язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Солиқлар. Мажбурий тўловлар/ Солиққа тортишнинг умумий қоидалари/ Солиқ органлари фаолиятини тартибга солиш/ Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Эксперт кенгаши тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 12.01.1998 й. 14-сон қарорига 8-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

1998 йил 12 январдаги

14-сон қарорига

8-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси

ҳузуридаги Эксперт кенгаши тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси таркибидаги Эксперт кенгаши (кейинги ўринларда - Кенгаш) нинг мақсади, вазифалари, функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб беради.


1. Кенгаш Давлат солиқ қўмитаси, Молия вазирлиги ва Адлия вазирлигининг, шунингдек, бошқа идоралар, хўжалик юритувчи субъектлар ҳамда илмий-тадқиқот институтларининг юқори малакали мутахассисларидан иборат таркибда тасдиқланади.


2. Кенгаш таркиби Кенгаш раиси, Кенгаш раисининг ўринбосари, Кенгаш аъзолари ва котибдан иборат бўлади.


3. Кенгашнинг шахсий таркиби, кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси тасдиқлаган ҳолда, Кенгаш раисининг ва тегишли вазирликлар ҳамда идораларнинг тақдимномалари асосида шаклланади ва ўзгартирилади.


4. Қуйидагилар Кенгашнинг вазифалари ҳисобланади:

солиқ солиш ҳамда давлат солиқ хизмати органлари ваколатлари доирасида - валютани тартибга солиш соҳасида (кейинги ўринларда солиқ солиш деб аталади) янгидан жорий этиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш ва уларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқлиги тўғрисида хулосалар тайёрлаш;

солиқ ҳақидаги ҳамда давлат солиқ хизмати органлари ваколатлари доирасида валютани тартибга солиш ҳақидаги қонун ҳужжатлари бўйича (кейинги ўринларда солиқ ҳақидаги қонун ҳужжатлари деб аталади) норматив ҳужжатларни амалда қўллаш жараёнида солиқ тўловчилар билан солиқ органлари ўртасида пайдо бўладиган ўта мураккаб ва мунозарали масалаларни кўриб чиқиш, улар юзасидан холисона қарорлар қабул қилиш.

5. Кенгаш вазифаларидан келиб чиқиб унга қуйидаги функциялар юкланади:

солиқ солиш соҳасида тайёрланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини кўриб чиқиш ва уларнинг солиқ ҳақидаги қонун ҳужжатларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса бериш;

солиқ солиш масалаларини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатларни қўллашнинг энг мураккаб ва мунозарали масалалари бўйича хулосалар чиқариш;

солиқ ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун молиявий жазо чоралари ва маъмурий жарималар қўлланганда пайдо бўлувчи зиддиятларни кўриб чиқиш, давлат солиқ хизмати қуйи солиқ органларининг молиявий жазо чоралари ва маъмурий жарималар қўллаш тўғрисидаги қарорларини ўзгартириш, бекор қилиш ёки уларни ўз кучида қолдириш ҳақида таклифлар киритиш;

солиқ органлари ва солиқ тўловчилар ўртасидаги мунозарали масалаларни кўриб чиқиш жараёнида аниқланган жойлардаги солиқ хизмати органлари раҳбарлари ва мансабдор шахсларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан қонунийликни бузишга йўл қўйган айбдор шахсларни интизомий, моддий ёки бошқа хил жавобгарликка тортиш тўғрисида кейинчалик талаб қўйган ҳолда тегишли тақдимномалар киритиш;

солиқ ҳақидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва солиқ солишга оид низоларни кўриб чиқишда қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатларнинг аниқланган камчиликларини бартараф этиш юзасидан тегишли таклифлар киритиш.

6. Кенгашга қуйидаги ҳуқуқлар берилади:

солиқ ҳақидаги қонун ҳужжатларини қўллаш ва талқин қилиш жараёнида пайдо бўлувчи қарама-қаршиликларни бартараф этиш ва солиқ тизимини такомиллаштириш юзасидан Молия вазирлигига ва Давлат солиқ қўмитасига таклифлар киритиш;

солиқ органлари мутахассисларини, шунингдек, бошқа муассасалар ва ташкилотларнинг молия, солиқ ва ҳуқуқ масалалари билан шуғулланадиган мутахассисларини, улар билан келишган ҳолда, экспертиза ўтказишда ва экспертлар сифатида хулосалар беришда иштирок этиш учун жалб қилиш;

солиқ солиш соҳасида янгидан жорий этилган норматив ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқиш ва улар юзасидан холис хулоса бериш;

қўлланилган молиявий жазо чораларини ундириш муддатларини корхоналар ва ташкилотларнинг молия-хўжалик аҳволини ва фаолиятини ҳисобга олган ҳолда узайтириш, лекин бу муддат кўпи билан бир йилдан ошиб кетмаслиги керак;

Кенгаш аъзолари ва жалб қилинган экспертларнинг Кенгашни тайёрлаш, уни ўтказиш ва тақдим этилган материалларни экспертиза қилиш билан боғлиқ қўшимча меҳнатига ҳақ тўлаш.


7. Кенгаш фаолиятини ташкил этиш.

Кенгашда кўриб чиқиш учун масалалар Молия вазирлигининг ёки Давлат солиқ қўмитаси марказий аппарати бошқармаларининг тақдимномалари бўйича киритилади.

Кенгаш мажлиси бир ойда камида бир марта ўтказилади. Кенгаш мажлисида унинг таркибининг камида учдан икки қисми қатнашгандагина Кенгаш қарори қонуний ҳисобланади.

Кенгаш қарори очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади ва кейинчалик Кенгаш раиси томонидан тасдиқланадиган баённома билан расмийлаштирилади.

Овозлар тенг бўлиб қолган ҳолларда, солиқ тўловчи фойдасига қарор чиқаришга устунлик берилади.

Кенгашнинг кўриб чиқишига масалалар киритиш учун масала киритаётган бўлинмалар Кенгаш раиси номига масаланинг моҳияти баён қилинган маълумотнома тақдим этадилар. Кенгаш раисининг розилиги олингандан сўнг Кенгашнинг кўриб чиқиши учун масала киритаётган бўлинма томонидан масалага тегишли барча материаллар, ушбу иш бўйича қарор лойиҳаси ва масалани кўриб чиқишда иштирок этиш учун тавсия этилган шахслар рўйхати тақдим этилади.

Барча ҳужжатлар тайёрлангандан сўнг масала кенгаш котибининг тақдимномасига кўра Кенгашнинг навбатдаги мажлиси кун тартибига киритилади, Кенгашнинг навбатдаги мажлиси кун тартиби тасдиқлангандан кейин камида 10 кундан сўнг ўтказилиши мумкин.

Кенгаш мажлисида кўриб чиқиладиган масалаларга тааллуқли материалллар кун тартиби тасдиқлангандан сўнг уч кун мобайнида котиб томонидан Кенгаш аъзоларига етказилади.

Кенгаш мажлиси баённомаси Кенгаш котиби томонидан тузилади, мажлисда қатнашган Кенгаш аъзолари томонидан имзоланади, Кенгаш раси томонидан тасдиқланади ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг муҳри босилади.

Манфаатдор шахсларга котиб томонидан муҳрланган ва Кенгаш раиси томонидан тасдиқланган баённомадан кўчирма жўнатилади.


8. Лавозими бўйича давлат солиқ қўмитаси раисининг ўринбосари Кенгаш раиси ҳисобланади. Кенгаш раиси кун тартибини тасдиқлайди, Кенгаш қарорлари бажарилишини назорат қилади. Кенгаш раиси йўқлигида унинг вазифаларини ўринбосар бажаради.

9. Кенгаш котиби Кенгаш аъзоларини кўриб чиқиладиган масалаларга тааллуқли материаллар билан таъминлайди, мажлис баённомасини юритади ва Кенгаш ҳужжатлари айланишини таъминлайди, қарорларнинг бажарилишини назорат қилади ва навбатдаги мажлисларда уларнинг қандай бажарилаётганлиги тўғрисида Кенгаш раисини хабардор қилади.

Кенгаш котиби маслаҳат овозига эга бўлади.


10. Кенгаш қарори устидан у олинган пайтдан бошлаб ўн кун муддатда Давлат солиқ қўмитаси раиси номига ёки судга ариза бериш орқали белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.