язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Суғурта/ Суғурта бозори иштирокчилари. Суғурта ташкилотлари/ Актуар хизматларини кўрсатиш тартиби тўғрисида Низом (АВ томонидан 26.06.2009 й. 1975-сон билан рўйхатга олинган Молия вазирининг 07.04.2009 й. 42-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2009 йил 26 июнда 1975-сон

билан рўйхатга олинган

молия вазирининг

2009 йил 7 апрелдаги

42-сонли буйруғи билан

ТАСДИҚЛАНГАН


Актуар хизматларини кўрсатиш

тартиби тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом "Суғурта фаолияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2002 й., 4-5-сон, 68-модда) мувофиқ актуар хизматларини кўрсатиш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Актуар хизматлари мустақиллик, холислик, профессионал малакалилик ва маҳфийлик принциплари асосида амалга оширилади.


2. Мазкур Низом мақсадларида қўлланиладиган асосий тушунчалар:


актуарий - махсус ваколатли давлат органи томонидан белгиланган тартибда актуарий малака сертификатини олган ва актуар ташкилот штатида турган ёки актуар ташкилот билан фуқаролик-ҳуқуқий шартнома тузган жисмоний шахс;

актуар ташкилот - актуар хизматларини кўрсатувчи ва ўз штатида камида битта актуарийга эга бўлган юридик шахс;


актуар текшируви - амалга оширилаётган суғурта ва инвестиция операцияларининг хавфлилик даражасини аниқлаш, шунингдек суғурталовчининг молиявий ҳолатини баҳолаш мақсадида суғурталовчининг суғурта ва молиявий фаолияти кўрсаткичларининг таҳлилини ўз ичига олувчи актуар хизматлари мажмуаси;


актуар кузатуви - суғурта воқеаси юз беришининг математик жиҳатдан эҳтимоллиги ҳисоб-китобини амалга ошириш, такрорийлик ва зарар етказилиш оқибатларининг оғирлик даражасини аниқлаш, суғурта захираларини ҳисоб-китоб қилиш, суғурта жараёнини ташкил этиш учун зарур харажатлар ҳажмини аниқлаш, суғурта хизматлари таннархини ҳисоб-китоб қилиш, суғуртанинг (қайта суғурта қилишнинг) ҳар бир тури бўйича тариф ставкаларини белгилаш, инвестиция фаолияти натижаларини баҳолаш, даромадларни суғуртанинг (қайта суғурта қилишнинг) ҳар хил турлари бўйича режалаштириш ва бошқа актуар хизматларини кўрсатишни ўзи ичига олувчи актуар хизматлари мажмуаси;


буюртмачи - суғурталовчи ёки актуар хизматларининг бошқа буюртмачиси.

3. Суғурталовчилар йилига бир марта - ҳар бир молия йили тугаганидан кейин олти ой давомида молия йилидаги фаолият якунлари бўйича актуар ташкилотни актуар текширувини амалга ошириш учун жалб этишлари шарт.

Актуар текширувини амалга ошириш натижалари бўйича актуар ташкилот томонидан актуар ҳисоботи тузилади ва қуйидаги саволлар бўйича актуар хулосаси чиқарилади:

амалга оширилаётган суғурта операцияларининг хавфлилик даражаси;

амалга оширилаётган инвестиция операцияларининг хавфлилик даражаси;

суғурталовчининг молиявий ҳолати.


4. Актуар текшируви ўтказилаётганда актуар хизматларини мустақиллик ва холислик принциплари асосида кўрсатилишини таъминлаш учун қуйидаги шартларга риоя этилиши лозим:

актуар хизматларини кўрсатиш учун актуар ташкилотни жалб этаётган суғурталовчи ушбу актуар ташкилотнинг мулкдори, муассиси (акциядори) бўлмаслиги лозим;

суғурталовчига актуар хизматларини бевосита кўрсатувчи актуарий ушбу суғурталовчининг ходими бўлмаслиги ёки ушбу суғурталовчининг мулкдори, муассиси (акциядори), раҳбари билан яқин қариндош (ота-она, эр-хотин, ака-укалар, опа-сингиллар ва болалар, шунингдек эрнинг-хотиннинг ота-онаси, ака-укалари ва опа-сингиллари) бўлмаслиги лозим.


5. Актуар текшируви мазкур Низомнинг 4-бандида назарда тутилган шартлар бузилган ҳолда ўтказилганда, актуар текширувини амалга ошириш натижалари бўйича тузилган (чиқарилган) актуар ҳисоботи (актуар хулосаси) ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.


6. Актуар текширувини амалга ошириш шартномасининг тарафи томонидан мазкур Низомнинг 4-бандида кўрсатилган ҳолатлар бошқа тарафдан яширилганда ушбу ҳолатларни яширган тараф бошқа тарафнинг шартномани тузиш ва ижро этиш билан боғлиқ барча харажатларини қоплаб беради.


7. Актуар ташкилот айнан бир суғурталовчида кетма-кет уч йилдан ортиқ актуар текширувини амалга оширишга ҳақли эмас.


8. Актуар кузатуви буюртмачининг хоҳиш-истагига кўра амалга оширилади.

Актуар кузатуви ўтказилаётганда кўрсатиладиган актуар хизматларининг турлари ва ҳажмлари буюртмачи томонидан белгиланади.

Актуар кузатувини ўтказиш натижалари бўйича актуар ташкилот томонидан актуар ҳисоботи тузилади ва актуар хизматларини кўрсатиш шартномасида назарда тутилган саволлар бўйича актуар хулосаси чиқарилади.


9. Актуар ташкилотнинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди.

Актуар хизматларининг мустақиллик ва холислик принциплари асосида кўрсатилишига тўсқинлик қилиш мақсадида актуарий, актуар ташкилот ва унинг ходимларига ҳар қандай шаклдаги таъсир ўтказиш қонун ҳужжатларида назарда тутилган жавобгарликка олиб келади.



II. АКТУАР ХИЗМАТЛАРИНИ

КЎРСАТИШ ТАРТИБИ ВА ШАРТЛАРИ


10. Актуар хизматлари буюртмачи ва актуар ташкилот ўртасида ёзма шаклда тузилган шартнома асосида ва унга мувофиқ кўрсатилади. Бунда актуар текширувини ва актуар кузатувини битта шартнома доирасида кўрсатишга йўл қўйилмайди.

11. Актуар хизматларини кўрсатиш шартномаси қуйидаги муҳим шартларни назарда тутиши лозим:

актуар хизматларининг турлари ва ҳажмлари (шу жумладан, актуар хулосаси чиқарилиши лозим бўлган саволлар, шундайлар мавжуд бўлганда), шунингдек қиймати. Бунда актуар хизматлари ҳар бир турининг қиймати алоҳида кўрсатилади;

актуар хизматларини кўрсатиш муддати;

ўзаро ҳисоб-китоблар тартиби;

тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

тарафларнинг шартнома мажбуриятларини бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганликдаги жавобгарлиги;

низоларни ҳал этиш тартиби;

тарафларнинг реквизитлари;

шартнома тузилган сана ва жой.


12. Актуар хизматларини кўрсатиш шартномасининг тарафлари қуйидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга:

а) буюртмачи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

актуар ташкилотдан актуар хизматларини бевосита кўрсатадиган актуарийнинг малака сертификатини танишиб чиқиш учун тақдим этишини талаб этиш;

актуар хизматларини кўрсатиш натижалари бўйича актуар ҳисоботи ва актуар хулосасини олиш;

актуар ташкилотдан актуар хизматларини кўрсатиш давомида аниқланган хато ва камчиликларни бартараф этиш бўйича маслаҳатлар ва тавсиялар олиш;

буюртмачи қуйидагиларга мажбур:

актуарийга актуар хизматларини кўрсатиш учун зарур бўлган ахборотни у талаб қилаётган тартибда ва ҳажмда тақдим этиш;

актуарийга (актуар ташкилотга) актуар хизматларининг мустақиллик ва холислик принциплари асосида кўрсатилишига тўсқинлик қилувчи ҳолатларнинг мавжудлиги ёки вужудга келганлиги тўғрисида хабар бериш;

б) актуар ташкилот қуйидаги ҳуқуқларга эга:

актуар ҳисоб-китобларнинг усулларини мустақил белгилаш;

буюртмачидан актуар хизматларини кўрсатиш учун зарур бўлган ҳужжатлардан фойдаланиш ҳуқуқини сўраш, оғзаки ва ёзма тушунтиришлар ҳамда қўшимча маълумотларни олиш;

актуар ташкилот қуйидагиларга мажбур:

актуар хизматларининг мустақиллик ва холислик тамойиллари асосида кўрсатилишига тўсқинлик қилувчи ҳолатлар вужудга келганда, актуар хизматларини кўрсатиш имконияти йўқлиги тўғрисида буюртмачига хабар бериш;

актуар хизматларини кўрсатиш давомида олинган ҳужжатларнинг сақланишини таъминлаш;

буюртмачининг талабига кўра бевосита актуар хизматларини кўрсатадиган актуарийнинг малака сертификатини танишиб чиқиш учун тақдим этиш;

актуар хизматларини кўрсатиш давомида буюртмачидан олинган маҳфий ахборотни тарқатмаслик, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Актуар хизматларини кўрсатиш шартномасининг тарафлари шартнома шартларига мувофиқ бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятларга ҳам эга бўлишлари мумкин.


13. Актуар ташкилот актуар хизматларини сифатли ёки лозим даражада бажармаганлиги натижасида буюртмачига етказган зарар учун буюртмачи олдида жавобгардир.

Буюртмачи томонидан тўлиқ бўлмаган ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар тақдим этилиши оқибатида актуар ташкилот актуар хизматларини сифатли ёки лозим даражада бажармаганлиги натижасида буюртмачига етказган зарар учун буюртмачи олдида жавобгар бўлмайди.


III. АКТУАР ҲИСОБОТИ


14. Актуар ҳисоботи икки нусхада тузилади (буюртмачи ва актуар ташкилот учун биттадан), актуар хизматларини бевосита кўрсатган актуарий томонидан имзоланади, актуар ташкилотнинг раҳбари томонидан имзоланади ва ушбу ташкилотнинг муҳри билан (муҳр мавжуд бўлган тақдирда) тасдиқланади. Актуар ҳисоботининг варақлари рақамланган, тикилган ва актуар ташкилотнинг муҳри билан (муҳр мавжуд бўлган тақдирда) тасдиқланган бўлиши лозим.

15. Актуар ҳисоботидаги маълумот маҳфийдир.


16. Актуар ҳисоботи буюртмачига актуар хизматларини кўрсатиш шартномасида назарда тутилган актуар хизматларини кўрсатиш муддати тугаганидан кейин 10 иш куни давомида тақдим этилади.

17. Актуар ҳисоботида актуар хизматларини кўрсатишнинг бориши, аниқланган хато ва камчиликлар тўғрисидаги батафсил маълумотлар, шунингдек актуар хизматларини кўрсатиш натижасида олинган бошқа маълумотлар акс эттирилади.


18. Актуар ҳисоботи қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:

ҳисоботнинг номи, тузилган санаси ва жойи;

кириш қисми;

таҳлилий қисми;

якуний қисми.


19. Актуар ҳисоботининг кириш қисмида актуар ташкилотнинг (шу жумладан, бевосита актуар хизматларини кўрсатган актуарийнинг фамилияси, исми, отасининг исми, малака сертификатининг серияси, рақами ва берилган санаси) ва буюртмачининг (шу жумладан, мавжуд бўлганда суғурта фаолиятини амалга ошириш учун лицензиянинг серияси, рақами ва берилган санаси) реквизитлари, шунингдек актуар хизматларини кўрсатишнинг асоси ва буюртмачи фаолиятининг умумий тавсифи баён этилади.

20. Актуар ҳисоботининг кириш қисмида қуйидагилар баён этилади:

актуар хизматларини кўрсатишнинг бориши тавсифи ва умумий натижалари;

актуар хизматларини кўрсатиш учун буюртмачи томонидан тақдим этилган маълумотларнинг тавсифи;

суғурталовчи молиявий йил бошига молиявий ҳолатининг базавий тавсифи, суғурталовчи томонидан олдинги актуар хизматларини кўрсатиш натижасида аниқланган хато ва камчиликларни бартараф этиш бўйича амалга оширилган чоралар (актуар текшируви амалга оширилганда);

молиявий йил давомида амалга оширилган суғурта операцияларининг таҳлили, таваккалчилик сиёсатини, ушлаб қолиш сиёсатини, захираларни шакллантириш сиёсатини, тариф сиёсатини баҳолаш, суғурталовчи томонидан мажбуриятларни бажара олмаслик эҳтимолини олиб борилаётган суғурта операцияларининг таваккалчилик ўлчови сифатида баҳолаш (актуар текшируви амалга оширилганда);

молиявий йил давомида амалга оширилган инвестиция операцияларининг, инвестиция портфелининг диверсификацияси, қайтарилиши, фойдалилиги ва ликвидлигининг таҳлили, умумий инвестиция портфелида захираларнинг (ажратилган активларнинг) ҳолати (диверсификация, қайтарилиш, фойдалилик ва ликвидлик талабларига мувофиқ келган ҳолда) (актуар текшируви амалга оширилганда);

таҳлил, баҳолаш ва ҳисоб-китобнинг бошқа турлари;

актуар хизматларини кўрсатиш натижасида аниқланган хато ва камчиликлар, шундайлар мавжуд бўлганда;

актуарий ихтиёрига кўра бошқа ахборот.


21. Актуар ҳисоботининг якуний қисмида актуарийнинг хулосалари, маслаҳатлари ва таклифлари баён этилади (шу жумладан, актуар текшируви амалга оширилганда аниқланган хато ва камчиликларни бартараф этиш бўйича, амалга оширилаётган суғурта ва инвестиция операцияларининг самарадорлигини ошириш, суғурталовчининг умумий молиявий ҳолатини яхшилаш бўйича маслаҳатлари ва таклифлари).


22. Актуар ҳисоботи бир-бирини истисно этувчи, бир-бирига зид бўлган ва янглиштирувчи фактларни, маълумотларни, хулосаларни ва уларнинг ҳар хил талқинларини ўз ичига олмаслиги лозим.


23. Била туриб ёлғон актуар ҳисоботларини тузиш қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка олиб келади.

Актуар хизматларини кўрсатиш давомида актуарий томонидан олинган буюртмачи ҳужжатларининг мазмунига мос келмайдиган актуар ҳисоботи била туриб ёлғон тузилган ҳисобланади.

24. Актуар ҳисоботлари 5 йил давомида сақланади.



IV. АКТУАР ХУЛОСАСИ


25. Актуар хулосаси икки нусхада тузилади (буюртмачи ва актуар ташкилот учун биттадан), актуар хизматларини бевосита кўрсатган актуарий томонидан имзоланади, актуар ташкилот раҳбари томонидан имзоланади ва ушбу ташкилотнинг муҳри билан (муҳр мавжуд бўлган тақдирда) тасдиқланади. Актуар хулосасининг варақлари рақамланган, тикилган ва актуар ташкилотнинг муҳри билан (муҳр мавжуд бўлган тақдирда) тасдиқланган бўлиши лозим.

26. Актуар хулосаси буюртмачига актуар хизматларини кўрсатиш шартномасида назарда тутилган актуар хизматларини кўрсатиш муддати тугаганидан кейин 10 иш куни давомида тақдим этилади.

Актуар ташкилот томонидан тасдиқланган актуар текширувини амалга ошириш натижалари бўйича чиқарилган актуар хулосасининг нусхаси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта назорати давлат инспекциясига (бундан буён матнда Давсуғуртаназорат деб юритилади) актуар хизматларини кўрсатиш шартномасида назарда тутилган актуар хизматларини кўрсатиш муддати тугаганидан кейин 10 иш куни давомида тақдим этилади.

27. Актуар хулосасини чиқариш учун зарур бўлган маълумотлар суғурталовчи томонидан тақдим этилмаганлиги оқибатида актуар текширувини амалга ошириш натижалари бўйича актуар хулосасини чиқариш имконияти бўлмаган тақдирда, актуар ташкилот энг қисқа, аммо актуар хизматларини кўрсатиш шартномасида назарда тутилган актуар хизматларини кўрсатиш муддати тугаганидан кейин 3 иш кунидан кечиктирмасдан Давсуғуртаназоратга актуар хулосасини чиқариш имконияти бўлмаганлигининг сабабларини кўрсатган ҳолда ёзма хабарнома тақдим этади.


28. Актуар хулосасида актуар хизматларини кўрсатиш шартномасида назарда тутилган саволлар юзасидан актуарийнинг фикри акс эттирилади.


29. Актуар хулосаси қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:

актуар хулосасининг номи, чиқарилган санаси ва жойи;

кириш қисми;

констатация қисми;

якуний қисми.


30. Актуар хулосасининг кириш қисмида актуар ташкилот (шунингдек, актуар хизматларини бевосита кўрсатган актуарийнинг фамилияси, исми, отасининг исми, актуарий малака сертификатининг рақами ва берилган санаси) ва буюртмачининг (шу жумладан, мавжуд бўлганда суғурта фаолиятини амалга ошириш учун берилган лицензия рақами, серияси ва берилган санаси) реквизитлари акс эттирилади.

31. Актуар хулосасининг констатация қисмида қуйидагилар баён этилади:

актуар хулосаси чиқарилаётган саволлар;

актуарий фикрини тасдиқловчи буюртмачи фаолиятининг кўрсаткичлари;

аниқланган хато ва камчиликлар ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлар, шундайлар мавжуд бўлган тақдирда.


32. Актуар хулосасининг якуний қисмида кўрилаётган саволлар бўйича актуарийнинг фикри аниқ кўрсатилиши лозим.


33. Актуар хулосаси бир-бирини истисно этувчи, бир-бирига зид бўлган ва янглиштирувчи фактларни, маълумотларни, хулосаларни ва уларнинг ҳар хил талқинларини ўз ичига олмаслиги лозим.


34. Била туриб ёлғон актуар хулосаларини тузиш қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка олиб келади.

Актуар хизматларини кўрсатиш давомида актуарий томонидан олинган буюртмачи ҳужжатларининг мазмунига мос келмайдиган актуар хулосаси била туриб ёлғон тузилган ҳисобланади.

35. Актуар хулосалари 5 йил давомида сақланади.



V. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


36. Актуар хизматларини кўрсатиш шартномасини тузиш ва ижро этиш жараёнида юзага келадиган барча баҳс ва келишмовчиликлар музокаралар йўли билан ҳал этилиши, келишувга эришилмаган тақдирда эса, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилиши лозим.


37. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 26-сон, 309-модда.