язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Пенсиялар. Нафақа. Ижтимоий ҳимоя/ Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш. Хайрия фаолияти/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 07.09.2006 й. ПҚ-459-сон "2007-2010 йилларда ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларни аниқ ижтимоий муҳофаза қилиш ва уларга ижтимоий хизмат кўрсатишни янада кучайтириш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

07.09.2006 й.

N ПҚ-459



2007-2010 ЙИЛЛАРДА ЁЛҒИЗ КЕКСАЛАР,

ПЕНСИОНЕР ВА НОГИРОНЛАРНИ АНИҚ

ИЖТИМОИЙ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ВА УЛАРГА

ИЖТИМОИЙ ХИЗМАТ КЎРСАТИШНИ ЯНАДА

КУЧАЙТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ДАСТУРИ ТЎҒРИСИДА



Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 7 декабрдаги 520-сонли қарори билан тасдиқланган 2000-2005 йилларда ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларни аниқ ижтимоий муҳофаза қилишни кучайтириш чора-тадбирлари дастури доирасида жамиятнинг ушбу муаммога эътиборини оширишга қаратилган чора-тадбирлар рўёбга чиқарилди, ёлғиз кекса фуқароларни аниқ ижтимоий муҳофаза қилиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли ишларни олиб боришда давлат муассасалари билан жамоат ташкилотлари ўртасида ижтимоий шериклик мустаҳкамланди ва кенгайди. 8 минг нафарга яқин ёлғиз пенсионер ва ногиронлар яшаб турган 33 та "Саҳоват" ва "Мурувват" уйларининг моддий-техника базаси яхшиланди.

"Ҳомийлар ва шифокорлар йили" Дастурини бажариш юзасидан аҳолининг ижтимоий ночор, шу жумладан ёлғиз кекса кишиларга ёрдам кўрсатиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, 1,9 минг нафар ёлғиз фуқароларнинг уй ва хонадонлари таъмирдан чиқарилди, кам таъминланган оилалар ва кексаларга 5 млрд. сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. Умуман олганда ёлғиз кексалар, пенсионерлар, ногиронларга, шунингдек кўп болали оилаларга берилган ижтимоий ёрдам ҳажми 47 млрд. сўмдан кўпроқни ташкил этди.

Ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларни аниқ ижтимоий муҳофаза қилишни янада кучайтириш, уларнинг турмуш даражасини ошириш, ижтимоий хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ва янги ижтимоий технологияларни жорий этиш асосида уларнинг ижтимоий таъминотга бўлган эҳтиёжларини яна ҳам тўлиқроқ қондириш мақсадида:


1. 2007-2010 йилларда ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларни аниқ ижтимоий муҳофаза қилиш ва уларга ижтимоий хизмат кўрсатишни янада кучайтириш чора-тадбирлари дастури иловага* мувофиқ тасдиқлансин. Унда қуйидагилар назарда тутилади:

ёлғиз ногиронлар ва кекса фуқароларга ижтимоий хизмат кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш;

ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларни даволаш-профилактика хизмати билан қамраб олишни кенгайтириш, геронтология ва гериатрия соҳасида кўрсатилаётган ёрдам сифатини, шунингдек уй-жой - маиший шароитларини яхшилаш;

"Саҳоват" ва "Мурувват" уйлари, санаторийларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;

ижтимоий хизмат кўрсатишнинг янги шакллари, усул ва технологияларини татбиқ этиш.


2. Вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

бир ой муддатда тасдиқланган Дастурни амалга оширишда масъул ижрочилар, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, корхона ва ташкилотларнинг баҳамжиҳат фаолиятини таъминлаш бўйича аниқ тадбирлар ишлаб чиқилишини таъминласин;

Дастурнинг ижро этилишини ва ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларга ижтимоий хизмат кўрсатиш даражасини мунтазам равишда кўриб чиққан ҳолда уни яхшилаш бўйича тегишли қўшимча чора-тадбирларни ишлаб чиқсин. Ҳар чорак якунлари бўйича ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 10 кунигача Дастурни амалга ошириш якунлари ва бориши тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таҳлилий ахборот бериб борсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда ҳар йили инвестиция дастури ва бюджетни шакллантиришда, ёлғиз фуқароларга ижтимоий хизмат кўрсатиш тизимини ривожлантиришга, ижтимоий таъминот тизимидаги объектларни капитал таъмирлаш ва реконструкция қилиш ишларини амалга оширишга, кексалар ва ногиронларнинг уй-интернатларини жиҳозлашга, шунингдек Дастурга киритилган бошқа тадбирларни амалга оширишга мўлжалланган зарур капитал қўйилмалар лимити ва маблағларни назарда тутсин. Бунда мазкур мақсадларга ҳомийлар маблағларини кенг жалб этиш назарда тутилсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси республика ва ҳудудий давлат бошқаруви органлари ҳамда жамоат ташкилотлари даражасида ишларнинг мувофиқлаштирилишини ташкил этсин, Дастурда назарда тутилган барча тадбирларнинг тўлиқ ва сўзсиз бажарилиши бўйича аниқ чора-тадбирлар қабул қилсин.


5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Р.С. Азимов ва Р.С. Қосимов зиммаларига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                       И. Каримов



*) Илова рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2006 йил, 37-38-сон, 376-модда.