Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Таълим / Олий таълим /

Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қўйиладиган давлат Талаблари (ЎзР ВМ 16.02.2006 й. 25-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2006 йил 16 февралдаги

25-сон қарорига

1-ИЛОВА


Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг

малакасини оширишга қўйиладиган давлат

ТАЛАБЛАРИ


1. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


Мазкур Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қўйиладиган давлат талаблари "Таълим тўғрисида" ва "Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимига қўйиладиган мажбурий талабларни белгилайди.

Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қўйиладиган давлат талаблари ўқув режалари ва дастурларини, шунингдек қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълим муассасаларининг ўқув жараёнини, таълим сифатини назорат қилиш ва баҳолаш тартибини, улар фаолиятини аттестациядан ўтказиш тартиб-қоидаларини тартибга соладиган бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш учун асос ҳисобланади.

Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қўйиладиган давлат талабларининг бажарилиши идоравий мансублиги ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган барча турдаги таълим муассасалари учун мажбурийдир.

Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қўйиладиган давлат талабларига мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш истиқболларидан, таълим муассасаларининг эҳтиёжларидан, янги педагогик технологияларни ва ўқитишнинг ноанъанавий шаклларини ривожлантиришдан, педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш соҳасидаги жаҳон ютуқлари ва анъаналаридан келиб чиқиб Кадрлар тайёрлаш миллий дастурини амалга ошириш давомида тузатишлар киритилиши ва тўлдирилиши мумкин.



2. ҚЎЛЛАНИШ СОҲАСИ


Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қўйиладиган давлат талаблари узлуксиз таълимнинг барча турлари педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш соҳасидаги муассасаларнинг таълим фаолиятини ташкилий ва илмий-методик таъминлаш учун қўлланилади ва қуйидагиларни:

педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизими таркибини;

қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг асосий турлари ва шаклларини;

педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг мазмуни ва сифатига қўйиладиган асосий талабларни;

кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш курслари учун ўқув юкламаси ҳажмини;

мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим педагог кадрлари тайёргарлигининг зарур ва етарлича даражасини, шунингдек уларга қўйиладиган умумий малака талабларини;

кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича таълим муассасаларида таълим сифатини назорат қилиш ва баҳолаш тартиб-қоидалари ва механизмларини;

қайта тайёрланган ва малакасини оширган педагог ходимлар учун таълим тўғрисидаги ҳужжатларнинг давлат намуналарини белгилайди.



3. НОРМАТИВ ҲАВОЛАЛАР


O`z DST 1.0:1998. Ўзбекистон Республикаси стандартлаш давлат тизими. Асосий қоидалар.

РСТУз 1.8-94. Ўзбекистон Республикаси стандартлаш давлат тизими. Амал қилинадиган ҳужжатлар ва тавсияларни ишлаб чиқиш, келишиш, тасдиқлаш ва давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби.

РСТУз 1.9-95. Ўзбекистон Республикаси стандартлаш давлат тизими. Тармоқ стандартларини ишлаб чиқиш, келишиш, тасдиқлаш ва рўйхатдан ўтказиш тартиби.

O`z DST 1999. Умумий ўрта таълим давлат таълим стандарти. Асосий қоидалар.

O`z DST 983:2000. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими давлат таълим стандарти. Асосий қоидалар.

O`z DST 1006:2001. Олий таълим давлат таълим стандарти. Асосий қоидалар.



4. ПЕДАГОГ КАДРЛАРНИ ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ

ВА УЛАРНИНГ МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ

ТИЗИМИ ТУЗИЛМАСИ


Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини ташкил этиш ва бошқаришнинг намунавий тузилмаси Давлат талаблари билан таълимнинг тегишли турида кадрлар тайёрлаш сифати мониторинги натижаси ўртасидаги аксинча алоқа белгиланган ҳолда олдинда юрадиган принцип асосида қурилади.

Вазирликлар ва идоралар (мансублиги бўйича):

педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тўғрисидаги низомни ишлаб чиқадилар, педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимига умумий раҳбарлик қиладилар, унинг тизимини такомиллаштириш механизмлари ва методларини белгилайдилар;

базасида педагог кадрлар қайта тайёрланадиган ва уларнинг малакаси ошириладиган таълим муассасалари рўйхатини белгилайдилар, улар фаолиятини мувофиқлаштирадилар, шунингдек ўқув режалари ва дастурларини тасдиқлайдилар;

қайта тайёрлаш ва малака оширишдан ўтган педагогларнинг прогноз контингентини белгилайдилар;

идоравий мансуб таълим муассасаларида педагог кадрларга қўйиладиган малака таъминланишига доир мақсадли вазифаларни тасдиқлайдилар;

бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар, шунингдек маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирларини кўрадилар.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш таълим муассасаларида қайта тайёрлаш ва малака ошириш сифати мониторингини олиб боради, шунингдек аттестация ўтказиш йўли билан ушбу муссасаларнинг педагог кадрлари малака даражасини баҳолайди.

Кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг базавий таълим муассасалари, таълим муассасаларига эга бўлган вазирликлар ва идораларнинг илмий-тадқиқот ва методик марказлари:

фаннинг таълим амалиёти билан алоқасини таъминлайдилар, илғор педагогик технологиялар соҳасидаги илмий тадқиқотлар натижалари педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакаси ошириш жараёнига ўз вақтида жорий этилиши механизмини амалга оширадилар;

педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг илмий-методик асосларини ишлаб чиқадилар, шунингдек таълимнинг ушбу тури муассасаларини ўқув-методик ҳужжатлар билан таъминлайдилар;

таълим дастурларининг узлуксизлиги ва изчиллигини ҳисобга олиб, танқидий ва ижодий тафаккурни ривожлантиришга йўналтирилган ўқитишнинг интерактив методларидан, шунингдек замонавий педагогик ва ахборот технологияларидан фойдаланиб педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича намунавий ўқув режалари ва дастурларни ишлаб чиқадилар;

ушбу соҳадаги хорижий тажрибани, шунингдек кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича энг яхши таълим муассасаларининг ютуқларини умумлаштирадилар ва тарғиб қиладилар;

кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимида масофадан туриб ўқитишни ишлаб чиқадилар ва жорий этадилар;

тарқатма материал ишлаб чиқилиши ва кўпайтирилишини ташкил этадилар.

Таълимни бошқариш ҳудудий органлари қайта тайёрлаш ва малака оширишга бўлган эҳтиёжни аниқлайдилар ҳамда қайта тайёрлаш ва малака оширишга юбориладиган ўқитувчилар контингентини шакллантирадилар. Таълимнинг тегишли тури таълим муассасалари буюртманомалари ва таклифлари асосида қайта тайёрлаш ва малака ошириш турлари ва шакллари, шунингдек ўқув режалари ва таълим дастурларининг мазмуни бўйича тавсиялар тайёрлайдилар.

Узлуксиз таълимнинг тегишли турдаги таълим муассасалари буюртмачи сифатида иш кўрадилар, ўқув-тарбия жараёни сифатининг ички назоратини ва таҳлилини амалга оширадилар, рейтинг тизими бўйича ҳар бир педагог касб фаолиятининг мониторингини олиб борадилар ва баҳолайдилар. Қайта тайёрлаш ёки малака оширишга эҳтиёж сезадиган ўқитувчилар контингентини белгилайдилар. Педагог кадрларнинг касб малакаси даражасини ўрганиш асосида уларни табақалаштирадилар, қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг тегишли турлари ва шаклларини белгилайдилар, педагогларни мақсадли қайта тайёрлаш ва улар малакасини оширишни ташкил этишнинг якка тартибидаги топшириқларини ёки аниқ йўналтирилган дастурларини тузадилар.

Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтлари (факультетлар, марказлар, курслар):

буюртмачининг якка тартибдаги топшириқлари ёки аниқ йўналтирилган дастурлар асосида вазирликлар ва идоралар билан келишган ҳолда табақалаштирилган ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқадилар;

раҳбар ходимлар ва педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ташкил этилиши ва унинг зарур даражада бўлиши учун жавоб берадилар;

ўқитишнинг интерактив методларини, Интернетнинг глобал тармоғидан фойдаланган ҳолда педагогларнинг танқидий ва ижодий тафаккурини рағбатлантиришга, мустақил маълумот олишига йўналтирилган замонавий педагогик ва ахборот технологияларини жорий этадилар.



5. ПЕДАГОГ КАДРЛАРНИ ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ ВА

УЛАРНИНГ МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ ТУРЛАРИ

ВА ШАКЛЛАРИ. ТАСНИФЛАШ ВА ТАЪРИФЛАР


Педагог кадрларни қайта тайёрлаш - ўқитиш сифатига қўйиладиган талабларни оширишни ва меҳнат бозори эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган таълим дастурлари бўйича янги касб билимларини, малака ва кўникмаларни ўзлаштириш.

Қайта тайёрлашнинг асосий турлари:

педагогик қайта тайёрлаш;

касбий қайта тайёрлаш.

Педагогик қайта тайёрлаш - мутахассисларнинг базавий касбий маълумотини таълимнинг тегишли тури Давлат таълим стандарти (Давлат талаблари) билан белгиланадиган ўқув-тарбия жараёнининг талаб этиладиган сифатини таъминлайдиган даражада педагогик фаолиятни юритиш учун зарур ва етарли бўлган педагогик тайёргарлик талабларига мувофиқлаштириш мақсадида мутахассисларни қайта тайёрлаш;

Касбий қайта тайёрлаш (ихтисослашув) - таълимнинг тегишли тури Давлат таълим стандарти (Давлат талаблари) билан белгиланадиган ўқитишнинг талаб этиладиган сифатини таъминлайдиган даражада ўқув фани ёки курс бўйича педагогик фаолиятни юритиш учун зарур ва етарли ҳажмда янги касбий билимлар, малака ва кўникмаларни ўзлаштириш.

Педагог кадрларни касбий қайта тайёрлаш, қоидага кўра, кадрлар тайёрлаш ўқув режаларига янги ўқув фанлари ёки курслар жорий этилиши, кадрларнинг буюртмачилари ёки меҳнат бозорининг талаблари билан белгиланадиган айрим педагогларнинг қайта ихтисослашуви ёки янги мутахассисликка эга бўлиши муносабати билан таълим муассасаси маъмуриятининг ташаббусига кўра ташкил этилади.

Педагог кадрларни қайта тайёрлаш асосий ишидан ажралган ва ажралмаган, масофадан туриб ўқитиш методлари қўлланилган ва ўз билимларини мустақил оширган ҳолда базавий ва ихтисослаштирилган олий таълим муассасаларида амалга оширилиши керак.

Таълим дастурларининг мазмуни ва ўқитишнинг қанча давом этиши Давлат талабларида белгиланган тартибда белгиланади. Қайта тайёрлашдан муваффақиятли ўтган педагогик кадрларга белгиланган намунадаги диплом берилади.

Қайта тайёрлашга иккинчи олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олиш сифатида қаралмайди.

Педагог кадрлар малакасини ошириш - таълим турлари бўйича Давлат таълим стандартлари талаблари (Давлат талаблари) асосида касбий ва педагогик маҳорат доимий равишда ўсиб боришини, ўқув-тарбия жараёни юқори илмий-методик даражада олиб борилишини таъминлайдиган ўқитиладиган ўқув фани ёки курс, педагогик ёки ахборот технологиялари ва ўқитишнинг интерактив методлари бўйича касбий билимлар, малака ва кўникмаларни мунтазам равишда янгилаб бориш.

Малака ошириш шакллари:

тўғридан-тўғри малака ошириш (таълим дастурлари бўйича ўқитиш):

малака ошириш бўйича ихтисослаштирилган таълим муассасасида (академия, институт, марказ, факультет, курсларда) ўқитиш;

базавий таълим муассасасида ўқитиш;

"Устоз-шогирд" методи бўйича таълим муассасасида ўқитиш;

ишлаб чиқаришда тажриба орттириш;

илмий-тадқиқот муассасасида тажриба орттириш;

хорижда тажриба орттириш;

мустақил ўқиб билим орттириш;

билвосита малака орттириш (таълим дастурларисиз ўқитиш):

илмий (илмий-педагогик) кенгашнинг қарори бўйича ижодий таътил;

очиқ ўқув машғулотлари;

илмий, илмий-методик ва илмий-амалий семинарлар, конференциялар, август ўқишлари ва ҳоказоларда маърузалар билан қатнашиш.

Малака ошириш бўйича ихтисослаштирилган таълим муассасаси (академия, институт, марказ, факультет, курслар)да ўқитиш - таълим муассасаларининг якка тартибдаги топшириқлари ёки аниқ йўналтирилган дастурлари ва меҳнат бозорининг таклифлари асосида, таълимнинг тегишли тури ўқув-тарбия жараёнининг мониторинги натижаларини ва кадрлар тайёрлаш сифатини ҳисобга олиб Давлат талабларига, шунингдек таълимни бошқариш бўйича ваколатли давлат органи талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган фанлар бўйича мақсадли касбий таълим дастурларини ўзлаштириш.

Малака ошириш бўйича ихтисослаштирилган таълим муассасасида ўқитиш 2+2 ёки 3+1 схемалари бўйича ихтисослаштирилган таълим муассасасида ўқитиш (тегишли равишда 50 ёки 75% - яшаш жойи бўйича мустақил равишда билим орттириш, 50 ёки 25% - бевосита таълим муассасасида ўқитиш). Ўқитишнинг бундай шакллари ахборот узатишнинг замонавий ахборот-коммуникация воситалари ва педагог кадрларнинг малакасини ошириш бўйича махсус виртуаль курслар мавжуд бўлган тақдирда қўлланилади.

Базавий таълим муассасасида ўқитиш - Давлат талабларига, тегишли ихтисосликнинг педагог кадрларига қўйиладиган малака талабларига ва меҳнат бозори талабларига мувофиқ тингловчиларнинг касбий билимлари малака ва кўникмаларини чуқурлаштириш мақсадида педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш учун базавий деб белгиланган олий ва ўрта махсус, касб таълим муассасаларида фанлар бўйича мақсадли касбий таълим дастурларини ўзлаштириш.

Базавий таълим муассасаларида ўқитиш умумкасбий ва махсус фанлар бўйича педагоглар малакасини оширишнинг самарали шакли ҳисобланади, чунки улар тегишли ихтисослик кадрларини тайёрлашга ихтисослашгандир (зарур моддий-техник база билан жиҳозланган, етарлича илмий-методик ва интеллектуал салоҳиятга эга).

"Устоз-шогирд" методи бўйича таълим муассасасида ўқитиш (инновация методи) - танлов асосида танлаб олинган, мамлакатда (минтақада), илмий ва педагогик жамоатчилик ўртасида ўзининг юқори натижалари, касбий фаолиятининг юқори кўрсаткичлари, рақобатбардошли кадрлар тайёрлаш бўйича ўз мактаби билан машғул бўлган юқори малакали педагог-устозлар раҳбарлигида тегишли типдаги таълим муассасаларида фанлар бўйича педагог ходимларнинг малакасини мақсадли ошириш.

Малака оширишнинг ушбу шакли ўқув фанлари бўйича энг яхши педагог кадрлар тўғрисидаги тезкор маълумотлар банки таълимнинг ҳар бир турида шакллантирилишини тақозо этади. Унинг асосида тегишли таълим муассасаларида (ёки унинг бўлинмаларида) малакасини оширишга эҳтиёж сезадиган педагоглар учун потенциал педагог-устозлар танлаб олиши мумкин. Ўқитишга якка тартибда ёндошиш, шунингдек таълим жараёнининг мослашувчанлиги ва амалий йўналтирганлиги педагоглар малакасини ошириш ушбу шаклининг асосий афзаллиги ҳисобланади. Малака ошириш дастурининг мазмунини ва ўқитиш методологиясини педагог-устоз Давлат талаблари, мониторинг натижалари ва таълим муассасасида педагогнинг касб фаолиятини ички аттестациядан ўтказиш ҳамда педагогнинг васийлигидаги шахсни ўзининг хоҳиши асосида белгилайди. "Устоз-шогирд" методи ёш педагог кадрларни малакасини оширишнинг самарали шакли ҳисобланади.

Тажриба орттириш (ишлаб чиқаришда, илмий-тадқиқот муассасасида, хорижда тажриба орттириш) - педагог кадрларни иқтисодиёт, фан, маданият, соғлиқни сақлашнинг тегишли тармоқларида фан-техника тараққиётининг энг янги ютуқлари, замонавий техника ва технологиялар билан таништириш, фанлар бўйича ўқув дастурлари мазмунининг узлуксиз такомиллаштирилишини таъминлаш, фанни ишлаб чиқариш билан интеграциялаш мақсадида аниқ фанлар бўйича мақсадли касбий таълим дастурларини ўзлаштириш.

Ишлаб чиқаришда тажриба орттириш педагогларнинг амалий билимлари, кўникма ва малакаларини кенгайтиради ва чуқурлаштиради ҳамда ҳар хил ихтисосликдаги касб-ҳунар коллежлари ва олий таълим муассасалари педагог кадрлари малакасини оширишнинг энг самарали шакли ҳисобланади.

Илмий-тадқиқот муассасасида (Фанлар академиясининг илмий муассасалари, тармоқ илмий-тадқиқот институтлари, марказлари, лабораториялар ва ҳоказоларда тажриба орттириш педагогларни фаннинг замонавий ютуқлари, тегишли мутахассисликлар бўйича уни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, илмий экспериментларни олдинга қўйишнинг самарали методлари билан таништириш, илмий тадқиқотлар ўтказиш мақсадини кўзлайди. У таълимнинг барча даражалари педагог ходимлари учун фойдалидир.

Педагог кадрларнинг хорижда тажриба орттириши Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Истеъдод" жамғармаси, хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар томонидан мамлакатимиз таълим тизимини ривожлантириш ва такомиллаштиришга кўмаклашиш учун ажратилган грантларга мувофиқ, шунингдек таълимни бошқариш органлари билан таълим муассасаларининг ўзлари ўртасида тузилган шартномалар асосида амалга оширилади.

Мустақил ўқиб билим орттириш - таълим даражаси ва сифатига қўйиладиган Давлат талабларига мувофиқ ўқитиладиган фан бўйича янги билимлар, малака ва кўникмаларнинг педагог кадрлар томонидан мустақил ўзлаштирилишидир. Ўқитишнинг мазмуни, қанча давом этиши ва даврийлиги шахсан педагогнинг ўзи томонидан белгиланади.

Мустақил ўқиб билим орттириш шаклида малака оширишни барқарор юқори профессионал рейтингга эга бўлган, замонавий ахборот технологиялари билан ишлашнинг амалий кўникмаларини эгаллаб олган, ўзини ўзи камол топтириш жараёнига танқидий ва ижодий ёндашишга қодир бўлган педагоглар учун тавсия этиш мақсадга мувофиқдир.

Мустақил ўқиб билим орттириш ривожланган демократик давлатлар ўқув юртларида педагог кадрлар малакасини оширишнинг энг кўп тарқалган шакли ҳисобланади. Малака оширишнинг ушбу шакли таълим хизматларининг рақобатли бозори, педагог ходимларнинг ижодий меҳнатини рағбатлантиришнинг таъсирчан механизми мавжуд бўлган жойларда устунлик қилади ва ривожланади.

Ижодий таътил - янги ўқув адабиётлари (дарслик ёки ўқув қўлланма) яратиш замонавий педагогик ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва ўқув-тарбия жараёнига жорий этиш, педагогларнинг касбий фаолияти, йўналиши билан боғлиқ бўлган йирик илмий ишни (монография, диссертация ва ҳоказоларни) тугаллаш учун таълим муассасасининг илмий (педагогик) кенгаши қарори билан педагог кадрларга бериладиган таътил.

Очиқ ўқув машғулотлари - замонавий ахборот - коммуникация технологиялари, ўқитишнинг интерактив методлари қўлланилган ҳолда академик гуруҳларда жадвал бўйича ўтказиладиган олдиндан эълон қилинган муаммо ёки инновация мавзуси бўйича машғулотдир. Очиқ ўқув машғулотларига билимларнинг ушбу соҳасидаги тажрибали педагоглар, олимлар ва мутахассислар мажбурий тартибда таклиф этилади. Ушбу машғулотларнинг сифати таълим муассасасининг кафедрасида ёки илмий-методик (педагогик) кенгашида муҳокама қилинади.

Очиқ ўқув машғулотлари замонавий педагогик ва ахборот технологияларини, ўқитишнинг интерактив методларини пухта ишлаш ва ўқув жараёнига жорий этиш учун тажриба майдони, ёш педагоглар учун педагогик маҳорат мактаби бўлиб хизмат қилади. Олий таълим муассасаларида очиқ маърузалар ўтказиш доцент ва профессор илмий унвонларига талабгорлик қилувчи педагог кадрлар учун мажбурий ҳисобланади.

Илмий ва илмий-методик семинарлар, конференциялар, август ўқишлари ва ҳоказоларда қатнашиш - педагог кадрларнинг педагогика фани ва амалиётининг, ўқитиш методологияси ва технологиясининг таълим муассасаларида муҳим муаммоларни ҳал этишга ва ўқув-тарбия жараёнининг юқори сифатини таъминлашга йўналтирилган долзарб мавзулари бўйича илмий ёки илмий-методик маърузалар (ахборотлар) билан чиқишидир. Олдиндан маълум бўлган мавзу бўйича маъруза (ахборот) тайёрлаш жойларда тегишли тадқиқотлар олиб борилишини ва белгиланган тартибда эълон қилиш учун маърузалар тезислари тайёрланишини назарда тутади.

Педагог кадрларнинг йирик илмий ёки илмий-методик семинарлар, конференцияларда қатнашиши уларга ахборот ва иш тажрибаси билан алмашиш, ўқув жараёнини ташкил этишнинг замонавий тенденциялари ва илғор таълим технологиялари билан танишиш имкониятини беради, уларнинг касб малакаси даражасининг ўсишига кўмаклашади.

Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг юқорида баён қилинган асосий турлари ва шакллари узлуксиз таълим тизимининг барча турлари учун умумий ҳисобланади. Шу билан бирга, таълимнинг ҳар бир тури алоҳида ҳолда уларга кадрлар тайёрлашнинг хусусияти билан боғлиқ равишда педагог кадрлар малакасини оширишнинг бошқа шаклларига ҳам эга бўлиши мумкин.

Педагог кадрлар учун малака оширишнинг тегишли шаклини танлаш ўқув-тарбия жараёни сифати мониторинги (диагностикаси) натижалари ҳамда ўқув йили мобайнидаги ҳар бир педагогнинг касбий малака даражаси, Давлат талабларига мувофиқ ва педагогнинг ўз хоҳишларидан келиб чиққан ҳолда педагог кадрларни ички аттестациядан ўтказиш асосида амалга оширилиши керак.

Малака оширишни ўтказишнинг вақтинчалик параметрлари малака оширишнинг белгиланган шаклларига, малака оширишнинг тўғридан-тўғри турларига эҳтиёж сезган педагогларнинг умумий контингентига ва жойларда ўқув-тарбия жараёни сифати энг юқори даражада таъминланган тақдирда, малака ошириш бўйича таълим муассасалари имкониятларига боғлиқ ҳолда белгиланади.

Малака оширишнинг тўғридан-тўғри шаклларидан муваффақиятли ўтган педагог кадрларга белгиланган намунадаги сертификат берилади.



6. ПЕДАГОГ КАДРЛАРНИ ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ ВА

УЛАРНИНГ МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ МАЗМУНИ ВА

СИФАТИГА ҚЎЙИЛАДИГАН УМУМИЙ ТАЛАБЛАР


Таълим муассасаларининг таълимнинг тегишли турларига бўлган эҳтиёжи қайта тайёрлаш ва малака ошириш йўналиши, даражаси, ҳажми ва мазмунини шакллантиради, малака талабларини олға суради, таълимнинг ўхшаш технология ва шаклларини танлашни тақозо қилади.

Қайта тайёрлаш мазмуни янги билимлар ва кўникмаларни ўзлаштиришга, малака ошириш эса - педагог кадрларнинг касбий билимлари ва кўникмаларини янгилаш ва чуқурлаштиришга йўналтирилган.

Қайта тайёрлаш ва малака ошириш сифати тингловчилар тайёргарлигининг зарур ва етарли даражаси, уларнинг билимлари ва амалий маҳоратларининг педагог кадрларга қўйиладиган малака талабларига мувофиқлиги билан белгиланади.

Қайта тайёрлаш ва малака ошириш мазмуни ва сифатига қўйиладиган талаблар тегишли таълим дастурлари билан белгиланади.

Қуйидагилар қайта тайёрлаш ва малака ошириш бўйича таълим дастурлари мазмунига қўйиладиган базавий талаблар ҳисобланади:

касблар ва лавозимларга бўлган касбий малака талабларига мувофиқлик;

Давлат мактабгача тарбия талабларига, Умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим Давлат таълим стандартларига нисбатан изчиллик;

замонавий педагогик технологияларга ўқитиш воситаларига йўналтирилганлик;

дастурлар мазмунининг қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг белгиланган турлари ва шаклларига мувофиқлиги.

Қайта тайёрлаш ва малака ошириш бўйича таълим дастурлари тегишли базавий мақсадлар ва малакавий ишлар мазмуни билан тугалланади.



7. ЎҚУВ ЮКЛАМАСИНИНГ ҲАЖМИ


7.1. Қайта тайёрлаш

Педагог кадрларни қайта тайёрлаш улар асосида таълимнинг тегишли турини бошқариш давлат ваколатли органи томонидан намунавий ўқув дастурлари тасдиқланадиган мақсадли таълим дастурлари бўйича амалга оширилади. Ўқув юкламасини режалаштиришда педагог кадрларнинг мустақил ишлашига алоҳида эътибор қаратилади.

Қайта тайёрлашнинг қанча давом этиши илгари олинган олий таълим даражасига, қайта тайёрлашнинг тури ва кўп меҳнат талаб қилишига, ўқитиш шаклларига боғлиқ бўлади ва асосий ишдан ажралган ҳолда ўқитилганда камида 16 ҳафта (576 соат) бўлиши керак.

Ўқув юкламасининг энг юқори ҳажми ҳафтасига 36 соат этиб белгиланади. Асосий ишдан ажралган ҳолда ўқитишда аудитория машғулотларининг энг юқори ҳажми ҳафтасига 24 соат ҳажмида белгиланиши керак.

Ўқув юкламасининг умумий ҳажми предметлар блоклари бўйича, кадрлар буюртмачиси томонидан белгиланадиган қайта тайёрлашга талаблардан келиб чиққан ҳолда тақсимланади.


7.2. Малака ошириш

Педагог кадрлар малакасини оширишнинг даврийлиги ва қанча давом этиши уни ташкил этиш шаклларига ҳамда педагогнинг малакаси (рейтинги) даражасини ва индивидуал касбий эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда, кадрлар буюртмачиси томонидан белгиланадиган талабларга боғлиқ бўлади.

Педагог кадрлар малакаси ошириш тўғридан-тўғри шаклларининг умумий давом этиш муддати асосий ишдан ажралган ҳолда ўқитишда камида 4 ҳафта (144 соат) этиб белгиланади.

Малака оширишнинг билвосита шаклларининг даврийлиги ва қанча давом этиши таълим муассасаси томонидан таълимнинг тегишли турини бошқаришга давлат ваколатли органи билан келишган ҳолда, лекин ҳар уч йилда камида бир марта белгиланади.

Малака оширишнинг тўғридан-тўғри шакллари учун аудитория машғулотларининг ва мустақил ишларнинг энг юқори ҳажми ҳафтасига 36 соат этиб белгиланади.



8. ПЕДАГОГ КАДРЛАРНИНГ ТАЙЁРЛАНГАНЛИГИГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР. УМУМИЙ МАЛАКА

ТАЛАБЛАРИ.


8.1. Умумий талаблар

Кадрлар тайёрлаш миллий дастури замонавий педагог жавоб бериши керак бўлган талаблар комплексини белгилайди. Қуйидагилар мутахассиснинг педагогик ишга тайёрланганлигининг зарур ва етарли даражасини таъминлайдиган асосий (фундаментал) талаблар ҳисобланади:

ўқитиш (дарс бериш) маҳорати;

тарбиялаш маҳорати;

ўқув-тарбия жараёнида гуманитар омилни таъминлайдиган шахсий сифатлар;

таълим олаётганларнинг билимларини холисона назорат қилиш ва баҳолаш маҳорати.

Ўқитиш (дарс бериш) маҳорати қуйидаги талаблар билан белгиланади:

касбий лаёқат ва эрудиция;

психологик-педагогик тайёргарлик;

таълим олувчиларни мустақил фикрлашга ва янги билимлар олишга ўргатиш маҳорати;

ўқув адабиётлари шакллари ва турларини билиш;

янги педагогик ва ахборот технологияларини эгаллаганлик, Интернетнинг глобал тармоғи билан ишлаш бўйича амалий кўникмалар;

педагог кадрлар малакасини оширишнинг асосий шаклларини билиш;

илмий-педагогик ижодиёт методологиясини билиш;

педагогика фани ва соҳасини ривожлантиришнинг асосий йўналишларини билиш;

предметлараро алоқалардан фойдаланиш маҳорати;

риторика ва нотиқлик санъати асосларини билиш;

Болалар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни, "Таълим тўғрисида" ва "Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида"ги қонунларни, узлуксиз таълим тизимининг асосий атамалари ва тушунчаларини билиш.

Тарбиялаш маҳорати ўқитиш ва тарбиялаш жараёнининг боғлиқлиги, унинг уйғун ривожланган шахсни шакллантиришга, уларда юксак маъданий ва маънавий савияни қарор топтиришга, педагогнинг юксак шахсий сифатларига, унинг ватанпарварлик, обрў ва бурчни ҳис этишига, кенг гуманитар ва гуманистик тайёрлигига, шунингдек ўқувчилар ўртасида тарбиявий ишларни ташкил этишнинг амалий кўникмаларига асосланади.

Педагогнинг ўқув-тарбиявий жараёндаги гуманитар омилни белгилайдиган шахсий сифатларига қуйидагилар киради: талабчанлик, ҳаққонийлик, ҳалоллик, меҳрибонлик, хушмуомалалик. Ушбу сифатлар педагогнинг таълим олувчилар учун аҳамиятини белгилаши керак. Шахсий сифатлар ўқитиш (дарс бериш) ва тарбиялаш маҳоратига таъсир кўрсатади.

Таълим олувчиларнинг билимларини холисона назорат қилиш ва баҳолаш маҳорати психологик-педагогик жиҳатдан ўқитиш (дарс бериш) ва тарбиялаш маҳорати билан узвий боғлиқдир. Педагог таълим олувчиларнинг билимлари ва маҳоратларини холисона баҳолаш принциплари, методлари ва механизмларини билиши, стандартлаштирилган тестларни ишлаб чиқиш, таълим олувчиларнинг ўзлаштиришини назорат қилишнинг турли шаклларини самарали қўлланиш маҳоратига эга бўлиши керак.

Умумий талаблардан ташқари, педагог кадрларга таълим турига кўра алоҳида талаблар қўйилади.


8.2. Мактабгача таълим педагог кадрларига қўйиладиган талаблар

Мактабгача таълим педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизими тузилмаси 1-иловада келтирилган.

Педагог ўрта махсус, касб-ҳунар ёки олий педагогик маълумотга эга бўлиши ва қуйидагиларни қўллана олиши керак:

Мактабгача таълим давлат талабларини қўлланиш ва Бошланғич (1-4-синфлар) таълим давлат таълим стандарти тўғрисида тушунчага эга бўлиш;

мактабгача таълим бўйича норматив-ҳуқуқий ва директив ҳужжатлар;

мактабгача таълим шакл ва методлари;

тарбиявий ишлар методологияси ва болаларда миллий мустақиллик ғоялари асосида маънавий-ахлоқий хислатларни шакллантириш;

мактабгача ёшдаги болалар психологияси;

ўқитишнинг интерактив (ўйинлар ташкил этиш) методлари;

болаларни интеллектуал ривожлантириш ва уларни мактабга тайёрлаш бўйича базавий дастурлар;

илмий-методик ишлар ва мустақил таълим асослари;

болалар ва ота-оналар билан муомала қилишда этика ва эстетика нормалари;

белгиланган санитария-гигиена нормалари.


8.3. Умумий ўрта таълим педагог кадрларига қўйиладиган талаблар

Умумий ўрта таълим педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизими тузилмаси 1-иловада келтирилган.

Ўқитувчи олий педагогик маълумотга эга бўлиши қуйидагиларни билиши ва улардан фойдалана олиши керак:

Умумий ўрта таълим давлат таълим стандарти (умумий қоидалар) шунингдек ўқитилаётган предмет бўйича ўқув дастури талаблари;

умумий ўрта таълим тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ва директив ҳужжатлар;

синфлар ва кабинетлар (лабораториялар)ни тегишли ўқув-лаборатория анжомлари билан жиҳозлаш бўйича талаблар;

ўқув-тарбия жараёнини ташкил этиш ва сифатини таъминлаш принциплари;

ўқув предметларининг мазмуни ва уларни ўқитишдаги изчиллик асослари;

ўқувчиларнинг умумий ва ёш психологияси;

ўқитишнинг интерактив методлари;

ўқувчиларни миллий мустақиллик ғоялари асосида маънавий-ахлоқий тарбиялаш методологияси;

ўқувчилар ўртасида касбга йўналтириш ишларини олиб бориш шакл ва методлари;

ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари билан муомалада этика ва эстетика нормалари;

синфдан ташқари (дарсдан ташқари) ишларни ташкил этиш ва ўтказиш методикаси;

белгиланган санитария-гигиена нормалари.


8.4. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими педагог кадрларига қўйиладиган талаблар

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизими тузилмаси 2-иловада келтирилган.

Ўқитувчи олий маълумотга эга бўлиши, қуйидагиларни билиши ва улардан фойдалана олиши керак:

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими давлат таълим стандарти (умумий қоидалар), Кадрлар тайёрлаш таълими (ихтисоси)нинг тегишли йўналиши бўйича давлат таълим стандарти, шунингдек ўқитилаётган фан бўйича ўқув дастури;

ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ва директив ҳужжатлар;

умумий касб-ҳунар ва махсус фанларни ўқитиш хусусияти ва методикаси;

компьютер техникасини ва ахборот-коммуникацион технологияларини, Интернет тармоғини;

чуқур ўрганиладиган фанларни ўқитиш хусусияти ва методикаси;

ўқув фанларининг мазмуни ва уларни ўқитишдаги изчиллик принциплари;

ўқувчиларнинг умумий ва ёш психологияси;

ўқув машғулотларининг ҳар хил турларини (лекциялар, амалий машғулотлар, лаборатория машғулотлари, курс ишлари лойиҳалари, малака бўйича амалий машғулотларни) ўтказиш методикаси;

ўқувчиларни миллий мустақиллик ғоялари асосида маънавий-ахлоқий тарбиялаш методологияси;

ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари билан муомалада этика ва эстетика нормалари;

ўқув юкламаларини режалаштириш ва уларнинг бажарилишини назорат қилиш масалалари;

меҳнат бозори эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда асосий ўқув режаларини ва ўқув фанлари дастурларини такомиллаштириш принциплари;

иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш методикаси;

касб-ҳунар таълимида менежмент ва маркетинг асослари;

белгиланган санитария-гигиена нормалари.


8.5. Олий таълим педагог кадрларига қўйиладиган талаблар

Олий таълим педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизими тузилмаси 3-иловада келтирилган.

Олий таълим муассасаси ўқитувчиси магистр даражасидан паст бўлмаган олий маълумотга (дипломли мутахассис) эга бўлиши, илмий-тадқиқот фаолиятини олиб бориши, қуйидагиларни билиши ва ижодий қўлланиш кўникмаларига эга бўлиши керак:

Олий таълим давлат таълим стандарти (асосий қоидалар), Кадрлар тайёрлаш тегишли таълим (ихтисос) йўналиши бўйича давлат таълим стандарти, шунингдек ўқитилаётган фан бўйича ўқув дастури;

олий таълим тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ва директив ҳужжатлар;

бакалавриат йўналишлари ва магистратура ихтисослари бўйича ўқув жараёнини ташкил этиш ва унинг сифатини таъминлашнинг замонавий методлари;

асосий ўқув режалари ва ўқув фанлари дастурларини такомиллаштириш принциплари;

ўқув юкламаларини режалаштириш ва уларнинг бажарилишини назорат қилиш методлари;

ўқув фанлари мазмуни ва уларни ўқитишдаги изчиллик асослари;

ўқув машғулотларининг ҳар хил турларини (лекциялар, амалий машғулотлар, лаборатория машғулотлари, курс ишлари лойиҳалари, малака бўйича амалий машғулотларни) ўтказиш методикаси;

талабалар ўртасида миллий мустақиллик ғоялари асосида маънавий-ахлоқий ва тарбиявий ишларни олиб бориш принциплари;

педагогика ва касб-ҳунар бўйича муомала қилиш назарияси ва амалиёти;

таълим жараёни қатнашчилари билан ўзаро муносабатларда этика нормалари ва нутқ маданияти;

чет тиллардан биттасида сўзлашув нутқи асослари;

мустақил таълим олиш йўли билан ўз билимларини такомиллаштириш методлари;

талабаларда танқидий фикрлашни шакллантириш принциплари;

бакалавриат ва магистратура таълим дастурларида изчиллик ва мослашувчанликни ташкилий ва методик таъминлаш;

кадрлар буюртмачилари ва меҳнат бозори эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ўқув режаларини ва фанлар дастурларини шакллантириш асослари;

талабаларнинг ўз билимини мустақил оширишини ташкилий ва методик таъминлаш;

талабаларнинг билимлари, маҳоратлари ва кўникмаларини рейтинг бўйича назорат қилишни ташкил этиш ва илмий-методик таъминлаш асослари;

кадрлар тайёрлаш сифатига таъсир кўрсатадиган омиллар;

таълим, фан ва ишлаб чиқаришни интеграциялашни ташкил этиш асослари;

иқтидорли талабаларни қидириб топиш, танлаш ва улар билан ишлаш методлари;

олий таълимда менежмент ва маркетинг асослари.

Тасвирий ва амалий санъат соҳасида олий маълумотга эга бўлмаган, бироқ ўзининг ноёб истеъдоди ва маҳорати билан танилиб, халқ эътирофига сазовор бўлган "Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби", "Ўзбекистон Республикаси халқ рассоми", "Ўзбекистон Республикаси халқ устаси" фахрий унвонларига эга бўлган шахслар ҳамда Ўзбекистон Бадиий академияси академикларига ушбу банднинг учинчи-йигирма тўртинчи хатбошларида белгиланган талаблар татбиқ этилмайди.

Узлуксиз таълим тизими педагог кадрларининг алоҳида лавозим тоифаларга қўйиладиган малака талаблари тегишли таълим турини бошқариш органи томонидан белгиланади.



9. ТАЪЛИМ ҲАҚИДАГИ ҲУЖЖАТЛАР


Қайта тайёрлаш ёки малака ошириш бўйича таълим дастурларини муваффақиятли бажарган педагог кадрларга тегишли равишда давлат намунасидаги қуйидаги ҳужжатлар берилади:

малака ошириш ҳақидаги сертификат - камида 144 соат ҳажмидаги таълим дастурларини ўтаган шахслар учун;

қайта тайёрлаш ҳақидаги диплом - камида 576 соат ҳажмидаги таълим дастурларини ўтаган шахслар учун.

Таълим ҳақидаги давлат намунасидаги ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш натижалари тўғрисидаги маълумотлар (шу жумладан, билвосита шакллар) ўз вақтида педагогнинг рейтинг дафтарчасида қайд этилади, унинг намуналари ва уни тўлдириш тартиби тегишли таълим турини бошқариш давлат ваколатли органи томонидан тасдиқланади.



10. ПЕДАГОГ КАДРЛАРНИ ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ

ВА УЛАРНИНГ МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ

ТИЗИМИ НОРМАТИВ ҲУЖЖАТЛАРИ


Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизими норматив ҳужжатларига ҳозирги вақтдаги Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга давлат талаблари, педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тўғрисидаги тегишли низомлар, педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича намунавий ўқув режалари, ўқув фанларининг намунавий дастурлари, шунингдек белгиланган тартибда таълим соҳасидаги давлат бошқаруви органлари томонидан ишлаб чиқиладиган ва тасдиқланадиган бошқа норматив ҳужжатлар киради.



11. ПЕДАГОГ КАДРЛАРНИ ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ

ВА УЛАРНИНГ МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ

СИФАТИНИ БАҲОЛАШ


11.1. Кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш сифатини назорат қилиш

Кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш сифатини назорат қилиш қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:

кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича таълим муассасалари томонидан амалга ошириладиган ички назорат. Ички назорат тегишли таълим турини бошқариш давлат ваколатли органи томонидан тасдиқланган низомлар асосида ўтказилади;

фанлар бўйича аттестациядан ўтказишни ҳамда малака ошириш ва қайта тайёрлаш йўналишлари бўйича Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга давлат талабларига мувофиқ малака ошириш тизими тингловчилари учун - малакани ҳимоя қилиш ишларини ҳамда қайта тайёрлаш курслари тингловчилари учун - курсларни тугатиш ишларини ўз ичига оладиган якуний назорат.

таълимни бошқариш ваколатли органи ва кадрлар буюртмачилари томонидан амалга ошириладиган ташқи назорат.


11.2. Таълим муассасаларининг кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича фаолиятини баҳолаш тартиби

Таълим муассасаларининг кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича фаолиятини баҳолаш тартиби қайта тайёрлаш ва малака ошириш бўйича таълим муассасаларини давлат аттестациясидан ўтказиш ва аккредитация қилиш тўғрисидаги Низом билан тартибга солинади ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан, белгиланган тартибда амалга оширилади.





Давлат талабларига

1-ИЛОВА



Мактабгача таълим ва умумий ўрта таълим педагог

кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг

малакасини ошириш тизими

ТУЗИЛМАСИ

Халқ таълими вазирлиги

(педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга умумий раҳбарлик қилиш ва миқдорий кўрсаткичларни мувофиқлаштириш)

Вилоятлар халқ таълими бошқармалари

(буюртмачи)

Таълим сифатини назорат

қилиш давлат инспекцияси

(таълим сифати мониторингини олиб бориш, педагог кадрлар малака даражасини диагностика қилиш ва баҳолаш)

Халқ таълими вазирлигининг А.Авлоний номидаги халқ таълими муаммоларини ўрганиш ва истиқболларини белгилаш илмий-тадқиқот институти, Мактабгача муассасалар ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш республика ўқув-методика маркази

(қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг илмий-методик асосларини ишлаб чиқиш, раҳбар ходимларнинг малакасини ошириш)

Туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари

(қайта тайёрлаш ва малака оширишга юбориладиган ўқитувчиларни табақалаштириш ва уларнинг контингентини шакллантириш)

Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказлари, педагог кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасалари ҳамда лицензияга эга нодавлат таълим ташкилотлари

(мактабгача ва умумий ўрта таълим педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш)

"Эл-юрт умиди" жамғармаси

(илғор педагогик технологияларни ўрганиш бўйича хорижий стажировкалар, курслар ташкил этиш)

Мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасалари

(ички назорат, қайта тайёрлаш ва малака ошириш учун ўқитувчилар контингентини аниқлаш, индивидуал топшириқлар тузиш)

Лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳлари

Халқаро ташкилотлар грантлари (кредит линиялари) бўйича малака ошириш





Давлат талабларига

2-ИЛОВА



Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими педагог

кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг

малакасини ошириш тизими

ТУЗИЛМАСИ

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

(қайта тайёрлаш ва малака оширишга умумий раҳбарлик қилиш ва чора-тадбирларни мувофиқлаштириш)

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази

(буюртмачи)

Таълим сифатини назорат

қилиш давлат инспекцияси

(таълим сифати мониторингини олиб бориш, педагог кадрлар малака даражасини диагностика қилиш ва баҳолаш)

Халқ таълими вазирлиги тизимининг қайта тайёрлаш ва малака ошириш  таълим муассасалари

(умумтаълим фанлари ўқитувчиларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш)

Базавий ва етакчи олий ўқув юртлари

(янги ишга тушириладиган академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари учун педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва мунтазам равишда уларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш)

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармалари

(қайта тайёрлаш ва малака ошириш учун юбориладиган ўқитувчиларни табақалаштириш ва уларнинг контингентини шакллантириш)

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизими кадрларининг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш институти

(ўрта махсус, касб-ҳунар таълими раҳбарларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш)

"Истеъдод" жамғармаси

(илғор педагогик технологияларни ўрганиш бўйича хорижий стажировкалар, курслар ташкил этиш)

Таянч академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари ҳузуридаги инновацион педагогик технологиялар ҳудудий марказлари

(тажриба алмашиш, янги педагогик технологияларни, ўқитишнинг замонавий методлари ва воситаларини ўрганиш)

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари

(ички назорат, қайта тайёрлаш ва малака ошириш учун ўқитувчилар контингентини аниқлаш, индивидуал топшириқлар тузиш)





Давлат талабларига

3-ИЛОВА



Олий таълим педагог кадрларини қайта тайёрлаш

ва уларнинг малакасини ошириш тизими

ТУЗИЛМАСИ

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

(қайта тайёрлаш ва малака оширишга умумий раҳбарлик қилиш, олий ўқув юртлари раҳбарлари малакасини оширишни ташкил этиш)

Таълим сифатини назорат

қилиш давлат инспекцияси

(таълим сифати мониторингини олиб бориш, педагог кадрлар малака даражасини диагностика қилиш ва баҳолаш)

Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини ривожлантириш  маркази

(қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг илмий-методик асосларини ишлаб чиқиш, олий ўқув юртлари тегишли бўлинмалари раҳбарларининг малакасини ошириш)








Олий ўқув юртлари ҳузуридаги Қайта тайёрлаш ва малака ошириш институтлари

(ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ва олий таълим учун педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш)







Олий таълим муассасалари

(ички назорат, қайта тайёрлаш ва малака ошириш учун ўқитувчилар контингентини аниқлаш ва табақалаштирилган-аниқ топшириқларни тузиш)












Олий ўқув юртлари ҳузуридаги Малака ошириш марказлари ва факультетлари

(ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ва олий таълим учун педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш)






"Истеъдод" жамғармаси

(илғор педагогик технологияларни ўрганиш бўйича хорижий стажировкалар, курслар ташкил этиш)






Лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳлари

Халқаро ташкилотлар грантлари (кредит линиялари) бўйича малака ошириш


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2006 йил, 6-7-сон, 39-модда.












































Время: 0.0074
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск