язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси/ Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш/ Умумий қоидалар/ 2013-2017 йилларда Ўзбекистон Республикасида атроф-муҳит муҳофазаси бўйича ҳаракатлар Дастури (ЎзР ВМ 27.05.2013 й. 142-сон қарорига 1-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2013 йил 27 майдаги

142-сон қарорига

1-ИЛОВА


2013-2017 йилларда Ўзбекистон Республикасида

атроф-муҳит муҳофазаси бўйича ҳаракатлар

ДАСТУРИ


I. АСОСИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикасида кўп қиррали иқтисодиёт ва жамият қурилишининг асосий тамойиллари, умуман олганда, барқарор ривожланиш тамойиллари бўлиб, улар доирасида биринчи даражадаги муҳим вазифа ижтимоий ва бошқа соҳаларда сиёсат билан яқин интеграцияда изчил амалга ошириладиган макроиқтисодий режалаштиришнинг табиат муҳофазаси сиёсати билан мақбул уйғунлигидир. Республиканинг экологик сиёсати табиатнинг алоҳида элементларини муҳофаза қилишдан экологик тизимларнинг умумий муҳофазасига ўтишни амалга оширишга, инсон яшаш муҳитининг мақбул кўрсаткичларини кафолатлашга ва ўзаро алоқани иқтисодиёт тармоқларини "яшил иқтисодиёт" тамойилларига асосан ривожлантириш механизмлари билан уйғунлаштиришга йўналтирилган.


2. Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳит муҳофазаси бўйича ҳаракатлар миллий дастурида (АММҲМД, 1998 й.) асосий вазифа - устувор экологик муаммоларни аниқлаш, уларни ҳал этиш воситаларини танлаш ва тегишли ташкилий ва махсус ўзгаришлар амалга оширилишини назарда тутувчи, мамлакатнинг барқарор ривожланиш йўлига ўтишига шарт-шароитлар яратиш учун республиканинг табиатни муҳофаза қилиш фаолиятида умумий стратегияни шакллантиришдан иборатдир.


3. Ушбу Дастур АММҲМД асосида ишлаб чиқилган ва Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотларни экологик жиҳатдан биргаликда олиб бориш борасидаги табиатни муҳофаза қилиш тадбирларини амалга оширишга ҳамда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва мамлакатни барқарор ривожлантириш мақсадларига эришишга қаратилган.



II. МАЗКУР ДАСТУРНИНГ МАҚСАДИ ВА ВАЗИФАЛАРИ


4. Ушбу Дастур атроф-муҳит ҳолатининг кафолатланган сифатли даражасига эришиш борасидаги чора-тадбирлар мажмуини амалга ошириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, табиатдан фойдаланиш бошқарувини такомиллаштириш ва самарали иқтисодий усулларини татбиқ қилиш, атроф-муҳит устуворлигини ҳисобга олган ҳолда, иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш, мамлакатнинг барқарор ривожланишига, экологик илм-фанни олға суришга ва барқарор ривожланиш мақсадларидаги таълимни жорий қилишга, экологик билимларни кенг тарғиб қилишга, шунингдек экологик маданиятни оширишга ёрдам берадиган шарт-шароитларни яратиш мақсадида ишлаб чиқилган.


5. Ушбу Дастурнинг 4-бандида назарда тутилган мақсадларга эришиш учун қуйидаги вазифаларни ҳал этиш зарур:

табиий ресурслардан, шу жумладан сув, ер, минерал-хом ашё ва биологик ресурслардан оқилона ва комплекс фойдаланиш;

ишлаб чиқаришда экологик тоза технологияларни жорий этиш ва технологик жараёнларни такомиллаштириш ҳисобига ҳаво муҳити, сув ва ер ресурсларининг ифлосланишини босқичма-босқич камайтириш;

атроф табиий муҳитни мунтазам баҳолаш ва унинг ижтимоий-экологик ҳолати прогнозини тузиш учун атроф табиий муҳит мониторинги механизмини такомиллаштириш;

экологик офат минтақасида - Оролбўйи ва мамлакатнинг бошқа экологик жиҳатдан ноқулай ҳудудларидаги экологик ҳолатни тиклаш ва соғломлаштириш чора-тадбирлари комплексини амалга ошириш;

аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва йирик шаҳарлар ва аҳоли пунктларидаги канализация тармоқлари тизимлари ва тозалаш иншоотларини яхшилаш;

атроф табиий муҳит муҳофазаси соҳасида илмий-техник салоҳиятни ривожлантириш ҳамда фан ва техника ютуқларидан фойдаланиш;

муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тармоқларини ривожлантириш ва кенгайтириш;

атроф табиий муҳит муҳофазаси, экологик таълим ва барқарор ривожланиш мақсадларидаги таълим, шунингдек экологик билимларни тарғиб қилиш соҳасида табиатни муҳофаза қилиш қонунчилигини ва меъёрий-услубий асосни такомиллаштириш;

экологик муаммоларни ҳал этишда минтақавий ва халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш.



III. УШБУ ДАСТУРНИ АМАЛГА ОШИРИШНИНГ

АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ


6. Ушбу Дастурни бажариш қуйидаги бешта асосий йўналишлар бўйича амалга оширилади:

аҳоли ва давлат учун яшаш муҳити ва экологик хавфсизлик даражасининг кафолатланган ва қулай шарт-шароитларини яратиш;

иқтисодиёт тармоқларини экологизациялаштириш, технологик жараёнларни ва табиатни муҳофаза қилиш фаолиятини такомиллаштириш;

атроф-муҳитнинг ишлаб чиқариш ва хўжалик фаолияти чиқиндилари билан ифлосланишининг олдини олиш;

атроф табиий муҳит муҳофазаси ва табиатдан фойдаланиш, экологик таълим ва барқарор ривожланиш мақсадларидаги таълим соҳасида табиатни муҳофаза қилиш қонунчилигини ва меъёрий-услубий базани ривожлантириш;

табиатни муҳофаза қилиш фаолиятини такомиллаштириш ва табиий муҳитнинг трансчегаравий ифлосланишининг олдини олиш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.



3.1. Аҳоли ва давлат учун яшаш муҳити ва экологик

хавфсизлик даражасининг кафолатланган

ва қулай шароитларини яратиш


7. Қуйидагилар аҳоли ва давлат учун яшаш муҳити ва экологик хавфсизлик даражасининг кафолатланган ва қулай шароитларини яратишдаги асосий вазифалар ҳисобланади:

экологик жиҳатдан ноқулай ҳудудларда экотизимларни барқарорлаштириш ва уларни тиклаш;

атроф-муҳитнинг атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи моддалар ташламалари ва оқовалари билан ифлосланиш даражасини камайтириш;

аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш;

атроф табиий муҳит ҳолати тўғрисидаги ишончли маълумот билан таъминлаш;

муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ривожлантириш ва кенгайтириш.


8. Ушбу Дастурнинг 7-бандида назарда тутилган асосий вазифаларни бажариш учун қуйидаги тадбирларни амалга ошириш талаб этилади:

Орол денгизининг қуриган тубида ўрмон-мелиоратив тадбирларини амалга ошириш орқали Оролбўйини экологик соғломлаштириш;

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг йирик шаҳарлари ва аҳоли пунктларида сув қувурлари тармоқларини ривожлантириш орқали аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш;

автомобиль ва темир йўл транспорти воситаларидан атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар ташламаларини ва оқова сувни тозалаш канализация иншоотларини реконструкция қилиш ҳисобига сув объектларига оқовалар оқизилишини камайтириш;

мавжуд муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудларни кенгайтириш ва янгиларини ривожлантириш, геологик табиий ёдгорликларни хатловдан ўтказиш, Устюрт текисликларидаги сайғоқлар популяциясини сақлаш тадбирларини ишлаб чиқиш;

ўсимлик дунёси давлат кадастри юритилишининг асоси сифатида, Ўзбекистоннинг ўсимлик дунёси генофондини баҳолаш.



3.2. Иқтисодиёт тармоқларини экологизациялаштириш,

технологик жараёнлар ва табиатни муҳофаза

қилиш фаолиятини такомиллаштириш


9. Ишлаб чиқариш корхоналарини модернизациялаш ва реконструкциялаш, экологик тоза ва ресурсларни тежайдиган технологияларни, шу жумладан, қайта тикланувчан энергия манбаларини татбиқ қилиш орқали атроф-муҳитга таъсирни камайтириш ва табиий ресурслардан оқилона ва комплекс фойдаланиш самарадорлигини ошириш иқтисодиёт тармоқларини экологизациялаштириш, технологик жараёнлар ва табиатни муҳофаза қилиш фаолиятини такомиллаштиришнинг асосий вазифаларидир.


10. Ушбу Дастурнинг 9-бандида кўрсатилган асосий вазифаларни бажариш қуйидаги тадбирларни рўёбга чиқариш орқали амалга оширилади:

кон-металлургия ишлаб чиқаришида экологик жиҳатдан асосланган, кам чиқитли технологияларни жорий қилиш, табиий муҳитнинг ифлосланишини камайтириш тадбирлари комплексини амалга ошириш;

газ-кимё комплекси корхоналарида тўғридан-тўғри оксидлаш усули билан олтингугурт олишнинг мавжуд технологиясини модернизациялаш;

нефть ва газ қазиб олиш объектларида йўлдош газларни утиллаштириш қурилмасини барпо этиш;

иссиқлик электр станцияларида электр энергияси ишлаб чиқариш жараёнларида энергия самарадорлигини ошириш ва буғ-газ қурилмаларини жорий этиш ҳисобига атмосферага ифлослантирувчи моддалар ташламаларини қисқартириш;

пахта тозалаш корхоналарида, тиббиёт ва таълим муассасаларида энергиянинг қайта тикланувчан, экологик тоза манбаларини жорий этиш.



3.3. Атроф-муҳитни ишлаб чиқариш ва хўжалик фаолияти

чиқиндилари билан ифлосланишининг олдини олиш


11. Қуйидагилар атроф-муҳитни ишлаб чиқариш ва хўжалик фаолияти чиқиндилари билан ифлосланишининг олдини олиш соҳасидаги асосий вазифалар ҳисобланади:

ишлаб чиқариш ва хўжалик фаолияти чиқиндиларининг атроф-муҳитга зарарли таъсирининг олдини олиш ва уни бартараф этиш;

бузилган ерларни рекультивациялаш;

заҳарли чиқиндили кўмилма ва полигонларни реабилитациялаш;

собиқ уран конларидаги экологик вазиятни соғломлаштириш.


12. Ушбу Дастурнинг 11-бандида кўрсатилган асосий вазифаларни бажариш учун қуйидаги асосий тадбирларни амалга ошириш назарда тутилади:

Наманган ва Тошкент вилоятларининг собиқ уран конлари ҳудудларидаги экологик вазиятни соғломлаштириш;

кон-металлургия тармоғи объектларидаги заҳарли чиқиндилар сақлагичларини реабилитациялаш;

Навоий ва Бухоро вилоятларидаги кон-металлургия тармоғи объектларидаги бузилган ерларни рекультивациялаш ва улардан фойдаланиш;

махсус полигонларда заҳарли кимёвий ва токсик моддалар кўмилган жойлардаги ерларни рекультивациялаш орқали экологик вазиятни соғломлаштириш;

иссиқлик электр станцияларида ҳосил бўладиган кул-шлакли чиқиндиларни утиллаштириш технологиясини ишлаб чиқиш;

таркибида симоб моддаси бўлган лампа ва асбобларни демеркуризациялаш.



3.4. Атроф табиий муҳит муҳофазаси ва табиатдан фойдаланиш,

экологик таълим ва барқарор ривожланиш мақсадларидаги

таълим соҳасида табиатни муҳофаза қилиш қонунчилигини

ва меъёрий-услубий базани ривожлантириш


13. Атроф табиий муҳит муҳофазаси ва табиатдан фойдаланиш, экологик таълим ва барқарор ривожланиш мақсадларидаги таълим соҳасида табиатни муҳофаза қилиш қонунчилигини ва меъёрий-услубий базани ривожлантириш қуйидаги асосий вазифаларни амалга оширишни назарда тутади:

атроф-муҳит муҳофазаси ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий базаларни ривожлантириш;

табиатдан фойдаланишнинг меъёрий-ҳуқуқий базаларини такомиллаштиришни ва экологик назоратни амалга ошириш учун меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқиш;

экологик таълим ва барқарор ривожланиш мақсадларидаги таълим тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш;

аҳолининг экологик маданиятини ошириш, экологик муаммоларни ҳал этишга жамиятнинг турли қатламларини жалб этиш, экологик билимларни тарғиб қилиш.


14. Мазкур Дастурнинг 13-бандида кўрсатилган асосий вазифаларни рўёбга чиқариш қуйидаги асосий тадбирларни бажариш орқали амалга оширилади:

"Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва киритиш;

атмосфера ҳавоси таркибидаги майда дисперсли қаттиқ заррачалар (РМ10 ва РМ2,5)ни аниқлаш услуби бўйича меъёрий ҳужжатни ишлаб чиқиш;

экологик сертификатлаш тизимида дастурий ҳужжатларни ишлаб чиқиш;

барқарор ривожланиш мақсадлари учун таълим бўйича ва Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси тизими ҳамда экологик хизмат кўрсатувчи-меъёрий-техник ҳужжатларни ишлаб чиқувчи ташкилотлар ходимларининг касбий малакаларини ошириш бўйича ўқув-услубий марказлар ташкил этиш;

"Ўзбекистон Республикаси Қизил китоби"нинг навбатдаги, "Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар" китоб-фотоальбоми ва шу кабиларни тайёрлаш ва нашр этиш.



3.5. Табиатни муҳофаза қилиш фаолиятини такомиллаштириш

ва табиий муҳитнинг трансчегаравий ифлосланишининг олдини

олиш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш


15. Табиатни муҳофаза қилиш фаолиятини такомиллаштириш ва табиий муҳитнинг трансчегаравий ифлосланишининг олдини олиш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамият билан атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги халқаро шартномалар талабларини бажариш доирасидаги ўзаро ҳаракатлари самарадорлигини ошириш;

глобал ва минтақавий экологик муаммоларни ҳал этиш жараёнида Ўзбекистон Республикаси манфаатларини ифодалаш;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида белгиланган механизмларни амалга ошириш.


16. Ушбу Дастурнинг 15-бандида кўрсатилган асосий вазифаларни бажаришга эришиш тегишли халқаро анжуманлар, дастур ва лойиҳаларда иштирок этиш, халқаро (давлатлараро) шартномаларни, хусусан қуйидагилар орқали таъминланади:

биохилма-хилликни сақлаб қолиш бўйича Миллий стратегия ва Ҳаракатлар режасининг янги таҳририни тайёрлаш;

БМТнинг иқлим ўзгариши тўғрисидаги Доиравий конвенцияси бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий ахборотини тайёрлаш;

кимёвий моддаларни халқаро тартибга солишга Стратегик ёндашувни жорий қилиш бўйича ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш;

Ўзбекистон Республикасининг Турғун органик ифлослантирувчилар тўғрисидаги Конвенцияга, Ҳавонинг катта масофаларга трансчегаравий ифлосланиши тўғрисидаги Конвенцияга ва БМТ ЕИКнинг Атроф-муҳитга трансчегаравий жиҳатдан таъсир кўрсатишни баҳолаш тўғрисидаги Конвенциясига қўшилишининг мақсадга мувофиқлиги ҳақидаги масалани асослаш;

Ўзбекистон томонидан Минг йиллик Ривожланиш Мақсадларига эришиш бўйича тадбирларни бажариш;

Майли-Сув, Шоҳимардонсой дарёлари ҳавзаларида жойлашган ишлаб чиқариш чиқиндилари сақлагичлари ва "Тожикистон алюминий компанияси" ва бошқаларнинг трансчегаравий таъсир билан боғлиқ муаммолар бўйича ҳамкорлик ўрнатиш.



IV. УШБУ ДАСТУРНИ АМАЛГА ОШИРИШ МЕХАНИЗМИ


17. Ушбу Дастурда назарда тутилган тадбирларнинг бажарилишини назорат қилиш Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси томонидан амалга оширилади, у:

масъул ижрочилар билан биргаликда моддий-техника ресурслари, технологик салоҳият ва бошқа шу каби омиллар мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда, мазкур Дастур тадбирларига аниқлик ва тузатишлар киритишни ўрганиб чиқади ва таклифлар тайёрлайди;

ушбу Дастурда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш учун ажратилган молиявий маблағлар ва моддий ресурслардан фойдаланиш мониторингини амалга оширади;

мазкур қарорда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш механизми, услуби ва шартларини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритади;

ушбу Дастурда назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини назорат қилади ва йилнинг ҳар чорагида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот тақдим этади.


18. Мазкур Дастурда назарда тутилган ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган тадбирларни молиялаштириш ҳажмларига, унинг манзилли қисми тегишли календарь йил учун шакллантирилаётганда, Республика бюджети, Қорақалпоғистон Республикаси ва маҳаллий бюджетларнинг имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, ҳар йили аниқлик киритилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 3 июнь, 22-сон, 282-модда