язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Қишлоқ ва сув хўжалиги/ Ўзбекистон Республикасининг 03.09.1993 й. 935-XII-сон "Ветеринария тўғрисида"ги Қонуни (Эски таҳрири)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

03.09.1993 й.

N 935-XII



ВЕТЕРИНАРИЯ ТЎҒРИСИДА


(Эски таҳрири)


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ветеринария

Ветеринария - ҳайвонларни касалликлардан муҳофаза қилиш ҳамда уларни даволаш, ишлаб чиқариш ва аҳолининг юқори сифатли чорвачилик маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини қондириш, одамларнинг ҳайвонга ҳам, инсонга ҳам хос касалликларга чалинишининг олдини олиш, шунингдек атроф муҳитни муҳофаза қилишнинг ветеринария-санитария муаммоларини ҳал этишга доир давлат, жамоат, хўжалик ва махсус ветеринария тадбирлари мажмуидан иборатдир.



2-модда. Ветеринариянинг асосий вазифалари

Қуйидагилар ветеринариянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

ҳайвонларни (чорва моллар, паррандалар, мўйнали ва бошқа ҳайвонларни, балиқлар, асаларилар, ҳайвонот боғларидаги, тажрибахоналар ва бошқа шу кабилардаги жониворларни) касалликлардан ҳимоя қилиш;

аҳолини одам ва ҳайвонлар учун умумий бўлган касалликлардан муҳофаза қилиш;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудини бошқа давлатлар ҳудудидан ҳайвонларнинг юқумли касалликлари олиб кирилишидан муҳофаза қилиш;

ягона давлат ветеринария назоратини амалга ошириш;

атроф муҳитни ҳимоя қилишнинг ветеринария-санитария муаммоларини ҳал этиш;

ветеринария ходимлари тайёрлаш ва уларни малакасини ошириш;

Фан ва техника ютуқларини ветеринария амалиётига татбиқ этиш.



3-модда. Ветеринария тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Ветеринария тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонундан ҳамда унга мувофиқ чиқариладиган бошқа қонун ҳужжатларидан иборат бўлади.

Қорақалпоғистон Республикасида ветеринария иши Қорақалпоғистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан ҳам тартибга солинади.



4-модда. Ветеринариянинг тузилиши

Ўзбекистон Республикасида давлат ветеринарияси, идоравий ва хусусий ветеринариялар амал қилади.

Давлат ветеринария хизматини Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Давлат ветеринария бош бошқармаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг давлат ветеринария бошқармалари, туманлар, вилоят ва туман бўйсунувидаги шаҳарларнинг давлат ветеринария бўлимлари, уларнинг қарамоғидаги ҳайвонлар касалликларига қарши кураш станциялари (туман ветеринария станциялари), диагностика марказлари, ветеринария шифохоналари, лабораториялари, экспедициялари, ҳайвонлар касалликларига қарши кураш отрядлари, бозорлардаги ветеринария-санитария экспертизаси лабораториялари ва давлат ветеринария тармоғининг бошқа ташкилот ва муассасалари амалга оширадилар.

Жойлардаги давлат ва идоравий ветеринария бўлинмаларининг тузилиши ва миқдори чорвачиликнинг ривожланиш хусусиятларини, қушхона ва чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналарининг жойлаштирилишини ҳисобга олган ҳолда шакллантирилади ҳамда бош давлат ветеринария нозирлари билан келишилган ҳолда маҳаллий ҳокимият органлари томонидан белгиланади.

Давлат ва идоравий ветеринария хизмати муассасалари қошида қонунларга мувофиқ шартнома асосида ветеринария хизмати кўрсатадиган қўшма корхоналар, кооперативлар ва бошқа хўжалик ҳисобидаги бирлашмалар тузилиши мумкин.



5-модда. Ветеринария хизматини бошқариш

Ўзбекистон Республикаси ветеринария хизматига раҳбарликни Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Давлат ветеринария бош бошқармаси амалга оширади. Давлат ветеринария бош бошқармасига Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тайинлайдиган бошлиқ бошчилик қилади.

Давлат ветеринария бош бошқармаси халқаро ветеринария ташкилотларида Ўзбекистон Республикаси номидан вакиллик қилади.

Вилоятларда ва Тошкент шаҳрида ветеринария хизматига раҳбарликни тегишинча вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг давлат ветеринария бошқармалари амалга оширадилар. Вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг давлат ветеринария бошқармаларига тегишли вилоят ва Тошкент шаҳри ҳокимлари билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Давлат ветеринария бош бошқармаси тайинлайдиган бошлиқ бошчилик қилади.

Туман ва шаҳарларда ветеринария хизматига раҳбарликни туман ва шаҳар давлат ветеринария бўлимлари амалга оширадилар. Туман ва шаҳарлардаги ветеринария бўлимларига тегишли туман ва шаҳар ҳокимлари билан келишилган ҳолда вилоят давлат ветеринария бошқармалари тайинлайдиган бошлиқ бошчилик қилади.

Давлат чегарасида ва транспортда ветеринария хизматига раҳбарликни давлат чегараси ва транспортдаги давлат ветеринария назорати бошқармаси амалга оширади. Давлат чегараси ва транспортдаги давлат ветеринария назорати бошқармасига Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Давлат ветеринария бош бошқармаси тайинлайдиган бошлиқ бошчилик қилади.

Вилоятлар, шаҳарлар ва туманлардаги ветеринария хизматини бошқариш давлат идоралари ваколатлари доирасида тегишли ҳокимларга ва юқори идораларга бўйсунадилар.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Давлат ветеринария бош бошқармаси тўғрисидаги низом Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан тасдиқланади.


II. ВЕТЕРИНАРИЯ ХИЗМАТИ

6-модда. Давлат ветеринария хизматининг вазифалари

Давлат ветеринария хизмати идоралари ўз ваколатлари доирасида идоравий мансублиги ҳамда мулк шаклидан қатъи назар, барча корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларнинг иши устидан, шунингдек айрим шахсларнинг фаолияти устидан ветеринария-санитария назоратини амалга оширадилар.

Давлат ветеринария хизмати:

эпизоотик вазиятни баҳолайди ва ўзига берилган ваколатлар доирасида ҳайвонларнинг эгаларига юқумли касалликларнинг олдини олиш ва уларни йўқотиш тадбирларини амалга ошириш юзасидан бажарилиши мажбурий кўрсатмалар беради;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудини четдан ҳайвонларнинг юқумли касалликлари кириб келишидан қўриқлаш, моллар, ҳайвонотга мансуб маҳсулотлар ва хом ашё, ем-хашак, озуқабоп қўшимчалар ва чорвачиликда қўлланиладиган бошқа воситаларни тайёрлаш, ташиш, хорижга чиқариш ва хориждан келтириш устидан назоратни амалга оширади;

касалликларнинг келиб чиқиши ва ҳайвонларнинг нобуд бўлишининг сабабларини таҳлил қилади, бундай ҳолларнинг олдини олиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқади, ҳайвонларни даволаш ишини ташкил этади;

ҳайвонларнинг касалликларини аниқлаш, шунингдек ем-хашак ва ичимлик сув сифатини баҳолаш мақсадида лаборатория-клиник ҳамда бошқа тадқиқотлар ўтказади;

ҳайвонларнинг юқумли, инвазион касалликларининг олдини олиш ва бартараф этиш тадбирларини амалга оширади;

соғлиқни сақлаш органлари ва бошқа хизматлар билан биргаликда одамлар ва ҳайвонлар учун хавфли бўлган юқумли касалликларнинг манбаига барҳам беради, шунингдек ўзаро ахборотлар айирбошлайди;

ветеринария-санитария жиҳатдан юқори сифатли чорва маҳсулотлари ва хом ашёси ишлаб чиқарилиши устидан назоратни амалга оширади;

барча чорвачилик объектлари, қушхоналар, гўшт-сут ва бошқа чорва маҳсулотларини қайта ишлайдиган корхоналар, бозорлар ва хом ашё омборларининг ветеринария-санитария ҳолатини назорат қилади, бу объектларнинг қурилиши ва қайта қурилишини, шунингдек ер қазиш ишларини ветеринария экспертизасидан ўтказади;

Ўзбекистон Республикасининг, бошқа давлатларнинг юридик ва жисмоний шахсларидан юқумли касалликлар ёйилиб кетишининг олди олиниши ва бартараф этилишини таъминлаш тадбирлари ўтказилишини, шунингдек ҳайвонларнинг эпизоотик ҳолатини аниқлаш учун зарур бўлган ахборотни тақдим этишни талаб қилади;

юқумли касаллик аниқланганда ёки ҳайвонларнинг ўта хавфли касаллиги мавжудлиги ҳақида шубҳа пайдо бўлганида юридик ва жисмоний шахсларга молларни сўйиш ёки йўқ қилиб ташлаш, чорвачилик маҳсулотлари ва ҳайвонотга мансуб хом ашёни зарарсизлантириш, уларни ишловдан ўтказиш ёки улардан фойдаланишга доир бажарилиши мажбурий талабларни белгилаб қўяди;

давлат, идоравий ва хусусий ветеринария мутахассисларининг фаолиятини назорат этади ва мувофиқлаштиради;

ветеринария соҳасидаги илмий-тадқиқот ишларини мувофиқлаштиради.



7-модда. Давлат ветеринария инспекторлари

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Давлат ветеринария бош бошқармасининг бошлиғи Ўзбекистон Республикасининг Бош давлат ветеринария инспектори ҳисобланади, унинг ўринбосарлари - Ўзбекистон Республикаси Бош давлат ветеринария инспекторининг ўринбосарлари, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг давлат ветеринария бошқармалари бошлиқлари вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг Бош давлат ветеринария инспекторлари, уларнинг ўринбосарлари эса тегишинча вилоятлар ва Тошкент шаҳри Бош давлат ветеринария инспекторларининг ўринбосарлари ҳисобланадилар.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Давлат ветеринария бош бошқармасининг давлат чегараси ва транспортдаги давлат ветеринария назорати бошқармаси бошлиғи давлат чегараси ва транспортдаги Бош давлат ветеринария инспектори ҳисобланади, унинг ўринбосарлари эса давлат чегараси ва транспортдаги Бош давлат ветеринария инспекторининг ўринбосарлари ҳисобланадилар.

Шаҳарлар ва туманлар давлат ветеринария хизматларининг бошлиқлари тегишли шаҳар ва туманнинг давлат ветеринария инспектори ҳисобланадилар.

Чегара ва транспортдаги ветеринария пунктларининг (участкаларининг) бошлиқлари тегишли чегара участкаси ва транспортдаги давлат ветеринария инспекторлари ҳисобланадилар.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Давлат ветеринария бош бошқармасининг ветеринария мутахассислари ўз ваколатлари доирасида давлат ветеринария инспекторлари ҳисобланадилар.

Ўзбекистон Республикасининг Бош давлат ветеринария инспектори, вилоятлар, Тошкент шаҳри, давлат чегараси ва транспортдаги бош давлат ветеринария инспекторлари, уларнинг ўринбосарлари ва давлат ветеринария инспекторлари ўз ваколатлари доирасида ушбу Қонунга мувофиқ ягона давлат ветеринария назоратини амалга оширадилар.



8-модда. Давлат ветеринария инспекторларининг ваколатлари

Бош давлат ветеринария инспекторлари, уларнинг ўринбосарлари ҳамда давлат ветеринария инспекторлари ўз ваколатлари доирасида:

вазирликлар, идоралар, фермер ва деҳқон хўжаликлари, бошқа корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларга, шунингдек алоҳида шахсларга зарур ветеринария-санитария тадбирлар ва эпизоотик касалликларга қарши тадбирлар ўтказиш тўғрисида бажарилиши мажбурий кўрсатмалар берадилар;

Ўзбекистон Республикаси ветеринария бош бошқармаси белгилайдиган рўйхатдаги ўта хавфли юқумли касалликларга чалинган ҳайвонлар аниқланган тақдирда бу ҳайвонларни сўйиш ёки йўқ қилиб ташлаш тўғрисида, шунингдек истеъмолга яроқсиз деб топилган ҳайвонотга мансуб маҳсулотлар ва хом ашёни йўқ қилиб ташлаш, ишловдан ўтказиш ёки ўзга тарзда фойдаланиш тўғрисида барча корхоналар, ташкилотлар, муассасалар ва алоҳида шахслар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берадилар;

ветеринария назорати остидаги объектларга кеча-кундузнинг исталган пайтида бемалол, монеликсиз кирадилар ва ветеринария қонунларининг бузилганлиги ҳолларини бартараф этиш хусусида ҳамма учун мажбурий кўрсатмалар берадилар;

ҳолати ветеринария-санитария жиҳатидан қониқарсиз ёки моллар соғлиғига, шунингдек маҳсулотлар сифатига зарарли таъсир кўрсатиш хавфи бўлган темир йўл вагонлари, кемалар, самолётлар ва бошқа транспорт воситаларидан фойдаланишни тақиқлайдилар;

чорвачилик объектлари, гўшт ва сут саноати корхоналаридан, ҳайвонотга мансуб маҳсулотлар ва хом ашёни қайта ишлайдиган ҳамда сақлайдиган корхоналарнинг ҳайвонларнинг юқумли касалликлари жиҳатидан нобоплиги ёки ветеринария-санитария ҳолати қониқарсизлиги аниқланганда улардан фойдаланишни тақиқлайдилар;

ҳайвонлар гигиенаси нормалари ва ветеринария-санитария қоидаларининг аниқланган бузилишлари бартараф этилгунга қадар чорвачилик фермаларида, ҳайвонотга мансуб маҳсулотлар ва хом ашёни ишловдан ўтказиш ҳамда сақлаш корхоналарида ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари қурилишини, қайта қурилишини, янги қурилган, тикланган ва қайта қурилган объектларнинг фойдаланишга топширилишини тўхтатиб қўядилар;

ушбу Қонунни, ҳайвонлар карантини қоидаларини, бошқа ветеринария-санитария талабларини бузганлик учун мансабдор ва ўзга шахсларга белгиланган тартибга мувофиқ маъмурий жазо берадилар;

ҳайвонларнинг эгалари, ҳайвонотга мансуб маҳсулотларни қайта ишлаш, сақлаш ва сотиш билан шуғулланувчи ташкилотлар, шунингдек фуқаролар ва ветеринария мутахассислари ушбу Қонун, қонун асосида чиқарилган ҳужжатлар ва ветеринариянинг бошқа талабларини бажаришлари устидан назоратни амалга оширадилар;

чегара жойларда, қўшни давлатларда юзага келган эпизоотик вазият тўғрисида тегишли ташкилотлар ва идораларни хабардор қиладилар, зарур тавсиялар берадилар.

ветеринария дори-дармонлари, биологик, кимёвий ва бошқа дорилар ишлаб чиқарилишини ҳамда улардан чорвачилик ва ветеринарияда фойдаланилишини назорат қиладилар, уларнинг ҳайвонлар соғлиғи ва ҳайвонотга мансуб маҳсулотларнинг сифатига таъсирини баҳолайдилар.



9-модда. Давлат ветеринария хизматини

моддий ва молиявий таъминлаш

Давлат ветеринария хизмати:

республика ва маҳаллий бюджет маблағлари;

давлатнинг молларни суғурта қилиш маблағларидан ажратмалар;

пулли хизматлар кўрсатганлик учун ветеринария корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари оладиган маблағлар ҳисобига таъминланади.

Ушбу Қонун талабларини бузганлик учун ундириладиган маъмурий жарима пуллари вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг эпизоотик фондларига тушади.

Рўйхати Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг тақдимига асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгилаб қўйиладиган ҳайвонлар юқумли касалликларининг олдини олиш ва бартараф этиш тадбирлари бюджет ҳисобидан амалга оширилади.


10-модда. Идоравий ветеринария хизмати

Идоравий ветеринария хизмати вазирликлар, идоралар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг тасарруфида бўлади.

Идоравий ветеринария хизматларининг ветеринария мутахассислари ўз ваколатлари доирасида давлат ветеринария идораларининг услубий раҳбарлиги ва назорати остида ҳайвонларга идоравий ветеринария назоратини ва ветеринария хизмати кўрсатишни амалга оширадилар.



11-модда. Идоравий ветеринария хизмати

ветеринария мутахассисларининг ҳуқуқлари

Идоравий ветеринария хизматининг ветеринария мутахассислари:

идорага қарашли ветеринария назорати остидаги объектларга кеча-кундузнинг исталган пайтида бемалол, монеликсиз кириш ва ветеринария тўғрисидаги қонунларнинг аниқланган бузилишларини бартараф этиш ҳақида бажарилиши мажбурий кўрсатмалар бериш;

юридик ва жисмоний шахслардан эпизоотик касалликларнинг олдини олишни ва улар бартараф этилишини таъминлайдиган тадбирлар ўтказишни, шунингдек идорага қарашли корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда ҳайвонларнинг эпизоотик ҳолатини аниқлаш учун зарур маълумотларни тақдим этишни талаб қилиш ҳуқуқига эгадирлар.



12-модда. Идоравий ветеринария хизмат

ветеринария мутахассисларининг вазифалари

Идоравий ветеринария хизматининг ветеринария мутахассислари:

ветеринария тўғрисидаги қонунларнинг бажарилиши устидан ўз ваколатлари доирасида идоравий ветеринария назоратини амалга оширишлари;

хизмат кўрсатилаётган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда эпизоотик касалликларга қарши тадбирлар, даволаш ва ветеринария-санитария тадбирлари ўтказишлари;

ҳайвонларда юқумли касалликлар борлиги хусусида шубҳа пайдо бўлганида бу ҳақда давлат ветеринария хизмати идораларига зудлик билан хабар қилиш ва касалликларнинг тарқалиб кетишига йўл қўймаслик учун барча зарур чораларни кўришлари;

эпизоотик касалликларга қарши тадбирлар, ветеринария-санитария ва даволаш-профилактика тадбирлари ўтказиш ҳамда ветеринария тўғрисидаги қонунлар бузилишида айбдор бўлган мансабдор ҳамда бошқа шахсларни жавобгарликка тортиш юзасидан маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органларига, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга таклифлар киритишлари;

амалга оширилган ишлар ҳақида давлат ветеринария хизмати олдида белгиланган тартибда ҳисоб бериб боришлари шарт.



13-модда. Идоравий ветеринария хизматини таъминлаш

Идоравий ветеринария хизмати тегишли вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, хўжаликлар ҳисобидан таъминланади.



14-модда. Хусусий ветеринария фаолияти

Хусусий ветеринария фаолияти билан ветеринария врачи бўлган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, бошқа давлатларнинг фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар шуғулланишга ҳақлидирлар. Ветеринария фельдшерлари ва техниклари ветеринария врачи назорати остида хусусий иш билан шуғулланадилар.

Хусусий ветеринария фаолияти билан шуғулланаётган ветеринария мутахассислари белгиланган тартибда берилган тегишли рухсатномалар (лицензиялар)га эга бўлишлари шарт.


15-модда. Хусусий ветеринария фаолияти билан

шуғулланувчи мутахассисларнинг ҳуқуқлари

Хусусий ветеринария фаолияти билан шуғулланувчи ветеринария мутахассислари:

ҳайвонларнинг карантин ёки қонунларда белгиланган чеклашлар қўлланадиган касалликларга чалиниши ҳолларини истисно этганда касалликни аниқлаб ташхис қўйиш ва даволаш билан шуғулланишга;

ҳайвонларни касалланишдан сақлаш мақсадида эмлаш тадбирлари ўтказишга, шунингдек ҳайвонларнинг эгаларига маслаҳат беришга;

ҳайвонлар соғлиғига доир ветеринария ҳужжатлари беришга;

моллар ва бошқа ҳайвонларнинг юқумли касалликларга чалиниши хавфи пайдо бўлганида ҳайвонларни, ҳайвонотга мансуб маҳсулотлар ва хом ашёни, шунингдек ем-хашакни объектга четдан олиб кириш ва объектдан четга олиб чиқишни тақиқлаб қўйишга ҳақлидирлар.


16-модда. Хусусий ветеринария фаолияти билан

шуғулланувчи мутахассисларнинг вазифалари

Хусусий ветеринария фаолияти билан шуғулланувчи ветеринария мутахассислари:

ҳайвонларда юқумли касалликлар борлиги хусусида шубҳа пайдо бўлганида бу ҳақда маҳаллий давлат ветеринария хизматига зудлик билан хабар қилишлари ва касалликларнинг тарқалиб кетишига йўл қўймаслик чораларини кўришлари;

касалликлар кенг тарқалиб кетганида давлат ветеринария хизмати кўрсатмаларига мувофиқ равишда ветеринария тадбирларини амалга оширишлари;

амалга ошираётган ишлари ҳақида давлат ветеринария хизмати олдида белгиланган тартибда ҳисоб бериб боришлари шарт.



III. ҲАЙВОН ВА ЧОРВАЧИЛИК МАҲСУЛОТЛАРИ

ЭГАЛАРИНИНГ ҲУҚУҚ ҲАМДА ВАЗИФАЛАРИ

17-модда. Ҳайвон ва чорвачилик маҳсулотлари

эгаларининг ҳуқуқлари

Ҳайвон ва чорвачилик маҳсулотлари эгалари:

ветеринария хизмати кўрсатилиши учун давлат, идоравий ва хусусий ветеринария хизматлари билан шартномалар тузиш;

ветеринария хизматидан ҳайвонларнинг касалликка чалиниш даражаси, эпизоотик вазият ва ҳайвонлар ҳамда чорвачилик маҳсулотларини махсус тадқиқ этиш натижалари ҳақида ахборотлар олиш;

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Давлат ветеринария бош бошқармаси белгилаган тартибда ҳайвонлар ва чорвачилик маҳсулотлари, ем-хашак, ветеринария дори-дармонлари сотиб олиш ва сотиш, шу жумладан хориждан сотиб олиш ва хорижга сотиш;

маҳаллий ҳокимият органлари, давлат, идоравий ветеринария хизматлари ҳамда хусусий ветеринария фаолияти билан шуғулланаётган мутахассисларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари ва кўрсатмалари устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эгадирлар.



18-модда. Ҳайвон ва чорвачилик маҳсулотлари

эгаларининг вазифалари

Ҳайвон ва чорвачилик маҳсулотларининг эгалари:

ушбу Қонун ва ветеринария тўғрисидаги бошқа қонун ҳужжатларининг талабларига риоя этишлари;

ўз маблағлари ҳисобига ҳайвонлар юқумли касалликларга чалинишининг олдини олишга қаратилган ташкилий-хўжалик ва ветеринария тадбирларини амалга оширишлари, бюджетдан молиявий таъминланадиган тадбирлар бундан мустасно;

касал ҳайвонни даволатишлари, зарур бўлганда ветеринария мутахассисининг кўрсатмасига биноан сўйиш ёки йўқ қилиб ташланишини таъминлашлари;

истеъмолчилар соғлиғи учун хавфли бўлган моддалар ёки юқумли касаллик қўзғатувчи микроблар билан ифлосланган ёхуд зарарланган чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши ва сотилишини истисно этувчи ҳайвонлар гигиенаси нормаларини бажаришлари ва ветеринария-санитария қоидаларига риоя этишлари;

ҳайвон сотиб олинганлиги ва уларнинг тўсатдан ҳаром ўлиши ёки ғайриодатий хатти-ҳаракати ҳоллари тўғрисида муайян ҳудудга хизмат кўрсатувчи тегишли ветеринария хизматига зудлик билан хабар қилишлари;

ветеринария хизматининг ҳайвонларни юқумли касалликлардан муҳофаза этиш юзасидан берган тақдимномаларини бажаришлари ҳамда карантинга доир тегишли тадбирлар ва бошқа ветеринария тадбирлари ўтказилишини таъминлашлари, шунингдек даволаш-профилактика ишловларини тўлиқ ҳажмда ўтказишлари;

чорвачилик фермаларини, ҳайвонлар ҳамда чорвачилик маҳсулотлари сақланадиган бинолар ва бошқа иншоотларни, шунингдек яйловлар, сув ҳавзалари, мол ҳайдаб ўтиладиган йўллар, темир йўл бекатлари, кўргазмалар, ярмаркалар, бозорлар, сўйиш пунктлари, майдончалар, гўшт комбинатлари, сепаратор бўлимлари, сут пунктлари ва заводларини лозим бўлган ветеринария-санитария ҳолатида сақлашлари, уларда дезинфекциялаш, дезинсекциялаш ва дератизациялаш ишларини ўз вақтида ўтказишлари, шунингдек ўлган ҳайвонлар жасадини йиғиштириб олишлари ва йўқ қилиб ташлашлари;

ҳайвонлар ҳамда чорвачилик маҳсулотлари ва хом ашёси савдо-сотиғини фақат давлат ветеринария хизматининг рухсати билан махсус ажратилган жойларда ветеринария-санитария қоидаларига риоя этган ҳолда амалга оширишлари;

ветеринария мутахассисларининг талабига биноан ҳайвонларни кўрикдан, диагностик текширувдан, эҳтиёти шарт йўсинида эмлашдан ва даволаш-профилактика ишловларидан ўтказиш учун топширилишини таъминлашлари, ветеринария ходимларига кўрсатилган ветеринария хизматлари эвазига ҳақ тўлаган ҳолда ветеринария тадбирларини ўтказиш учун зарур шарт-шароит яратиб беришлари;

юқумли касалликларнинг пайдо бўлиши ёки чорва маҳсулотларининг яроқсизлиги ҳайвон эгаларининг айби билан пайдо бўлганлиги суд томонидан исботланган ҳолларда соғломлаштириш тадбирларига кетган харажатларни давлат ветеринария хизматига тўлашлари;

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Давлат ветеринария бош бошқармаси томонидан тасдиқланмаган биопрепаратлар, дори-дармонлар, озуқабоп қўшимчалар, микроэлементлар, биологик кучайтиргичлар ва гормонларни чорвачиликда қўлламасликлари;

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Давлат ветеринария бош бошқармаси томонидан белгиланган ветеринария-санитария талабларига ҳамда ҳайвонлар, ҳайвонотга мансуб маҳсулотлар ва хом ашё ҳамда ем-хашакни чет элдан сотиб олиш ва чет элга чиқариш талабларига риоя этишлари шарт.


IV. ҲАЙВОНЛАРНИНГ ЮҚУМЛИ КАСАЛЛИКЛАРИ

ТАРҚАЛГАНИДА КАРАНТИН БЕЛГИЛАШ ВА

УНИ БЕКОР ҚИЛИШ ТАРТИБИ

19-модда. Ҳайвонларнинг юқумли касалликлари

тарқалганида карантин ёки чеклашлар

Ҳайвонларнинг юқумли касалликлари тарқалгани аниқланган ҳолларда туман (шаҳар) давлат ветеринария инспекторининг тақдимномасига биноан маҳаллий ҳокимият органларининг қарорлари билан айрим подалар, отарлар, уюрлар, қўралар, фермалар, хўжаликлар, корхоналар, темир йўл бекатлари, аэропортлар, дарё портлари, қишлоқ ва қўрғонларнинг ҳудудлари ҳайвонларнинг юқумли касалликлари тарқалганлиги жиҳатидан ёмон аҳволда деб эълон қилинади ҳамда уларда карантин ёки зарур чеклашлар ўрнатилади.

Туманларни, шаҳарларни, вилоятларни ҳайвонларнинг юқумли касалликлари тарқалганлиги жиҳатидан ёмон аҳволда деб эълон қилиш ҳамда уларда карантин ёки бошқа чеклашлар ўрнатиш тегишли бош давлат инспекторларининг тақдимномасига биноан вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимиятининг вакиллик органлари ёки вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг қарорлари билан ёки Ўзбекистон Республикаси Бош давлат ветеринария инспекторининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан амалга оширилади.

Ҳайвонларни юқумли касалликлар билан оғриши батамом тўхтаганидан кейин карантин ёки чеклашлар ўрнатилган ҳудудда зарур ветеринария-санитария тадбирлари амалга оширилгандан (касалликларга қарши кураш қўлланмаларида кўрсатилган муддат ўтганидан) сўнг тегишли бош давлат ветеринария инспекторларининг тақдимномасига биноан карантин ёки чеклашлар ўрнатган туман, шаҳар, вилоят ва Тошкент шаҳри ҳокимиятининг вакиллик органлари ёки ҳокимларнинг қарорлари билан ёхуд Ўзбекистон Республикаси Бош давлат ветеринария инспекторининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан карантин ёки чеклашлар бекор қилинади.

Тарқалиши оқибатида карантин ёки чеклашлар белгиланадиган ҳайвонларнинг юқумли касалликлари рўйхати Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Давлат ветеринария бош бошқармаси томонидан тасдиқланади.


20-модда. Эпизоотик касалликларга

қарши фавқулодда комиссиялар

Ҳайвонлар ялпи касалланиши ҳамда нобуд бўлишининг олдини олиш ва бартараф этиш юзасидан корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва айрим шахслар фаолиятига кундалик раҳбарлик қилиш ҳамда бу борадаги ишни мувофиқлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, вилоят, шаҳар ва туман ҳокимиятининг вакиллик органлари ёки ҳокимлар томонидан ўзининг тасдиқланган Низомига мувофиқ иш олиб борувчи эпизоотик касалликларга қарши фавқулодда комиссиялар тузилади.



V. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР

21-модда. Ветеринария тўғрисидаги қонун

ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Ветеринария тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишида айбдор бўлган шахслар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ интизомий, моддий, маъмурий ва жиноий жавобгар бўладилар.


22-модда. Ветеринария ходимларининг давлат суғуртаси

Давлат ветеринария идораларининг ходимлари бюджет ҳисобига давлат томонидан мажбурий суғурта қилинишлари лозим.



23-модда. Халқаро шартномалар

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида ушбу Қонундагидан ўзгача қоидалар белгилаб қўйилган бўлса, у ҳолда халқаро шартнома қоидалари қўлланади.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                      И. Каримов



Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 йил, 9-сон, 335-модда