Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Маҳаллий ҳокимият органлари /

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашининг доимий комиссиялари тўғрисидаги Намунавий низом (ЎзР ОМ Сенати Кенгашининг 09.03.2007 й. 305-I-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

ОМ Сенати Кенгашининг

2007 йил 9 мартдаги

305-I-сонли қарорига

2-ИЛОВА



Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашининг

доимий комиссиялари тўғрисидаги

НАМУНАВИЙ НИЗОМ


I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Сессия муҳокамасига киритиладиган масалаларни дастлабки тарзда қараб чиқиш ва тайёрлаш, халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши қарорларини ва Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларини рўёбга чиқариш учун кўмаклашиш, ўз ваколатлари доирасида назорат вазифаларни амалга ошириш мақсадида халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши (бундан буён матнда маҳаллий Кенгаш деб юритилади) "Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ўз ваколатлари муддатига доимий комиссиялар тузади.

Доимий комиссиялар ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, "Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида"ги, "Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, шунингдек маҳаллий Кенгаш Регламентига ва мазкур Низомга мувофиқ амалга оширади.


2-модда. Доимий комиссиялар маҳаллий Кенгаш ваколатлари муддатига депутатлар орасидан раис, раис ўринбосари ва аъзолардан иборат таркибда сайланади. Доимий комиссиялар ўз фаолиятларини, қоида тариқасида, жамоатчилик асосида амалга оширадилар.

Доимий комиссия котиби комиссия аъзолари орасидан комиссия мажлисида сайланади.


3-модда. Доимий комиссияларни тузиш чоғида депутатларнинг касбий ва бошқа хил қизиқишлари, уларнинг ишлаб чиқаришга оид ва ҳаётий тажрибалари, эркин билдирган хоҳиш-истаклари инобатга олинади.

Депутат маҳаллий Кенгашнинг фақат битта доимий комиссияси аъзоси этиб сайланиши мумкин.

Маҳаллий Кенгашнинг раҳбари доимий комиссиялар таркибига сайланиши мумкин эмас.


4-модда. Доимий комиссияларнинг барча аъзолари тенг ҳуқуқлардан фойдаланадилар.

Доимий комиссиялар таркибига сайланмаган маҳаллий Кенгаш депутати улар ишида маслаҳат овози билан иштирок этишга ҳақли.


5-модда. Депутатнинг доимий комиссиядаги ваколатлари унинг илтимосига кўра, шунингдек унинг ўз вазифаларини бажаришга имкон бермайдиган ҳолатлар муносабати билан муддатидан аввал тўхтатилиши мумкин.

Доимий комиссия раисининг таклифига мувофиқ доимий комиссия таркибига доир ўзгартишлар маҳаллий Кенгаш сессиясида кўриб чиқилади.


6-модда. Доимий комиссиялар маҳаллий Кенгаш олдида масъул ва унга ҳисобдордир.


7-модда. Маҳаллий Кенгашда, қоида тариқасида:

маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш масалалари доимий комиссияси;

қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш масалалари доимий комиссияси;

ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари (ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш масалалари) доимий комиссияси;

саноат, транспорт, қурилиш, коммунал масалалари ва аҳолига хизмат кўрсатиш доимий комиссияси;

аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология доимий комиссияси;

регламент ва депутатлик одоби масалалари доимий комиссияси тузилади.



II БОБ. ДОИМИЙ КОМИССИЯЛАР

ИШИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


8-модда. Доимий комиссиялар фаолияти маҳаллий Кенгашнинг қонун ҳужжатларида белгиланган ваколатларини амалга оширишга йўналтирилган бўлади.


9-модда. Доимий комиссиялар ишни ўз режаларига, маҳаллий Кенгаш ва унинг раҳбари топшириқларига ҳамда тавсияларига мувофиқ ташкил этадилар.

Доимий комиссияларнинг иш режалари маҳаллий Кенгашнинг жорий, йиллик иш режаси асосида ёки маҳаллий Кенгашнинг ваколат муддатига мўлжалланган иш режаси асосида ишлаб чиқилади.

Доимий комиссияларнинг иш режалари, шунингдек уларга киритиладиган ўзгартиш ва қўшимчалар маҳаллий Кенгаш сессиясида тасдиқланади.


10-модда. Доимий комиссиялар ўз ишларини масалаларни биргаликда, эркин муҳокама қилиш ва ҳал этиш, ошкоралик ҳамда доимий комиссиялар аъзоларининг кенг ташаббускорлиги асосида ташкил этадилар.


11-модда. Доимий комиссиялар ишининг асосий ташкилий шакли уларнинг мажлисларидир. Доимий комиссияларнинг мажлисларида баённома юритилади.

Доимий комиссияларнинг мажлислари заруратга қараб, лекин йилнинг ҳар чорагида камида бир маротаба ўтказилади.

Доимий комиссиянинг мажлислари раиснинг, раис йўқлигида эса раис ўринбосарининг ташаббуси билан, шунингдек комиссия аъзолари кўпчилиги томонидан чақирилиши мумкин.

Доимий комиссиялар мажлисларида иш давлат тилида олиб борилади ва зарурат бўлганда бошқа тилларга ҳамоҳанг (синхрон) таржимаси таъминланади.


12-модда. Доимий комиссияларнинг мажлислари, башарти уларда доимий комиссия таркибининг камида ярми ҳозир бўлса, ваколатли ҳисобланади. Мажлисга келиш имкони бўлмаган тақдирда доимий комиссия аъзоси бу ҳақда комиссия раисини олдиндан хабардор қилиб қўяди.


13-модда. Доимий комиссия мажлисини самарали олиб бориш учун, қоида тариқасида, маъруза учун 20 дақиқа доирасида, қўшимча маъруза учун 15 дақиқага қадар, музокараларда сўзга чиқувчиларга 7-10 дақиқага қадар, ахборот ёки маълумот бериш учун эса 3 дақиқага қадар вақт берилади.


14-модда. Доимий комиссияларнинг мажлислари, қоида тариқасида, очиқ ўтказилади. Мажлисларга давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг, илмий муассасаларнинг вакиллари, мутахассислар ва олимлар, хўжалик юритувчи субъектларнинг, матбуот органларининг, телевидение, радио ҳамда бошқа оммавий ахборот воситаларининг вакиллари таклиф қилиниши мумкин. Комиссия мажлисига таклиф этилган шахслар муҳокама этилаётган масалалар юзасидан қарор қабул қилинаётганда овоз беришда иштирок этиш ҳуқуқига эга эмас ва улар раислик қилувчининг талабларига бўйсунишлари лозим.

Зарурат бўлган ҳолда доимий комиссия ёпиқ мажлис ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.


15-модда. Доимий комиссиялар масалаларни тайёрлаш ҳамда уларни пухта ишлаб чиқиш учун ишчи гуруҳлар тузишга ҳақли.


16-модда. Доимий комиссиялар ўз ваколатларига кирувчи масалаларни кўриб чиқиш чоғида тенг ҳуқуқлардан фойдаланадилар ҳамда бир хил даражада бурчлидирлар.


17-модда. Доимий комиссияларнинг аъзолари комиссиялар фаолиятида иштирок этишлари, уларнинг қарорларини рўёбга чиқаришга кўмаклашишлари, доимий комиссияларнинг топшириқларини бажаришлари шарт.

Доимий комиссиялар аъзолари ўз ваколатларини ишлаб чиқариш фаолияти ёки хизмат вазифаларидан ажралмаган ҳолда амалга оширадилар. Корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг раҳбарлари доимий комиссиялар аъзоларини улар ўз депутатлик вазифаларини бажарадиган вақтда, уларнинг иш жойини (лавозимини) сақлаган ҳолда, ишдан озод қилишлари шарт. Депутатлик вазифаларини бажараётган вақтда доимий комиссиялар аъзоларининг ўртача иш ҳақи сақланиб қолади.


18-модда. Доимий комиссиянинг аъзоси масалаларни кўриб чиқиш пайтида ҳал қилувчи овоз ҳуқуқидан фойдаланади, уларни тайёрлаш, муҳокама қилиш ва қарорлар қабул қилишда, шунингдек маҳаллий Кенгашнинг, доимий комиссиянинг қарорлари бажарилишини ташкил этишда иштирок этади. Доимий комиссиянинг ҳар бир аъзоси бир овозга эга бўлиб, муҳокама қилинаётган масала юзасидан уни "ёқлаб", унга "қарши" ёхуд "бетараф" эканини билдириб овоз беради.


19-модда. Доимий комиссия аъзосига доимий комиссия кўриб чиқаётган барча масалаларни ҳал этишда фаол қатнашиш учун шароит яратиб берилади, унга бунинг учун зарур ҳужжатлар ёки бошқа материаллар олдиндан юборилади. Доимий комиссия аъзоларига комиссия мажлиси ўтадиган жой, сана ҳамда кун тартиби ҳақида олдиндан хабар қилинади.

Доимий комиссия аъзолари комиссия кўриб чиқиши лозим бўлган масалаларни маҳаллий Кенгаш раҳбарининг, доимий комиссия раисининг топшириғига биноан ёки ўз ташаббуси билан жойларда ўрганади, шу масала юзасидан давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролардан тушган таклифларни умумлаштиради, комиссия мажлисида муҳокама қилади ҳамда ўз таклифларини киритади.


20-модда. Бир неча доимий комиссияларнинг тасарруфига тааллуқли масалалар доимий комиссиялар томонидан ҳамкорликда тайёрланиши ҳамда кўриб чиқилиши мумкин.

Доимий комиссияларнинг қўшма мажлисларини комиссия раислари ўзаро келишув асосида бошқарадилар.

Доимий комиссия ўзи кўриб чиқаётган масала юзасидан бошқа доимий комиссияларнинг фикрини сўраб олиши мумкин.

Доимий комиссия ўз тасарруфига тааллуқли масалалар бўйича бошқа доимий комиссияларнинг илтимосига биноан мазкур доимий комиссиялар кўриб чиқаётган масалаларни тайёрлашда қатнашиши мумкин.


21-модда. Айни бир масала бўйича доимий комиссияларнинг фикри турлича бўлган тақдирда улар келишмовчиликларни бартараф этиш чораларини кўрадилар. Агар муросага келинмаса, мазкур масалани тайёрлашга масъул комиссиянинг қарори узил-кесил ҳисобланади.


22-модда. Кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан доимий комиссиялар тавсия хусусиятига эга бўлган қарорлар қабул қиладилар ёки хулосалар берадилар.

Маҳаллий Кенгашнинг доимий комиссияларида барча масалалар комиссия аъзолари умумий таркибининг оддий кўпчилик овози билан ҳал этилади.


23-модда. Доимий комиссияларнинг қарорлари, хулосалари ва баённомаларини доимий комиссия раиси имзолайди.

Доимий комиссиялар қабул қилган қўшма қарорларни, улар томонидан ҳамкорликда тайёрланган хулосаларни, шунингдек қўшма мажлисларнинг баённомаларини мазкур доимий комиссияларнинг раислари имзолайдилар.


24-модда. Доимий комиссиялар қабул қилган қарорлар тегишли давлат органларига, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа манфаатдор ташкилотларга юборилади.


25-модда. Доимий комиссияларнинг қарорлари қайси давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, корхоналар, муассасалар ва бошқа ташкилотларга нисбатан қабул қилинган бўлса, ўша давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, корхоналар, муассасалар ва бошқа ташкилотлар томонидан кўриб чиқилиши шарт. Кўриб чиқиш натижалари ёки кўрилган чоралар ҳақида доимий комиссияларга қонун ҳужжатларида белгиланган муддатда хабар қилиниши лозим.



III БОБ. ДОИМИЙ КОМИССИЯЛАРНИНГ ВАКОЛАТЛАРИ


26-модда. Доимий комиссиялар маҳаллий Кенгаш сессиялари кун тартибига доир таклифларни тайёрлашда иштирок этадилар.


27-модда. Доимий комиссиялар ўз тасарруфларига тааллуқли масалалар бўйича давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларидан, мансабдор шахслардан ҳужжатларни, ёзма хулосаларни, ҳисобот маълумотларини ва бошқа материалларни сўраб олишга ҳақли.


28-модда. Доимий комиссиялар маҳаллий Кенгаш ҳудудида жойлашган давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарларини ўз мажлисларига таклиф этиш ҳамда уларнинг маҳаллий Кенгаш қарорлари ва доимий комиссиялар тавсиялари қандай бажарилаётгани ҳақидаги ахборотларини эшитиш ҳуқуқига эга.

Доимий комиссиялар тегишли органлар ҳамда ташкилотларни кўриб чиқиладиган масалалар хусусида олдиндан хабардор қиладилар.


29-модда. Доимий комиссиялар ўрганиб чиқиш учун ўзларига берилган масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш натижалари юзасидан маҳаллий Кенгашга ўз қарорлари ёки хулосаларини тақдим этадилар.


30-модда. Маҳаллий Кенгашнинг топшириғига биноан, доимий комиссиялар маҳаллий Кенгаш депутатлари билдирган таклифлар, танқидий мулоҳазалар ва сўровларнинг амалга оширилишини назорат қиладилар.


31-модда. Доимий комиссия раиси:

зарур материаллар тайёрланишини ташкил этади, комиссия мажлисларини чақиради, мажлис ҳақида комиссия аъзолари ва бошқа иштирокчиларни хабардор қилади;

комиссия мажлисларида раислик қилади;

комиссиянинг иш режаси лойиҳаси тайёрланишини ташкил этади;

комиссия аъзолари, шу жумладан раис ўринбосари ва комиссия котиби ўртасида ишларни тақсимлайди ҳамда улар фаолиятини йўналтириб туради;

комиссия аъзоларига топшириқлар беради, уларга комиссиянинг фаолияти билан боғлиқ материаллар ва ҳужжатларни юборади;

комиссия аъзоларини ишчи гуруҳларнинг ишида қатнашиш учун, шунингдек комиссиянинг бошқа топшириқларини бажариш учун таклиф этади;

давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг вакилларини, мутахассислар ва олимларни комиссия ишида қатнашишга таклиф этади;

маҳаллий Кенгаш сессияларида, давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан бўладиган муносабатларда комиссия номидан вакиллик қилади;

комиссия фаолияти ҳақида ҳисобот тайёрлайди ва маҳаллий Кенгаш сессиясида ҳисобот беради;

комиссия қарорларини бажариш ишларини ташкил этади;

маҳаллий Кенгашга, Кенгаш раҳбарига уларнинг топшириқларини бажариш юзасидан ахборот беради;

комиссиянинг қарорлари бажарилганлиги ва тавсиялари қараб чиқилганлиги ҳақида комиссия аъзоларига ахборот беради;

маҳаллий Кенгашнинг бошқа комиссиялари билан ҳамкорликдаги ишлар олиб борилишини ташкил этади;

комиссия мажлиси баённомасини имзолайди;

ўз ваколатига мувофиқ бошқа вазифаларни амалга оширади.


32-модда. Доимий комиссия раисининг ўринбосари раиснинг топшириғига кўра унинг айрим вазифаларини бажаради ҳамда раис йўқлигида ёки у ўз вазифаларини бажара олмайдиган ҳолларда раис вазифасини адо этиб туради.


33-модда. Доимий комиссия котиби:

комиссия иш режасининг лойиҳасини тайёрлайди;

комиссия иш режасининг бажарилишини назорат қилади;

комиссия фаолияти билан боғлиқ иш юритиш учун жавоб беради ва ҳужжатларни сақлаш учун ҳокимликнинг тегишли бўлимига белгиланган тартибда топширади;

комиссия мажлиси баённомасини юритади ва уни имзолайди;

комиссия фаолияти билан боғлиқ бошқа вазифаларни бажаради.



IV БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


34-модда. Доимий комиссиялар фаолиятига ташкилий, техникавий ва бошқа жиҳатлардан хизмат кўрсатиш тегишли ҳокимликнинг ташкилий-назорат гуруҳи томонидан таъмин этилади.


35-модда. Тегишли ҳокимликнинг ташкилий-назорат гуруҳи доимий комиссияларни ҳужжатлар, зарур ахборот ва маълумот материаллари билан таъминлайди, шунингдек доимий комиссиялар фаолияти билан боғлиқ масалалар юзасидан маслаҳатлар бериб боради.


36-модда. Доимий комиссиялар тўғрисидаги низомни қабул қилиш, унга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш масалалари юзасидан қарор маҳаллий Кенгаш сессиясида депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси”, 2007 й., 3-сон, 150-модда









































































Время: 0.0052
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск