинг қийматини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотиладиган товарлар қийматига қўшиш, шунингдек, уларни ўз таннархидан паст нархларда сотиш (тутқичсиз ва товарларнинг ажралмас қисми ҳисобланган пакетлар бундан мустасно).

26. Шунингдек жавобгарлик қуйидаги ҳолларда:

товарнинг ёнма-ён туришига риоя қилинмаганда ва товарларнинг сақлаш шароитлари бузилганда;

овқатни истеъмол қилиш учун зарур шарт-шароитлар мавжуд бўлмаганда;

корхонанинг номи, унинг иш режими тўғрисидаги маълумотлар бўлмаганда, харидорга ушбу Қоидаларда назарда тутилган маълумотларни беришдан бош тортганда;

корхонанинг иш режимига риоя қилинмаганда;

товарларда, маҳсулотларда нархномалар бўлмаганда ёки атайин нотўғри расмийлаштирилган нархномалар қўйилганда;

рухсат берилмаган анжом қўлланилганда;

техник регламентлар ёки стандартлар талабларига жавоб бермайдиган товарларни, маҳсулотларни сотиш, маҳаллий йиғимларни тўламаслик ёки ўз вақтида тўламасликда ҳам пайдо бўлади.


*) Ушбу таъриф умумий овқатланиш соҳасида уй шароитларида ёки жойлардаги давлат ҳокимияти органлари қарори билан махсус ажратиладиган жойларда овқатланиш жойлари ташкил этмасдан донали таомларнинг айрим турларини тайёрлаш ва сотиш бўйича хизматлар кўрсатишга татбиқ этилмайди.