язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Транспорт/ Ўзбекистон Республикаси Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 26.02.2004 й. 90-сон қарорига 2-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2004 йил 26 февралдаги

90-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Парвозлар хавфсизлигини

назорат қилиш давлат инспекцияси тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси (кейинги ўринларда матнда "Дававианазорат" инспекцияси" деб юритилади) фуқаро ва экспериментал авиация фаолияти, ҳаво кемалари эксплуатантлари, авиация корхоналари ва ташкилотлари томонидан ҳаво кемалари қатновлари хавфсизлигини таъминловчи белгиланган қоидалар ва нормаларга риоя этилиши устидан давлат назорати соҳасидаги сиёсатни олиб бориш бўйича Ўзбекистон Республикаси авиация маъмурияти функциясини амалга оширувчи давлат органи ҳисобланади.

"Дававианазорат" инспекцияси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.


2. "Дававианазорат" инспекцияси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Олий Мажлиснинг қарорлари ва бошқа ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига ҳамда мазкур Низомга амал қилади.


3. "Дававианазорат" инспекцияси ўз фаолиятини давлат бошқарувининг бошқа органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, маҳаллий давлат ҳокимият органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.


4. "Дававианазорат" инспекциясининг моддий-техника таъминоти, шунингдек ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш олинган лицензияларга (сертификатларга) мувофиқ авиация фаолиятини амалга оширишдан юридик шахслар томонидан олинаётган даромадлардан мажбурий тўловлар ҳисобига амалга оширилади. Мажбурий тўловлар миқдори "Дававианазорат" инспекциясининг жорий йилга Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган харажатлар сметаси доирасида юридик шахсларнинг ўтган йилги даромадларига мутаносиб равишда белгиланади.

5. "Дававианазорат" инспекцияси юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.



II. "ДАВАВИАНАЗОРАТ" ИНСПЕКЦИЯСИНИНГ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


6. Қуйидагилар "Дававианазорат" инспекциясининг асосий вазифалари ҳисобланади:

фуқаро ва экспериментал авиация фаолияти соҳасида давлат назорати;

парвозлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича фуқаро авиацияси фаолияти соҳасидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда сертификатлаштириш ишларини ташкил этиш ва таъминлаш;

парвозлар хавфсизлигини таъминлаш, фуқаро ҳаво кемалари давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича норматив ва қоидаларни ишлаб чиқиш ҳамда такомиллаштириш;

ўз ваколатлари доирасида ҳаво қатновига хизмат кўрсатиш ташкил этилиши ва Ўзбекистон Республикасининг ҳаво ҳудудидан фойдаланиш устидан назорат қилиш;

фуқаро ҳаво кемаларини давлат рўйхатидан ўтказиш;

фуқаро авиациясининг авиация техникаси фойдаланиш-техник ҳужжатларини тасдиқлаш;

фуқаро ва экспериментал ҳаво кемалари билан юз берган авиация ҳалокати ва бахтсиз ҳодисаларни суриштириш;

аэропортларда ҳаво ташувларини амалга ошириш билан боғлиқ ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш бўйича фаолиятни лицензиялашни ташкил этиш;

халқаро ташкилотларда Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси манфаатларини ифодалаш, "Дававианазорат" инспекцияси ваколатларига тегишли бўлган масалалар бўйича бошқа давлатларнинг авиация маъмуриятлари ва тузилмалари билан ўзаро алоқа қилиш ҳамда ҳамкорликни таъминлаш.


7. "Дававианазорат" инспекцияси ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

а) қуйидагиларга риоя этилиши устидан давлат назоратини ташкил этади ва амалга оширади:

парвозларни ташкил этиш, таъминлаш ва бажариш қоидалари, фуқаро ҳаво кемаларидан фойдаланиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш қоидалари;

фуқаро ҳаво кемаларини ишлаб чиқариш қоидалари (улардан фойдаланиш жараёнида ушбу кемаларнинг парвозлари хавфсизлигига таъсир қилувчи ишлаб чиқариш нуқсонлари аниқланган тақдирда);

фуқаро ва экспериментал авиация аэродромларидан, биргаликда фойдаланиладиган (жойлашган) аэродромлардан фуқаро ҳаво кемалари қатновлари хавфсизлигини таъминлашга оид қисми юзасидан фойдаланиш қоидалари, шунингдек ер устидаги асбоб-ускуналардан фойдаланиш қоидалари;

фуқаро ҳаво кемалари парвозлари хавфсизлигини таъминлашга тегишли қисми юзасидан (ходимларни текшириш ва уларни ишга қўйиш ҳам шу жумлага киради) авиация ходимларини тайёрлаш қоидалари;

фуқаро ҳаво кемаларининг учишга яроқлилиги нормалари;

фуқаро ва экспериментал авиация аэродромлари фойдаланишга яроқлилиги нормалари;

фуқаро ва экспериментал авиация ходимларини тиббий кўрикдан ўтказиш қоидалари;

авиация хавфсизлигини таъминлаш нормалари, қоидалари ва тартиб-қоидалари, шунингдек бошқа норматив ҳужжатлардаги авиация қоидалари;

б) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қуйидагиларни ташкил этади ва амалга оширади:

ҳаво кемалари эксплуатантларини сертификатлаштириш, авиация техникасига техника хизмати кўрсатиш ташкил этиш;

фуқаро ва экспериментал авиация аэродромларини, биргаликда фойдаланиладиган (жойлашган) аэродромларни, авиация ходимларини, фуқаро авиациясининг авиация ўқув марказларини сертификатлаштириш;

фаолияти парвозлар хавфсизлигини таъминлаш билан бевосита боғлиқ бўлган фуқаро авиациясининг бошқа объектлари ва субъектларини сертификатлаштириш (тегишли сертификатлар ёки гувоҳномалар берилган ҳолда);

фуқаро авиацияси объектларига хорижий сертификатларни, хорижий давлатларнинг авиация мутахассисларига берилган сертификатларни (гувоҳномаларни) эътироф этиш;

в) фуқаро ҳаво кемаларининг учишга яроқлилиги нормаларини, фуқаро ва экспериментал авиация аэродромлари фойдаланишга яроқлилиги нормаларини, шунингдек:

авиация техникасига техник хизмат кўрсатиш ташкил этишни сертификатлаш;

фуқаро ва экспериментал авиация аэродромларини, биргаликда фойдаланиладиган (жойлашган) аэродромларни сертификатлаштириш;

фуқаро авиацияси авиация ўқув марказларини, шунингдек фаолияти парвозлар хавфсизлигини таъминлаш билан бевосита боғлиқ бўлган фуқаро авиациясининг бошқа объектлари ва субъектларини сертификатлаштириш;

парвозларни ташкил этиш ва таъминлаш, фуқаро ва экспериментал ҳаво кемаларидан учишда ва техник мақсадларда фойдаланишни ташкил этиш, фуқаро ҳаво кемалари давлат рўйхатидан ўтказиш, ҳаво қатновини ташкил этиш, парвозларни аэродром билан таъминлаш;

ҳаво кемаларида ташиш ва авиация ишлари;

авиация ходимларини касб фаолиятига қўйиш тартиби тўғрисидаги норматив ҳужжатларни ишлаб чиқади;

г) ўз ваколатлари доирасида ҳаво қатновини ҳамда Ўзбекистон Республикасининг ҳаво ҳудудидан фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши устидан давлат назоратини белгиланган тартибда ташкил этади ва амалга оширади;

г-1) ҳаво транспорти соҳасида ташувчиларнинг йўловчилар ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига зарар етказганлик учун қонунда белгиланган ўз фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича мажбурияти бажарилишини назорат қилишни амалга оширади;

д) ҳаво қатновига хизмат кўрсатувчи корхоналар ва ташкилотларни белгиланган тартибда текширади;

е) хорижий давлатларнинг эксплуатантлари томонидан Ўзбекистон Республикасига мунтазам қатновлар бажарилиши учун фойдаланиш рухсатномалари беради ва ҳаво транспорти орқали хавфли юклар, қурол-яроқ, ҳарбий техника, ҳарбий мол-мулк, портловчи моддалар ва буюмлар, шунингдек ҳарбий контингентлар транзитини амалга ошириш учун хулосалар беради;

ж) фуқаро ҳаво кемалари давлат реестрини юритади;

з) фуқаро ҳаво кемалари давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаларни ва фуқаро ҳаво кемаси нусхасига учишга яроқлилик сертификатларини белгиланган тартибда беради;

и) экспериментал ҳаво кемаларининг давлат ҳисобини юритади ва белгиланган тартибда экспериментал ҳаво кемаларини давлат ҳисобига олинганлиги тўғрисида гувоҳнома беради;

к) ҳаво кемаларидан техник ва учишда фойдаланиш бўйича ҳужжатларни тасдиқлайди;

м) Ўзбекистон Республикасининг фуқаро ва экспериментал авиацияси ҳаво кемалари ҳамда хорижий давлатларнинг фуқаро авиацияси билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида юз берган авиация ҳалокати ва бахтсиз ҳодисани текширишни ташкил этади ва амалга оширади;

н) Ўзбекистон Республикаси ҳаво кемалари билан бошқа давлатлар ҳудудида юз берган авиация ҳалокати ва бахтсиз ҳодисаларни текширишда белгиланган тартибда иштирок этади;

о) авиация ҳалокати ва бахтсиз ҳодиса материалларини белгиланган тартибда тегишли органларга тақдим этади;

п) аэропортларда ҳаво ташувларини амалга ошириш билан боғлиқ ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш бўйича фаолиятни лицензиялашни ташкил этади;

р) парвозлар хавфсизлигини таъминлаш, норматив-ҳуқуқий базани, ҳаво кемаларидан учишда ва техник мақсадларда фойдаланишни такомиллаштириш, ҳаво навигацияси, ҳаво қатновини ташкил этиш, фуқаро авиацияси инспекторлар таркиби тайёргарлигини такомиллаштириш, авиация ҳалокати ва бахтсиз ҳодисани текшириш масалалари бўйича халқаро ташкилотлар, конференциялар ва семинарлар ишида иштирок этади.



III. "ДАВАВИАНАЗОРАТ" ИНСПЕКЦИЯСИНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


8. "Дававианазорат" инспекцияси ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга бўлади:

ўз ваколатлари доирасида ҳаво кемалари эксплуатантлари, авиация корхоналари ва ташкилотларининг, шунингдек, агар халқаро битимда ўзгача ҳол назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистонга мунтазам парвозларни амалга оширувчи хорижий эксплуатантларнинг фуқаро ва экспериментал авиация ҳаво кемалари парвозлари хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ фаолиятини белгиланган тартибда текшириш;

Ўзбекистон Республикасининг авиация қоидаларини тасдиқлаш;

тегишли вазирликлар, идоралар, корхоналар ва ташкилотлардан, юридик ва жисмоний шахслардан "Дававианазорат" инспекциясига юкланган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган масалалар бўйича маълумотлар ва материалларни қонун ҳужжатларига мувофиқ талаб қилиш ва олиш;

учиш ишларини ташкил этиш ва ҳаво қатновига хизмат кўрсатишда, фуқаро ва экспериментал авиациянинг ҳаво кемаларидан учишда ва техник фойдаланишда аниқланган қоида бузишларни бартараф этиш, кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида ахборот тақдим этиш муддати кўрсатилган ҳолда парвозларни таъминлаш, авиация ходимларининг касб тайёргарлиги тўғрисида ижро этиш учун кўрсатмалар киритиш;

парвозлар хавфсизлигига таҳдид солаётган камчиликлар аниқланганда ҳаво кемалари эксплуатантларининг сертификатлари амал қилишини, фуқаро ҳаво кемаси нусхасига учишга яроқлилик сертификатлари амал қилишини, фуқаро ва экспериментал авиация аэродромларининг мувофиқлик сертификатлари амал қилишини, фуқаро авиацияси мутахассисларининг гувоҳномалари амал қилишини белгиланган тартибда тўхтатиб туриш;

ҳаво транспорти соҳасида ташувчиларнинг йўловчилар ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига зарар етказганлик учун қонунда белгиланган ўз фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича мажбурияти бажарилмаганлиги учун айбдор шахсларни қонун ҳужжатларида назарда тутилган жавобгарликка тортиш ҳақида суд органларига тақдимномалар киритиш;

вазирликлар ва идораларга зарур ишларни бажаришни, фуқаро ва экспериментал авиациянинг ҳаво кемалари билан юз берган авиация ҳалокати ва бахтсиз ҳодисани текшириш жараёнида суриштириш, синаш ва ўрганишни белгиланган тартибда топшириш;

"Дававианазорат" инспекцияси ваколатларига киритилган масалалар бўйича бошқа давлатларнинг тегишли ташкилотлари билан белгиланган тартибда алоқа қилиш ва ўз ваколатига тегишли бўлган Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари бажарилишини таъминлаш;

ички ва халқаро ҳаво йўлларида қатновларни амалга оширишда "Дававианазорат" инспекцияси мутахассисларини белгиланган тартибда ҳаво кемалари экипажлари таркибига текширувчилар сифатида киритиш, шунингдек синов учишлари ва бир жойдан бошқа жойга кўчиришда ва авиация ишларининг бошқа турларида Ўзбекистон Республикаси эксплуатантининг ҳаво кемалари экипажлари таркибида парвозларни бажариш.

Сертификатлаштириш ва доимий назорат қилиш, фуқаро авиацияси халқаро ташкилотининг стандартлари ва тавсия этилаётган амалиётига мувофиқлигини назорат қилиш бўйича ҳаво кемаси экипажи таркибига киритилган "Дававианазорат" инспекцияси мутахассисларининг фаолияти билан боғлиқ харажатлар ҳаво кемалари эксплуатантлари томонидан қопланади.

"Дававианазорат" инспекцияси Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши мумкин.

"Дававианазорат" инспекцияси ходимлари "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг давлат назорати тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ назоратни амалга оширишда, ўз ваколатлари доирасида хизмат гувоҳномасини кўрсатган ҳолда ҳаво кемалари эксплуатантларига, фуқаро ва экспериментал авиация соҳасидаги фаолиятни амалга ошираётган корхоналар ва ташкилотларга белгиланган тартибда тўсиқсиз киришга ҳақлидирлар.


9. "Дававианазорат" инспекцияси ўзига юкланган вазифалар самарали бажарилиши учун жавоб беради.

"Дававианазорат" инспекцияси мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари устидан қонун ҳужжатларига мувофиқ шикоят қилинади.


10. "Дававианазорат" инспекциясининг мансабдор шахслари ўз хизмат мажбуриятлари зарур даражада бажарилмаганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.



IV. "ДАВАВИАНАЗОРАТ" ИНСПЕКЦИЯСИ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


11. "Дававианазорат" инспекциясига Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тасдиқланадиган ва лавозимдан озод этиладиган бошлиқ бошчилик қилади.

Бошлиқнинг белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган бир нафар ўринбосари бўлади.

12. "Дававианазорат" инспекцияси бошлиғи:

яккабошчилик асосида "Дававианазорат" инспекцияси фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади ва "Дававианазорат" инспекциясига юкланган вазифалар ва функциялар бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

"Дававианазорат" инспекцияси тузилмасига ўзгартиришлар киритади, ходимларнинг белгиланган умумий сони доирасида "Дававианазорат" инспекциясининг тат жадвалини, шунингдек Молия вазирлиги билан келишган ҳолда "Дававианазорат" инспекциясининг харажатлари сметасини тасдиқлайди;

"Дававианазорат" инспекциясининг таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомни тасдиқлайди;

"Дававианазорат" инспекцияси ходимларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади.

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


13. "Дававианазорат" инспекциясини қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2004 йил, 8-сон, 99-модда.