язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Тураржой ва нотурар жойлар. Коммунал хўжалик/ Коммунал хўжалик/ Электр энергия таъминоти. Газ таъминоти. Иссиқлик таъминоти. Сув таъминоти/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 03.02.2015 й. 19-сон “Аҳоли пунктларида давлат капитал қўйилмалари ҳисобига ичимлик сув таъминотини ва оқова сув хизматини яхшилаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш самарадорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

03.02.2015 й.

N 19


АҲОЛИ ПУНКТЛАРИДА ДАВЛАТ КАПИТАЛ

ҚЎЙИЛМАЛАРИ ҲИСОБИГА ИЧИМЛИК СУВ

ТАЪМИНОТИНИ ВА ОҚОВА СУВ ХИЗМАТИНИ

ЯХШИЛАШ БЎЙИЧА ЛОЙИҲАЛАРНИ АМАЛГА

ОШИРИШ САМАРАДОРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Аҳолини сифатли ичимлик сув ва оқова сув хизматлари билан таъминлаш лойиҳаларини амалга оширишга йўналтириладиган давлат капитал қўйилмалари маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, уларни амалга ошириш механизмини такомиллаштириш, манфаатдор вазирликлар, идоралар ва ҳудудий ичимлик сув таъминоти ташкилотларининг аҳолини сифатли ичимлик сув ва оқова сув хизмати билан таъминлаш лойиҳаларининг амалга оширилишида уларнинг пировард натижалари юзасидан масъулиятини тубдан ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2015 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Инвестиция дастури тўғрисида" 2014 йил 17 ноябрдаги ПҚ-2264-сон қарорига мувофиқ аҳоли пунктларини ичимлик сув ва оқова сув хизматлари билан таъминлашни янада яхшилашга 174,6 млрд. сўм миқдорида давлат капитал қўйилмалари лимитлари кўзда тутилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати соҳасидаги дастурларни амалга оширишни мувофиқлаштириш бўйича Махсус республика комиссияси 1-иловага* мувофиқ тузилсин, қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

давлат капитал қўйилмалари маблағлари ва халқаро молия институтларининг жалб этилган кредитлари ҳисобига амалга ошириладиган ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати соҳасидаги лойиҳалар бўйича молиялаштиришни очиш учун асос ҳисобланадиган ичимлик сув манбалари тасдиғини ҳисобга олган ҳолда хулосалар бериш;

ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида қарор қабул қилиш;

ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати соҳасидаги объектларни қуриш ва реконструкция қилиш бўйича якуний рўйхатларни тасдиқлаш;

ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати соҳасидаги лойиҳаларнинг амалга оширилиши мониторингини уларнинг лойиҳадаги параметрларига ва кўрсаткичларига эришилишини ҳисобга олган ҳолда юритиш;

ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати объектларини қуриш ва реконструкция қилишда лойиҳа параметрлари ва кўрсаткичларига эришишни таъминламаганлик сабабларини аниқлаш ва мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш;

тасдиқланган тармоқ жадвалларига ва лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати объектларини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳаларини амал оширишга йўналтирилган тезкор чора-тадбирлар кўриш.


3. Қуйидагилар:

Ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати соҳасидаги дастурларнинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш бўйича Махсус республика комиссияси тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ;

Аҳоли пунктларида давлат капитал қўйилмалари ҳисобига молиялаштириладиган ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати объектларини қуриш ва реконструкция қилишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳузуридаги аҳоли пунктларининг ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати объектларини қуриш ва реконструкция қилишнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари ҳамда дастлабки манзилли рўйхатларини ишлаб чиқиш бўйича доимий ишлайдиган ҳудудий комиссияларнинг намунавий таркиби 4-иловага* мувофиқ;

Давлат капитал қўйилмалари ҳисобига 2015 йилда аҳоли пунктларининг ичимлик сув таъминоти объектларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича асосий параметрлар 5 ва 5а-иловаларга* мувофиқ;

2015 йилда аҳоли пунктларининг ичимлик сув таъминоти объектларини улаш манбалари 5б-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.


4. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ҳокимлари зиммасига ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати соҳасида амалга ошириладиган лойиҳалар учун давлат капитал қўйилмалари ҳисобидан ажратилаётган маблағларни ўз вақтида, сифатли ва улардан самарали фойдаланилиши юзасидан шахсий масъулият юклансин.

5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ва Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси билан биргаликда аҳоли пунктларида ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати объектларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларининг сифатли ишлаб чиқилишини таъминласинлар.

6. "Ўзкоммунхизмат" агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда икки ой муддатда:

республика ҳудудидаги ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати объектларини амалдаги техник ҳолатини ва таъминланганлик даражасини аниқлаган ҳолда ялпи хатловдан ўтказсин;

аҳоли пунктларининг Бош режалари билан боғлаган ҳолда вилоятларнинг ва умуман республиканинг ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати тизимларини ривожлантириш схемасини ишлаб чиқсин;

ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати тизимларини ривожлантириш схемалари асосида ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати объектларини қуриш ва реконструкция қилишнинг манзилли рўйхатларини сифатли шакллантириш ҳамда аҳолини ичимлик сув билан таъминлашни истиқболли прогнозлаштириш мақсадида ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати объектларни қуриш ва реконструкция қилишнинг манзилли рўйхатлари бажарилиши, аҳолининг ичимлик сув ва оқова сув хизматлари билан қамраб олиниши мониторингини юритиш учун доимий янгилаб бориладиган электрон базани яратсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Давлат геология қўмитаси икки ой муддатда ичимлик сув ер ости манбаларининг мавжудлигини ва мўлжалланган ҳажмларини муфассал хатловдан ўтказсин, кейинчалик унинг натижаларини ушбу қарорда белгиланган тартибда ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати соҳасидаги дастурларнинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш бўйича Махсус республика комиссиясига ва ҳудудий комиссияларга тақдим этсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат геология қўмитасининг асосланган таклифларига биноан, 2015 йилда ва кейинги йилларда Геология-қидирув ишлари дастури доирасида ер ости сувлари захираларини баҳолаш ва қайта баҳолаш бўйича зарур гидрогеология тадқиқотларининг молиялаштирилишини таъминласин.


9. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси лойиҳа-смета ҳужжатларининг давлат экспертизасидан ўтказилишини таъминласин ҳамда қурилиш-монтаж ишларини бажариш сифати юзасидан давлат архитектура-қурилиш назоратини ўрнатсин.


10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.И. Закиров зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                        Ш. Мирзиёев



*) 1, 4, 5-5б-иловалар рус тилидаги матнида берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2015 йил 9 февраль, 5-сон, 55-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2015 йил, 2-сон, 6-модда