ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА
ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Таълим / Олий таълим /Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 16.07.2009 й. 201-сон "Ўзбекистон Республикаси вакилларининг ўқишини ташкил этиш учун Япония Ҳукуматининг грантларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори
Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
16.07.2009 й.
N 201
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАКИЛЛАРИНИНГ ЎҚИШИНИ ТАШКИЛ
ЭТИШ УЧУН ЯПОНИЯ ҲУКУМАТИНИНГ
ГРАНТЛАРИДАН САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНИШ
ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Япония Ҳукуматининг Ўзбекистон Республикаси вакилларининг Японияда ўқишини ташкил этиш учун берилаётган 244 млн. Япония йенаси грантларидан самарали фойдаланиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Япония Ҳукуматининг Ўзбекистон Республикаси вакилларининг Япония етакчи университетлари магистратурасида ўқишини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
Ўқиш учун номзодларни танлаб олиш Япония Халқаро ҳамкорлик агентлиги (JIСА), Япония Халқаро ҳамкорлик маркази (ЛСЕ), Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги томонидан амалга оширилиши маълумот учун қабул қилинсин.
2. Бош вазирнинг ўринбосари Р.С. Қосимовга Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Айирбошлаш ноталари ва Грант Битимини имзолаш ваколати берилсин.
3. Қуйидагиларга:
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигига - лойиҳани амалга ошириш учун беғараз ёрдам маблағларини олиш ва уларга хизмат кўрсатиш учун Япония томони билан келишган ҳолда барча тартиб-қоидаларни расмийлаштириш;
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкига - юқорида кўрсатиб ўтилган беғараз ёрдам маблағларига ҳисоб-китоб хизмати кўрсатиш юклансин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги кўрсатиб ўтилган беғараз ёрдамга ҳисоб-китоб хизмати кўрсатилганлиги учун Япония томонига воситачилик ҳақини вазирликнинг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг буюртманомалари бўйича ушбу лойиҳани амалга оширишда қатнашадиган хорижий мутахассисларга кириш визалари консуллик йиғимлари ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.
6. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги буюртманомалари бўйича лойиҳани амалга оширишда қатнашадиган хорижий мутахассисларга кўп марталик визалар берилиши ва узайтирилишини, шунингдек улар яшаш жойларида давлат божлари ундирилмасдан вақтинча рўйхатдан ўтказилишини ва вақтинча рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилишини таъминласин.
7. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ушбу лойиҳа бўйича JIСЕ томонидан тайёрланган видеороликлар ва аудиоматериаллар белгиланган тартибда телевидение ва радиода жойлаштирилишини таъминласин.
8. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:
Японияда JIСА лойиҳаси доирасида ўқиган ўзбекистонлик мутахассисларнинг маълумоти тўғрисидаги ҳужжатлар нострификация қилинишига ва уларнинг ишга жойлаштирилишига кўмаклашсин;
уларнинг меҳнат фаолияти устидан доимий мониторинг олиб борсин.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Қосимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. Мирзиёев
"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 29-сон, 336-модда.