язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Транспорт/ Ҳаво транспорти/ Ҳаво кемаларининг халқаро парвозлари учун Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси аэропортлари (аэродромлари)ни очиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 29.10.2009 й. 289-сон қарорига илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2009 йил 29 октябрдаги

289-сон қарорига

ИЛОВА



Ҳаво кемаларининг халқаро парвозлари учун

Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси

аэропортлари (аэродромлари)ни

очиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг Ҳаво кодексига мувофиқ ҳаво кемаларининг халқаро парвозлари учун Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси аэропортлари (аэродромлари)ни очиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


аэропорт ҳаво кемаларини қабул қилиш ва жўнатиш, ҳаво кемаларидаги ташувларга хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган ҳамда ушбу мақсадлар учун аэродром, аэровокзал, бошқа иншоотлар, шунингдек зарур асбоб-ускуналарга эга бўлган иншоотлар комплекси;


аэродром ер ёки сув юзасидаги махсус жиҳозланган участка, ушбу юзада жойлашган ҳаво кемаларининг келиши, уларни жўнатиш ва ҳаракатланиши учун тўлиқ ёки қисман мўлжалланган бинолар, иншоотлар ва асбоб-ускуналар;


аэропорт (аэродром)дан фойдаланувчи ижара шартномаси ёки Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа асослар бўйича мулкчилик ҳуқуқида мазкур аэропорт Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ ўзига тегишли бўлган Ўзбекистон Республикасининг, шунингдек бошқа давлатнинг аэродромнинг мувофиқлик сертификатига эга бўлган юридик шахси ёки фуқароси.


3. Халқаро парвозлар учун фуқаро авиацияси аэропортлари (аэродромлари)ни очиш Ўзбекистон Республикаси Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси (кейинги ўринларда "Дававианазорат" инспекцияси деб аталади) таклифи асосида қабул қилинадиган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан амалга оширилади.


4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг халқаро парвозлар учун аэропорт (аэродром) очиш тўғрисидаги қарори аэропортга (аэродромга) "халқаро" мақоми берилишини англатади.



II. ХАЛҚАРО ПАРВОЗЛАР УЧУН ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ФУҚАРО АВИАЦИЯСИ АЭРОПОРТИ (АЭРОДРОМИ)НИ

ОЧИШ ТАРТИБИ


5. Аэропорт (аэродром)дан фойдаланувчи ҳаво кемаларининг халқаро парвозлари учун аэропорт (аэродром) очиш юзасидан "Дававианазорат" инспекциясига буюртманома беради.

Буюртманомага қуйидагилар илова қилинади:

1) аэропортлар учун:

аэропортнинг тузилмаси;

аэропортдаги хизматлар тўғрисидаги низомлар нусхалари;

аэропортнинг штат жадвали ва унинг ходимлар билан таъминланганлиги;

аэродромнинг мувофиқлик сертификати нусхаси;

чегара, божхона, иммиграция, санитария, карантин ва ветеринария назоратини амалга ошириш учун тегишли хизматларни, шунингдек рўйхатдан ўтказиш залларини (жойларини), авиачипталар сотиш кассаларини, маълумотлар бюросини, юк сақлаш камераларини, она ва бола хоналарини, дўконлар (киоскалар)ни, валюталар алмаштириш пунктларини, дорихонани, тиббиёт пунктларини, почта ва телеграф алоқаси, халқаро ва шаҳарлараро алоқа хизматларини жойлаштириш режаси;

2) аэродромлар учун:

аэродромнинг тузилмаси;

аэродромдаги хизматлар тўғрисидаги низомлар нусхалари;

аэродромнинг штат жадвали ва унинг ходимлар билан таъминланганлиги;

аэродромнинг мувофиқлик сертификати нусхаси;

чегара, божхона, иммиграция, санитария, карантин ва ветеринария назоратини амалга ошириш учун тегишли хизматларни жойлаштириш режаси.


6. Буюртманома у "Дававианазорат" инспекциясида рўйхатдан ўтказилган кундан бошлаб бир ой мобайнида кўриб чиқилади. "Дававианазорат" инспекцияси мазкур ой мобайнида аризачига буюртманома қабул қилинганлиги ёки рад этилганлиги тўғрисида ёзма шаклда хабар беради.


7. Халқаро парвозлар учун очиш юзасидан аризада кўрсатилган фуқаро авиацияси аэропорти қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари, Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Ташқи ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси тегишли бўлинмаларининг самарали фаолият кўрсатиши учун зарур шарт-шароитларнинг мавжудлиги;

халқаро ҳаво ташувларига хизмат кўрсатиш учун тайёргарликка эга бўлган аэропорт ходимларининг мавжудлиги;

халқаро юк ташувларини амалга ошириш учун юк комплексининг мавжудлиги:

халқаро йўловчилар ташувларини амалга ошириш учун рўйхатдан ўтказиш заллари (жойлари), авиачипталар сотиш кассалари, маълумотлар бюроси, юк сақлаш камералари, она ва бола хоналари, дўконлар (киоскалар), валюта алмаштириш пунктлари, дорихоналар, тиббиёт пунктлари, почта ва телеграф алоқаси, халқаро ва шаҳарлараро алоқа хизматларининг мавжудлиги.


8. Халқаро парвозлар учун очиш юзасидан аризада кўрсатилган фуқаро авиацияси аэродроми қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари, Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Ташқи ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси тегишли бўлинмаларининг самарали фаолият кўрсатиши учун зарур шарт-шароитларнинг мавжудлиги;

халқаро юк ташувларига хизмат кўрсатиш учун тайёргарликка эга бўлган аэродром ходимларининг мавжудлиги;

халқаро юк ташувларини амалга ошириш учун юк комплексининг мавжудлиги.


9. Тақдим этилган ҳужжатлар асосида "Дававианазорат" инспекцияси аэропорт (аэродром)ни текшириб кўради ва тегишли далолатнома тузади.

Ўтказилган текширишлар натижаларига кўра аэропорт ушбу Низомнинг 7-банди талабларига ва аэродром 8-банди талабларига мувофиқ бўлган тақдирда "Дававианазорат" инспекцияси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг халқаро парвозлар учун Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси аэропорти (аэродроми)ни очиш тўғрисидаги қарори лойиҳасини тайёрлайди.


10. Аэропорт (аэродром) халқаро парвозларни бажариш учун ҳаво кемаларини қабул қилиш ва чиқаришни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилингандан кейин амалга оширади.


11. Аэропорт ушбу Низомнинг 7-банди талабларига, аэродром эса 8-банди талабларига мувофиқ бўлмаган тақдирда "Дававианазорат" инспекцияси аризачига, аниқланган барча номувофиқликларни кўрсатган ҳолда, асосланган рад этиш хабарини юборади. Номувофиқликлар бартараф этилгандан кейин аэропорт (аэродром)дан фойдаланувчи буюртманомани такроран беришга ҳақлидир.



III. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


12. "Халқаро" мақомини олган аэропорт (аэродром)дан фойдаланувчи аэропорт (аэродром)нинг ушбу Низом ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлиги юзасидан жавоб беради.


13. Аэропорт (аэродром)дан фойдаланувчи томонидан ушбу Низом талабларининг бажарилиши юзасидан назоратни "Дававианазорат" инспекцияси амалга оширади, у қуйидаги ваколатларга эга:

аэропорт (аэродром)ларни улардан фойдаланиш жараёнида белгиланган тартибда текшириш;

белгиланган талабларга номувофиқликлар аниқланган тақдирда аэропорт (аэродром)дан фойдаланувчига уларни бартараф этиш муддатларини кўрсатган ҳолда топшириқнома юбориш;

қонун ҳужжатлари талабларининг бузилишлари аниқланган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига халқаро парвозлар учун аэропорт (аэродром)ни ёпиш тўғрисида таклифлар киритиш.


14. Халқаро парвозларни бажариш учун аэропорт (аэродром)ни ёпиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 45-сон, 482-модда.