язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Қишлоқ ва сув хўжалиги/ Ўзбекистон Фермерлари кенгаши тизими фаолиятини молиялаштириш маблағларини шакллантириш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 26.12.2013 й. 2542-сон билан рўйхатга олинган 26.11.2013 й. Молия вазирлигининг 108-сон, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 02/528-сон, Марказий банк Бошқарувининг 327-В-сон қарори билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2013 йил 26 декабрда 2542-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Молия вазирлиги, Қишлоқ ва сув

хўжалиги вазирлиги ва

Марказий банки Бошқарувининг

2013 йил 26 ноябрдаги

108, 02/528, 327-В-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Фермерлари кенгаши тизими

фаолиятини молиялаштириш маблағларини

шакллантириш ва ундан фойдаланиш

тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 22 октябрдаги ПФ-4478-сонли "Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 43-сон, 493-модда) мувофиқ Ўзбекистон Фермерлари кенгаши тизими фаолиятини молиялаштириш учун маблағларни шакллантириш ва ундан фойдаланиш тартибини белгилайди.



I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом фермерлар кенгашларини молиялаштириш учун фермер хўжаликларининг фермерлар кенгашларига аъзолик бадали тўловини амалга ошириш ҳамда фермерлар кенгашлари ҳисобварағига келиб тушган маблағларни тўплаш ва улардан фойдаланишни тартибга солиш учун татбиқ этилади.


2. Фермерлар кенгаши Уставига мувофиқ кенгаш фаолиятини молиялаштириш манбалари қуйидагилар ҳисобланади:

аъзолик бадаллари;

хайрия маблағлари ва грантлар;

тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган даромад (фойда);

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлар.



II БОБ. МАБЛАҒЛАРНИ ШАКЛЛАНТИРИШ


3. Фермерлар кенгашига аъзолик бадали миқдори Фермерлар кенгаши Уставига мувофиқ фермер хўжаликларининг маҳсулот сотишдан келиб тушадиган соф тушумнинг 0,1 фоизи миқдорида белгиланади.


4. Туман Фермерлар кенгаши туманда фаолият кўрсатаётган ҳар бир фермер хўжаликлари билан ихтиёрийлик асосида аъзолик шартномаси (кейинги ўринларда Шартнома деб юритилади) тузади.


5. Туман Фермерлар кенгаши Уставида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Шартномада қуйидаги мажбуриятлар кўрсатилади:

фермерликни ривожлантириш, фермер хўжаликларининг моддий ва молиявий базасини мустаҳкамлаш ҳамда уларнинг мулкий муносабатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш соҳасидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

фермер хўжаликларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жумладан, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан, тайёрлов, таъминот ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари билан муносабатларда, шунингдек судларда ишлар кўриб чиқилаётганда;

фермер хўжаликларини ташкил қилиш ва қайта ташкил этишда, уларга ер майдонларини узоқ муддатли ижарага ажратиб беришда ошкоралик, очиқлик ва қонунийлик тамойилларини таъминлаш мақсадида жамоат назоратини амалга ошириш;

кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантиришда, сувни тежайдиган самарали технологияларни, биринчи навбатда томчилатиб суғоришни, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини уларнинг фаолиятига татбиқ этишга кўмаклашиш.

Туман Фермерлар кенгаши зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


6. Фермер хўжалиги Шартнома бўйича мажбуриятларни бажаришни ўз зиммасига олади.


7. Туман Фермерлар кенгаши ҳосил йили бошида фермер хўжаликларининг давлат эҳтиёжлари учун сотиладиган маҳсулотнинг белгиланган харид нархларидан ва бошқа маҳсулотларнинг ўртача бозор нархларидан келиб чиқиб, маҳсулот сотишдан кутилаётган йиллик соф тушум миқдори прогноз ҳисобини чиқаради.


8. Шартнома бўйича аъзолик бадаллари суммаси фермер хўжаликларининг ҳисобварағига маҳсулот сотишдан келиб тушадиган амалдаги соф тушум миқдоридан келиб чиқиб тўланади.


9. Фермер хўжалигининг соф тушуми ҳақидаги маълумот тақдим этиш ҳамда аъзолик бадалларини тўлаш муддатлари тузиладиган шартномага мувофиқ белгиланади.


10. Аъзолик бадалини тўлаш тўлов топшириқномалари орқали амалга оширилади.


11. Туман Фермерлар кенгаши аъзолик бадали тўлови учун шартнома ва қонун ҳужжатларига мувофиқ тўлов талабномасини тақдим қилиши мумкин.


12. Туман Фермерлар кенгашининг ҳисобварағига келиб тушган маблағлар кейинги банк кунидан кечикмасдан тўлов топшириқномаси орқали ҳудудий Фермерлар кенгашининг ҳисобварағига ўтказиб берилади.

Ҳудудий Фермерлар кенгашининг ҳисобварағига келиб тушган маблағлар кейинги банк кунидан кечикмасдан тўлов топшириқномаси орқали тўғридан-тўғри Ўзбекистон Фермерлари кенгаши ижро этувчи аппаратининг ҳисобварағига ўтказиб берилади.



III БОБ. МАБЛАҒЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ


13. Ўзбекистон Фермерлари кенгаши ижро этувчи аппаратининг ҳисобварағида жамланган аъзолик бадаллари маблағларидан ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Фермерлари кенгаши томонидан тасдиқланадиган Ўзбекистон Фермерлари кенгаши, ҳудудий ва туман фермерлар кенгашларининг йиллик харажатлар сметаларига мувофиқ мутаносиб равишда фойдаланилади.


14. Ўзбекистон Фермерлари кенгаши, ҳудудий ва туман фермерлар кенгашларининг ҳисобварақларига хайрия маблағлари ва грантлар, тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган даромад (фойда) ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлар ҳисобидан келиб тушадиган маблағлар мазкур кенгашлар тасарруфида қолади ва ушбу маблағлардан ўз Уставларида кўрсатилган мақсад ва вазифаларни амалга ошириш учун фойдаланади.



IV БОБ. ЖАВОБГАРЛИК ВА НАЗОРАТ


15. Туман Фермерлар кенгашларининг Уставида белгиланган вазифалар асосида уларга фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш юзасидан жавобгарлик юклатилади.


16. Фермерлар кенгашлари харажатлар сметаларининг тўғрилиги ва асосланганлиги учун ҳамда маблағларнинг мақсадли ишлатилишига шахсан жавобгардирлар.


17. Маблағларни тўғри ва мақсадли ишлатишни назорат қилиш Ўзбекистон Фермерлари кенгаши зиммасига юклатилади.



V БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


18. Мазкур Низомнинг талабларини бузганликда айбдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.


19. Мазкур Низом Ўзбекистон Фермерлари кенгаши билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 30 декабрь, 52-сон, 702-модда