Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш /

Чотқол Давлат биосфера қўриқхонаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 22.06.2001 й. 262-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2001 йил 22 июндаги

262-сон қарорига

2-ИЛОВА


Чотқол Давлат биосфера

қўриқхонаси тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Чотқол давлат биосфера қўриқхонаси (кейинги ўринларда "Қўриқхона" деб юритилади) табиатни муҳофаза қилиш илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади.

Қўриқхона ғарбий Тяншанда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ ва Паркент маъмурий туманлари ҳудудида жойлашган.


2. Қўриқхона ЎзССР Министрлар Советининг 1947 йил 20 декабрдаги 2020-сон қарорига асосан ташкил этилган.

Халқаро мувофиқлаштирувчи консилиумнинг IX сессиясида, 1986 йил 24-25 апрелдаги 16732-сон протоколга мувофиқ Қўриқхонага биосфера қўриқхонаси мақоми берилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 2 октябрдаги 378-55-сон қарори билан қўриқхона Угом-Чотқол Давлат миллий табиат боғи таркибига киритилган.


3. Қўриқхона ўз фаолиятини "Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида", "Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва бошқа қонун ҳужжатлари, Тошкент вилояти ҳокимининг қарорлари ва мазкур Низом асосида амалга оширади.


4. Қўриқхона ерлари табиатни муҳофаза қилиш мақсадидаги ерларга тегишлидир. Қўриқхона ерларида уларнинг мақсадли вазифасига зид бўлган фаолият тақиқланади, ер, сув, ер ости бойликлари, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси қўриқхона муҳофазаси остидадир.

Қўриқхона ҳудуди режалар ва дастурларни, ер тузиш схемалари ва район режалаштиришини, табиий ресурслардан фойдаланиш ва уларни қўриқлаш бўйича бошқа режаларни ишлаб чиқишда ҳисобга олинади. Қўриқхона ҳудуди истисно ҳолларида, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўзгартирилиши мумкин.


5. Қўриқхона ҳудуди ғарбий Тяншаннинг табиий жараёнлари ва ҳодисаларини кузатиш ва улардан фойдаланиш, уларнинг замонавий ҳолатини ўрганиш, улар ўзгаришини прогнозлаштириш ва минтақада табиий ресурслардан барқарор фойдаланишга доир тавсиялар бериш учун муҳим давлат объекти ҳисобланади.


6. Қўриқхона Тошкент вилояти ҳокимлиги ихтиёридадир, Угом-Чотқол Давлат миллий табиат боғи бевосита қўриқхонани бошқаради. Қўриқхона юридик шахс ҳисобланади, давлат бюджетида туради, банкларда ҳисоб рақамларига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган муҳрга ва ўз номи ёзилган штампга эга.


7. "Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида" ва "Терроризмга қарши кураш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ ўзига қарашли ҳудудларга бандитлар тўдалари кириб келиши ва жойлашиб олишининг олдини олиш бўйича қўриқлаш ва режим ишларини қўриқхона Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмита, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати ва Мудофаа вазирлигининг ҳудудий органлари ва бўлинмалари билан ўзаро ҳамкорликда олиб боради.

Қўриқхона Инспекторларнинг ҳарбийлаштирилган тузилмалар билан ўзаро ҳамкорлик қилиши тўғрисидаги Низом талабларига мувофиқ олдига қўйилган вазифалар бажарилишини таъминлайди.


8. Қўриқхона ходимларининг қуролли хизмат қилиши, қуролни сақлаш, бериш ва қўллаш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.


9. Қўриқхонанинг давлат тилидаги тўлиқ номи: "Чотқол Давлат биосфера қўриқхонаси", рус тилида "Чаткальский государственный биосферный заповедник".

Почта манзили: Тошкент вилояти, Паркент шаҳри, М.Мирсаидов кўчаси, 1.



II. ҚЎРИҚХОНАНИНГ МАҚСАД

ВА ВАЗИФАЛАРИ


10. Ғарбий Тяншаннинг типик ва нодир табиий комплексларини ва биологик ранг-баранглигини сақлаб қолиш ва ўрганиш, табиий жараёнлар мониторингини амалга ошириш, табиатни муҳофаза қилишнинг ва барқарор ривожлантиришнинг илмий асосларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш қўриқхонанинг мақсадлари ҳисобланади.


11. Қўриқхонага қуйидаги вазифаларни бажариш юкланади:

асосий зонада муҳофаза остига олинган бутун табиий комплексни табиий ҳолатда сақлаш ҳамда буфер ва оралиқ зоналарда белгиланган режимга риоя қилиш;

фундаментал ва амалий илмий-тадқиқот ишлари олиб бориш;

амалга оширилиши қўриқхона зоналарига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган хўжалик объектлари ва бошқа объектларни жойлаштириш лойиҳалари ва схемаларини давлат экология экспертизасидан ўтказишда қатнашиш;

табиатни муҳофаза қилиш соҳасида илмий ходимлар ва мутахассислар тайёрлашга кўмаклашиш;

экологик билимларни тарғиб қилиш;

глобал экологик мониторингда қатнашиш;

барқарор ривожлантириш йўллари ва усулларини ишлаб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси ва бошқа давлатларнинг тегишли илмий-тадқиқот ташкилотлари томонидан амалга оширилаётган илмий тадқиқотларни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш;

ўқитишни ташкил этиш ва намойиш қилувчи лойиҳалар барпо этиш йўли билан барқарор ривожлантириш усулларини жорий этиш.



III. ҚЎРИҚХОНАНИНГ ТУЗИЛМАСИ


12. Директор ва унинг ўринбосарлари қўриқхонага бевосита раҳбарлик қилади.


13. Қўриқхона директори Тошкент вилояти ҳокимлиги билан келишган ҳолда Угом-Чотқол Давлат миллий табиат боғи бош директорининг буйруғи билан тайинланади.


14. Директор ўринбосари, инспекция бошлиғи ва бош бухгалтер Угом-Чотқол Давлат миллий табиат боғининг бош директори билан келишган ҳолда қўриқхона директорининг буйруғи билан лавозимга тайинланади ва лавозимдан бўшатилади, директорнинг фан бўйича ўринбосари эса Ўзбекистон Республикаси Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси билан келишган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимдан бўшатилади.


15. Қўриқхона таркибига маъмурий-хўжалик қисми, илмий бўлим ва табиий ҳудудларни қўриқлаш бўйича махсус инспекция киради.


16. Қўриқхона директори мазкур Низом асосида иш кўради ва қўриқхона фаолиятига раҳбарлик қилади ҳамда қўриқхона маблағлари ва мол-мулкини қонунда белгиланган тартибда тасарруф этади, ўрмонлар ва мол-мулк қўриқланиши, ҳисоботлар ўз вақтида тақдим этилиши, қўриқхонада смета, молия, шартнома ва меҳнат интизомига риоя этилиши учун жавоб беради.


17. Қўриқхона директорига қуйидагилар юкланади:

Угом-Чотқол Давлат миллий табиат боғининг бош директори томонидан тасдиқланадиган қўриқхона ходимларининг лавозим йўриқномаларини ишлаб чиқиш (вазифаларни тақсимлаш);

илмий-тадқиқот тадбирлари ва бошқа тадбирлар бажарилишини ташкил этиш;

мол-мулк, асбоб-ускуналар, қўриқхонанинг моддий ва бошқа бойликлари қўриқланишини ташкил этиш;

белгиланган тартибда қўриқхона ходимларини ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатиш;

шартномалар тузиш;

банк муассасаларида қўриқхона номидан барча молиявий ва пул операцияларини содир этиш;

ўрмонлар, ҳайвонот ва ўсимликлар дунёси қўриқланишини ташкил этиш, айбдорларни белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш учун материалларни текшириш ва уларни белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига бериш, шунингдек қўриқхона ҳудудида ҳуқуқни бузиш ҳоллари бўйича ўз ваколатлари доирасида қарорлар қабул қилиш;

қурол-яроғ, ўқ-дорилар сақланиши ва улар тўғри қўлланилишини, формали кийим-бош, алоқа воситалари, махсус анжомлар ва бошқалар сақланишини таъминлаш;

давлат, суд муассасалари ва жамоат ташкилотларида қўриқхона манфаатларини ифодалаш.


18. Қўриқхона директорининг фан бўйича ўринбосари барча илмий-тадқиқот фаолияти тўғри ташкил этилиши ва ўтказилиши, белгиланган талабларга риоя этилиши учун жавоб беради.



IV. ҚЎРИҚХОНАНИНГ ИЛМИЙ-

ТАДҚИҚОТ ФАОЛИЯТИ


19. Қўриқхонанинг илмий-тадқиқот фаолияти табиатда кечаётган жараёнларнинг кўп йиллик турғун комплекс тадқиқотларини амалга ошириш ва ушбу жараёнларни ўрганиш, табиий комплекснинг алоҳида қисмлари ўртасидаги ўзаро алоқаларни аниқлаш, биосферанинг фон ҳолати ўзгаришини ўрганиш ва уни назорат қилиш, қўриқхонанинг табиий комплекслари, ўсимликлар ва ҳайвонларнинг нодир ва йўқолиб бораётган турлари сақланишининг илмий асосларини ишлаб чиқиш, шунингдек ғарбий Тяншаннинг табиий ресурсларидан оқилона фойдаланишга доир тавсиялар бериш йўли билан амалга оширилади.


20. Қўриқхонанинг илмий-тадқиқот иши Ўзбекистон Республикаси Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси томонидан тасдиқланган Давлат қўриқхоналарида илмий-тадқиқот ишлари олиб бориш тартиби тўғрисидаги йўриқномага мувофиқ ўтказилади. Табиат Йилномаси бўйича ишлар олиб бориш мажбурий ҳисобланади, халқаро лойиҳалар эса белгиланган тартибда тасдиқланадиган режалар бўйича амалга оширилади.


21. Қўриқхона илмий-тадқиқот ишлари олиб бориш учун илмий фондлар омборхонасига, қўриқхона ҳудудида дала базаларига ва кордонларга эга бўлиши керак. Қўриқхонанинг илмий фондлари доимий сақланади.


22. Қўриқхонада олиб бориладиган илмий тадқиқотларга методик раҳбарлик қилиш ва уларни мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси томонидан амалга оширилади.


23. Қўриқхонада Илмий кенгаш таъсис этилади. Илмий кенгаш фаолияти тўғрисидаги низом ва унинг шахсий таркиби Тошкент вилояти ҳокимлиги билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси томонидан тасдиқланади.


24. Қўриқхона ўз илмий асарларини эълон қилиш ҳуқуқига эгадир.



V. ҚЎРИҚХОНА РЕЖИМИ ВА

УНИ ҚЎРИҚЛАШ


25. Қўриқхонанинг асосий ва буфер зоналарида муайян режимлар жорий этилади. Қўриқхона инспекцияси ушбу зоналарни қўриқлайди ва режимга риоя қилинишини назорат қилади. Қўриқхона инспекцияси Ўзбекистон Республикаси Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси томонидан тасдиқланадиган Давлат қўриқхоналарида махсус инспекция иши бўйича йўриқномага мувофиқ иш кўради.


26. Қўриқхона инспекторлари қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:

атроф муҳит хавфсизлигини таъминлаш ва сақлаш мақсадида қўриқхона ҳудудида фуқаролар ва транспорт воситаларини текшириш ва назоратдан ўтказиш;

қоида бузишлар аниқланган тақдирда қўриқхонанинг ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига етказилган зарар учун жарима ундириш мақсадида протоколлар тузиш;

қўриқхона ҳудудида шубҳали шахслар аниқланган тақдирда Инспекторларнинг ҳарбийлаштирилган тузилмалар билан ўзаро ҳамкорлик қилиши тўғрисидаги низом асосида иш кўриш.


27. Қўриқхонанинг асосий зонаси ҳудудида хўжалик фаолияти қатъиян тақиқланади. Қўриқхона раҳбариятининг рухсати билан:

одамлар ва ҳайвонлар учун умумий бўлган хавфли касалликларнинг олдини олиш учун зарур ветеринария чора-тадбирлари;

зарур ёнғинга қарши ва санитария чора-тадбирлари;

илмий-тадқиқотлар ўтказилади.


28. Буфер зона ҳудудида хўжалик фаолияти тақиқланади. Қўриқхона раҳбариятининг рухсатномаси бўйича Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси билан келишган ҳолда:

атроф ҳудудлардаги табиий комплекслар ўзгаришининг олдини олиш бўйича тиклаш тадбирлари амалга оширилади;

илмий-тадқиқотлар олиб борилади;

ўсимликлар ва ҳайвонларнинг нодир турлари питомниклари ташкил этилади;

одамлар ва ҳайвонлар учун умумий бўлган хавфли касалликларнинг олдини олиш учун зарур ветеринария чора-тадбирлари кўрилади;

зарур ёнғинга қарши ва санитария чора-тадбирлари кўрилади;

қўриқхона асосий вазифаларини бажариши учун унга зарур бўлган иморатлар белгиланган тартибда қурилади.


29. Қўриқхона ҳудудида қўриқхона ходимлари ҳисобланмаган фуқароларнинг ёки қўриқхона тасарруфига қарайдиган органлар ходимларининг бўлишига ушбу органлар ёки қўриқхона маъмуриятининг рухсатномалари мавжуд бўлган тақдирда йўл қўйилади.


30. Қўриқхона режими бузилишида айбдор бўлган юридик ва жисмоний шахслар белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

Айбдор шахслардан қўриқхонага етказилган зарар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва миқдорларда ундирилади.


31. Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг ходимлари, инспекторлари ҳамда халқаро дастурлар бўйича ишловчи мутахассислар илмий-тадқиқот ишлари олиб бориш, табиатни муҳофаза қилиш қонунчилигини ва қўриқхона режимини назорат қилиш учун қўриқхона раҳбариятини хабардор қилган ва махсус журналда рўйхатдан ўтказилган ҳолда хизмат гувоҳномалари бўйича қўриқхона ҳудудига тўсиқсиз кириш ҳуқуқига эгадирлар.

Чегара полосасига кирувчи зонага кириш белгиланган қоидаларга мувофиқ Ички ишлар вазирлиги органларининг ва Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитанинг рухсати билан амалга оширилади.



VI. ҚЎРИҚХОНАНИНГ МАБЛАҒЛАРИ


32. Қуйидагилар қўриқхонани маблағ билан таъминлаш манбалари ҳисобланади:

бюджетдан ажратиладиган маблағлар;

илмий, табиатни муҳофаза қилиш, реклама-ноширлик ва маърифатпарварлик фаолиятидан тушган даромадлар;

қўриқхонага етказилган зарар ундирилиши ҳисобига тушадиган тушумлар;

белгиланган тартибда ундириб олинадиган жарима суммалари тушумлари;

овлаш ва балиқчилик қуроллари мусодара қилиниши ва улар сотилишидан тушган маблағлар;

беғараз ёрдам ва хайрия мақсадларида давлат, жамоат ташкилотлари, корхоналар, муассасалар ва алоҳида фуқаролардан тушувчи, шунингдек табиатдан фойдаланишга рухсатномалар берилганлиги учун тушувчи маблағлар;

юридик ва жисмоний шахслардан беғараз ёрдам тариқасида тушган тушумлар.


33. Қўриқхона юқори турувчи ташкилот томонидан тасдиқланадиган харажатлар сметаларига мувофиқ маблағларни мустақил тасарруф этади.



VII. ҲИСОБОТ ВА НАЗОРАТ


34. Қўриқхона Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ фаолиятни амалга оширишга доир ҳисоб ва ҳисобот юритади.


35. Қўриқхона фаолиятини юқори турувчи ташкилот назорат қилади.



VIII. ҚЎРИҚХОНАНИ ТУГАТИШ

ВА ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИШ


36. Қўриқхона қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тугатилади ва қайта ташкил этилади.

























































Время: 0.0195
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск