язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Қишлоқ ва сув хўжалиги/ Уруғчилик. Наслчилик иши. Селекция. Тажриба хўжалиги/ Озуқабоп экинлар уруғчилигига ихтисослаштирилган хўжаликларни ташкил этиш ва озуқабоп экинлар уруғлиги етиштириш тартиби тўғрисида Низом (АВ томонидан 10.06.2008 й. 1820-сон билан рўйхатга олинган КСХВ 21.05.2008 й. 89-сон Буйруғи билан тасдиқланган)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2008 йил 10 июнда 1820-сон

билан рўйхатга олинган

қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг

2008 йил 21 майдаги

89-сон буйруғи билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Озуқабоп экинлар уруғчилигига ихтисослаштирилган

хўжаликларни ташкил этиш ва озуқабоп экинлар

уруғлиги етиштириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Уруғчилик тўғрисида" ва "Селекция ютуқлари тўғрисида"ги қонунлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 21 апрелдаги "Шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларида чорва моллар кўпайтиришни рағбатлантиришни кучайтириш ҳамда чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-842-сон қарорига асосан озуқабоп экинлар уруғчилигига ихтисослаштирилган хўжаликларни ташкил этиш ва озуқабоп экинлар уруғлиги етиштириш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Озуқабоп экинлар уруғчилигига ихтисослаштирилган хўжаликлар туман ҳокимлиги қошида ташкил этиладиган махсус комиссия томонидан ўтказилган танлов асосида туман ҳокимининг қарорига мувофиқ ташкил этилади. Комиссиянинг иш фаолияти туман ҳокимининг қарори билан тартибга солинади.


2. Озуқабоп экинлар уруғчилигига ихтисослаштирилган хўжаликлар фермер, тажриба ва бошқа хўжаликлар негизида ташкил этилади.


3. Озуқабоп экинлар уруғчилигига ихтисослаштирилган хўжаликларда бир мавсумда икки турдан кўп бўлмаган озуқабоп экин уруғлигини етиштиришга рухсат этилади.

Бир контурда бир турдаги озуқабоп экиннинг иккита нави уруғлигини етиштиришга рухсат этилмайди. Озуқабоп экинларни жойлаштиришда мазкур ҳудудларнинг тупроқ ва иқлим шароитлари ва навларнинг биологик хусусиятлари инобатга олинади.


4. Туманларда озуқабоп экинлар уруғлигини етиштириш майдони, уруғлик учун экиладиган озуқабоп экинлар уруғлиги навлари ва кутиладиган озуқабоп экинлар уруғлиги ҳажмлари Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда вилоятлар қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармалари томонидан таклиф этилган режага асосан белгиланади ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 21 апрелдаги ПҚ-842-сон қарорига мувофиқ маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилади.


5. Озуқабоп экинлар уруғлигини етиштириш ҳуқуқига эга бўлган фермер, тажриба ва бошқа хўжаликлар қайси навдан неча гектар экиши ва қанча ҳажмда уруғлик етиштириши Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва вилоят ҳокимининг келгуси йиллар ҳосили учун талаб этиладиган уруғлик тайёрлаш ҳажмлари ва навларни жойлаштириш тўғрисидаги қарорига асосан белгилаб берилади.



II. ОЗУҚАБОП ЭКИНЛАР УРУҒЧИЛИГИГА

ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН ХЎЖАЛИКЛАРНИНГ

ВАЗИФА ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


6. Озуқабоп экинлар уруғчилигига ихтисослаштирилган хўжаликларнинг вазифа ва функциялари қуйидагилардан иборат бўлади:

а) асосий вазифалари:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 21 апрелдаги ПҚ-842-сон қарорининг 3-иловасида белгиланган экин майдонларини уруғ билан таъминлашда навлар бўйича зарур миқдордаги, стандарт талабларига мос келувчи нав уруғларининг авлодларини ҳисобга олган ҳолда етиштириш;

кўпайтирилаётган навнинг қимматли хўжалик ва технологик хусусиятларини сақлаб қолиш;

юқори сифатли ва нав софлигига эга бўлган биринчи ва кейинги репродукциядаги уруғларни етиштириш;

биринчи ва кейинги репродукциядаги уруғликларни етиштириш ва қайта ишлаш тартиб ва қоидаларига амал қилиш;

нав муаллифлари ва нав оригинаторлари томонидан ишлаб чиқилган илмий асосланган тавсиялар асосида агротехник тадбирларни белгиланган муддатларда ва меъёрларда сифатли ўтказилишини таъминлаш;

б) юклатилган вазифаларга асосан қуйидаги функцияларни бажаради: уруғлик майдонлари юқори унумдор, механизмлар ёрдамида ишлов беришга қулай, сув билан яхши таъминланган, шўрланмаган ва текис далаларда жойлаштириш;

алмашиб экиш ва агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш дастурини тузиш ва уларнинг бажарилишини таъминлаш;

биринчи ва кейинги репродукциядаги уруғлик майдонларини ихчам қилиб жойлаштириш, белгиланган тартибда ва мақбул муддатларда оралиқ ҳимоя масофани сақлаган ҳолда экиш;

фойдаланишга рухсат этилган препаратлар билан зарарсизлантирилган уруғларни экиш;

нав ва тур тозалиги бўйича дала кўриги ва бегона нав турлари ўтоғини ўтказишни ташкиллаштириш;

Белгиланган навларни ўзбошимчалик билан алмаштириш таъқиқланади.



III. ОЗУҚАБОП ЭКИНЛАРДАН

ЕТИШТИРИЛАДИГАН УРУҒЛИКЛАР

ҲАЖМИНИ АНИҚЛАШ ВА ЕТИШТИРИШ


7. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан келишилган ҳолда келгуси йил ҳосили учун экиладиган озуқабоп экинлар навларининг уруғликлари ҳажмига бўлган талабни, навларни ҳудудлар бўйича жойлаштирилишини ва ундан олинадиган ҳосилнинг прогноз ҳажмларини аниқлайди.


8. Уруғлик етиштириш мақсадида экилган озуқабоп экинлар майдонларида уларнинг авлодидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг буйруғига асосан апробация ўтказилади. Апробация Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, вилоятлар қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармалари, дон маҳсулотлари корхоналари ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги ''Ўздавуруғназоратмарказ"нинг жойлардаги бўлимлари вакилларидан иборат таркибда тузилган апробация комиссияси томонидан амалга оширилади.


9. Апробация комиссиялари томонидан озуқабоп экин уруғлиги экилган майдонларда ўтказилган апробация натижаларига асосан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг озуқабоп экинлар уруғларини навлар бўйича харид қилиш тўғрисидаги ҳосил йили бошида қабул қиладиган қарорларига ўрим-йиғим мавсуми бошланишидан камида 15 кун олдин ўзгартиришлар киритилиши мумкин.


10. Уруғчилик хўжаликларидан харид қилинадиган озуқабоп экинлар уруғлигининг ҳажми Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 21 апрелдаги ПҚ-842-сон қарорининг 3-иловасида кўрсатилган экин майдонлари учун талаб этиладиган миқдорда белгиланади.


11. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг озуқабоп экинлар уруғларини навлар бўйича харид қилиш тўғрисидаги қарорларига ўзгартириш киритилгандан кейин 10 кун муддатда уруғчилик хўжаликлари билан уруғлик учун белгиланган тартибда шартномалар тузилади.


12. "Ўздонмаҳсулот" акциядорлик компанияси корхоналари озуқабоп экинлар навларининг элита уруғликларини илмий тадкиқот муассасалари ва нав оригинаторларидан, кейинги репродукциядаги уруғларни эса озуқабоп экинлар уруғчилигига ихтисослаштирилган хўжаликларидан шартнома асосида сотиб олади.


13. Озуқабоп экинлар уруғларини етиштириш харажатларини молиялаштириш уруғчиликка ихтисослаштирилган хўжаликлар томонидан тижорат банкларига берилган буюртмалари бўйича кредит ресурслари ҳисобига амалга оширилади.


14. "Ўздонмаҳсулот" акциядорлик компанияси тизимидаги корхоналар етиштирилган уруғлик материалларни апробация далолатномалари асосида белгиланган хўжаликлардан қабул қиладилар.


15. Етиштириб берилган уруғликлар белгиланган тартибда кондиция даражасига етказилиб сўнгра чорвачиликка ихтисослашган фермер ва деҳқон хўжаликларига экиш учун сотилади.


16. Элита уруғларининг харид нархлари элита уруғларини етиштиришда қилинган харажатлар калькуляцияси асосида нав-оргинаторлари билан келишилган ҳолда аниқланади.


17. Калькуляцияга уруғшунос ва селекционернинг муаллифлик гонорар харажатлари ҳам қўшиб ҳисобланади.


18. Озуқабоп экинлар уруғлигини етиштириш тизими мазкур Низомда келтирилган иловага мувофиқ амалга оширилади.


19. Шартнома шартлари бажарилмаганда томонлар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.


20. Мазкур Низомда белгиланган талабларни бузган ва унга амал қилмаган хўжаликлар уруғчилик тоифасидан чиқарилади.



IV. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


21. Ушбу Низомда тартибга солинмаган масалалар қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ҳал этилади.


22. Мазкур Низом Ўзбекистон Фермер хўжаликлари уюшмаси ва "Ўздонмаҳсулот" акциядорлик компанияси билан келишилган.





Низомга

ИЛОВА



Озуқабоп экинлар уруғлигини етиштириш тизими

"Ўздонмаҳсулот А/К

Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги

ЎзҚХИИЧМ

Вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармалари

Нав - оригинаторлари илмий-тадқиқот муассасалари

Чорвачилик тоифасидаги фермер ва деҳқон хўжаликлари

Озуқабоп экинлар уруғлигини етиштиришга ихтисослаштирилган уруғчилик хўжалиги


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2008 йил, 24-25-сон, 229-модда.