язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Транспорт/ "Трансйўлқурилиш" компанияси бажарган механизациялашган ишлар учун пудратчи ташкилотлар томонидан тўловларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 22.04.2008 й. 1797-сон билан рўйхатга олинган 04.04.2008 й. МВ 33-сон, ДАҚҚ 5-сон ва "Ўзавтойўл" ДАК 1-мх-сон қарори билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2008 йил 22 апрелда 1797-сон

билан рўйхатга олинган

Молия вазирлиги,

Давлат архитектура ва

қурилиш қўмитаси ва

"Ўзавтойўл" Давлат

акционерлик компаниясининг

2008 йил 4 апрелдаги

33, 5, 1-мҳ-сонли қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



"Трансйўлқурилиш" компанияси бажарган

механизациялашган ишлар учун пудратчи

ташкилотлар томонидан тўловларни амалга

ошириш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Осиё тараққиёт банки иштирокидаги "Минтақавий автомобиль йўлларини ривожлантириш" лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2008 йил 28 февралдаги ПҚ-804-сонли қарорининг (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 йил 10-11-сон, 55-модда) 5-бандига асосан механизациялашган йўл-қурилиш ва таъмирлаш ишларини бажарганлиги учун "Трансйўлқурилиш" компанияси (кейинги ўринларда - Компания деб юритилади) билан пудрат ташкилотларининг ҳисоб-китоб қилиш тартибини белгилайди.


2. Компания зиммасига пудрат ташкилотлари (ишларнинг бажарувчилари) билан шартнома асосида умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш, тиклаш ва таъмирлашда йўл-қурилиш техникаси, ускуналар ва улардан фойдалана оладиган малакали мутахассислардан фойдаланган ҳолда механизациялашган ишларни бажариш юклатилади.


3. Пудрат ташкилотлари йўл-қурилиш ва таъмирлаш ишлари учун пудрат шартномаси тузилгунча лойиҳа ҳужжатларида кўзда тутилган бажариладиган ишларнинг ҳажмига мувофиқ йўл-қурилиш техникаси ва ускуналарига бўлган эхтиёжни аниқлайди ҳамда Компанияга тегишли аризани тақдим қилади.


4. Компания йўл-қурилиш техникаси, ускуналар ва улардан фойдалана оладиган малакали мутахассислардан фойдаланган ҳолда механизациялашган йўл-қурилиш ва таъмирлаш ишларини бажариш учун пудрат ташкилотларининг аризаларини қабул қилади ва умумлаштиради, техника, ускуналар ва улардан фойдалана оладиган малакали мутахассислар билан таъминлай олиш имкониятларининг мавжудлигидан келиб чиқиб, пудрат ташкилотлари билан шартномалар тузади.


5. Компания томонидан бажарилган механизациялашган ишлар учун ҳисоб-китоблар пудрат ташкилотлари билан тузилган шартнома талабларига мувофиқ, механизациялашган ишлар ҳажмига боғлиқ ҳолда амалга оширилади. Бунда пудрат ташкилоти Компания томонидан бажарилган механизациялашган ишларнинг тўловини амалга оширади, автомобиль йўлларини қуриш, тиклаш ва таъмирлаш бўйича бажарилган ишларнинг умумий ҳажми эса белгиланган тартибда пудрат ташкилотининг ҳисобига киритилади.


6. Механизациялашган йўл-қурилиш ва таъмирлаш ишларининг қиймати пудрат ишлари бозори конъюктураси ва Компания хўжалик фаолиятининг юзага келган кўрсатгичларидан келиб чиққан зарурий рентабеллик даражасини ҳисобга олган ҳолда, жумладан, техника ва ускуналардан фойдаланиш бўйича бевосита ва бошқа харажатларни ҳисобга олиб аниқланади.


7. Техника ва ускуналардан фойдаланиш ва хизмат кўрсатиш бўйича бевосита ҳаражатлар тегишли техника ва ускуналардан фойдаланиш учун қилинадиган жорий харажатлардан, шунингдек, ишларнинг жойдан-жойга кўчишини ҳисобга олган ҳолда улардан фойдаланадиган шахснинг иш ҳақи учун қилинадиган харажатлардан ташкил топади.


8. Техника ва ускуналардан фойдаланиш учун қилинадиган харажатлар техника ва ускуналарнинг ҳар бир тури ва хили учун жорий нархларда машина-соатларда бажарилган ишларнинг ҳажмларига мувофиқ аниқланади. Машина ва механизмлардан фойдаланишнинг жорий нархлари Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси томонидан чиқарилган Нархлар каталоги асосида ёки тегишли ҳудудда юзага келган нархларга мувофиқ аниқланади.


9. Йўл-қурилиш ва таъмирлаш техникасидан фойдаланадиган шахснинг иш ҳақи учун қилинадиган харажатлар ишларнинг меҳнат сарфи нормасини бир киши-соат нархига ва ижтимоий суғурта ушлаб қолиш миқдорини ҳисобга олувчи коэффициентга кўпайтириш йўли билан аниқланади. Ишларнинг меҳнат сарфи нормаси ва техника ва ускуналардан фойдаланадиган шахснинг ўртача бир соатлик иш ҳақи қонунда белгиланган тартибда ҳисобланади.


10. Бошқа харажатлар таркибига қонунчиликка мувофиқ зарурий фойда, мажбурий тўловлар ва ажратмалар киради.


11. Компания билан тузилган шартномага мувофиқ, пудрат ташкилоти Компания ҳисоб рақамига механизациялашган йўл-қурилиш ва таъмирлаш ишлари қийматининг 15 фоизидан кам бўлмаган миқдорда бўнак тўловини ўтказади, шундан кейингина Компания белгиланган муддатларда техника, ускуналар ва улардан фойдаланадиган шахсларни сафарбар қилади ҳамда шартномада мўлжалланган механизациялашган ишларни бажаришга киришади.


12. Амалда бажарилган механизациялашган йўл-қурилиш ва таъмирлаш ишлари учун ҳисоб-китоблар белгиланган тартибда расмийлаштирилган ҳисоб-фактуралар асосида, ажратилган бўнакни мутаносиб чегириб қолишни ҳисобга олган ҳолда бажарилган ишларнинг умумий қийматидан 95 фоизгача миқдорда ҳар ойда амалга оширилади. Механизациялашган йўл-қурилиш ва таъмирлаш ишлари қийматининг қолган 5 фоиз тўловини пудрат ташкилоти шартномада назарда тутилган кафолат муддати тугагандан кейин 3 банк иш куни мобайнида амалга оширади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2008 йил, 17-сон, 139-модда.