язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси/ Ер қонунчилиги/ Ерга бўлган мулк ҳуқуқи ва бошқа ҳуқуқлар. Ердан фойдаланиш/ Тошкент шаҳрида давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан нотурар жой бинолари бузилишга тушган юридик ва жисмоний шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисидаги Низом (Тошкент шаҳар ҳокимининг 21.11.2014 й. 953-сон қарорига илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Тошкент шаҳар ҳокимининг

2014 йил 21 ноябрдаги

953-сонли қарорига

ИЛОВА


Тошкент шаҳрида давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун

ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан

нотурар жой бинолари бузилишга тушган юридик ва

жисмоний шахсларга етказилган зарарларни

қоплаш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 йил, 39-сон, 446-модда), "Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 йил, 5-сон, 235-модда), "Баҳолаш фаолияти тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ахборотномаси, 1999 й., 9-сон, 208-модда) қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги "Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида Низомни тасдиқлаш ҳақида"ги 97-сон (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 йил, 22-сон, 193-модда; 2010 йил 44-45-сон, 385-модда; 2011 йил 20-21-сон, 205-модда) қарори талаблари асосида ишлаб чиқилган бўлиб, юридик ва жисмоний шахсларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ишлаб чиқариш иморатлари, бошқа иморатлар ва иншоотлар (кейинги ўринларда нотурар жой бинолари) жойлашган ер участкаларининг давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан бузилиши белгиланганида етказилган зарарларни, ўринга-ўрин аввалгисига тенг қийматли кўчмас мулк объектлари ҳамда ер майдони ажратиш орқали қоплаш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


Комиссия - Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши оқибатида юридик ва жисмоний шахсларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган бино ва иншоотларнинг бузилишга тушганлари рўйхатини тузиш, тўлов миқдори ва компенсация турини аниқлаш бўйича, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2013 йил 30 январдаги 79-сонли қарорининг 2-иловасида тасдиқланган таркибдаги ишчи гуруҳ.


Бузилишга тушган нотурар жой бинолари - Тошкент шаҳар ҳокимлигининг тегишли қарорларига асосан, Тошкент шаҳри ҳудудида қурилиш, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ишлари олиб борилиши учун ер участкаларининг олиб қўйилиши натижасида юридик ва жисмоний шахсларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган бузилиши белгиланган кўчмас мулк объектлари (ишлаб чиқариш иморатлари, бошқа иморатлар ва иншоотлар объектлари).


Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олинадиган нотурар жой бинолари - Тошкент шаҳри ҳудудидаги давлат ва жамоат эҳтиёжларида фойдаланиш учун олинадиган юридик ва жисмоний шахсларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган кўчмас мулк объектлари (ишлаб чиқариш иморатлари, бошқа иморатлар ва иншоотлар объектлари).


Бузилишга тушган ёки давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олинадиган нотурар жой биноси ва ер участкаси мулкдори - (кейинги ўринларда - мулкдор деб юритилади) кўчмас мулк объектига мулк ҳуқуқи ва ер участкасига фойдаланиш ҳуқуқи мавжуд бўлган юридик ва жисмоний шахслар.


Ўзбошимчалик билан қурилган нотурар жой биноси - қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида, шунингдек иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан ёки архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини жиддий бузган ҳолда қурилган уй-жой, бошқа бино, иншоот ёки ўзга кўчмас мулк объектлари.


3. Давлат органининг мулкдорга тегишли нотурар жой бинолари жойлашган ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарори қабул қилиниши муносабати билан мулк ҳуқуқининг бекор қилинишига фақатгина қонунларда белгиланган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилиб, бунда мулкдорнинг бузилишига тушган нотурар жой биноси эвазига аввалгисига тенг қийматли кўчмас мулк объекти берилади ва улар ўртасидаги тафовут ўрнатилган тартибда томонларнинг келишувига асосан тўла ҳажмда қопланади.

4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сон қарори билан тасдиқланган "Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида"ги низомнинг 8-бандига мувофиқ, нотурар жой бинолари жойлашган ер участкаларини олиб қўйиш натижасида компенсациянинг қуйидаги турлари берилиши шарти билан амалга оширилади:

1) юридик ва жисмоний шахсларга аввалгисига тенг қийматли кўчмас мулк объекти бериш ва давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаси олиб қўйилиши оқибатида етказилган бошқа зарарларни томонларнинг келишувига кўра қўшимча кўчмас мулк объекти бериш ҳамда ер участкасига нисбатан доимий фойдаланиш ҳуқуқи мавжуд ҳолларда, аввалгисига тенг майдонли ер участкаси ажратиш йўли билан қоплаш;

2) юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган бузилиши керак уйлар, иморатлар ва иншоотларни кўчириш ва янги жойда тиклаш;

3) янги жойда уйлар, иморатлар қуриш ҳамда уларни юридик ва жисмоний шахсларга мулк килиб бериш;

4) ер участкаси давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши оқибатида етказилган зарарларни (бузилаётган уйлар, бошқа иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтлар қийматини) тўлалигича қоплаш.


5. Ўзбошимчалик билан барпо этилган уйлар, нотурар жой бинолари қиймати тўланмайди.



II. НОТУРАР ЖОЙ БИНОЛАРИ ЖОЙЛАШГАН ЕР

УЧАСТКАЛАРИНИНГ ДАВЛАТ ВА ЖАМОАТ ЭҲТИЁЖЛАРИ

УЧУН ОЛИБ ҚЎЙИЛИШИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ЮРИДИК

ВА ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАРГА ЕТКАЗИЛГАН ЗАРАРЛАРНИ

ҚОПЛАШ МАҚСАДИДА ЎРИНГА-ЎРИН

БИНОЛАР АЖРАТИШ ТАРТИБИ


6. Тошкент шаҳар ҳокимининг ер участкасини олиб қўйиш, ер участкасида жойлашган нотурар жой биноларини бузиш тўғрисида қарори қабул қилингандан сўнг, тегишли туман Комиссияси томонидан Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри хизмати билан биргаликда ушбу ҳудуддаги бузилишга тушган нотурар жой бинолари хатловдан ўтказилади.


7. Ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан юридик ва жисмоний шахсларга етказилган зарарларни қоплаш ва компенсация бериш масалаларини ҳал этиш учун нотурар жой бинолари мулкдорлари томонидан туман Комиссиясига бузилишга тушган кўчмас мулк объектига тегишли мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар (давлат ордери, ҳукумат ва бошқа давлат бошқарув органлари қарорлари, суднинг қонуний кучга кирган ҳукм, қарор, ажримлари, олди-сотди шартномаси ва бошқа турдаги битимлар), кадастр ҳужжатлари, баҳолаш ҳисоботи (фотосуратлар ва мулкка тегишли бошқа ҳужжатлар) топширилади.


8. Комиссия тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиб, бузилишга тушган нотурар жой бинолар эвазига компенсация тариқасида бошқа манзилдан аввалгисига тенг қийматли кўчмас мулк объектларини ёки ер майдонини ажратиб бериш тўғрисида баённомани мулкдор билан келишилган ҳолда расмийлаштиради.

9. Баённоманинг тасдиқланган нусхаси Тошкент шаҳар ҳокимлигига тақдим этилади.


10. Мазкур баённомага мувофиқ, мулкдор бузилишга тушган нотурар жой бинолари эвазига бошқа манзилдан аввалгисига тенг қийматли бино ёки ер участкаси ажратиб бериш тўғрисида Тошкент шаҳар ҳокимлигига ариза билан мурожаат қилади.


11. Тошкент шаҳар ҳокимлиги аризани таалуқлилиги бўйича Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Бинолардан фойдаланиш департаментига (кейинги ўринларда - Бинолардан фойдаланиш департаменти) ёки Архитектура ва қурилиш бош бошқармасига муносабат белгиси бўйича мулкдорга таклиф бериш учун юборади.


12. Бинолардан фойдаланиш департаменти ёки Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси бузилишга тушган (давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олинаётган ер участкасидаги) нотурар жой бинолари ўрнига ёки олиб қўйилган ер участкаси ўрнига юридик ва жисмоний шахсларга Тошкент шаҳар ҳудудидаги бошқа манзиллардан аввалгисига тенг қийматли кўчмас мулк объектларини ёхуд ер участкасини таклиф қилади.

13. Таклиф этилган кўчмас мулк объектларидан бири юридик ва жисмоний шахслар томонидан маъқулланганидан сўнг, кўчмас мулк объекти бузилишга тушган нотурар жой биноси ўрнига топшириш тўғрисидаги Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори лойиҳаси Бинолардан фойдаланиш департаменти томонидан тайёрланади.

Қарор лойиҳасига мазкур Низомнинг 7-бандидаги ҳужжатлар нусхалари, тегишли туман ҳокимлигининг Комиссияси баённомаси илова қилиниб, Давлат рақобат қўмитасининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси, Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси, Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси, Бинолардан фойдаланиш департаменти, мулкдор (юридик ва жисмоний шахслар) ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг масъул шахслари билан келишилади.


14. Қарор қабул қилингандан сўнг, Бинолардан фойдаланиш департаменти бузилишга тушган (давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олинаётган ер участкасидаги) ҳамда ўринга-ўрин берилаётган кўчмас мулк объектларини баҳолаш бўйича баҳолаш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган баҳоловчи ташкилотга буюртма беради.

Бузилишга тушган (давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олинаётган ер участкасидаги) ҳамда ўринга-ўрин берилаётган кўчмас мулк объектларини баҳолаш ва баҳолаш ҳисоботини экспертизадан ўтказиш бўйича тўловлар баҳоловчи ташкилотлар билан тузилган тегишли шартномалар асосида мулкдор томонидан амалга оширилади.

"Баҳолаш фаолияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 24 апрелдаги "Баҳоловчи ташкилотлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва кўрсатилаётган хизматлар сифати учун уларнинг масъулиятини ошириш тўғрисида"ги ПҚ-843-сонли қарорига мувофиқ, баҳолаш жараёнида амалга оширилган ишларнинг ишончлилиги ва тўғрилигига баҳоловчи масъулдир.


15. Баҳолаш натижаларига кўра бузилишга тушган (давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олинаётган ер участкасидаги) нотурар жой бинолар мулкдори ҳамда Бинолардан фойдаланиш департаменти ўртасида келишув битими расмийлаштирилади.

Келишув битимида:

бузилишга тушган (давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олинаётган ер участкасидаги) ҳамда ўринга-ўрин берилаётган кўчмас мулк объектларининг баҳолаш қиймати;

ўринга-ўрин берилаётган объектнинг баҳолаш қиймати бузилишга тушган (давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олинаётган ер участкасидаги) объект қийматидан кўп бўлса, улар ўртасидаги тафовут мулкдор томонидан Тошкент шаҳар Молия бош бошқармасининг махсус ҳисоб рақамига тўланиши;

объектларни баҳолаш учун тегишли тўловлар мулкдор томонидан амалга ошириш масалалари акс эттирилади.

16. Ўринга-ўрин берилаётган объектнинг баҳолаш қиймати бузилишга тушган (давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олинаётган ер участкасидаги) объект қийматидан кам бўлса, мулкдор улар ўртасидаги тафовут эвазига қўшимча кўчмас мулк объектларини ажратишни сўраб Тошкент шаҳар ҳокимлигига мурожаат этишга ҳақли.

17. Келишув битимига мувофиқ, мулкдор томонидан тегишли тўловлар амалга оширилгандан сўнг, ўринга-ўрин берилаётган кўчмас мулк объекти балансда сақловчиси ва мулкдор ўртасида топшириш-қабул қилиш далолатномаси расмийлаштирилади.

18. Топшириш-қабул қилиш далолатномаси расмийлаштирилгандан сўнг, ўринга-ўрин берилган кўчмас мулк объекти Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси томонидан мулкдор номига эгалик ҳуқуқи билан давлат кадастри рўйхатидан ўтказилади.

19. Ушбу Низомнинг 12-бандидаги таклифга асосан юридик ёки жисмоний шахс томонидан бошқа манзиллардан ер участкаси танланган тақдирда, ўринга-ўрин ер майдонини ажратиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва муддатларда амалга оширилади.


20. Комиссия бузилаётган уйлар, бошқа иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтлар эвазига пул компенсациясини тўлаш юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимлигига таклиф киритиши мумкин.

Бунда компенсация тўловларини бериш, маҳаллий бюджетнинг йил чораги якунлари бўйича прогноздан ортиқча тушадиган даромад қисми маблағлари, Тошкент шаҳар бюджетининг захира фонди маблағлари ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг тегишли ҳисоб рақамларига давлат мулкини давлат тасарруфидан чиқариш, хусусийлаштиришдан тушадиган тақсимланадиган маблағларнинг бир қисми ҳисобига, Тошкент шаҳар ҳокимининг тегишли қарори асосида амалга оширилади (тўлов муддати қарор лойиҳасида кўрсатилади).

21. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.