Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Таълим /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг истиқболли ёш педагог ва илмий кадрлар малакасини ошириш "Истеъдод" жамғармаси Низоми (ЎзР Президентининг 01.07.2003 й ПФ-3272-сонли Фармонига 3-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2003 йил 1 июлдаги

ПФ-3272-сон Фармонига

3-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

истиқболли  ёш  педагог  ва  илмий  кадрлар

малакасини ошириш "Истеъдод" жамғармаси

НИЗОМИ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг истиқболли ёш педагог ва илмий кадрлар малакасини ошириш "Истеъдод" жамғармаси (бундан буён Жамғарма деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Истиқболли ёш педагог ва илмий кадрлар малакасини ошириш ва тажриба алмашув тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги Фармонига мувофиқ ташкил этилган бўлиб, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури талабларига биноан мамлакатимиз узлуксиз таълим тизимида ва фан соҳасида илмий-тадқиқот ва педагогик фаолиятнинг устувор ва истиқболли йўналишларини жаҳон амалиётида қўлланаётган юқори технология ва фан ютуқлари асосида ривожлантириш, ёш педагог ва илмий кадрлар малакасини ошириш ва тажриба алмашув тизимини такомиллаштириш, уларнинг истеъдодлари очилиши ва юксалишига кўмаклашиш мақсадида тузилган дазлатга қарашли ҳайрия жамғармаси ҳисобланади.


2. Жамғарма ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, амалдаги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва фармойишлари, шунингдек мазкур Низомга мувофиқ амалга оширади.


3. Жамғарма юридик шахс ҳисобланади, ўз номи ёзилган муҳрга, штампларга, бланкларга ва белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган бошқа реквизитларга эга бўлади ҳамда банкларда ўз ҳисоб рақамини очади.


4. Жамғарма ҳомийларнинг ихтиёрий бадаллари ҳисобига маблағ билан таъминланади ва ўз фаолиятини амалга оширади.


5. Жамғарманинг манзили - Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Олмазор кўчаси, 171-уй.



II. ЖАМҒАРМАНИНГ МАҚСАДИ

ВА АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


Жамғарманинг мақсади кадрлар тайёрлашда истиқболли ёш педагог ва илмий ходимлар истеъдодининг очилишига ва юксалишига кўмаклашиш, уларни жаҳон амалиётида қўлланаётган юқори технологиялар ва илғор фан ютуқлари асосида шакллантириш, малакасини ошириш ва тажриба алмашувини, халқаро миқёсда тан олинган нуфузли хорижий таълим ва илмий марказларида Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиши учун устувор йўналишлар бўйича билимларини чуқурлаштириш ва илғор тажриба орттиришини таъминлашдир.

Жамғарманинг вазифалари:

мамлакатимизнинг интеллектуал салоҳиятини, фан, педагогика ва иқтисодиётимиз тармоқларининг ривожланиши даражасини жаҳоннинг энг илғор илмий изланишлар ва юқори технология ютуқлари даражасига кўтариш, Ўзбекистонда чуқур тарихий илдизларга эга ва мамлакатимиз тараққиёти учун муҳим бўлган илм-фан йўналишларининг барқарор ривожланишини таъминлашда фаол иштирок этиш;

дунёда эътироф этилган нуфузли олий таълим ва илмий марказлар билан амалий ҳамкорлик ўрнатиш, ўзаро манфаатли илмий тадқиқотлар ва изланишларни ташкил этиш орқали истиқболли ёш педагог ва илмий кадрлар истеъдодининг очилиши ва юксалишига кўмак бериш;

мамлакат олий таълим ва илмий муассасаларида педагогик ва илмий фаолият борасида муайян ютуқларга эришган, илмий изланишларни бошлаган, юксак ижодий салоҳият ва қобилият соҳиблари бўлган истиқболли ёш педагог ва илмий кадрларнинг истеъдодини ривожлантириш, уларнинг Жамғарма грантлари асосида тараққий топган давлатларнинг илғор таълим ва илмий муассасаларида назария ва амалиётнинг замонавий йўналишлари бўйича малака ошириши ҳамда мақсадли тажриба орттиришига, Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиши учун устувор йўналишлар бўйича билимини чуқурлаштиришига, прогрессив илмий изланишларда кштирок этишига кўмаклашиш;

ҳомийлар, шу жумладан, халқаро ташкилотлар ва жамғармалар билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, маҳаллий ва хорижий сармоядорларнинг инвестицияларини ёш педагог ва илмий кадрлар билимларини чуқурлаштириш ва малакасини ошириш жараёнига фаол жалб қилиш;

истеъдодли ёш педагог ва илмий кадрларнинг замонавий илғор билимлари, жаҳон даражасидаги илмий ва технологик тажрибасини мамлакатимиз амалиётига татбиқ этишни таъминлаш, уларнинг педагогик ва илмий фаолияти мониторингини узлуксиз олиб бориш.



III. ЖАМҒАРМАНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ


Жамғарма қуйидаги ҳуқуқларга эга:

- Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва хорижий мамлакатларда ўз номидан юридик ва жисмоний шахслар билан ўз ваколати доирасида шартнома ва бошқа юридик ҳужжатлар тузиш;

- низом мақсадлари доирасида мамлакатимизга етук чет эллик мутахассисларни таклиф этиш. Ўзбекистон ҳудудида ва унинг ташқарисида турли кўргазмалар, кўрик-танловлар, конференция ва бошқа маърифий-маданий тадбирлар мажмуини тайёрлаш за ўтказиш;

- Жамғарма ҳомийлари таркибини кенгайтириш ҳақидаги таклифларни кўриб чиқиш ва Жамғарма ташкилий тузилмасига қўшимча методист педагогларни ва мутахассисларни шартнома асосида жалб қилиш, малака ошириш марказларини тузиш;

- мамлакатимизда ташкил этиладиган халқаро таълим ва илмий муассасаларнинг, турли жамоат ташкилотларининг муассиси ва ҳаммуассиси бўлиш;

- мавжуд қонунчилик доирасида ўзбекистонлик истеъдодли ёш педагог ва истиқболли илмий кадрларнинг таълим, илмий ва ижодий соҳалардаги ишларини мамлакатимизда ва чет элларда нашр (журнал, илмий тўпламлар ва ҳ.к.) қилиш ҳамда намойиш этиш;

- масофавий таълим, маърузалар ўқиш, амалий семинарлар ўтказиш учун чет эллик олимлар ва мутахассисларни жамғарма ҳисобидан жалб этиш;

- ижобий тажрибаларни семинарлар, амалий курслар, тарқатма методик материаллар ва масофавий ўқитиш орқали оммалаштириш ва таълим тизимида қўллаш;

- Жамғарманинг тасдиқланган тузилмасига, маъмурий-бошқарув ходимлари учун ажратилган штатлар доирасида тегишли ўзгартиришлар киритиш;

- Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилиги билан тақиқланмаган ва Низомга зид бўлмаган бошқа фаолиятларни амалга ошириш.



IV. ЖАМҒАРМАНИНГ БОШҚАРУВИ


1. Жамғарманинг раҳбар органи Бошқарув бўлиб, у Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳисобот беради.


2. Жамғарма бошқарувининг таркиби ва раиси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади. Бошқарувнинг йиғилишларига раис раҳбарлик қилади.

Бошқарув йиғилишлари заруратга кўра (камида 6 ойда бир марта) ўтказилади. Бошқарув қарорлари раис имзолаган буйруқ билан расмийлаштирилади.

Бошқарувнинг вазифалари қуйидагилардан иборат:

- Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланган Жамғарма фаолияти йўналишларини амалга ошириш;

- ҳар йили Жамғарма бюджети ва грантларининг малака ошириш ҳамда тажриба алмашиш йўналишлари бўйича квоталари тўғрисида таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президентига тасдиқлаш учун тақдим қилиш;

- танлов асосида Жамғарма грантларига лойиқ номзодларни ёш педагог ва илмий кадрларнинг ўз соҳаларида истеъдодини кўрсатиб, амалиётда ўзининг илк ижобий натижаларига эриша олган истиқболли мутахассис бўлганлигини ҳисобга олган ҳолда аниқлашни ташкил қилиш ва унинг натижаларини Ўзбекистон Республикаси Президентига тақдим этиш;

- халқаро конференциялар ва анжуманларда иштирок этиш, иштирокчилар сонини, уларни молиялаш тартиби ва маблағларини белгилаш;

- Жамғарма фаолиятининг ҳар йиллик режаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

- Жамғарма фаолиятини назорат қилиш ва умумий раҳбарликни амалга ошириш;

- Жамғарма ҳомийлари билан алоқалар ўрнатиш ва Ҳамкорлик қилиш, молиявий маблағларни топиш ва жалб қилиш;

- Жамғарманинг йиллик ҳисоботларини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;

- Жамғарма тушум маблағлари ва харажатлари рўйхатини тасдиқлаш;

- Жамғарма фаолиятига тааллуқли тартибларни (Жамғарма гранти совриндорларининг хориждаги фаолиятини таҳлилий ўрганиш, билим ва кўникмаларидан самарали фойдаланиш ва ҳ.к.) тасдиқлаш;

- Жамғарма раисининг ўринбосари - ижрочи директор лавозимига номзодни тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Президентига таклиф киритиш;

- Жамғарма штатидаги ходимларни тегишли тартибда мукофотлаш;

- Жамғарма фаолиятининг бошқа масалаларини кўриб чиқиш ва улар юзасидан қарорлар қабул қилиш.

Бошқарув аъзолари ўз вазифаларини жамоатчилик асосида амалга оширади.


3. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланадиган Жамғарма раиси ўринбосари - ижрочи директор Жамғарманинг жорий фаолияти билан боғлиқ барча масалаларни амалга оширишга раҳбарлик қилади.

Раис ўринбосари - ижрочи директорнинг вазифаси қуйидагилардан иборат:

- Жамғарма фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланган йўналишларга мувофиқ амалга ошириш;

- Бошқарувнинг қарорларини бажариш;

- мамлакат миқёсида истеъдодли ёш педагог ва илмий кадрларни аниқлаш мезонлари ва тартибини манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш учун Бошқарувга тақдим этиш;

- Жамғарма вазифаларини амалга ошириш учун тегишли мутахассислардан иборат ишчи гуруҳлари тузиш ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириб бориш;

- малака ошириш ва тажриба алмашув даврида ёш педагог ва илмий кадрлар билан доимий алоқа ўрнатиш ҳамда уларнинг фаолияти мониторингини олиб боришни ташкил қилиш;

- зарурат бўлганда, ўқишга, малака ошириш ва тажриба алмашишга юборилганларни муддатидан олдин чақириб олиш юзасидан таклифларни кўриб чиқиш учун Бошқарувга тақдим қилиш.


4. Раис ўринбосари - ижрочи директор Жамғарма номидан фаолият кўрсатади, шу жумладан, унинг хўжалик ишларини амалга оширади, Жамғарма номидан битимлар тузади, штатларни тасдиқлайди, Жамғарма ходимлари томонидан бажарилиши лозим бўлган буйруқлар чиқаради ва уларга кўрсатмалар беради.



V. ЖАМҒАРМА ГРАНТЛАРИ СОВРИНДОРЛАРИНИ

АНИҚЛАШ ТАРТИБИ


Жамғарма грантлари совриндорларини аниқлаш Жамғарма Бошқаруви томонидан тасдиқланган Тартибга биноан, унда белгиланган муддатларда амалга оширилади.

Истиқболли ёш педагог ва илмий кадрларни аниқлашда ошкоралик ва холислик тамойиллари таъминланишига Жамғарма масъулдир.

Жамғарма гранти бўйича малака ошириш ва тажриба алмашиш муддати 10 ойгача ташкил этилади.



VI. ЖАМҒАРМА ГРАНТЛАРИ СОВРИНДОРЛАРИ

МОНИТОРИНГИНИ ОЛИБ БОРИШ


Жамғарма грантлари асосида хорижий мамлакатларда малака ошириш ва тажриба алмашиш дастурлари бўйича қатнашаётганларнинг ҳамда "Умид" жамғармаси йўлланмаси билан чет эл олий ўқув юртларида ўқиб келган ёш мутахассисларнинг мониторинги мавжуд камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш ва зарур шарт-шароитларни яратиш, таълим олувчилар ва илмий фаолият олиб борувчиларга тегишли амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида ўтказилади.

Малака ошириш ва тажриба алмашиш жараёни мониторинги Жамғарма, шунингдек тегишли чет эл мамлакатларидаги Ўзбекистон Республикаси элчихоналарининг масъул ходимлари ва ушбу мамлакатлардаги Жамғарма билан ҳамкорлик қилувчи ташкилот вакиллари ёрдамида ҳар йили Жамғарма Бошқаруви томонидан қайта тасдиқланадиган тартиб асосида амалга оширилади.



VII. ЖАМҒАРМА ГРАНТЛАРИ АСОСИДА

МАЛАКА ОШИРГАН ВА ТАЖРИБА ОРТТИРГАН

МУТАХАССИСЛАРНИНГ МЕҲНАТ ФАОЛИЯТИ

МОНИТОРИНГИНИ ОЛИБ БОРИШ


1. Жамғарма грантлари асосида хориждаги олий таълим ва илмий муассасаларида малака оширган ва илғор тажриба орттирган мутахассисларнинг ҳамда "Умид" жамғармаси йўлланмаси билан чет эл олий ўқув юртларида ўқиб келган ёш мутахассисларнинг салоҳиятидан самарали фойдаланиш, уларнинг меҳнат фаолиятини тўғри ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Президенти тасдиқлаган Махсус ишчи гуруҳи томонидан олиб борилади. Махсус ишчи гуруҳи мамлакатимиз иқтисодий ва ижтимоий соҳаларининг устувор йўналишларини инобатга олган ҳолда ёш мутахассисларни давлат тизимидаги вазирлик, ташкилот, корхона, концерн, уюшмаларга ишга жойлаш бўйича тавсиялар беради ва уларнинг меҳнат фаолияти мониторингини амалга оширади.


2. Жамғарма грантлари асосида малака оширган ва тажриба орттирган мутахассисларнинг ҳамда "Умид" жамғармаси йўлланмаси билан чет эл олий ўқув юртларида ўқиб келган ёш мутахассисларнинг иш жойидаги меҳнат фаолияти мониторинги Махсус ишчи гуруҳи томонидан тасдиқланган низом асосида Жамғарма ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар томонидан ўтказилади.


3. Жамғарма грантлари асосида малака оширган ва тажриба орттирган мутахассисларнинг ҳамда "Умид" жамғармаси йўлланмаси билан чет эл олий ўқув юртларида ўқиб келган ёш мутахассисларнинг меҳнат фаолияти мониторинги доимий равишда олиб борилади ва унинг натижалари Жамғарма Бошқаруви томонидан мунтазам (камида олти ойда бир марта) таҳлил қилинади ва жамлаб борилади. Мониторинг натижалари бўйича тегишли хулоса ва таклифларни Жамғарма Махсус ишчи гуруҳига тақдим этади.



VIII. ЖАМҒАРМАНИНГ МОЛ-МУЛКИ

ВА МОЛИЯВИЙ МАБЛАҒЛАРИ


1. Жамғарманинг мол-мулки асосий фондлар (бинолар, иншоотлар, асбоб-ускуналар ва шу кабилар)дан, айланма маблағлардан, шунингдек маблағ билан таъминлашнинг барча манбалари ҳисобига сотиб олинган молиявий ресурслар ва бошқа моддий бойликлардан иборатдир.

Жамғарма мол-мулкининг қиймати унинг мустақил балансида акс эттирилади.


2. Жамғарма маблағлари:

- ҳомийлардан тушган маблағлар;

- Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари ва ушбу Низом билан тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан шаклланади.


3. Жамғармага ҳайрия, ҳомийлик ва беғараз ёрдам тарзида тушумлар ҳисобига сотиб олинган мол-мулклар Жамғарманинг ўз мулки ҳисобланади.


4. Жамғарма ўз мажбуриятлари бўйича ўзига бириктирилган, тўлов ундириб олиниши мумкин бўлган мол-мулк билан амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавоб беради.



IX. ҲИСОБГА ОЛИШ ВА ҲИСОБОТ


Жамғарма ўз фаолияти натижаларини амалдаги қонун ва қоидаларга биноан тезкор таҳлил қилади ва бухгалтерия ҳисобини амалга оширади, ҳисобот маълумотлари ва баланс ҳисоб-китобларининг ишончлилигини таъминлайди.



X. НИЗОМГА ЎЗГАРТИРИШ ВА

ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ


Жамғарма Низомига ўзгартириш ва қўшимчалар Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига биноан киритилиши мумкин.



XI. ЖАМҒАРМА ФАОЛИЯТИНИ ҚАЙТА

ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ТУТАТИШ


Жамғарма фаолиятини қайта ташкил этиш ва тугатиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига биноан амалга оширилади.









































Время: 0.0118
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск