язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Суғурта/ Суғурта бозори иштирокчилари. Суғурта ташкилотлари/ Суғурталовчилар ва қайта суғурталовчиларнинг тўлов қобилияти тўғрисида Низом (АВ томонидан 12.05.2008 й. 1806-сон билан рўйхатга олинган Молия вазирининг 22.04.2008 й. 41-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2008 йил 12 майда 1806-сон

билан рўйхатга олинган

Молия вазирининг

2008 йил 22 апрелдаги

41-сон буйруғи билан

ТАСДИҚЛАНГАН


Суғурталовчилар ва қайта суғурталовчиларнинг

тўлов қобилияти тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом "Суғурта фаолияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 10 апрелдаги ПҚ-618-сонли "Суғурта хизматлари бозорини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 15 сон, 158-модда) мувофиқ, суғурталовчиларнинг (қайта суғурталовчиларнинг) тўлов қобилияти нормативларини ва уларни аниқлаш тартибини, суғурталовчиларнинг (қайта суғурталовчиларнинг) активларини жойлаштиришга оид, шунингдек, қайта суғурта қилиш операцияларига оид талабларни белгилайди.



I. УМУМИЙ ШАРТЛАР


1. Мазкур Низом давлат ижтимоий суғурта ташкилотларига нисбатан қўлланилмайди.


2. Мазкур Низом мақсадларида қўлланиладиган асосий тушунчалар:


суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) активлари - суғурталовчи (қайта суғурталовчи) назоратида бўлган, келгусида улардан даромад олиш мақсадида аввалги фаолияти натижасида олинган иқтисодий ресурслар;


Давсуғуртаназорат - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта назорати давлат инспекцияси;


қайта суғурта қилиш шартномаси - шартнома бўлиб, унга мувофиқ, қайта суғурталовчи қайта суғурта қилиш шартномасида келишилган тўлов (қайта суғурта мукофоти) эвазига қайта суғурта қилиш шартномаси шартлари асосида қайта суғурта қилдирувчининг суғурта шартномаси бўйича аниқланган суғурта товонини (суғурта суммасини) тўлаш мажбурияти билан боғлиқ харажатларини тўлиқ ёки қисман қайта суғурта қилдирувчига (ёки у томонидан кўрсатилган бошқа шахсга) қоплаб бериш мажбуриятини олади;


ҳисобланган суғурта мукофоти - пул маблағлари қачон олинганлигидан қатъи назар, суғурта (қайта суғурта қилиш) шартномаси бўйича ҳисобот даврида ҳисобланган суғурта мукофоти (қайта суғурта мукофоти);


ҳисобланган суғурта товони - пул маблағлари қачон тўланганлигидан қатъи назар, суғурта (қайта суғурта қилиш) шартномаси бўйича ҳисобот даврида ҳисобланган суғурта товони;


қайта суғурта қилиш - суғурталовчи суғурта шартномаси бўйича ўз зиммасига олган суғурта товонини ёки суғурта пулини тўлаш хавфи унинг томонидан тўлиқ ёки қисман бошқа суғурталовчида (суғурталовчиларда) у билан тузилган қайта суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурталаниши;


қайта суғурта қилдирувчи - ўзига қабул қилган таваккалчиликларни қайта суғуртага берувчи суғурталовчи (қайта суғурталовчи);


қайта суғурталовчи - фақат қайта суғурта қилиш фаолиятини амалга ошириш учун лицензияга эга ёхуд суғурта фаолиятини амалга ошириш учун лицензияга эга тижорат ташкилоти бўлган юридик шахс, ўзи жойлашган давлат қонунчилигига мувофиқ, қайта суғурта фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга чет эл суғурта ташкилоти;


суғурталовчиларнинг (қайта суғурталовчиларнинг) тўлов қобилияти - суғурталовчиларнинг (қайта суғурталовчиларнинг) ўз молиявий мажбуриятларини ўз вақтида ва тўлиқ бажара олиш қобилияти. Тўлов қобилиятининг асоси бўлиб, шакллантирилган устав капитали, етарли суғурта захиралари, шунингдек қайта суғурта қилиш тизимининг мавжудлиги ҳисобланади;


боғлиқ шахслар - суғурталовчи (қайта суғурталовчи) билан алоҳида муносабатларга эга бўлган юридик ёки жисмоний шахслар, яъни:

суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) Кузатув кенгаши ёки бошқа ваколатли органи таркибидаги ҳар қандай шахс, шунингдек, уларнинг яқин қариндошлари;

суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) устав капиталида 20 фоиздан ортиқ улушга эга ҳар қандай юридик ёки жисмоний шахс, ёки ушбу юридик шахснинг ҳар қандай раҳбари ёки йирик акциядорлари (таъсисчилари), шунингдек уларнинг яқин қариндошлари;

суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) фаолиятини қонунчиликка мувофиқ назорат қилувчи юридик шахслар ва уларнинг бошқарувчилари;

суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) улуши устав капиталида 20 фоиздан ортиқ бўлган юридик шахслар, шунингдек, ушбу юридик шахсларнинг мансабдор шахслари ва уларнинг яқин қариндошлари.

Юқорида кўрсатилган шахслардан бири билан боғлиқ шахс уларнинг ҳар бири билан боғлиқ шахс бўлиб ҳисобланади;


ўзида қолдирилган улуш - суғурталовчи (қайта суғурталовчи) томонидан ҳар бир алоҳида суғурта (қайта суғурта қилиш) шартномаси бўйича қабул қилинган, қайта суғуртага ўтказиш ман этилган суғурта мажбуриятлари ҳажми;


суғурта мукофотлари - сўм ёки чет эл валютасида тўланадиган, ҳисоблаш тартиби ва миқдори суғурта шартномаси билан белгиланадиган, суғурта қилдирувчи томонидан суғурталовчига тўланадиган бадаллар;


тўлов қобилияти маржаси - суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) активлари ва у томонидан қабул қилинган суғурта мажбуриятлари ўртасидаги мутаносиблик;


ҳисобот даври - 1 январдан 31 декабргача бўлган календарь йил. Бунда мазкур Низомга мувофиқ ҳисоб-китоблар ва маълумотлар тузиладиган ҳисобот даври деб, ҳисобот йилининг 1 январидан ҳар бир чорагининг охирги календарь кунигача бўлган давр қабул қилинади;


ҳисобот санаси - мазкур Низомга мувофиқ ҳисоб-китоблар ва маълумотлар тузиладиган ҳисобот даврининг охирги календарь куни;


алоҳида таваккалчиликлар бўйича мажбуриятлар - суғурталовчи (қайта суғурталовчи) томонидан ҳар бир алоҳида суғурта (қайта суғурта қилиш) шартномаси бўйича қабул қилинган ва ҳисобот санасида амалда бўлган суғурта мажбуриятлари;


суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) мажбуриятлари жамининг миқдори - суғурталовчи (қайта суғурталовчи) томонидан бешта энг йирик алоҳида таваккалчиликлар (суғурта шартномалари) бўйича қабул қилинган ва ҳисобот санасида амалда бўлган суғурта мажбуриятларининг ҳажми;


ўз маблағлари манбаларининг суммаси - ҳисобот даври охирига, суғурталовчи (қайта суғурталовчи) баланси пассив қисмининг биринчи бўлими бўйича жами;


суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) раҳбари - қонунчилик ва суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) таъсис ҳужжатларига мувофиқ тайинланиши ёки сайланиши натижасида, тузилган меҳнат шартномасига асосан суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) ягона ижро этувчи органи бўлиб ҳисобланадиган ёки суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) коллегиал ижро этувчи органи устидан бошқарадиган жисмоний шахс.


3. Тўлов қобилияти нормативлари қуйидагилардан иборат:

тўлов қобилияти маржасининг етарлилиги нормативи;

алоҳида таваккалчиликлар бўйича суғурталовчилар (қайта суғурталовчилар) мажбуриятларининг йўл қўйиладиган энг кўп миқдори;

суғурталовчилар (қайта суғурталовчилар) мажбуриятлари жамининг йўл қўйиладиган энг кўп миқдори.


4. Суғурталовчиларнинг (қайта суғурталовчиларнинг) тўлов қобилияти кўрсаткичини аниқлаш учун охирги ҳисобот санасига суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи маълумотлари, шунингдек, ҳисоб-китоблар йўли билан аниқланадиган маълумотлардан фойдаланилади.


5. Суғурталовчилар (қайта суғурталовчилар) тўлов қобилиятининг кўрсаткичи бўлиб, улар томонидан мазкур Низом билан белгиланган тўлов қобилияти нормативларига, суғурталовчиларнинг (қайта суғурталовчиларнинг) активларини жойлаштиришга оид, шунингдек, қайта суғурта қилиш операцияларига оид талабларга риоя қилиниши ҳисобланади.



II. ТЎЛОВ ҚОБИЛИЯТИ МАРЖАСИНИНГ

ЕТАРЛИЛИГИ НОРМАТИВИ


6. Тўлов қобилияти маржасининг етарлилиги нормативи 1 дан кам бўлмаслиги шарт.


7. Тўлов қобилияти маржасининг етарлилиги нормативи тўлов қобилияти маржасининг ҳақиқий миқдорини тўлов қобилияти маржасининг норматив миқдорига бўлган нисбатига тенг бўлиб, қуйидаги формула бўйича ҳисобланади:


ТҚМҲМ

ТҚМЕН = -------, бу ерда:

ТҚМНМ


ТҚМЕН - тўлов қобилияти маржасининг етарлилиги нормативи;

ТҚМҲМ - тўлов қобилияти маржасининг ҳақиқий миқдори;

ТҚМНМ - тўлов қобилияти маржасининг норматив миқдори.


8. Умумий суғурта соҳасида ёки фақат қайта суғурта қилиш фаолиятини амалга оширадиган суғурталовчилар учун тўлов қобилияти маржасининг норматив миқдори бўлиб, қуйидаги учта миқдорнинг энг каттаси ҳисобланади:

суғурта фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ суғурталовчи учун белгиланган устав капиталининг энг кам миқдори;

"мукофотлар усули" бўйича ҳисобланган миқдор;

"тўловлар усули" бўйича ҳисобланган миқдор.


9. "Мукофотлар усули" бўйича миқдор умумий суғурта соҳаси учун тузатувчи коэффициентни ўтган ўн икки ой мобайнида барча суғурта (қайта суғурта қилиш) шартномалари бўйича ҳисобланган суғурта мукофотлари суммасидан ушбу давр мобайнида тузилган суғурта (қайта суғурта қилиш) шартномаларининг бекор қилиниши (шартлари ўзгариши) муносабати билан суғурта қилдирувчиларга (қайта суғуртақилдирувчиларга) қайтарилган суғурта мукофотларини чегириб қолиб аниқланган миқдорнинг 20 фоизига кўпайтириш йўли билан ҳисобланади. Бунда 11 ва 13 классларга оид суғурта (қайта суғурта қилиш) шартномалари бўйича ҳисобланган суғурта мукофотлари 50 фоизга оширилади.

Суғурталовчи (қайта суғурталовчи) биринчи маротаба белгиланган тартибда суғурта фаолиятини амалга ошириш учун лицензия олган вақтдан сўнг ҳисобот санасигача ўн икки ойдан кам вақт ўтган бўлса, ҳисоб-китобни амалга оширишда лицензия олинган вақтдан ҳисобот санасигача бўлган даврни ҳисоб даври сифатида қўллайди.


10. "Тўловлар усули" бўйича миқдор, умумий суғурта соҳаси учун тузатувчи коэффициентни қуйидаги кўрсаткичлар суммасининг 10 фоизини ташкил этувчи миқдорга кўпайтириш йўли билан ҳисобланади:

ўтган ўттиз олти ой мобайнида суғурта (қайта суғурта қилиш) шартномалари бўйича ҳисобланган суғурта товонлари суммаси. Бунда 11 ва 13 классларга оид суғурта (қайта суғурта қилиш) шартномалари бўйича суғурта товонлари 50 фоизга оширилади.

Ҳисобот санасига хабар қилинган, лекин бартараф этилмаган зарарлар захираси. Бунда 11 ва 13 классларга оид суғурта (қайта суғурта қилиш) шартномалари бўйича хабар қилинган, лекин бартараф этилмаган зарарлар захираси 50 фоизга оширилади.

Суғурталовчи (қайта суғурталовчи) биринчи маротаба белгиланган тартибда суғурта фаолиятини амалга ошириш учун лицензия олган вақтдан сўнг ҳисобот санасигача ўттиз олти ойдан кам вақт ўтган бўлса, ҳисоб-китобни амалга оширишда лицензия олинган вақтдан ҳисобот санасигача бўлган даврни ҳисоб даври сифатида қўллайди.


11. Умумий суғурта соҳаси учун тузатувчи коэффициент ўтган ўттиз олти ой мобайнида ҳисобланган суғурта товонларидан қайта суғурталовчиларнинг улушларини чегириб қолинган суммани ўтган ўттиз олти ой мобайнида ҳисобланган суғурта товонлари суммасига нисбати сифатида ҳисобланади. Умумий суғурта соҳаси учун тузатувчи коэффициент 0,5 дан кам бўлиши мумкин эмас. Агар ҳисоб-китоб натижасида аниқланган катталик 0,5 дан кам бўлса, ҳисоб-китобни амалга оширишда умумий суғурта соҳаси учун тузатувчи коэффициент сифатида 0,5 қабул қилинади.

Суғурталовчи (қайта суғурталовчи) биринчи маротаба белгиланган тартибда суғурта фаолиятини амалга ошириш учун лицензия олган вақтдан сўнг ҳисобот санасигача ўттиз олти ойдан кам вақт ўтган бўлса, ҳисоб-китобни амалга оширишда умумий суғурта соҳаси учун тузатувчи коэффициент сифатида 1,0 қабул қилади.


12. Ҳаётни суғурта қилиш соҳасида суғурта фаолиятини амалга оширадиган суғурталовчилар учун тўлов қобилияти маржасининг норматив миқдори бўлиб, қуйидаги миқдорларнинг энг каттаси ҳисобланади:

суғурта фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ суғурталовчи учун белгиланган устав капиталининг энг кам миқдори;

қуйидаги икки миқдорнинг йиғиндиси:

а) мукофотлар захирасининг 5 фоизини ҳаётни суғурта қилиш соҳаси учун тузатувчи коэффициентга кўпайтмаси;

б) умумий суғурта соҳасининг 1 ва 2 класслари учун тузатувчи коэффициентни (мазкур Низомнинг 11-бандига мувофиқ ҳисобланган) қуйидаги миқдорларнинг энг каттасига кўпайтмаси:

ўтган ўн икки ой мобайнида умумий суғурта соҳасининг 1 ва 2 классларига оид суғурта (қайта суғурта қилиш) шартномалари бўйича ҳисобланган суғурта мукофотлари суммасидан ушбу давр мобайнида тузилган суғурта (қайта суғурта қилиш) шартномаларининг бекор қилиниши (шартлари ўзгариши) муносабати билан суғурта қилдирувчиларга (қайта суғурта қилдирувчиларга) қайтарилган суғурта мукофотларини чегириб қолиб аниқланган миқдорнинг 20 фоизи;

ўтган ўттиз олти ой мобайнида умумий суғурта соҳасининг 1 ва 2 классларига оид суғурта (қайта суғурта қилиш) шартномалари бўйича ҳисобланган суғурта товонлари ва ҳисобот санасига умумий суғурта соҳасининг 1 ва 2 классларга оид хабар қилинган, лекин бартараф этилмаган зарарлар захираси йиғиндисининг 10 фоизи.

Суғурталовчи (қайта суғурталовчи) биринчи маротаба белгиланган тартибда суғурта фаолиятини амалга ошириш учун лицензия олган вақтдан сўнг ҳисобот санасигача мос равишда ўн икки ёки ўттиз олти ойдан кам вақт ўтган бўлса, ҳисоб-китобларни амалга оширишда лицензия олинган вақтдан ҳисобот санасигача бўлган даврни ҳисоб даври сифатида қўллайди.

Ушбу банднинг "б" кичик банди, агар ҳаётни суғурта қилиш соҳасида суғурта фаолиятини амалга оширадиган суғурталовчи умумий суғурта соҳасининг 1 ва 2 класслари бўйича ҳам суғурта фаолиятини амалга оширадиган бўлса, қўлланилади.


13. Ҳаётни суғурта қилиш соҳаси учун тузатувчи коэффициент қайта суғурталовчиларнинг мукофотлар захирасидаги улуши чегириб қолинган мукофотлар захирасининг мукофотлар захирасига нисбати сифатида ҳисобланади. Ҳаёт суғуртаси соҳаси учун тузатувчи коэффициент 0,85 дан кам бўлиши мумкин эмас. Агар ҳисоб-китоб натижасида аниқланган катталик 0,85 дан кам бўлса, ҳисоб-китобни амалга оширишда ҳаётни суғурта қилиш соҳаси учун тузатувчи коэффициент 0,85 сифатида қабул қилинади.


14. Тўлов қобилияти маржасининг ҳақиқий миқдори суғурталовчи (қайта суғурталовчи) ўз маблағлари манбаларининг суммасидан қуйидаги кўрсаткичлар суммасини чегириш орқали аниқланади:

номоддий активлар, суғурталовчи (қайта суғурталовчи) активларининг 10 фоизидан ошмаган миқдордаги суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) асосий фаолияти учун харид қилинган дастурий таъминот бундан мустасно (бу ҳолатда дастурий таъминот бошланғич баланс қиймати бўйича ҳисобга олинади);

таъсисчиларнинг устав капиталига улушлар бўйича қарзи;

мақсадли тушумлар ва келгуси давр харажатлари ва тўловлари учун захиралар;

таъсисчилар (акциядорлар) ўртасида тақсимлаш учун мўлжалланган тақсимланмаган фойданинг қисми;

таъсисчиларга, акциядорларга ва ходимларга берилган қарзлар, шунингдек ушбу қарзлар бўйича жамғарилган фоизлар;

дебитор-боғлиқ шахсларнинг қарзлари;

суғурта (қайта суғурта қилиш) шартномасида белгиланган тўлов санасидан уч ойдан кўп муддат мобайнида суғурта қилдирувчилар (қайта суғурта қилдирувчилар) томонидан тўланмаган суғурта (қайта суғурта) мукофотлари;

берилган кафолатлар;

солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича дебиторлик қарзлар.



III. СУҒУРТАЛОВЧИЛАРНИНГ (ҚАЙТА

СУҒУРТАЛОВЧИЛАРНИНГ) АЛОҲИДА

ТАВАККАЛЧИЛИКЛАР БЎЙИЧА

МАЖБУРИЯТЛАРИНИНГ ЙЎЛ ҚЎЙИЛАДИГАН

ЭНГ КЎП МИҚДОРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

ЖАМИНИНГ ЙЎЛ ҚЎЙИЛАДИГАН

ЭНГ КЎП МИҚДОРИ


15. Суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) алоҳида таваккалчиликлар бўйича мажбуриятларининг йўл қўйиладиган энг кўп миқдори, экспорт контрактларини сиёсий ва тижорат таваккалчиликларидан суғурта қилиш бундан мустасно, суғурта захиралари ва ўз маблағлари манбалари суммасининг 20 фоизидан ошмаслиги шарт. Экспорт контрактларини сиёсий ва тижорат таваккалчиликларидан суғурта қилиш юзасидан суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) алоҳида таваккалчиликлар бўйича мажбуриятларининг йўл қўйиладиган энг кўп миқдори суғурта захиралари ва ўз маблағлари манбалари суммасининг 15 фоизидан ошмаслиги шарт.

Суғурталовчи (қайта суғурталовчи), агарда олинган мажбуриятларнинг нормативдан ортган қисми мазкур Низомга мувофиқ қайта суғурталанган бўлса, алоҳида таваккалчиликлар бўйича мазкур банднинг биринчи хатбошида кўрсатилган нормативдан ортиқ миқдорда мажбуриятларни олишга ҳақли.

Бош полис бўйича суғурта амалга оширилганда, суғурталовчининг алоҳида таваккалчиликлар бўйича мажбуриятлари миқдори бош полиснинг амал қилиш доирасига кирувчи ҳар бир суғурта полиси бўйича ҳисобланади.


16. Умумий суғурта соҳасида ёки фақат қайта суғурта қилиш фаолиятини амалга оширадиган суғурталовчилар учун суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) мажбуриятлари жамининг миқдори ўз маблағлари манбалари суммасининг 200 фоизидан ошмаслиги шарт. Бунда экспорт контрактларини сиёсий ва тижорат таваккалчиликларидан суғурта қилиш шартномалари бўйича алоҳида ҳисобланган суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) мажбуриятлари жамининг миқдори ўз маблағлари манбалари суммасининг 150 фоизидан ошмаслиги шарт.

Суғурталовчи (қайта суғурталовчи), агарда олинган мажбуриятларнинг нормативдан ортган қисми мазкур Низомга мувофиқ қайта суғурталанган бўлса, мажбуриятлар жамининг йўл қўйиладиган энг кўп миқдори бўйича мазкур банднинг биринчи хатбошида кўрсатилган нормативдан ортиқ миқдорда мажбуриятларни олишга ҳақли.



IV. СУҒУРТАЛОВЧИЛАР (ҚАЙТА

СУҒУРТАЛОВЧИЛАР) АКТИВЛАРИНИ

ЖОЙЛАШТИРИШГА ОИД ТАЛАБЛАР


17. Суғурталовчи (қайта суғурталовчи) бошқа юридик шахсларнинг устав капиталларига жойлаштирган активларининг умумий суммаси, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, суғурталовчи (қайта суғурталовчи) ўз маблағлари манбалари суммасининг 50 фоизи миқдори билан чегараланади, олдинги молиявий йил якуни бўйича халқаро аудитнинг ижобий хулосасини олган тижорат банкларининг устав капиталларида иштирок этиш бундан мустасно.

18. Суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) ҳар қандай битта юридик шахснинг устав капиталида иштирок этиш улуши ушбу юридик шахснинг устав капиталининг 30 фоизидан ошмаслиги шарт (агар қонун ҳужжатларида бошқа қоида назарда тутилмаган бўлса), суғурта фаолияти, суғурта фаолиятини таъминлашга йўналтирилган фаолиятни, шунингдек мулк ҳуқуқи асосида суғурталовчига (қайта суғурталовчига) тегишли бўлган хизмат биноларидан фойдаланиш бўйича фаолиятни амалга оширадиган шўъба корхоналар (шўъба хўжалик жамиятлари) бундан мустасно.

19. Суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) активлари кўчмас мулк объектларига жойлаштирилганда, суғурталовчи (қайта суғурталовчи) активларининг 50 фоизидан ортиғини битта ер участкаси ёки кўчмас мулкнинг бошқа объектига ёхуд битта объект сифатида кўрилиши мумкин бўлган ер участкалари ва кўчмас мулк объектлари мажмуига жойлаштиришга йўл қўйилмайди.


20. Суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) активларини банк омонатларига (депозитларига) жойлаштиришда, битта тижорат банкига жойлаштирилган омонат суғурталовчи (қайта суғурталовчи) активларининг 40 фоизидан ошмаслиги шарт.


21. Суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) активларини кредит ташкилотларида (тижорат банкларидан ташқари) омонатларга (депозитларга) жойлаштиришда, омонатларнинг (депозитларнинг) умумий суммаси суғурталовчи (қайта суғурталовчи) активларининг 10 фоизидан ошмаслиги шарт.


22. Суғурталовчи (қайта суғурталовчи) активларини битта юридик шахснинг устав капиталига жойлаштириш ёки битта юридик шахсда иштирок этиш бўйича бошқа ҳуқуқлари, агар қонун ҳужжатларида бошқа қоида назарда тутилмаган бўлса, суғурталовчи (қайта суғурталовчи) активларининг 30 фоизидан ошмаслиги шарт.


23. Суғурталовчи (қайта суғурталовчи) активларини қуйидаги йўллар билан жойлаштириш тақиқланади:

интеллектуал мулкка қўйилмалар (дастурий таъминот, маълумотлар базаси, адабиёт, фирма номлари ва товар белгиларини харид қилиш бундан мустасно);

мазкур Низомда назарда тутилган ҳоллардан ташқари, жисмоний ва юридик шахслар билан қарз шартномасини тузиш (молиявий ёрдам бериш).


24. Суғурталовчи (қайта суғурталовчи) ўз таъсисчилари, акциядорлари ва ходимларига, шунингдек у билан ҳаёт суғуртаси шартномасини тузган суғурта қилдирувчиларга ушбу шартномалар билан кафолатланган қарзлар беришга ҳақли. Бунда берилган қарзларнинг умумий суммаси суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) устав капиталининг 10 фоизидан ошмаслиги шарт.


25. Суғурталовчи (қайта суғурталовчи) ўз маблағлари манбалари суммасининг 30 фоизидан ошган ҳажмдаги қарзларни (молиявий ёрдамни) фақат Давсуғуртаназоратни хабардор этгандан сўнггина, олишга ҳақли.


26. Суғурталовчи (қайта суғурталовчи) касса ва/ёки ҳисоб (валюта) ва бошқа банк рақамларида ўтган ўн икки ой мобайнида ҳисобланган суғурта товонлари суммасининг 3 фоизидан кам бўлмаган миқдорда пул маблағларига эга бўлиши шарт.


27. Суғурталовчи (қайта суғурталовчи) томонидан боғлиқ шахсларга имтиёзли шартларни тақдим этиш тақиқланади. Имтиёзли шартларни тақдим этиш қуйидагиларни англатади:

моҳияти, мақсади, ўзига хос хусусиятлари ва таваккалчилигига кўра, суғурталовчи (қайта суғурталовчи) бошқа шахслар билан, агар улар билан алоҳида муносабатлар бўлмаган тақдирда, тузмайдиган битимни тузиши;

суғурталовчи (қайта суғурталовчи) фойдасига бошқа мижозлардан талаб қилинадиган суммалардан кам бўлган фоизларни, бадалларни ундириш, инвестицияларнинг таъминоти сифатида гаровга қабул қилиш, шунингдек, бошқа тўловларни қабул қилиш;

етарли асосларсиз инвестиция маблағларининг қайтарилишини кечиктириш.


28. Суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) боғлиқ шахслар билан фаолиятининг кўрсаткичлари суғурталовчи (қайта суғурталовчи) томонидан битта ёки барча боғлиқ шахсларда жойлаштирилган активлар суммасининг суғурталовчи (қайта суғурталовчи) устав капиталига нисбати сифатида аниқланади:


                            СА х 100%                        УС х 100%

СК = ____________ ёки СК = ______________ , бу ерда:

                                  УК                                       УК


СК - суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) барча боғлиқ шахслар билан фаолиятининг кўрсаткичлари;

СА - суғурталовчи (қайта суғурталовчи) томонидан битта боғлиқ шахсда жойлаштирилган активлар;

УС - барча боғлиқ шахсларда жойлаштирилган активларнинг умумий суммаси;

УК - устав капитали.


29. Суғурталовчи (қайта суғурталовчи) томонидан битта боғлиқ шахсда жойлаштирилган активларнинг умумий суммаси, суғурталовчи (қайта суғурталовчи) устав капиталининг 15 фоизидан ошмаслиги шарт, агар қонун ҳужжатларида бошқа қоида назарда тутилмаган бўлса, суғурта фаолияти, суғурта фаолиятини таъминлашга йўналтирилган фаолиятни, шунингдек мулк ҳуқуқи асосида суғурталовчига (қайта суғурталовчига) тегишли бўлган хизмат биноларидан фойдаланиш бўйича фаолиятни амалга оширадиган шўъба корхоналар (шўъба хўжалик жамиятлари) бундан мустасно.

Суғурталовчи (қайта суғурталовчи) томонидан барча боғлиқ шахсларда жойлаштирилган активларнинг умумий суммаси суғурталовчи (қайта суғурталовчи) устав капиталининг 100 фоизидан ошмаслиги шарт, агар қонун ҳужжатларида бошқа қоида назарда тутилмаган бўлса, суғурта фаолияти, суғурта фаолиятини таъминлашга йўналтирилган фаолиятни, шунингдек мулк ҳуқуқи асосида суғурталовчига (қайта суғурталовчига) тегишли бўлган хизмат биноларидан фойдаланиш бўйича фаолиятни амалга оширадиган шўъба корхоналар (шўъба хўжалик жамиятлари) бундан мустасно.

Суғурталовчи (қайта суғурталовчи) активларни боғлиқ шахсларда фақат суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) Кузатув кенгаши ёки бошқа ваколатли органи рухсати билан инвестиция қилинаётган маблағларнинг ликвидлиги, фойдалилиги ва қайтарилишини, шунингдек мазкур Низом талабларини ҳисобга олган ҳолда тайёрланган техник-иқтисодий асосланиш (бизнес-режа) асосида жойлаштиришга ҳақли.


30. Суғурталовчи (қайта суғурталовчи) активларини суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) дастлабки икки йиллик фаолияти давомида боғлиқ шахсларда жойлаштириш тақиқланади.


31. Хусусий мулк ёки унга бўлган ҳуқуқ гаровга берилганда, кафолат берилганда ёхуд балансда акс этмаган бошқа мажбурият қабул қилинганда, суғурталовчи (қайта суғурталовчи) 5 кундан кечикмаган муддатда Давсуғуртаназоратни ёзма равишда хабардор қилиши шарт.



V. ҚАЙТА СУҒУРТА ҚИЛИШ

ОПЕРАЦИЯЛАРИГА ОИД ТАЛАБЛАР


32. Суғурталовчилар таваккалчиликларни фақат уларда мавжуд лицензияда кўрсатилган класслар бўйича қайта суғурта қилишга ҳақли.


33. Қайта суғурта қилдирувчи таваккалчиликларни фақат тасдиқланган қайта суғурталовчиларга қайта суғуртага беришга ҳақли.

Тасдиқланган қайта суғурталовчилар бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:

а) фақат қайта суғурта қилиш фаолиятини амалга ошириш учун лицензияга эга суғурталовчи;

б) суғурта фаолиятини амалга ошириш учун лицензияга эга ва устав капиталининг шакллантирилган қисми фақат қайта суғурта қилиш фаолиятини амалга оширадиган суғурталовчи учун суғурта фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган устав капиталининг энг кам миқдоридан кам бўлмаган устав капиталига эга суғурталовчи;

в) ҳисобот йили бошига қуйидаги рейтинглардан бирига эга чет эл суғурта ташкилоти:

"Moodys Investors Services" (АҚШ) рейтинг агентлиги таснифи бўйича "Ваа3"дан паст бўлмаган;

"Standard & Poors Corporation" (АҚШ) рейтинг агентлиги таснифи бўйича "ВВ+"дан паст бўлмаган;

"Fitch, Inc" (Буюк Британия) агентлиги таснифи бўйича "ВВ-"дан паст бўлмаган;

"A.M. Best Company, Inc." (АҚШ) рейтинг агентлиги таснифи бўйича "В+"дан паст бўлмаган;

"Эксперт-РА" (Россия Федерацияси) рейтинг агентлиги таснифи бўйича "А++"дан паст бўлмаган.


34. Мажбуриятлар чет эл суғурта ташкилотларида қайта суғурталанганда, Ўзбекистон Республикаси ташқарисига қайта суғуртага берилган мажбуриятлар ҳажми суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) ҳар бир алоҳида суғурта (қайта суғурта қилиш) шартномаси бўйича мажбуриятлар ҳажмининг 95 фоизидан ошмаслиги шарт.


35. Мажбуриятлар чет эл суғурта ташкилотларида қайта суғурталанганда, ўзида қолдирилган улушнинг энг кам миқдори суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) тўлов қобилияти маржасининг ҳақиқий миқдорининг 5 фоизидан ортиқ ёки тенг бўлиши шарт, экспорт контрактларини сиёсий ва тижорат таваккалчиликларидан суғурта қилиш ва чет элга чиқувчи шахсларни суғурта қилиш шартномалари бундан мустасно.

Бунда ўзида қолдирилган улушнинг энг кам миқдорини ҳисоблаш учун суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) ўтган чоракдаги тўлов қобилияти маржасининг ҳақиқий миқдори қўлланилади.



VI. ТЎЛОВ ҚОБИЛИЯТИ НОРМАТИВЛАРИ

ҲИСОБ-КИТОБИНИ ВА СУҒУРТАЛОВЧИЛАР

(ҚАЙТА СУҒУРТАЛОВЧИЛАР) АКТИВЛАРИНИ

ЖОЙЛАШТИРИШГА ОИД, ШУНИНГДЕК, ҚАЙТА

СУҒУРТА ҚИЛИШ ОПЕРАЦИЯЛАРИГА ОИД

ТАЛАБЛАРГА РИОЯ ҚИЛИНГАНЛИГИ

ТЎҒРИСИДА МАЪЛУМОТЛАР ТАҚДИМ

ЭТИШ ТАРТИБИ ВА МУДДАТЛАРИ


36. Суғурталовчилар (қайта суғурталовчилар) тўлов қобилияти нормативлари ҳисоб-китобини ва суғурталовчиларнинг (қайта суғурталовчиларнинг) активларини жойлаштиришга оид, шунингдек қайта суғурта қилиш операцияларига оид талабларга риоя қилинганлиги тўғрисидаги маълумотларни ҳар чорак, чорак ўтгандан кейинги ойнинг 25 санасигача Давсуғуртаназоратга тақдим этишади. Бунда йил якуни бўйича тўлов қобилияти нормативлари ҳисоб-китобини ва суғурталовчиларнинг (қайта суғурталовчиларнинг) активларини жойлаштиришга оид, шунингдек қайта суғурта қилиш операцияларига оид талабларга риоя қилинганлиги тўғрисидаги маълумотлар ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 февралидан, хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар томонидан эса - 25 мартидан кечикмаган ҳолда тақдим этилади.

37. Умумий суғурта соҳасида ёки фақат қайта суғурта қилиш фаолиятини амалга оширадиган суғурталовчининг тўлов қобилияти маржасининг етарлилиги нормативи ҳисоб-китоби мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ келтирилган шакл бўйича тақдим этилади.


38. Ҳаётни суғурта қилиш соҳасида суғурта фаолиятини амалга оширадиган суғурталовчининг тўлов қобилияти маржасининг етарлилиги нормативи ҳисоб-китоби мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ келтирилган шакл бўйича тақдим этилади.


39. Алоҳида таваккалчиликлар бўйича мажбуриятларнинг йўл қўйиладиган энг кўп миқдори ва мажбуриятлар жамининг йўл қўйиладиган энг кўп миқдорига, ҳамда суғурталовчи (қайта суғурталовчи) активларини жойлаштиришга оид талабларга риоя қилинганлиги тўғрисидаги маълумотлар, мазкур Низомнинг 3- иловасига мувофиқ келтирилган шакл бўйича тақдим этилади, суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) ҳар қандай битта юридик шахснинг устав капиталида иштирок этиш улуши ҳисоб-китоби ва суғурталовчи (қайта суғурталовчи) томонидан битта боғлиқ шахс ёки барча боғлиқ шахсларга жойлаштирилган активлар суммаси ҳисоб-китоби бундан мустасно.


40. Суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) ҳар қандай битта юридик шахснинг устав капиталида иштирок этиш улуши ҳисоб-китоби мазкур Низомнинг 4-иловасига мувофиқ келтирилган шакл бўйича тақдим этилади.


41. Суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) битта боғлиқ шахс ёки барча боғлиқ шахсларда жойлаштирилган активлари суммаси ҳисоб-китоби мазкур Низомнинг 5-иловасига мувофиқ келтирилган шакл бўйича тақдим этилади.


42. Суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) қайта суғурта қилиш операцияларига оид талабларга риоя қилганлиги тўғрисидаги маълумотлар мазкур Низомнинг 6-иловасига мувофиқ келтирилган шакл бўйича тақдим этилади.



VII. ТЎЛОВ ҚОБИЛИЯТИ НОРМАТИВЛАРИГА ВА

СУҒУРТАЛОВЧИЛАР (ҚАЙТА СУҒУРТАЛОВЧИЛАР)

АКТИВЛАРИНИ ЖОЙЛАШТИРИШГА ОИД,

ШУНИНГДЕК, ҚАЙТА СУҒУРТА ҚИЛИШ

ОПЕРАЦИЯЛАРИГА ОИД ТАЛАБЛАРГА

РИОЯ ҚИЛМАСЛИК ОҚИБАТЛАРИ


43. Ҳисобот давридаги (чорак, ярим йил, 9 ой, 1 йил) фаолият якунлари бўйича тўлов қобилияти маржасининг етарлилиги нормативи 1 дан 0,5 гача камайган тақдирда, суғурталовчи (қайта суғурталовчи) камчилик аниқланган санадан бошлаб ўн кун ичида молиявий аҳволни соғломлаштириш бўйича чора-тадбирлар мажмуасини ишлаб чиқади ва Давсуғуртаназоратга келишиш учун тақдим этади.


44. Чора-тадбирлар мажмуаси камчилик аниқланган санадан бошлаб олти ойдан кўп бўлмаган муддат учун ишлаб чиқилади ва молиявий аҳволни барқарорлаштириш тадбирларини, муддати ва ушбу тадбирдан кутилаётган натижалари кўрсатилган ҳолда, ўз ичига олиши лозим. Чора-тадбирлар мажмуасини амалга ошириш муддатининг охирига режалаштирилган суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) тўлов қобилияти кўрсаткичлари ҳисоб-китоби чора-тадбирлар мажмуасига илова қилинади.

Чора-тадбирлар мажмуасини ишлаб чиқишда, суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) молиявий аҳволини энг қисқа муддатларда соғломлаштиришга олиб келувчи чора-тадбирлар устувор, деб қаралиши лозим.

Чора-тадбирлар мажмуасида устав капитали миқдорининг ўзгариши, қайта суғурта қилиш операцияларининг кенгайтирилиши, тариф сиёсатининг ўзгартирилиши, дебитор ва кредитор қарзларнинг қисқартирилиши, активлар тузилмасининг ўзгариши, шунингдек тўлов қобилиятини сақлаб турувчи Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа усулларнинг қўлланилиши ҳам назарда тутилиши мумкин.


45. Зарур ҳолларда, Давсуғуртаназорат суғурталовчига (қайта суғурталовчига) вужудга келган ҳолатнинг сабабларини ўрганиш ва суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) молиявий аҳволини соғломлаштириш чора-тадбирлар мажмуасини ишлаб чиқишга кўмаклашиш учун ўзининг вакилини юбориш ҳуқуқига эга.


46. Суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) раҳбари томонидан тасдиқланган чора-тадбирлар мажмуаси Давсуғуртаназоратга икки нусхада тақдим этилади. Агар чора-тадбирлар мажмуасида устав капиталини таъсисчилар (акциядорлар) маблағлари ҳисобидан ўзгартириш назарда тутилган бўлса, чора-тадбирлар мажмуаси таъсисчилар билан келишилган бўлиши керак. Бунда чора-тадбирлар мажмуасида таъсисчилар (акциядорлар) йиғилиши баёнининг рақами ва санаси кўрсатилади.


47. Тақдим этилган чора-тадбирлар мажмуаси ва ҳисоботларнинг таҳлили асосида Давсуғуртаназорат суғурталовчига (қайта суғурталовчига) молиявий аҳволни яхшилаш бўйича маслаҳатлар беради, шунингдек чора-тадбирлар мажмуасида белгиланган тадбирларнинг амалга оширилишини назорат қилади.


48. Ҳисобот давридаги (чорак, ярим йил, 9 ой, 1 йил) фаолият якунлари бўйича тўлов қобилияти маржасининг етарлилиги нормативи 0,5 дан камайган тақдирда, суғурталовчи (қайта суғурталовчи) лицензияси(лари)нинг амал қилиши тўхтатиб турилади ёки қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тугатилади.


49. Суғурталовчиларнинг (қайта суғурталовчиларнинг) алоҳида таваккалчиликлар бўйича мажбуриятларининг йўл қўйиладиган энг кўп миқдори ёки мажбуриятлари жамининг йўл қўйиладиган энг кўп миқдори нормативлари, ҳамда суғурталовчиларнинг (қайта суғурталовчиларнинг) активларини жойлаштиришга оид, шунингдек қайта суғурта қилиш операцияларига оид талабларга риоя қилинмаган тақдирда, Давсуғуртаназорат суғурталовчига (қайта суғурталовчига) йўл қўйилган камчиликларни энг қисқа, аммо суғурталовчи (қайта суғурталовчи) кўрсатмани олган санадан бошлаб бир ойдан кўп бўлмаган муддатда бартараф этиши тўғрисида кўрсатма беради.

Камчиликлар белгиланган муддатда бартараф этилгандан сўнг уч кун ичида, суғурталовчи (қайта суғурталовчи) Давсуғуртаназоратга тегишли ҳисоб-китоблар ва камчиликларни бартараф этилганлиги тўғрисида маълумотларни тақдим этиши шарт.


50. Суғурталовчи (қайта суғурталовчи) томонидан мазкур Низомда белгиланган норматив ва талабларга риоя қилинмаган, молиявий аҳволни соғломлаштириш бўйича чоралар кўрилмаган, суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) молиявий аҳволини соғломлаштириш чора-тадбирлар мажмуасида кўзда тутилган натижаларга белгиланган муддатда эришилмаган тақдирда, белгиланган муддатда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш тўғрисидаги Давсуғуртаназорат кўрсатмасини бажармаган тақдирда, суғурталовчи (қайта суғурталовчи) лицензиясининг амал қилиши қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тугатилади.






Низомга

1-ИЛОВА



___________________________________________________________ нинг

(умумий суғурта соҳасида ёки фақат қайта суғурта қилиш фаолиятини

амалга оширадиган суғурталовчининг тўлиқ номи)


200__ йил "___" ___________ ҳолатига

тўлов қобилияти маржасининг етарлилиги нормативи

ҲИСОБ-КИТОБИ

N

т/р

Нормативнинг номи


Миқдор

минг сўм)


1.

Суғурта фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ суғурталовчи учун белгиланган устав капиталининг энг кам миқдори



2.

Қайта суғурталовчиларнинг улушларини чегириб қолинган ўтган ўттиз олти ой мобайнида ҳисобланган суғурта товонлари суммаси



3.

Ўтган ўттиз олти ой мобайнида ҳисобланган суғурта товонлари суммаси



4.

Умумий суғурта соҳаси учун тузатувчи коэффициент (2-сатр миқдорининг 3-сатр миқдорига нисбати, 0,5 дан кам бўлмаслиги шарт)



5.

Ўтган ўн икки ой мобайнида барча суғурта (қайта суғурта қилиш) шартномалари бўйича ҳисобланган суғурта мукофотлари суммаси



6.

Ўтган ўн икки ой мобайнида 11 ва 13 классларга оид суғурта (қайта суғурта қилиш) шартномалари бўйича ҳисобланган суғурта мукофотлари суммасининг 50 фоизи



7.

Ўтган ўн икки ой мобайнида тузилган суғурта (қайта суғурта қилиш) шартномаларининг бекор қилиниши (шартлари ўзгариши) муносабати билан суғурта қилдирувчиларга (қайта суғурта қилдирувчиларга) қайтарилган суғурта мукофотлари суммаси



8.

5 ва 6-сатрлар миқдорларининг йиғиндисидан 7-сатр миқдорини чегириб қолиб аниқланган натижанинг 20 фоизи



9.

"Мукофотлар усули" бўйича ҳисобланган миқдор (4-сатр миқдорини 8-сатр миқдорига кўпайтириш йўли билан ҳисобланган миқдор)



10.

Ўтган ўттиз олти ой мобайнида 11 ва 13 классларга оид суғурта (қайта суғурта қилиш) шартномалари бўйича ҳисобланган суғурта товонлари суммасининг 50 фоизи



11.

Ҳисобот санасига хабар қилинган, лекин бартараф этилмаган зарарлар захирасининг миқдори



12.

Ҳисобот санасига 11 ва 13 классларга оид суғурта (қайта суғурта қилиш) шартномалари бўйича хабар қилинган, лекин бартараф этилмаган зарарлар захираси миқдорининг 50 фоизи



13.

3, 10, 11 ва 12-сатрлар миқдорлари йиғиндисининг 10 фоизи



14.

"Тўловлар усули" бўйича ҳисобланган миқдор (4-сатр миқдорини 13-сатр миқдорига кўпайтириш йўли билан ҳисобланган миқдор)



15.

Тўлов қобилияти маржасининг норматив миқдори (1, 9 ва 14-сатрларнинг миқдорларидан энг каттаси)



16.

Ўз маблағлари манбаларининг суммаси (бухгалтерия баланси пассив қисмининг биринчи бўлими бўйича жами суммаси)



17.

Номоддий активлар суммаси, суғурталовчи активларининг 10 фоизидан ошмаган миқдордаги суғурталовчининг асосий фаолияти учун харид қилинган дастурий таъминот бундан мустасно



18.

Таъсисчиларнинг устав капиталига улушлар бўйича қарзи суммаси



19.

Мақсадли тушумлар ва келгуси давр харажатлари ва тўловлари учун захиралар суммаси



20.

Таъсисчилар (акциядорлар) ўртасида тақсимлаш учун мўлжалланган тақсимланмаган фойда қисмининг суммаси



21.

Таъсисчиларга, акциядорларга ва ходимларга берилган қарзлар, шунингдек ушбу қарзлар бўйича жамғарилган фоизлар суммаси



22.

Дебитор - боғлиқ шахсларнинг қарзлари суммаси



23.

Суғурта (қайта суғурта қилиш) шартномасида белгиланган тўлов санасидан уч ойдан кўп муддат мобайнида суғурта қилдирувчилар (қайта суғурта қилдирувчилар) томонидан тўланмаган суғурта (қайта суғурта) мукофотлари суммаси



24.

Солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича дебиторлик қарзлар суммаси



25.

Берилган кафолатлар суммаси



26.

17-дан 25-гача бўлган сатрлар миқдорларининг йиғиндиси



27.

Тўлов қобилияти маржасининг ҳақиқий миқдори (16-сатр миқдоридан 26-сатр миқдорининг чегириш орқали аниқланади)



28.

Тўлов қобилияти маржасининг етарлилиги нормативи (27-сатр миқдорининг 15-сатр миқдорига нисбати)



Чора-тадбирлар мажмуаси илова қилинади / қилинмайди (керак бўлмаганини чизиб учиринг).


Мазкур шаклда берилган маълумотларнинг тўғрилиги ва тўлиқлигини тасдиқлаймиз. Шунингдек, мазкур шакл суғурталовчилар ва қайта суғурталовчиларнинг тўлов қобилияти тўғрисидаги низом талабларига мувофиқ тузилганлигини тасдиқлаймиз.

Имзолар:

(Ф.И.Ш.)

(имзо)

(суғурталовчи ижро этувчи органининг раҳбари лавозими)

Бош ҳисобчи


(Ф.И.Ш.)

(имзо)

Муҳр ўрни





Низомга

2-ИЛОВА



____________________________________________________ нинг

(ҳаётни суғурта қилиш соҳасида суғурта фаолиятини

амалга оширадиган суғурталовчининг тўлиқ номи)


200__ йил "___" ___________ ҳолатига тўлов қобилияти

маржасининг етарлилиги нормативи

ҲИСОБ-КИТОБИ

N

т/р

Нормативнинг номи


Миқдор

(минг сўм)


1.

Суғурта фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ суғурталовчи учун белгиланган устав капиталининг энг кам миқдори



2.

Қайта суғурталовчиларнинг мукофотлар захирасидаги улуши чегириб қолинган мукофотлар захираси миқдори



3.

Мукофотлар захираси миқдори



4.

Ҳаётни суғурта қилиш соҳаси учун тузатувчи коэффициент (2-сатр миқдорининг 3-сатр миқдорига нисбати, 0,85 дан кам бўлмаслиги шарт)



5.

3-сатр миқдорини 4-сатр миқдорига кўпайтириш йўли билан ҳисобланган миқдорнинг 5 фоизи



6.

Қайта суғурталовчиларнинг улушларини чегириб қолинган ўтган ўттиз олти ой мобайнида умумий суғурта соҳасининг 1 ва 2 классларига оид суғурта (қайта суғурта қилиш) шартномалари бўйича ҳисобланган суғурта товонлари суммаси



7.

Ўтган ўттиз олти ой мобайнида умумий суғурта соҳасининг 1 ва 2 классларига оид суғурта (қайта суғурта қилиш) шартномалари бўйича ҳисобланган суғурта товонлари суммаси



8.

Умумий суғурта соҳасининг 1 ва 2 класслари учун тузатувчи коэффициент (6-сатр миқдорининг 7-сатр миқдорига нисбати, 0,5 дан кам бўлмаслиги шарт)



9.

Ўтган ўн икки ой мобайнида умумий суғурта соҳасининг 1 ва 2 классларига оид суғурта (қайта суғурта қилиш) шартномалари бўйича ҳисобланган суғурта мукофотлари суммаси



10.

Ўтган ўн икки ой мобайнида умумий суғурта соҳасининг 1 ва 2 классларига оид тузилган суғурта (қайта суғурта қилиш) шартномаларининг бекор қилиниши (шартлари ўзгариши) муносабати билан суғурта қилдирувчиларга (қайта суғурта қилдирувчиларга) қайтарилган суғурта мукофотлари суммаси



11.

9-сатр миқдоридан 10-сатр миқдорини чегириб қолиб аниқланган натижанинг 20 фоизи



12.

Ҳисобот санасига умумий суғурта соҳасининг 1 ва 2 классларига оид хабар қилинган, лекин бартараф этилмаган зарарлар захирасининг миқдори



13.

7 ва 12-сатрлар миқдорлари йиғиндисининг 10 фоизи



14.

11 ва 13-сатрларнинг миқдорларидан энг каттаси



15.

8-сатр миқдорини 14-сатр миқдорига кўпайтириш йўли билан ҳисобланган миқдор



16.

5 ва 15-сатрлар миқдорлари йиғиндиси *



17.

Тўлов қобилияти маржасининг норматив миқдори (1 ва 16-сатрларнинг миқдорларидан энг каттаси)



18.

Ўз маблағлари манбаларининг суммаси (бухгалтерия баланси пассив қисмининг биринчи бўлими бўйича жами суммаси)



19.

Номоддий активлар суммаси, суғурталовчи активларининг 10 фоизидан ошмаган миқдордаги суғурталовчининг асосий фаолияти учун харид қилинган дастурий таъминот бундан мустасно



20.

Таъсисчиларнинг устав капиталига улушлар бўйича қарзи суммаси



21.

Мақсадли тушумлар ва келгуси давр харажатлари ва тўловлари учун захиралар суммаси



22.

Таъсисчилар (акциядорлар) ўртасида тақсимлаш учун мўлжалланган тақсимланмаган фойда қисмининг суммаси



23.

Таъсисчиларга, акциядорларга ва ходимларга берилган қарзлар, шунингдек ушбу қарзлар бўйича жамғарилган фоизлар суммаси



24.

Дебитор - боғлиқ шахсларнинг қарзлари суммаси;



25.

Суғурта (қайта суғурта қилиш) шартномасида белгиланган тўлов санасидан уч ойдан кўп муддат мобайнида суғурта қилдирувчилар (қайта суғурта қилдирувчилар) томонидан тўланмаган суғурта (қайта суғурта) мукофотлари суммаси



26.

Солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича дебиторлик қарзлар суммаси



27.

Берилган кафолатлар суммаси



28.

19 дан 27-гача бўлган сатрлар миқдорларининг йиғиндиси



29.

Тўлов қобилияти маржасининг ҳақиқий миқдори (18-сатр миқдоридан 28-сатр миқдорининг чегириш орқали аниқланади)



30.

Тўлов қобилияти маржасининг етарлилиги нормативи (29-сатр миқдорининг 17-сатр миқдорига нисбати)



*) 5 дан 15-гача бўлган сатрлар, фақат ҳаётни суғурта қилиш соҳасида суғурта фаолиятини амалга оширадиган суғурталовчи умумий суғурта соҳасининг 1 ва 2 класслари бўйича ҳам суғурта фаолиятини амалга оширадиган бўлса, қўлланилади.

Чора-тадбирлар мажмуаси илова қилинади / қилинмайди (керак бўлмаганини чизиб учиринг).


Мазкур шаклда берилган маълумотларнинг тўғрилиги ва тўлиқлигини тасдиқлаймиз. Шунингдек, мазкур шакл суғурталовчилар ва қайта суғурталовчиларнинг тўлов қобилияти тўғрисидаги низом талабларига мувофиқ тузилганлигини тасдиқлаймиз.

Имзолар:

(Ф.И.Ш.)

(имзо)

(суғурталовчи ижро этувчи органининг раҳбари лавозими)

Бош ҳисобчи


(Ф.И.Ш.)

(имзо)

Муҳр ўрни





Низомга

3-ИЛОВА



_______________________________________________ нинг

(суғурталовчи/қайта суғурталовчининг тўлиқ номи)


200__ йил "___" _________ ҳолатига алоҳида таваккалчиликлар

бўйича мажбуриятларнинг йўл қўйиладиган энг кўп миқдори

ва мажбуриятлар жамининг йўл қўйиладиган энг кўп миқдори

нормативларига риоя қилганлиги ҳамда суғурталовчи

(қайта суғурталовчи) активларини жойлаштиришга

оид талабларга риоя қилинганлиги тўғрисида

МАЪЛУМОТЛАР

N

т/р

Нормативнинг номи


Миқдор

(минг сўм)


норматив


ҳақиқатда


1.

Суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) алоҳида таваккалчиликлар бўйича мажбуриятларининг энг кўп миқдори, экспорт контрактларини сиёсий ва тижорат таваккалчиликларидан суғурта қилиш бундан мустасно




1-1.

Суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) экспорт контрактларини сиёсий ва тижорат таваккалчиликларидан суғурта қилиш юзасидан алоҳида таваккалчиликлар бўйича мажбуриятларининг энг кўп миқдори




2.

Суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) бешта энг йирик алоҳида таваккалчиликлар бўйича мажбуриятларининг энг кўп миқдори




2-1.

Суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) экспорт контрактларини сиёсий ва тижорат таваккалчиликларидан суғурта қилиш юзасидан бешта энг йирик алоҳида таваккалчиликлар бўйича мажбуриятларининг энг кўп миқдори




3.

Суғурталовчи (қайта суғурталовчи) бошқа юридик шахсларнинг устав капиталларига жойлаштирган активларининг умумий суммаси




4.

Суғурталовчи (қайта суғурталовчи) активларини битта ер участкаси ёки кўчмас мулкнинг бошқа объектига ёхуд битта объект сифатида кўрилиши мумкин бўлган ер участкалари ва кўчмас мулк объектлари мажмуига жойлаштиришининг энг кўп миқдори




5.

Битта тижорат банкига жойлаштирилган энг кўп омонат (депозит)




6.

Кредит ташкилотларига (тижорат банкларидан ташқари) жойлаштирилган омонатларнинг (депозитларнинг) умумий суммаси




7.

Суғурталовчи (қайта суғурталовчи) активларини битта юридик шахснинг устав капиталига жойлаштириш ёки битта юридик шахсда бошқа иштирок этиш ҳуқуқи




8.

Суғурталовчи (қайта суғурталовчи) таъсисчилари, акциядорлари ва ходимларига берилган, шунингдек, у билан ҳаёт суғуртаси шартномасини тузган суғурта қилдирувчиларга берилган ушбу шартномалар билан кафолатланган қарзларнинг умумий суммаси




9.

Жалб этилган қарзнинг (молиявий ёрдамнинг) энг кўп миқдори




10.

Суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) касса ва/ёки ҳисоб (валюта) ва бошқа банк рақамларидаги пул маблағлари, шунингдек, уларга тенглаштирилган маблағлар




Мазкур шаклда берилган маълумотларнинг тўғрилиги ва тўлиқлигини тасдиқлаймиз. Шунингдек, мазкур шакл суғурталовчилар ва қайта суғурталовчиларнинг тўлов қобилияти тўғрисидаги низом талабларига мувофиқ тузилганлигини тасдиқлаймиз.

Имзолар:

(Ф.И.Ш.)

(имзо)

(суғурталовчи ижро этувчи органининг раҳбари лавозими)

Бош ҳисобчи


(Ф.И.Ш.)

(имзо)

Муҳр ўрни





Низомга

4-ИЛОВА



_________________________________ нинг

(суғурталовчи/қайта суғурталовчининг тўлиқ номи)


200__ йил "___" ___________ ҳолатига ҳар қандай битта

юридик шахснинг устав капиталида иштирок этиш улуши

ҲИСОБ-КИТОБИ

Т/р

Юридик

шахснинг номи


Юридик шахснинг устав

капитали миқдори

(минг сўм)

Устав капиталда

суғурталовчининг

(қайта суғурталовчининг)

иштирок этиш миқдори

(минг сўм)


Устав капиталда

суғурталовчининг

(қайта суғурталовчининг)

иштирок этиш улуши (%)


1


2


3


4



Мазкур шаклда берилган маълумотларнинг тўғрилиги ва тўлиқлигини тасдиқлаймиз. Шунингдек, мазкур шакл суғурталовчилар ва қайта суғурталовчиларнинг тўлов қобилияти тўғрисидаги низом талабларига мувофиқ тузилганлигини тасдиқлаймиз.

Имзолар:

(Ф.И.Ш.)

(имзо)

(суғурталовчи ижро этувчи органининг раҳбари лавозими)

Бош ҳисобчи


(Ф.И.Ш.)

(имзо)

Муҳр ўрни





Низомга

5-ИЛОВА



_________________________________ нинг

(суғурталовчи/қайта суғурталовчининг тўлиқ номи)


200_ йил "___" ___________ ҳолатига битта боғлиқ шахс ёки

барча боғлиқ шахсларда жойлаштирилган активлари суммаси

ҲИСОБ-КИТОБИ

Т/р

Боғлиқ шахс

(номи ёки Ф.И.Ш.)


Жойлаш-

тириш

тури

Қўйилманинг

даромадлилиги

(йиллик фоизларда)


Жойлаш-

тирилган

активлар

суммаси


Суғурталовчининг

(қайта суғурталов-

чининг) боғлиқ шахслар

билан фаолиятининг

кўрсаткичи (%)


Норматив

(%)


1







15

2







3














Жами






100

Мазкур шаклда берилган маълумотларнинг тўғрилиги ва тўлиқлигини тасдиқлаймиз. Шунингдек, мазкур шакл суғурталовчилар ва қайта суғурталовчиларнинг тўлов қобилияти тўғрисидаги низом талабларига мувофиқ тузилганлигини тасдиқлаймиз.

Имзолар:

(Ф.И.Ш.)

(имзо)

(суғурталовчи ижро этувчи органининг раҳбари лавозими)

Бош ҳисобчи


(Ф.И.Ш.)

(имзо)

Муҳр ўрни





Низомга

6-ИЛОВА



_______________________________________________ нинг

(суғурталовчи/қайта суғурталовчининг тўлиқ номи)


200__ йил "___" ___________ ҳолатига қайта суғурта қилиш

операцияларига оид талабларга риоя қилганлиги тўғрисида

МАЪЛУМОТЛАР

1-жадвал

Кўрсаткичнинг номи


Қатор

рақами


Миқдор,

минг сўм,

АҚШ доллари,

бошқа


Изоҳ


Ўзида қолдирилган улушнинг энг кам миқдори (мажбуриятлар чет эл суғурта ташкилотларида қайта суғурталанганда), экспорт контрактларини сиёсий ва тижорат таваккалчиликларидан суғурта қилиш ва чет элга чиқувчи шахсларни суғурта қилиш шартномалари бундан мустасно


1



Суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) ўтган чоракдаги тўлов қобилияти маржасининг ҳақиқий миқдори


2



1-қаторнинг 2-қаторга нисбати (%)


3

%

Йўл қўйиладиган

энг кам миқдор

5%


Ўзбекистон Республикаси ташқарисига қайта суғуртага берилган ҳар бир алоҳида суғурта (қайта суғурта қилиш) шартномаси бўйича мажбуриятларнинг энг кўп ҳажми


4

%

Йўл қўйиладиган

энг кўп миқдор

95%



2-жадвал

Т/р

Суғурталовчининг/

қайта суғурталов-

чининг номи (кимга

қайта суғурта қилишга

берилган)*


Молиявий

барқарорлик

рейтинги (рейтинг

агентлигининг

номини кўрсатган

ҳолда)


Суғурта-

ловчи (қайта

суғурталовчи)

мамлакати

Қайта суғуртага

берилган суғурта

мажбуриятлари

ҳажми (минг сўм,

АҚШ доллари,

бошқа)


Қайта суғуртага

берилган

шартномалар

бўйича суғурта

мукофотлари

ҳажми (минг сўм,

АҚШ доллари,

бошқа)


Қайта суғуртага

берилган суғурта

мажбуриятлари умумий ҳажмидаги

қайта суғурта-

ловчининг

улуши (%)


1


2

3

4

5

6

7

1.








2.








3.
















Жами







*) Суғурта брокери орқали қайта суғурта қилинганда унинг номи ва улуши кўрсатилади, қайта суғурталовчилар тўғрисидаги маълумот ушбу жадвалга, мазкур шаклга мувофиқ илова қилинади.

Мазкур шаклда берилган маълумотларнинг тўғрилиги ва тўлиқлигини тасдиқлаймиз. Шунингдек, мазкур шакл суғурталовчилар ва қайта суғурталовчиларнинг тўлов қобилияти тўғрисидаги низом талабларига мувофиқ тузилганлигини тасдиқлаймиз.

Имзолар:

(Ф.И.Ш.)

(имзо)

(суғурталовчи ижро этувчи органининг раҳбари лавозими)

Бош ҳисобчи


(Ф.И.Ш.)

(имзо)

Муҳр ўрни

"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2008 йил, 20-21-сон, 178-модда.