язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Меҳнат ва аҳолининг бандлиги/ Меҳнат муҳофазаси/ Турли соҳаларда меҳнат муҳофазаси ва ишлар хавфсизлиги қоидалари/ Эркак чўчқаларни парвариш қилишда меҳнатни муҳофаза қилиш Қоидалари (АВ томонидан 18.06.2009 й. 1970-сон билан рўйхатга олинган меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг 18.05.2009 й. 20/Б-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2009 йил 18 июнда 1970-сон

билан рўйхатга олинган

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий

муҳофаза қилиш вазирининг

2009 йил 18 майдаги

20/Б-сонли буйруғига

ИЛОВА



Эркак чўчқаларни парвариш қилишда

меҳнатни муҳофаза қилиш

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 5-сон, 223-модда) мувофиқ эркак чўчқаларни парвариш қилиш билан шуғулланадиган ходимлар учун меҳнатни муҳофаза қилиш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Қоидалар мулкчилик шаклидан қатъи назар, корхоналар ва хўжаликларда (бундан кейинги ўринларда корхоналар деб юритилади) эркак чўчқаларни парвариш қилиш билан шуғулланадиган ходимлар (бундан кейинги ўринларда ходимлар деб юритилади) томонидан қўлланиши шарт.


2. Мазкур Қоидалар ҳайвонлар гигиенаси ва ветеринария-санитария қоидалари, давлат стандартлари нормаларини ва бошқа тармоқ норматив ҳужжатлари талаблари бажарилиши шарт эканлигини истисно этмайди.


3. Эркак чўчқаларни парвариш қилишда меҳнатни муҳофаза қилиш хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиши юзасидан давлат назорати шунга махсус ваколатланган давлат органлари томонидан, жамоат назорати эса меҳнат жамоалари ва касаба ташкилотлари номидан улар томонидан сайланадиган меҳнат муҳофазаси бўйича вакиллар томонидан амалга оширилади.



II. ХАВФСИЗЛИКНИНГ

УМУМИЙ ТАЛАБЛАРИ


1-§. Меҳнатни муҳофаза қилиш

ишларини ташкил этиш


4. Корхоналарда эркак чўчқаларни парвариш қилиш билан шуғулланадиган ишларда меҳнатни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни ташкил қилиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил этиш тўғрисидаги Намунавий низомга (1996 йил 14 август, рўйхат рақами 273) мувофиқ амалга оширилади.


5. Корхоналарда меҳнат фаолияти билан боғлиқ равишда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва бошқа жароҳатланишларни ўрганиш ва ҳисобини юритиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сонли қарори (Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами, 1997 й., 6-сон, 21-модда) билан тасдиқланган Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилиши лозим.



2-§. Ходимларга йўл-йўриқ бериш,

ўқитиш ва уларнинг билимларини

текшириш ишларини ташкил этиш


6. Корхоналарнинг барча ходимлари, шу жумладан, раҳбарлари ўз касблари ва иш турлари бўйича белгиланган тартибда ўқишлари, йўл-йўриқлар олишлари, билимларини текширувдан ўтказишлари ҳамда қайта аттестациядан ўтишлари лозим.


7. Бевосита ишлаб чиқаришда ишларни ташкиллаштириш ва бажариш билан боғлиқ ишчилар, раҳбарлар, муҳандис-техник ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича билимларини синовдан ўтказиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ўқишларни ташкил қилиш ва билимларни синаш ҳақидаги намунавий низомга (1996 йил 14 август, рўйхат рақами 272) мувофиқ амалга оширилиши лозим.



3-§. Касбий танлов


8. Корхоналарда касбига кўра саралаш ўтказилиши лозим бўлган касблар ва мутахассисликлар рўйхати бўлиши лозим.


9. Агрессив, ёмон хулқли ва юқумли касаллик билан касалланган эркак чўчқаларга хизмат кўрсатишда (кейинги ўринларда хавфли бўлган ишларни бажаришда деб юритилади) махсус курсларни битирган шахсларнинг ишлашига рухсат этилади.


10. Барча ишчилар хавфли бўлган ишларни бажаришга киришиш олдидан бундай ишларни хавфсиз амалга оширишлари бўйича йўл-йўриқ олишлари, талаблар билан танишишлари, уларни бажаришнинг хавфсиз усулларини ўзлаштириб олган бўлишлари зарур.


11. Хавфли бўлган ишларни бажариш, белгиланган тартибда ваколатли шахс томонидан тасдиқланиб, рухсат этилгандан сўнг амалга оширилиши лозим.


12. Иш берувчи хавфли бўлган ишларнинг олдини олишни ташкил этишда ва хавфсиз ўтказишда белгиланган тартибга амал қилиши учун тўла жавобгардир.


13. Иш берувчи касбий танловдан сўнг ишга қабул қилинган ходимларни касбий маҳорати юқори эканлигига ишонч ҳосил қилиш мақсадида назорат ўрнатиши, зарур бўлганда қайта йўл-йўриқдан ўтказиши лозим.



4-§. Ходимларнинг

соғлиғини назорат қилиш


14. Корхона маъмурияти (ёки иш берувчи) касаба уюшмаси қўмитаси ва ваколатли соғлиқни сақлаш органлари билан биргаликда ҳар йили даврий тиббий кўрикдан ўтиши лозим бўлган ходимларнинг рўйхатини тузиши ҳамда ходимларнинг кўрикка келишини таъминлаши лозим.


15. Корхоналарда ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг "Ўзбекистон Республикасида ходимларни ишга қабул қилишда дастлабки ва даврий тиббий кўрикдан ўтказиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги буйруғи (2000 йил 23 июнь, рўйхат рақами 937) асосида амалга оширилиши лозим.


16. Тиббий кўриклар корхонанинг тиббий-санитария қисмлари ва поликлиникалари, улар мавжуд бўлмаган ҳолда даволаш-профилактика муассасаси томонидан ўтказилиши лозим. Тиббий кўриклар даволаш-соғломлаштириш тадбирлари белгиланган текшириш далолатномаси билан якунланиши лозим.


17. Корхона маъмурияти (ёки иш берувчи) ва касаба уюшмаси қўмитаси тиббий кўрик далолатномаси билан танишиб чиқиши, иш берувчи эса далолатномада кўзда тутилган барча тадбирлар ва кўрсатмаларни бажариши лозим.


18. Даврий тиббий кўриклар ўз вақтида, сифатли ўтказилиши ва уларнинг натижаларига кўра тавсиялар бажарилиши учун жавобгарлик корхонанинг маъмурияти зиммасига юкланади.


19. Ходимларни соғлиғи туфайли уларга рухсат этилмаган ишларда ишлатиш тақиқланади.


20. Ходимлар тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлашга ҳақли эмас.


21. Ходим тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлаган ёки тиббий комиссиялар томонидан ўтказилган текширишлар натижаларига кўра берилган тавсияларни бажармаган тақдирда маъмурият ушбу ходимни ишга қўйишга ҳақли эмас.



5-§. Ходимларга ҳимоя воситалари берилиши


22. Жамоавий ҳимоя воситаларини қўллаганда зарарли омиллар таъсирини меъёрий ҳолатигача камайтириш мумкин бўлмаса, ишлаб чиқариш ходимлари намунавий тармоқ меъёрларига мувофиқ бепул бериладиган якка тартибдаги шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланиши керак.


23. Иш берувчи томонидан ходимларни зарарли ва хавфли ишлаб чиқариш омиллари таъсиридан ҳимоя қилиш учун шахсий ҳимоя воситалари таъминлаши шарт.


24. Қўлланиладиган ҳимоя воситалари вазифасига кўра, хавфсиз меҳнат шароитларини, ишлаб чиқариш муҳитидаги зарарли ва хавфли омиллар даражасини (ҳаво муҳити ва ёруғликни) меъёрий ҳолатга келтириши ёки мавжуд ишлаб чиқариш омиллари таъсиридан бевосита ҳимоя қилишни ташкил этишни таъминлаши керак.


25. Ходимларни махсус кийим, пойафзал ва бошқа шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш - намунавий меъёрларга мос равишда амалга оширилади.


26. Шахсий ҳимоя воситаларини сақлаш, бериш ва қабул қилиш ўрнатилган тартибда амалга оширилади.


27. Иш вақтида ҳимоя кийими тугмалари маҳкам қадалган, енг манжетлари билакларгача зич қамраб олган бўлиши керак.


28. Эҳтиёт мосламалари қўллашни талаб қиладиган ишларни бажаришда меъёрларда назарда тутилганидан қатъи назар ишловчиларга эҳтиёт чораси сифатида берилиши керак.


29. Маъмурият:

а) барча зарур ҳимоя воситаларининг мавжудлиги, созлиги ва белгиланган меъёрлар талабларига мувофиқлигини;

б) ҳимоя воситаларини қўллашни (ўрнатиш, бутлаш ва фойдаланиш)ни назорат қилиш;

в) ҳимоя воситаларини таъмирлаш ва созлаб туришни;

г) махсус кийимларни вақтида ювиш ва тикиб-чатиш, чангдан тозалашни;

д) заҳарли ва хавфли моддалар нисбатан кўп ажралиб чиқадиган шароитларда ишловчиларнинг шахсий ҳимоя воситаларини газ ва инфекциядан тозалашни;

е) шахсий ҳимоя мосламалари ишдан чиқишининг олдини олишни (респиратор фильтрларини алмаштириш, алоҳида қисмлар ва ҳоказоларни алмаштиришни) таъминлаши керак.



III. ЭРКАК ЧЎЧҚАЛАРНИ ПАРВАРИШ

ҚИЛИШДА, ФИКСАЦИЯЛАШ (БОҒЛАШ)

ВА УРУҒ ОЛИШДА ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИ


1-§. Эркак чўчқаларни парвариш

қилишда хавфсизлик талаблари


30. Эркак чўчқаларни парвариш қилишда ўрнатилган кун тартибига риоя қилиниши лозим, бу нарса уларнинг осойишта феъл-атворли, ювош бўлишига ёрдам беради.


31. Эркак чўчқаларга яқин келганда, оҳиста ва осойишта овоз чиқариш керак. Ҳайвон билан қўпол муомала қилиш, унинг қайсар ва жаҳлдор бўлишига олиб келади.


32. Жаҳлдор эркак чўчқалар сақланадиган қафасларнинг ташқи томони ва бошқа жойларида "Эҳтиёт бўлинг, тишлайди!" деган огоҳлантирувчи ёзувлар бўлиши зарур.


33. Эркак чўчқаларга хизмат кўрсатаётган ходимларнинг қафасга кириши, дарвоза ва йўлакларда туриб қолиши, гўнг йиғувчи узатгич ишлаганда эркак чўчқаларни ичкарига киритиш ёки ташқарига чиқариш тақиқланади.


34. Эркак чўчқаларни бир жойдан бошқа жойга кўчириш учун гуруҳли қафасдан ва кўндаланг ҳаракатланувчи қалқондан фойдаланилади. Гуруҳли қафасга кириш олдидан темир, фанер ёки картондан тайёрланган ҳимоя воситаси - цилиндрсимон мослама кийиш керак. Бундай цилиндр полга 6 см етмайдиган ҳолатда ишчининг белига маҳкамланади.


35. Эркак чўчқаларни боқиш ва сайр қилдириш кичик гуруҳ ёки якка тартибда, ҳаво иссиқ бўлмаган вақтда амалга оширилади. Безовта ва жаҳлдор эркак чўчқалар сайрга алоҳида қўйилади.


36. Эркак чўчқаларнинг ўткир тишлари ўсиши билан ўз вақтида калтартирилади.


37. Махсус панжарали қафасларни тозалаш ишлари у ерда, ҳайвонлар йўқ пайтида амалга оширилади.



2-§. Эркак чўчқаларни

фиксациялаш (боғлаш)


38. Ветеринария чора-тадбирларини ўтказиш учун эркак чўчқаларни боғлашда (эмлаш, ахталаш, сўйиш, қон олиш) хавфсиз усулларни бажариш талаб этилади.


39. Вазни 100 кг гача бўлган эркак чўчқаларни боғлаш учун оддий ёғоч бочкадан фойдаланиш қулай усуллардан бири ҳисобланади.

Бунда бочканинг тагига 40 см қалинликда сомон тўшалади, у горизонтал ҳолда жойлаштирилади. Эркак чўчқа бочка ичига ҳайдалади ёки бочка эркак чўчқа томонга олиб келинади.


40. Эркак чўчқа танасининг ярми киргандан сўнг, бочканинг бўш томонидан ушлаб кўтарилади ва 30 - 40 даража бурчак остида қия ҳолатида маҳкамланади. Эркак чўчқаларни ётган ҳолда маҳкамлаш учун эркак чўчқа ерга ёки жарроҳлик столига ётқизилади.


41. Бу усулларни икки ишчи бажариши шарт. Бири эркак чўчқанинг орқа оёқларидан, иккинчиси қулоқларидан ушлаб, сўнгра ён бошига ағдаради.


42. Эркак чўчқанинг олдинги ва орқа оёқлари диагонал бўйича ёки учала оёқлари биргаликда арқон билан боғланади.


43. Эркак чўчқани елкаси билан катта тоғорага қўйиш мумкин, бу ҳолда олдинги ва орқа оёқлари алоҳида жуфт қилиб боғланади, бунинг натижасида арқоннинг бир учи олдинги оёқдан орқа оёққа қўйилади, иккинчи учи орқа оёқдан олдинги оёққа тугун билан маҳкамланади.


44. Арқоннинг иккала учи ҳам бирга ушланиб, бирор-бир тўсиқдан ташланади ва имкони борича юқорига кўтарилади.


45. Орқа оёқларининг бирига сакровчи бўғим юқори қисмидан арқондан иборат ҳаракатланувчи тугун ташланиб, унинг бўш учи 1,5 м баландликда эркак чўчқа олдинги оёқларига суянган ҳолда тортиб жойлаштирилади.


46. Йирик эркак чўчқаларни арқонлар тугуни ёрдамида юқори жағидан маҳкамланади.


47. Маҳкам арқондан ҳаракатланувчи тугун ясалиб эркак чўчқа ўткир тишлари орқасидан ташланиб маҳкамланади.


48. Арқоннинг бўш учи бир неча марта дарахтга, тўсинга, столбага боғланади. Бунинг учун эркак чўчқани битта ишчи ушлаб туради.


49. Эркак чўчқа болаларини ахталаш ва даволаш муолажаларини амалга ошириш учун эмизиш давридаги эркак чўчқа болалари, 3-4 ойлик эркак чўчқаларни маҳкамлашда қуйидаги усуллар қўлланилади:

эркак чўчқани елкаси билан тоғорага қўйиш ёки тиззада ўтирган ҳолатида ва орқа оёқдан ушлаб туриш усули;

эркак чўчқани орқа оёқларидан ярим осилган ҳолатда тик тутиб, унинг оёқларидан ушлаб туриш.



3-§. Эркак чўчқалардан уруғ

олишда хавфсизлик талаблари


50. Эркак чўчқа билан оталантириш ёки уруғ олиш жараёни осойишта ва қатъият билан амалга оширилиши керак. Ўта ювош муносабатда бўлиш эркак чўчқада тажовуз қилиш ҳаракатининг пайдо бўлишига олиб келади.


51. Эркак чўчқани манежга табиий оталантириш учун киритиш ёки уруғ олишни махсус йўлакда амалга ошириш зарур.


52. Эркак чўчқадан уруғ сунъий ясалган она чўчқалар қўғирчоқ макети билан таъминланган манежда олинади.


53. Эркак чўчқани қўғирчоқ макетга ўргатиш учун, у аввал манеждаги бир қанча она чўчқалар олдига, сўнгра қўғирчоқ макетли манежга қўйилади.


54. Уруғ қабул қилувчи сунъий қин қўғирчоққа шундай қўйиладики, қиннинг кириш тешиги билан қўғирчоқнинг орқа тешиги бир-бирига тўғри келиши керак. Ўткир четлари ва оралиқларининг ўртасидаги бўшлиқлар эркак чўчқага оғриқ келтирмаслиги ва унда тажовузкорликни уйғотмаслиги керак.


55. Уруғ олиш вақтида атрофда бегона шахслар бўлмаслиги керак ва осойишталикни сақлаш талаб этилади.


56. Уруғ тўлдирилган канистрлар, пинцет ва бошқа жисмлар суюқ азотга (сачраб кетмаслиги учун) оҳиста киритилади.


57. Суюқ азот билан бир кишининг ишлаши тақиқланади.


58. Суюқ азот билан транспорт идишларидан Дьюара идишини тўлдириш эгилувчан металл шланг билан амалга оширилади, унинг пастки учи идишнинг тубигача туширилган бўлади.


59. Бошқа идишдан Дьюар идишини суюқ азот билан тўлдириш, кенг металл воронка орқали амалга оширилади, суюқликнинг воронкадан тўкилиб кетишига йўл қўйилмайди. Суюқ азот тўсатдан тўкилганда, азот буғлари тўлиқ чиқиб кетгунча эшик очилиб, вентиляция уланади, хонадан барча ишчилар ташқарига чиқарилади.


60. Дьюар идишини тўлдириш вақтида унинг оғзига қараш тақиқланади, идиш бўғзида суюқ азот томчилари пайдо бўлиши билан бу жараён тўхтатилади.


61. Дьюар идишлари махсус қопқоқлар билан беркитилади.


62. Ампула ёки спермали гранула суюқ азотдан чиқарилганда идиш оғзида 1-2 сония ушлаб турилади, чунки азот томчилари буғланиши лозим.


63. Дьюар идишини ташиш чоғида унинг тушиб кетишига, урилишига ҳамда кескин ҳаракатларга йўл қўймаслик лозим.


64. Дьюар идишидан хавфсиз фойдаланиш мақсадида қуйидагилар тақиқланади:

Дьюар идишини иситиш асбоблар олдига қўйиш;

Дьюар идишидан суюқ азотни қиздириш йўли билан чиқариш;

ишлаб чиқарувчи корхона томонидан бериладиган сертификатсиз суюқ азотдан фойдаланиш ёки аралашмалар борлиги ҳақида текшириш натижалари бўлмаганда;

бошқа суюқликлар учун Дьюар идишидан фойдаланиш;


65. Дьюар идишларидан суюқ азотнинг оқиб чиқиши ва унинг бинодаги юқори концентрацияси натижасида бош оғриғи, бош айланиши, ҳушидан кетиш, ҳансираш каби белгилар пайдо бўлганда тезда вентиляцияни улаб, жабрланувчини тоза ҳавога олиб чиқиш керак.


66. Суюқ азот оқишини бартараф қилиш учун фақат ҳимояланувчи ёки шлангли противогазлардан фойдаланилади. Противогазда ишлаганда ҳар 30 дақиқада 5 дақиқа танаффус қилиш лозим.



IV. МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ

ҚОИДАЛАРИНИ БУЗГАНЛИК

УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


67. Мансабдор шахслар ва ходимлар меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя қилмаганликлари учун Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.


68. Ишлаб чиқариш билан боғлиқ ҳолда ходимларнинг саломатлигига етказилган зарарлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланади.



V. ЯКУНИЙ ҚОИДА


69. Мазкур қоидалар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 25-сон, 292-модда.