Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Маҳаллий ҳокимият органлари /

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашининг Намунавий регламенти (ЎзР ОМ Сенати Кенгашининг 09.03.2007 й. 305-I-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

ОМ Сенати Кенгашининг

2007 йил 9 мартдаги

305-I-сонли қарорига

1-ИЛОВА



Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашининг

НАМУНАВИЙ РЕГЛАМЕНТИ


I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Вилоятлар, туманлар ва шаҳарларда (туманга бўйсунадиган шаҳарлардан, шунингдек шаҳар таркибига кирувчи туманлардан ташқари) халқ депутатлари Кенгашлари (бундан буён матнда маҳаллий Кенгаш деб юритилади) давлат ҳокимиятининг вакиллик органларидир.

Маҳаллий Кенгаш ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, "Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида"ги, "Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва мазкур Регламентга мувофиқ амалга оширади.

Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги маҳаллий Кенгашлар ўз фаолиятларини Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси, Қорақалпоғистон Республикаси қонунлари ва мазкур Регламентга мувофиқ амалга оширадилар.


2-модда. Маҳаллий Кенгаш ўз фаолиятининг асосий йўналишларини сессияда тасдиқланган иш режаси (жорий, йиллик ёки Кенгашнинг ваколатлари муддатига мўлжалланган) асосида белгилаб олади. Маҳаллий Кенгашнинг иш режаси маҳаллий Кенгашнинг доимий комиссиялари, ҳокимликнинг бошқарма ва бўлимлари ишини режалаштиришда асос қилиб олиниши мумкин.

Маҳаллий Кенгашнинг иш режаси маҳаллий Кенгаш депутатлари, доимий комиссиялари, ҳокимликнинг бошқарма ва бўлимлари, шунингдек тегишли ҳудуддаги корхона, муассаса ва нодавлат ташкилотлари таклифларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилади.

Маҳаллий Кенгашнинг иш режаси сессияда қабул қилинади ҳамда тегишли давлат органлари ва нодавлат ташкилотларига ижро ёки маълумот учун юборилади.

Маҳаллий Кенгаш иш режасининг бажарилиши унинг сессияларида, сессиялар оралиғида эса маҳаллий Кенгашнинг доимий комиссиялари мажлисларида муҳокама этиб борилади.

Маҳаллий Кенгашнинг иш режасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш масаласи маҳаллий Кенгашнинг раҳбари, доимий комиссиялари ва депутатларнинг таклифига биноан сессияда кўриб чиқилади. Мазкур масалага доир қарор ушбу Регламентда белгиланган тартибда қабул қилинади.

Маҳаллий Кенгашнинг иш режаси бажарилишини ташкил этиш учун ҳоким - маҳаллий Кенгаш раиси (раҳбари) масъул ҳисобланади.


3-модда. Маҳаллий Кенгаш ишини ҳоким - Кенгаш раиси (раҳбари) ташкил этади ва раҳбарлик қилади.

Ҳоким ўз фаолияти юзасидан маҳаллий Кенгаш олдида ҳисобот беради.

Маҳаллий Кенгашнинг ваколат муддати - беш йил.


4-модда. Маҳаллий Кенгаш ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг тегишли ҳудуд учун муштарак вазифаларини амалга оширилишини, жойларда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва Ўзбекистон Республикаси қонунларининг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижро этилишини, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари билан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўртасидаги алоқаларни, аҳолининг тегишли ҳудудни бошқариш ишларига жалб этилишини таъминлайди.

Маҳаллий Кенгаш тегишли ҳудудда ўзини ўзи бошқаришни ривожлантиришга кўмаклашади, ўзини ўзи бошқариш органларининг фаолиятини йўналтириб туради.


5-модда. Маҳаллий Кенгаш сессияларида иш давлат тилида олиб борилади ва зарурат бўлганда, бошқа тилларга ҳамоҳанг (синхрон) таржимаси таъминланади.



II БОБ. МАҲАЛЛИЙ КЕНГАШНИНГ

СЕССИЯЛАРИНИ ЧАҚИРИШ ВА ЎТКАЗИШ


6-модда. "Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ маҳаллий Кенгашнинг асосий иш шакли сессиядир.


7-модда. Маҳаллий Кенгашнинг сессиялари маҳаллий Кенгашнинг раҳбари, раҳбар йўқлигида эса унинг ўринбосарларидан бири томонидан заруратга қараб, бироқ йилига камида икки марта чақирилади. Сессия маҳаллий Кенгаш депутатлари камида учдан икки қисмининг ташаббусига биноан ҳам чақирилиши мумкин.


8-модда. Маҳаллий Кенгаш сессиясининг кун тартиби маҳаллий Кенгашнинг раҳбари, депутатлар гуруҳлари, доимий комиссиялар ва депутатлар томонидан билдирилган таклифларни инобатга олган ҳолда тайёрланади.

Маҳаллий Кенгаш сессияси муҳокамасига киритилаётган муҳим ва долзарб масалаларни тайёрлаш учун маҳаллий Кенгашнинг раҳбари томонидан тегишли соҳа ёки тармоқлар мутахассислари ҳамда олимларни жалб этган ҳолда ишчи гуруҳ ташкил этилиши мумкин. Ишчи гуруҳ масалани сайловчилар, ҳокимликнинг бошқармалари, бўлимлари ва бошқа тузилмалари, шунингдек тегишли ҳудуддаги корхона ва муассасалар, бошқа нодавлат ташкилотларининг фикр-мулоҳазаларини эътиборга олган ҳолда тайёрлайди.

Маҳаллий Кенгашнинг сессияси муҳокамасига киритилаётган масалалар дастлабки тарзда тегишли доимий комиссиялар томонидан қараб чиқилади ҳамда улар томонидан тайёрланган қарорлар лойиҳалари ва кун тартибига доир бошқа ҳужжатлар маҳаллий Кенгашнинг раҳбарига тақдим этилади.


9-модда. Сессияни, шу жумладан навбатдан ташқари сессияни чақириш ҳақидаги қарор маҳаллий Кенгашнинг раҳбари томонидан қабул қилинади.

Маҳаллий Кенгаш сессияси ўтказиладиган вақт ва жой ҳамда кун тартиби тўғрисида депутатларга сессия очилишидан камида етти кун олдин маълум қилинади. Уларга танишиш учун ҳам тегишли ҳужжатлар юборилади.

Маҳаллий Кенгаш сессиясини чақириш тўғрисидаги хабар оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилиниши мумкин.

Маҳаллий Кенгашнинг сессияси, қоида тариқасида, тегишли ҳудуд марказида ўтказилади, зарурат бўлганда, сессия шу ҳудуддаги бошқа жойда сайёр тарзда ҳам ўтказилиши мумкин.


10-модда. Маҳаллий Кенгашнинг сессияси, башарти унда жами депутатларнинг камида учдан икки қисми ҳозир бўлган бўлса, ваколатли ҳисобланади.

Депутатлар маҳаллий Кенгаш сессиясининг ҳар бир мажлиси олдидан рўйхатга олинади.

Маҳаллий Кенгаш сессияларини ўтказишга мўлжалланган бинода электрон овоз бериш тизимидан фойдаланиш кўзда тутилган бўлса, ҳар бир депутат учун алоҳида муқим ўрин ажратилади.


11-модда. Маҳаллий Кенгаш сессияларида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари иштирок этиши, шунингдек сессияларга тегишли ҳудуддаги давлат органлари ва нодавлат ташкилотлари, корхона ва муассасалар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда бошқа шахслар таклиф этилиши мумкин.

Маҳаллий Кенгаш сессиясига таклиф этилган шахслар муҳокама этилаётган масалалар юзасидан қарор қабул қилишда овоз бериш ҳуқуқига эга эмас, шунингдек улар мазкур Регламентда белгиланган тартибга риоя қилишлари ва раислик қилувчининг фармойишларига бўйсунишлари шарт.

Маҳаллий Кенгаш сессиясига таклиф қилинаётган шахсларнинг сони ва таркиби маҳаллий Кенгашнинг раҳбари томонидан ҳал этилади.

Маҳаллий Кенгашнинг сессиясига таклиф қилинган шахслар учун мажлислар залида махсус жой ажратилади.


12-модда. Янги сайланган маҳаллий Кенгашнинг биринчи сессияси маҳаллий Кенгашнинг раҳбари томонидан сайловдан кейин кечи билан уч ҳафталик муддат ичида чақирилади.

Биринчи - ташкилий сессия кекса депутатлардан бири томонидан очилади ва у маҳаллий Кенгаш томонидан маҳаллий Кенгашнинг раҳбари тасдиқлангунга қадар сессияни бошқаради.

Маҳаллий Кенгаш сессияларида маҳаллий Кенгашнинг раҳбари, у йўқлигида эса маҳаллий Кенгашнинг қарорига ёки маҳаллий Кенгашнинг раҳбари топшириғига биноан мазкур Кенгашнинг депутатларидан бири раислик қилади.


13-модда. Маҳаллий Кенгашнинг сессияларида ҳоким ва унинг ўринбосарлари лавозимларига тасдиқланади, доимий комиссиялар тузилиб, уларнинг таркибига кирадиган аъзолар сайланади. Сессияларда ҳокимнинг тақдимига биноан ижро этувчи ҳокимият органларининг таркибий бўлинмалари раҳбарлари тайинланади, ҳокимлик тузилмаси, ҳокимлик ходимларининг штатлари ва иш ҳақи фонди тасдиқланади. Мазкур масалалар юзасидан қарор депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан, ҳар бир масала бўйича алоҳида-алоҳида, очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади.


14-модда. Маҳаллий Кенгашга сайлов ўтказувчи сайлов комиссиясининг тақдимига мувофиқ депутатларнинг ваколатларини тасдиқлаш тўғрисидаги қарор янги сайланган маҳаллий Кенгашнинг биринчи сессиясида депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Бўшаб қолган депутатлик ўрнига сайлов ўтказилганида ҳам сайлов комиссиясининг тақдимига мувофиқ депутатнинг ваколатини тасдиқлаш тўғрисидаги қарор маҳаллий Кенгаш сессиясида депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.


15-модда. Маҳаллий Кенгашнинг ҳар сессиясини ўтказиш даври учун депутатлар орасидан сессия котиби сайланади ёки сессия котибияти тузилади. Маҳаллий Кенгаш сессияси котибини сайлаш ёки котибиятини тузиш тўғрисидаги масала юзасидан қарор депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Маҳаллий Кенгаш сессиясининг котиби ёки котибияти:

сўзга чиқувчиларни рўйхатга ёзади;

депутат сўровлари, депутатлардан тушадиган саволлар, маълумотномалар, хабарлар, аризалар, таклифлар ва бошқа материалларни рўйхатга олади;

сўзга чиқиш учун ёзилганларнинг рўйхати ва тушган материаллар ҳақида раислик қилувчига ахборот беради;

сессия ишига тааллуқли масалалар юзасидан депутатларга тушунтиришлар беради;

сессия якунлари юзасидан ахборот тайёрлайди;

баённома ёки стенограмма юритилишини ташкил этади.

Маҳаллий Кенгаш сессиясида сессия котиби ёки котибият томонидан тайёрланган ахборот тингланади.


16-модда. Маҳаллий Кенгаш сессиясининг баённомасида қуйидагилар кўрсатилади:

Кенгашнинг номи, сессиянинг тартиб рақами (чақириқ доирасида);

сессия ўтказиладиган сана ва жой;

ҳозир бўлган ва қатнашмаётган депутатлар сони, шунингдек таклиф этилган шахсларнинг сони;

сессиянинг кун тартиби, Кенгаш кўриб чиқиши учун киритилган ҳар бир масала юзасидан маърузачи ҳамда қўшимча маърузачининг фамилияси ва лавозими;

музокараларда сўзга чиққан депутатлар, шунингдек маърузачи ва қўшимча маърузачиларга сўров ёки саволлар (ёзма ёхуд оғзаки) берган депутатларнинг фамилиялари, сайлов округларининг рақами ва лавозимлари;

қабул қилинган қарорлар рўйхати. Унда қарорларни қабул қилиш юзасидан "ёқлаб", "қарши" ёки "бетараф" берилган овозлар сони кўрсатилади.

Баённоманинг матнида сессиянинг кун тартибини тасдиқлаш, музокараларни тўхтатиш, шунингдек маълумот, ахборот бериш ва тартиб-таомил билан боғлиқ бошқа масалалар акс эттирилади.

Маҳаллий Кенгаш сессиясининг баённомасига маърузалар, қабул қилинган қарорлар, сессияда ҳозир бўлган ва қатнашмаётган депутатлар рўйхати ҳамда таклиф этилган шахслар рўйхати ва бошқа материаллар илова қилинади.

Маҳаллий Кенгаш сессияси баённомаси ёки стенограммаси сессия тугаганидан сўнг уч кундан кечиктирмай тайёрланади ҳамда имзолаш учун тақдим этилади.

Маҳаллий Кенгаш сессияси баённомаси ёки стенограммасининг асл нусхаси ҳокимликнинг ташкилий-назорат гуруҳида сақланади. Кейинчалик, "Архивлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган тартибга мувофиқ баённома ёки стенограмма сақлаш учун архивга топширилади.

Маҳаллий Кенгаш сессияси баённомаси ёки стенограммалари Кенгаш депутатларининг талабига биноан, уларга танишиб чиқиш учун берилиши мумкин.


17-модда. Маҳаллий Кенгаш сессияси ўз ишини кун тартибини тасдиқлашдан бошлайди.

Раислик қилувчи томонидан кун тартибидаги масалалар бирма-бир ёки умумий тарзда овозга қўйилиши мумкин.

Кун тартиби юзасидан қарор депутатлар томонидан билдирилган таклифларни инобатга олган ҳолда депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Кун тартиби, қоида тариқасида: асосий, ташкилий, ахборот ва бошқа хил масалаларни акс эттирган ҳолда тузилади. Бунда хусусан:

маҳаллий Кенгашнинг ваколатига тааллуқли, норматив хусусиятга эга бўлган масалалар - асосий масалалар;

маҳаллий Кенгаш органларини ташкил этиш, улар таркибини ўзгартириш, мансабдор шахсларини сайлаш, депутатлар ваколатини муддатидан илгари тугатишга оид масалалар - ташкилий масалалар;

тартиб-таомилларга оид, маълумот тарзидаги, аммо алоҳида қарор қабул қилиш талаб этилмайдиган масалалар - ахборот ва бошқа хил масалалар ҳисобланади.


18-модда. Маҳаллий Кенгашнинг сессиясида раислик қилувчи:

сессия мажлисининг умумий боришига раҳбарлик қилади, ушбу Регламентга риоя этилишини таъминлайди;

маърузачи ва қўшимча маърузачиларга ҳамда музокарада сўзга чиқувчиларга навбати билан сўз беради;

зарур ҳолларда сўзга чиқиш навбатини сабабини тушунтирган тарзда алмаштириши мумкин;

муҳокама қилинаётган масала юзасидан хоҳлаган пайтда сўзга чиқиши мумкин;

Регламентда белгиланган тартибни қўпол равишда бузишга йўл қўйган депутат ёки иштирокчини тартибга чақиради. Улар томонидан бу йўсиндаги хатти-ҳаракат такрорланган тақдирда залдан чиқариб юбориш чорасини кўриши мумкин;

депутатларнинг ёзма сўровлари, аризалари, таклифлари, фикр-мулоҳазаларини ўқиб эшиттиради;

депутат сўрови юзасидан сўзга чиқиш, савол, таклиф, фикр-мулоҳаза, шунингдек сессияни олиб бориш тартиби бўйича эътирозлар билдириш учун, қарор лойиҳаларига тузатиш, овоз бериш масаласи бўйича таклифлар киритиш учун депутатга унинг илтимосига кўра сўз беради;

муҳокама якунида қарор лойиҳаларини овозга қўяди ва овоз бериш натижаларини эълон қилади;

маҳаллий Кенгаш сессиясида қабул қилинган қарорларни, сессия баённомалари ва стенограммаларни имзолайди;

муҳокама жараёнида сўзга чиққан депутат ёки иштирокчилар фикрини бирон-бир тарзда баҳолаш ёки шарҳлашдан, шунингдек қарор қабул қилишда тазйиқ ўтказишдан ўзини тийиши лозим.


19-модда. Ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва долзарб муаммоларни муҳокама этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қўмиталарининг маҳаллий Кенгаш билан ҳамкорликдаги сайёр мажлислари - "Бирлашган сессия" ўтказилиши мумкин.

"Бирлашган сессия" Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қўмитасининг раиси ва маҳаллий Кенгаш раҳбарининг ўзаро келишувига мувофиқ ўтказилади.

"Бирлашган сессия" кун тартибидаги масалалар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қўмитаси томонидан маҳаллий Кенгашнинг тегишли доимий комиссияси билан ҳамкорликда тайёрланади.

"Бирлашган сессия"ни чақириш, бундай сессия ўтказиладиган жой ва вақтни белгилаш ҳамда бошқа масалалар маҳаллий Кенгаш Регламентига биноан ҳал этилади.



III БОБ. МАҲАЛЛИЙ КЕНГАШНИНГ СЕССИЯСИДА

МАСАЛАЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ


20-модда. Маҳаллий Кенгаш тегишли ҳудудда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида қонунийлик ва ҳуқуқий-тартибот, фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, ҳудудни иқтисодий, ижтимоий ва маданий ривожлантириш, маҳаллий бюджетни шакллантириш ва уни ижро этиш, маҳаллий солиқ ва йиғимлар миқдорларини белгилаш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ишларини, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади ва тегишли норматив ҳужжатларни қабул қилади.


21-модда. Маҳаллий Кенгашнинг сессиялари очиқ тарзда ўтказилади. Зарурат бўлганда, маҳаллий Кенгаш ёпиқ мажлис ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин. Маҳаллий Кенгашнинг ёпиқ мажлисини ўтказиш тўғрисидаги қарор депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.


22-модда. Маҳаллий Кенгашнинг сессиясида маъруза учун, қоида тариқасида, 30 дақиқага қадар, қўшимча маъруза учун 20 дақиқага қадар вақт, музокарада сўзга чиқувчиларга 10 дақиқага қадар, якунловчи сўз учун 5 дақиқага қадар вақт берилади.

Музокараларда такрорий сўзга чиқиш учун, мажлисни олиб бориш тартиби, овоз бериш сабаблари бўйича, номзодлар юзасидан сўзга чиқиш, баёнот, савол, таклиф, ахборот ва маълумот бериш учун 3 дақиқага қадар вақт ажратилади.

Сессияда маъруза, қўшимча маъруза юзасидан музокараларда сўзга чиқиш, мажлисни олиб бориш тартиби ва овоз бериш сабаблари юзасидан сўзлаш учун ҳамда сессия ишидаги танаффуслар учун ажратилган вақт вазиятдан келиб чиққан ҳолда ўзгартирилиши мумкин. Депутатлар томонидан билдирилган таклифлар сессия котиби ёки котибияти томонидан тайёрланади ва раислик қилувчига берилади. Сессияни олиб бориш тартибига киритилган ўзгартишлар тўғрисида раислик қилувчи сессия иштирокчиларини хабардор қилади.

Тартиб-таомилларга оид масалалар юзасидан алоҳида қарор қабул қилиш талаб этилмайди.


23-модда. Маҳаллий Кенгашнинг сессиясида депутат айни битта масала бўйича музокараларда кўпи билан икки марта сўзга чиқиши мумкин.

Музокаларни тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилинганидан кейин маърузачи ва қўшимча маърузачи якунловчи сўз олиш ҳуқуқига эга.

Агар нотиқ музокарада сўзлаш учун ажратилган вақт тугаганидан кейин ҳам сўзлашда давом этаётган бўлса ёки муҳокама этилаётган масала юзасидан фикр билдирмаётган бўлса, раислик қилувчи уни бир бор огоҳлантиради, нотиқ раислик қилувчининг буйруғига итоат этмаса, унга нисбатан тегишли чора кўради.


24-модда. Маҳаллий Кенгаш сессияси кун тартибидаги, муҳокамага киритилган ҳар бир масала, жумладан маҳаллий бюджет ва унинг ижросига оид ҳисобот, ҳоким ва унинг ўринбосарлари, ҳокимлик бошқармалари, бўлимлари ва бошқа таркибий тузилмалари фаолиятига доир ҳисоботлар тингланади ҳамда эркин муҳокама қилинади.

Муҳокама жараёни мазкур масала юзасидан ҳоким, унинг ўринбосарлари, доимий комиссиялар раисларининг ёки депутатларнинг маърузалари ва қўшимча маърузаларини, шунингдек таклиф этилган шахсларнинг сўзларини эшитиш шаклида амалга оширилади.

Айрим ҳолларда муҳокама этилиши лозим бўлган масаланинг моҳиятини ҳисобга олиб, маҳаллий Кенгаш сессияси мазкур масаланинг моҳиятига доир қисқача ахборот тинглаб ёки доимий комиссиялар раисларининг ёхуд депутатларнинг тушунтиришлари билан чекланиб, мазкур масалани муҳокама этмасдан депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қарор қабул қилиши мумкин.



IV БОБ. МАҲАЛЛИЙ КЕНГАШНИНГ СЕССИЯЛАРИДА

ҚАРОРЛАР ҚАБУЛ ҚИЛИШ ВА ЭЪЛОН ҚИЛИШ ТАРТИБИ


25-модда. Маҳаллий Кенгаш сессияларида қарорлар очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади. Зарур ҳолларда, маҳаллий Кенгаш сессияси қарорига асосан яширин овоз бериш ўтказилиши мумкин.

Электрон овоз бериш тизими ўрнатилган залларда очиқ ёки яширин овоз бериш электрон овоз бериш тизими ёрдамида ўтказилади.


26-модда. Ҳар бир депутат бир овозга эга бўлиб, муҳокама қилинаётган масала юзасидан уни "ёқлаб", унга "қарши" ёки "бетараф" эканини билдириб овоз беради.

Очиқ овоз бериш овозлар мутлақ кўпчиликни ташкил этган тақдирда овозларни охиригача санамасданоқ, агар бирон бир депутат бошқача тартибни таклиф этмаган ёки овозларни охиригача санаб чиқишни талаб қилмаган бўлса, ўтказилиши мумкин.


27-модда. Маҳаллий Кенгаш сессияларида яширин овоз беришни ўтказиш ва унинг натижаларини ҳисоблаш учун депутатлар орасидан саноқ комиссияси сайланади. Саноқ комиссиясини сайлаш тўғрисидаги қарор депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Саноқ комиссияси ўз таркибидан комиссия раиси ва котибини сайлайди. Саноқ комиссиясининг қарорлари комиссия аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.


28-модда. Маҳаллий Кенгаш сессиясида яширин овоз беришни бюллетенлардан фойдаланган ҳолда ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда овоз бериш учун зарур ахборотга эга бўлган яширин овоз бериш бюллетенлари саноқ комиссияси назорати остида тайёрланади.

Яширин овоз бериш ўтказиладиган вақт ва жой, уни ўтказиш тартиби саноқ комиссияси томонидан белгиланади.


29-модда. Яширин овоз бериш бюллетенлар ёрдамида ўтказилганда саноқ комиссияси ҳар бир депутатга биттадан бюллетень беради.

Бюллетенни тўлдириш депутат томонидан яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида ўзи ёқлаб овоз бераётган номзоднинг фамилияси рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга белги-крестик қўйиш, қарор лойиҳасига оид бюллетенда эса, агар у тегишли қарорни (қарор вариантини) ёқлаб овоз бераётган бўлса, "қаршиман" деган сўзни ўчириш, таклиф этилаётган қарорга қарши овоз бераётган бўлса, "ёқлайман" деган сўзни ўчириш орқали амалга оширилади.

Белгиланмаган нусхадаги бюллетенлар, шунингдек депутатларнинг хоҳиш-иродасини аниқлашнинг иложи бўлмаган бюллетенлар овозларни ҳисоблаб чиқиш вақтида ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Бюллетенга киритилган қўшимчалар овозларни ҳисоблаб чиқиш чоғида эътиборга олинмайди.


30-модда. Маҳаллий Кенгаш сессиясида яширин овоз беришни электрон овоз бериш тизими ёрдамида ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, саноқ комиссияси овоз бериш бошлангунга қадар электрон тизим созлигини текшириб кўриши ҳамда яширин овоз бериш учун депутатлар умумий сонига мос бўлган миқдорда карточкалар тўлиқ комплектини рўйхатга олиши керак.


31-модда. Очиқ ёки яширин овоз бериш натижалари тўғрисида саноқ комиссияси баённома тузади ва бу ҳужжат барча аъзолар томонидан имзоланади. Саноқ комиссиясининг яширин овоз бериш натижалари тўғрисидаги маърузаси юзасидан маҳаллий Кенгашнинг сессияси депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қарор қабул қилади.


32-модда. Маҳаллий Кенгашнинг сессияси ёпиқ мажлисининг стенограммаси ҳокимликнинг тегишли бўлимида "махфий ҳужжат" белгиси билан сақланади.


33-модда. Маҳаллий Кенгаш сессиясида муҳокама қилинаётган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинади.

Қарор лойиҳаси депутатларга олдиндан тарқатилган ҳолларда, маҳаллий Кенгаш сессиясида белгиланган тартибга биноан унинг матни ўқиб эшиттирилмасданоқ овозга қўйилиши мумкин.

Маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳаси депутатлар томонидан билдирилган таклиф, қўшимча ва ўзгартишларни ҳам муҳокама қилган ҳолда овозга қўйилиши мумкин.

Зарур ҳолларда, маҳаллий Кенгаш сессиясида кўриб чиқилаётган масаланинг долзарб ва муҳимлигини ҳисобга олиб, қарор лойиҳасини тайёрлаш ва узил-кесил ишлаб чиқиш учун раислик қилувчи ёки депутатларнинг таклифи билан ишчи гуруҳ ташкил этилиши мумкин.

Ишчи гуруҳ тайёр қарор лойиҳасини тақдим этганидан кейингина қарор овозга қўйилади.


34-модда. Маҳаллий Кенгаш сессиясида қабул қилинган қарорлар раислик қилувчи томонидан имзоланган вақтдан эътиборан, агар ҳужжатнинг ўзида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кучга киради.

Маҳаллий Кенгашнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган ҳужжатлари тегишли ҳудудда жойлашган барча корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан ижро этилиши мажбурийдир.

Маҳаллий Кенгашнинг қарорлари маҳаллий Кенгашнинг доимий комиссияларига, ҳокимликнинг бош бошқармалари, бошқармалари, бўлимлари ҳамда уларга тенглаштирилган бошқарув идораларига, тегишли корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахсларга ва қуйи турувчи ҳокимликларга тарқатилади.

Маҳаллий Кенгаш сессиясида қабул қилинган тегишли ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига оид ва бошқа муҳим қарорлар оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши мумкин.



V БОБ. МАҲАЛЛИЙ КЕНГАШНИНГ ДОИМИЙ

ВА МУВАҚҚАТ КОМИССИЯЛАРИ


35-модда. Маҳаллий Кенгаш сессия муҳокамасига киритиладиган масалаларни дастлабки тарзда қараб чиқиш ва тайёрлаш мақсадида "Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ўз ваколати муддатига жамоатчилик асосида фаолият кўрсатувчи доимий ва муваққат комиссиялар тузиши ҳамда улар таркибига ўзгартишлар киритиши мумкин.

Маҳаллий Кенгаш доимий ва муваққат комиссиялари раислиги ҳамда аъзолигига номзодлар маҳаллий Кенгашнинг раҳбари томонидан тақдим этилади.

Доимий комиссия раисининг номзоди бўйича овоз бериш алоҳида ўтказилади.

Маҳаллий Кенгашнинг доимий комиссиялари аъзолигига номзодлар уларнинг ҳар бирини алоҳида ёки кўрсатилган бутун таркибни ялпи муҳокама қилиш билан сайланади, овоз беришда қарор ҳар бир номзод бўйича алоҳида ёки бутун таркиб бўйича депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Маҳаллий Кенгашнинг доимий ва муваққат комиссиялари аъзолари маҳаллий Кенгаш депутатлари орасидан сайланади.


36-модда. Маҳаллий Кенгаш таркибида, қоида тариқасида, қуйидаги доимий комиссиялар тузилиши мумкин:

маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш масалалари доимий комиссияси;

қонунийликни, ҳуқуқ-тартиботни ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш масалалари доимий комиссияси;

ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари (ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш масалалари) доимий комиссияси;

саноат, транспорт, қурилиш, коммунал масалалар ва аҳолига хизмат кўрсатиш доимий комиссияси;

аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология доимий комиссияси;

регламент ва депутатлик одоби масалалари доимий комиссияси.


37-модда. Маҳаллий Кенгашнинг доимий комиссиялари сони сессияда белгиланади.

Маҳаллий Кенгаш доимий комиссияларининг фаолияти маҳаллий Кенгаш доимий комиссиялари тўғрисидаги, Кенгаш қарори билан тасдиқланадиган низом билан тартибга солинади.


38-модда. Маҳаллий Кенгашнинг доимий комиссиялари ўз мажлисларида раис ўринбосарлари ва комиссия котибларини сайлайди. Доимий комиссияларнинг таркибида ёрдамчи комиссиялар тузилиши мумкин.

Депутат маҳаллий Кенгашнинг фақат битта доимий комиссияси аъзоси этиб сайланиши мумкин.

Маҳаллий Кенгашнинг доимий комиссиялари маҳаллий Кенгаш олдида масъул ва унга ҳисобдордирлар.


39-модда. Маҳаллий Кенгашнинг доимий комиссиялари ўз фаолиятини Кенгаш қарори билан тасдиқланадиган йиллик иш режалари асосида амалга оширадилар.

Доимий комиссиянинг маҳаллий Кенгашнинг сессиялари оралиғида ўтказиладиган мажлисларида иш режасига тегишли ўзгартишлар киритилиши мумкин, кейинчалик улар Кенгаш сессияси тасдиғига киритилади.

Маҳаллий Кенгашнинг доимий комиссияси ўз фаолияти юзасидан Кенгаш олдида ҳисобот беради.


40-модда. Маҳаллий Кенгашнинг доимий комиссиялари ўз фаолиятини мажлис шаклида амалга оширади.

Маҳаллий Кенгаш доимий комиссияларининг мажлислари йилнинг ҳар чорагида камида бир марта ўтказилади.

Маҳаллий Кенгаш доимий комиссияларининг қўшма мажлислари улар ўртасидаги келишувга мувофиқ ўтказилади.


41-модда. Маҳаллий Кенгаш доимий ва муваққат комиссияларининг тегишли ҳудуддаги давлат органлари, корхона ва ташкилотлар ҳамда мансабдор шахсларга юбориладиган қарорлари тавсия хусусиятига эга бўлиб, бу идора ва шахслар томонидан кўриб чиқилиши ҳамда натижаси ёки қабул қилинган чоралар ҳақида хабар қилиниши шарт.


42-модда. Маҳаллий Кенгаш муайян вазифаларни бажариш учун депутатлар орасидан муваққат комиссиялар тузиши мумкин.

Муваққат комиссия тузиш тўғрисидаги қарор маҳаллий Кенгаш сессиясида депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Муваққат комиссия зиммасига юклатилган вазифаларни бажарганидан сўнг ўз фаолиятини тугатади.

Муваққат комиссиянинг вазифалари Кенгаш қарори билан белгилаб берилади.



VI БОБ. ДЕПУТАТЛИК ФАОЛИЯТИНИ

АМАЛГА ОШИРИШ ШАКЛЛАРИ


43-модда. Маҳаллий Кенгашнинг ҳар бир депутати Кенгаш сессиясида ташаббускорлик ва фаоллик билан қатнашиши лозим. Депутат ўз ваколатларини ишлаб чиқариш фаолиятидан ёки хизмат вазифаларидан ажралмаган ҳолда амалга оширади.


44-модда. Депутатлар қонунга мувофиқ партия гуруҳлари, ҳудудий ва бошқа йўсиндаги гуруҳларга бирлашиши мумкин.

Ҳар бир депутатлар гуруҳи маҳаллий Кенгаш сессияси муҳокамасига киритилаётган масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ва улар юзасидан таклифлар киритиш ҳуқуқига эга.

Депутатлар гуруҳи тузиш тўғрисидаги ариза ва бошқа ҳужжатлар маҳаллий Кенгаш сессиясига тақдим этилади. Депутатлар гуруҳи ўз фаолиятини маҳаллий Кенгаш сессиясида депутатлар гуруҳини рўйхатга олиш тўғрисида қарор қабул қилинганидан сўнг бошлайди.

Депутатлар гуруҳи маҳаллий Кенгашнинг доимий комиссиялари билан ўзаро ҳамкорликда иш олиб боради.


45-модда. Маҳаллий Кенгашдаги партия гуруҳлари сиёсий партиялардан кўрсатилган депутатлар таъсис йиғилишларида, ўз партияларининг сиёсатини уюшган ҳолда ўтказиш учун тузилади. Партия гуруҳлари партия гуруҳи раҳбарининг тегишли аризаси ва таъсис ҳужжатларига асосан Кенгаш томонидан рўйхатга олинади.

Партия гуруҳлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

сессия кун тартибини тузишда иштирок этиш;

сессия кун тартибидаги ҳар бир масала бўйича музокараларда гуруҳ вакилига кафолатланган тарзда сўз берилиши;

сўровлар билан тегишинча ҳокимга, ҳоким ўринбосарларига, ҳокимликнинг бошқарма ва бўлимлари раҳбарларига, шунингдек маҳаллий Кенгаш ҳудудида жойлашган корхона, муассаса ва ташкилотларнинг раҳбарларига мурожаат этиш;

Кенгаш комиссиялари раислигига номзодлар бўйича таклифлар киритиш;

сессияда муҳокама қилинаётган масала бўйича партия гуруҳининг фикрини депутатлар орасида тарқатиш.

Кенгашдаги партия гуруҳларининг фаолиятига ташкилий, техникавий ва бошқа хил хизматлар кўрсатиш ҳокимликнинг ташкилий-назорат гуруҳи томонидан таъминланади.


46-модда. Депутат маҳаллий Кенгашнинг сессияларида ҳамда мазкур Кенгаш томонидан тузилган қайси доимий ёки муваққат комиссия таркибига сайланган бўлса, шу комиссиянинг мажлисларида қатнашиши, овоз беришда маҳаллий Кенгашнинг Регламентида белгиланган тартибда шахсан иштирок этиши шарт.

Депутатнинг маҳаллий Кенгашнинг сессиясида ҳамда қайси комиссия таркибида бўлса, шу комиссиянинг мажлисида иштирок этиш имконияти бўлмаган тақдирда, бу ҳақда маҳаллий Кенгаш ёки комиссия раҳбарига олдиндан хабар қилиши шарт.


47-модда. Депутат маҳаллий Кенгаш мажлисларида кўриб чиқилаётган барча масалалар бўйича ҳал қилувчи овоз ҳуқуқидан фойдаланади.

Депутат:

маҳаллий Кенгашнинг доимий ҳамда муваққат комиссияларига сайлаш ва сайланишга;

маҳаллий Кенгашнинг мажлисида кўриб чиқилиши учун масалалар таклиф этишга;

маҳаллий Кенгаш мажлисининг кун тартиби, муҳокама қилинаётган масалаларни кўриб чиқиш тартиби ҳамда бу масалаларнинг моҳияти юзасидан таклифлар киритиш ва мулоҳазалар билдиришга;

маҳаллий Кенгаш томонидан сайланадиган, тайинланадиган ёки тасдиқланадиган мансабдор шахсларнинг номзодлари бўйича фикр билдиришга;

маҳаллий Кенгашнинг мажлисида мунозараларда иштирок этишга, маърузачи ва раислик қилувчига саволлар беришга;

депутат сўрови билан мурожаат этишга;

ўз таклифларини асослаб бериш учун сўзга чиқишга ва овоз бериш сабаблари юзасидан изоҳ беришга;

маҳаллий Кенгашнинг мажлисида раислик қилувчига муҳокама қилинаётган масала юзасидан ўз нутқи, таклифи ёки мулоҳазаси матнини топширишга;

маҳаллий Кенгашнинг таркибига ўзи аъзо бўлиб кирган органнинг қарорига қўшилмаган тақдирда ўз нуқтаи назарини тегишли халқ депутатлари Кенгашининг мажлисида баён этишга ёки бу ҳақда маҳаллий Кенгаш раҳбарига ёзма равишда маълум қилишга;

маҳаллий Кенгашга ҳисобдор ёки унинг назорати остидаги ҳар қандай орган ёхуд мансабдор шахснинг ҳисоботи ёки ахборотини мазкур маҳаллий Кенгаш мажлисларида эшитиш тўғрисида таклиф киритишга;

Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ижро этилишини, шунингдек маҳаллий Кенгаш қарорларининг бажарилишини текшириш тўғрисида кўриб чиқилиши учун масалалар таклиф этишга;

маҳаллий Кенгаш мажлисларининг стенограммалари билан танишишга ҳақли.

Депутат қонунларга мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


48-модда. Депутат тегишли ҳудудда жойлашган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига уларнинг ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки ўз нуқтаи назарини баён қилиш талаби билан депутат сўрови юборишга ҳақли.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахслари депутат сўровига жавобни мазкур сўров олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай юбориши шарт.

Судларнинг раислари, прокурорлар, суриштирув ва тергов органларининг раҳбарларига йўлланган депутат сўрови уларнинг иш юритувидаги муайян ишлар ва материалларга тааллуқли бўлиши мумкин эмас.

Депутат сўровлари бўйича ахборот маҳаллий Кенгашнинг мажлисида муҳокама қилиниши мумкин.


49-модда. Маҳаллий Кенгаш депутатини дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги масала тегишли ҳудуд прокурори ёки юқори турувчи прокурорнинг тақдимномасига биноан маҳаллий Кенгаш томонидан ўн кун ичида ҳал этилади. Сенатор этиб сайланган депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш масаласи "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган тартибда ҳал этилади.

Депутатни жиноий жавобгарликка тортиш, ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки унга нисбатан суд тартибида бериладиган маъмурий жазони қўллашга розилик олиш тўғрисидаги прокурор тақдимномаси маҳаллий Кенгаш томонидан кўриб чиқилади, сессиялар оралиғидаги даврда эса маҳаллий Кенгашнинг раҳбари томонидан кўриб чиқилиб, қабул қилинган қарор кейинчалик маҳаллий Кенгаш томонидан тасдиқланади.

Маҳаллий Кенгашнинг депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишга розилик бериш масаласига доир қарори дарҳол тегишли прокурорга юборилади.


50-модда. Депутат одоб қоидаларига қатъий риоя этиши лозим. Депутатнинг ўз мақомидан фуқаролар, жамият ва давлатнинг қонуний манфаатларига зиён етказадиган тарзда фойдаланишига йўл қўйилмайди.

Депутатлик одоби бузилган тақдирда депутатнинг хулқ-атвори тўғрисидаги масала маҳаллий Кенгаш томонидан ёки унинг топшириғига кўра маҳаллий Кенгашнинг комиссияси томонидан кўриб чиқилиши мумкин.



VII БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


51-модда. Маҳаллий Кенгаш фаолиятига ташкилий, техникавий ва бошқа жиҳатлардан хизмат кўрсатиш ҳокимликнинг тегишли бошқармалари ва бўлимлари томонидан амалга оширилади.


52-модда. Тегишли ҳокимликлар депутатни ҳужжатлар, зарур ахборот ва маълумот материаллари билан таъминлайди, шунингдек депутатлик фаолияти билан боғлиқ масалалар бўйича маслаҳатлар уюштиради.


53-модда. Маҳаллий Кенгашнинг Регламентини, маҳаллий Кенгашнинг доимий ва муваққат комиссиялари тўғрисидаги низомни қабул қилиш ҳамда уларга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш маҳаллий Кенгаш сессиясида депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қарор қабул қилиш орқали тасдиқланади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси”, 2007 й., 3-сон, 150-модда





























































Время: 0.0058
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск