язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Транспорт/ Ўзбекистон Республикасида автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш билан шуғулланувчи таълим муассасаларини ҳисобга олиш, имтиҳонларга рухсат бериш ва уларни ўтказиш, ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш тартиби тўғрисидаги Низом (ЎзР ВМ 02.08.2006 й. 156-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2006 йил 2 августдаги

156-сонли қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасида автомототранспорт

воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари

ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш билан

шуғулланувчи таълим муассасаларини ҳисобга олиш,

имтиҳонларга рухсат бериш ва уларни ўтказиш,

ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш

тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш билан шуғулланувчи таълим муассасаларини ҳисобга олиш, имтиҳонларга рухсат бериш, шунингдек Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (кейинги ўринларда ДЙҲХХ деб аталади) бўлинмаларида имтиҳонларни ўтказиш ҳамда автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш тартибини белгилайди.

2. Барча транспорт воситалари ўз тури, вазифаси ва бошқарилиш хусусиятларига кўра "А", "В", "С", "D" ва "Е" тоифаларига ҳамда трамвай ва троллейбусларга бўлинади. Уларни бошқариш учун берилган ҳайдовчилик гувоҳномасининг тегишли катагида рухсат берувчи ёки транспорт воситасининг тоифаси ёзилган белги қўйилади.


3. Ҳайдовчилик гувоҳномасининг "А", "В", "С", "D" ва "Е" катагида рухсат берувчи белгиси бўлган шахслар қуйидаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқига эга:

"А" - мотоцикл, мотороллер, моточана ва бошқа мототранспорт воситаларини;

"В" - рухсат этилган тўла вазни 3500 килограммдан ёки ҳайдовчининг ўриндиғидан ташқари ўриндиқлар сони саккизтадан ортиқ бўлмаган, шунингдек улар базасида ишлаб чиқарилган қўл билан бошқариладиган автомобилларни;

"С" - рухсат этилган тўла вазни 3500 килограммдан ортиқ бўлган юк автомобилларини;

"D" - йўловчи ташишга мўлжалланган, ҳайдовчи ўриндиғидан ташқари ўриндиқлар сони саккизтадан ортиқ бўлган автомобилларни;

"Е" - "В", "С", "D" тоифали тиркамали автомобилларни.

Трамвай ҳайдовчисига фақат трамвай, троллейбус ҳайдовчисига фақат троллейбус бошқаришга рухсат этилади.

Йўловчилар ташиш учун мўлжалланган автомобилларга автобуслар, тегишли ўриндиқларга эга бўлган микроавтобуслар, ишлаб чиқарувчи заводда серияли тайёрланган йўловчилар ташиш учун мўлжалланган юк автомобилларининг шассисидаги автофургонлар, шунингдек, йўловчилар ташиш учун жиҳозланган юк автомобиллари киради.


4. Ҳайдовчилар "В", "С" ва "D" тоифасидаги транспорт воситаларини рухсат этилган тўла вазни 750 килограммдан кўп бўлмаган тиркама билан ҳам бошқаришлари мумкин.


5. Ҳайдовчилар "В", "С" ва "D" тоифасидаги транспорт воситаларини тўла вазни 750 килограммдан ортиқ бўлган тиркама билан, шунингдек бўғимли автобусларни бошқаришлари учун ҳайдовчилик гувоҳномасида "Е" тоифасини бошқаришга рухсати бўлиши шарт.

Агар тиркаманинг рухсат берилган энг кўп массаси "В" тоифага тегишли бўлган жиҳозланган автомобилнинг массасидан ортиқ бўлмаса, транспорт воситалари бундай таркибининг рухсат берилган энг кўп массаси эса 3500 килограммдан ортиқ бўлмаса, у ҳолда бундай воситани бошқариш учун ҳайдовчилик гувоҳномасида "В" устунида рухсат берувчи белги қайд этилиши етарлидир.


II. АВТОМОТОТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИ

ВА ШАҲАР ЭЛЕКТР ТРАНСПОРТИ ВОСИТАЛАРИ

ҲАЙДОВЧИЛАРИНИ ТАЙЁРЛАШ ВА ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ

БИЛАН ШУҒУЛЛАНУВЧИ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР ВА УШБУ МУАССАСАЛАРНИ

ҲИСОБГА ОЛИШ

6. Давлат таълим муассасаси ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича ўз фаолияти бошлангунга қадар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси (кейинги ўринларда ЙҲХББ деб аталади)нинг хулосасини олади. Давлат таълим муассасаси ЙҲХББга ўзи қарашли бўлган давлат органи орқали белгиланган тартибда мурожаат қилади.

Хулоса чиқарилгунга қадар ЙҲХББ қарори асосида текширув комиссияси томонидан ҳайдовчилар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш билан шуғулланувчи таълим муассасасининг моддий-техника ва ўқув-методик базаси ҳар томонлама кўрикдан ўтказилади.

7. Текширув комиссияси таркиби ҳудудий Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси (кейинги ўринларда ЙҲХБ), ҳокимликлар, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармалари қошидаги ҳаракат хавфсизлиги комиссияси, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигининг ҳудудий бўлинмалари вакилларидан иборат бўлади.

Комиссия ишига ҳайдовчилар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш соҳасидаги бошқа мутахассислар, шу жумладан бошқа таълим муассасаларининг ўқитувчилари, шунингдек тасарруфида таълим муассасаси бўлган вазирликлар ва идоралар вакиллари ҳам жалб қилиниши мумкин.

8. Комиссия томонидан текширилаётган таълим муассасасининг қуйидаги талабларга жавоб бериши ўрганиб чиқилади:

камида 48 кв м майдонга эга бўлган ўқув хоналари мавжудлиги, қишда иситилиши ва ёритилганлиги;

ўқув транспорт воситаларини сақлаш учун майдонча ва уларни тузатиш учун алоҳида усти ёпиқ жой мавжудлиги;

ўқув хоналари моддий-техника базасининг Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тартиби тўғрисидаги низом талабларига мувофиқ таъминланганлиги;

таълим муассасасининг иш режасига киритилган автомобилни бошқариш бўйича амалий машғулотларни тўлиқ ўтказиш учун етарли даражада ёнилғи-мойлаш материаллари билан таъминланганлиги;

муҳандис-педагоглар, инструкторлар ҳамда ишлаб чиқариш усталарининг маълумоти ва билим даражаси, шунингдек ўқув хоналарининг ҳайдовчилар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш дарсларини ўтказишга тайёрлиги;

ҳайдовчиликка номзодларга амалий бошқаришни ўргатиш учун белгиланган талабларга мувофиқ жиҳозланган ёпиқ майдонча, автодром мавжудлиги ёки ундан фойдаланиш тўғрисида шартнома борлиги;

ўқув транспорт воситаларининг техник ҳолати, уларнинг қўшимча тепки (педал)лари ҳамда таниқлик белгилари билан жиҳозланганлиги ва бошқа масалалар.

Таълим муассасасининг унга мулк ҳуқуқи ёки ижара ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ўқув хоналари, улардаги жиҳозлар ва машқ автомобилларидан фойдаланишга йўл қўйилади.

9. Таълим муассасасининг ушбу Низом талабларига мувофиқлиги ўрганиб чиқилиши якунлари бўйича далолатнома тузилади ва ҳудудий ЙҲХБ бошлиғи томонидан тасдиқланиб, ЙҲХББга тақдим этилади.

Далолатнома тўрт нусхада тузилади ва ҳудудий ЙҲХБда, рўйхатдан ўтказиш-имтиҳон бўлимида (кейинги ўринларда РИБ деб аталади) ёки ЙҲХББнинг туманлараро РИБларида (кейинги ўринларда ТРИБ деб аталади), Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармаларида ҳамда таълим муассасасининг ўзида сақланади.

10. Комиссия қарори натижалари бўйича ЙҲХББ хулоса чиқаради. Ушбу хулоса икки нусхада тузилади.

ЙҲХББ томонидан давлат таълим муассасасига берилган ҳужжатнинг биринчи нусхаси ҳисобга қўйиш учун ҳудудий ЙҲХБга юборилади. Иккинчи нусхаси тасарруфида таълим муассасаси бўлган давлат органига юборилади.

Таълим муассасаларини ҳудудий ЙҲХБларда ҳисобга қўйиш таълим муассасасининг номи, манзили, банк реквизитлари, уставни тасдиқлаш (рўйхатдан ўтказиш) тўғрисида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарори рақами, тайёрланадиган ҳайдовчиларнинг тоифалари кўрсатилган ҳолда алоҳида журналда юритилади.

Таълим муассасаларини ҳисобга олиш журнали Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиши ва белгиланган муддатлар мобайнида ҳудудий ЙҲХБда сақланиши керак.

11. Таълим муассасалари раҳбарлари ҳудудий ЙҲХБ билан ўқув гуруҳларининг сонини, назарий ва амалий машғулотларнинг бошланишини ва ўқиш муддатини келишиб олади.

12. Транспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш гуруҳларида номзодлар сони 25 кишидан зиёд бўлмаслиги керак.

13. Ўқув гуруҳларининг рўйхати машғулотлар бошланишидан аввал ҳудудий ЙҲХБга тақдим этилади. Рўйхат РИБ (ТРИБ) томонидан ўқув гуруҳларини рўйхатга олиш китобида қайд этилади.

14. Ҳудудий ЙҲХБга белгиланган тартибда ҳисобга олинган таълим муассасаларининг ўқув моддий-техника базаси ва фаолияти ҳар йили камида бир марта атрофлича, ҳар бир ўқув гуруҳларининг ўқув жараёни эса ҳар ойда камида бир марта текширилади. Текширув натижалари бўйича далолатнома тузилиб, иш фаолиятида йўл қўйилган камчиликларни бартараф этмасдан келаётган таълим муассасаларига тақдимнома юборилади.

15. Агар таълим муассасаси кўрсатмада кўрсатилган муддат мобайнида камчиликларни бартараф этмаса, ушбу таълим муассасаларининг янги ўқув гуруҳларини ЙҲХБ РИБ (ТРИБ)да рўйхатдан ўтказиш тўхтатилади.

16. Янги ўқув гуруҳларини рўйхатдан ўтказиш кўрсатмада кўрсатилган камчиликлар таълим муассасаси томонидан бартараф этилгандан кейин тикланади.

17. Ҳудудий ЙҲХБ РИБ (ТРИБ)ларида ҳайдовчилар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш билан шуғулланувчи таълим муассасалари бўйича назорат-кузатув жилди юритилади. Унга ўқув юртларининг моддий-техника базаси, ўқув автомобилларининг рўйхати, амалий машғулот ўтказиладиган йўналишли харитасининг нусхаси, ўқув гуруҳларини текшириш ҳақидаги маълумотлар, текшириш далолатномалари, йил давомида амалга оширилган ишларнинг таҳлили ва бошқалар тикиб борилади.


III. ДАВЛАТ ЙЎЛ ҲАРАКАТИ ХАВФСИЗЛИГИ

ХИЗМАТИДА ИМТИҲОНЛАРГА ВА

ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИ БОШҚАРИШГА

РУХСАТ БЕРИШ ТАРТИБИ


18. "А", "В" ва "С" тоифалардаги автомототранспорт воситаларини, шунингдек трамвайлар ва троллейбусларни бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномани олишни истаган шахслар тайёргарликдан ўтишлари керак, "D" ва "Е" тоифали автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномани олишни истаган шахслар эса ЙҲХББ билан келишилган ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрловчи таълим муассасаларида қайта тайёргарликдан ўтишлари шарт.

19. Ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун фуқаролар доимий ёки вақтинчалик турар жойларидаги, мажбурий хизматга чақирилган ҳарбий хизматчилар эса хизмат жойларидаги ҳудудий ЙҲХБ РИБ(ТРИБ)ларида топширадилар.

20. Алоҳида ҳолатларда (фавқулодда ҳолатлар юз берган вақтда, таълим муассасалари олиш жойларидан узоқ масофада жойлашган ҳудудларда ва ҳоказо), истисно тариқасида, қабул қилиш жойи ёки муддати ЙҲХБ раҳбарияти томонидан кўриб чиқилиши мумкин.

21. "А", "В", "С" ва "D" тоифаларидаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномалари ҳудудий ЙҲХБ РИБ (ТРИБ)ларида назарий ва амалий имтиҳонларни, трамвай, троллейбусларни бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномалари эса назарий имтиҳонларни топширган шахсларга берилади.

22. "В" ёки "ВD" тоифали транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқига эга бўлган шахслардан "С" тоифали ҳайдовчиларни қайта тайёрлашда, "В", "С", "ВС" тоифали транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқига эга бўлган шахслардан "D" тоифасига ҳайдовчиларни қайта тайёрлашда назарий ва амалий имтиҳонлар топширилади. Ҳайдовчиларни "Е" тоифасига қайта тайёрлашда фақат амалий имтиҳон топширилади.

Шахс, агар транспорт воситасини охирги уч йил мобайнида бошқарган бўлса, "D" тоифасига қайта тайёрлашга ва имтиҳонлар топширишга қўйилади.

23. Назарий имтиҳонда топширувчининг ҳаракати қоидалари ва ўқув дастурида назарда тутилган фанлар бўйича билими текширилади.


24. Амалий имтиҳонда қайси тоифали транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини бериш учун олинаётган бўлса, топширувчининг фақат шу тоифадаги транспорт воситасини бошқариш бўйича малакаси текширилади.


25. Амалий имтиҳонлар таълим муассасаси томонидан тақдим этилган тегишли тоифадаги транспорт воситасида олинади. Бунда "D" тоифали транспорт воситасида имтиҳон олиш ўрта (узунлиги 8,0-9,5 м.) ёки катта сиғимли (узунлиги 10,5-12,0 м.) автобусларда ўтказилади.

Амалий олинадиган транспорт воситаларининг техник ҳолати ҳудудий ЙҲХБнинг олувчи ходими томонидан кўздан кечирилиб, белгиланган талабга жавоб бериши текширилиши керак.

Трамвай ва троллейбус ҳайдовчилигига ўқиётган шахслардан амалий имтиҳонлар олишда ҳудудий ЙҲХБ РИБ (ТРИБ)лари ходими қатнашиши шарт.

26. Олий ва Ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларини касбий йўналиши автомототранспорт ҳайдовчиларини тайёрлаш учун тасдиқланган ягона ўқув дастурига киритилган фанларни тўлиқ ўқитилишини тақозо этган ихтисосликлар бўйича тугатган шахсларга "В" ёки "ВС" тоифали гувоҳномасини олиш учун имтиҳонлар топширишга рухсат этилади.

27. Ўқув муддати якунида мототранспортни бошқаришни ўрганувчи 16 ёшга; енгил ва юк автомобилларини бошқаришни ўрганувчи 18 ёшга; трамвай, троллейбус, автобуслар ва микроавтобусларни бошқаришни ўрганувчи 21 ёшга тўлган шахсларга ҳудудий ЙҲХБ РИБ (ТРИБ)да топширишга рухсат этилади. Ушбу Низомнинг 56-бандида кўрсатилган ҳолат бундан мустасно.

28. Махсус товушли ва ёруғлик сигналлари билан жиҳозланган ёки хавфли юкларни ташийдиган транспорт воситаларини бошқариш учун охирги уч йил, шунингдек шаҳарлараро ва халқаро йўналишда қатнайдиган автобусларни ва микроавтобусларни бошқариш учун охирги беш йил мобайнида тегишли тоифадаги транспорт воситаларида ҳайдовчи бўлиб ишлаган шахсларга рухсат этилади.

Тижорат асосида йўловчиларга транспорт хизмати кўрсатиш учун енгил автомобилларни бошқаришга рухсат транспорт воситаларини охирги уч йил мобайнида узлуксиз бошқарган шахсларга берилади. Уларнинг фаолияти муддатини белгилашда меҳнат дафтарчасидан кўчирма, автотранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги ҳақидаги гувоҳнома, ижара шартномаси ёки ишончнома асос бўлади.

29. "С" ёки "D" тоифаларга оид транспорт воситаларини бошқариш учун бўлган аёлларга юк автомобилларини ёки автобусларни бошқариш Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ва Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Кенгаши томонидан белгиланган маълум чеклашлар (автомобилларнинг юк кўтариши 2,5 тоннадан, автобусда йўловчиларнинг сони 14 кишидан ошмаслиги керак) асосида рухсат этилади.


30. "СЕ" ва "DЕ" тоифалардаги транспорт воситалари таркибларини бошқариш ҳуқуқи охирги икки йил мобайнида тегишли тоифалардаги транспорт воситаларини бошқаришнинг узлуксиз ҳайдовчилик стажига эга бўлган ва таълим муассасасида қайта тайёргарликдан ўтган ҳамда ҳудудий ЙҲХБнинг РИБ (ТРИБ)да амалий имтиҳонни муваффақиятли топширган шахсларга берилади.

"DЕ" тоифасидаги транспорт воситалари таркибини бошқариш ҳуқуқини олиш учун "D" тоифасига эга бўлган ҳайдовчилардан амалий имтиҳонлар бўғимли автобусларда олинади.

31. "D" тоифасидаги транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи охирги уч йил мобайнида "В" ёки "С" тоифасидаги транспорт воситаларини бошқаришнинг узлуксиз ҳайдовчилик стажига эга бўлган, таълим муассасаларида қайта тайёргарликдан ўтган ҳамда ҳудудий ЙҲХБнинг РИБ (ТРИБ)да назарий ва амалий имтиҳонларни муваффақиятли топширган шахсларга берилади.

31-1. Тижорат асосида йўловчилар ташиш бўйича транспорт хизматлари кўрсатадиган, ҳайдовчининг ўрнидан ташқари тўрттадан ортиқ ўтириш ўринларига эга бўлган, бироқ "D" тоифасига тегишли бўлмаган енгил автомобилларни бошқаришга охирги беш йил мобайнида тегишли тоифали автотранспорт воситаларини узлуксиз бошқарган ҳайдовчилар қўйиладилар.

Шаҳарлараро ва халқаро йўналишда йўловчилар ташийдиган автобуслар ва микроавтобусларни бошқаришга охирги беш йил мобайнида "D" тоифали автотранспорт воситаларини узлуксиз бошқарган ҳайдовчилар қўйилади.

32. Ҳар қандай транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлган шахслар, 12 ойдан кўп вақт транспорт воситасини бошқармаган бўлсалар, иш берувчи томонидан улар ҳудудий ЙҲХБ РИБ (ТРИБ)ларига назарий ва амалий топшириш учун юборилади. Имтиҳонларни ижобий топширган шахслар ташкилотларда камида 30 соатлик амалий бошқариш бўйича кўникма (стажировка)дан ўтганидан кейин, уларга транспорт воситаларини мустақил бошқаришига рухсат этилади.

33. Агар трамвай ёки троллейбус ҳайдовчилари 12 ойдан кўп вақт шу тоифали транспорт воситаларида ҳайдовчи сифатида ишламаган бўлсалар, ДЙҲХХ РИБ (ТРИБ)ларда назарий, ташкилот аттестация комиссияси томонидан уларнинг касбий билими ва бошқариш тажрибаси текширилиб, амалий имтиҳон олингандан сўнг, белгиланган йўналишларда (70-140 соатлик) амалий бошқарувдан ўтганларидан кейингина трамвай ёки троллейбусни мустақил бошқаришларига рухсат этилади.


34. Автомобиль транспортида шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро, халқаро йўналишларда йўловчилар ташиш фаолиятини амалга ошириш истагини билдирган ҳайдовчилар юридик шахсларда белгиланган муддат ва йўналишларда ("D" тоифали транспорт воситаларида ҳайдовчилик тажрибасига эга бўлган ҳайдовчилар учун - 60 соат, ҳайдовчилик тажрибасига эга бўлмаган ҳайдовчилар учун - 224 соат) амалий бошқарувдан ўтганларидан кейингина тегишли тоифадаги автомобилларни мустақил бошқаришларига рухсат этилади.

35. Барча транспорт воситалари ҳайдовчилари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган муддатда, тижорат асосида йўловчиларга хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи ҳайдовчилар эса бир йилда бир марта мажбурий равишда тиббий кўрикдан ўтишлари шарт.


36. Агар ҳудудий ЙҲХБ органлари ёки транспорт ташкилотларидаги мансабдор шахсларда ҳайдовчининг соғлигига нисбатан шубҳа туғилган бўлса, унга белгиланган муддатдан олдин касбига лаёқати бўйича тиббий кўрикдан қайта ўтиш учун йўлланма берилиши мумкин.

37. Агар ҳайдовчи касбига лаёқати бўйича тиббий кўрикдан қайта ўтишдан бўйин товласа ёки у тиббий комиссия томонидан транспорт воситаларини бошқаришга нолойиқ деб топилса, унга доир ҳужжатлар ҳудудий ЙҲХБ ходими томонидан, белгиланган тартибда транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш масаласини кўриб чиқиш учун суд идораларига юборилади.

Ҳайдовчини тиббий кўрикдан қайта ўтказиш ҳақида қарор ҳудудий ЙҲХБ бўлинмаларининг бошлиғи ёки гуруҳларининг катта инспектори, улар бўлмаганида эса ички ишлар бўлими бошлиғи ёки унинг ўринбосари томонидан қабул қилинади.

38. Ҳайдовчиларни транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги қарор қонунчиликда белгиланган тартибда қабул қилинади. Транспорт воситаларини маст ҳолда бошқарганлиги учун ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахслар, ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун маҳрум қилиш муддатидан қатъи назар, мажбурий тиббий кўрикдан ўтишлари ҳамда назарий ва амалий топширишлари лозим.

Бу ҳолда комиссиясининг қарорига мувофиқ ҳайдовчиликдан маҳрум қилинган бошқариш ҳуқуқига оид бирор тоифа бўйича, "D" тоифаси мавжуд бўлган холатларда айнан "D" тоифа бўйича амалий олинади.


39. Биринчи маротаба ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиш учун мурожаат қилган барча хорижий фуқароларга ҳайдовчилик гувохномаларини бериш ушбу Низомда назарда тутилган умумий қоидалар асосида амалга оширилади.



IV. ИМТИҲОНЛАРНИ ЎТКАЗИШ,

ҲАЙДОВЧИЛИК ГУВОҲНОМАСИ ВА

УНИНГ ТАЛОНИНИ БЕРИШ ТАРТИБИ


40. Имтиҳонларни қабул қилиш ва "А", "В", "С", "D", "Е" тоифаларидаги транспорт воситаларини, шунингдек, трамвай, троллейбусларни бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномаларни бериш ҳудудий ЙҲХБ РИБ (ТРИБ)лари томонидан амалга оширилади.

41. Барча тоифадаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини бериш учун назарий ва амалий имтиҳонларни (трамвай, троллейбусдан ташқари) ҳудудий ЙҲХБ РИБ (ТРИБ)ларининг комиссиялари қабул қилади.

42. Ҳудудий ЙҲХБнинг РИБ (ТРИБ) комиссияси таркиби камида уч кишидан иборат бўлиши керак.

Комиссия таркибига:

ҳудудий ЙҲХБнинг РИБ (ТРИБ) бошлиғи (комиссия раиси);

таълим муассасаларининг ҳайдовчилар тайёрлаш билан шуғулланувчи ўқитувчилари (имтиҳон топшираётган ўқув гуруҳи ўқитувчиси, шунингдек таълим муассасасидан бир нафардан ортиқ ўқитувчи жалб этилмаслиги керак), автотранспорт корхонаси, мудофаа ишлари бўлими ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари киритилади.

43. Имтиҳон комиссияси аъзолари Йўл ҳаракати қоидаларини ва имтиҳон олиш услубини билиши, амалий ва назарий олаётганлар эса, бундан ташқари, бошқариш бўйича малакаси текширилаётган тоифадаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномасига эга бўлиши шарт.


44. Ўқув гуруҳлари машғулотлари тугагандан сўнг ҳайдовчиликка номзодларнинг ўқув жараёнида дастурда кўрсатилган барча фанларни ўзлаштирганликлари тўғрисидаги маълумотлар ҳудудий ЙҲХБ РИБ (ТРИБ) ходими томонидан текширилади ва уларнинг рўйхати олдин тақдим этилган рўйхат билан солиштирилади, шундан кейин ўша ходимнинг имзоси билан тасдиқланади.

45. Ҳайдовчилик гувоҳномаси ва унинг талонини олиш учун ҳайдовчиликка номзодлар ҳудудий ЙҲХБ РИБ (ТРИБ)ларга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишлари лозим:

а) тегишли тоифадаги транспорт воситаларини бошқариш учун дастурлар бўйича ўқишни тугатганлиги ҳақидаги гувоҳномани (ушбу Низом ҳамда 26-бандида назарда тутилган шахслардан ташқари);

б) диплом ва ўқув дастуридаги фанларни ўтганлиги тўғрисидаги диплом варақасидан кўчирманинг нусхалари (ушбу Низомнинг 26-бандида назарда тутилган шахслар учун);

в) 3 х 4 см (ҳайдовчиликка номзод фуқаро кийимида суратга туширилган бўлиши керак) бўлган 2 дона фотосурат;

г) соғлиги тўғрисида маълумотнома;

д) банк муассасаларига топшириш ва ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун тўловлар тўланганлиги ҳақидаги тўлов қоғози (тўловлар миқдори Ўзбекистон Республикаси ИИВ томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади);

е) таълим муассасаси томонидан тўлдириб тасдиқланган ҳайдовчининг имтиҳон варақаси ва фуқаронинг паспорти ёки унинг ўрнини босувчи бошқа ҳужжат.

46. Имтиҳонлар қуйидаги тартибда ўтказилади: аввал - назарий, кейин - амалий.

Назарий топшира олмаган шахслар амалий имтиҳонларга қўйилмайди.


47. Ҳайдовчиликка номзодлар, шунингдек ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш ва автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш муддати тамом бўлгандан кейин ҳайдовчилик гувоҳномаси дубликатини олиш учун имтиҳонларга юборилган ҳайдовчилар учун такрорий имтиҳонлар олдинги имтиҳондан сўнг камида ўн кун ўтгандан кейин ўтказилади.

Иккинчи марта имтиҳон синовларидан ўтмаган шахслар камида беш соатдан иборат қўшимча машғулотлардан ўтганларидан сўнг (бу ҳақда таълим муассасаси томонидан тегишли маълумотнома берилади) имтиҳон топширишга қўйиладилар.

Олти ой мобайнида имтиҳон синовларидан ўтмаган шахслар белгиланган тартибда яна таълим муассасаларида тайёрлаш ва қайта тайёрлашдан ўтишлари керак, ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш ва автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш муддати тамом бўлгандан кейин ҳайдовчилик гувоҳномаси дубликатини олиш учун имтиҳонларга юборилган ҳайдовчилар бундан мустасно.

48. Назарий имтиҳонларда олинган ижобий баҳо 2 ой давомида ҳақиқий деб ҳисобланади. Агар ҳайдовчиликка номзод ушбу муддатда амалий имтиҳонларни топшира олмаса, у яна қайта назарий имтиҳонга юборилади.

50. Йўл ҳаракати қоидалари ва амалий бошқариш бўйича натижалари ҳайдовчининг имтиҳон варақасига ёзилади ҳамда комиссиясининг баённомаси билан расмийлаштирилади. Баённома имтиҳонда қатнашган комиссия аъзолари томонидан имзоланади ва ҳудудий ЙҲХБ РИБ (ТРИБ)лари бошлиқлари томонидан тасдиқланади.

51. Назарий ва амалий имтиҳонларни топширган шахсларга мазкур баённома асосида ҳайдовчилик гувоҳномаси ва унинг талони ёзиб берилади.

Ҳайдовчилик гувоҳномаси ва унинг талони қайд этиш китобига серияси ва тартиб рақамининг ўсиши бўйича ёзилади ҳамда имтиҳон варақасига қайд этилади.

Ҳайдовчилик гувоҳномаси ва унинг талонидаги ёзувлар махсус сиёҳ билан ёки бошқа техник воситалар билан ёзилади.


52. Ҳайдовчилик гувоҳномаси ва унинг талони берилишининг асослилиги ва тўғри тўлдирилганлиги имтиҳон комиссияси раиси (РИБ (ТРИБ)лар бошлиғи) томонидан текширилиб, имзоси ва муҳри билан тасдиқланади.

Ҳайдовчилик гувоҳномаси ва унинг талони берилганида шахснинг таълим муассасасини тамомлаганлиги ҳақидаги гувоҳномасига ҳайдовчилик гувоҳномаси ва талонининг серияси, рақами, қачон ва ким томонидан берилганлиги ёзиб қўйилади.

53. Ҳайдовчилик гувоҳномасидаги бошқарилиши рухсат этилган транспорт воситалари тоифаси катакларига лотин графикасида "RUXSAT" ва инглиз тилида "Enable" белгилари қўйилади. Ҳайдовчилик гувоҳномаси ва унинг талонидаги бошқарилишига рухсат берилмаган транспорт воситалари тоифасининг катакларига диагонали бўйича чизиқ тортилади.


54. Трамвай ва троллейбусларни бошқариш ҳуқуқига рухсат берувчи гувоҳномасини олишда "Алоҳида белгилар учун" катагига транспорт воситаларининг тегишли тоифаси кўрсатилган ёзувли тамға қўйилади.


55. Тиббий комиссия томонидан қайта текширувдан ўтиш муддати белгиланган шахсларга гувоҳномасини беришда "Алоҳида белгилар учун" катагига "Тиббий маълумотнома мажбурий" деган муҳр қўйилади.


56. Мудофаа вазирлиги томонидан транспорт воситалари ҳайдовчилари мутахассислиги бўйича ўқишга жалб этилган чақирилувчилар ўқишни тугатганларидан сўнг, 18 ёшга тўлмаган бўлсалар-да, ҳудудий ЙҲХБ имтиҳонларига киритиладилар.

Уларга, назарий ва амалий имтиҳонларни топширганларидан сўнг, тегишли тоифадаги ("В", "С" ёки "ВС") транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномаси ва унинг талони берилади.

Бунда "Алоҳида белгилар учун" катагида унинг эгаси қайси муддатдан (18 ёшга тўлганидан кейин) автомобиль бошқариш ҳуқуқига эга эканлиги кўрсатилади.


57. Ҳайдовчилик гувоҳномаси фақат унинг эгасига берилади. Мазкур шахс паспортини ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжатни кўрсатиб, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва талони бериладиган китобга шахсан имзо қўяди.

Ҳайдовчилик гувоҳномаси ваколатнома (ишончнома) билан берилмайди.


58. Озодликдан маҳрум қилиниб жазо муддатини ўтаётган, лекин транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинмаган шахсларнинг ҳайдовчилик гувоҳномаси жазони ижро этиш муассасаси раҳбариятининг илтимосномасига асосан (ҳайдовчилик гувоҳномаси сақланаётган) ҳудудий ЙҲХБ РИБ (ТРИБ) томонидан ушбу муассасага юборилиши мумкин.


V. ҲАЙДОВЧИЛИК ГУВОҲНОМАСИ ВА

УНИНГ ТАЛОНИНИ АЛМАШТИРИШ

ҲАМДА ЙЎҚОЛГАНЛАРИ ЎРНИГА

БОШҚАСИНИ БЕРИШ ТАРТИБИ


59. Ҳайдовчилик гувоҳномаси ва (ёки) унинг талони белгиланган тартибда ариза, эски ҳайдовчилик гувоҳномаси ва (ёки) унинг талони ҳайдовчининг имтиҳон варақаси ёки ҳайдовчилик гувоҳномасини берган ҳудудий ЙҲХБ тасдиқномаси, тиббий маълумотнома ҳамда фуқаронинг паспорти ёки унинг ўрнини босувчи бошқа ҳужжат тақдим этилганидан сўнг алмаштирилади.

Ҳайдовчилик гувоҳномаси алмаштирилганида унинг талони алмаштирилиши шарт.


60. Транспорт воситаларини охирги 12 ой давомида бошқарган шахсларнинг ҳайдовчилик гувоҳномалари тегишли имтиҳонларсиз алмаштирилади.


61. Қуйидагилар транспорт воситаларини 12 ой мобайнида бошқарганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлиб ҳисобланиши мумкин:

а) ишлаётган ҳайдовчилар учун меҳнат дафтарчасидан кўчирма ёки ишлаётган жойида унга бириктирилган автотранспорт тури кўрсатилган маълумотнома (буйруқдан кўчирма);

б) шахсий транспорт ҳайдовчилари учун уларга тегишли бўлган транспорт воситасининг рўйхатдан ўтганлиги ҳақидаги қайд этиш гувоҳномаси;

в) ишончнома ёки ижара шартномаси билан автомобиль бошқарган шахслар учун автомобиль рўйхатдан ўтганлиги ҳақидаги қайд этиш гувоҳномаси ва уни бошқариш учун нотариал идора томонидан тасдиқланган ишончнома ёки ижара шартномаси.


62. Транспорт воситасини охирги 12 ой давомида бошқармаган шахсларнинг ҳайдовчилик гувоҳномалари назарий ва амалий имтиҳон топширганларидан сўнг алмаштирилади.

Бунда бир неча тоифадаги транспорт воситаларини бошқаришга рухсати бўлган шахслардан имтиҳон комиссиясининг қарорига кўра "В" ёки "C" тоифали транспорт воситасида, "D" тоифали автотранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи бўлган шахслардан эса фақат "D" тоифасидаги транспорт воситасида амалий имтиҳон олинади.


63. "C", "ВС", "D", "CD", "CDE", "CE", "DE" тоифаларига тегишли ҳайдовчилик гувоҳномаларига эга бўлган ва охирги 12 ой мобайнида транспорт воситасини бошқармаган, қўшимча "А" ёки "В" тоифаларини олиш учун мурожаат қилган шахсларнинг ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштиришда, улардан назарий имтиҳон ҳамда гувоҳномада мавжуд тоифалардан биттаси бўйича ("D" тоифали автотранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи бўлган шахслардан эса айнан "D" тоифасидаги транспорт воситаси бўйича), шунингдек сўралаётган "А" ёки "В" тоифадаги транспорт воситаси бўйича амалий имтиҳон олинади. Олинган барча имтиҳонлар натижаси имтиҳон комиссияси баённомасига киритилади.


64. Эски намунадаги "В" "Ёлланиб ишлаш ҳуқуқига эга эмас" тоифали ҳайдовчилик гувоҳномаси "В" тоифали ҳайдовчилик гувоҳномасига назарий ва амалий имтиҳон топширилганидан сўнг алмаштирилади.


65. Бир неча тоифали транспорт воситаларини бошқаришга рухсати бўлган шахс ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштиришда ўз хоҳишига кўра мавжуд тоифалардан бирортасини ёки тиббий кўрик хулосасига кўра белгиланган тоифалардан рухсат этилганини олиши мумкин.

Бунда амалий имтиҳон ўз хоҳиши билан қолдирган (ёки тиббий кўрик хулосасига кўра рухсат этилган) транспорт воситаси тоифаси бўйича олинади ва берилаётган ҳайдовчилик гувоҳномасида фақат ушбу тоифага рухсат белгиси қўйилади. Ҳайдовчининг аввал эга бўлган тоифаларини қайта тиклаш ушбу Низомнинг 59-62-бандларидаги талабларга мувофиқ, унинг аризаси асосида амалга оширилади.


66. Яроқсиз ҳолга келган ҳайдовчилик гувоҳномаси ва (ёки) унинг талони ушбу Низомнинг 59-64-бандларига мувофиқ алмаштирилади.


67. Ҳайдовчилик гувоҳномаси алмаштирилганда янги берилаётган гувоҳноманинг "Алоҳида белгилар учун" ажратилган катагига биринчи маротаба олган эски гувоҳноманинг серияси, тартиб рақами ва берилган куни ёзиб қўйилади.


68. Тиббий кўрик маълумотномаси ва ҳайдовчининг имтиҳон варақаси барча реквизитлар тўлдирилганидан сўнг янги ҳайдовчилик гувоҳномаси билан бирга эгасига қайтариб берилади.


69. Йўқолган (ўғирланган, ёнғин, табиий офат оқибатида ва бошқа ҳолларда) ҳайдовчилик гувоҳномаси (ёки унинг талони) дубликати ҳайдовчининг аризаси, имтиҳон варақаси, тиббий маълумотнома, зарур ҳолларда, ўқишни тамомлаганлиги ҳақидаги таълим муассасасининг гувоҳномаси ёки ҳудудий ЙҲХБ РИБ (ТРИБ)ларининг тасдиқномаси асосида берилади.

70. Ҳайдовчилик гувоҳномасининг дубликатини расмийлаштириш давомида бир ой муддат билан вақтинчалик рухсатнома берилади. Тасдиқловчи ҳужжатлар олингунга қадар вақтинчалик рухсатнома муддатини яна бир ойгача узайтириш мумкин.


71. Истисно тариқасида, ҳудудий ЙҲХБ бошлиғининг рухсати билан, яшаш жойи ўзгариши, хизмат сафари, даволаниш ва бошқа сабабларга кўра Ўзбекистон ҳудудидан ташқарига чиқиб кетаётган фуқароларга ҳайдовчилик гувоҳномаларининг дубликатлари, ҳудудий ЙҲХБнинг РИБ (ТРИБ)лари картотекалари бўйича қайта текширувдан сўнг, мазкур Низомнинг 70-бандида кўрсатилган муддатдан олдин ёзиб берилиши ҳам мумкин.

72. Йўқолган ҳайдовчилик гувоҳномасининг дубликати назарий ва амалий имтиҳонлар топширилганидан ҳамда транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳайдовчилик гувоҳномалари картотекаси бўйича текширилганидан сўнг берилади.

Ўғирланган, ёнғин, табиий офат оқибатида ва бошқа шу каби сабабларга кўра йўқолган ҳамда дахлдор ваколатли идораларнинг ҳужжатлари билан тасдиқланган ҳолатлар бундан мустасно.


73. Гувоҳноманинг дубликати расмийлаштирилаётган вақтда берилган вақтинчалик рухсатнома алоҳида дафтарга қайд этилади ва гувоҳнома нусхаси берилгандан кейин ушбу рухсатнома асос бўлган ҳужжатларга тикилади.


74. Ҳайдовчилик гувоҳномаси ўрнига дубликат гувоҳнома берилганидан кейин, йўқолган гувоҳнома топилган тақдирда, у ҳақиқий эмас деб ҳисобланади ва ҳудудий ЙҲХБ РИБ (ТРИБ)ларга йўқ қилиб юбориш учун топширилиши керак.

75. Эски нусхадаги ҳайдовчилик гувоҳномалари янги нусхадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларига умумий асосларда алмаштирилади.


76. Узлуксиз ҳайдовчилик меҳнат фаолияти 10 йилдан ортиқ бўлган "ВС" тоифали ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлган шахсларнинг ҳайдовчилик гувоҳномасини "ВСЕ" тоифага алмаштириш "Е" тоифага 10 соат тиркамали автомобилда қўшимча амалий бошқаришни ўтганликлари ҳақида таълим муассасаларидан берилган маълумотнома ва ҳайдовчининг меҳнат дафтарчасидан кўчирма асосида назарий ва амалий имтиҳон топширганларидан сўнг амалга оширилади.

77. Халқаро ҳайдовчилик гувоҳномалари ва Йўл ҳаракати тўғрисидаги конвенция (Вена, 1968 йил 8 ноябрь) талабларига жавоб берадиган миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида автомототранспорт воситаларини бошқариш учун ҳақиқий ҳисобланади.

78. Хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ҳамда халқаро, ҳукуматлараро ташкилотлар ваколатхоналари ва хорижий давлатларнинг ҳукумат ташкилотлари бошлиқлари ва бошқа ходимларининг (дипломатик ва маъмурий-техник ходимларнинг), шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида аккредитация қилинган хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларининг Йўл ҳаракати тўғрисидаги конвенция (Вена, 1968 йил 8 ноябрь) талабларига жавоб бермайдиган миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги орқали Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ЙҲХББга мурожаат қилиш шарти билан алмаштирилади. Хорижий фуқароларнинг ушбу тоифаси ҳайдовчилик гувоҳномалари имтиҳонлар топширилмасдан алмаштирилади.

Тегишли битим мавжуд бўлган тақдирда нодавлат нотижорат ташкилотларининг хорижий ходимларига миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги орқали Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг ЙҲХББга мурожаат қилиш ва тиббий кўрикдан ўтиш шарти билан Ўзбекистон Республикасининг ҳайдовчилик гувоҳномаларига алмаштирилиши мумкин. Хорижий фуқароларнинг ушбу тоифаси ҳайдовчилик гувоҳномаларини алмаштириш имтиҳонлар топширилгандан кейин амалга оширилади.

79. Бошқа хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижий давлатларда олган ҳайдовчилик гувоҳномаларини алмаштиришдан олдин улар ЙҲХББ орқали Ташқи ишлар вазирлигида текширилади. Текшириш натижасида тасдиқ олинган шахсларнинг ҳайдовчилик гувоҳномалари, улар тиббий кўрикдан ўтиб, назарий ва амалий имтиҳонларни топширганларидан сўнг, Ўзбекистон Республикасининг миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларига алмаштирилади.



VI. ҲАЙДОВЧИЛИК ГУВОҲНОМАЛАРИ ВА

УЛАРНИНГ ТАЛОНЛАРИНИ ҲАМДА БОШҚА

БЛАНКАЛАРНИ ТАЙЁРЛАШ, ТАЪМИНЛАШ

ВА ҲУЖЖАТЛАРНИ САҚЛАШ ТАРТИБИ


80. Ҳайдовчилик гувоҳномалари ва талонлари бланкалари ЙҲХББ буюртмасига асосан тайёрланади. Буюртма 1,5 йиллик доимий захирани бўлишини инобатга олиб берилади.


81. Ҳайдовчилик гувоҳномалари ва унинг талонлари бланкалари жойлардан тушган буюртмаларга асосан ЙҲХББ томонидан тарқатилади.


82. Ҳайдовчилик гувоҳномалари ва унинг талонлари ҳамда қатъий ҳисобот бланкалари ва рақам белгиларининг кирим ва чиқимлари ҳисобот дафтарида қайд этилади.


83. Ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳамда талонларнинг бланкалари қатъий ҳисобот ҳужжатлари тариқасида сақланади.


84. Тўлдириш жараёнида бузилган гувоҳномалари ва талонларни қайта ишлатмаслик учун уларнинг серияси ва рақами қирқиб олиниб, навбатдаги тафтишда ёқиш йўли билан йўқ қилинади ва ушбу ҳақда тузилган далолатномага ҳайдовчилик гувоҳномаси ва талонининг қирқиб олинган серия ва рақами ёпиштириб қўйилади.


85. Тиббий кўрик хулосаси асосида транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан четлатилган, йўқолгани ўрнига дубликати берилгандан сўнг топиб олинган, маҳрум этилган муддатдан кейин икки йил давомида талаб қилиб олинмаган, вафот этган фуқароларнинг ҳайдовчилик гувоҳномалари ва (ёки) талонлари навбатдаги тафтишда белгиланган тартибда йўқ қилинади.


86. Мазкур Низомда назарий ва амалий имтиҳонлар ўтказиш тартиби учун кўзда тутилган бланкалар Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ, Тошкент шаҳар ИИББ ва вилоятлар ИИБларининг ЙҲХБлари томонидан тайёрланади.


87. Ҳайдовчилик гувоҳномасини (талонини) бериш учун асос бўлган ҳужжатлар (ариза, эски ҳайдовчилик гувоҳномаси (талони), тўлов қоғозлари ва бошқалар) ҳамда ўқув гуруҳларидаги ўқувчиларнинг рўйхати алоҳида иш ҳужжатлари сифатида тикилади ва белгиланган тартибда икки йил сақланади.

Ҳайдовчилик гувоҳномаси (талони)нинг ўрнига янгиси берилганида эски ҳайдовчилик гувоҳномасига "Бекор қилинади" штампи қўйилиб, бошқа асос бўлувчи ҳужжатлар билан бирга тикилади.

Имтиҳон комиссияси баённомалари - 10 йил, ҳайдовчилик гувоҳномаларини бериш китоби - 60 йил ҳудудий ЙҲХБ РИБ (ТРИБ)ларида белгиланган тартибда сақланади.

Ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, улардан имтиҳон олиш, ҳайдовчилик гувоҳномалари ва талонларини бериш билан боғлиқ бўлган барча иш юритиш ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланган намуналар асосида олиб борилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2006 йил, 31-32-сон, 317-модда.