язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Транспорт/ Ҳаракат ва парвозларнинг хавфсизлиги/ Қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини сақлаш хизматлари кўрсатувчи юридик шахслар танловини ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 25.05.2011 й. 149-сон қарорига 2-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2011 йил 25 майдаги

149-сон қарорига

2-ИЛОВА



Қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган

транспорт воситаларини сақлаш хизматлари

кўрсатувчи юридик шахслар танловини

ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини (кейинги ўринларда транспорт воситалари деб аталади) сақлаш хизматлари кўрсатувчи юридик шахслар танловини ўтказиш тартибини белгилайди.


2. Транспорт воситаларини сақлаш бўйича пулли хизматлар кўрсатиш фаолиятини амалга оширишда қонун ҳужжатлари талабларига энг тўлиқ риоя этилишини таъминлашга қодир бўлган юридик шахсларни аниқлаш танлов ўтказишнинг мақсади ҳисобланади.

Танлов Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир минтақаси (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри) бўйича алоҳида ўтказилади.

Ҳар бир минтақада танлов асосида, минтақанинг маъмурий-ҳудудий бўлинишининг жойлашишидан келиб чиққан ҳолда транспорт воситаларини сақлаш хизматлари кўрсатувчи бир неча юридик шахслар аниқланиши мумкин.


3. Танловнинг барча қатнашчилари учун тенг рақобат шароитлари яратиш, ошкоралик, баҳолашнинг холислиги ва талабларнинг ягоналиги танловини ташкил этиш ва ўтказишдаги асосий принциплар ҳисобланади.


4. Танлов очиқ ҳисобланади ва унда Ўзбекистон Республикасида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган ҳар қандай юридик шахс қатнашиши мумкин.

Банкрот деб эълон қилинган ёки тугатиш босқичида бўлган ёхуд мол-мулки хатланган талабгорлар танловда иштирок этишга қўйилмайди.


5. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:


танлов комиссияси - транспорт воситаларини сақлаш бўйича пулли хизматлар кўрсатиш фаолиятини амалга оширишда қонун ҳужжатлари талабларига энг тўлиқ риоя этилишини таъминлашга қодир бўлган юридик шахсларни аниқлаш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ташкил этиладиган доимий орган;


танлов ҳужжатлари - транспорт воситаларини сақлаш бўйича хизматлар кўрсатувчи юридик шахслар фаолиятини ташкил этишга тааллуқли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, танлов предметининг ташкилий ва бошқа тавсифлари тўғрисидаги маълумотлардан иборат бўлган ҳужжатлар туркуми;


танлов таклифлари - танлов қатнашчисининг транспорт воситаларини сақлаш бўйича пулли хизматлар кўрсатиш фаолиятини амалга оширишда қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатлари;


танлов предмети - транспорт воситаларини сақлаш бўйича хизматлар кўрсатишга бўлган ҳуқуқ;


танлов шартлари - танлов жараёнига қўйиладиган жами талаблар, шу жумладан, уни ўтказиш санаси, танлаш мезонлари, танлов ҳужжатларини олиш жойи, юридик шахслар томонидан танлов таклифларини бериш муддати, танлов таклифларини очиш жойи, санаси ва вақти;


талабгор - таклиф этилган шартларда танловда қатнашиш ниятини маълум қилган юридик шахс;


танлов қатнашчиси - танловда қатнашишга қўйилган талабгор;


ваколатли вакил - танловда қатнашиш учун талабгор томонидан ишончнома асосида вакил қилинган жисмоний шахс;


танлов ғолиби - танловнинг таклифлари танловнинг бошқа қатнашчиларига нисбатан белгиланган талабларга энг тўлиқ жавоб берадиган қатнашчиси.



II. ТАНЛОВ КОМИССИЯСИ ИШИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


6. Танлов доимий асосда ишлайдиган танлов комиссияси (кейинги ўринларда комиссия деб аталади) томонидан ўтказилади.


7. Комиссия таркиби Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг қарори билан тасдиқланади.

Комиссия таркибига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, Қурилиш вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бўлинмалари вакиллари киритилади.

Комиссия аъзолари сони тоқ, қоидага кўра, 7 кишидан иборат бўлиши керак.

Комиссияга тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ўринбосарлари бошчилик қилади.

Комиссия, заруриятга кўра, комиссия раиси, шунингдек унинг аъзолари тақдимига биноан, ярим йилда бир марта чақирилади.

Комиссия регламентини комиссиянинг ўзи тасдиқлайди.


8. Комиссия:

а) танлов ҳужжатлари таркибини (шаклини) ҳамда юридик шахсларнинг танлов таклифларини, танлов қатнашчиларига қўйиладиган малака талабларини ва бошқа талабларни тасдиқлайди;

б) танлов ҳужжатлари туркуми қиймати миқдорини уни тайёрлашнинг ҳақиқий таннархи бўйича, эълонларни чоп этишга харажатларни ҳисобга олган ҳолда тасдиқлайди;

в) танловни ўтказиш, уни ўтказиш санаси тўғрисида қарор қабул қилади, танлов ҳужжатлари олиш жойини, юридик шахслар томонидан танлов таклифларини бериш муддатини, танлов таклифларини очиш жойи, санаси ва вақтини белгилайди;

г) юридик шахсларнинг танлов таклифлари қайд этилган конвертларни очишни белгиланган тартибда амалга оширади, уларнинг танлов ҳужжатларида назарда тутилган талабларга (ҳужжатларни тақдим этишнинг тўлиқлиги, расмийлаштириш ва шу кабиларга) мувофиқлигини текширади, танлов таклифларини белгиланган мезонларга мувофиқ баҳолайди ва танлов натижалари бўйича баённомани тасдиқлайди;

д) зарурият бўлганда, танлов таклифларини баҳолаш учун мустақил экспертларни (маслаҳатчиларни) жалб этади;

е) транспорт воситаларини сақлаш бўйича хизматлар кўрсатиш ҳуқуқи юзасидан юридик шахслар билан контрактлар тузади;

ж) транспорт воситаларини сақлаш бўйича хизматлар кўрсатиш ҳуқуқи юзасидан юридик шахслар билан контрактлар шартларининг бажарилишини текшириш ва мониторингини олиб боришни белгиланган тартибда амалга оширади;

з) ушбу Низомда назарда тутилган ҳолатларда, янги танлов ўтказган ҳолда, транспорт воситаларини сақлаш бўйича хизматлар кўрсатиш ҳуқуқини бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилади;

и) комиссияга юкланган вазифаларни ҳал этиш учун зарур бўлган бошқа функцияларни амалга оширади.


9. Комиссия қарорлари, агар мажлисда унинг аъзоларининг камида тўртдан уч қисми қатнашса, қонуний ҳисобланади. Қарорлар комиссиянинг мажлисда қатнашадиган аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда, комиссия раисининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.

Комиссия қарорлари ёзма равишда, баённомалар шаклида расмийлаштирилади ва комиссия мажлисидан кейин беш иш куни мобайнида қатнашчиларга етказилади.


10. Комиссия фаолиятини ташкил этиш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари қарори билан белгиланадиган ишчи органга юкланади. Ишчи органни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг масъул ходими бошқаради.


11. Комиссиянинг ишчи органи:

а) танлов ҳужжатларини тайёрлайди, танлов ўтказилишидан камида 30 кун олдин танлов предметини, унинг асосий шартларини, уни ўтказиш тартиби, вақти ва жойини, шу жумладан, танлов қатнашчилари томонидан ҳужжатларни расмийлаштириш тартибини оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилади;

б) танлов комиссияси аъзоларини чақиришни, уларга иш хоналари, ташкилий-техника ва мажлисларни ўтказиш учун сарфланадиган материалларни ажратишни ташкил қилади, шунингдек танловни зарур даражада ўтказишга доир бошқа чора-тадбирларни кўради;

в) қатнашчиларнинг танлов таклифларини қабул қилади ҳамда таклифларнинг ҳисобга олинишини, сақланишини, уларнинг танлов комиссияси томонидан белгиланган тартибда очилгунгача бўлган даврда маҳфийлигини таъминлайди;

г) танлов комиссияси томонидан жалб этиладиган экспертлар ва маслаҳатчиларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради, шунингдек уларнинг хизматларига ҳақ тўлаш бўйича харажатларни амалга оширади.



III. ТАНЛОВ ҲУЖЖАТЛАРИ


12. Танловда қатнашишни хоҳловчи талабгорлар танлов ҳужжатлари туркумини олиш учун комиссияга ёзма буюртманома беришлари керак. Буюртманомалар бериш ва танлов ҳужжатларини олиш учун белгиланган муддат танлов ўтказиладиган санадан 5 кун олдин тугайди. Барча буюртманомалар комиссиянинг тартиб рақами қўйилган ва ип ўтказиб тикилган журналида рўйхатдан ўтказилади.


13. Танлов ҳужжатлари туркуми қуйидагилардан иборат бўлади:

транспорт воситаларини сақлаш бўйича хизматлар кўрсатувчи юридик шахсларнинг фаолиятига тааллуқли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар;

қатнашчи ҳақидаги маълумотлар шакли;

танлов қатнашчиси учун йўриқнома;

транспорт воситаларини сақлаш бўйича фаолиятни ташкил этишга қўйиладиган талаблар;

қатнашчининг танлов таклифлари шакли;

комиссияга танлов таклифларини бериш ва қатнашчи тўғрисидаги маълумотлар учун конверт;

транспорт воситаларини сақлаш бўйича хизматлар кўрсатиш юзасидан контракт шакли.


14. Талабгор танлов ҳужжатлари туркуми қийматини уни тайёрлашнинг ҳақиқий таннархи бўйича, эълонларни чоп этишга харажатларни ҳисобга олган ҳолда тўлаши керак. Тушган маблағлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг (вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг) махсус ҳисоб рақамига ўтказилади ва улардан фақат танловни ўтказишни ташкил этиш учун фойдаланилади. Ушбу маблағларни фақат комиссия раиси сарфлаш ҳуқуқига эга.


15. Талабгор танловда қатнашиш учун комиссия томонидан белгиланган шакл бўйича танлов таклифларини тақдим этади.


16. Ҳужжатлар шахсан, сурғучланган конвертда чопар билан ёки почта орқали юборилади ва фақат комиссия мажлисида очилади.


17. Танловда қатнашиш учун юборилган ҳужжатлар ишчи органнинг вакили томонидан рўйхатга мувофиқ қабул қилинади, рўйхатнинг нусхаси ҳужжатлар қабул қилинган сана қайд этилган ҳолда талабгорга юборилади (тақдим этилади).


18. Танлов таклифларини қабул қилиш танлов ўтказилишидан бир кун олдин тугалланади.


19. Талабгор томонидан танлов таклифлари тўлиқ бўлмаган ҳажмда ёки белгиланган талаблар бузилган ҳолда тақдим этилган тақдирда танлов таклифи танловда қатнашишга қўйилмайди ва талабгорга қайтарилади.


20. Танлов таклифлари топширилгандан кейин қатнашчилар уларга бирон-бир тузатиш киритиш ҳуқуқига эга эмас.



IV. ТАНЛОВ ТАКЛИФЛАРИНИНГ МАЗМУНИ


21. Танлов таклифларида қуйидаги кўрсаткичлар ва маълумотлар бўлиши керак:

а) битта транспорт воситасининг тўхташ жойи учун тавсия этилаётган майдон;

б) хизматлар кўрсатиш вақтида сақлаш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича тадбирлар;

в) хизматлар кўрсатиш қиймати;

г) транспорт воситасининг сақлаш жойига ўз вақтида етказиб берилишини таъминлаш учун махсус техника воситаларининг (эвакуаторлар, тиркаш тросларининг) мавжудлиги;

д) тўхташ жойининг шакли (ёпиқ бинода, очиқ ҳолда);

е) транспорт воситаларини сақлаш бўйича хизматлар кўрсатиш фаолиятига қўйиладиган талабларга риоя этиш учун талабгорда имкониятлар мавжудлиги тўғрисида далолат берувчи бошқа қўшимча маълумотлар.

Қатнашчи танлов таклифларининг барча бандлари бўйича комиссия томонидан белгиланган шаклга биноан тўлиқ ва батафсил маълумотлар тақдим этиши шарт.



V. КОНВЕРТЛАРНИ ОЧИШ, ТАНЛОВ ТАКЛИФЛАРИНИ

БАҲОЛАШ ВА ҒОЛИБНИ (ҒОЛИБЛАРНИ) АНИҚЛАШ


22. Танлов таклифлари қайд этилган конвертлар белгиланган кун ва соатда танлов комиссияси томонидан очилади.

Ягона қатнашчининг танлов таклифлари қайд этилган конверт очилмайди.

Қатнашчилар ёки уларнинг ваколатли вакиллари танлов таклифлари қайд этилган конвертни очишда иштирок этиши мумкин.

Танлов таклифлари қайд этилган конвертни очишда шартлар ва тартиб-қоидаларга риоя қилиниши, танлов ҳужжатларида кўрсатилган ҳужжатларнинг мавжудлиги танлов комиссияси томонидан текширилади.


23. Танлов таклифларини баҳолаш ва ғолибни аниқлаш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

а) битта транспорт воситасининг тўхташ жойи учун тавсия этилаётган майдон учун - ҳисобланган даражадагидан (25 кв. метр) ортиқ бўлган ҳар бир пункт учун ортиб борувчи коэффициент қўлланган ҳолда, беш балли тизим бўйича;

б) сақлаш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича тадбирлар учун - ўн балли тизим бўйича. Баҳолаш қуйидаги тарзда амалга оширилади:

бинолар билан тўхтаб туришга қўйилган транспорт воситаси оралиғидаги норматив бўйича ёнғин хавфсизлиги масофасини (6 м) таъминлаганлик учун - 5 балл. Ёнғинга қарши нормативдан ортиқ масофа (6 метрдан ортиқ) таъминланган тақдирда, ёнғинга қарши масофанинг оширилган ҳар бир метри учун ортиб борувчи коэффициент қўлланади;

тўхташ жойидан ёнғин гидрантигача 150 метр масофада ташқи ёнғинга қарши сув таъминоти тизимини таъминлаганлик учун - 5 балл. Тўхташ жойидан ёнғин гидрантигача бўлган масофа камайтирилган тақдирда, масофанинг ҳар бир метри учун ортиб борувчи коэффициент қўлланади;

в) транспорт воситаларини олиб келиш ва сақлаш бўйича хизматлар кўрсатиш қиймати учун - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланадиган чекланган миқдор даражасига нисбатан камайтирилган ҳар бир пункт учун ортиб борувчи коэффициент қўлланган ҳолда, ўн балли тизим бўйича;

г) махсус техника воситаларининг (эвакуаторлар, тиркаш тросларининг) мавжудлиги учун - табақалаштирилган баллар бўйича (ҳар бир эвакуатор учун - 5 баллдан ва ҳар бир тиркаш троси учун - 3 баллдан);

д) ёпиқ бинодаги тўхташ жойи учун - 15 балл, очиқ жойдаги тўхташ жойи учун - 5 балл.

Қатнашчи танлов таклифларининг якуний баҳоси юқорида санаб ўтилган кўрсаткичлар бўйича балларни қўшиш йўли билан аниқланади.

Таклифлари энг юқори баллар сонини олган қатнашчи танлов ғолиби деб эътироф этилади.

Танлов натижаларига кўра бир неча қатнашчининг танлов таклифлари тенг баҳолар олган тақдирда ғолиб комиссия аъзоларининг ёпиқ овоз бериши орқали аниқланади.


24. Танловни ташкил этиш ва ўтказиш, танлов таклифларини баҳолаш, шунингдек транспорт воситаларини сақлаш бўйича хизматлар кўрсатиш юзасидан контрактлар учун зарур бўлган шакллар ва йўриқнома-услубий ҳужжатлар комиссиянинг ишчи органи томонидан ишлаб чиқилади ва комиссия томонидан тасдиқланади.


25. Танлов комиссияси танлов натижаларини танлов таклифлари қайд этилган конвертлар очилган санадан бошлаб 10 календарь кунгача бўлган муддатда баённома тарзида расмийлаштиради.

Баённомада қуйидагилар кўрсатилади:

танлов комиссиясининг таркиби;

танлов қатнашчилари ва уларнинг таклифлари тўғрисидаги маълумотлар;

барча қатнашчиларнинг танлов таклифларини баҳолаш натижалари;

танлов ғолиби.

Баённома танлов комиссиясининг барча аъзолари томонидан имзоланади ва комиссия раиси томонидан тасдиқланади.

Танлов қатнашчилари баённома комиссия раиси томонидан тасдиқлангандан кейин у билан танишиш ҳуқуқига эгадирлар.


26. Танлов якунлари тўғрисидаги баённома асосида танлов ғолиби билан комиссия ўртасида икки ҳафта муддатда, қоидага кўра, 10 йил муддатга транспорт воситаларини сақлаш бўйича хизматлар кўрсатиш юзасидан контракт тузилади.

Контракт имзолангунгача (танлов ўтказилгандан кейин 15 кун мобайнида) комиссия ғолибнинг танлов таклифлари ишончлилигини олдиндан текшириб кўришга ҳақлидир.

Ғолибнинг танлов таклифлари ишончсизлиги аниқланган тақдирда, ғолибдан кейин энг кўп балл олган навбатдаги қатнашчи ғолиб деб эътироф этилади, унинг танлов таклифларининг ишончлилиги комиссия томонидан аниқланган бўлиши керак.


27. Танловни ўтказиш давомида пайдо бўлган низолар ва келишмовчиликлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.


28. Танлов қуйидаги ҳолларда ўтказилмаган деб эътироф этилади:

танловда қатнашиш учун талабгорлардан белгиланган муддатда буюртманомалар тушмаганда ёки фақат бир нафар талабгордан буюртманома тушганда;

танлов ғолиби транспорт воситаларини сақлаш бўйича хизматлар кўрсатиш учун контрактни имзолашни рад этганда.


29. Танлов ғолиби контракт тузишни рад этган тақдирда комиссия ғолибдан кейин энг кўп балл олган навбатдаги қатнашчига транспорт воситаларини сақлаш бўйича хизматлар кўрсатиш учун контракт тузишни таклиф этишга ҳақлидир. Агар навбатдаги қатнашчи ҳам контракт тузишни рад этса, танлов натижалари бекор қилинади ва комиссия қарори билан белгиланган муддатларда, ушбу Низомда назарда тутилган тартибда такрорий танлов ўтказилади.

Такрорий танловларни ўтказишда дастлабки танлов шартлари қайта кўриб чиқилмайди.



VI. ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИ САҚЛАШ БЎЙИЧА

ХИЗМАТЛАР КЎРСАТИШ ҲУҚУҚИНИ БЕКОР

ҚИЛИШ УЧУН АСОСЛАР


30. Қуйидагилар транспорт воситаларини сақлаш бўйича хизматлар кўрсатиш ҳуқуқини бекор қилиш учун асослар ҳисобланади:

юридик шахснинг транспорт воситаларини сақлаш бўйича фаолиятни амалга ошириш имкони йўқлиги тўғрисида комиссияга юборган ёзма билдиришномаси;

транспорт воситаларини сақлаш бўйича хизматлар кўрсатиш юзасидан контрактнинг унда кўрсатилган асослар бўйича бекор қилиниши ёки амал қилиш муддатининг тугаши;

транспорт воситаларини сақлаш бўйича фаолиятга қўйиладиган талаблар бузилишининг комиссия томонидан белгиланган муддатларда юридик шахс томонидан бартараф этилмаганлиги;

транспорт воситаларини сақлаш бўйича фаолиятга қўйиладиган талабларнинг олти ой мобайнида йўл қўйилган икки ва ундан кўп бузилишининг аниқланиши;

юридик шахснинг банкрот деб эълон қилиниши ёки уни тугатиш амалиётининг бошланиши.



VII. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


31. Танлов комиссияси тушган танлов таклифларини баҳолашнинг холисоналиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.

Комиссиянинг ишчи органи тушадиган буюртманомаларнинг тўлиқ ҳисобга олиниши, сақланиши, шунингдек маҳфий маълумотларнинг ошкор этилмаслиги учун жавоб беради.


32. Ушбу Низом талабларининг амалга оширилиши учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари жавоб берадилар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 20-21-сон, 207-модда.