язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Ёқилғи-энергетика комплекси/ "Ўзбеккўмир" ОАЖнинг ҳудудий дистрибьюторлик марказлари орқали сотиладиган кўмирнинг чакана нархини шакллантириш тартиби тўғрисида Низом (АВ томонидан 24.09.2012 й. 2392-сон билан рўйхатга олинган 12.09.2012 й. Молия вазирлиги 70-сон, Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг УТ 02/4-17/3640-сон қарори билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2012 йил 24 сентябрда 2392-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Молия вазирлиги ва

Монополиядан чиқариш ва

рақобатни ривожлантириш

давлат қўмитасининг

2012 йил 12 сентябрдаги

70, УТ 02/4-17/3640-сон қарорига

ИЛОВА



"Ўзбеккўмир" ОАЖнинг ҳудудий дистрибьюторлик

марказлари орқали сотиладиган кўмирнинг чакана

нархини шакллантириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 29 февралдаги 58-сонли "Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро ва Хоразм вилоятлари аҳолиси ва бюджет ташкилотларига кўмир сотишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 йил, 8-9-сон, 87-модда) қарорига мувофиқ, "Ўзбеккўмир" ОАЖнинг ҳудудий дистрибьюторлик марказлари орқали сотиладиган кўмирнинг чакана нархини шакллантириш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:


чакана нарх - "Ўзбеккўмир" ОАЖнинг ҳудудий дистрибьюторлик марказлари орқали аҳоли ва бюджет ташкилотларига (кейинги ўринларда истеъмолчилар деб юритилади) сотиладиган кўмирнинг нархи;


ҳудудий дистрибьютор маркази - ҳудудларда ўзининг филиалларига эга бўлган, истеъмолчиларга кўмирни сотиш функциясини амалга оширувчи "Ўзбеккўмир" ОАЖ томонидан ташкил этилган юридик шахс (кейинги ўринларда Марказ деб юритилади).


2. Мазкур Низом "Ўзбеккўмир" ОАЖ ва Марказларга нисбатан татбиқ этилади.



II. МАРКАЗЛАР ОРҚАЛИ ИСТЕЪМОЛЧИЛАРГА

СОТИЛАДИГАН КЎМИРНИНГ ЧАКАНА

НАРХИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ


3. Марказлар орқали истеъмолчиларга сотиладиган кўмирнинг чакана нархи Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан шакллантирилади ва белгиланади. Бунда Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудида Марказлар орқали истеъмолчиларга сотиладиган кўмирнинг ягона чакана нархи белгиланади.


4. Марказлар орқали истеъмолчиларга сотиладиган кўмирнинг чакана нархи қуйидагилардан шаклланади:

кўмирнинг маркаси ва навидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан декларация қилинган "Ўзбеккўмир" ОАЖнинг улгуржи сотиш нархидан;

"Ўзбеккўмир" ОАЖнинг юклаб жўнатиш омборидан Марказларнинг кўмир сақлаш омборларига қадар бўлган масофага етказиб бериш билан боғлиқ транспорт харажатларидан;

Марказларнинг рентабеллик даражасини инобатга олган ҳолдаги харажатларидан (кейинги ўринларда Марказлар харажатлари деб юритилади).

Ўртача тарзда аниқланадиган 1 тонна кўмирнинг чакана нархи кўмирнинг маркаси ва навидан келиб чиққан ҳолда улгуржи сотиш нархидан, темирйўл, автомобиль транспорти орқали транспортировка қилиш харажатлари ва бошқа транспортировка билан боғлиқ бўлган харажатларидан, шунингдек Марказларнинг соф фойда бўйича рентабеллик даражасини инобатга олган ҳолдаги капитал қўйилмаларни молиялаштириш, кредит, қарз ва лизинг тўловлари бўйича асосий қарзни қайтариш учун зарур бўлган харажатларидан ҳосил бўлади. Транспортировка билан боғлиқ бўлган ўртача харажатлар ва Марказларнинг харажатлари транспортировка бўйича умумий прогноз харажатлар ва Марказларнинг умумий прогноз харажатларини муайян прогноз давр учун етказиб берилиши кутилаётган кўмир ҳажмига (тоннада) бўлиш орқали аниқланади.


5. Кўмирнинг ягона чакана нархини шакллантириш учун "Ўзбеккўмир" ОАЖ Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда ариза киритади:

"Ўзбеккўмир" ОАЖнинг кўмир юклаб жўнатиш омборидан Марказларнинг кўмирни сақлаш омборларига қадар кўмирни етказиб бериш бўйича транспорт харажатларининг батафсил баёни;

рентабеллик даражасини инобатга олган ҳолдаги Марказларни сақлаш харажатларининг батафсил баёни.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги кўмирнинг чакана нархини шакллантириш билан боғлиқ қўшимча ҳужжатларни сўраб олишга ҳақли.


6. Мазкур Низомнинг 5-бандида кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар қуйидаги талабларни инобатга олиб расмийлаштирилади:

тақдим этилган материаллар тикилган, тартиб рақами қўйилган, "Ўзбеккўмир" ОАЖ раҳбарининг имзоси ва муҳр билан тасдиқланган бўлиши керак, молиявий ҳужжатлар эса "Ўзбеккўмир" ОАЖ раҳбари ва бош бухгалтери томонидан биргаликда имзоланган бўлиши керак;

ҳужжатлар олдинги тўрт чорак ва олдинги календарь йил учун тақдим этилади;

асослашда маълумотлар бир йил ҳисобига кўрсатилади.


7. "Ўзбеккўмир" ОАЖ томонидан кўмирнинг чакана нархини шакллантириш бўйича асослантирувчи ҳужжатлар тўлиқ ҳажмда тақдим этилмаган ёки иқтисодий асосланмаган ҳисоботлар тақдим этилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги тақдим қилинган ҳужжатлар келиб тушган кундан бошлаб беш кун ичида аниқланган камчиликларни ёзма баён этган (тушунтирган) ҳолда қайтаради.

Ҳужжатни такроран кўриб чиқиш жараёнида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан аризачига аввал ёзма равишда қайд этилмаган янги эътирозлар билдиришга йўл қўйилмайди.


8. "Ўзбеккўмир" ОАЖ томонидан тақдим қилинган мазкур Низомнинг 5-бандида кўрсатилган барча зарур ҳужжатларни тўлиқ ҳажмда олгандан кейин ўн кун муддат ичида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги кўмирнинг чакана нархини белгилашга мажбур. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги қабул қилган қарори тўғрисида "Ўзбеккўмир" ОАЖни ёзма равишда хабардор қилади.


9. "Ўзбеккўмир" ОАЖ, Марказлар ва истеъмолчилар билан ўзаро ҳисоб-китоблар тартиби ва кўмирни етказиб бериш муддатлари қонунчиликка мувофиқ тузилган шартномаларга асосан белгиланади. Бунда, Марказлар томонидан кўмирни сотиш "Ўзбеккўмир" ОАЖ билан тузилган воситачилик шартномасига асосан амалга оширилади. Марказларнинг харажатларини қоплаш ва рентабеллик даражасини таъминлаш учун зарур бўлган воситачилик ҳақи "Ўзбеккўмир" ОАЖ томонидан белгиланади ва воситачилик шартномасида кўрсатилади.



III. "ЎЗБЕККЎМИР" ОАЖ ВА МАРКАЗЛАР ЎРТАСИДА

ҲИСОБ-КИТОБЛАРНИ АМАЛГА ОШИРИШ


10. Марказларнинг талабномаларига асосан "Ўзбеккўмир" ОАЖ кўмирни юклашда Марказларнинг кўмир омборлари жойлашган жойига кўмирни темирйўл ва/ёки автомобиль транспорти орқали етказиб беришни таъминлайди.


11. Кўмирни Марказлар орқали аҳолига сотиш фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарини қўллаган ҳолда амалга оширилади.

Марказлар тўловларни банк пластик карточкалари орқали қабул қилувчи ҳисоб-китоб терминаллари билан таъминланган бўлишлари лозим.


12. Марказлар кўмир сотишдан тушган тушумни уч банк кунидан кечиктирмасдан воситачилик шартномасида белгиланган воситачилик ҳақи суммасини ушлаб қолган ҳолда "Ўзбеккўмир" ОАЖнинг ҳисоб рақамига ўтказиб беришлари лозим.


13. Кўмирни сотишда ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Давлат солиқ қўмитасининг 2007 йил 29 декабрдаги 111, 2007-66-сон (рўйхат рақами 1760, 2008 йил 21 январь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 йил, 3-4-сон, 15-модда) "Солиқ ҳисоботининг шаклларини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори билан тасдиқланган Ҳисобварақ-фактуралар ҳисобини юритиш ва тўлдириш тартибига мувофиқ амалга оширилади.



IV. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


14. Кўмирни Марказларга етказиб бериш "Ўзбеккўмир" ОАЖ ва Марказлар ўртасида тузиладиган шартномалар асосида амалга оширилади.


15. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига ҳаққоний, аниқ ва асосланган ҳужжатларни тақдим этиш бўйича жавобгарлик "Ўзбеккўмир" ОАЖ ва "Ўзбекэнерго" ДАК зиммаларига юклатилади.


16. Мазкур Низом талабларини бузганликда айбдор бўлган шахслар, қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда жавобгарликка тортиладилар.


17. Мазкур Низом "Ўзбекэнерго" ДАК ва "Ўзбеккўмир" ОАЖ билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2012 йил, 39-сон, 454-модда