язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси/ Сейсмология/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 09.07.2009 й. 191-сон "Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Сейсмология институтининг сейсмология станциялари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

09.07.2009 й.

N 191



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ФАНЛАР АКАДЕМИЯСИ СЕЙСМОЛОГИЯ

ИНСТИТУТИНИНГ        СЕЙСМОЛОГИЯ

СТАНЦИЯЛАРИ МОДДИЙ-ТЕХНИКА

БАЗАСИНИ         МУСТАҲКАМЛАШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Сейсмик хавфдан ҳимоя қилиш тадбирларининг самарадорлигини ошириш, Ўзбекистон Республикасининг энг муҳим ҳаёт таъминоти тизимлари ва коммуникацияларида табиий ва техноген хусусиятга эга бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, шунингдек Фанлар академияси Сейсмология институтининг сейсмик станциялари комплексининг барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва "Давархитектқурилиш" қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган 2009-2010 йилларда сейсмик хавф мониторинги тизимини реконструкция қилиш ва ривожлантириш давлат дастури (кейинги ўринларда Давлат дастури деб аталади) иловага* мувофиқ тасдиқлансин.


2. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси томонидан:

сейсмик станциялар комплексини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш бўйича буюртмачи функцияси;

тугалланган объектларни тасдиқланган қурилиш меъёрлари ва қоидаларига қатъий мувофиқ қабул қилиб олиш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ тендер асосида сейсмик станцияларни қўшимча равишда жиҳозлаш учун замонавий илмий-техник асбоб-ускуналар сотиб олиш амалга оширилади.


3. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси белгиланган тартибда лойиҳа ва тендер ҳужжатлари ишлаб чиқилишини, улар экспертизадан ўтказилишини ҳамда Давлат дастурига киритилган сейсмик станцияларни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш объектлари бўйича пудрат ташкилотларини аниқлаш бўйича танлов савдолари ташкил этилишини таъминласин.


4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг асосланган ҳисоб-китоблари бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан Давлат дастурига киритилган объектларни тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ мукаммал таъмирлаш ва реконструкция қилиш, шунингдек тендер савдолари натижалари бўйича илмий-техник асбоб-ускуналар сотиб олиш учун маблағ ажратсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги 2010 йилги Давлат бюджети ва Инвестиция дастурини шакллантиришда, зарурият бўлганда, Фанлар академиясининг асосланган ҳисоб-китоблари бўйича Давлат дастури амалга оширилишини тугаллаш учун бюджет маблағлари ва капитал қўйилмалар лимитларини назарда тутсинлар.


6. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва Молия вазирлигининг Назорат-тафтиш бош бошқармаси Давлат дастурини амалга ошириш учун ажратилаётган маблағлар мақсадли ва асосли сарфланиши устидан доимий назоратни таъминласинлар.


7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда минтақаларда янги сейсмик станциялар қуриш учун ер участкалари ажратилишини ва техник шартлар берилишини таъминласинлар.


8. "Ўзбекэнерго" давлат-акциядорлик компанияси, Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги Фанлар академиясининг Сейсмология институти буюртманомалари бўйича сейсмик станцияларни, тегишли равишда, узлуксиз электр таъминоти ва телекоммуникациялар тармоқларига кириш учун зарур алоқа каналлари билан таъминласинлар.


9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Р.С. Қосимов ва Н.М. Ханов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                Ш. Мирзиёев



*) Илова рус тилидаги матнда берилган.