язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси/ Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш/ Атроф-муҳитни ифлослантирганлик ва чиқиндиларни чиқарганлик учун компенсация тўловлари/ Ишлаб чиқариш оқова сувларини қабул қилиш қоидалари ҳамда ифлослантирувчи моддаларнинг Ўзбекистон Республикаси шаҳарлари ва бошқа аҳоли пунктларининг коммунал канализация тармоқларига нормативдан ортиқча оқизилганлиги учун компенсация тўловларини ҳисоблаш Тартиби (ЎзР ВМ 03.02.2010 й. 11-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2010 йил 3 февралдаги

11-сон қарорига

1-ИЛОВА


Ишлаб чиқариш оқова сувларини қабул қилиш

қоидалари ҳамда ифлослантирувчи моддаларнинг

Ўзбекистон Республикаси шаҳарлари ва бошқа аҳоли

пунктларининг коммунал канализация тармоқларига

нормативдан ортиқча оқизилганлиги учун компенсация

тўловларини ҳисоблаш

ТАРТИБИ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Қоидалар ишлаб чиқариш оқова сувларини қабул қилишнинг ягона қоидаларини ва ифлослантирувчи моддаларнинг Ўзбекистон Республикаси шаҳарлари ва бошқа аҳоли пунктларининг коммунал канализация тармоқларига нормативдан ортиқча оқизилганлиги учун компенсация тўловларини ҳисоблаш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Қоидалар:

абонентлар томонидан ишлаб чиқариш оқова сувларини шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг коммунал канализация тизимига оқизиш юзасидан техник шартларни беришда;

ишлаётган, лойиҳалаштирилаётган ва реконструкция қилинаётган корхоналар учун коммунал - экологик нормативларни ишлаб чиқишда;

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан атроф-муҳитни ифлослантириш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чиқиндиларни жойлаштириш учун компенсация тўловларининг канализация ташланмаларига тааллуқли қисмини ундиришда;

шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг канализация тизимига оқизиладиган ишлаб чиқариш оқова сувларини қабул қилиш ва тозалашда қўлланилади.


3. Ушбу Қоидаларда қуйидаги асосий атамалар ва тушунчалардан фойдаланилади:


сув қувурлари-канализация корхоналари - ичимлик суви билан таъминлайдиган ҳамда ишлаб чиқариш оқова сувларини кейинчалик тозалаган ҳолда қабул қиладиган юридик шахслар;


абонент - ишлаб чиқариш оқова сувларини коммунал канализация тармоқларига оқизадиган юридик ва жисмоний шахслар;


субабонентлар - ишлаб чиқариш оқова сувларини абонентнинг канализация тармоқларига оқизадиган юридик ва жисмоний шахслар;


ишлаб чиқариш оқова сувлари - юридик шахс бўлмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган юридик шахслар, шунингдек, жисмоний шахсларнинг улар томонидан бирор-бир маҳсулот ишлаб чиқаришда ёки хизматлар кўрсатишда ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўладиган ишлаб чиқариш оқова сувларининг барча турлари;

маиший оқова сувлар - одамларнинг ҳаёт фаолияти жараёнида (овқат тайёрлашда, ювинишда, кир ювишда) ҳосил бўладиган оқова сувларнинг барча турлари;


нормативдан ортиқча оқизишлар массаси - ишлаб чиқариш оқова сувлари таркибидаги чекланган миқдорда йўл қўйиладиган концентрациядан ортиқча барча ифлослантирувчи моддалар массаси;


авария ҳолатида оқизиш - канализация-тозалаш иншоотларининг техник ва технологик узелларидаги носозликлар ёки авариялар натижасида ифлослантирувчи моддаларнинг канализация тармоқларига ҳамда атроф-муҳитга олдиндан мўлжалланмаган ҳолда оқизилиши;


бир йўла оқизиш - муайян қисқа вақт (соат, сутка) оралиғида ишлаб чиқариш оқова сувларининг канализация тармоқларига абонентдан доимий оқизишнинг ўртача ҳажмидан ва сифат кўрсаткичидан ортиқча тушиши;


канализация тармоқларига чекланган миқдорда йўл қўйиладиган оқизиш лимити - назорат пунктида сув сифати нормативларини таъминлаш мақсадида ушбу пунктда ва вақт бирлигида белгиланган режимда ажратишга энг кўп даражада йўл қўйиладиган ишлаб чиқиш оқова сувларидаги моддалар массаси. Чекланган миқдорда йўл қўйиладиган оқизиш сувдан фойдаланиш жойларидаги моддаларнинг чекланган миқдорда йўл қўйиладиган концентрациясини, сув объектининг аралаштириш қувватини, оқова сувларни чиқариб ташлайдиган абонентлар ўртасида оқизиладиган моддалар массасини мақбул тақсимлашни ҳисобга олган ҳолда белгиланади;


коммунал-экологик норматив - абонентлар ва субабонентлар учун чекланган миқдорда йўл қўйиладиган концентрация кўрсаткичларини тартибга соладиган ҳужжат.


4. Ушбу қоидалар:

ер усти сувини ва жой рельефини ишлаб чиқариш ва маиший оқова сувлар билан ифлосланишдан ҳимоя қилишни;

тозалаш иншоотларининг самарали ишлашини ҳамда ишлаб чиқариш оқова сувларини шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг коммунал канализация тармоғига қабул қилишни тўғри ташкил этиш ҳисобига улардан хавфсиз фойдаланишни таъминлашга йўналтирилган.


5. Тасарруфида шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг ишлаб чиқариш оқова сувларини тозалаш бўйича иншоотлар бўлган сув қувурлари-канализация корхоналари санитария қоидаларига ҳамда Давлат экология қўмитасининг ҳудудий органлари билан келишилган нормаларга мувофиқ тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланадиган ва ишлаб чиқариш оқова сувларини шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг коммунал канализация тармоқларига оқизадиган абонентлар учун ифлослантирувчи моддаларнинг чекланган миқдорда йўл қўйиладиган концентрациясини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқариш оқова сувларини чиқариб ташлаш юзасидан коммунал-экологик нормативларни тасдиқлайдилар.

Коммунал-экологик нормативнинг амал қилиш муддати 5 йилга белгиланади ҳамда сув балансини сақлаш даврига, шунингдек оқизиладиган ишлаб чиқариш оқова сувларининг миқдор ва сифат таркибига амал қилади.



II. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ОҚОВА СУВЛАРИНИ ШАҲАРЛАР

ВА БОШҚА АҲОЛИ ПУНКТЛАРИНИНГ КОММУНАЛ

КАНАЛИЗАЦИЯ ТАРМОҒИГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ

ШАРТЛАРИ


6. Шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг коммунал канализация тизимига абонентларнинг маҳаллий тозалаш иншоотларида тозалашда коммунал-экологик нормативлар талабларига етказилган ҳамда канализация тармоқлари ва тозалаш ишида бузилишларга олиб келмайдиган ишлаб чиқариш оқова сувлари қабул қилинади.


7. Шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг коммунал канализация тизимига абонентларнинг маҳаллий тозалаш тизимларида олдиндан тозаламасдан оқизишга йўл қўйилмайдиганлар жумласига қуйидагилар киради:

абонентларнинг таркибида қувурлар, қудуқлар, панжараларни ифлос қиладиган ёки қувурлар, қудуқлар, панжараларнинг деворларида чўкиб қоладиган моддалар (металл заки, оҳактош, қум, гипс, металл қириндилар, ҳайвонларнинг қолдиқлари ва бошқа органик чиқиндилар) бор бўлган ишлаб чиқариш оқова сувлари, қурилиш чиқиндилари ва маиший чиқиндилари, шунингдек бошқа ишлаб чиқариш ва хўжалик чиқиндилари коммунал-экологик нормативлар билан тартибга солинмаган шартли тоза оқимлар, таркибида бўёқлар мавжуд бўлган оқова сувлар, саноат майдончалари ҳудудидан оқадиган юза оқимлар (ёмғир сувлари, талий, экин суғориш сувлари ва бошқалар) ишлаб чиқариш майдонлари ва ҳудудларини ер ости сувлари пасайишидан ҳосил бўлган дренаж сувлар (канализациянинг яхлит эритилган ёки ярим ажратилган тизимидан);

қувурларнинг материалларига ва канализация-тозалаш иншоотларининг технологик коммуникацияларига емирувчи таъсир кўрсатадиган моддалар, концентрациялардаги ишлаб чиқариш оқова сувларини биологик тозалашга тўсқинлик қиладиган зарарли моддалар, хавфли бактериал ифлослантирувчи моддалар, нефть маҳсулотларининг эримайдиган ҳосилалари, биологик жиҳатдан қийин ачийдиган органик ва юза-актив (ПАВ), шунингдек минерал моддалар;

сув объектига тушадиган, сарфи ва таркиби ифлослантирувчи моддаларнинг ҳажми ва миқдорининг йўл қўйиладиган белгиланган нормаларидан ортиқ бўлишига олиб келиши мумкин бўлган ишлаб чиқариш оқова сувларини оқизиш, 40 даражадан ортиқ ҳароратга эга, рН 6,5 дан паст ёки 9 дан юқори бўлган ишлаб чиқариш оқова сувлари кислороднинг кимёвий эҳтиёжи даражаси, кислороднинг биологик эҳтиёжидан (КБЭ5) 2,5 баравар юқори бўлган ёки КБЭ тўлиқ 1,5 баравардан ортиқ бўлган - 500 мг/л ортиқ бўлмаган, концентрациялардаги 500 мг/литрдан ортиқ бўлган муаллақ ва сузиб юрувчи моддалар, канализация тармоқларида чекланган миқдорда йўл қўйиладиган концентрациялар лимити улар учун белгиланмаган моддалар;

кислоталар, иссиқ аралашмалар, заҳарли ва эриган газсимон моддалар, жумладан эритувчилар (бензин, диэтил эфир, дихлорметан, бензол ва бошқалар), канализация тармоқларида ва тозалаш иншоотларида заҳарли газлар (олтингугурт, углерод сульфид, углерод кислотаси, цианли водород кислота, осон учадиган ҳидли углеводородлар буғлари ва бошқалар) ҳосил қилишга қодир бўлган бўёқлар ҳамда бошқа портлаш ва ёнғин чиқариш хавфи бўлган заҳарли аралашмалар, концентрацияланган қўр ва нил эритмалар, шунингдек таркибида радиоактив моддалар мавжуд бўлган оқова сувлар.


8. Таркибида радиоактив моддалар бор бўлган ишлаб чиқариш оқова сувларини қабул қилиш учун канализациянинг махсус тизими мавжуд бўлмаганда уларни шаҳар ёки бошқа аҳоли пунктининг коммунал канализация тизимига қабул қилиш радиоактив хавфсизлик нормаларига ҳамда радиоактив моддалар ва ионлаштирувчи нурланишнинг бошқа манбалари билан ишлашга доир санитария қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.


9. Шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг коммунал канализация тизимида қўшилиши эмульсиялар, заҳарли ёки портлаш хавфи бўлган газлар, шунингдек кўп миқдорда эримайдиган моддалар ҳосил бўлишига олиб келиши мумкин бўлган ишлаб чиқариш оқова сувларининг бирлаштирилишига йўл қўйилмайди (масалан, таркибида кальций ёки магний тузи ва ишқорли эритмалар; сода ва нордон сув; натрий сульфид ва ишқор, хлор ва феноллар ҳаддан ташқари кўп бўлган ишлаб чиқариш оқова сувлари).


10. Шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг канализация тизимига қабул қилинадиган ифлослантирувчи моддаларни ишлаб чиқариш оқова сувларига чекланган миқдорда йўл қўйиладиган ташлаш лимитини ҳисоблаб чиқишда сув қувурлари-канализация корхоналари:

ҳисоб-китоб йўли билан аниқланиши керак бўлган КБЭ5, КБЭ тўлиқ умумий кўрсаткичда ифодаланган муаллақ, коллоид ва эриган ҳолатдаги органик келиб чиққан моддаларнинг йўл қўйиладиган миқдорини ҳисобга олишлари керак. Бунда ишлаб чиқариш оқова сувлари КБЭ ушбу иншоотларни лойиҳалаштиришда қабул қилинган энг кўп даражадаги ҳисоблаб чиқилган КБЭдан ортиқ бўлмаслиги керак;

махсус сувдан фойдаланишга берилган рухсатномада ёки ушбу сув объекти учун чекланган миқдорда йўл қўйиладиган оқизиш лимитларида белгиланган сув объектига тозаланган ишлаб чиқариш оқова сувларини оқизиш шартлари ҳисобга олинган ҳолда белгиланиши керак бўлган аҳоли пунктларининг тозалаш иншоотларида оқизиладиган ифлослантирувчи моддаларнинг йўл қўйиладиган концентрациясини, аҳоли пунктларининг тозалаш иншоотларида ишлаб чиқариш оқова сувларини ифлослантирувчи моддалардан тозалаш самарадорлигига қараб сувдан фойдаланишнинг тегишли турини, аҳоли пунктлари канализация тизимига тушадиган шаҳар ва ишлаб чиқариш оқова сувлари ҳажми нисбатини;

ушбу Қоидаларга 1 ва 2-иловаларга* мувофиқ ишлаб чиқариш оқова сувларини коммунал канализация тармоқларига оқизишда ифлослантирувчи моддаларнинг чекланган миқдорда йўл қўйиладиган концентрациялари нормативларини;

маиший ва ишлаб чиқариш оқова сувлари ҳажмининг ҳисоблаб чиқилган нисбатидан ҳисоблаб чиқилган аралаштиришни ҳисобга олган ҳолда ушбу объект канализациясига чекланган миқдорда йўл қўйиладиган оқизиш лимитидан келиб чиқиб белгиланадиган аҳоли пунктининг тозалаш иншоотларида утилизация қилинмайдиган ва нейтрализация қилинмайдиган моддаларнинг йўл қўйиладиган концентрациясини ҳисобга олишлари керак.


11. Ишлаб чиқариш оқова сувларини шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг коммунал канализация тизимига оқизиш абонентнинг ҳудудидан ташқарида жойлаштириладиган назорат қудуғи барпо этиш шарти билан мустақил оқизилади. Саноат, транспорт, қурилиш корхоналари ва бошқа корхоналарнинг кўрсатиб ўтилган чиқаришлари ҳар бир чиқариш бўйича ишлаб чиқариш оқова сувларининг сарфи ва сифати устидан доимий назорат қилиш учун мосламалар (кўприкчалар, автоматик намуна олгичлар, сарфни ўлчагичлар, шунингдек зарурат бўлганда, тамғаланадиган автоматик тиргакли қурилмалар) билан жиҳозланиши керак.


12. Ишлаб чиқариш ва маиший оқова сувлар миқдори ва таркиби сутка мобайнида ўзгарган тақдирда абонентларда махсус сиғимлар - сутка мобайнида ишлаб чиқариш оқова сувларини канализацияга тенг миқдорда чиқаришни таъминлайдиган умумий стандартларга яқинлаштиргичлар ўрнатилиши керак.


13. Шаҳарлар тозалаш иншоотларининг технологик самарадорлиги ишлаб чиқариш оқова сувларини тозалаш даражасининг лойиҳа кўрсаткичларини амалдаги кўрсаткичлар билан қиёслаб аниқланади. Лойиҳа маълумотлари мавжуд бўлмаганда, шунингдек тозалаш учун тушаётган ишлаб чиқариш оқова сувлари сарфи ва таркиби лойиҳа параметрларидан четга чиққанда сув қувурлари-канализация хўжалиги корхоналари тозалаш иншоотлари иши норматив кўрсаткичларининг ҳисобланган миқдорини белгилайдилар.


14. Тозалаш иншоотлари иши кўрсаткичлари ишлаб чиқариш оқова сувларининг тақдим этилган (ўртача суткалик) намуналари таҳлили асосида аниқланади. Намуналарни танлаш жадваллари Ўзбекистон Республикаси Давлат экология қўмитасининг ҳудудий органлари ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг санитария-эпидемиология станциялари билан келишилади.

15. Канализацияга ишлаб чиқариш оқова сувларини оқизиш билан белгиланадиган тозаланган ишлаб чиқариш оқова сувлари сифатининг ўзига хос кўрсаткичларининг ҳисобланган миқдорлари уларнинг жамланиши ва тозалаш иншоотларида тозалашнинг самарадорлиги ҳисобга олинган ҳолда аниқланади.



III. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ОҚОВА СУВЛАРИНИ ОҚИЗИШ

ЮЗАСИДАН ТЕХНИК ШАРТЛАРНИ БЕРИШ ТАРТИБИ


16. Қуйидагилар:

янгидан қурилган ва реконструкция қилинадиган абонентлар учун - сув қувурлари-канализация корхоналари билан келишилган лойиҳа ҳужжатлари;

ишлаб турган абонентлар учун - белгиланган тартибда тасдиқланган канализацияга оқизиш юзасидан коммунал-экологик норматив (ушбу Қоидаларга 3-илова*);

шаҳарлар ёки бошқа аҳоли пунктларининг коммунал канализация тизимига оқизиш белгиланган ҳамда уларнинг тартиб рақамлари, оқизиладиган ишлаб чиқариш оқова сувларининг сифат таркиби нормативлари ва уларнинг сарфлари, шу жумладан, субабонентларнинг сарфлари билан биргаликда маҳаллий тозалаш иншоотлари схемаси, канализациянинг ички майдон тармоғи схемаси;

ифлослантирувчи моддаларнинг ўртача ва энг юқори кўрсаткичи бўйича шаҳар ёки бошқа аҳоли пункти канализациясига чиқаришда маҳаллий тозалаш иншоотларида тозалашгача ва ундан кейинги ишлаб чиқариш оқова сувлари таҳлили натижалари ишлаб чиқариш оқова сувларини шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг коммунал канализация тизимига оқизиш юзасидан техник шартлар бериш учун асос ҳисобланади.


17. Техник шартларни кўриб чиқиш ва бериш мурожаат тушгандан кейин 3 кун муддатда бепул амалга оширилади.


18. Канализация тармоқларини шаҳарлар канализацияси ва янги абонентларнинг бошқа аҳоли пунктлари тизимига, шунингдек мавжуд корхоналарнинг янгидан ишга туширилган қувватларига улашга фақат ишлаб чиқариш оқова сувларини уларни шаҳарлар ва аҳоли пунктлари канализациясининг тозалаш иншоотларига қабул қилиб олиш учун йўл қўйиладиган даражагача тозаланишини таъминлайдиган маҳаллий тозалаш иншоотлари фойдаланишга топширилганидан кейингина рухсат этилади.


19. Корхоналарни қуриш ва реконструкция қилиш юзасидан лойиҳа ҳужжатларини келишиш буюртмачидан ёхуд бош лойиҳаловчидан кўриб чиқиш учун "Сув таъминоти ва канализация" ҳамда "Атроф-муҳитга таъсир тўғрисидаги ариза" бўлимларидан иборат бўлган лойиҳа ҳужжатлари тақдим этилган тақдирда сув қувурлари-канализация корхоналари томонидан амалга оширилади.


20. Ишлаб чиқариш оқова сувларини шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг коммунал канализация тизимига оқизиш юзасидан техник шартлар асосида сув қувурлари-канализация корхоналари билан абонент ўртасида сув истеъмол қилиш ва ишлаб чиқариш оқова сувларини ажратиш юзасидан икки томонлама шартнома тузилади.



IV. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ОҚОВА СУВЛАРИНИ

ОҚИЗИШНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


21. Абонент шаҳар ёки бошқа аҳоли пунктининг канализация тизимига оқизиладиган ишлаб чиқариш оқова сувларининг ҳажми ва сифат таркиби, шунингдек корхоналар майдони ичидаги канализация тармоқларининг ҳолати юзасидан доимий ички назоратни амалга ошириши шарт.


22. Назорат маҳаллий тозалаш иншоотларига кириш ва улардан чиқиш жойларида, назорат қудуқларида ишлаб чиқариш оқова сувларини шаҳар ёки бошқа аҳоли пункти канализациясига бевосита оқизишдан олдин намуна олиш ва уни текшириб кўриш йўли билан амалга оширилади. Назорат жараёнида назорат қудуқларида ва ишлаб чиқариш канализацияси тармоғининг энг муҳим жойларида оқизиладиган ишлаб чиқариш оқова сувларининг ҳажми ҳам ўлчанади.


23. Абонентлар ҳар ойда сув қувурлари-канализация хўжалиги корхоналарига оқизиладиган ишлаб чиқариш оқова сувларининг ҳажми, сифат ва миқдорий таркиби ҳамда уларни шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг коммунал канализация тизимига оқизиш режими тўғрисида ҳисобот маълумотлари тақдим этиши шарт. Ҳисобот маълумотларини тақдим этиш муддатлари ҳамда ҳисоботлар шакли абонент билан сув қувурлари-канализация хўжалиги корхонаси ўртасидаги икки томонлама шартномада белгиланади. Абонент тақдим этиладиган ҳисобот маълумотларининг ҳаққонийлиги учун жавоб беради.


24. Сув қувурлари-канализация хўжалиги тармоқлари Давлат экология қўмитасининг ҳудудий органлари билан биргаликда ишлаб чиқариш оқова сувларини оқизишнинг абонент учун тасдиқланган коммунал-экологик нормативга мувофиқлиги юзасидан зарур назоратни амалга оширади.

25. Абонентлар ишлаб чиқариш оқова сувларини тозалаш сифатининг ёмонлашиши, оқова сувларни бир йўла оқизишга, авария-тиклаш ишларини амалга оширишга доир барча ҳолатлар тўғрисида сув қувурлари-канализация корхоналарини, шунингдек Давлат экология қўмитасининг ҳудудий органларини дарҳол хабардор қилиши керак.

26. Ишлаб чиқариш оқова сувларини шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг коммунал канализация тизимига оқизишни амалга оширувчи абонентлар сув қувурлари-канализация корхоналарини сутканинг исталган вақтида ишлаб чиқариш оқова сувларининг оқизилишини назорат қилиш имконияти билан таъминлаши, шу жумладан, оқизилаётган ишлаб чиқариш оқова сувларининг сифат ва миқдорий таркиби бўйича зарур маълумотларни тақдим этиши, бунда приборлар ва қурилмалар, шунингдек намуналар олиш учун фойдаланувчи ходимларини ажратиши шарт.


27. Ишлаб чиқариш оқова сувлари оқизилиши юзасидан мониторинг олиб боришни сув қувурлари-канализация корхоналарининг ихтисослаштирилган лабораториялари амалга оширади.

Сув қувурлари-канализация хўжалиги корхоналарида ихтисослаштирилган лабораториялар мавжуд бўлмаса, Давлат экология қўмитаси ҳудудий органларининг Атроф-муҳит ифлосланишининг мониторинги бўйича тегишли бўлимлари белгиланган тартибда шартнома асосида ишлаб чиқариш оқова сувларини оқизишнинг мониторингини амалга ошириши мумкин.

28. Шаҳар сувлари таркибида ифлослантирувчи, ишлаб чиқариш оқова сувларини ташлаш натижасида ҳосил бўладиган, тозалаш иншоотлари ишлашининг технологик регламентини бузадиган моддаларнинг юқори концентрацияда мавжудлиги аниқланган тақдирда сув қувурлари-канализация корхонаси бу тўғрида Ўзбекистон Республикаси Давлат экология қўмитаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳудудий органларини дарҳол хабардор қилиши шарт. Айни бир вақтда сув қувурлари-канализация корхонаси юқори даражада ифлослантирувчи манбани қидириб топиш ишларини амалга оширади.


V. ШАҲАРЛАР ВА БОШҚА АҲОЛИ ПУНКТЛАРИНИНГ КОММУНАЛ

КАНАЛИЗАЦИЯ ТИЗИМИГА ИФЛОСЛАНТИРУВЧИ МОДДАЛАРНИ

НОРМАТИВДАН ОРТИҚЧА ОҚИЗГАНЛИК УЧУН КОМПЕНСАЦИЯ

ТЎЛОВЛАРИНИ ҲИСОБЛАБ ЁЗИШ ТАРТИБИ


29. Ифлослантирувчи моддаларни нормативдан ортиқча оқизганлик учун компенсация тўловларини ҳисоблаб ёзиш тартиби ушбу бўлимда назарда тутилган хусусиятлар ҳисобга олинган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида атроф табиий муҳит ифлослантирилганлиги ва чиқиндилар жойлаштирилганлиги учун компенсация тўловларини қўллаш тартиби тўғрисидаги низом билан белгиланади.

30. Сув қувурлари-канализация корхоналари ҳар ойда, ҳисобот давридан кейинги ойнинг 5-кунигача абонентлар томонидан ишлаб чиқариш оқава сувларини коммунал канализация тармоғига қабул қилиб олиш қоидаларига риоя қилинмаганлиги тўғрисидаги ахборотни ушбу Қоидаларга 4-иловага* мувофиқ шаклда тайёрлайдилар.

31. Сув қувурлари-канализация корхоналари ушбу ахборотлар асосида, ифлослантирувчи моддаларни коммунал канализация тармоқларига нормативдан ортиқча оқизганлик учун тўловларни қонун ҳужжатларига ва ушбу Қоидаларга мувофиқ ҳисоблаб ёзишни ва абонентлардан ундиришни амалга оширадилар.

32. Ҳисобот даври якунлари бўйича сув қувурлари-канализация корхоналари ифлослантирувчи моддаларни очиқ сув ҳавзаларига ёки жой рельефига чиқариб ташлаганлик учун компенсация тўловларини ҳисоблайди ва уларнинг тўланишини амалга оширади, бунда ифлослантирувчи моддаларни коммунал канализация тармоқларига нормативдан ортиқча оқизганлик учун уларнинг абонентларига ҳисоблаб ёзилган тўловларнинг тўланган суммасини чегириб ташлайдилар.

33. Давлат экология қўмитаси ҳудудий органларининг атроф муҳит ифлосланиши мониторинги бўлими сув қувурлари-канализация корхоналарига мувофиқлаштириш ва методик ёрдам кўрсатиш тартибида ишлаб чиқариш оқова сувларини коммунал канализация тармоқларига оқизишдан олдин тозаланганлик сифати мониторингини амалга оширишга ҳақлидир. Ушбу мониторинг ҳар ойда кўпи билан бир марта, Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш республика кенгашининг ҳудудий комиссиялари билан махсус келишувсиз амалга оширилади.

34. Сув қувурлари-канализация корхоналари билан уларнинг абонентлари ўртасида ишлаб чиқариш оқова сувларининг сифат таркибини аниқлаш юзасидан бажарилган лаборатория текширишлари натижаларининг ҳаққонийлиги бўйича келишмовчиликлар пайдо бўлган ҳолларда, қарор Давлат экология қўмитаси ҳудудий органларининг Атроф муҳит ифлосланиши мониторинги бўлими томонидан қабул қилинади, ушбу Қоидаларнинг 27-банди иккинчи хатбошида назарда тутилган Давлат экология қўмитасининг Атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ихтисослаштирилган аналитик назорат маркази томонидан якуний қарор қабул қилиш ҳолатлари бундан мустасно.

Бунда Қоидаларнинг ушбу бандига мувофиқ ўтказиладиган назорат синовларининг натижалари фақат намуналар олинган даврда (ойда) компенсация тўловларини ҳисоб-китоб қилиш учун ҳақиқий бўлиб, олдинги даврга (ойга) татбиқ этилмайди.

35. Жала сувлари шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг коммунал канализация тизимига рухсатсиз оқизилган тақдирда абонентга нисбатан ишлаб чиқариш оқова сувларини оқизганлик учун амалдаги тарифларга уч баравар миқдордаги коэффициент қўлланади. Ҳисоблаш ташкилотнинг майдони бўйича, кадастр ва метеорология маълумотларига мувофиқ амалга оширилади.


36. Ишлаб чиқариш оқова сувларини коммунал канализация тармоқларига оқизганлик учун компенсация тўловини ҳисоблашда ифлослантирувчи моддаларни ушбу Қоидаларга 1-иловада* назарда тутилган йўл қўйиладиган концентрациядан ортиқча миқдорда коммунал канализация тармоқларига оқизаётган абонентлар учун 2,0 миқдордаги ошиб борувчи коэффициент бўйича, ушбу Қоидаларга 2-иловада* назарда тутилган миқдор учун эса - 5,0 миқдордаги ошиб борувчи коэффициент бўйича ҳисобланган компенсация тўловлари қўлланади.



VI. УШБУ ҚОИДАЛАРНИ БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


37. Абонентлар оқибати етарли даражада тозаланмаган ишлаб чиқариш оқова сувларининг сув объектларига оқизилишига сабаб бўладиган бузилишлар учун, шунингдек ишлаб чиқариш оқова сувларини тозалаш иншоотларида рўй берган авариялар ёки бахтсиз ҳодисалар учун, абонентнинг технологик жараёнида фойдаланиладиган реагентларни ҳамда ушбу Қоидаларда регламентланмаган бошқа моддалар ва материалларни оқизганлик учун жавоб берадилар.

Абонентнинг ушбу Қоидалар талабларига риоя қилиш юзасидан жавобгарлиги қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.


38. Абонентлар ишлаб чиқариш оқова сувларини шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг коммунал канализация тизимига оқизиш юзасидан коммунал-экологик нормативларда белгиланган талаблар бузилишининг олдини оладиган чора-тадбирлар кўрилишини таъминлаши керак. Бундай бузилишлар рўй берганда абонент ифлосланган ишлаб чиқариш оқова сувларини шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг коммунал канализация тизимига оқизишни дарҳол тўхтатиши шарт.


39. Янги абонентни шаҳар ва бошқа аҳоли пунктининг ишлаётган канализация тизимига сув қувурлари-канализация корхонаси билан келишувсиз улаш тақиқланади.


40. Абонент томонидан бузилишлар содир этилганлиги аниқланган тақдирда сув қувурлари-канализация корхонаси далолатнома тузади ва Давлат экология қўмитасининг ҳудудий органларини аниқланган бузилиш тўғрисида хабардор қилади.

41. Сув қувурлари-канализация корхоналари абонентга, компенсация тўловлари суммасини кўрсатган ҳолда, бузилишларни бартараф этиш тўғрисида буйруқ беради ва унинг ижросини белгиланган тартибда назорат қилади.

Берилган буйруқни бажаришдан бош тортилган ёки у зарур даражада бажарилмаган тақдирда материаллар судга оширилади.


42. Сув қувурлари-канализация корхоналари абонентларга коммунал канализация тизимларига, иншоотларга етказилган зарарни ундириш тўғрисида, шунингдек ишлаб чиқариш оқова сувларининг технологик регламенти бузилганлиги юзасидан белгиланган тартибда эътироз ва даъволар билдириш ҳуқуқига эга.



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2010 йил, 5-сон, 40-модда.