язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Савдо. Умумий овқатланиш. Маиший хизмат кўрсатиш/ Чакана савдо/ Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномасини бериш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР Президентининг 16.03.2007 й. ПҚ-605-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2007 йил 16 мартдаги

ПҚ-605-сон қарорига

1-ИЛОВА



Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш

ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномасини

бериш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномасини бериш тартибини белгилайди.


2. Алкоголли маҳсулотларнинг чакана савдоси билан фақат алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномасини олган юридик шахслар шуғулланишлари мумкин.


3. Рухсат гувоҳномаси бериш (амал қилиш муддатини 10 кун муддатгача тўхтатиб қўйиш, шунингдек амал қилишини тўхтатиш, бекор қилиш тартиб-қоидаси ташаббуси билан чиқиш) тўғрисидаги қарор Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги 1-иловага мувофиқ таркибда ташкил этиладиган алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномасини бериш бўйича махсус комиссиялар (кейинги ўринларда "Комиссия" деб юритилади) томонидан қабул қилинади.

Ҳужжатларни қабул қилиш, улар бўйича Комиссиянинг хулосалари ва қарорлари лойиҳаларини тайёрлаш учун туманлар (шаҳарлар) даражасида туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузурида 2-иловага мувофиқ таркибда алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномасини олиш учун ҳужжатларни кўриб чиқиш бўйича комиссиялар (кейинги ўринларда "ишчи орган" деб юритилади) ташкил этилади.


4. Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномаси (кейинги ўринларда "рухсат гувоҳномаси" деб юритилади) ҳар бир турғун чакана савдо шохобчасига 3 ва 4-иловаларга мувофиқ схема ва шакл бўйича аризада кўрсатилган муддатга, бироқ икки йилдан ортиқ бўлмаган муддатга берилади.


4-1. Меҳмонхоналарга унга тегишли бўлган ва унинг ичида жойлашган, турувчиларга алкоголь маҳсулотларини сотиш билан шуғулланадиган бир неча турғун чакана савдо шохобчаси (бар, мини-бар, кафе, ресторан) учун битта рухсат гувоҳномаси берилади.


II. РУХСАТ ГУВОҲНОМАСИНИ ОЛИШ

УЧУН ЮРИДИК ШАХСЛАРГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


5. Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномасини олиш учун юридик шахсларга қуйидаги талаблар қўйилади:

рухсат гувоҳномасини олиш учун ариза берилган пайтда шаҳарларда - энг кам ойлик иш ҳақининг камида 100 баравари миқдорида ва қишлоқ жойларда ҳамда чекка тоғли туманларда энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баравари миқдорида шаклланган устав фонди мавжуд бўлиши;

шаҳарларда - алоҳида кириладиган ва камида 25 квадрат метрли, қишлоқ жойларда камида 15 квадрат метрли савдо зали майдони бўлган (фақат алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилишга мўлжалланган), чекка тоғли туманларда - алоҳида савдо секцияси бўлган, алкоголли маҳсулотларни сақлаш ва сотишнинг санитария нормалари ва қоидаларига (шу жумладан, назорат-касса машиналарини ва банк пластик карточкалари орқали тўловларни қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминалларини қўллаш шартларига, моддий бойликлар тўлиқ даражада сақланиши таъминланишига) мувофиқ бўлган омбор бинолари ва асбоб-ускуналари бўлган ўзининг ёки ижарага олинган турғун савдо шохобчаси мавжудлиги;

турғун савдо шохобчаси таълим, спорт ва диний муассасалардан радиуси камида беш юз метр масофада жойлашганлиги;

савдо шохобчалари жамоат транспорти тўхташ жойларида, шу жумладан метрополитен бекатларида, жамоат жойларида ва дам олиш жойларида, даволаш-профилактика ва спорт-соғломлаштириш муассасалари ҳудудида, ушбу муассасалар ва ишлаб чиқариш корхоналарининг ошхоналарида, шунингдек аэропортлар, темир йўл вокзаллари ва автостанцияларга туташиб кетган жойларда жойлашмаганлиги;

юридик шахс томонидан алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш учун белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган махсус фойдаланиладиган, ҳимояланган фискал хотирали назорат-касса машинаси ва банк пластик карточкалари орқали тўловларни қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминаллари мавжудлиги.


III. РУХСАТ ГУВОҲНОМАСИНИ ОЛИШ

УЧУН ЗАРУР БЎЛГАН ҲУЖЖАТЛАР


6. Рухсат гувоҳномасини олиш учун юридик шахслар турғун чакана савдо шохобчаси жойлашган жой бўйича Комиссиянинг ишчи органига қуйидагиларни тақдим этадилар:

юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, у жойлашган жой (почта манзили), банк муассасаси номи ва банкдаги ҳисоб рақамининг тартиб рақами кўрсатилган ҳолда рухсат гувоҳномаси берилиши тўғрисида ариза;

юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;

шаҳарларда - энг кам ойлик иш ҳақининг камида 100 баравари миқдорида ва қишлоқ жойларда ҳамда чекка тоғли туманларда - энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баравари миқдорида шакллантирилган устав фонди мавжудлигини тасдиқлайдиган ҳужжатнинг нусхаси. Устав фонди пул маблағларида шакллантирилган тақдирда тасдиқловчи ҳужжат хизмат кўрсатувчи банк томонидан берилади. Устав фонди бошқа мол-мулк билан шакллантирилган тақдирда юридик шахс ушбу мол-мулкка эгалик ҳуқуқи, унинг қиймати ва у устав фондига қўшилганлиги ҳақидаги тасдиқномани тақдим этади;

чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун маҳаллий йиғим тўланганлигини тасдиқлайдиган банк ҳужжатининг нусхаси.

Ишчи орган рухсат гувоҳномасини бериш учун бошқа ваколатли органларда мавжуд бўлган зарур ҳужжатлар ва ахборотни белгиланган тартибда ахборот соҳасидаги ҳамкорлик воситасида, шу жумладан электрон кўринишида мустақил равишда олади, мазкур бандда назарда тутилган ҳужжатлар ва ахборот бундан мустасно.

7. Юридик шахсдан мазкур Низомда назарда тутилмаган ҳужжатларни тақдим этиш талаб қилинишига йўл қўйилмайди.


8. Ҳужжатлар юридик шахс томонидан ишчи органга бевосита ёхуд олинганлиги маълум қилинган ҳолда почта алоқаси воситаси орқали етказиб берилади.

Ҳужжатлар ишчи органнинг масъул шахси томонидан рўйхат бўйича қабул қилинади, уларнинг нусхаси ҳужжатлар қабул қилинган сана тўғрисидаги белги қўйилган ҳолда ариза берувчига топширилади (юборилади).

Қонун ҳужжатларида белгиланган тақдим этилган маълумотларнинг ишончлилиги учун юридик шахс - ариза берувчи жавоб беради.



IV. ИШЧИ ОРГАН ТОМОНИДАН

АРИЗАЛАР КЎРИБ ЧИҚИЛИШИ ТАРТИБИ


9. Ишчи орган 5 иш куни мобайнида тақдим этилган ҳужжатларни ўрганади ва уларнинг ишончлилигини ҳамда алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилишнинг мазкур Низом билан белгиланган талабларига мувофиқлигини аниқлайди.


10. Ишчи органнинг барча аъзолари бир овоздан қарор қабул қилган тақдирда Комиссияга рухсат гувоҳномаси бериш тўғрисидаги таклиф киритилади.

Агар ишчи орган Комиссияга ижобий хулоса киритган тақдирда, хулоса билан биргаликда алкоголли маҳсулотлар сотиш ва нақд пул тушумини тижорат банклари кассаларига топширишнинг прогноз ҳажмлари киритилади. Комиссия томонидан рухсат гувоҳномаси берилган тақдирда прогноз ҳажмларга йилнинг ҳар чорагида ишчи орган томонидан тузатишлар киритилади.

Комиссия раиси ва аъзолари мазкур Низомнинг 5-бандида назарда тутилган талабларга мос келмайдиган юридик шахсларга рухсат гувоҳномаси берилганлиги учун шахсан жавобгар бўладилар.


V. ИШЧИ ОРГАННИНГ ХУЛОСАСИ КОМИССИЯ

ТОМОНИДАН КЎРИБ ЧИҚИЛИШИ ВА РУХСАТ

ГУВОҲНОМАСИНИ БЕРИШ ЁКИ РУХСАТ

ГУВОҲНОМАСИ БЕРИШНИ РАД ЭТИШ

ТЎҒРИСИДА ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


11. Комиссия 10 иш куни мобайнида ишчи орган томонидан тақдим этилган ҳужжатларни ўрганади ва комиссиянинг барча аъзолари бир овоздан қарор қабул қилган тақдирда рухсат гувоҳномасини бериш тўғрисида қарор қабул қилади.

Комиссия юридик шахсни тегишли қарор қабул қилингандан кейин 3 иш куни мобайнида қабул қилинган қарор тўғрисида хабардор қилади.


12. Рухсат гувоҳномаси Комиссия раиси томонидан имзоланади.

Рухсат гувоҳномаси бланкалари қатъий ҳисобот бериладиган ҳужжатлар ҳисобланади, ҳисобга олиш сериясига, тартиб рақамига, ҳимояланганлик даражасига эга бўлади.

Комиссия раиси рухсат гувоҳномаси бланкаларидан мақсадли фойдаланилиши, уларнинг сақланиши ва ҳисобга олиниши учун шахсан жавоб беради.

Рухсат гувоҳномаси бланкалари, шу жумладан, алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш учун юридик шахсларга берилган рухсат гувоҳномаси бланкалари ҳисоби Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан берилган рухсатномаларни рўйхатдан ўтказиш дафтарида юритилади.



VI. РУХСАТ ГУВОҲНОМАСИ БЕРИШНИ

РАД ЭТИШ УЧУН АСОСЛАР


13. Қуйидагилар рухсат гувоҳномаси беришни рад этиш учун асос ҳисобланади:

рухсат гувоҳномасини бериш учун зарур ҳужжатларнинг тўлиқ ҳажмда тақдим этилмаслиги;

буюртмачининг алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш учун мазкур Низомнинг 5-бандида белгиланган талабларга мувофиқ эмаслиги;

тақдим этилган ҳужжатларда ишончсиз ёки бузилган маълумотлар мавжудлиги.

Бошқа асослар бўйича, шу жумладан, мақсадга мувофиқ эмаслиги сабаби билан рухсат гувоҳномаси бериш рад этилишига йўл қўйилмайди.

Юридик шахс рухсат гувоҳномаси бериш рад этилиши тўғрисидаги қарор устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эгадир.


14. Рад этишнинг аниқ сабаблари кўрсатилган рухсат гувоҳномаси беришни рад этиш тўғрисидаги асосли қарор юридик шахсга комиссия раисининг имзоси билан ёзма шаклда топширилади (юборилади). Ушбу қарорда шунингдек юридик шахс кўрсатилган сабабларни бартараф этиб, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этиши учун етарли бўлган муддат кўрсатилади.

Рухсат гувоҳномасини бериш тўғрисидаги аризани такроран кўриб чиқишда, мазкур гувоҳномани беришни рад этиш тўғрисидаги қарорда аввал кўрсатилмаган янги асослар бўйича рухсат гувоҳномасини беришни рад этишга йўл қўйилмайди.


VII. РУХСАТ ГУВОҲНОМАСИНИ ҚАЙТА

РАСМИЙЛАШТИРИШ, УНИНГ АМАЛ ҚИЛИШ

МУДДАТИНИ УЗАЙТИРИШ, ДУБЛИКАТ БЕРИШ


15. Юридик шахс қайта ўзгартирилган, унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарган тақдирда юридик шахс ёки унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтказилгандан кейин бир ҳафта муддатда кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқлайдиган ҳужжатлар илова қилинган ҳолда ишчи органга рухсат гувоҳномасини қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши шарт.

Янгидан вужудга келган юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш санасида рухсат гувоҳномасига эга юридик шахслар қўшиб юборилган тақдирда, рухсат гувоҳномасини ушбу банднинг биринчи хатбошисида белгиланган тартибда қайта расмийлаштиришга йўл қўйилади.

Рухсат гувоҳномасидаги мавжуд маълумотлар ушбу банднинг биринчи ва иккинчи хатбошиларида назарда тутилмаган ҳолларда ўзгарган тақдирда, рухсат гувоҳномаси юридик шахснинг тегишли ҳужжатлар илова қилинган аризаси бўйича қайта расмийлаштирилади.

Ушбу ҳолатда рухсат гувоҳномаси қайта расмийлаштирилгунга қадар юридик шахс рухсат гувоҳномасида кўрсатилган фаолиятни олдин берилган рухсат гувоҳномаси асосида амалга оширади.


16. Рухсат гувоҳномасини қайта расмийлаштиришда берилган рухсатномаларни рўйхатдан ўтказиш дафтарига тегишли ўзгартиришлар киритилади. Рухсат гувоҳномасини қайта расмийлаштириш ишчи орган томонидан юридик шахснинг тегишли ҳужжатлар илова қилинган рухсат гувоҳномасини қайта расмийлаштириш тўғрисидаги аризаси олинган кундан бошлаб 5 иш куни мобайнида амалга оширилади.


17. Рухсат гувоҳномасининг амал қилиш муддатини узайтириш юридик шахснинг аризаси бўйича амалга оширилади.

Рухсат гувоҳномасининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги ариза ишчи органга рухсат гувоҳномасининг амал қилиш муддати тамом бўлишидан камида 15 кун олдин берилиши керак.

Рухсат гувоҳномасининг амал қилиш муддатини узайтириш ёки узайтиришни рад этиш тўғрисидаги қарор рухсат гувоҳномасини бериш учун назарда тутилган тартибда қабул қилинади.


18. Амал қилиш муддати тамом бўлмаган йўқотилган ёки яроқсиз ҳолга келиб қолган рухсат гувоҳномаси ўрнига юридик шахснинг аризасига кўра дубликат берилиши мумкин.



VIII. РУХСАТ ГУВОҲНОМАСИНИНГ

АМАЛ ҚИЛИШИНИ ТЎХТАТИБ ТУРИШ,

ТЎХТАТИШ ВА УНИ БЕКОР ҚИЛИШ


19. Давлат солиқ хизмати органларининг тақдимномаси бўйича Комиссия алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш қоидалари, шу жумладан, нақд пул тушумини инкассация қилиш қоидалари бузилганлиги аниқланган тақдирда рухсат гувоҳномасининг амал қилишини 10 кундан ортиқ бўлмаган муддатга тўхтиб туриш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.


20. Таъмирлаш ишлари амалга оширилиши, шунингдек шунга ўхшаш бошқа ҳолатлар муносабати билан фаолият вақтинча тўхтилган тақдирда, юридик шахс бу ҳақда Комиссияга ва давлат солиқ хизматининг тегишли органига ёзма равишда маълум қилиши шарт.


21. Юридик шахс томонидан алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш қоидалари мунтазам равишда ёхуд бир марта қўпол равишда бузилган тақдирда, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳолатларда рухсат гувоҳномасининг амал қилиши суд тартибида тўхтатилиши мумкин.


22. Қалбаки ҳужжатлардан фойдаланилган ҳолда рухсат гувоҳномаси олиниши ҳолати тасдиқланган тақдирда, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳолатларда рухсат гувоҳномасининг амал қилиши қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилиниши мумкин.



IX. МАЗКУР НИЗОМ БУЗИЛГАНЛИГИ

УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


23. Мазкур Низомни бузишда айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА



Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши,

вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги

Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш

ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномаларини

бериш бўйича Махсус комиссиянинг

НАМУНАВИЙ ТАРКИБИ

Комиссия раиси

-

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари, вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари


Комиссия аъзолари:

-

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят ва Тошкент шаҳар Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи


-

Марказий банкнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят ва Тошкент шаҳар ҳудудий бош бошқармаси бошлиғи


-

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят ва Тошкент шаҳар давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош врачи


-

Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири ўринбосари, вилоят ва Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари


-

Давлат божхона қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят ва Тошкент шаҳри бўйича бошқарма бошлиғи


-

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят ва Тошкент шаҳри бошқармаси бошлиғи


-

Вилоят "Маҳалла" жамғармаси раиси


Низомга

2-ИЛОВА



Туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари ҳузуридаги

алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш

ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномалари олиш

ҳужжатларини кўриб чиқиш бўйича комиссиянинг

НАМУНАВИЙ ТАРКИБИ

Комиссия раиси

-

Туман (шаҳар) ҳокими


Комиссия аъзолари:

-

Туман (шаҳар) Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи


-

Туман (шаҳар) давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош врачи


-

туман (шаҳар) ички ишлар бўлими (бошқармаси) бошлиғи


-

"Маҳалла" жамғармасининг туман (шаҳар) бўлими раиси


    





Низомга

3-ИЛОВА



Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш

ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномасини бериш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Бажариш муддатлари

         

Туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари ҳузуридаги алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномаларини олиш учун ҳужжатларни кўриб чиқиш бўйича комиссия раиси номига ариза беради ва барча талаб қилинадиган ҳужжатларни тақдим этади.

       

Чакана савдо ҳуқуқи берилган юридик шахс

Талабгорнинг хоҳишига кўра

I босқич

Туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари ҳузуридаги алкоголли маҳсулотлар  билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномаларини олиш учун ҳужжатларни кўриб чиқиш бўйича комиссия

          

Берилган аризага мувофиқ барча ҳужжатларни уларнинг алкоголли маҳсулотларни сотиш учун амалдаги талабларга мувофиқлигини кўриб чиқади ҳамда Комиссия аъзоларининг якдиллик билан келишувига кўра алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқига рухсат бериш ёки рухсат беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади (ҳужжатларни кўриб чиқиш муддати талабгор томонидан ариза берган санадан 10 иш куни)

       

Ариза олинган кундан бошлаб 10 иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда

II босқич

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги алкоголли  маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномасини бериш бўйича махсус комиссия

        

Махсус комиссия талабгорнинг тақдим этган ҳужжатларини ҳамда туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари ҳузуридаги алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномаларини олиш учун ҳужжатларни кўриб чиқиш бўйича комиссия хулосасини кўриб чиқади. Махсус комиссия аъзоларининг якдиллик билан келишувига кўра талабгорга алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномаси берилади

          

Комиссия хулосаси берилгандан кейин бир кун муддатда

III босқич





Низомга

4-ИЛОВА



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ГЕРБИ



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ


_________________________________________________________________________

(Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари)

Бланка серияси ва тартиб рақами

Алкоголли маҳсулотлар билан чакана

савдо қилиш ҳуқуқини берадиган

РУХСАТ ГУВОҲНОМАСИ


200___ й. "____" __________ N ______


_________________________________________________________________га

(юридик шахснинг тўлиқ номи)


Почта манзили ____________________________________________________

СТИР ____________________________________________________________

ИФТУК коди ______________________________________________________

НКМ _______________________ ДСИда _________________ тартиб рақами

билан рўйхатдан ўтказилган.

Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилишнинг белгиланган

талабларига жавоб берадиган _____________________________ манзилида

жойлашган турғун савдо шохобчаси орқали алкоголли маҳсулотлар

билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи берилди.


200__ йил "___" ___________ гача берилган.

Иш вақти соат "____" дан "____" гача

Объектнинг эгаси __________________________________________________

(юридик шахснинг тўлиқ номи)


Объектдан фойдаланувчи ___________________________________________

(чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун маҳаллий йиғим тўлайдиган юридик шахснинг номи)


Алоҳида шартлар __________________________________________________


Комиссия раиси                                               Имзо

_____________                          М.Ў.



Изоҳ: Рухсат гувоҳномаси ҳар бир савдо шохобчасига алоҳида берилади. Нотариус томонидан тасдиқланмаган рухсат гувоҳномаси нусхаси ҳақиқий ҳисобланмайди.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2007 йил, 12-сон, 107-модда.