Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Монополияга қарши сиёсат. Табиий монополиялар /

Озиқ-овқат ва ноозик-овқат товарларининг айрим турларини чаканалаб сотиш қоидалари (ЎзР ВМ 14.07.1997 й. 355-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

1997 йил 14 июлдаги

355-сон қарорига

1-ИЛОВА



Озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарларининг

айрим турларини чаканалаб сотиш

ҚОИДАЛАРИ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур қоидалар озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарларининг айрим турлари (нон ва нон-булка маҳсулотлари, совуқ ичимликлар, гўшт ва сут маҳсулотлари, тухум, маргарин, балиқ маҳсулотлари, газламалар, кийим-бош, радиотоварлар ва маиший электр товарларини чаканалаб сотиш соҳасидаги асосий талабларни белгилайди ва "Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ушбу соҳада фаолиятни амалга оширувчи, мулкчилик шаклларидан ва идоравий бўйсунишидан қатъий назар, барча хўжалик юритувчи субъектлар (савдо корхоналари, хусусий тадбиркорлар)га татбиқ этилади.


2. Савдо корхонаси маҳсулотга амалдаги санитария қоидалари, стандартлар ва техник шартларга (кейинги ўринларда - норматив ҳужжатлар) эга бўлиши ҳамда уларда белгиланган талабларга риоя этиши лозим.

Товарларни чаканалаб сотиш қоидалари харидорлар эътиборига, мулкчилик шаклларидан қатъий назар, ҳар бир савдо корхонаси томонидан етказилиши (савдо залига осиб қўйилиши ёхуд харидор талабига кўра кўрсатилиши) лозим.


3. Савдо корхонаси "Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Қонунида кўзда тутилган харидорнинг ҳукуқларига сўзсиз риоя этиши шарт.


4. Сотиладиган ҳар бир гуруҳ товарларга, шу жумладан хорижий товарларга савдо корхонаси мувофиқлик сертификати ёки унинг белгиланган тартибда тасдиқланган, маҳсулотнинг сифати ҳамда истеъмолчилар соғлиғи ва ҳаёти учун хавфсизлигини тасдиқловчи нусхасига эга бўлиши шарт. Сотиладиган товарлар сифати учун савдо корхонаси жавобгар бўлади.


5. Товарлар сотувини амалга оширувчи дўконлар, палаткалар, павильонлар ва лотоклар маҳсулотларнинг аниқ турига амалда бўлган нормаларга мувофиқ сифати ва миқдорини сақлашни таъминловчи зарур асбоб-ускуналар, механизация воситалари, инвентарлар ва ўлчов воситалари билан жиҳозланган бўлиши лозим.

Савдо корхоналари томонидан фойдаланиладиган тарози тошлари, тарозилар ва бошқа ўлчов приборлари соз ҳолда сақланиши, аниқ-равшан тамғаларга эга бўлиши ҳамда амалдаги тартибга мувофиқ белгиланган муддатларда давлат текширувига берилиши лозим.


6. Савдо корхонасида товарларни чаканалаб сотиш барча фуқароларга умумий асосларда амалга оширилади.

Бир хил товарларни бошқаларини мажбурий сотиб олиш шарти билан сотиш тақиқланади.


7. Савдо корхонаси сотиладиган товарларга тўғри расмийлаштирилган нархномаларнинг бўлишини таъминлаши ҳамда харидорнинг талабига кўра товарнинг ишлаб чиқарувчиси, асосий истеъмол хусусиятлари ҳамда нархлари тўғрисида тўлиқ ахборот бериши, харидорларга зарур даражада хизмат кўрсатиши, товарларнинг тўла ўлчовда ҳамда оғирликда чиқарилишини таъминлаши лозим.


8. Харидор унга берилган товарнинг нархи, оғирлиги ва ўлчови тўғрилигини, шунингдек, маҳсулотнинг сақланиш муддатларини (накладной, олинадиган варақалар бўйича) ҳамда ушбу товарга мувофиқлик сертификати мавжудлигини текширишга ҳақлидир.

Савдо залларида харидор учун қулай жойда назорат тарозилари ва бошқа ўлчов приборлари ўрнатилган бўлиши лозим.


9. Товарлар учун харидорлар билан ҳисоб-китоблар харидорларга албатта чек берилган ҳолда назорат-касса машиналари воситасида амалга оширилади.


10. Харидор, агар унга сотилган чоғида келишилмаган бўлса, камчилиги бўлган товар сотилган тақдирда ўз танловига кўра қуйидагиларни талаб қилишга ҳақлидир:

ўхшаш марка (модел, артикул)даги зарур даражадаги сифатли товарга алмаштириш;

харид нархини тегишли равишда қайта ҳисоб-китоб қилган ҳолда бошқа маркадаги (модел, артикулдаги) товарга алмаштириш;

товар камчиликларини текин тузатиб бериш ёки камчиликларни истеъмолчи ёхуд учинчи шахс томонидан тузатилганлиги учун харажатларни тўлатиш;

харид нархини миқдорга қараб пасайтириш;

келтирилган зарарларни тўлаттириб шартномани бекор қилиш.

Харидорнинг кўрсатиб ўтилган талабларини қондириш савдо корхоналари томонидан "Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 7-18, 22-моддаларига мувофиқ амалга оширилади, бунда маънавий зарарни қоплаш миқдори суд томонидан белгиланади.


11. Мавсумий товарлар (кийим-бош, пойабзал ва бошқа маҳсулотлар) учун эътироз аризалари муддати тегишли мавсум кирган вақтдан бошлаб ҳисобланади.


12. Чакана савдо тармоғида сотилган мазкур қоидаларда кўрсатилган тегишли сифатдаги ноозиқ-овқат товарларини айирбошлаш ёки улар учун тўланган пулни қайтариш "Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ амалга оширилади.


13. Харидор унинг айби билан шикастланган ёки йўқ қилинган товар ва мол-мулк қийматини савдо корхонасига тўлаши лозим.



II. НОН ВА НОН-БУЛКА МАҲСУЛОТЛАРИ


14. Нон ва нон-булка маҳсулотлари сотувини амалга оширувчи савдо корхоналарида белгиланган иш соатларида ассортимент рўйхатида назарда тутилган ассортиментдаги нон ва нон-булка маҳсулотлари бўлиши лозим.

Ихтисослаштирилган нон дўконининг савдо залида ёки нон маҳсулоти савдосини амалга оширувчи бўлимда кўринарли жойга маҳсулотнинг тайёрловчилари, олиб келиш жадваллари, нон маҳсулотларини сотиш муддатлари, парҳезбоп нон маҳсулотлари ва янги турдаги маҳсулотларнинг хусусиятлари тўғрисидаги маълумотлар бўлиши лозим.


15. Нон ва нон-булка маҳсулотларини қабул қилишда сотувчи маҳсулот сифатини органолептик кўрсаткичлар бўйича, ҳар бир маҳсулот вазнининг маҳсулотнинг аниқ турига амалда бўлган меъёрий ҳужжатларга мувофиқлигини текшириши лозим. Бузилишлар аниқланган тақдирда маҳсулот тайёрловчига қайтарилади.

Етказиб берувчининг ёндаш ҳужжатида ушбу товарлар тўғрисида "Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5 ва 6-моддаларида назарда тутилган тўлиқ маълумотлар бўлиши лозим.


16. Ихтисослаштирилган ва фирма нон-қандолат дўконларида ва бошқа дўконларнинг нон бўлимларида нон, нон-булка маҳсулотлари ва қандалотчилик маҳсулотларидан ташқари шакар, чой, кофе, какао, ун, ёрма, макарон маҳсулотлари, болалар овқати учун қуруқ маҳсулотлар, озиқ-овқат концентратлари, кафетерийга эга бўлган дўконларда эса, шунингдек иссиқ ҳолдаги хамир ва қандолатчилик маҳсулотлари сотилиши мумкин.


17. Нон ва нон-булка маҳсулотларининг тандирдан чиққандан кейин сотувда бўлиши мумкин бўлган муддатлари маҳсулотнинг ҳар бир турига фақат норматив-техник ҳужжатларга мувофиқ белгиланган тартибда белгиланади.


18. Харидорлар ҳоҳишига кўра оғирлиги 0,4 кг ва ундан ортиқ бўлган нон ва нон-булка маҳсулотлари (ўралганларидан ташқари) 2-4 тенг бўлакларга кесилиши ва тарозида тортилмасдан сотилиши мумкин.


19. Амалдаги стандартлар, техник шартлар талабларига мувофиқ бўлмаган, шунингдек нотўғри сақлаш туфайли бузилганлик белгилари бўлган нон ва нон-булка маҳсулотларини сотиш тақиқланади.

Харидорлардан пул қабул қилувчи шахслар томонидан нон маҳсулотларининг сотилишига йўл қўйилмайди.

Сифатсиз (гарч-гурч қилган, куйган, ичи бўш, яхши қорилмаган, бошқа нарсалар аралашган) нон ёки нон маҳсулотлари сотилган тақдирда корхоналар ходимлари харидор талабига кўра уларни сифатлисига сўзсиз алмаштириб беришлари ёки пулини қайтаришлари керак. Харидорлар томонидан қайтариб берилган нон ва нон-булка маҳсулотлари санитария жиҳатидан яроқсиз ҳисобланади.


20. Нон ва нон-булка маҳсулотларини сақлаш ва сотиш жараёнида уларда картошка касаллиги белгилари аниқланган тақдирда сотувчи бу ҳақда маҳсулот етказиб берувчига дарҳол хабар бериши керак. Зарарланган маҳсулотлар сотувдан чиқарилади ва амалдаги қоидаларга мувофиқ йўқ қилинади. Нон маҳсулотларининг картошка касаллигига чалинганлиги ва уларнинг йўқ қилинганлиги ҳақидаги далолатнома белгиланган тартибда тузилади.

Картошка касаллигига чалинган маҳсулот сақланган токчалар, шкафлар, лотоклар, идишлар картошка касаллигининг олдини олиш бўйича йўриқномага мувофиқ белгиланган тартибда зарарсизлантирилади.



III. СОВУҚ ИЧИМЛИКЛАР


21. Алкоголсиз ичимликлар (маъданли сувлар, ширин ичимликлар, квас, сироплар, газли ичимликлар, шарбатлар ва бошқалар) билан чакана савдо қилиш:

бу маҳсулотларни сотишга Ихтисослаштирилган дўконларда, мева-сабзавот ва вино-ароқ дўконларида, озиқ-овқат дўконларининг бўлим ва секцияларида;

майда чакана савдо тармоғида - павильонларда, дўконларда, палаткаларда, автоматлар, автотермоцистерналар, сатуратор қурилмалари орқали Давлат санитария назорати органлари томонидан рухсат берилган жойларда амалга оширилади.

Шифобахш маъданли сувлар соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган талабларга риоя қилинган ҳолда дорихоналарда ҳам сотилади.


22. Ичимликларни идишга қуйиб сотувчи корхоналар етарли миқдорда ўлчов аппаратлари, амалдаги давлат белгилари бўлган ҳажми 0,25 ва 0,5 литр бўлган ўлчовли шиша кружкаларда ва бошқа ҳар хил ҳажмдаги ўлчов идишлари билан таъминланади, Идишларни ювиш учун албатта шарт-шароит бўлиши лозим.


23. Савдо ташкилотлари томонидан алкоголсиз ичимликларни миқдори ва сифати жиҳатидан қабул қилиш стандартлар, техник шартлар, шунингдек шартномаларга мувофиқ амалга оширилади.


24. Ичимлик қуйилган шишаларда тасдиқланган намунадаги зтикетка бўлиши лозим, унда қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

ичимлик номи;

товар белгиси ёки тайёрлаган корхона номи ва манзили;

шиша ҳажми;

стандарт рақами;

қуйилган вақти ва яроқлилик муддати.

Қиздирилган пиво этикеткасида қўшимча равишда "қиздирилган" ёзуви бўлиши керак.


25. Импорт қилинган ва ватанимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг албатта мувофиқлик сертификати бўлиши лозим.


26. Мазкур қоидаларни бузган ҳолда маҳсулотни қабул қилган савдо ходимларига маъмурий жазолар қўлланилиши, такроран бузилган ҳолларда материаллар тергов органларига берилиши мумкин.


27. Алкоголсиз ва кам алкоголли ичимликлар тегишли стандартлар ва техник шартларга мувофиқ белгиланган муддатлар доирасида ҳавонинг нисбий намлиги 75 фоиздан ошмаган, шамоллатиладиган қуруқ ва қоронғи хоналарда сақланади.

Айрим алкоголсиз ва кам алкоголли ичимликларни сақлашнинг муддатлари ва ҳарорат режими алоҳида ҳар бир маҳсулотнинг меъёрий-техник ҳужжатларига мувофиқ бўлиши лозим.


28. Шишадаги, бутилдаги, банкадаги, лакланган алюминий тублардаги ичимликлар баландлиги 2 метрдан ошмаган штабеллар билан жойланган завод яшиклари ва саватларида сақланади.


29. Маъдан сувли шишалар ёрдамчи биноларда токчаларда, штабелларда ёки яшикларда сақланади. Бунда пўстлоқ прокладка қўйилиб крон қопқоқ билан ёпилган шишалар ётқизилган ҳолда, полиэтилен прокладка қўйилиб крон қопқоқ билан ёпилган шишалар тик ҳолда сақланади.


30. Алкоголсиз ва алкоголли ичимликлар савдо залида турлари ва номлари бўйича жойлаштирилади. Шкафларга, пештахталарга, териб жойлаштирилган ичимликли шишалар тик ҳолда, этикеткаси харидор томонга қаратиб жойлаштирилади.



IV. ГЎШТ ВА СУТ МАҲСУЛОТЛАРИ, ТУХУМ,

МАРГАРИН, БАЛИҚ МАҲСУЛОТЛАРИ


31. Савдо ташкилотлари гўшт ва сут маҳсулотларини, тухум, маргарин, балиқ маҳсулотларини ҳам савдо ташкилотларининг, ҳам саноат корхоналарининг улгуржи базалари ва омборларидан, шунингдек деҳкон (фермер) хўжаликларидан оладилар.


32. Сотувчиларнинг иш жойи савдо бошланишидан олдин дўконда мавжуд бўлган барча товарлар билан таъминланади. Савдо залига олиб келинган товарлар сифати бўйича синчиклаб текширилади ва сортларга ажратилади.

Озиқ-овқатлар савдо залига олиб келинишидан олдин сотишга тайёрланади (идишдан чиқарилади, ўралган қоғозлар олиб ташланади, иплар кесиб ташланади, ифлосланган, шамоллаган жойлари тозаланади, ёғларнинг сарғайган жойлари, колбасалар, пишлоқлар латта билан артилади).


33. Сотувчилар сотилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифатини кузатиб боришлари ва уларнинг сифати ёмонлашган тақдирда уларни сотиш ёки уларнинг чакана нархини пасайтириш масаласини ҳал қилиш учун маъмуриятга хабар беришлари лозим. Сақлаш муддати тугаган тез бузилувчи озиқ-овқат маҳсулотлари савдодан олинади, Тухум унинг сифати овоскопда олдиндан текширилган ҳолда сотилади. Тухумни ўралмаган озиқ-овқат маҳсулотлари (сариёғ, творог, колбаса ва бошқалар) билан биргаликда сотишга йўл қўйилмайди.


34. Савдо корхонасида дудланган маҳсулотларни, колбаса маҳсулотларини, сариёғни, пишлоқ ва маргаринни бир кунлик савдо ҳажмида қадоқлашга йўл қўйилади.

Дўконда қадоқланган маҳсулотда унинг номи, сорти, оғирлиги, бир килограммининг нархи, бир бўлагининг нархи, қадоқланган вақти, сотиш муддати, тарозибоннинг тартиб рақами ёки фамилияиси кўрсатилади. Қадоқланган озиқ-овқат маҳсулотлари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан рухсат берилган қоғозга, плёнка материалларига ўралади.


35. Харидорга гўшт, гўшт маҳсулотлари, пишлоқ ва овқатбоп балиқларни кесмасдан сотишда харид умумий оғирлигининг 10 фоизидан ошмайдиган икки бўлаклаб қўйишга йўл қўйилади. Бўлаклар сотилаётган товар сортига ва сифатига мос келиши лозим.

Харидор илтимосига кўра сотувчи гастроном товарлари (колбаса, ветчина, пишлоқ, балиқ маҳсулотлари ва бошқаларни) бўлакларга кесиб бериши керак, шунингдек санитария-гигиена қоидаларига риоя қилган ҳолда харидорга маълум бўлмаган товарнинг таъмини кўришга бериши лозим. Бир пичоқ билан пишлоқ ва бошқа гастроном товарларини кесишга йўл қўйилмайди.


36. Парранда гўшти бутунича ёки: товуқ ва ўрдак - бўйича 2 бўлакка, ғоз ва курка - 2, 4, 6 ва 8 бўлакка бўлиб сотилади.


37. Илвира, ливер колбасалари ва сотиш муддати чекланган бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини санитария-эпидемиология назорати органлари билан келишилган ҳолда фақат дўконларда сотишга йўл қўйилади.


38. Озиқ-овқат маҳсулотларини тортиш ва сотишда қўлланиладиган асбоблар (пичоқлар, санчиқлар, куракчалар ва бошқалар) санитария қоидаларига мувофиқ ҳар куни зарарсизлантирилиши ва бунинг учун махсус ажратилган жойларда сақланиши лозим.

39. Харидор томонидан камчилиги бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари харид қилинган тақдирда сотувчи харидор талабига мувофиқ уларни сифатли маҳсулотга алмаштириб бериши ёки камчиликлар яроқлилик муддати доирасида аниқланган бўлса, унга тўланган пулни қайтариб бериши керак.



V. ГАЗЛАМАЛАР, КИЙИМ-КЕЧАК, ПОЙАФЗАЛ


40. Газламалар, кийим-кечак, пойафзал савдо залига берилгунга қадар сотуволди тайёргарлигидан ўтиши лозим. Савдоолди тайёргарлиги маҳсулотларни очиб олиш, саралаш, уларнинг сифатини, маркаланганлиги мавжудлигини, нархларнинг тўғрилигини текширишни ўз ичига олади, зарур бўлган тақдирда кийим-кечакларнинг айрим турлари (тикувчилик ва трикотаж маҳсулотлари) тозаланади ва дазмолланади.


41. Савдо залида харидорларга қулай бўлиши учун газламалар, кийим-кечак, пойафзал гуруҳларга бўлинган бўлиши лозим. Кийим-кечак ва пойафзал асосан турлари, моделлари, ўлчамларига қараб гуруҳларга бўлинади. Ихтисосланишидан қатъий назар, эркаклар, аёллар, болалар кийим-кечак ва пойафзаллари савдо залида алоҳида жойлаштирилади. Газламалар улар тайёрланган толалар тури ва навига қараб гуруҳланади. Газламаларнинг ҳар бирида тайёрланган толаларнинг таркибидаги фоизи тўғрисида ахборот бўлиши лозим.


42. Савдо залида газламалар, кийим-кечак, пойафзалларни жойлаштириш чоғида харидорларнинг товарларни эркин кўздан кечиришни таъминловчи савдо ускуналаридан фойдаланилиши лозим.


43. Савдо залида жойлашган газламалар, кийим-кечак, пойафзалларнинг барча намуналари бир хил намунадаги, аниқ ва чиройли расмийлаштирилган нарх кўрсаткичларига эга бўлиши лозим.


44. Кийим-кечак (тикувчилик маҳсулотлари, устки трикотаж маҳсулотлари, бош кийимлар) ва пойафзал танлашда харидорга кийиб кўриш учун шароитлар яратилган бўлиши лозим. Ушбу мақсадларда савдо заллари ойнали кийиб кўриш хоналари билан таъминланади, банкеткалар ёки скамейкалар, қўйгичлар, ойналар билан жиҳозланади.


45. Сотиш чоғида харидорга жун газламалар, ватинлар ва оғир ҳажмли газламаларни ўлчаш амалдаги тамғага эга бўлган брускли ёғоч метрни (пештахта) столда йиғилиб қолмаган ҳолатда эркин етган газламага қаттиқ стандартли метрни қўйиш йўли билан амалга оширилади. Юпқа ва енгил газламалар одатда қаттиқ стандарт метр билан газламани уни метрга чўзилишсиз эркин илова қилиб газламани пештахтага ёйиш йўли билан ўлчанади.

Жун газламалар ва трикотаж полотноларидан ташқари газламаларнинг барча турларини ўлчашни газламани амалдаги тамғаси бўлган горизонтал ҳолдаги ўлчов столига ётқизиш йўли билан амалга оширишга ҳам рухсат этилади. Стол узунаси йўналишида 1 м узунликдаги участка белгиланган бўлиши лозим. Столнинг усти майин ва тенг бўлиши керак.

Сотувга газлама қийқимларини қўшиш, шунингдек фабрикада ишланганлиги ёки астар томонига қўйилган тамғаси бузилган тақдирда газлама бўлакларини фабрика ёрлиғи ва тамғаси (охирги қисми) билан сотиш ман этилади.


46. Сотувчи харидорга газлама, кийим-кечак, пойафзал танлашда ёрдам кўрсатиши, сотувда бўлган маҳсулотлар ассортименти уларни сақлаш усуллари билан таништириши, зарур бўлганда маҳсулотлар, ёрлиқлар, этикеткалардаги рақамли белгиларни тушунтириши лозим. Газламаларни сотиш чоғида харидорнинг илтимосига кўра сотувчи турли тикув маҳсулотлари тайёрлаш учун зарур бўлган газлама миқдорини аниқлаш, тегишли андозани танлашда ёрдам бериши лозим.


47. Савдо корхоналари газлама, кийим-кечак сотишда харидорларга дўконда харид қилинган кийим-кечакни қайта тикиш (буюмларни қисқартириш ёки узайтириш, тугмаларни қайта жойлаштириш, бош кийимларни тортиб кенгайтириш), газламаларни бичиш каби комплекс қўшимча хизматлар кўрсатиши мумкин.


48. Харидорга асосий харид билан бирга маҳсулотни сақлаш ёки гардеробни тўлдириш учун мўлжалланган ёндаш товарлар харид қилиш имконияти берилиши лозим.


49. Сотувчи, назоратчи харидорга газлама, кийим-кечак, пойафзал сотилиши чоғида унинг иштирокида товар сифатини (механик бузилишлар, ифлосланиш, бошқа ташқи камчиликлар), ўлчовнинг (миқдорнинг) аниқлиги, харид қиймати ҳисобининг тўғрилигини текширишлари лозим.

Сотиш жараёнида қўпол камчиликлар аниқланган товар сотувдан олиб қўйилади.


50. Газлама, кийим-кечак, пойафзал харидорга қўшимча тўлов ундирилмаган ҳолда қоғозга, қутига ёки бошқа тахлаш материалига солиб берилади.


51. Харид билан бирга харидорга мажбурий тартибда савдо корхонаси реквизитлари, сотилган кун, нарх кўрсатилган касса ёки товар чеки берилади.



VI. РАДИОТОВАРЛАР ВА МАИШИЙ ЭЛЕКТР ТОВАРЛАР


52. Радиотоварлар ва маиший электр товарлар савдо залига ёки харидни бериш жойига ўтказилгунга қадар савдоолди тайёргарлигидан ўтказилиши лозим.

Савдоолди тайёргарлиги маҳсулотни очиш, завод мойларини, чангларни, қириндиларни тозалаш, бутлигини ҳамда зарур бўлганда унинг йиғилишини текшириш, шунингдек маҳсулот сифатини, нархнинг тўғрилигини, маркаланганлиги, фойдаланиш йўриқномаларининг ва кафолат талонларининг мавжудлигини текширишларни ўз ичига олади.

Бутланган ва техник жиҳатдан мукаммал терилган маҳсулотлар электр тармоғига улаб текшириб кўрилади. Тикув машиналарининг ишлаши текширилади, радиоаппаратлар эса бошқарилади ҳамда мосланади.


53. Паст сифатли, бутланмаган ёки ифлосланган товарларни, йўриқномаларсиз, паспорт ва кафолат талонларисиз маҳсулотларни сотиш тақиқланади.


54. Савдо зали ва ойна витриналарида жойлашган радиотоварлар ва маиший злектр товарларнинг барча намуналарининг маҳсулот номи, унинг маркаси, артикули ва нархи кўрсатилган, шунингдек маҳсулотнинг асосий техник хусусиятларини ўз ичига олувчи қисқа аннотацияси бўлган аниқ расмийлаштирилган ёрлиғи бўлиши лозим.


55. Харидорлар томонидан товарларни танлаш ва уни текшириш учун савдо залида электр ўлчаш ва синов приборлари (шитлар ёки пультлар) ўрнатилади.


56. Радиотоварлар ёки маиший электр товарлар сотувчиси айрим маҳсулотларнинг тузилиши, ажралиб турувчи белгилари, мақсади, хусусиятларини, уларни амалда синаб кўриш методларини, тутиш усуллари, сақлаш режимини билиши, маҳсулотларнинг асосий камчиликларини аниқлай олиши, товарлар тегишли гуруҳларининг ассортименти ва уларнинг ўзаро ўринларини босишини, нархлар ҳамда товарлар тўғрисидаги бошқа маълумотларни яхши билиши, харидорларга малакали ёрдам бериши лозим.


57. Радиотоварлар ва маиший электр товарларнинг айрим турларини сотишда сотувчи харидорни савдода мавжуд бўлган ҳамроҳлик қилувчи товарлар ва эҳтиёт деталлари тўғрисида хабардор этиши лозим.


58. Сотувчи (механик, назоратчи) товарни сотувчига чиқаришда, унинг иштирокида товар сифатини (ташқи кўринишини кўриб чиқиш, электр тармоғига улаш йўли билан), қисмларга ажратилган ҳолда сотиладиган буюмларнинг бутлигини, паспорти, кафолат талони ва фойдаланиш қоидалари ҳақидаги йўриқномани, ўлчов ёки миқдорининг аниқлиги (шнур, симлар, майда электр товарлари), нархнинг тўғрилигини текширади.


59. Радиотоварлар ва маиший электр товарларни хизматнинг кафолат талонлари билан сотишда дўкон ходимлари маҳсулот паспорти (кафолат талони)да сотилиш санаси ва жойини, зарур ҳолларда эса кафолатли таъмирлаш устахонаси манзилини кўрсатадилар.


60. Товар билан бирга харидорга дўкон рақами (номи), сотилган сана, артикул, нав, нарх ёки белгиланган реквизитли тўланган чек мажбурий тартибда берилади.


61. Радиотоварлар ва маиший электр товарлар дўконда бепул ўраб берилади.

Харидорнинг ҳоҳишига қараб йирик габаритли маҳсулотлар, маҳсулот мазкур қоидаларга мувофиқ албатта олдиндан текширилган ҳолда, тегишли ёғоч идиш (ўрам)да сотилиши ҳам мумкин. Бундай ҳолатда идиш қиймати қўшимча ундирилади.


62. Йирик ҳажмли радиотоварлар ва маиший электр товарларни харидор томонидан кўрсатилган манзилга етказиб беришни одатда ушбу товарни сотган савдо корхонаси ташкил этади.

Йирик ҳажмли товарни харидор кучи билан белгиланган жойга етказиб беришда савдо корхонаси ушбу товарни харидорнинг транспорт воситасига юклашни бепул амалга ошириши керак.


63. Техник жиҳатдан мукаммал тузилган товарларнинг айрим турларининг стандартлари ёки техник шартлари ва фойдаланиш қоидалари сотувчиларни ўзи улаши ёки ишлатиб кўришига йўл қўймаса, бу операциялар дўкон механиги ёки дўкон топшириғига кўра кафолатли хизмат кўрсатиш устахонаси механиги томонидан харидорнинг уйида амалга оширилади.

Бундай маҳсулотларни ўрнатиш, улаш ва ишлатиш, шунингдек фойдаланиш қоидалари тўғрисида йўл-йўриқ бериш сотиш кунидан ёки харидор устахона ёки дўконга мурожаат қилган кундан бир ҳафтадан кечиктирилмай амалга оширилади.



VII. МАЗКУР ҚОИДАЛАРГА РИОЯ ЭТИЛИШИНИ

НАЗОРАТ ҚИЛИШ


64. Мазкур қоидаларга риоя этилиши устидан назорат қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.


65. Текширувчи органлар (муассасалар) мазкур Қоидаларга риоя этилишини текширувга мутахассислар, харидорларнинг жамоат ташкилотлари вакилларини жалб этишлари мумкин.

Савдо корхонаси текширув ўтказишда текширувчи шахсларга ёрдам кўрсатиш ҳамда камчилик ва бузилишларни тузатиш чораларини кўришлари лозим.

Савдо корхонасида ҳамма учун кўринарли жойда харидорларнинг ариза ва таклифлари дафтари бўлиши лозим.



VIII. НИЗОЛАРНИ ҲАЛ ЭТИШ ҲАМДА

ЖАВОБГАРЛИККА ТОРТИШ


66. Сотувчи ва харидор ўртасида низолар юзага келган тақдирда уларнинг ҳаракатларига шикоят ёки қарор бузилган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш устидан давлат назоратини амалга оширишга ваколатли бўлган органларга ёки судга берилади.


67. "Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида", "Стандартлаштириш тўғрисида", "Метрология тўғрисида", "Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаш тўғрисида"ги Қонунлар моддаларини ҳамда мазкур Қоидалар талабларини бузиш жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.
































Время: 0.1935
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск