язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси/ Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш/ Чиқиндиларни қайта ишлаш/ Заҳарли кимёвий ва бошқа токсик моддаларни кўмиш ҳамда махсус полигонларни қўриқлаш ва сақлаш тартиби тўғрисида Низом (АВ томонидан 20.03.2013 й. 2438-сон билан рўйхатга олинган 28.01.2013 й. Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 1-сон, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 1-сон, Молия вазирлигининг 8-сон, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2-сон қарори билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2013 йил 20 мартда 2438-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Табиатни муҳофаза қилиш

давлат қўмитаси, Фавқулодда

вазиятлар вазирлиги,

Молия вазирлиги, Соғлиқни

сақлаш вазирлигининг

2013 йил 28 январдаги

1, 1, 8 ва 2-сон қарорига

ИЛОВА



Заҳарли кимёвий ва бошқа токсик моддаларни

кўмиш ҳамда махсус полигонларни қўриқлаш

ва сақлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом заҳарли кимёвий ва бошқа токсик моддаларни махсус полигонларга кўмиш, шунингдек полигонларни қўриқлаш ва сақлаш тартибини белгилайди.

Мазкур Низом заҳарли кимёвий ва бошқа токсик моддаларни қадоқлаш идишларини кўмиш учун ҳам татбиқ этилади.



I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:


заҳарли кимёвий моддалар - ўсимликларнинг зараркунандалари ва бегона ўтларга қарши курашишда ишлатиладиган кимёвий препаратлар (воситалар), шунингдек қишлоқ хўжалиги экинлари учун қўлланиладиган тайёр ҳолдаги препаратлар;


токсик модда - иқтисодиётнинг айрим соҳаларида қўлланиладиган, одамлар ва жониворлар соғлиғига ёки атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатадиган модда;


махсус полигон - тақиқланган, яроқлилик муддати ўтган, фойдаланишга яроқсиз ҳолга келган заҳарли кимёвий ва бошқа токсик моддаларни ҳамда уларни қадоқлаш идишларини кўмишга мўлжалланган махсус ер участкаси ва иншоотлар мажмуаси;


махсус транспорт воситалари - заҳарли кимёвий ва бошқа токсик моддаларни ҳамда уларни қадоқлаш идишларини ташиш учун мўлжалланган транспорт воситалари.


2. Заҳарли кимёвий ва бошқа токсик моддаларнинг ҳамда уларни қадоқлаш идишларининг хўжалик юритувчи субъектлар томонидан кўмилиши тақиқланади.


3. Заҳарли кимёвий ва бошқа токсик моддалардан фойдаланувчи хўжалик юритувчи субъектлар улардан белгиланган мақсадга кўра фойдаланишлари, уларнинг ҳисобини юритишлари ва уларнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида хабардор бўлишлари лозим.



II БОБ. ЗАҲАРЛИ КИМЁВИЙ ВА БОШҚА ТОКСИК

МОДДАЛАРНИ ҲАМДА УЛАРНИ ҚАДОҚЛАШ

ИДИШЛАРИНИ КЎМИШ


4. Заҳарли кимёвий ва бошқа токсик моддалар ҳамда уларни қадоқлаш идишлари қуйидаги ҳолларда кўмилади:

заҳарли кимёвий ва бошқа токсик моддаларнинг идишларида кўрсатилган яроқлилик муддати ўтганда;

фойдаланувчилар томонидан заҳарли кимёвий ва бошқа токсик моддаларни махсус транспорт воситаларида ташиш ва сақлаш қоидаларига тўла риоя қилмаслик натижасида яроқсиз ҳолга келганда;

фойдаланилиши тақиқланган заҳарли кимёвий ва бошқа токсик моддалар аниқланганда ва бошқа ҳолларда.


5. Фойдаланилиши тақиқланган заҳарли кимёвий ва бошқа токсик моддалар аниқланганда, уларни махсус полигонларга кўмиш бўйича қарор қабул қилингунга қадар, мулк эгаси яъни хўжалик юритувчи субъектларда сақланади.


6. Заҳарли кимёвий ва бошқа токсик моддаларни ҳамда уларни қадоқлаш идишларини махсус полигонларга кўмиш ишлари "Қишлоқхўжаликкимё" ҳудудий акциядорлик жамиятлари (бундан буён матнда "Қишлоқхўжаликкимё" ҲАЖ деб юритилади) томонидан амалга оширилади.


7. Заҳарли кимёвий ва бошқа токсик моддалар ҳамда уларни қадоқлаш идишларини махсус полигонларга кўмиш учун хўжалик юритувчи субъектлар "Қишлоқхўжаликкимё" ҲАЖга мазкур Низомнинг 1-иловасида келтирилган ариза билан мурожаат қиладилар.


8. Заҳарли кимёвий ва бошқа токсик моддалар ҳамда уларни қадоқлаш идишларини махсус полигонларга кўмиш ишлари якунлангандан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳудудий органлари ва Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ҳудудий органларининг масъул ходимлари томонидан заҳарли кимёвий ва токсик моддаларни ҳамда уларни қадоқлаш идишларини махсус полигонларга кўмиш бўйича бажарилган ишлар тўғрисида мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ далолатнома тузилади.



III БОБ. ЗАҲАРЛИ КИМЁВИЙ ВА БОШҚА ТОКСИК

МОДДАЛАРНИ ҲАМДА УЛАРНИ ҚАДОҚЛАШ

ИДИШЛАРИНИ МАХСУС ПОЛИГОНЛАРГА

ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИДА ТАШИШ


9. "Қишлоқхўжаликкимё" ҲАЖ хўжалик юритувчи субъектлари билан заҳарли кимёвий ва бошқа токсик моддалар ҳамда уларни қадоқлаш идишларини махсус полигонларга ташиш ва кўмиш бўйича шартнома тузадилар.


10. Заҳарли кимёвий ва бошқа токсик моддаларни ҳамда уларни қадоқлаш идишларини махсус полигонларга транспорт воситаларида ташиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 16 февралдаги 35-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 й., 7-8-сон, 59-модда) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида хавфли юкларни автомобиль транспортида ташиш қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.


11. Заҳарли кимёвий ва бошқа токсик моддаларни ҳамда уларни қадоқлаш идишларини транспорт воситаларида ташиш, ортиш, тушуриш жараёнида қутиларни пачоқлаш, оғзини очиш ва тешишга йўл қўймаслик лозим.



IV БОБ. ЗАҲАРЛИ КИМЁВИЙ ВА БОШҚА

ТОКСИК МОДДАЛАРНИНГ ҲАМДА УЛАРНИ

ҚАДОҚЛАШ ИДИШЛАРИНИНГ КЎМИЛИШИНИ,

ШУНИНГДЕК МАХСУС ПОЛИГОНЛАРНИ

ҚЎРИҚЛАШ ВА САҚЛАШ ИШЛАРИНИ

МОЛИЯЛАШТИРИШ


12. Заҳарли кимёвий ва бошқа токсик моддаларни ҳамда уларни қадоқлаш идишларини махсус полигонларга кўмиш бўйича "Қишлоқхўжаликкимё" ҲАЖ томонидан кўрсатиладиган хизматлар "Ўзкимёсаноат" Давлат акциядорлик компанияси томонидан тасдиқланган ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган тариф ставкаларига мувофиқ амалга оширилади.


13. Махсус полигонларнинг жорий харажатларини молиялаштириш Табиатни муҳофаза қилиш жамғармалари ҳисобидан ҳамда "Қишлоқхўжаликкимё" ҲАЖнинг хўжалик юритувчи субъектларга заҳарли кимёвий ва бошқа токсик моддаларни ҳамда уларни қадоқлаш идишларини махсус полигонларга ташиш ва кўмиш бўйича кўрсатаётган хизматлари учун келиб тушадиган маблағлари ҳисобидан, шунингдек қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.



V БОБ. МАХСУС ПОЛИГОНЛАРНИ ҚЎРИҚЛАШ,

САҚЛАШ ВА НАЗОРАТ ҚИЛИШ


14. "Қишлоқхўжаликкимё" ҲАЖ ходимлари махсус полигонларни қўриқлаш ва сақлаш ишларига хавфли кимёвий моддалар билан хавфсиз ишлашга ўқитилган бўлиши, хавфсизлик техникасига амал қилиши ҳамда якка тартибдаги ҳимоя воситалари билан таъминланган бўлиши лозим.


15. Бегона шахсларни, жониворларни ва автотранспорт воситаларини киритмаслик мақсадида хавфли зона ҳудуди ўраб олиниши, қўриқланадиган ҳудудни қўриқлаётган ходимлар учун махсус хоналар бўлиши, ҳудудда кузатув олиб бориш ва кириш учун махсус пост (жой)лар белгиланиши лозим.


16. Махсус полигонлар ҳудудида авария ҳолатлари оқибатларини бартараф этиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш лозим.


17. Махсус полигонларни қуйидаги ташкилотлар назорат қилади:

Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ҳудудий органлари - экологик меъёрларга риоя этилиши бўйича;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳудудий органлари - заҳарли кимёвий ва бошқа токсик моддалар ҳамда уларни қадоқлаш идишлари билан ишлашда белгиланган санитария меъёрлари ва қоидаларига риоя этилиши бўйича;

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳудудий органлари - вужудга келган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш ҳамда уларни мувофиқлаштириб бориш ишлари бўйича.

Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг ҳудудий органлари - ер ости сувлари ҳолати бўйича доимий кузатувларни олиб бориш бўйича.


18. Заҳарли кимёвий ва бошқа токсик моддалардан фойдаланиш бўйича мониторинг Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг ҳудудий органлари томонидан амалга оширилади.


19. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



VI БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


20. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, "Саноатгеоконтехназорат" Давлат инспекцияси ва "Ўзкимёсаноат" Давлат акциядорлик компанияси билан келишилган.






Низомга

1-ИЛОВА



Заҳарли кимёвий ва бошқа токсик моддалар

ҳамда уларни қадоқлаш идишларини

махсус полигонларга кўмишга

АРИЗА

1.



("Қишлоқхўжаликкимё" ҲАЖ номи)

2. Хўжалик юритувчи субъектнинг номи ва манзили




3. Махсус полигонларга кўмилиши лозим бўлган заҳарли кимёвий ва бошқа токсик моддалар ҳамда уларни қадоқлаш идишлари рўйхати:

Т/р

Номи


Ўлч.

бирл.


Миқдори


Хавфлилик

синфи


Ҳосил бўлиш

сабаби


Эслатма


1

2

3

4

5

6

7











































Хўжалик юритувчи субъектнинг номи



            




(имзо)


(Ф.И.О.)

                                        М.Ў.


20___ й. "____" ______________






Низомга

2-ИЛОВА



Заҳарли кимёвий ва бошқа токсик моддалар ҳамда

уларни қадоқлаш идишларини махсус полигонда

кўмиш ишларининг бажарилганлиги тўғрисида

ДАЛОЛАТНОМА


20___ йилнинг "___" _______________да, бизлар, қуйида имзо чекувчилар:

         

(ҳар бирининг лавозими, Ф.И.О.)

        

         

        

         

          

мазкур далолатномани шу ҳақида туздикки,


            

(махсус полигоннинг номи, манзили ва идоравий мансублиги)

          

_________________________________________________ махсус полигонда қуйидаги турдаги заҳарли кимёвий ва бошқа токсик моддалар ҳамда уларни қадоқлаш идишларини кўмиш ишлари амалга оширилди:

Т/р

Номи


Ўлч.

бирл.


Миқдори


Хавфлилик

синфи


Кўмиш

сектори,

участкаси ёки

катак номи

ёки рақами


Эслатма


1

2


3

4

5

6

7



















20__ йил "___" ______________да



асосида кўмилди.


           



(имзо, Ф.И.О.)



           



(имзо, Ф.И.О.)



           



(имзо, Ф.И.О.)


Далолатнома 3 нусхада тузилди.


1-нусхаси - "Қишлоқхўжаликкимё" ҲАЖга;

2-нусхаси - Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ҳудудий органига;

3-нусхаси - Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳудудий органига.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 25 март, 12-сон, 161-модда