язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Меҳнат ва аҳолининг бандлиги/ Меҳнат муҳофазаси/ Турли соҳаларда меҳнат муҳофазаси ва ишлар хавфсизлиги қоидалари/ Табиий тошдан буюмлар (плиталар, блоклар) ишлаб чиқаришда меҳнатни муҳофаза қилиш Қоидалари (АВ томонидан 18.12.2009 й. 2056-сон билан рўйхатга олинган Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг 12.11.2009 й. 68-Б-сон Буйруғи билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2009 йил 18 декабрда 2056-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий

муҳофаза қилиш вазирининг

2009 йил 12 ноябрдаги

68-Б-сон буйруғига

ИЛОВА



Табиий тошдан буюмлар (плиталар, блоклар)

ишлаб чиқаришда меҳнатни муҳофаза қилиш

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 5-сон, 223-модда) мувофиқ табиий тошдан буюмлар (плиталар, блоклар) ишлаб чиқариш ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидалар табиий тошдан буюмлар (плиталар, блоклар) ишлаб чиқариш ташкилотларига (бундан кейинги ўринларда ташкилотлар деб юритилади) тааллуқлидир.


2. Мазкур Қоидалар ишлаб чиқариш биноларини ва иншоотларини лойиҳалаш, қуриш ва қайта қуришда, цехларни техник жиҳозлаш ва қайта жиҳозлашда, технологик жараёнлар ҳамда ускуналардан фойдаланишда ҳисобга олиниши лозим.


3. Мазкур Қоидалар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талаблари бажарилиши шарт эканлигини истисно этмайди.


4. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилишга доир қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларга риоя этилиши устидан давлат назорати бунга махсус ваколат берилган давлат идоралари томонидан, жамоатчилик назорати эса меҳнат жамоалари ва касаба уюшмаси ташкилотлари томонидан сайланадиган меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар томонидан амалга оширилади.



II. ХАВФСИЗЛИК БЎЙИЧА УМУМИЙ ТАЛАБЛАРИ


1-§. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этиш


5. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни ташкил қилиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил этиш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 273, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилади.


6. Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил қилиш тўғрисидаги намунавий низомга мувофиқ ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ички назоратнинг асосий турлари қуйидагилар ҳисобланади:

ишларга раҳбарлик қилувчи ва бошқа мансабдор шахсларнинг тезкор назорати;

маъмурий-жамоатчилик назорати (уч босқичли назорат);

бош мутахассислар хизмати томонидан амалга ошириладиган назорат.

Қуйидагилар назорат қилиниши лозим:

иш жойларининг аҳволи;

меҳнат қонунчилигига риоя қилиниши;

меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш вазифаларини амалга оширишга доир ишларни бажариш;

ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ўз вақтида, тўғри ўрганиб чиқилиши;

меҳнатни муҳофаза қилиш чора-тадбирларининг бажарилиши;

меҳнатни муҳофаза қилишга ажратилган маблағларнинг тўғри сарфланиши.


7. Ўзбекистон Республикаси "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 5-сон, 223-модда) 14-моддасига мувофиқ ходимлар сони 50 ва ундан ортиқни ташкил қилувчи ташкилотларда махсус тайёргарликдан ўтган шахслар орасида меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ташкил қилинади. Ходимлар сони 50 дан кам бўлган ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш функцияларини бажариш ташкилот раҳбарларидан бирининг зиммасига юклатилади.


8. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати вазифаларига ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик техникаси бўйича барча ишларни мувофиқлаштириш ва ушбу ишлар ўз вақтида бажарилишини назорат қилиш киради.


9. Ташкилотларда қуйидаги асосий ҳужжатлар ишлаб чиқилади (тасдиқланади) ва юритилади:

меҳнат шароитлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини яхшилаш, санитария-соғломлаштириш чора-тадбирларини ўз ичига олган жамоавий шартнома;

тасдиқланган меҳнат шароитларини баҳолаш ва иш ўринларини аттестация қилиш услубига мувофиқ иш ўринларини аттестация қилиш карталари;

меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг чораклик иш режалари;

ишчилар ва муҳандис-техник ходимларни ўқитиш, йўл-йўриқ бериш ва билимларини синовдан ўтказиш дастурлари;

меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича маъмурий-жамоатчилик назоратини юритиш журнали (уч босқичли назорат);

ишчи ва хизматчилар билан ёнғинга қарши йўл-йўриқ бериш ва ёнғин-техникавий минимум машғулотларини ўтказиш дастури;

ҳар бир касб ва иш турлари бўйича меҳнатни муҳофаза қилиш йўриқномалари.


10. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ўз мақомига кўра ташкилотнинг асосий хизматларига тенглаштирилади ва унинг раҳбари ёки бош муҳандисига бўйсунади ҳамда ташкилотнинг фаолияти тугатилган тақдирда бекор қилинади.


11. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг мутахассислари лавозим йўриқномасига биноан уларнинг мажбуриятларига киритилмаган ишларни бажаришга жалб қилиниши мумкин эмас.


12. Ташкилотларда меҳнат фаолияти билан боғлиқ равишда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва бошқа жароҳатланишларни ўрганиш ва ҳисобини юритиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сонли қарори билан тасдиқланган "Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисида"ги низомга мувофиқ амалга оширилиши лозим.



2-§. Ходимларга йўл-йўриқ бериш, ўқитиш ва уларнинг

билимларини синовдан ўтказиш ишларини ташкил этиш


13. Ташкилотларнинг барча ходимлари, шу жумладан раҳбарлари ўз касблари ва иш турлари бўйича белгиланган тартибда ўқишлари, йўл-йўриқлар олишлари, билимлари синовдан ўтказилиши лозим.


14. Бевосита ишлаб чиқаришда ишларни ташкиллаштириш ва бажариш билан боғлиқ ишчилар, раҳбарлар, муҳандис-техник ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича билимларини синовдан ўтказиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ўқишларни ташкил қилиш ва билимларни синаш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 272, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилиши лозим.



3-§. Ўта хавфли касблар ва ишлар рўйхати


15. Ташкилот ўта хавфли шароитда бажариладиган касблар ва ишлар рўйхатига эга бўлиши лозим. Рўйхатда аниқ технологик жараён, ишлаб чиқариш ускунаси, ишлатиладиган хом ашё ва ишларни амалга ошириш хусусиятлари билан боғлиқ хавфлар ҳисобга олиниши лозим. Рўйхатга хавфли моддалар билан бажариладиган ишлар, баландликда, ифлосланган ҳаво ва сув муҳитида, юқори ҳарорат ва намлик шароитида бажариладиган ишлар, буғ ва сув иситиш қозонлари, юк кўтариш механизмлари, босим остида ишлайдиган сиғимлар, электр ускуналарга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ишлар ҳамда амалдаги тармоқ рўйхатларига мувофиқ бошқа ишлар киритилиши шарт.


16. Ўта хавфли ишларга фақат махсус ўқитилган, ушбу ишларни бажариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатга эга бўлган ходимлар қўйилади.


17. Барча ходимлар ўта хавфли ишларни бажариш топшириғини олишдан олдин, меҳнат муҳофазаси бўйича йўл-йўриқ олиши ва ишларни хавфсиз бажариш усулларини ўзлаштириб олиши шарт.


18. Ўта хавфли ишларни бажариш, фақат белгиланган тартибда масъул ходим қўл қўйиб расмийлаштирилган махсус наряд-рухсатномага мувофиқ амалга оширилиши лозим.


19. Ташкилот (цех) раҳбарияти ўта хавфли ишларни режалаштиришда, ташкиллаштиришда ва хавфсиз бажаришда белгиланган талабларга мувофиқ амалга оширилишига тўла жавобгардирлар.



4-§. Хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари


20. Ходимлар хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари, уларнинг тавсифи, юзага келиш манбалари, ишчиларга таъсир қилиш хусусиятлари ва саломатлик учун хавфлилик даражаси ва келгусидаги оқибатлари тўғрисида тўлиқ маълумотга эга бўлиши лозим.


21. Иш жойларидаги ишлаб чиқариш муҳити ва меҳнат жараёнининг хавфли ҳамда зарарли омиллари тўғрисидаги маълумотлар ишлаб чиқариш муҳитининг физик, кимёвий, радиологик, микробиологик ва микроиқлим ўлчови натижалари, шунингдек меҳнатнинг оғирлиги иш жойларини меҳнат шароитлари бўйича аттестация қилиш орқали тасдиқланиши лозим.


22. Ҳар битта ташкилот ёки алоҳида ишлаб чиқариш хавфли ва зарарли меҳнат шароитларга эга бўлган касблар, иш ўринлари ва ҳудудларининг Санитария қоидалари ва меъёрларига мувофиқ зарарлилик ва хавфлилик синфи кўрсатилган рўйхатига ҳамда ишлаб чиқариш омилларининг зарарлилик ва хавфлилик кўрсаткичлари, меҳнат жараёнининг оғирлик кўрсаткичлари бўйича меҳнат шароитларининг амалдаги гигиеник таснифига эга бўлиши лозим.


23. Янги зарарли моддалар пайдо бўлишига ёки хавфли ва зарарли омиллар йўқолишига олиб келадиган технологик жараёнлар ўзгаришларида ёхуд янги ишлаб чиқариш ускуналарини жорий қилишда рўйхатларга тегишли ўзгартиришлар киритилиши лозим.



5-§. Жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситаларини қўллаш


24. Ташкилотларда зарарли ишлаб чиқариш омилларининг таъсирини камайтириш ёки уларни бартараф этиш учун жамоа ва якка тартибдаги ҳимоя воситалари қўлланилиши лозим.


25. Жамоавий ҳимоя қилиш воситалари жумласига қуйидагилар киради:

ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларининг ҳаво муҳитини нормаллаштириш воситалари (шамоллатиш ва ҳаво тозалаш, иситиш, ҳаво ҳароратини, намлигини бир хил меъёрда сақлаш ва бошқалар);

ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларининг ёруғлигини нормаллаштириш воситалари (ёритиш асбоблари, ёруғлик ўринлари, ёруғликдан ҳимоя қилиш мосламалари ва бошқалар);

шовқин, тебранма, электр токи уриши, статик электр, ускуналар юзасининг юқори даражадаги ҳароратдан ҳимоя қилиш воситалари;

механик ва кимёвий омилларнинг таъсиридан ҳимоя қилиш воситалари.


26. Якка тартибдаги ҳимоя воситалари қуйидаги турларга бўлинади:

махсус кийим-кечак;

махсус пойабзал;

махсус бош кийими;

нафас аъзоларининг ҳимоя воситалари;

қўлни ҳимоялаш воситалари;

бош учун ҳимоя воситалари;

юзни ҳимоялаш воситалари;

эшитиш аъзоларини ҳимоя қилиш воситалари;

кўзни ҳимоя қилиш воситалари.


27. Ташкилот маъмурияти ходимларни белгиланган меъёрларга мувофиқ, керакли якка тартибдаги ҳимоя воситалари билан таъминлаши, улардан фойдаланиш муддатларига ҳамда сақлаш, ювиш, тозалаш ва таъмирлаш бўйича зарурий шартларига риоя қилинишини таъминлаган ҳолда якка тартибдаги ҳимоя воситаларини бериш ҳисобини юритиши шарт.



6-§. Касбий танлов


28. Ташкилотларда касбига кўра танлов ўтказилиши лозим бўлган касблар ва мутахассисликлар рўйхати бўлиши лозим.


29. Ташкилот мутахассислари, ишлаб чиқариш участкаларининг раҳбарлари тегишли маълумотга ва иш тажрибасига эга бўлиши лозим.


30. Босим остида ишловчи ускуналар ва хавфи юқори бўлган бошқа ишларда хизмат кўрсатувчи ходимлар махсус курсларда тайёргарликдан ўтган ва тегишли гувоҳномага эга бўлиши шарт.


31. Хавфли ишларга тегишли касбий маълумотга эга бўлмаган шахсларни қабул қилиш ман этилади.


32. "Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар меҳнатидан фойдаланиш тақиқланадиган меҳнат шароити ноқулай ишлар рўйхати"га (рўйхат рақами 1990, 2009 йил 29 июль) мувофиқ 18 ёшга тўлмаган шахслар зарарли ва ноқулай меҳнат шароити мавжуд ишларга қабул қилинмаслиги лозим.


33. "Аёллар меҳнатидан фойдаланиш қисман ёки тўлиқ тақиқланган ноқулай меҳнат шароитига эга ишлар рўйхати"га (рўйхат рақами 865, 2000 йил 5 январь) мувофиқ аёллар зарарли ва ноқулай меҳнат шароитига эга бўлган ишларга қабул қилинмайди.



7-§. Ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш


34. Ташкилот раҳбарияти (ёки иш берувчи) касаба уюшмаси қўмитаси ва соғлиқни сақлаш органлари билан биргаликда ҳар йили даврий тиббий кўрикдан ўтиши лозим бўлган ходимларнинг рўйхатини тузиши ҳамда ходимларнинг кўрикка келишини таъминлаши лозим.


35. Ташкилотларда ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш "Ходимларни ишга қабул қилишда дастлабки ва даврий тиббий кўрикдан ўтказиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги буйруғи (рўйхат рақами 937, 2000 йил 23 июнь) асосида амалга оширилиши лозим.

Ходимлар тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлашга ҳақли эмас.


36. Тиббий кўриклар ташкилотнинг тиббий-санитария қисмлари ва поликлиникалари, улар мавжуд бўлмаган ҳолда даволаш-профилактика муассасаси томонидан ўтказилиши лозим. Тиббий кўриклар даволаш-соғломлаштириш тадбирлари белгиланган текшириш далолатномаси билан якунланиши лозим.


37. Ташкилот раҳбарияти (ёки иш берувчи) ва касаба уюшмаси қўмитаси тиббий кўрик далолатномаси билан танишиб чиқиши, иш берувчи эса далолатномада кўзда тутилган барча тадбирлар ва кўрсатмаларни бажариши лозим.


38. Даврий тиббий кўриклар ўз вақтида, сифатли ўтказилиши ва тавсияларнинг бажарилиши учун жавобгарлик ташкилотнинг маъмурияти зиммасига юкланади.


39. Ходим тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлаган ёки тиббий комиссиялар томонидан ўтказилган текширишлар натижаларига кўра берилган тавсияларни бажармаган тақдирда, ташкилот раҳбарияти ушбу ходимни ишга қўйишга ҳақли эмас.



8-§. Ташкилот майдонларига бўлган хавфсизлик талаблари


40. Ташкилот майдонлари ва биноларни жойлашуви СанМваҚ II-89-80 "Саноат ташкилотларини бош плани"га мос бўлиши керак.


41. Ташкилотда транспорт воситаларини ва пиёдаларни ташкилот ҳудудида ҳаракатланиш чизмаси ишлаб чиқилган ва тасдиқланган бўлиши керак.

Транспорт воситалари ва ташкилот ҳудудида пиёдаларнинг ҳаракати чизмаси ташкилотга кириш ва чиқиш, ҳамда иш участкалари ва цехларнинг кўринарли жойларига осиб қўйилиши керак.


42. Ташкилотда автойўллар ёки пиёда йўлкалари билан туташган ички ташкилот темир йўллари учрашган жойларда автойўллар ва пиёдалар учун ўтиш йўллари бўлиши лозим.


43. Ташкилот майдонлари кўкаламзорлаштирилган ва сув қуйиш қувурлари тармоқлари билан таъминланган бўлиши керак.


44. Ташкилот майдонидаги ўтиш жойлари мустаҳкам ёпқичлар, сувлар оқиб кетадиган иншоотлар билан жиҳозлангани бўлиши керак.


45. Йилнинг ёз вақтида йўлкалар ва ўтиш жойларига сув сепилган, қишда қордан тозаланиб, қум сепилган бўлиши керак.


46. Ташкилотларда ҳаракатланувчи темир йўл составларини интенсив ҳаракатланишига ўтиш жойлари автоматик сигнал билан таъминланиши лозим.



9-§. Бино ва иншоотларга бўлган хавфсизлик талаблари


47. Ишлаб чиқариш ва ёрдамчи хоналарни (ҳарорати, нисбий намлиги, ҳавони ҳаракатланиш тезлиги ва бошқалар) микроиқлими ГОСТ 12.1.005-88 талабига жавоб бериши керак.


48. Ҳўл жараёнлардаги хоналарда, ҳамда иссиқ ўтказувчи полларда (бетонли, ғиштли, плитали ва бошқалар) мунтазам ишловчи ишчи жойларида ёғоч тўшамалар ва панжаралар ётқизилган бўлиши керак.

Пол тўшамалари зарарли моддалар, ишлаб чиқаришдаги кирлар ва чанглардан енгил тозаланишни таъминлаши керак.


49. Ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари СанМваҚ 2.09.02-85 "Ишлаб чиқариш бинолари" талабига мос келиши керак.


50. Ёрдамчи бинолар ва хоналар ҚМҚ 2.09.04-98 "Ташкилотларнинг маъмурий ва маиший бинолари" талабига мос келиши лозим.


51. Бинога транспорт воситаларини кириш жойлари дарвозалар ва сигнал асбоб-ускуналари билан таъминланган бўлиши лозим.


52. Дарвоза тавақалари ёпиқ ва очиқ ҳолатида махсус мосламалар мустаҳкам ўрнатилган бўлиши керак.


53. Автомобиль транспортини бинога кириши учун дарвоза эни фойдаланилаётган автомобиллар эни миқдоридан ошиқ бўлиши керак.


54. Дарвозалар баландлиги транспорт воситасининг баландлигидан камида 0,2 м дан ошиқ бўлиши керак.


55. Барча ташкилотларда бинолар ва иншоотлардан фойдаланиш ва ҳолатини мунтазам кузатиш ташкил этилган бўлиши керак.


56. Барча ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари бир йилда икки мартадан (баҳор ва кузда) кам бўлмаган ҳолда ташкилот раҳбари тайинлаган комиссия томонидан техник кўрикдан ўтказилиши лозим. Кўрик хулосалари, улардан топилган нуқсонларни бартараф этиш бўйича тадбирлар ва муддати кўрсатилган далолатномалар орқали расмийлаштирилиши керак.


57. Ходимлар учун хавф туғдирувчи ҳалокат тусидаги бузилишлар тезда бартараф этилиши керак. Ҳалокатни бартараф этилгунча ишлаб чиқариш жараёнлари хавфли ҳудудларда тўхталиши лозим, хизмат кўрсатувчи ходимлар хавфсиз жойга кўчирилиши керак.



10-§. Шамоллатиш ва иситиш тизимига қўйиладиган талаблар


58. Шамоллатиш ва иситиш ҚМҚ 2.04.05-97 "Иситиш, шамоллатиш ва кондиционерлаш" талабини қониқтириши лозим.


59. Оқимли шамоллатишларни ташқи ҳаво тизимидан олиш ердан камида 2 м баландликда бажарилиши лозим.


60. Ўтиш жойларида (галереяларда, зиналар майдончаларида ва шунга ўхшаш) жойлашган иситиш жиҳозлари (қувурлар, регистрлар ва шунга ўхшашлар), рухсат этилган ўтиш йўлкаларини энини камайтирмаслиги керак.


61. Ишчи жойларига очиқ дарвоза, эшик ёки технологик тешикдан келувчи ҳаво ҳарорати йилнинг совуқ даврида енгил жисмоний ишда 21° С, ўрта оғир ишда 17° С, оғир ишда 16° С дан паст бўлмаслиги керак.


62. Ходимларни исиниши учун хоналарда ҳаво ҳарорати 22° С дан кам бўлмаслиги керак.


63. Биноларда жойлашган ишчи майдонларидан, ходимларни исиниш хоналаригача бўлган масофа 75 м, ташкилот майдонидаги ишчи жойларидан 150 м дан кўп бўлмаслиги керак.



11-§. Сув таъминоти ва канализация тизимига қўйиладиган талаблар


64. Сув билан таъминлаш ва канализация тизими ҚМҚ 2.04.01-98 "Биноларни ички сув қувури ва канализацияси" талабига мос келиши керак.


65. Ташкилотни ишлаб чиқариш оқова сувлари, ташқи канализацияга етиб келгунча зарарли моддалардан тозаланиши керак.


66. Тозалангандан сўнг сувда зарарли моддаларни таркиби саноат ташкилотларини лойиҳалаштириш санитар нормалари ўрнатган, чегараланган рухсат этилган концентрациясидан ошиб кетиши керак эмас.


67. Ичимлик сувидан фойдаланиш учун сув қувурига уланган фавворачалар бўлиши керак. Сув қувурлари йўқ бўлганда бакларда қайнатилган сув бўлиши лозим.


68. Иссиқ ва қолиплаш цехларида, буғлантириш камералари бўлинмаларида ва қозонхоналардаги ишчилар сменада, таркибида 0,5% гача туз бўлган, бир кишига 4-5 л ҳисобида газли сув билан таъминланишлари керак.


69. Иш жойидан сув ичиш қурилмасигача бўлган масофа 75 м дан ошмаслиги керак.


70. Ичимлик сувни ҳарорати 8° С дан 20° С гача бўлиши керак.


71. Ташкилот ҳудудидаги ҳожатхоналар иссиқ ва канализацияланган бўлиши лозим.


72. Ташкилотда канализация тизими йўқ бўлганда Давлат санитар назорати органлари билан келишилган ҳолда ташкилотда ер қатламини ифлослантирмасликка ва ишлаб чиқариш канализациясига душхоналардан ва юз-қўл ювгичлардан сув оқмайдиган қурилмали ахлат ўраларига рухсат этилади.



12-§. Ёритишга қўйиладиган талаблар


73. Ташкилот майдонида, ишлаб чиқариш ва ёрдамчи бинолар ва хоналарда табиий ва сунъий ёритишлар ҚМҚ 2.01.05-98 "Табиий ва сунъий ёритиш" талабларига мос бўлиши керак.


74. Авария ёритиш тармоқларига бирорта электр энергия истеъмолчиларини улаш тақиқланади. Авария ёритишларни созлиги камида чоракда бир марта текшириши лозим.


75. Ёруғ тушувчи ойналарни йилда икки мартадан кам бўлмаган ҳолда тозалаш лозим.


76. Ёруғлик тушадиган дераза ва эшикларни бегона предметлар (ускуна, тайёр маҳсулот ва бошқалар) тўсиб қўйишга рухсат этилмайди.


77. Сунъий ёритишда икки тизим ишлатилади: умумий ва бирлашган (умумий маҳаллий билан биргаликда). Биргина маҳаллий ёритишни қўллаш тақиқланади.


78. Участкаларда ва хоналарда портлаш бўйича хавфли газ ва чанглар концентрацияси йиғилиб қолиш эҳтимоли бўлса, электр ёритиш тизими портлашдан ҳоли ҳолда бажарилиши керак.


79. Юқори хавфли хоналарда кучланиши 36 В дан юқори бўлмаган кўчма электр ёритқичлар ишлатилиши керак. Ўта хавфли хоналарда, хоналардан ташқари, ҳамда ускуналар ва иншоатлар (бункерлар, силосослар, қудуқлар, буғлантириш камералари, туннеллар ва бошқалар)ни ички сиртини ёритиш учун кўчма электр ёритқичларни кучланиши 12 В дан ошмаслиги керак. Барча кўчма ёритқичлар ҳимояланиш даражаси 1Р54 дан кам бўлмаган ва металл ҳимояланиш тўри ҳамда шиша қалпоқ билан ускуналанган бўлиши керак.



13-§. Меҳнат ва дам олиш юзасидан талаблар


80. Ташкилотларда ходимларнинг иш вақти, дам олиш вақти, шунингдек қисқартирилган иш вақти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги 133-сонли қарори билан тасдиқланган "Меҳнат шароити ўта зарарли ва ўта оғир ишларда банд бўлган ходимлар учун иш вақтининг чекланган муддати"нинг талаблари инобатга олинган ҳолда, ташкилотларнинг ички меҳнат қоидалари асосида белгиланади.



III. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ (ТЕХНОЛОГИК)

ЖАРАЁНЛАРИГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


1-§. Технологик ҳужжатларда ҳисобга олиниши

лозим бўлган хавфсизлик талаблари


81. Табиий тошга ишлов бериш технологик жараёнлари ГОСТ 12.3.002-75 "Ишлаб чиқариш жараёнлари. Умумий хавфсизлик талаблари"га мувофиқ бўлиши лозим.


82. Технологик жараёнлар хавфсизлигини таъминлаш учун қуйидаги чоралар назарда тутилади:

а) технологик жараён танлаганда, зарарли ишлаб чиқариш омиллари энг кам ифодаланган технологик жараёнларни қўллаш;

б) зарарли ишлаб чиқариш омиллари бўлганда комплекс механизация, автоматизация, технологик жараёнларни ва операцияларни масофадан бошқаришни қўллаш;

в) ҳимоя воситаларини қўллаш;

г) технологик ускуна қайта жиҳозлаганда, тайёрланганда, йиғилганда ва фойдаланилганда хавфсизлик чоралари назарда тутилиши ва иш хонаси ҳавосига зарарли чиқиндиларни чиқишини камайтириш ёки уларни олдини олиш чоралари назарда тутилиши керак;

д) иш хоналари ҳавосида зарарли чиқиндиларни тўлиқ камайтиришнинг иложи бўлмаса, хоналар ва участкаларнинг иш ҳудудларида мумкин қадар унинг тарқалишини камайтириш мақсадида, зарарли моддалар ажралиб чиқадиган жойдан ҳавони сўриш.


83. Тошга уриб ишлов бериш ишлари алоҳида хоналарда ёки алоҳида бўлган иш жойларида баландлиги 2 м дан кам бўлмаган овоз ютувчи экран билан тўсилган бўлиши лозим.


84. Оғирлиги 20 кг дан ортиқ бўлган плиталарга ишлов бериш технологик жараёнларида битта операциядан иккинчисига ўтказилиши механизация воситалари (арава, рольгангда) ёрдамида бажарилиши лозим.


85. Тошга арралаш ва силлиқлаш-пардозлаш дастгоҳларида ишлов берилганида совутиш суюқликларини бериб туриш лозим. Агарда совутиш суюқлигини бериш тўхтаб қолса жиҳозларни автоматик тўхташи назарда тутилган бўлиши лозим.


86. Тошларга ишлов бериш технологик жараёнларидаги оқова сувлар канализация тизимига ташланишидан олдин зарарли ишлаб чиқариш чиқиндиларидан тозаланиши лозим.


87. Технологик жараёнлар ташкил қилинганида ва олиб борилганида қуйидагилар талаб қилинади:

а) ишлаб чиқариш хоналарининг иш ҳудудидаги метеорологик шароитлар ва ҳавосидаги чанг миқдори ГОСТ 12.1.005-88 "Иш ҳудудининг ҳавоси. Умумий санитария-гигиеник талаблар"га мос келиши;

б) иш жойларида товуш босими миқдори октава полосасида, товуш даражаси ва эквивалент товуш даражаси ГОСТ 12.1.003-83 "Шовқин. Умумий хавфсизлик талаблари"га мос келиши.



2-§. Ёнғин ва портлаш хавфсизлиги талаблари


88. Ишлаб чиқариш жараёнлари ёнғин ва портлаш хавфсизлиги, уларни режалаштиришда, ташкиллаштиришда ва олиб боришда ГОСТ 12.1.004-91 "Ёнғин хавфсизлиги. Умумий талаблари" ва ГОСТ 12.1.010-90 "Портлаш хавфи. Умумий талаблари" талабларига ва ушбу Қоидаларга мувофиқ таъминланиши лозим


89. Ишлаб чиқаришда ўрганилмаган ёнғин ва портлаш хавфи ва токсик хусусиятларига эга бўлган моддалар ва материалларни ишлаб чиқариш жараёнида қўллаш тақиқланади.


90. Технологик объектларнинг портлаш хавфлилиги ҳолати юзасидан белгиланган тартибда назорат ўрнатилиши лозим.


91. Технологик жараёнлар жойлаштирилган бинолар ва хоналарнинг портлаш жиҳатидан хавфлилик тоифалари лойиҳа ташкилоти томонидан ТЛТМ 24-86 "Технологик лойиҳалаштириш тармоқ меъёрлари"га мувофиқ ҳар бир ҳолат учун алоҳида аниқланиши керак.


92. Технологик жараёнларни амалга оширишда ёнғинлар, портлашлар, авариялар, заҳарланишлар содир бўлиши ҳамда атроф муҳит ишлаб чиқариш чиқиндилари (оқова сувлари, вентиляция чиқиндилари ва шу каби) билан ифлосланиш эҳтимолини истисно этадиган шароитлар таъминланиши лозим.


93. Барча ишлаб чиқариш цехлари, хом ашё ва тайёр маҳсулот омборхоналари, маъмурий ва бошқа ёрдамчи бинолар ҳамда иншоотлар дастлабки ёнғинни ўчириш воситалари билан таъминланган бўлиши шарт.


94. Вентиляция тизими ёнғиндан дарак берувчи сигнализация билан бирлаштирилган бўлиши лозим.


95. Ҳар бир цех, участка, омборда мавжуд меъёрлар асосида, ҳудудий ёнғин хавфсизлиги хизмати билан келишилган ёнғин хавфсизлиги бўйича йўриқнома ишлаб чиқилиши ва кўринадиган жойга осиб қўйилиши лозим.


96. Ташкилотларда барча ишлаб чиқариш, ёрдамчи ва маиший хоналарда ёнғин хавфсизлигига жавобгар шахс ташкилот раҳбариятининг буйруғига асосан тайинланиши лозим.


97. Ташкилотларда ёнғин хавфсизлиги идоралари томонидан белгиланган меъёрларда ёнғинга қарши курашиш учун ўт ўчириш воситалари бўлиши лозим.


98. Ходимлар билан ёнғин хавфсизлиги техминимуми бўйича машғулотлар ўтказилиши ва уларга тегишли йўл-йўриқлар берилиши лозим.


99. Бино ва ёнғин сув манбаи йўлаклари, хамда ёнғин воситалари ва ускуналарига борадиган йўлаклар доимо бўш бўлиши керак. Бинолар оралиғидаги ёнғинга қарши масофа узилмаларида материаллар, ускуналар, бўш идишларни тахлаш ва автомобиль тўхтов жойи учун ишлатишга рухсат этилмайди.



3-§. Ходимлар ҳимоясини ва ишлаб чиқариш ускуналарини

автоматик ўчишини таъминловчи технологик жараёнларни

назорат қилиш ва бошқариш тизимлари


100. Ускуна ва автоматлаштирилган линиялар, уларнинг ишга тушганлиги ҳақида огоҳлантирувчи ёритиш ва товуш сигналлари тизими билан таъминланади. Сигнал элементлари (қўнғироқ, сирена, лампа) механик шикастланишдан ҳимояланган бўлиши ва хизмат кўрсатувчи ходимлар иш ҳудудида сигнални эшитиши ва кўришини таъминлаб жойлаштирилиши лозим.


101. Электр токидан шикастланишнинг олдини олиш учун ишлаб чиқариш ускунаси қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:

а) хавф манбаи бўлган ишлаб чиқариш ускунаси ток узатувчи қисми мустаҳкам қотирилган, изоляцияланган, тўсилган ёки одамлар учун ўтиб бўлмас жойда ўрнатилган бўлиши лозим;

б) электр ускунанинг очиқ бўлган ток узатувчи қисми эшиги ёпилувчи корпус (шкаф, блок) ёки одамлар учун ўтиши мумкин бўлган жойда жойлашганда ёпиқ ҳимоя ёпқичи (кожухи) бўлиши лозим;

в) ишлаб чиқариш ускунасининг металл қисми изоляция шикастланиши натижасида электр кучланишининг хавфли кўрсаткичи 10 - 15 мА таъсирида бўлса, ерга сим орқали уланган бўлиши лозим;

г) ишлаб чиқариш ускунаси электр занжири схемасида барча электр занжирни таъминлаш тармоғидан ўчириш марказий мосламаси назарда тутилиши лозим.


102. Ечиладиган ҳимоя ва тўсиқ мосламалари фақат конструкция ёки технологик сабаблар бўйича уларни стационар ўрнатиш имкони бўлмаганидагина қўлланилади.


103. Таъмирлаш ва созлаш ишларини бажариш, ҳамда технологик жараённи ва механизм ишини кузатиш учун тўсиқларда ёпилувчи ойна ёки люклар назарда тутилиши мумкин. Кузатиш ойнаси ва люкларининг тузилмаси (конструкцияси) хизмат кўрсатувчи ходимнинг кузатиш қулайлиги ва хавфсизлигини таъминлаши керак.



4-§. Бошланғич материаллар, ярим ва тайёр маҳсулотлар ҳамда

ишлаб чиқариш чиқиндиларини сақлаш ва транспортда ташиш


104. Ишлов берилувчи материаллар ва ярим маҳсулотлар ҳажм ўлчамлари ишловни бажарувчи ускуна паспорти кўрсаткичларига мувофиқ бўлиши лозим.


105. Омборлар ва юк сақлаш учун майдончалар, қурилма ва ускуналари, уларнинг қурилиши санитария ва ёнғинга қарши меъёрлар ва қоидалар ҳамда белгиланган тартибда тасдиқланган технологик лойиҳа меъёрлари талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


106. Юклаш-тушириш ишлари ва юкларни жойлаштириш Юк ортиш ва тушириш ишларидаги юкчилар учун ишларнинг хавфсизлиги қоидалари (рўйхат рақами 1582, 2006 йил 13 июнь) талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


107. Омбор ва юк сақлаш учун майдончаларда барча юклаш, тушириш ва оғир меҳнат категориясига тегишли юкни ҳаракатлантириш жараёни механизациялашган бўлиши лозим.


108. Юк сақлаш учун майдончалар сатҳи текис бўлиб, чуқурчаларсиз ва 5қ дан ошмайдиган нишаби бўлиши керак. Юк сақлаш учун майдончалар қопламаси унга келувчи йўллар қопламасига тенг бўлиши лозим. Йилнинг қиш ойларида юк сақлаш учун майдончалар доимо қор ва муздан тозаланиб, қум, кул ёки шлак сепилиши керак.


109. Омбор ёки юк сақлаш учун майдончалар ҳудудига кираверишда ҳаракат йўналиши, юклаш-тушириш жойи ёки транспорт воситаларининг тўхтаб туриш жойини кўрсатувчи чизма осилган бўлиши керак.


110. Ташкилотга қопларда келиб тушган абразив ва пардозлаш материаллари ёпиқ хоналарда сақланиши лозим.


111. Яшик ва қоплардаги юклар омборда ағнамайдиган қилиб устма-уст тахланган бўлиши лозим. Қўлда устма-уст тахланиш баландлиги 3 м дан ошмаслиги, юк кўтариш механизми ёрдамида тахланганда - 6 м дан ошмаслиги лозим. Йиртилган ва носоз идишдаги юкни устма-уст тахлаш тақиқланади.


112. Омборда устма-уст тахланган ёки юк идишлари стеллажлар оралиғидаги йўлакнинг эни 1,5 м дан кам бўлмаслиги лозим. Омборда транспорт воситалари ишлатилганда, йўлакка қўшимча қўлланиладиган транспорт воситалари ўлчамлари кенглигидаги йўл бўлиши лозим.


113. Табиий тошнинг блоклари оралиғи тахтали қистирмалар билан штабелларга тахланиши ва унинг баландлиги икки қатордан ошмаслиги лозим.


114. Вагонлардан тушириб тахланаётган ва вагонга юклашга тайёрланаётган материаллар ва ускуналар, юк билан темир йўл изининг рельсигача бўлган масофа 2 м дан яқин, тахланган юкнинг бандлиги 1,2 м дан ортиқ бўлганда - 2,5 м дан кам бўлмаслиги керак.


115. Бўшаган идиш ва бошқа ўровчи материаллар доимо омбордан шу мақсадлар учун ажратилган жойга чиқарилиши лозим.


116. Ҳар бир омбор учун материалларни сақлаш ва ишларни хавфсиз олиб бориши бўйича йўриқнома ташкилот маъмурияти томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.



IV. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ АСБОБ-УСКУНАЛАРИГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


1-§. Умумий талаблар


117. Барча қўзғалмас ускуналар, агрегат ва дастгоҳлар ишлаб чиқарган завод кўрсатмасига биноан мустаҳкам асосларга ва пойдеворларга ўрнатилиши лозим.


118. Барча айланувчи ва ҳаракатланувчи қисмлар (валларнинг чиқиб турган учлари, ҳаракат узатувчи тасмалар ва бошқалар) тўсилган бўлишлари керак.


119. Тўсиқлар мустаҳкам, енгил, ишончли равишда маҳкамланган бўлиши ва унинг қисиб қолувчи тирқишлари, кесиб олувчи ва ўткир бурчаклари бўлмаслиги керак.


120. Оғирлиги 5 кг дан ортиқ бўлган тўсиқлар ушлаш учун қулай дастакларга эга бўлиши керак.


121. Ўзидан чангли ҳаво чиқарувчи ишлаб чиқариш ускуналари зичлаб беркитилиши ва чанг ҳавони сўриш мосламалари билан таъминланган бўлиши керак.


122. Янги ўрнатилган ёки капитал созлашдан чиққан ускуналарни хавфсизлик техникаси муҳандиси иштирокида далолатнома тузилгандан кейин ишлатишга рухсат берилиши лозим.


123. Машинани созлаш, тозалаш, мойлаш ва камчиликларини бартараф қилиш билан боғлиқ бўлган барча ишларни бажариш электр таъминотидан узиб қўйилган, бутунлай ҳаракатдан тўхтаган ва огоҳлантирувчи белги осиб қўйилган ҳолатда бажарилиши лозим. Машинани юргазиш белгини осиб қўйган шахс томонидан амалга оширилиши керак.


124. Тўсиқларнинг ва ҳимояловчи мосламаларнинг ҳамда асбобларнинг созлиги цех (бўлинма) раҳбарияти томонидан мунтазам текшириб турилиши керак.


125. Монтаж ва демонтаж вақтида қўлланадиган тагликлар ва кўтариш механизмлари иш бошлашдан аввал синаб кўрилиши керак.


126. Ишлаб чиқариш ускуналаридан фойдаланишда:

а) механизациялаш, автоматлаштириш ва масофадан бошқаришни қўллаш;

в) эргономик талабларни қўллаш;

г) фойдаланиш, таъмирлаш, йиғиш, транспортда ташиш ва сақлаш бўйича хавфсизлик талабларига амал қилиш лозим.


127. Ишлаб чиқариш ускунасини тозалаш ишлари махсус асбоблар ёрдамида (шётка, қирғич, илмоқ ва бошқалар) амалга оширилиши лозим. Ишлаб турган ускунада тозалаш ва йиғиштириш ишларини бажариш тақиқланади.


128. Ускуна ишлаб турган вақтда унинг ҳаракатланувчи қисмларини қўлда мойлаш тақиқланади.


129. Тошга ишлов берувчи дастгоҳларини иш жойларида кенглиги 1,5 м дан кам бўлмаган тахта тўшамаси бўлиши лозим. Тахта планкалар орасидаги оралиқ масофаси 3 см дан ошиқ бўлмаслиги лозим.


130. Кесувчи асбобларни алмаштириш фақат юритиш юргизувчиларини электр тизимидан ўчирилганида амалга оширилади. Алмаштириш пайтида электр тарқатув қурилмасидан ҳимояловчилар олиниб, ишга тушириш қурилмасига ГОСТ 12.4.026-76 бўйича "Ёқилмасин одамлар ишламоқда" ёзувли тақиқловчи хавфсизлик белгиси осилиши лозим.



2-§. Арралаш дастгоҳлари


131. Арралаш дастгоҳларига узатиб берувчи араваларни ҳаракатланиши механизациялашган бўлиши лозим.


132. Араваларни рельс йўллари бўйлаб ҳаракатланиш тезлиги 15 м/мин дан ошмаслиги лозим.


133. Узатиб берувчи араваларни ҳаракатланиши огоҳлантирувчи овозли сигнал билан кузатилиши лозим.


134. Узатиб берувчи араваларни йўналтирувчисининг сатҳи арраловчи рамали дастгоҳнинг дастгоҳ аравачасининг рельс йўллари сатҳи билан баробар бўлиши лозим.


135. Узатиб берувчи араваларни тузилмаларида дастгоҳ аравачаси ўзидан-ўзи ғилдираб кетишини олдини олиш учун тўхтатиш мосламасига эга бўлиши лозим.


136. Дастгоҳ аравачасига ўрнатилган блок мустаҳкам қотирилган бўлиши лозим.


137. Бир нечта блокларни жойлаштиришда дастгоҳ аравачасида бир-бирига нисбатан сурилиб кетиши бартараф этилган бўлиши лозим.


138. Блокларни жойлаштиришда бир-бирига цемент қоришма (гипс қипиқ, бетон ва бошқа қоришмалар) билан қотирилиши лозим.


139. Арралаш дастгоҳининг дастгоҳ аравачаси иш ҳудудида аравача тузилмасида назарда тутилган мосламалар ёрдамида мустаҳкам қотирилган бўлиши лозим.


140. Дастгоҳдан дастгоҳ аравачасини ғилдиратиб чиқариб олишдан олдин арраланган маҳсулотлар дастгоҳ аравачасини тирговичларига тахта қистиргич билан қотирилган бўлиши лозим.


141. Таъминловчи ва бориб-келувчи арраловчи раманинг темир тўрли ечилувчи тўсиқлари юритувчини ишга тушириш қурилмаси билан шундай блокировка қилинган бўлиши керакки, тўсиқлар ечилганида дастгоҳ автоматик тарзда тўхташи лозим.


142. Рамали дастгоҳнинг бошқарув пульти дастгоҳни тўсиқларидан ташқарида, хизмат кўрсатиш учун қулай жойда жойлашган бўлиши лозим.


143. Рамали дастгоҳни арралари жамланмасини алмаштириш арралаш рамаси пастки ҳолатида бажарилиши лозим.


144. Бошқарув пультидан дастгоҳни ҳаракатланувчи қисмлари кўриниб туриши лозим.


145. Арралаш дастгоҳининг олмаз-дискли кесувчи қисми созланадиган яхлит темир ёпқич билан тўсилган бўлиши лозим. Носоз олмаз-дискли кесувчидан фойдаланиш тақиқланади.



3-§. Силлиқлаш-пардозлаш дастгоҳлари ва конвейер линиялари


146. Плиталарни силлиқлаш-пардозлаш дастгоҳ столлари ишлаётганларни сув, абразив ва ишлов берилаётган тош қисмлари сачрашидан ҳимояловчи баландлиги 0,25 м дан кам бўлмаган бортларга эга бўлиши лозим.


147. Силлиқлаш-пардозлаш конвейерлари силлиқловчи асбоб айланмаётганида ёки у ва ишлов берилаётган тош синганида автоматик тарзда тўхташини таъминловчи блокировка қурилмасига эга бўлиши лозим.


148. Конвейердан синган ёки ҳажмсиз плиталарни олиниши фақат дастгоҳ электр тизимидан ўчирилиб, тегишли хавфсизлик чоралари кўрилганидан сўнг амалга оширилади.



4-§. Фреза дастгоҳлари


149. Йиғма фрезаларни тузилмаси иш пайтида унинг тишларини тушиб кетиши эҳтимолини истисно этиши лозим.Тиши синган фрезаларни қўлланиши тақиқланади.


150. Тошни гидравлик қисиб турувчи тизимда босим тушиб кетганида дастгоҳ автоматик тарзда тўхташи лозим.


151. Қиррали фреза дастгоҳларини кесиш ҳудуди совутиш суюқлигисиз ишлаганида аспирация тизимига уланган маҳаллий сўрувчи билан жиҳозланган бўлиши лозим.



5-§. Уриб ишловчи дастгоҳ ва асбоблар


152. Тош блоки синдириш жойида ёғоч такликка шундай ётқизилиши керакки, яъни унинг ясси тепа қисми горизонтал ҳолатда бўлиши лозим.


153. Штабелда турган блокларни синдирилиши тақиқланади.


154. Пневматик қўл асбоб билан ишлаганда (перфоратор, чопувчи ва урувчи болғалар) тебранишни сўндирувчи қурилмалар (каретка, манипулятор ва ушлагичлар) қўлланиши лозим.


155. Тошни уриб ишлов бериш ишларида банд бўлган ишчилар ҳимоя кўзойнаклари ва шовқинга қарши ҳимояланиш воситалари билан таъминланиши лозим.



6-§. Термо оқимли асбоблар


156. Тошга термо оқимли асбоб билан ишлов берилиши, жиҳозланган очиқ майдонларда ёки овозни изоляция қилувчи ёнмайдиган материал билан тўсилган ва ёнғинга қарши воситалар билан таъминланган кабиналарда (кўпикли ёнғин ўчирувчи восита, асбест намати, қумли яшик) амалга оширилиши лозим.


157. Термо оқимли асбоблардан фойдаланиш ишлаб чиқарувчи заводнинг фойдаланиш бўйича йўриқнома талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


158. Термо оқимли асбобларда ёнилғи сифатида этил спиртини ишлатиш тақиқланади.


159. Термо оқимли асбоблардан фойдаланишда ходимлар ҳимоя кўзойнаклари ва шовқинга қарши ҳимояланиш воситалари билан таъминланиши лозим.


160. Сўндирувчи барабанларга буғ етказиб берувчи қувурлар норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ бўлиши лозим.



7-§. Ёпишган плиталарни ишлаб чиқариш


161. Ёпиштириш аралашмасини компонентларини майдаланиши (қотирувчи, тўлдирувчи) ёпиқ майдалаш аппаратларида, ёпиштириш арралашмасини тайёрланиши эса - тиқинлари зичланган арралаштиргичларда бажарилиши лозим.


162. Термастатлар ва қуритиш камераларнинг тиқинлари зичланган ва иссиқликка изоляцияланган бўлиши лозим.


163. Плиталарни ёпиштиришда стол юзаси (ёпишқоқ аралашмани қуйиш) алмашадиган қопламага эга бўлиши лозим.



V. ТАЪМИРЛАШ ИШЛАРИНИ БАЖАРИШДА

МЕҲНАТ ХАВФСИЗЛИГИ ТАЛАБЛАРИ


1-§. Таъмирлаш ишларини ўтказиш тартиби ва шароити


164. Таъмирлаш ишларини ташкил этиш ва бажариш ташкилот касаба қўмитаси билан келишилган ва бош муҳандис тасдиқлаган ускунани таъмирлаш режасига мувофиқ бўлиши лозим.


165. Ташкилот ҳудудида ишлаб чиқаришни (цех) ёки цехда қурилма, агрегат, айрим асбоб-ускуналарни таъмирлашга тўхтатиш учун ташкилот (цех) бўйича буйруқ (фармойиш) чиқарилиши лозим.


166. Ташкилот ҳудудидаги ускуна, бино ва иншоатларни таъмирлаш бўйича ишларни пудрат услубида бажаришда, буюртмачи бош пудратчи билан биргаликда таъмирлаш ишларини бажариш вақтида ишловчиларнинг хавфсиз меҳнат шароитларини таъминловчи тадбирлар ишлаб чиқиши ва тасдиқлаши лозим.


167. Буйруқ билан тасдиқланган бош пудратчи ва ишлаб турган ташкилот масъул вакиллари ишни бошлашдан олдин наряд-рухсатномани расмийлаштириши лозим. Бош пудратчи иш берувчисига барча пудратчи ташкилотлар хавфсиз шароитларда иш бажариши ва уларнинг ишини мувофиқлаштиришни таъминлаши учун қонунчиликда белгиланган тартибда масъулият юклатилади. Таъмирлаш ишлари муддати наряд-рухсатномада кўрсатилади.


168. Буйруқда пудратчилардан бевосита иш раҳбари, шунингдек кўрсатилган ишларга ускуналар ва объектни тўлиқ тайёрлаш, ишларни хавфсиз амалга ошириш ва пудратчилар ёки буюртмачининг таъмирлаш хизмати билан тезкор алоқалар учун жавобгар шахслар ҳамда тегишли чора-тадбирлар белгиланади.


169. Барча ускуналарда ташкилот бош муҳандиси тасдиқлаган жадвал бўйича белгиланган муддатларда режали таъмирлаш ишлари ўтказилади.


170. Таъмирлаш ишларида банд бўлган пудратчининг барча ходимлари таъмирлаш ишлари бошланишидан олдин, ушбу цехда ишларни хавфсиз олиб бориш учун ходимлар хавфсизлик техникаси бўйича кириш йўриқномасидан ўтказилиши лозим. Йўриқномадан ўтказиш ишлари буюртмачи томонидан амалга оширилади.


171. Режалаштирилган ишларни бажаришдан олдин меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномадан ўтказиш ишлари пудратчи ташкилот томонидан ўтказилиши лозим.


172. Пудратчи ишлаётган ҳудудда буюртмачи томонидан зарарли ва ёниш хавфи бўлган моддаларни пайдо бўлишига йўл қўймайдиган меъёрий санитария-гигиеник шароитлар яратилиши керак.


173. Асбоб-ускуна ва коммуникацияларда таъмирлаш ишларини амалга оширишдан олдин, қўйидагилар бажарилиши лозим:

электр энергия таъминотидан ўчириш;

асбоб-ускуна ва коммуникацияларни технологик муҳит қолдиқларидан, асбоб-ускунани зарарли, заҳарли ва ёнувчи газ ва маҳсулотлардан бўшатиш;

таъмирланадиган асбоб-ускуна, коммуникация, қудуқ ва ўралардаги инерт, ёнувчи, заҳарли газлар ва кислород миқдорини тегишли таҳлилларини ўтказиш йўли билан текшириш.


174. Ташкилот ҳудудида қазиш ишларини бажаришда буюртмачи пудратчига наряд-рухсатнома билан бирга тегишли цех ва хизматлар билан келишилган рухсатномани ёзма тарзда топшириши керак.


175. Пудратчининг эҳтиёжлари учун электр энергияни улаш, шунингдек иш тугаганидан кейин узиш, цех бошлиғининг рухсати бўйича буюртмачининг бош энергетик хизмати томонидан бажарилади.


176. Таъмирлаш ишлари тугалланганидан сўнг асбоб-ускуна ва коммуникацияларни қабул қилиш далолатномаси икки томонлама имзоланиб, ушбу асбоб-ускуна ва коммуникацияларни ишга тушириш ҳақида фармойиш чиққандан сўнг, фойдаланишга қабул қилиниши лозим.



2-§. Таъмирлаш ишларини олиб боришда хавфсизлик талаблари


177. Таъмирлаш ишларини бошлашдан олдин қуйидагилар амалга оширилиши зарур:

электрдвигател электр таъминоти тармоғидан ускунани ҳаракатлантирувчи ва уни тўлдириб бўшатувчи қурилмасидан ўчирилади;

электр тақсимоти қурилмасидан электр сақлагичлар суғирилади;

ускунадан ҳаракатлантирувчи электр двигателни ўчиришда, муфтани узиш, ҳаракатлантириш тасмалари, занжирларини ечиш ва бошқалар бажарилади;

ҳаракатлантириш мосламасига ГОСТ 12.4.026-76 бўйича "Ёқилмасин - одамлар ишламоқда" ёзувли тақиқловчи хавфсизлик белгиси осилади.


178. Техника хавфсизлиги бўйича юқори талаблар қўйилган ишларни бажаришда, электродвигателларни электр тақсимлаш қурилмаларидан ўчириш, ускунани ҳаракатлантирувчи электродвигателдан узиш, ГОСТ 12.4.026-76 бўйича "Ёқилмасин-одамлар ишламоқда" ёзувли тақиқловчи хавфсизлик белгиси осиш, маъсул рахбар ва иш бажарувчини шахсан иштирокида бажарилиши шарт.


179. Хавфсизлик белгисини олиш ва ускунани ёқиш, техника хавфсизлиги бўйича юқори талаблар қўйилган ишлар учун маъсул рахбар рухсатидан сўнг бажарилиши лозим.


180. Машинанинг барча ҳаракатланувчи ёки хавф туғдирувчи қисмлари махсус ғилофлар билан тўсилган бўлиши лозим.


181. Баландликдаги ишларда фақат таянч ёки резинали қопламалар билан таъминланган соз нарвонлардан фойдаланиш лозим.


182. Нарвонни тираб қўйиш билан боғлиқ ишлар икки ишчи билан бажарилади, улардан бири ишловчини хавфсизлиги учун нарвон асосида доимо бўлиши лозим.


183. Кўчирилувчи нарвон текис сатҳга ўрнатилиб, асоси резинага кийгизилган бўлиши лозим. Тираб қўйилувчи нарвонни ерга ўрнатиш учун асоси металл учли бўлиши лозим.


184. Тираб қўйилувчи нарвонларни ўзаро боғлаб, шунингдек электр қурилмаларга хизмат кўрсатиш ва таъмирлашда темир нарвонни қўллаш тақиқланади.


185. Тираб қўйилувчи нарвондан фойдаланишдан олдин ва ҳар ярим йилда, горизонтал текисликга 75қ бурчак остида ўрнатилиб, нарвон ўртаси қадам поғонасига қўйилган 120 кг оғирликдаги статик юк кўтариш синовидан ўтказилиши лозим.


186. Тираб қўйилувчи нарвонни умумий узунлиги, ишчини нарвон тепа учидан 1 м дан кам бўлмаган масофада жойлашган поғонада туриб, иш бажариш имкониятини таъминлаши лозим.


187. Таъмирлаш ишлари ер сатҳи, майдонча ёпқичи ёки қопламадан 5 м юқори баландликда бажарилганда, баландликда ишларни бажариши учун рухсат берилган ходим томонидан бажарилиши лозим. Бундай ишларни ҳимоя камари ва муҳофаза арқонидан фойдаланмасдан бажариш тақиқланади.


188. Оғирлиги 50 кг дан юқори бўлган ускуна қисми ва тармоғини ечиш ҳамда ўрнатиш механизацияланган услубда бажарилиши лозим.



3-§. Ускуна ва мосламани таъмирлаш

ва уни фойдаланишга топшириш


189. Ишчилар бажариладиган иш хусусиятига мувофиқ соз асбоб ва мосламалар жамламаси билан таъминланиши лозим.


190. Асбоб ва мосламалар ҳолати бир ойда бир мартадан кам бўлмаган даврда текширилиши лозим.


191. Техник хизмат кўрсатиш, даврий ва капитал таъмир бўйича ишларни бажариш тартибида, ишлаб чиқарувчи - завод тасдиқлаган таъмирлаш ва фойдаланиш ҳужжатида белгиланган зарур иш ҳажмини кўрсатиш лозим.


192. Технологик ускуна таъмирлангандан сўнг синаш ва ишлатиб кўришдан ўтказилиши зарур. Қисм ва агрегатларни ишлатиб кўриш аввало 2 соат давомида "Бўш" ҳаракатда, сўнг 10 соат давомида иш юклови остида амалга оширилиши лозим.


193. Ишлатиб кўриш учун механизмларни ёқишдан олдин, тармоқлар тўғри йиғилгани, бегона жисмлар йўқлигини кўриш ва ишонч ҳосил қилиш, ҳаво узатиш пневматик тизими тўғри уланиб, мустаҳкам қотирилганлигига ишонч ҳосил қилиш лозим.


194. Синов ва ишлатиб кўриш даврида таъмирланган тармоқ ва агрегатларини барча нуқсонлари, электродвигател ва тармоқ подшипникларини қизиш даражаси ҳамда мой оқиши бартараф қилиниши керак.


195. Ускунани таъмирдан сўнг фойдаланишга яроқлилиги, қабул қилувчи комиссияни далолатномасида қайд қилиниши лозим.


196. Ускуна йиғилгандан ёки таъмирлангандан сўнг фойдаланиш учун ёқишдан олдин қуйидагиларни бажариш зарур:

а) одамларни хавфсиз жойга ўтказиш;

б) машина ташқариси ва ичидан бегона буюмларни олиб ташлаш;

в) ҳимоя тўсиқлари мавжудлиги ва мустаҳкамлигини текшириш;

г) ҳаракатланувчи қисмларни мойлаш ва созлаш;

д) ҳимоя сақловчи ва назорат ўлчов асбобларини созлигини текшириш;

е) ускуна йиғилишини тўғрилигини текширишда, ўзаро боғлиқ ҳаракатланувчи механизмларни тўлиқ циклида уни ҳаракатланувчи қисмини айлантириш;

з) ускунани бўш ҳаракатда ва иш юклови остида синаш.



VI. МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ

ҚОИДАЛАРИНИ БУЗГАНЛИК

УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


197. Ташкилотларни (цехларни) лойиҳалаштиришда, қуришда (монтаж қилишда) мазкур Қоидаларга амал қилиш учун жавобгарлик тегишли ишларни бажарувчи ташкилотлар зиммасига юклатилади.


198. Мансабдор шахслар ва ходимлар меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя қилмаганликлари учун қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.



VII. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, "Саноатконтехназорат" Давлат инспекцияси ва "Ўзқурилишматериаллари" акциядорлик компанияси билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 50-51-сон, 550-модда.