язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Банклар ва бошқа кредит ташкилотлари/ Марказий банк, унинг таркибий бўлимлари ва муассасалари/ Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ҳисоб-китоблар клиринг тизими тўғрисида Низом (АВ томонидан 04.04.2014 й. 2570-сон билан рўйхатга олинган Марказий банк Бошқарувининг 21.02.2014 й. 4/4-сонли қарори билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2014 йил 4 апрелда 2570-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Марказий банки Бошқарувининг

2014 йил 21 февралдаги

4/4-сонли қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг

ҳисоб-китоблар клиринг тизими тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида"ги, "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги, "Электрон тўловлар тўғрисида"ги, "Электрон рақамли имзо тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг қонунларига ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 27 июндаги ПҚ-1989-сонли "Ўзбекистон Республикасининг миллий ахборот-коммуникация тизимларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ҳисоб-китоблар клиринг тизими (бундан буён матнда Клиринг тизими деб юритилади) фаолиятини тартибга солади.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


клиринг - электрон тўловларни йиғиш, ишлов бериш, тасдиқлаш ва юритиш ҳамда Клиринг тизими аъзоларининг соф позицияларини амалга ошириш жараёни;


клиринг сессияси - Клиринг тизимида клиринг амалга оширилиши учун ўрнатилган вақт;


якуний ҳисоб-китоб - тижорат банкларининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Ҳисоб-китоблар марказида очилган вакиллик ҳисобварақлари орқали Клиринг тизимида амалга оширилган ҳисоб-китоб;


Клиринг тизими фойдаланувчилари - маблағларни тўловчи ва маблағларни олувчилар;


чакана тўловлар - жисмоний шахсларнинг доимий ва истеъмолга оид тўловлари, улар ўртасидаги пул ўтказмалари;


электрон тўлов бўйича хабар - Клиринг тизимидаги ҳисоб-китобларга оид электрон ахборот;


ижтимоий тизим аҳамиятидаги тўлов тизимлари - тўловлар кенг ҳажмда амалга ошириладиган тўлов тизимлари;


соф позиция - Клиринг тизими аъзосининг клиринг сессияси даврида бошқа барча аъзолардан олган тўловлари йиғиндисидан ушбу аъзонинг бошқа барча аъзоларга юборган тўловлари йиғиндисининг айирмаси;


биллинг тизими - истеъмолчиларнинг реквизитлари ва етказиб берилган товар ва кўрсатилган хизматлар бўйича тарификациялашнинг ҳисобини юритувчи ахборот тизими.


2. Мазкур Низом талаблари жисмоний ва юридик шахслар томонидан Клиринг тизими орқали нақд пулсиз чакана тўловларни амалга оширишга нисбатан татбиқ этилади.


3. Клиринг тизимининг мақсади - электрон тўлов ҳужжатлари ва электрон тўлов бўйича хабарларни ишончли, хавфсиз, самарали равишда реал вақт режимида алмашиш ва тўловларни амалга ошириш жараёнида молиявий хавф-хатарларнинг бартараф этилишини таъминлашдан иборат.



2-БОБ. КЛИРИНГ ТИЗИМИ АЪЗОЛИГИГА

КИРИШ ВА УНДАН ЧИҚИШ


4. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида вакиллик ҳисобварағига эга бўлган ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Ахборотлаштириш Бош маркази (бундан буён матнда АБМ деб юритилади) билан Клиринг тизимида иштирок этиш тўғрисида шартнома тузган тижорат банклари Клиринг тизими аъзолари ҳисобланади.

Ижтимоий тизим аҳамиятидаги тўлов тизимлари операторлари ҳам АБМ билан тузилган шартнома асосида Клиринг тизимида иштирок этишлари мумкин.


5. Клиринг тизими аъзолари Клиринг тизимида иштирок этиш тўғрисидаги шартномани қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилиш орқали тизим аъзолигидан чиқишлари мумкин.



3-БОБ. КЛИРИНГ ТИЗИМИ АЪЗОЛАРИ,

ФОЙДАЛАНУВЧИЛАРИ ҲАМДА АБМнинг

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


6. Клиринг тизими аъзолари электрон тўловларни амалга оширганлик учун ҳақ олишга ва қонунда белгиланган ҳолларда тўлов тизимидан фойдаланувчиларнинг ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туришга ҳақлидир.


7. Клиринг тизими аъзоси:

тўлов тизимидан фойдаланувчининг ҳисобварағига тушадиган пул маблағларини қабул қилиши ва ҳисобга киритиши, унинг тегишли суммаларни ўтказиш тўғрисидаги топшириқларини бажариши;

ўзининг айби билан нотўғри амалга оширилган операцияларни тиклаши ёки тузатиши;

тўлов тизимидан фойдаланувчига унинг ҳисобварағига оид ахборотни шартномада белгиланган муддатларда қоғоздаги ёки электрон шаклда тақдим этиши;

пул маблағлари олувчининг - тўлов тизимидан фойдаланувчининг ҳисобварағига тушганлигини тўловчининг - тўлов тизимидан фойдаланувчининг сўрови бўйича қоғоздаги ёки электрон шаклда тасдиқлаши;

якуний ҳисоб-китоб қилиш учун вакиллик ҳисобварағининг ликвидлигини таъминлаши;

электрон тўлов ҳужжатлари ва электрон тўлов бўйича хабарларни шакллантириши ҳамда Клиринг марказига узатиши шарт.


8. Клиринг тизимидан фойдаланувчилар ўз ҳисобварақларида турган пул маблағларини мустақил тасарруф этишга ва ўз ҳисобварақлари бўйича пул маблағларининг ҳаракати тўғрисида ахборот олишга ҳақлидир.


9. Клиринг тизими фойдаланувчиси:

Клиринг тизимининг қоидалари билан белгиланган ахборотни муҳофаза қилиш тартибига риоя этиши;

электрон тўлов воситаларининг ва идентификация маълумотларининг сақланишини таъминлаши;

Клиринг тизимининг аъзосига электрон тўлов воситалари ёки идентификация маълумотлари йўқолганлиги тўғрисида шартномада белгиланган муддатларда хабар қилиши шарт.


10. АБМ кўрсатилган хизматлар учун Клиринг тизими аъзоларидан шартномада белгиланган миқдорда ҳақ олиш ҳуқуқига эга.

АБМ Клиринг тизимининг узлуксиз ишлашини, электрон тўлов ҳужжатлари ва хабарларига ўз вақтида ишлов берилишини, ахборотнинг тўлиқлиги, хавфсизлиги ва маҳфийлигини таъминлаши шарт.


11. АБМ, Клиринг тизими аъзолари ва фойдаланувчилари ўртасидаги ижтимоий муносабатлар тегишли қонун ҳужжатлари ва шартномалар билан тартибга солинади.



4-БОБ. КЛИРИНГ ТИЗИМИ ТАРКИБИ


12. Клиринг тизими АБМ Клиринг маркази ҳамда аъзоларнинг ахборот тизимлари ва телекоммуникация тармоқларидан ташкил топган.


13. Клиринг тизими аъзоларининг ахборот тизимлари автоматлаштирилган иш жойи шаклида бўлиб, электрон тўлов ҳужжатлари ва хабарларини олиш, тайёрлаш ва Клиринг тизимига узатиш ҳамда мониторинг олиб бориш учун мўлжалланган.


14. АБМ Клиринг маркази ва Клиринг тизими аъзоларининг ахборот тизимлари ўртасидаги алоқа Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Банк телекоммуникация тармоғи орқали таъминланади.


15. Клиринг тизими фойдаланувчилари тизим аъзоларининг ахборот тизимларига Умумий фойдаланишдаги телекоммуникация тармоқларини қўллаган ҳолда тўлов тизимларини ташкил қилиш қоидаларига (рўйхат рақами 1767, 2008 йил 13 февраль) мувофиқ, Интернет тармоғи орқали боғланиши мумкин.


16. АБМ Клиринг маркази Клиринг тизими фойдаланувчиларини идентификация қилиш, электрон тўлов ҳужжатлари ва электрон тўлов бўйича хабарларни марказлашган тарзда йиғиш ва ишлов бериш, соф позицияларни ҳисоблаш ва якуний ҳисоб-китоб қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Ҳисоб-китоб марказига узатиш бўйича функцияларни амалга оширади.


17. Клиринг тизимида техник, дастурий ва эксплуатация хизматлари аъзолар билан тузилган шартномалар асосида АБМ томонидан таъминланади.



5-БОБ. КЛИРИНГ ТИЗИМИ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


18. Клиринг тизимида электрон тўловлар дам олиш кунларисиз кеча-кундуз реал вақт режимида узлуксиз амалга оширилади.


19. Клиринг сессияси бошланишидан олдин Клиринг тизими аъзосининг вакиллик ҳисобварағи ижобий қолдиққа эга бўлиши керак.


20. Клиринг тизимида фойдаланувчининг реквизитларига аниқлик киритиш учун АБМ Клиринг маркази томонидан биллинг тизимларига сўровнома юборилиши ва олинган маълумотлар асосида электрон тўлов ҳужжатларига ўзгартириш киритиш учун тизим аъзолари ва фойдаланувчиларига тақдим қилиниши мумкин.


21. Банк амалиёт куни давомида клиринг тизимида бир неча марта клиринг сессиялари амалга оширилиши мумкин. Банк амалиёт кунидаги сўнгги клиринг сессиясидан кейин электрон тўлов ҳужжатлари бўйича якуний ҳисоб-китоблар кейинги банк амалиёт кунининг дастлабки клиринг сессиясида амалга оширилади.


22. АБМ Клиринг маркази томонидан электрон тўлов ҳужжатлари ва хабарлари бўйича тасдиқнома юборилади. Тасдиқнома олинган вақтдан бошлаб, тўлов якуний ва чақирилмас ҳисобланади.


23. Клиринг тизимида белгиланган техник талабларга мос келмаган электрон тўловлар рад этилади ва ишловга қабул қилинмайди. Бунда тўловларни рад этиш сабаблари код орқали Клиринг тизими аъзоларига юборилади.


24. Соф позиция маълумотлари АБМ Клиринг маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Ҳисоб-китоб марказига узатилади.


25. Банк амалиёт куни давомида амалга оширилган клиринг сессиялари якунлари бўйича шакллантирилган ҳисоботлар Клиринг тизими аъзоларига юборилади.


26. Чакана тўловлар бўйича маблағларни банк ҳисобварағига ўтказиш тартиби ҳамда воситачилик ҳақлари миқдори Клиринг тизими аъзолари ва пул маблағларини олувчилар ўртасида тузиладиган шартномага асосан белгиланади.



6-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


27. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2014 йил 7 апрель, 14-сон, 160-модда