язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Суғурта/ Суғурта бозори иштирокчилари. Суғурта ташкилотлари/ Суғурталовчининг огоҳлантириш тадбирлари захирасидан молиялаштириладиган огоҳлантириш тадбирлари рўйхатини келишиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 06.11.2013 й. 298-сон қарорига 4-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2013 йил 6 ноябрдаги

298-сон қарорига

4-ИЛОВА


Суғурталовчининг огоҳлантириш тадбирлари

захирасидан молиялаштириладиган огоҳлантириш

тадбирлари рўйхатини келишиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом суғурталовчининг огоҳлантириш тадбирлари захирасидан молиялаштириладиган огоҳлантириш тадбирлари рўйхатини келишиш тартибини (кейинги ўринларда огоҳлантириш тадбирлари рўйхатини келишиш деб аталади) белгилайди.


2. Огоҳлантириш тадбирлари рўйхатини келишиш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги (кейинги ўринларда ваколатли орган деб аталади) томонидан ушбу Низомга 1-иловага асосан схема бўйича амалга оширилади ҳамда огоҳлантириш тадбирлари рўйхатининг юқоридаги чап бурчагига "КЕЛИШИЛГАН" ёзувини киритиш, келишиш санасини кўрсатиш ва ваколатли органнинг муҳри билан тасдиқлаш орқали расмийлаштирилади.


3. Огоҳлантириш тадбирлари рўйхатини келишиш суғурталовчиларга огоҳлантириш тадбирлари захирасидан молиялаштириладиган огоҳлантириш тадбирларини амалга ошириш ҳуқуқини беради.


4. Огоҳлантириш тадбирлари рўйхатини келишиш чекланмаган муддатга берилади.



II. РУХСАТ ЭТИШ ТАЛАБЛАРИ ВА ШАРТЛАРИ


5. Огоҳлантириш тадбирлари рўйхатини келишиш суғурталовчиларга огоҳлантириш тадбирлари захирасидан молиялаштириладиган огоҳлантириш тадбирларини амалга оширишда рухсат этиш талаблари ва шартларига қуйидагилар киради:

суғурталовчи томонидан суғурта фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиш;

келишилган огоҳлантириш тадбирлари рўйхатига мувофиқ огоҳлантириш тадбирлари захираси маблағларидан фақат бахтсиз ҳодисалар, суғурталанган мол-мулкни йўқотиш ёки зиён етишининг олдини олишга, шунингдек бошқа суғурта ҳодисаларининг олдини олиш ва бартараф этишга қаратилган тадбирларни молиялаштириш учун фойдаланиш.



III. ОГОҲЛАНТИРИШ ТАДБИРЛАРИ РЎЙХАТИНИ

КЕЛИШИШ УЧУН ЗАРУР ҲУЖЖАТЛАР


6. Огоҳлантириш тадбирлари рўйхатини келишиш учун суғурталовчи ваколатли органга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

ушбу Низомга 2-иловага асосан шакл бўйича огоҳлантириш тадбирлари рўйхатини келишиш ҳақидаги ариза;

икки нусхада суғурталовчи томонидан тасдиқланган огоҳлантириш тадбирлари рўйхати.


7. Ушбу Низомнинг 6-бандида назарда тутилмаган ҳужжатларни суғурталовчилардан талаб қилишга йўл қўйилмайди.


8. Огоҳлантириш тадбирлари рўйхатини келишиш учун зарур бўлган ҳужжатлар суғурталовчи томонидан ваколатли органга бевосита, почта алоқаси воситалари орқали ёки электрон шаклда, улар олинганлиги ҳақида хабардор қилинган ҳолда тақдим этилади. Электрон шаклда тақдим этилган ҳужжатлар суғурталовчининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.


9. Огоҳлантириш тадбирлари рўйхатини келишиш учун суғурталовчи томонидан ваколатли органга тақдим этилган ҳужжатлар рўйхат бўйича қабул қилинади, рўйхат мазкур орган томонидан ҳужжатлар қабул қилинган сана тўғрисида белги қўйилган ҳолда дарҳол суғурталовчига берилади (юборилади).



IV. АРИЗАНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ВА ОГОҲЛАНТИРИШ

ТАДБИРЛАРИ РЎЙХАТИНИ КЕЛИШИШ ЁКИ КЕЛИШИШНИ

РАД ЭТИШ ТЎҒРИСИДА ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛИШ


10. Ваколатли орган огоҳлантириш тадбирлари рўйхатини келишиш ҳақидаги аризани кўриб чиқади, мазкур Низомнинг 6-бандида назарда тутилган ҳужжатларни қабул қилган санадан ўн иш кунидан ошмайдиган муддатда огоҳлантириш тадбирлари рўйхатини келишади ёки келишишни рад этади. Суғурталовчининг огоҳлантириш тадбирлари рўйхатини келишиш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун ваколатли орган томонидан йиғим ундирилмайди.


11. Агар ваколатли орган суғурталовчининг огоҳлантириш тадбирлари рўйхатини келишиш тўғрисидаги аризасини кўриб чиқиш муддати мобайнида уни бериш ёки беришни рад этишда суғурталовчига келишилган огоҳлантириш тадбирлари рўйхатини бермаса ёки уни беришни рад этса, у ҳолда ушбу Низомнинг 10-бандида назарда тутилган муддат тугаши билан суғурталовчи, келишишни олиш кўзда тутилган огоҳлантириш тадбирларини амалга ошириш учун ваколатли органни ёзма равишда хабардор қилган ҳолда, огоҳлантириш тадбирлари захирасидан молиялаштириладиган огоҳлантириш тадбирларини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлади.

Ушбу банднинг биринчи хатбошида назарда тутилган ҳолатда ваколатли орган суғурталовчининг ёзма хабарномасини олгач беш иш куни мобайнида унга келишилган огоҳлантириш тадбирлари рўйхатини бериши шарт. Келишилган огоҳлантириш тадбирлари рўйхатини олгунга қадар, тақдим этилган ҳужжатларнинг улар қабул қилинган сана тўғрисида белги қўйилган рўйхати ва суғурталовчи томонидан ваколатли органга юборилган ёзма хабарнома огоҳлантириш тадбирларининг келишилган рўйхатига тенглаштирилади ва огоҳлантириш тадбирлари захирасидан молиялаштириладиган огоҳлантириш тадбирларини амалга ошириш учун асос ҳисобланади.


12. Ваколатли орган тегишли қарор қабул қилинган санадан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмай суғурталовчига келишилган огоҳлантириш тадбирлари рўйхатини беради (юборади) ёки уни келишиш рад этилганлиги тўғрисида ёзма шаклда хабардор қилади. Огоҳлантириш тадбирларининг келишилган рўйхати берилганлиги учун ваколатли орган томонидан йиғим ундирилмайди.


13. Огоҳлантириш тадбирлари рўйхатини келишиш қуйидаги асослар бўйича рад этилиши мумкин:

огоҳлантириш тадбирлари рўйхатини келишиш учун зарур бўлган ҳужжатларнинг суғурталовчи томонидан тўлиқ бўлмаган ҳажмда тақдим этилганлиги;

суғурталовчининг рухсат беришга доир талаблар ва шартларга мувофиқ эмаслиги;

суғурталовчи томонидан тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотларнинг мавжудлиги.

Огоҳлантириш тадбирлари рўйхатини келишишни бошқа асосларга кўра, шу жумладан, мақсадга мувофиқ эмас деган важлар билан рад этишга йўл қўйилмайди.


14. Огоҳлантириш тадбирлари рўйхатини келишишнинг рад этилганлиги ҳақида қарор қабул қилинган тақдирда, хабарнома суғурталовчига ёзма шаклда, рад этиш сабаблари, қонун ҳужжатларининг аниқ нормалари ва суғурталовчи кўрсатилган сабабларни бартараф этиб, такроран кўриб чиқиш учун ҳужжатларни тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилган ҳолда юборилади (топширилади). Суғурталовчи рад этиш сабабларини бартараф этиб ва ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этиши мумкин бўлган муддат огоҳлантириш тадбирлари рўйхатини келишишнинг рад этилганлиги ҳақидаги хабарнома олинган кундан эътиборан ўн иш кунидан кам бўлиши мумкин эмас.


15. Суғурталовчи огоҳлантириш тадбирлари рўйхатини келишишнинг рад этилиши учун асос бўлган сабабларни белгиланган муддатда бартараф этган тақдирда, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш, огоҳлантириш тадбирлари рўйхатини келишиш ёки уни рад этиш суғурталовчининг рад этиш сабаблари бартараф этилганлиги тўғрисидаги аризаси ва рад этиш сабаблари бартараф этилганлигини тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар олинган кундан эътиборан ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатда ваколатли орган томонидан амалга оширилади. Суғурталовчининг аризаси такроран кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.


16. Ҳужжатларни такроран кўриб чиқишда ваколатли орган томонидан суғурталовчига илгари ёзма шаклда баён қилинмаган рад этиш сабабларининг ваколатли орган томонидан кўрсатилишига йўл қўйилмайди, илгари кўрсатилган сабаблар бартараф этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар билан боғлиқ рад этиш сабабларининг кўрсатилиши бундан мустасно.


17. Огоҳлантириш тадбирлари рўйхатини келишишнинг рад этилганлиги ҳақидаги хабарномада кўрсатилган муддат ўтгандан кейин суғурталовчи томонидан топширилган ариза янгидан топширилган ҳисобланади ва ваколатли орган томонидан умумий асосларда кўриб чиқилади.


18. Суғурталовчи огоҳлантириш тадбирлари рўйхатини келишишнинг рад этилганлиги, шунингдек ваколатли орган мансабдор шахсининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.



V. ОГОҲЛАНТИРИШ ТАДБИРЛАРИНИНГ КЕЛИШИЛГАН

РЎЙХАТИНИ ҚАЙТА РАСМИЙЛАШТИРИШ

ВА ДУБЛИКАТЛАР БЕРИШ


19. Суғурталовчи қайта ташкил этилган, унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарган тақдирда, суғурталовчи ёки унинг вориси қайта рўйхатдан ўтказилгандан кейин етти иш куни мобайнида ваколатли органга кўрсатилган маълумотларни тасдиқлайдиган ҳужжатларни илова қилган ҳолда, огоҳлантириш тадбирларининг келишилган рўйхатини қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши шарт.

Янгидан вужудга келган юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш санасида огоҳлантириш тадбирларининг келишилган рўйхатига эга бўлган суғурталовчилар қўшиб юборилган тақдирда, огоҳлантириш тадбирларининг келишилган рўйхатини ушбу банднинг биринчи хатбошида назарда тутилган тартибда қайта расмийлаштиришга йўл қўйилади.

Огоҳлантириш тадбирларининг келишилган рўйхатидаги мавжуд маълумотлар мазкур банднинг биринчи ва иккинчи хатбошиларида назарда тутилмаган ҳолларда ўзгартирилган тақдирда, огоҳлантириш тадбирларининг келишилган рўйхати суғурталовчиларнинг тегишли ҳужжатлар илова қилинган аризаси бўйича қайта расмийлаштирилади.

Ҳужжатлар суғурталовчи томонидан ваколатли органга бевосита, почта алоқаси воситаси орқали ёки электрон шаклда, уларнинг олинганлиги тўғрисидаги хабарнома билан тақдим этилади. Электрон шаклда тақдим этилган ҳужжатлар суғурталовчининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.

Суғурталовчидан ушбу бандда назарда тутилмаган ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилишга йўл қўйилмайди.


20. Огоҳлантириш тадбирларининг келишилган рўйхатини қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза берган суғурталовчи ёки унинг вориси огоҳлантириш тадбирларининг келишилган рўйхатини қайта расмийлаштиргунга қадар ваколатли органнинг аризани қабул қилган санаси тўғрисидаги белгиси билан огоҳлантириш тадбирларининг келишилган рўйхатини қайта расмийлаштириш ҳақида берилган аризаси асосида огоҳлантириш тадбирлари захирасидан молиялаштириладиган огоҳлантириш тадбирларини амалга оширади.


21. Ваколатли орган огоҳлантириш тадбирларининг келишилган рўйхатини қайта расмийлаштиришда огоҳлантириш тадбирларининг келишилган рўйхатлари берилган реестрга тегишли ўзгартиришларни киритади. Огоҳлантириш тадбирларининг келишилган рўйхатини қайта расмийлаштириш ва бериш, тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда огоҳлантириш тадбирларининг келишилган рўйхатини қайта расмийлаштириш ҳақидаги аризаси ваколатли орган томонидан олинган кундан бошлаб беш иш кунидан кўп бўлмаган муддатда амалга оширилади. Огоҳлантириш тадбирларининг келишилган рўйхатини қайта расмийлаштириш учун йиғим ундирилмайди.


22. Огоҳлантириш тадбирларининг келишилган рўйхати йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган тақдирда суғурталовчининг аризасига кўра унинг дубликати берилади.

Ваколатли орган ариза олинган кундан бошлаб беш иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда огоҳлантириш тадбирларининг келишилган рўйхати дубликатини, шунингдек у яроқсиз ҳолга келган тақдирда огоҳлантириш тадбирларининг келишилган рўйхатининг асл нусхасини бериши (юбориши) шарт. Огоҳлантириш тадбирларининг келишилган рўйхати дубликатини берганлик учун йиғим ундирилмайди.



VI. ОГОҲЛАНТИРИШ ТАДБИРЛАРИНИНГ

КЕЛИШИЛГАН РЎЙХАТИНИНГ АМАЛ ҚИЛИШИНИ

ТЎХТАТИБ ТУРИШ, ТЎХТАТИШ ВА УНИ БЕКОР ҚИЛИШ


23. Огоҳлантириш тадбирларининг келишилган рўйхатининг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тўхтатиш, огоҳлантириш тадбирларининг келишилган рўйхатини бекор қилиш "Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22, 23 ва 25-моддаларига мувофиқ назарда тутилган ҳолатларда ва тартибда амалга оширилади.


24. Ваколатли орган томонидан белгиланган тартибда ўтказиладиган рухсат бериш талаблари ва шартларига риоя қилинишини текширишдан бош тортиш огоҳлантириш тадбирларининг келишилган рўйхатининг амал қилишини белгиланган тартибда тўхтатиш учун асос бўладиган рухсат бериш талаблари ва шартларининг бир марта қўпол бузилишига киради.



VII. ОГОҲЛАНТИРИШ ТАДБИРЛАРИНИНГ БЕРИЛГАН

КЕЛИШИЛГАН РЎЙХАТЛАРИ РЕЕСТРИ


25. Ваколатли орган огоҳлантириш тадбирларининг берилган келишилган рўйхатлари реестрини юритади ва уни ўзининг расмий веб-сайтига жойлаштиради.

Огоҳлантириш тадбирларининг берилган келишилган рўйхатлари реестрида суғурталовчилар тўғрисида қуйидаги асосий маълумотлар кўрсатилган бўлиши лозим:

суғурталовчининг номи, унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, почта манзили, телефони;

огоҳлантириш тадбирлари келишилган рўйхатининг берилган санаси ва рақами;

огоҳлантириш тадбирларининг келишилган рўйхатини қайта расмийлаштириш, унинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тиклаш асослари ва санаси;

огоҳлантириш тадбирлари келишилган рўйхатининг амал қилишини тўхтатиш асослари ва санаси;

огоҳлантириш тадбирларининг келишилган рўйхатини бекор қилиш асослари ва санаси;

огоҳлантириш тадбирлари келишилган рўйхатининг дубликатларини бериш асослари ва санаси.


26. Огоҳлантириш тадбирларининг келишилган рўйхатлари реестридаги мавжуд маълумотлар юридик ва жисмоний шахсларнинг танишиши учун очиқ ҳисобланади.






Низомга

1-ИЛОВА



Суғурталовчининг огоҳлантириш тадбирлари

захирасидан молиялаштириладиган огоҳлантириш

тадбирлари рўйхатини келишиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Бажариш муддатлари






























1-босқич

Ариза берувчи - суғурталовчи


       

Суғурталовчининг огоҳлантириш тадбирлари захирасидан молиялаштириладиган огоҳлантириш тадбирлари рўйхатини келишиш учун зарур бўлган ҳужжатларни рўйхатга мувофиқ тайёрлайди ҳамда уларни Молия вазирлигига бевосита, почта алоқаси воситаси орқали ёки уларни олганлиги тўғрисидаги хабарнома билан электрон шаклда тақдим этади.

        


Ариза берувчининг хоҳишига кўра
























































































2-босқич

Молия вазирлиги


        

1. Молия вазирлиги суғурталовчининг огоҳлантириш тадбирлари захирасидан молиялаштириладиган огоҳлантириш тадбирлари рўйхатини келишиш учун тақдим этилган ҳужжатларни рўйхат бўйича қабул қилади ва зудлик билан ҳужжатларни қабул қилган сана тўғрисидаги белги билан ариза берувчига беради (юборади).


2. Суғурталовчининг огоҳлантириш тадбирлари захирасидан молиялаштириладиган огоҳлантириш тадбирлари рўйхатини келишиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқади ёки уни беришни рад этади.


3. Огоҳлантириш тадбирлари рўйхатини келишиш рад этилганлиги ҳақида қарор қабул қилинган тақдирда, хабарнома суғурталовчига ёзма шаклда, рад этиш сабаблари, қонун ҳужжатларининг аниқ нормалари ва суғурталовчи кўрсатилган сабабларни бартараф этиб, такроран кўриб чиқиш учун ҳужжатларни тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилган ҳолда юборилади (топширилади).


4. Рад этиш сабаблари бартараф этилгандан кейин аризачи томонидан ҳужжатлар такрор тақдим этилганда уларни кўриб чиқади.


5. Ариза берувчига огоҳлантириш тадбирларининг келишилган рўйхатини беради (юборади) ёки уни беришни рад этиш тўғрисида ёзма шаклда уни хабардор қилади.

        


       

1) ҳужжатлар қабул қилинган кунда;

2) ва 3) - ҳужжатлар қабул қилинган санадан бошлаб ўн иш кунида;

4) ва 5) - ўн иш кунида.

        





































































































































































































































































































































































































































































































      





Низомга

2-ИЛОВА

20___ йил "___" __________

№ _____

Ўзбекистон Республикаси

Молия вазирлиги

Суғурталовчининг огоҳлантириш тадбирлари

захирасидан молиялаштириладиган огоҳлантириш

тадбирлари рўйхатини келишиш тўғрисида

АРИЗА


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 6 ноябрдаги 298-сон қарори билан тасдиқланган Суғурталовчининг огоҳлантириш тадбирлари захирасидан молиялаштириладиган огоҳлантириш тадбирлари рўйхатини келишиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ _____________ ___________________ (жойлашган жойи (почта манзили) бўйича жойлашган ________________________ (суғурталовчининг тўлиқ номи) суғурталовчининг огоҳлантириш тадбирлари захирасидан молиялаштириладиган огоҳлантириш тадбирлари рўйхатини келишишни сўрайди.



Илова:

1. _________


2. _________


...



Ваколатли шахснинг лавозими, Ф.И.О. ва имзоси                        М.Ў.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 11 ноябрь, 45-сон, 592-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2013 йил, 11-сон, 79-модда