язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Ёқилғи-энергетика комплекси/ Электр тармоқлари ва иншоотларини муҳофаза қилиш Қоидалари (ЎзР ВМ 05.07.2002 й. 243-сон қарорига илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2002 йил 5 июлдаги

243-сон қарорига

ИЛОВА



Электр тармоқлари ва иншоотларини муҳофаза қилиш

ҚОИДАЛАРИ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасида электр тармоқларини ўрнатиш, уларнинг сақланишини таъминлаш ва муҳофаза зонасида улардан фойдаланиш тартибини белгилаб беради.


2. Қоидаларнинг амал қилиши электр тармоқларининг мулкчилик шакллари ва идоравий тегишлилигидан қатъи назар электр тармоқларининг барча линияларига жорий этилади.


3. Қоидаларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги барча юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши мажбурийдир.


4. Мазкур Қоидаларда электр тармоқлари деганда кичик станциялар, тақсимлаш қурилмалари, ток ўтказгичлар, электр узатиш ҳаво линиялари*, электр узатиш ер ости ва сув ости кабель линиялари ва уларга тегишли бўлган иншоотлар тушунилади.



II. ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ ВА

ИНШООТЛАРИНИ ЖОЙЛАШТИРИШ


5. Электр тармоқлари қурилиши учун ер участкалари Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ажратилади.


6. Электр тармоқларининг муҳофаза зонаси ер участкаси ёки юзасидан тубигача сув маконидир. Уларга эгалик қилиш ва улардан фойдаланишнинг алоҳида тартиби белгиланади. Мазкур Қоидаларга мувофиқ белгиланган электр тармоқларининг муҳофаза зоналари ажратилган ер участкалари ҳисобланади ва белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши керак.


7. Ихтиёрида электр тармоқлари бўлган жисмоний ва юридик шахслар трассаларнинг ижроия топогеодезия суръатлари материалларини уларни ердан фойдаланишнинг тегишли хариталарига киритиш учун ҳудудий архитектура ва қурилиш органларига тақдим этиши шарт.


8. Электр тармоқларининг муҳофаза зоналари ҳудудлар кадастр бўйича бўлинган ва ер участкалари кадастр бўйича суратга олинган ҳолда қишлоқ жойларда ер ресурслари туман хизматлари томонидан, шаҳарлар ва посёлкаларда кўчмас мулк кадастри хизматлари томонидан натурада белгиланади ҳамда кадастр ишида қайд этилиши ва ер участканинг кадастр режасида акс эттирилиши керак.


---------------------------

*) Кейинги ўринларда "ток ўтказгичлар" ва "электр узатиш ҳаво линиялари" "электр узатиш ҳаво линиялари" деб юритилади.


9. Ифлослантириш ва электр тармоқларининг коррозияга учраши манбаи бўлган объектларни қуриш, реконструкция қилишнинг лойиҳа-смета ҳужжатларида ифлосланиш ва коррозияга учрашни чекловчи ёки электр тармоқларининг ифлосланиш (коррозия) зонасидан чиқариш билан боғлиқ чора-тадбирлар назарда тутилиши керак.


10. Мавжуд электр тармоқлари муҳофаза зоналарининг ер майдони ер участкалари мулкдорлари, ер эгалари, шу жумладан ижарачилардан олиб қўйилиши мумкин эмас.


11. Алоҳида ҳолларда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг рухсати билан давлат қўриқхоналари, табиий боғларнинг қўриқхона зоналари ва давлат биосфера резерватларидан ташқари, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда электр тармоқлари қурилишига йўл қўйилади.


III. ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ


12. Электр тармоқлари ушбу электр тармоқлари ўз ихтиёрида бўлган ташкилотлар томонидан муҳофаза қилинади.


13. Электр тармоқларининг муҳофаза зоналари мазкур Қоидалар билан:

20 киловольт кучланишли линиялар учун  10 метргача

35 киловольт кучланишли линиялар учун  15 метргача

110 киловольт кучланишли линиялар учун  20 метргача

220 киловольт кучланишли линиялар учун  25 метргача

500 киловольт кучланишли линиялар учун  30 метргача масофада четдаги симнинг линиясидан ҳар икки томон бўйича турувчи чекланган вертикал текислик ер участкаси ва ҳаво макони шаклидаги электр узатиш ҳаво линияси бўйлаб;

ер юзасида (уларнинг чекланмаган ҳолатида) ҳар икки томонидан 2 метр четдаги сим проекциясида турган ер участкаси, чекланган параллель тўғри шаклдаги минг вольтгача электр узатиш ҳаво линиялари бўйлаб (биноларга кириш учун тортилган симлардан ташқари;

ҳар икки томондан бир метр четдаги кабелларда турган, кабель линиялари шаҳарларда йўлаклар остидан ўтган тақдирда  0,6 метр бинолар ва иншоотлар томонга ва кўчанинг одамлар юрадиган томонига 1 метр ер участкаси, чекланган параллель тўғри шаклдаги электр узатиш ер ости кабель линиялари бўйлаб;

ҳар икки томондан четдаги кабеллардан 100 метргача масофада турган вертикал текислик ўртасидаги тубнинг сув юзасидан сув макони участкаси шаклида электр узатиш сув ости кабель линиялари бўйлаб белгиланади.

Электр узатиш линиялари билан энг яқиндаги бинолар ва иншоотлар, шунингдек дарахтлар ва бошқа кўп йиллик ўсимликлар ўртасидаги йўл қўйиладиган энг кам масофа электр қурилмаларини лойиҳалаштириш ва ўрнатиш асосида белгиланади.

Мазкур Қоидаларнинг 11-бандида назарда тутилган ҳолларда муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудларда электр тармоқларининг муҳофаза зоналари ўлчови ва уларнинг режими Ўзбекистон Республикаси Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси билан келишган ҳолда электр тармоқлари ўз қарамоғида бўлган ташкилот томонидан белгиланади. Электр тармоқларига хизмат кўрсатиш учун кириш йўллари ва бошқа иншоотлар Давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосасини олган лойиҳалар асосида амалга оширилади.

14. Агар электр узатиш линиялари ўрмон массивлари орқали ўтса, бевосита симларга яқин жойда ўсган дарахтлар электр узатиш линиясидан фойдаланувчи ташкилот томонидан кесиб ташланади. Электр узатиш линиялари парклар, боғлар ва бошқа кўп йиллик дарахтлар орқали ўтса дарахтларни кесиш электр узатиш линиясидан фойдаланувчи ташкилот томонидан амалга оширилади. Томонларнинг келишувига кўра эса ушбу дарахтлар ўз ихтиёрида бўлган ташкилот томонидан ёки боғлар ва бошқа кўп йиллик дарахтларнинг эгалари бўлган жисмоний шахслар томонидан электр узатиш линиясидан фойдаланувчи ташкилот томонидан белгиланган тартибда кесилади.

Тор йўллар очиш учун дарахтларни кесиш электр тармоқлари эгалари томонидан ўрмон хўжалиги ташкилотларининг шартлари бўйича амалга оширилади. "Дарахтларни кесиш қоидалари" (Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 22 ноябрдаги 506-сон қарорига 2-илова) бузилишига йўл қўйган электр тармоқлари эгалари бунинг учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.


15. Авария ҳолатларининг олдини олиш учун электр узатиш линиялари ўтган жойларда ушбу линиялар трассасига туташиб кетган ўрмон массивларида айрим дарахатларни ушбу дарахтлар қарайдиган ташкилотнинг рухсати билан, кейинчалик ўрмон кесиш чипталари (далолатномалари)ни белгиланган тартибда расмийлаштирган ва кесиш жойини кесиш қолдиқларидан тозалаган ҳолда кесишга рухсат берилади.


16. Кабель лангар, балиқчилик чангаги ёки бошқа усул билан юқорига кўтарилган тақдирда капитанлар, кема эгалари кабелни холи қилиш чораларини кўришга ва юз берган воқеа тўғрисида энг яқиндаги энергия таъминоти ташкилотига хабар қилишга мажбурдир.


17. Узилган, ерда ётган ёки осилиб турган электр узатиш ҳаво линияси симини кўрган, шунингдек тиргакнинг йиқилиши ёки симнинг узилиши хавфини сезган фуқаролар бу ҳақда дарҳол энг яқиндаги энергия таъминоти ташкилотига ёки туман (шаҳар) ҳокимлигига хабар бериши шарт.


18. Ихтиёрида электр тармоқлари ва кабель линиялари бўлган ташкилотнинг ёзма розилигисиз электр тармоқларининг муҳофаза зоналарида:

автомобиль ёнилғиси қуйиш шохобчаларини, ёнилғи-мойлаш материаллари ва бошқа тез ёнадиган материалларни жойлаштириш;

ҳар қандай бино ва иншоотларни қуриш, мукаммал таъмирлаш, реконструкция қилиш ёки бузиш;

ҳар қандай турдаги кон, ортиш-тушириш, сув ҳавзаси тубини чуқурлаштириш, тупроқ кавлаб олиш, портлатиш, мелиорация ишларини амалга ошириш, дарахтлар ва бутазорларни экиш ва кесиш, дала шийпонлари қуриш, мол учун қўра, сим тўсиқлар қуриш, узумзорлар ва боғлар учун шпалерлар ўрнатиш, шунингдек қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш;

балиқ ва бошқа сув жониворларини сув ости чангаклари билан тутиш, сув ўсимликлари чиқариб олиш, музни ёриш ва тайёрлаш;

йўл юзасидан юк билан ёки юксиз баландлиги 4,5 метрдан ортиқ бўлган машина ва механизмларнинг юриши;

0,3 метрдан ортиқ чуқурликда, шудгорланадиган ерларда эса 0,45 метрдан ортиқ чуқурликда қазиш ишларини амалга ошириш, шунингдек тупроқни текислаш тақиқланади.


19. Электр тармоқларининг нормал ишлашини бузиши, уларнинг шикастланишига ёки бахтсиз ҳодисаларга олиб келиши мумкин бўлган бирор-бир ҳаракатни содир этиш, жумладан:

таянчларга, симларга чет буюмларни яқинлаштириш, шунингдек таянчларга чиқиш;

ҳар қандай уюмлар ҳосил қилиш;

озуқа, ўғит, похол, ўтин ва бошқа материалларни тўплаш, олов ёқиш;

ўйинлар учун спорт майдонлари, стадионлар, бозорлар қуриш, жамоат транспортининг тўхташ комплекслари, машина ва механизмларнинг барча турлари тўхтайдиган жойлари қуриш, белгиланган тартибда рухсат берилган ишларни бажариш билан банд бўлмаган одамларнинг кўп тўпланиши билан боғлиқ бўлган ҳар қандай тадбирларни ўтказиш;

варраклар, учиш аппаратларининг спорт моделларини, шу жумладан бошқарилмайдиган моделларини учириш;

қуввати 500 кВ бўлган электр узатиш линиясининг муҳофаза зонасида темир йўл транспортидан ташқари барча транспорт турларининг тўхташи тақиқланади.


20. Электр тармоқлари устидан ва улар яқинидан ҳаво кемаларининг парвози, ҳаво маконидан бошқача тарзда фойдаланиш, шунингдек электр тармоқларини лойиҳалаштириш, қуриш ва улардан фойдаланиш Ўзбекистон Республикасининг ҳаво бўшлиғидан фойдаланишни тартибга солувчи қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилиши керак.


21. Кўрсатиб ўтилган ишларни юритишга ёзма розилик олган ташкилотлар электр тармоқларининг муҳофаза зоналарида ушбу тармоқларнинг сақланишини таъминловчи шарт-шароитларига риоя қилган ҳолда уларни бажаришлари шарт.


22. Электр тармоқлари муҳофаза зоналари яқинида уларнинг шикастланишига олиб келиши мумкин бўлган портлатиш, қурилиш ишлари ва бошқа ишларни олиб борувчи ташкилотлар ишларни бажариш бошланишидан камида 12 сутка олдин электр тармоқлари ўз ихтиёрида бўлган ташкилотлар билан электр тармоқлари сақланишини таъминловчи ушбу ишларни бажариш шартлари ва тартибини келишишга ҳамда тегишли чора-тадбирлар кўришга мажбурдир.


23. Электр тармоқлари муҳофаза зоналарида портлатиш ишларини олиб боришга ёзма розилик ушбу ишларни амалга оширувчи ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Республикаси "Саноатконтехназорат" давлат инспекциясининг тегишли рухсатномаси тақдим этилгандан кейин берилади.

Ихтиёрида электр тармоқлари бўлган ташкилотларга электр тармоқлари муҳофаза зоналарида ишларни олиб боришга ёзма розилик бериш рад этилишининг сабаблари кўрсатилиши керак ва рад этиш юзасидан белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.


24. Ўзларининг ер участкалари орқали электр тармоқлари ўтадиган юридик ва жисмоний шахслар ушбу линиялар сақланишини таъминлашга кўмаклашадиган ўзларига боғлиқ барча чораларни кўришга, электр тармоқлари эгалари билан ушбу ишларни амалга ошириш жойи ва муддатлари олдиндан келишилмасдан бинолар ва иншоотлар қурилишига йўл қўймасликка мажбурдир.


25. Электр тармоқларини қайта ўрнатиш ва кўчириш электр тармоқлари эгалари билан келишилган техник шартлар бўйича, ишларни бажарувчилар, асосий қурилишни ёки ишни амалга оширувчи ер участкалари эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер эгалари ҳисобига амалга оширилади.


26. Ер ишларини амалга оширувчилар ушбу ишларни олиб боришнинг техник ҳужжатларида қайд этилмаган ер ости кабеллари аниқланган тақдирда аниқланган кабеллар атрофида иш олиб боришни дарҳол тўхтатишга, уларнинг сақланишини таъминлаш чораларини кўришга ва бу ҳақда жойлардаги давлат ҳокимияти органларига ва электр тармоқлари эгаларига хабар беришга мажбурдир.



IV. МУҲОФАЗА ЗОНАЛАРИДА ЭЛЕКТР

ТАРМОҚЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ


27. Агар электр тармоқлари муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ва махсус режимли объектлар ҳудудидан ўтса, у ҳолда тегишли ташкилотлар электр тармоқлари эгаларига сутканинг исталган вақтида кўздан кечириш ва ишларни бажариш учун рухсатнома бериши керак.

28. Муҳофаза зоналари ва ўрмон сўқмоқларида электр тармоқлари эгаларига:

электр тармоқларига, асбоб-ускуналар ва трансформатор кичик станцияларига фойдаланиш хизмати кўрсатиш учун зарур бўлган йўллар, кириш йўлаклари ва бошқа иншоотлар қуришга (ер ажратиш ва умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларига туташишга қўшимча келишувлар бўйича);

кейинчалик албатта кўмиб ташлаган ва ерларни текислаган ҳолда ушбу электр тармоқларини таъмирлаш учун чуқурлар ва хандаклар очишга;

ўрмон сўқмоғининг белгиланган кенгликда бўлишини таъминлаш учун дарахтларни кесишга рухсат берилади.


29. Қишлоқ хўжалиги экинлари экишга мўлжалланган ерларда электр тармоқларидан фойдаланиш хизматларини кўрсатиш ва таъмирлаш ишларини олиб боришга (авария-тиклаш ишларидан ташқари), қоидага кўра, ушбу йўллар қишлоқ хўжалиги экинлари билан банд бўлмаган пайтда рухсат берилади.

Аварияларни тиклаш ишлари (экин бор-йўқлигидан қатъи назар) исталган даврда ўтказилиши мумкин. Кўрсатиб ўтилган ишлар бажарилгандан кейин электр тармоқлари эгалари қишлоқ хўжалиги мақсадидаги ерларни қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши учун яроқли ҳолатга келтиришлари, шунингдек, агар электр тармоқларининг шикастланиши ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, шу жумладан ижарачилар томонидан мазкур Қоидалар талаблари бузилиши оқибатлари бўлмаса, авария-тиклаш ишларини юритишда ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, шу жумладан ижарачиларга етказилган зарарни қоплаши керак.


30. Электр узатиш линияларининг муҳофаза зонаси темир йўл ёки автомобиль йўллари полосаси, қувурлар, алоқа линиялари, бошқа электр узатиш линиялари ва ҳудуднинг мос келиш участкаларидаги ўзга объектларнинг қўриқланадиган зоналарига тўғри келиб қолганда ушбу зоналардан фойдаланиш томонларнинг келишувига кўра манфаатдор ташкилотлар томонидан амалга оширилади.


31. Йўл қопламалари ва тупроқ олинишини талаб этувчи электр тармоқларини таъмирлаш ишлари (авария-тиклаш ишларидан ташқари) бундай ишларни олиб бориш шартлари тегишли йўл ташкилотлари билан, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари доирасида  жойлардаги давлат ҳокимияти органлари билан келишилгандан кейин олиб борилиши мумкин. Кўрсатиб ўтилган ишларни бажариш шартлари тўғрисидаги маълумот электр тармоқлари эгаларига тегишли орган томонидан ишларни бажариш зарурлиги тўғрисида билдиришнома олинган кундан бошлаб 3 кун муддатда юборилиши керак. Иш жойларини тўсиш тегишли органлар билан келишилади.

Авария-тиклаш ишлари уларни амалга ошириш шартлари олдиндан келишилмасдан, бироқ ишлар бажариладиган жойга йўл ташкилоти ёки жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг вакилини албатта чақирган ҳолда ўтказилади. Бунда ушбу ишларни бажарувчи электр тармоқлари эгалари транспорт ва йўловчилар учун зарур огоҳлантириш белгилари қўйган ҳолда авария жойларини айланиб ўтиш йўллари қуришлари ҳамда ишларни бажариш тугаллангандан кейин тупроқни текислаши ва йўл қопламаларини тиклаши керак.


32. Туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ўз ваколатлари доирасида ушбу электр тармоқлари шикастланганлигини огоҳлантиришда ва барча юридик ва жисмоний шахсларнинг мазкур Қоидалар талабларига риоя этишини таъминлашда электр тармоқлари эгаларига кўмаклашадилар.



V. МУҲОФАЗА ЗОНАЛАРИ ДОИРАСИДА

ИШЛАРНИ БАЖАРИШ ШАРТЛАРИ


33. Саноат қурилиши ва бошқа қурилиш учун, шунингдек қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун ажратиладиган участкаларда электр тармоқлари мавжуд бўлган тақдирда мазкур участкаларни олган ташкилотлар улардан фойдаланишни электр тармоқларининг тегишли эгалари билан келишиши шарт.


34. Электр тармоқларига эга бўлган ер участкаларида қурилишга розилик олиш учун қурувчилар томонидан ушбу объект лойиҳаси мазкур электр тармоқлари эгасига тақдим этилиши керак.

Авария вазиятларида лойиҳасиз бажариладиган қурилиш, таъмирлаш ишлари ва бошқа ишларни бажариш (ер ости кабель линиялари трассаларида  чуқур қазиш, йўлларни вақтинча айланиб ўтиш, кириш йўлини ёпиш ва сув чиқариш учун тупроқни қазиш, далаларни текислаш, қозиқоёқ қоқиш, тўсиқ учун таянч ўрнатиш, тупроқ намунаси олиш, турли мақсадлар учун хандақ қазиш ва бошқалар) учун электр тармоқлари эгаларининг ёзма розилиги олиниши керак.


35. Лойиҳасиз амалга оширилаётган ишлар бажарилаётган зонада ер ости электр кабеллари бўлиши мумкинлигини аниқлаш учун ишларни бажарувчилар томонидан вилоят, туман (шаҳар) архитектура ва қурилиш бошқармаси (бўлими)дан ахборот олиниши керак.

Электр тармоқлари муҳофаза зонасида амалга ошириладиган ишларнинг буюртмачиси (қурувчи) ишлар бошланишидан камида 3 сутка олдин электр кабели жойлашган жойни техник ҳужжатлар бўйича аниқ белгилаш, уларнинг чуқурлигини аниқлаш ва қурилаётган объект иншоотлари билан ўзаро жойлашишини аниқлаш учун электр тармоқлари эгасининг вакилини чақириши шарт.


36. Ер ости электр кабелларининг аниқ жойлашишини белгилаш ишлар бажариладиган зонада уларнинг бутун узунлиги бўйича амалга оширилади ҳамда бунинг учун электр тармоқлари эгаси жавоб беради.


37. Қурилиш узоқ муддат давомида олиб борилган тақдирда ишларни бажариш зонасида йўл ости электр кабелларининг аниқлаштирилган трассаси бўйи 1,5-2 метр бўлган кўрсаткич қозиқлар билан белгиланиши керак. Кўрсаткич қозиқлар трассанинг тўғри участкаларида барча трасса бурилишларида трассанинг тўғри ўқидан 0,5 метр чекланишнинг барча нуқталарида ҳар 15-20 метрга, шунингдек ишлар қўлда бажариладиган тупроқни қазиш чегараларида ўрнатилади.

Кўрсаткич қозиқлар ўрнатиш, қудуқ қазиш ишлари электр тармоқлари эгасининг вакили иштирокида қурувчининг кучи ва маблағлари ҳисобига бажарилади.

Трассани кўрсаткич қозиқлар билан белгиламасдан ер ишларини амалга оширишга йўл қўйилмайди.


38. Электр кабелларининг муҳофаза зоналарида ишлаб бошлангунгача ишларни бажарувчилар ер ости электр кабеллари трассаларининг жойлашиши, уларнинг жойидаги белгиланиши билан танишиши керак. Улар билан шунингдек электр кабеллари сақланишини таъминловчи қўлда ва механизация усулида ер ишларини бажариш тартиби тўғрисида йўриқномалар берилади. Бундан ташқари, улар электр кабелларида одамларнинг ҳаёти учун хавфли бўлган кучланиш борлигини ҳисобга олган ҳолда электр токи уриш хавфи, шунингдек кўрсатиб ўтилган электр кабел линиялари шикастлантирилганлиги учун жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирилишлари керак. Электр кабелларининг муҳофаза зоналарида ишларни олиб боришда ушбу электр кабеллари эгасининг вакилини чақириш зарурлиги кўрсатилиши, зарур ҳолларда эса, қўлда бажариладиган ишларнинг схемаси берилиши керак.

Электр тармоқларининг муҳофаза зоналаридаги ишлар уларнинг бажарилиши учун масъул шахснинг кузатувида бажарилиши керак.


39. Ҳаво ва кабель линияларининг муҳофаза зонасида ишларни бажарувчилар ишлар бошланишидан камида 3 сутка олдин электр тармоқлари эгасига телефонограмма орқали ёки шахсан уларни бажаришда вакиллар ҳозир бўлиши зарур бўлган ишларни бажариш санаси ва соати тўғрисида маълум қилишлари керак.

Кўрсатиб ўтилган вакиллар иш бажарилаётган жойга келмаган тақдирда ишларни бажарувчилар бир сутка мобайнида бу ҳақда электр тармоқлари эгасига хабар беришлари шарт.

Электр тармоқлари ва кабель линияларининг муҳофаза зонасида кўрсатиб ўтилган вакиллар ҳозир бўлмаган ҳолда ер ишларини бажариш тақиқланади.


40. Ер ости кабелларининг бевосита яқинида тупроқ ишларини фақат белкураклар ёрдамида, қаттиқ зарб бермасдан бажаришга йўл қўйилади, зарбали асбоблар (лом, кирка)дан фойдаланиш тақиқланади.


41. Электр кабель тармоқларининг ишлаб турган коммуникациялар билан кесишган жойларда ер ишлари энг қисқа муддатларда ўтказилиши керак.


42. Ихтиёрида қурилаётган ёки ишлаётган электр узатиш кабель линиялари бўлган ташкилотлар кўрсатиб ўтилган линияларни бегона токлардан ҳимоя қилиш чораларини кўриши керак.


43. Ихтиёрида электр тармоқлари бўлган ташкилотларнинг ходимларига таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш учун бошқа ташкилотларнинг ҳудудида жойлашган тармоқлар объектларига белгиланган тартибда тўсиқсиз кириш ҳуқуқи берилади.


44. 500 кВ кучланишли электр узатиш ҳаво линиялари билан кесишиш жойларидаги автомобиль йўлларида ушбу линияларнинг муҳофаза зоналарида транспорт тўхташини тақиқловчи йўл белгилари ўрнатилиши керак.


45. Табиий офатлар туфайли электр тармоқлари шикастланганда, шунингдек шикастланишининг олдини олиш мақсадида туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларига зарур ҳолларда уларнинг ваколатлари доирасида электр тармоқлари ва иншоотлари шикастланишини бартараф этиш ва шикастланишининг олдини олиш ишларига ташкилотларни жалб қилиш ҳуқуқи берилади. Бундай ҳолларда бажарилган ишларга ҳақ тўлаш ва сарфланган моддий ресурслар қийматини қоплаш ихтиёрида электр тармоқлари бўлган ташкилотлар томонидан амалга оширилади.


46. Электр тармоқларининг муҳофаза зоналаридаги ва улар яқинидаги юридик ва жисмоний шахслар ихтиёрида электр тармоқлари бўлган ташкилотлар ходимларининг электр тармоқлари сақланишини таъминлашга ва бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга қаратилган талабларини бажаришга мажбурдир.

Ихтиёрида электр тармоқлари бўлган ташкилотларнинг ходимлари юридик ва жисмоний шахслар томонидан муҳофаза зоналарида мазкур Қоидалар талаблари бузилган ҳолда бажарилаётган ишларни тўхтатиб қўйиш ҳуқуқига эгадир.


47. Ер ости кабеллари, улар элементларининг ҳаво линиялари шикастланган тақдирда ишларни бажарувчи бу ҳақда дарҳол ушбу электр тармоқларининг эгаларига маълум қилиши ва шикастланишни зудлик билан бартараф этишда ёрдам кўрсатиши, шу жумладан ишчи кучи ва механизмлар ажратиши шарт.



VI. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


48. Мазкур Қоидалар бузилганлиги тўғрисидаги далолатнома ихтиёрида электр тармоқлари бўлган ташкилотларнинг ваколатли мансабдор шахслари томонидан тузилади. Мазкур қоидалар бузилганлиги тўғрисида далолатномалар тузишга ваколатли мансабдор шахслар рўйхати ҳар йили энергия таъминоти ташкилоти раҳбари томонидан тасдиқланади.


49. Мазкур Қоидалар талабларига риоя этиш билан боғлиқ низолар, шунингдек муҳофаза зонасида электр тармоқларини ўрнатиш, қўриқлаш ва фойдаланиш тартиби бузилганда пайдо бўладиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.


50. Мазкур Қоидалар талабларини бузган шахслар жавобгарликка тортилади ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда зарарни қоплайдилар.