язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Транспорт/ Ҳаво транспорти/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 21.08.2008 й. 188-сон "Халқаро парвозлар учун Навоий аэропортини очиш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

21.08.2008 й.

N 188



ХАЛҚАРО ПАРВОЗЛАР УЧУН НАВОИЙ

АЭРОПОРТИНИ ОЧИШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикасининг Ҳаво кодексига мувофиқ ва Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиациясининг халқаро парвозларини кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлигининг ҳаво кемаларининг халқаро парвозлари учун Навоий шаҳри аэропортини очиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.


2. "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси Ўзбекистон Республикаси парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси билан биргаликда бир ой муддатда Навоий шаҳри аэропорти мақоми бўйича маълумотлар тайёрланишини ва уларнинг аэронавигация ахборотлари халқаро тўпламларида эълон қилинишини ташкил этсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизматининг Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Навоий шаҳри аэропортининг ўтказиш пунктларида чегара, божхона, санитария ва ветеринария назоратини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширсинлар.

4. "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизматининг Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли бўлинмаларини Навоий шаҳри аэропортида чегара, божхона, санитария ва ветеринария назоратини самарали амалга ошириш учун зарур хизмат бинолари, алоқа воситалари, асбоб-ускуналар ва махсус техника билан бепул таъминласин.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                     И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2008 йил, 34-сон, 334-модда.