язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Транспорт/ Ҳаво транспорти/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 13.07.1999 й. 343-сон "Фуқаро авиациясининг халқаро парвозларини кенгайтириш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

13.07.1999 й.

N 343



ФУҚАРО АВИАЦИЯСИНИНГ ХАЛҚАРО

ПАРВОЗЛАРИНИ КЕНГАЙТИРИШ

ТЎҒРИСИДА


Амалга оширилаётган йўловчи ва юк ташишлар географиясини янада кенгайтириш, Ўзбекистон Республикасининг тарихий ва маданий марказларига тўғридан-тўғри ҳаво йўлларини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Бухоро ва Урганч шаҳарлари аэропортларига халқаро аэропорт мақоми берилсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмита, Давлат божхона қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Бухоро ва Урганч шаҳарлари аэропортларида чегара, божхона, санитария ва ветеринария назоратини амалга ошириш учун фаолият йўналиши бўйича, тасдиқланган ходимлар сони доирасида Ўзбекистон Республикаси чегараси орқали ўтказиш пунктлари ташкил этсинлар.


3. "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси:

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Давлат божхона қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг тегишли бўлинмаларини зарур хизмат хоналари, махсус асбоб-ускуналар ва техника билан таъминласин;

чегара, божхона, ветеринария ва санитария назоратини, шунингдек авиация хавфсизлиги мақсадидаги назоратни самарали амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратсин.


4. "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпаниясига, зарур тартиботларга риоя қилинган тақдирда ва Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Давлат божхона қўмитаси билан келишган ҳолда Андижон, Қарши, Наманган, Нукус ва Фарғона шаҳарлари аэропортларидан чартер халқаро қатновларни амалга оширишига рухсат этилсин.

5. Ўзбекистон Республикаси парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси билан биргаликда авиация хавфсизлиги талабларини ҳисобга олган ҳолда Бухоро ва Урганч шаҳарлари аэропортларини сертификациялаштирсин.


6. "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси Ўзбекистон Республикаси парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси билан биргаликда Бухоро ва Урганч шаҳарлари аэропортлари мақоми бўйича маълумотларни тайёрлашни ва аэронавигация ахборотлари халқаро тўпламларида эълон қилишни ташкил этсин.


7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Л.А. Ахметов зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                                  И. Каримов