язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Саноат/ Умумий қоидалар/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 22.01.2015 й. 8-сон “Саноатда ишлаб чиқариш харажатларини қисқартиришга ва маҳсулот таннархини пасайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

22.01.2015 й.

N 8



САНОАТДА ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ХАРАЖАТЛАРИНИ

ҚИСҚАРТИРИШГА ВА МАҲСУЛОТ ТАННАРХИНИ

ПАСАЙТИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА



Маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг рақобатбардошлигини янада ошириш, уни ишлаб чиқариш ҳамда ички ва ташқи бозорларда сотиш ҳажмларини кўпайтириш, шу асосда саноат тармоқларини барқарор ривожлантиришни ва экспорт салоҳиятини ўстиришни таъминлаш, шунингдек энергия самарадорлиги ва энергияни тежаш стандартларини иқтисодиётга янада самарали жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Уюшмалар, акциядорлик компаниялари ва йирик саноат корхоналари томонидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда ишлаб чиқилган, биринчи навбатда:

энергия ресурслари истеъмолини қисқартириш ва ишлаб чиқаришда энергия самарадорлигини ошириш;

технологик жараёнларни ҳамда материал-хом ашё ресурсларини сарфлаш нормаларини, фойдаланиш ва ноишлаб чиқариш харажатларини ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш йўли билан рационализация қилиш;

меҳнат унумдорлигини ошириш, бошқарув ҳамда саноат-ишлаб чиқариш ходимлари сонини мақбуллаштириш ва бошқа омиллар ҳисобига 2015 йилда ишлаб чиқариш харажатларини қисқартириш ва маҳсулот таннархини ўртача 10 фоизга пасайтириш бўйича таклифлари иловага* мувофиқ маъқуллансин.


2. Вазирлар Маҳкамаси комплекслари, республика вазирликлари, идоралари, уюшмалари, акциядорлик компаниялари раҳбарлари:

уларнинг таркибига кирувчи саноат корхоналари учун, тармоқ бўйича ишлаб чиқариш харажатларини қисқартириш ва маҳсулот таннархини пасайтиришнинг ушбу қарор билан маъқулланган йиғма параметрларидан келиб чиққан ҳолда, маҳсулот таннархини пасайтиришнинг мақсадли параметрларини ўн кун муддатда тасдиқласинлар;

корхоналарда ишлаб чиқариш харажатларини қисқартириш ва маҳсулот таннархини пасайтириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши юзасидан ҳар чоракда мониторинг ўрнатсинлар;

амалга оширилган мониторинг якунларига кўра, зарурат бўлганда, ишлаб чиқариш харажатларини қисқартириш ва маҳсулот таннархини пасайтириш параметрларига эришишнинг тўлиқлиги ва самарадорлигидан келиб чиққан ҳолда, корхоналар раҳбарларини моддий рағбатлантириш ёки уларнинг шахсий масъулиятини ошириш чора-тадбирларини қўлласинлар.


3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари "Ўздавэнергоназорат", "Ўзнефтгазинспекция" давлат инспекциялари ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Ёқилғи энергетика ресурсларини тежаш бўйича комиссияга кўчаларни ёритиш қурилмаларидаги барча қиздириш лампаларини энергияни тежайдиган лампаларга ўтказиш жадвалини, уларни молиялаштириш манбаларини кўрсатган ҳолда, тасдиқлаш учун киритсинлар.


4. "Ўздавэнергоназорат", "Ўзнефтгазинспекция" давлат инспекциялари:

2015 йил 1 февралгача бўлган муддатда қонун ҳужжатларига ҳар йили жами 2,0 минг тоннадан ортиқ шартли ёқилғи ҳажмида энергия ресурслари ишлатадиган истеъмолчилар бўйича мажбурий энергетика текшируви ўтказилишини назарда тутадиган ўзгартиришлар киритиш юзасидан таклиф киритсинлар;

"Ўзстандарт" агентлиги билан биргаликда республикада сотилаётган барча маиший электр приборларини, янгидан қурилаётган бинолар ва иншоотларни, энергия истеъмоли ва энергия самарадорлиги борасидаги илғор хорижий тажриба асосида, энергия истеъмоли кўрсаткичлари бўйича энергетика жиҳатдан мажбурий маркировкалаш ва сертификатлаш тизимини республикада босқичма-босқич жорий этишга доир таклифларни бир ой муддатда ишлаб чиқсинлар ва Вазирлар Маҳкамасига киритсинлар.


5. Белгилаб қўйилсинки, Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 21 июлдаги 154-сон қарори билан тасдиқланган Саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомнинг тасдиқланган норматив-техник ҳужжатлар доирасида технологик жараёнларни рационализация қилиш ҳамда материал-хом ашё ва энергия ресурсларини сарфлаш нормаларини мақбуллаштириш чора-тадбирларини амалга ошириш ҳисобига маҳсулот таннархини пасайтириш, сотиб олинаётган хом ашё, материаллар ва бутловчи буюмлар қийматини пасайтириш, фойдаланиш харажатларини ва қўшимча харажатларни қисқартириш, ходимларнинг йиллик сонини мақбуллаштириш чора-тадбирларини амалга ошириш ҳисобига маҳсулот таннархини пасайтириш натижасида маҳаллийлаштириш даражасини пасайтиришга доир қисми 2015 йилда бузилиш деб ҳисобланмайди.


6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                       И. Каримов



*) Илова рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2015 йил 26 январь, 3-сон, 31-модда