язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Саноат/ Ўзбекистон пахтани қайта ишлаш ва пахта маҳсулотини сотиш давлат-акционерлик уюшмаси "Ўздавпахтасаноатсотиш"нинг Устави (ЎзР ВМ 15.02.1993 й. 84-сон қарори билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

1993 йил 15 февралдаги

84-сон қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Ўзбекистон пахтани қайта ишлаш ва пахта

маҳсулотини сотиш давлат-акционерлик уюшмаси

"Ўздавпахтасаноатсотиш"нинг

УСТАВИ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон пахтани қайта ишлаш ва пахта маҳсулотини сотиш давлат-акционерлик уюшмаси "Ўздавпахтасаноатсотиш", кейинги ўринларда уюшма деб аталади, юридик шахс ҳуқуқига эга бўлган хўжалик уюшмаси ҳисобланади ҳамда пахтани қайта ишлаш ва пахта маҳсулотини сотиш ҳудудий давлат-акционерлик бирлашмаларини (кейинги ўринларда - ҳудудий бирлашмалар), пахта хом ашёси харид қилиш, уни қайта ишлаш, пахта маҳсулоти ва каноп сотишни таъминловчи мулкчиликнинг барча шаклларидаги корхоналар ва ташкилотларни ихтиёрий равишда бирлаштиради.

Уюшма у ташкил этилиши муносабати билан тугатилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Узглавлегснабсбит" ва "Ўзбек пахта саноати" республика ишлаб чиқариш бирлашмасининг ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

Ҳудудий бирлашмаларнинг уставлари уларнинг таъсис конференциялари томонидан тасдиқланади.

Уюшма аъзолари ўз хўжалик мустақилликларини, юридик шахс ҳуқуқларини сақлаб қоладилар, ўз фаолиятларида "Ўзбекистон Республикасидаги корхоналар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига ва ушбу Уставга амал қиладилар.


2. Уюшма юридик шахс ҳисобланади, ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг бошқа қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонларига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига ва ушбу Уставга амал қилади.

Уюшма Ўзбекистон Республикаси банк муассасаларида ўзининг ҳисоб-китоб, валюта ва бошқа счётларига, ўз мулкига, мустақил ва йиғма балансларига эга бўлади.

Уюшма Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.


3. Уюшма ҳудудий бирлашмалар орқали ўз таркибига кирувчи корхоналар ва ташкилотларнинг давлат мулкини бошқаради, Давлат корхоналари ва ташкилотларини белгиланган тартибда ташкил этади, қайта ташкил этади ва тугатади.

Уюшма амалдаги қонун ҳужжатлари бўйича жазо чоралари қўлланиши мумкин бўлган ўзига қарашли мулк билан ўз мажбуриятлари бўйича жавоб беради.

Давлат, унинг идоралари ва ташкилотлари уюшма мажбуриятлари бўйича жавоб бермаганидек уюшма ҳам давлат ва унинг идоралари мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди.

Уюшма ўз аъзолари мажбуриятлари бўйича жавоб бермаганидек унинг аъзолари ҳам уюшма мажбуриятлари бўйича жавоб бермайдилар.


4. Ҳудудий бирлашмалар, корхоналар билан уюшма ўртасидаги муносабатлар Таъсис шартномаси ва ушбу Уставга биноан ҳуқуқ ҳамда ваколатларнинг бир қисмини уюшма бошқарув органларига бериш асосида қурилади. Уюшма аъзолари ўртасидаги муносабатлар шартнома асосида қурилади.


5. Уюшма Ўзбекистон Республикаси герби тасвири туширилган ҳамда ўз номи Ўзбек ва рус тилларида ёзилган муҳрга, шунингдек уюшма эмблемаси тасвирланган муҳрга эга бўлади.

Уюшманинг манзили: Ўзбекистон Республикаси, 700100, Тошкент шаҳри, Шота Руставели кўчаси, 8а-уй.



II. УЮШМАНИНГ МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ


6. Жаҳон андозалари талабларига жавоб берадиган пахта ва каноп маҳсулотлари етиштириш ва сотишда республика халқ хўжалигининг эҳтиёжларини қондириш уюшма фаолиятининг мақсади ҳисобланади.


7. Қуйидагилар уюшманинг асосий вазифалари ҳисобланади:

пахта хом ашёсини харид қилиш, сақлаш ва саноат йўли билан қайта ишлашда, пахта толаси ва бошқа пахта маҳсулотлари етиштиришда ягона илмий-техника сиёсати ўтказишни таъминлаш, жаҳон андозалари талабларига жавоб берадиган пахта толаси ва бошқа пахта маҳсулотлари ишлаб чиқаришни таъминлайдиган прогрессив, кам харажатли технологияни ишлаб чиқиш ва жорий этиш, пахта хом ашёсини тайёрлаш, сақлаш ва уни қайта ишлашда нобудгарчиликни энг кам даражага тушириш;

ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ва унинг қолдиқлари бўйича пухта ҳисобга олиш ва ҳисоботни юритиш;

республика Ҳукумати тасдиқлаган тартибга мувофиқ мустақил сотиш учун хўжаликлар ихтиёрида олдириладиган пахта толаси ҳажмини белгилаш;

хўжаликлар билан тузилган шартномаларга мувофиқ ҳудудий бирлашмалар томонидан пахта ва каноп тайёрланишини назорат қилиш;

Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаган квоталар бўйича республика ва бошқа давлатларнинг истеъмолчиларига пахта толаси ва чигит етказиб бериш, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг лицензиялари асосида пахта толасини экспорт учун етказиб бериш, тўғридан-тўғри шартномалар бўйича пахтани қайта ишлашдан олинадиган қўшимча маҳсулотлар - момиқ, ўлик пахта, калта момиқ, шунингдек каноп толаси етказиб беришни мустақил амалга ошириш;

пахта маҳсулотлари ресурсларига бўлган эҳтиёжни ўрганиш, Ўзбекистон Республикаси Истиқболни белгилаш ва статистика давлат қўмитаси билан биргаликда, ишлаб чиқариш чиқиндилари бўйича эса - мустақил равишда, пахта маҳсулотлари етказиб беришни ривожлантириш истиқболларини, балансларни ишлаб чиқиш, пахта маҳсулотлари ва каноп толаси ишлаб чиқариш топшириқларини белгилаш ва уларни республиканинг ўзида ва унинг ташқарисида сотиш;

чигитдан фойдаланишнинг белгиланган тартибига мувофиқ уни республика пахтакор хўжаликларига ва ёғ-мой корхоналарига сотиш;

тузилган шартномалар ва битимларга мувофиқ маҳсулот етказиб берувчилар ва истеъмолчилар билан пахта маҳсулотлари учун марказлаштирилган ҳисоб-китобларни амалга ошириш;

республика халқ хўжалигининг барча тармоқлари корхоналарини давлат буюртмаси ҳажмида пахта маҳсулотлари ва каноп толаси билан тўлиқ таъминлаш билан боғлиқ бўлган истиқболдаги ва жорий масалаларни ҳал қилиш;

маҳсулот етказиб берувчилар ва истеъмолчилар билан пахта маҳсулотлари етказиб беришга шартнома ва битимлар тузиш;

республика пахтакор хўжаликлари ва пахта заводлари ишлаб чиқарган пахта маҳсулотларини сотишни ташкил этиш, маҳсулот етказиб берувчилар ва истеъмолчилар билан жўнатилган маҳсулот учун ҳисоб-китоб қилиш;

пахта маҳсулотлари, каноп толасини улгуржи сотиш бўйича республикалараро кимошди савдолари ва ярмаркалар ташкил этиш ва ўтказиш, уларда республика манфаатларини ҳимоя қилиш;

биржа битишувлари бўйича пахта маҳсулотлари етказиб бериш масалаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи вилоят уюшмалари, республика биржалари, савдо уйлари, шунингдек бошқа давлатларнинг биржа ва савдо уйлари билан мустаҳкам ўзаро ҳамкорлик қилишни таъминлаш;

тузилган шартномалар, минтақалараро ва минтақавий битимлар асосида пахта маҳсулотларини жўнатиш бўйича шартнома мажбуриятларининг бажарилишини назорат қилиш;

бозор инфраструктурасини ривожлантириш бўйича тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, хорижий фирмалар билан қўшма корхоналар, кичик корхоналар, лизинг компаниялари тузиш ва улар фаолиятини мувофиқлаштириш;

асосий ва айланма фондлар, хом ашё, моддий ва молиявий ресурслардан самарали фойдаланиш, меҳнат унумдорлигини ошириш ва хўжалик ҳисоби даромадини кўпайтириш;

ижтимоий соҳани комплекс ривожлантириш, меҳнат жамоаларининг ташаббус ва тадбиркорлик кўрсатишлари учун шароит яратиш, хўжалик мустақиллигини ривожлантириш, меҳнатга қараб ҳақ тўлаш ва ижтимоий адолат принципларини изчил амалга ошириш.



III. УЮШМАНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ


8. Уюшма ўзига юклатилган вазифаларга мувофиқ;

уюшмани иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришнинг истиқбол режаларини ишлаб чиқади, ишлаб чиқаришнинг жорий режаларини белгилайди ва умумлаштиради ҳамда уларнинг бажарилиши натижаларини таҳлил қилади;

ягона илмий-техника сиёсатини ишлаб чиқиш ва жорий этишни, ишлаб чиқаришни ташкил этишнинг техник даражасини доимий равишда оширишни, технологик жараёнларни такомиллаштиришни, юқори сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришни таъминлайди;

илмий тадқиқот институтлари, лойиҳа-конструкторлик ва технологик ташкилотлар билан биргаликда янги техника ва илғор технологияни яратиш, ўзлаштириш ва жорий этиш ишларини ташкил этади;

пахта ва каноп маҳсулотлари сифатини яхшилашга қаратилган тармоқ давлат андозалари ва техник шартларининг жорий этилишини ва уларга риоя этилишини назорат қилишни таъминлайди, ихтирочилик ва рационализаторлик фаолиятини такомиллаштириш ишларини ташкил этади ва олиб боради;

капитал маблағлардан самарали фойдаланишни ва янги ишлаб чиқариш қувватлари ҳамда омборларнинг ўз вақтида ишга туширилишини таъминлайди;

корхоналар, бинолар, иншоотлар қурилиши, уларни кенгайтириш, қайта қуриш ва техника билан жиҳозлаш учун лойиҳа-смета ҳужжатларининг ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди;

белгиланган тартибда мавжуд низомга мувофиқ смета қийматига кўра корхоналар, бинолар ва иншоотларни қуриш, кенгайтириш, қайта қуриш, техника билан қайта жиҳозлашга лойиҳа-смета ҳужжатлари ва сарварақ рўйхатлари экспертизаси ўтказилишини, тасдиқланишини ва қайта тасдиқланишини таъминлайди;

битказилган қурилиш объектларини фойдаланишга топшириш бўйича давлат қабул комиссияларини белгиланган тартибда тайинлайди;

ҳудудий бирлашмаларнинг буюртманомалари асосида маҳсулотларни темир йўл ва автомобиль транспортида ташиш бўйича ойлик йил чораклари бўйича ва йиллик режаларни тузади ва уларни темир йўл ва автомобиль транспорти ташкилотларига тақдим этади;

дориланган уруғлик чигитни тайёрлаш ва уни пахтакор хўжаликларга сотишни таъминлайди;

ташқи иқтисодий фаолиятни валюта билан ўзини ўзи қоплаш принципи асосида ташкил этади ва амалга оширади;

кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ягона тизимини ташкил қилади, касбга ўқитишнинг иқтисодий ўқув билан бирга олиб борилишини таъминлайди;

давлат буюртмаси бўйича пахта, каноп ва улардан республика пахта ва каноп заводлари ишлаб чиқарган маҳсулотларни харид қилишни амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси Истиқболни белгилаш ва статистика давлат қўмитасининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаган балансларига мувофиқ давлат буюртмаси бўйича республика корхоналарига, бошқа давлатлар корхоналарига давлатлараро битимлар бўйича пахта маҳсулотига фондларни тақсимлайди;

бозор конъюнктураси ва белгиланган лимитларни ҳисобга олган ҳолда пахта толаси, момиқ ва бошқа турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва етказиб беришга буюртмалар бериш тизимини такомиллаштиради;

бириктирилган номенклатура бўйича тўлиқ ҳажмда маркетинг ишини олиб боради;

белгиланган тартибда республиканинг ўзига, бошқа давлатларга ва экспортга пахта толаси, бошқа пахта маҳсулотлари ва каноп толаси етказиб бериш бўйича шартномалар ва битимлар тузади;

тузилган шартномалар ва битимларга мувофиқ пахта маҳсулотлари етказиб беришни ва улар учун ҳисоб-китоб қилишни амалга оширади бевосита пахтакор хўжаликлар, пахта заводлари ва ёғ-мой комбинатлари ўртасида амалга ошириладиган чигит учун ҳисоб-китоблардан ташқари;

Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон билан пахта маҳсулотлари бўйича нарх сиёсатини мувофиқлаштиришни таъминлайди;

мулкчилик шаклидан қатъи назар, бошқа давлатларнинг таъминот-сотиш, тижорат-воситачи ташкилотлари, бирлашмалари ва корхоналари ва чет эл фирмалари билан бевосита алоқа ўрнатади;

шартнома асосида мулкчиликнинг ҳар қандай шаклидаги бирлашмалар ва уюшмалар таркибига киради, турли йўналишдаги биржалар ва акционерлик жамиятларининг муассиси ёки ҳаммуассиси, аъзоси пайчиси бўлади, бошқа давлатларда шўъба савдо-воситачилик фирмалари, банклар, ваколатхоналар ташкил этади;

ишлаб чиқариш самарадорлигининг, даромаднинг ошишига олиб келувчи хўжалик ҳисобини, шартнома, молия ва ҳисоб-китоб интизомини мустаҳкамлайди;

ўз моддий-техника базаси ривожланиши ва мустаҳкамланишини, асосий фондлар, меҳнат, моддий ва молиявий ресурслардан фойдаланишни яхшилашни таъминлайди;

меҳнатни ва бошқаришни илмий ташкил этишни жорий этади, замонавий ҳисоблаш техникасини қўллаган ҳолда автоматлаштирилган бошқарув тизимини яратади;

шартнома асосида уюшма тизими учун малакали кадрлар танлаш масалаларини ҳал қилади;

кимошди савдолари, улгуржи ярмаркалар, шартномалар тузиш бўйича кампанияларнинг қандай бораётганлиги ҳақидаги материалларни умумлаштиради, таҳлил қилади ва уларнинг натижаларини якунлайди;

ресурслар балансларини ҳамда улгуржи ярмаркалар ва кимошди савдоларини ўтказишнинг истиқболдаги дастурларини ишлаб чиқиш ва шартномалар тузиш учун пахтакор хўжаликлар ва пахта заводларидан зарур материалларни олади;

белгиланган муддатларда маҳсулот тайёрловчилар ва истеъмолчиларга маҳсулот жўнатишга рухсатнома ҳисобланувчи ва қўшимча равишда лицензия беришни талаб қилмайдиган нарядлар беради;

транспорт ташкилотлари билан биргаликда маҳсулот етказиб берувчиларнинг шартномалар бўйича республика ички, минтақалараро ва жаҳон бозорига маҳсулот етказиб бериш бўйича мажбуриятларида белгиланган ҳажмларда муддатлар ва йўналишлар бўйича маҳсулот ташиш учун юк жўнатувчи корхоналар берган буюртмаларни мувофиқлаштиради ва тартибга солади;

белгиланган тартибда марказлаштирилган моддий рағбатлантириш жамғармалари ташкил этади ҳамда улардан самарали фойдаланишни таъминлайди;

пул ва моддий бойликлар сақланишини, етказилган зарар қопланишини, тежамкорлик режимига риоя қилинишини таъминлайди;

буюртмалар ва узоқ муддатли шартномалар асосида тўғридан-тўғри узоқ муддатли алоқаларни фаол кенгайтирган ҳолда маҳсулот етказиб берувчилар ва истеъмолчилар ўртасидаги мавжуд алоқаларни такомиллаштиради ҳамда оқилона хўжалик алоқаларини ташкил этиш чора-тадбирларини амалга оширади;

пахта маҳсулоти етказиб берувчилардан пахта маҳсулоти етказиб бериш, унинг тушиши, сарфланиши ва қолдиқлари, шу жумладан, хўжаликлар тасарруфида бўлган ва улар ўз ихтиёри билан сотадиган маҳсулотлар бўйича ҳам назарда тутилган статистик ҳисоботни олади;

пахта ва канопни қабул қилиш, қуритиш, тозалаш, ташиш, сақлаш ва қайта ишлаш, маҳсулот сотиш, давлат эҳтиёжлари учун етказиб бериладиган пахта толаси учун ҳисоб-китоб қилиш масалалари бўйича, мулкчилик шаклидан қатъи назар, республика ҳудудида жойлашган барча корхоналар ва ташкилотлар бажариши шарт бўлган услубий қўлланмалар, йўриқномалар ва норматив ҳужжатларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

истеъмол хусусиятлари, сифат кўрсаткичлари ва рақобатга қобиллиги юқори, энг аввало, экспортга жўнатиш учун яроқли бўлган тола олишга имкон берувчи ғўзанинг янги истиқболли навларини яратишга қаратилган муҳандислик-техник тадбирларни ишлаб чиқишда ва ўтказишда қатнашади;

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ республика давлат бюджетига тегишли тўловлар, шу жумладан, валюта ажратмалари ўтказилишини таъминлайди.



IV. АКЦИЯЛАР


9. Уюшма уюшма аъзолари ўз маблағларининг бутун қўйилган улуши миқдорига акциялар чиқаради. Ҳар бир акциянинг қиймати камида 1000 сўмни ташкил этади.

Акционер томонидан сотиб олинган ҳар бир акция унга бир овоз бериш ҳуқуқини беради.

Чиқарилган акцияларнинг умумий сонидан 49 фоизи эгасининг номи ёзилган акциялар, 51 фоизи эса (назорат пакети) акция кўрсатувчига бериладиган акциялар бўлиб ҳисобланади.

Акцияларнинг назорат пакети Ўзбекистон Республикасининг мулки бўлиб ҳисобланади ва хусусий шахсларга сотилмайди.


10. Уюшма аъзоларидан ҳар бирининг қўлида, давлатдан ташқари, уюшма барча акцияларининг ўн фоизидан ортиғи жамланиши мумкин эмас.



V. УЮШМАНИНГ МУЛКИ ВА МАБЛАҒИ


11. Уюшма ўзига берилган мулкка эгалик қилиш, фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқини ўз фаолиятининг мақсади ва вазифаларига ҳамда мулкнинг вазифасига мувофиқ амалга оширади.


12. Уюшма фаолиятини амалга ошириш учун уюшма аъзоларининг ўз маблағлари кўринишидаги пай бадаллари миқдорида устав фонди ташкил этилади.

Устав фондига муассислар томонидан маблағлар уюшма Кенгаши белгилайдиган миқдорлар ва улушларда қўйилади, Кенгаш устав фондини кўпайтириши ёки камайтириши мумкин.

Уюшманинг мулки ва маблағи унинг тўлиқ ихтиёрида бўлади ва у мусодара қилинмайди.

Уюшма ўзига тегишли мулкдан Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган ҳар қандай хўжалик ва бошқа хил фаолиятни амалга ошириш учун фойдаланиши мумкин.


13. Иштирокчи-корхоналарнинг мулки уюшма мулки ҳисобланмайди, корхоналар ихтиёрий равишда уюшмага берган мулклар бундан мустасно.


14. Уюшма бошқаруви ва унинг ишчи аппарати уюшма маблағлари, шу жумладан, унинг иштирокчиларининг даромадларидан ажратмалар ҳисобига ҳосил бўладиган маблағлар ҳисобидан сақланади.


15. Ажратмаларнинг миқдорлари, ҳосил бўлган фондлар ва захираларни йўналтириш ҳамда улардан фойдаланиш тартибини уюшма Кенгаши белгилайди.



VI. УЮШМА ДАРОМАДИНИ ТАҚСИМЛАШ


16. Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган мажбурий солиқлар ва тўловлар тўланганидан кейин даромаднинг қолган қисми қуйидагича тақсимланади:

марказлашган, захира ва суғурта фондларига ажратмалар учун - 15 фоиз;

ўз корхоналарини ишлаб чиқариш-техника ва ижтимоий ривожлантиришга йўналтириладиган жамғарма фондига - 35 фоиз;

акциялар бўйича банк фоизи депозитлари тўловлари даражасидан кам бўлмаган дивидендларни тўлашга.


17. Акционерларга дивидендлар уюшма баланси бўйича тафтиш комиссиясининг хулосасидан ва ҳисобот эълон қилинганидан кейин йил якунлари бўйича тўланади.



VII. УЮШМА ИШТИРОКЧИЛАРИ,

УЛАРНИНГ ВА ВАЗИФАЛАРИ


18. Мулкчилик шаклидан қатъи назар, устав фондига ўз ҳиссаларини моддий ёки пул шаклида қўшган, уюшма Уставини тан олган ва уюшма вазифаларига мувофиқ ишлаб чиқариш-хўжалик ва бошқа фаолиятни амалга ошириш мажбуриятларини ўз зиммаларига олган ҳудудий бирлашмалар, корхоналар, ташкилотлар, шу жумладан, хорижий корхоналар ва ташкилотлар уюшма иштирокчилари бўлишлари мумкин.


19. Уюшма иштирокчилари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

уюшма акцияларини устувор тартибда ва имтиёзли шартларда сотиб олиш;

уюшманинг раҳбар органларига ўзларининг фаолиятлари масалалари бўйича таклифларни кўриб чиқиш учун киритиш ва бу масалалар уюшма раҳбар органлари мажлисларида муҳокама қилинаётганда иштирок этиш;

юқори натижаларга эришиш ҳамда уюшма ва корхоналарнинг иқтисодий фойда олишлари мақсадида уюшма Кенгашининг розилигига кўра ўз имкониятлари ва мулкининг бир қисми билан бошқа хўжалик ҳамда бирлашмаларда иштирок этиш;

мақсадли дастурлар учун қўйилган қўшимча бадалларга, предметли (мақсадли) фаолият учун тузилган шартномаларга мувофиқ бадалларга мутаносиб равишда даромад олиш;

тузилган шартномалардан ортиқча ишлаб чиқарилган маҳсулотни савдо биржасида сотиш ёки уюшма бошқаруви билан келишиб зарур асбоб-ускунага, хом ашё, моддий ресурсларга шартнома нархларида бартер асосида айирбошлаш;

хом ашё ва материаллар етказиб берувчилар билан ҳамда улгуржи ва савдо ташкилотлари билан ҳисоб-китоб қилишда лимитланган чек дафтарчаларидаги ҳисоб-китоб чекларидан фойдаланиш;

уюшма Кенгашида унинг кўриб чиқиши учун киритилган масалалар муҳокамасида тенг шартларда иштирок этиш;

ўз корхонасини ривожлантириш учун уюшманинг илмий-техник ишланмаларидан, маҳсулотларидан, уюшма корхоналари ва ташкилотлари кўрсатадиган хизматлардан биринчи навбатда фойдаланиш;

ўз фирма белгисида уюшма эмблемасидан фойдаланиш, ўзининг фирма бланклари ва муҳрларида уюшмага қарашлилигини кўрсатиш;

меҳнат жамоасининг қарорига асосан, тузилган шартномаларга мувофиқ уюшманинг бошқа иштирокчилари олдидаги мажбуриятларни сақлаган ҳолда, уюшма таркибидан чиқиш.


20. Уюшма иштирокчиларининг мажбуриятлари:

уюшма Уставига риоя қилиш, унинг раҳбар органлари қарорларини бажариш;

ўз молия-хўжалик ва бошқа фаолиятларини уюшма вазифаларига мувофиқ, умуман уюшмани ривожлантириш ва иқтисодий манфаатдорлигини уйғунлаштиришни таъминланган ҳолда, амалга ошириш;

уюшма Кенгаши томонидан белгиланган молия фондларига бадалларни белгиланган муддатларда тўлаш.



VIII. УЮШМА ИШТИРОКЧИЛАРИНИНГ

ЖАВОБГАРЛИКЛАРИ


21. Уюшма иштирокчилари қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда қуйидагилар учун жавоб берадилар:

ўз зиммасига олган шартнома мажбуриятларини бажармаганликлари учун;

умуман уюшмага зарар келтирган ўз ҳаракатлари учун;

Кенгаш ва бошқарув қарорларини бажармаганликлари натижасида шерикларга етказилган зарар учун;

иштирокчиларга шартнома мажбуриятлари сифатида бириктириб қўйилган маҳсулотларга аҳоли ва умуман халқ хўжалигининг эҳтиёжлари қондирилмагани учун.


22. Уюшма иштирокчилари раҳбарлари, Кенгаш аъзолари моддий зарар кўришга олиб келувчи ўз қарорлари учун интизомий ва моддий жавоб берадилар.



IX. УЮШМАНИ БОШҚАРИШ


23. Уюшма демократик асосда бошқарилади. Уюшманинг раҳбар органи - уюшма Кенгаши ва бошқаруви ҳисобланади.

Бошқарувнинг юқори органи уюшма Кенгашидир. Кенгаш таркибига ҳал қилувчи овоз бериш ҳуқуқи билан ҳудудий бирлашмалар, йирик корхона раҳбарлари, уюшма таъсисчилари, шунингдек уюшма аппарати таркибий бўлинмаларининг раҳбарлари кирадилар.

Уюшма Кенгашининг мажлислари, унинг Раиси томонидан заруриятга кўра, лекин бир йилда камида икки марта чақирилади. Кенгашнинг навбатдан ташқари мажлислари уюшма аъзоларининг камида учдан бир қисмининг талабига кўра чақирилади.

Уюшма Кенгашининг ҳужжатлари очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади ва қарорлар билан расмийлаштирилади. Кенгашнинг ҳар бир аъзоси бир овоз бериш ҳуқуқига эга. Овозлар тенг бўлганда Раиснинг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Уюшма Кенгаши мажлисларида қуйидаги масалалар кўриб чиқилади:

уюшма фаолиятининг дастур ва режаларини ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш;

уюшма фондлари ва захираларини шакллантириш ҳамда улардан фойдаланиш тартиби;

уюшма харажатлари ва даромадлари сметаларини, иш ҳақи, лавозим маошлари фондини, хўжалик фаолияти натижалари учун мукофотлаш ва моддий рағбатлантириш тизимини тасдиқлаш;

уюшма аъзоларининг қўшимча бадалларини мақсадли ишлаб чиқариш, моддий-техника, инвестиция, ижтимоий ва табиатни муҳофаза қилиш дастурларини маблағ билан таъминлаш учун жалб қилиш;

янги аъзоларни қабул қилиш ва уюшма аъзоларини унинг таркибидан чиқариш;

аппарат тузилмаси ва ходимлари сонини, фондни ва лавозим маошларини, хўжалик фаолиятининг натижалари учун мукофотлаш ва моддий рағбатлантириш тизимларини, уюшма бошқаруви ва аппаратига сарфланадиган харажатларни тасдиқлаш;

шунингдек:

бошқарув, Кенгаш ишчи комиссиялари ишлари тўғрисида уларнинг ҳисоботлари эшитилади ва тегишли қарорлар қабул қилинади;

бошқарув қарорлари юзасидан тушган шикоятлар ва унинг фаолиятига тааллуқли бошқа масалалар муҳокама қилинади;

уюшма фаолиятини тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилинади.

Уюшма Кенгаши бошқарув раиси, унинг ўринбосари ва аъзоларини беш йил муддатга сайлайди. Кенгашга унинг қарори билан уларни муддатидан олдин чақириб олиш ҳуқуқи берилади. Кенгаш раиси бир вақтнинг ўзида бошқарув раиси ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади. Уюшма бошқаруви раисининг ўринбосарлари белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.


24. Бошқарув уюшма фаолиятига раҳбарлик қилади ва уюшма зиммасига юклатилган вазифаларнинг бажарилиши учун жавоб беради.

Бошқарув мажлислари раис томонидан заруриятга кўра, лекин ойида камида бир марта чақирилади. Бошқарув қарорлари очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлиб қолганда бошқарув раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади. Бошқарув ҳужжатлари қарорлар ёки буйруқлар кўринишида бўлиб, уларни бажариш уюшма аъзоларининг ҳаммаси учун мажбурийдир.

Уюшма бошқаруви:

Кенгаш қарорларининг бажарилишини таъминлайди;

Кенгашда кўриб чиқилиши керак бўлган барча масалаларни олдиндан ишлаб чиқади;

уюшма фаолиятининг истиқболда ривожланишини, дастурларини ва режаларини ишлаб чиқишни ташкил этади ва уларни амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар кўради;

уюшма номидан банкдан кредит олиш учун қарорлар қабул қилади;

уюшмани бошқариш ва унинг ташкилий тузилмасини такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлайди ва уларни уюшма Кенгашининг тасдиқлаши учун киритади;

уюшма таркибига кирувчи ҳудудий бирлашмалар, корхоналар ва ташкилотларнинг хўжалик фаолияти масалаларини кўриб чиқади;

илмий-техника кенгашини ташкил этади ва унинг сони ҳамда шахсий таркибини белгилайди.


25. Бошқарув раиси бошқарув ва аппарат фаолиятига раҳбарлик қилади, уюшмага юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун жавоб беради, бошқарув аъзолари ўртасида вазифаларни тақсимлайди ва уларнинг ваколатларини белгилайди.

Бошқарув раиси:

ўз ваколати доирасига кирадиган масалалар юзасидан буйруқлар, фармойишлар, йўриқномалар ва бошқа актлар чиқаради;

республиканинг қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатларининг, уюшма Кенгаши ва ўз қарорларининг бажарилишини назорат қилишни таъминлайди;

исталган республика ва бошқа давлатларнинг юридик ҳамда жисмоний шахслари билан муносабатларда уюшма номидан иш кўради ва унинг номидан битимлар, шартномалар тузади ва шартномалар тузишга ишонч қоғозлари беради;

уюшма аппаратининг штат жадвалини, унинг таркибий бўлинмалари ҳақидаги низомларни, ҳудудий бирлашмалар раҳбарларини мукофотлашнинг барча тизимлари бўйича мукофотларни тасдиқлайди;

уюшма аппарати ходимларини лавозимга тайинлайди ва уларни бўшатади, лавозим маошларини ва уларга қўшимчаларни белгилайди, аппарат ходимларини рағбатлантиради ва уларга нисбатан жазо чоралари қўллайди;

ҳудудий бирлашмалар (уларнинг тавсиясига кўра) ва "Ўздавпахтасаноатсотиш" уюшмаси давлат корхоналарининг раҳбарларини тайинлайди, улар билан шартномалар, битимлар тузади, шартномага мувофиқ уларни эгаллаб турган лавозимларидан бўшатади;

ҳудудий бирлашмалар ва "Ўздавпахтасаноатсотиш" уюшмаси тафтиш комиссиялари таркибларини тасдиқлайди;

белгиланган тартибда сайлов ўтказилгунга қадар уюшма бошқаруви ва ҳудудий бирлашмалар раиси ўринбосарлари вазифасини бажарувчиларни тайинлайди;

давлат корхоналари ва уюшма ҳузурида ташкил этиладиган тузилмаларнинг уставларини тасдиқлайди, уларга ўзгаришлар ва қўшимчалар киритади;

ишончномалар беради, пул маблағлари ва моддий бойликлар олиш учун ҳисоб-китобларни ва тўлов ҳужжатларини имзолайди;

уюшманинг раҳбар органлари томонидан ўзининг зиммасига юклатилган бошқа вазифаларни бажаради.


26. Кундалик раҳбарлик вазифаларини амалга ошириш, Кенгаш ва бошқарув ишини таъминлаш, умумхўжалик вазифаларини бажариш учун уюшмада ишчи аппарати тузилади.



Х. ҲИСОБ, ҲИСОБОТ ВА НАЗОРАТ


27. Уюшма тезкор ва бухгалтерлик ҳисобини амалга оширади, статистика ҳисоботи юритади.

Белгиланган тартибда молия-хўжалик фаолиятининг барча турлари бўйича ҳисобот тақдим этади, ҳисобот ва балансларнинг ишончлилигини таъминлайди.


28. Уюшма амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ўз таркибига кирувчи ҳудудий бирлашмалар, корхоналар молия-хўжалик фаолияти комплекс тафтишдан ўтказилишини таъминлайди.


29. Уюшманинг тафтиш комиссияси Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатлари, уюшма Устави, материаллар ва молиявий ресурслардан фойдаланиш тартиби, молия ва шартнома интизоми, шунингдек уюшма аъзоларининг таклифлари, меҳнаткашларнинг ариза ва шикоятлари бўйича қабул қилинган қарорларнинг ўз вақтида бажарилиши устидан назорат ўрнатишни амалга оширади.


30. Уюшманинг тафтиш комиссиясига тафтиш комиссиясининг раиси раҳ6арлик қилади.


31. Тафтиш комиссиясининг раиси уюшма Кенгаши томонидан 5 йил муддатга сайланади.


32. Тафтиш комиссияси уюшма Кенгаши олдида ҳисоб беради ва ўз ишининг натижалари ҳақида бошқарувга ахборот беради.


33. Уюшманинг мансабдор шахслари давлат ҳисоботини бузиб кўрсатганликлари учун республика қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



XI. УЮШМА ВА УНИНГ ТАЪСИСЧИЛАРИ

ФАОЛИЯТИНИ ТУГАТИШ


34. Уюшма фаолияти уюшманинг ваколатли вакиллари йиғилишининг, суд, хўжалик судининг қарорларига мувофиқ, уюшма тўлиқ синган ҳолларда ва Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда тугатилиши мумкин.


35. Уюшмани тугатиш Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.