язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Қурилиш ва архитектура/ Ўзбекистон Республикаси "Давархитектқурилиш" қўмитасининг Давлат архитектура-қурилиш назорати ҳудудий инспекцияси тўғрисида Намунавий низом (ЎзР ВМ 29.07.2011 й. 222-сон қарорига 2-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2011 йил 29 июлдаги

222-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси "Давархитектқурилиш"

қўмитасининг Давлат архитектура-қурилиш

назорати ҳудудий инспекцияси тўғрисида

НАМУНАВИЙ НИЗОМ

31.07.2018 й. 603-сон Қарорига


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг (кейинги ўринларда "Давархитектқурилиш" қўмитаси деб аталади) Давлат архитектура-қурилиш назорати ҳудудий инспекциясининг (кейинги ўринларда Инспекция деб аталади) мақоми, вазифалари, функциялари, ваколатлари ва жавобгарлигини белгилайди.

Инспекция ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси "Давархитектқурилиш" қўмитасига ҳисоб беради.


2. Инспекция ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Олий Мажлис палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, "Давархитектқурилиш" қўмитасининг буйруқлари ва фармойишларига, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, мазкур Низомга амал қилади.


3. Инспекция "Давархитектқурилиш" қўмитаси таркибига киради ва ўз ваколатлари доирасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қурилиш, қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкциялари ишлаб чиқариш соҳасида техник жиҳатдан тартибга солишга доир норматив ҳужжатларга, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилишини назорат қилади.


4. Инспекция юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга, мустақил балансга, банкларда ҳисоб рақамларига эга бўлади.



II. ИНСПЕКЦИЯНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


5. Қуйидагилар Инспекциянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

а) юридик ва жисмоний шахслар томонидан:

шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари;

шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари;

лойиҳа ҳужжатларида қабул қилинган техник ечимлар;

қурилиш, қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкциялари ишлаб чиқариш соҳасида техник жиҳатдан тартибга солишга доир норматив ҳужжатлар;

қурилиш-монтаж ишларининг барча босқичларида уларни амалга ошириш технологияси талабларига риоя этилишини назорат қилиш;

б) қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишга рухсат берган ҳолда қурилиш объектларини рўйхатдан ўтказиш, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

в) объектда қўлланаётган қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкцияларининг техник жиҳатдан тартибга солиш талабларига мувофиқлигини назорат қилиш;

г) ишлаб чиқарувчилар томонидан қурилиш материаллари, конструкциялари ва буюмларини ишлаб чиқаришда техник жиҳатдан тартибга солишга доир норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилишини назорат қилиш;

д) қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиш бўйича комиссиялар ишларида мажбурий равишда қатнашиш, якка тартибдаги уй-жой қурилиши бундан мустасно;

е) шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилишни ташкил этиш соҳасидаги норматив-методик ҳужжатларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиш ва унда қатнашиш;

ж) қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкцияларини стандартлаштириш ва сертификатлаштириш ишларини амалга ошириш.


6. Инспекция ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги назорат функцияларини бажаради:

а) якка тартибдаги уй-жой қурилишидан ташқари, қуйидагиларни:

ҳудудларни ривожлантиришни режалаштириш ва қуришга доир шаҳарсозлик ҳужжатлари амалга оширилишига риоя қилинишини;

лойиҳа ҳужжатларига қурилиш жараёнида киритилаётган ўзгартиришларнинг норматив талабларга мувофиқлигини;

лойиҳалаш ва пудрат ташкилотларида - ишлар ва хизматларни бажарувчиларда лойиҳалаш ва қурилиш фаолиятининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган лицензияланадиган турларини амалга ошириш ҳуқуқига лицензияларнинг мавжудлигини;

бажарилаётган қурилиш-монтаж ишларининг сифатини ва уларнинг қурилиш нормалари ва қоидаларига, норматив-техник ва лойиҳа ҳужжатларига мувофиқлигини, шунингдек пудрат ташкилоти томонидан қурилиш объектида ижро ҳужжатлари юритилишини;

қурилиш объектида норматив-техник ва лойиҳа ҳужжатларида назарда тутилган синовлар, суратга олишлар ва ўлчашлар ўтказилишини;

объект қурилишида қўлланаётган қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкцияларининг техник жиҳатдан тартибга солиш талабларига мувофиқлигини;

қурилиш материаллари, конструкциялари ва буюмларини ишлаб чиқарувчилар томонидан техник жиҳатдан тартибга солишга доир норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилишини танлаб назорат қилади;

б) бинолар, иншоотлар, уларнинг қисмлари ва конструктив элементларининг авария ҳолатларини ва авариялари сабабларини текшириш бўйича техника комиссияларининг ишларида қатнашади;

в) шартнома асосида мавжуд бинолар ва иншоотларнинг техник ҳолатини уларни тиклаш ёки реконструкция қилишнинг мақсадга мувофиқлиги юзасидан текширади ва тегишли хулосалар беради;

г) қурилиш маҳсулотларининг сифатини таъминлаш, шаҳарсозликка оид қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш масалалари бўйича давлат бошқа ваколатли органлари, илмий-тадқиқот, лойиҳалаштириш ва жамоат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик қилади;

д) техник жиҳатдан тартибга солишга доир норматив ҳужжатлар талаблари, қурилиш нормалари ва қоидалари бузилишига йўл қўйган ташкилотлар ва корхоналарнинг архитектура-шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун ҳамда қурилиш соҳасида фаолиятнинг айрим турларини амалга ошириш ҳуқуқи учун берилган лицензияларининг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тўхтатиш тўғрисида "Давархитектқурилиш" қўмитасига таклифлар киритади;

е) қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар тузади;

ж) назорат натижаларини таҳлил қилади, халқаро тажрибани ўрганади, қурилиш сифатини яхшилаш ва қурилиш материалларидан оқилона фойдаланиш бўйича норматив талабларни, методик ҳужжатларни такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқади;

з) "Ўзстандарт" агентлиги билан биргаликда сифатга оид халқаро талабларга мувофиқ қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкцияларини стандартлаштириш ва сертификатлаштириш ишларини олиб боради.


7. Қурилиш тугаллангандан кейин Инспекция буюртмачига бажарилган қурилиш-монтаж ишларининг техник жиҳатдан тартибга солишга доир норматив ҳужжатларга, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради. Хулоса Объектни фойдаланишга қабул қилиш давлат комиссиясининг далолатномасига илова қилинади.


8. Инспекциянинг ваколатлари ишлатилаётган объектларга татбиқ этилмайди.



III. ИНСПЕКЦИЯНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


9. Инспекция қуйидаги ҳуқуқларга эга:

а) Инспекцияда рўйхатдан ўтказилган объектларда тўсқинликсиз бўлиш ва назорат функцияларини амалга ошириш;

б) Инспекцияда рўйхатдан ўтказилмаган қурилиш объектларида тўсқинликсиз бўлиш ва (субъектнинг молия-хўжалик фаолиятига аралашмасдан) қисқа муддатли инспекторлик текширишларини кейинчалик назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳудудий комиссиясини бир кун муддатда хабардор қилган ҳолда амалга ошириш, якка тартибдаги уй-жой қурилиши бундан мустасно;

в) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ташкилотларда ҳамда қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкциялари ишлаб чиқарувчи корхоналарда бўлиш;

г) лойиҳалаштириш, пудрат ташкилотлари ва буюртмачи ташкилотлардан лойиҳа, технология ва ижро ҳужжатларини ҳамда қўлланилаётган материаллар, буюмлар, конструкциялар ва бажарилаётган қурилиш-монтаж ишлари сифатини текшириш учун зарур бўлган бошқа материалларни олиш;

д) пудрат ташкилотларига конструкциялар, узеллар ва деталларнинг айрим элементларини очишни, тагзаминдаги тупроқни синашни ва қайта ёпиб қўйишни, қўлланилган қурилиш материаллари, буюмлари, конструкцияларини, муҳандислик тизимларини синаб кўришни топшириш, зарурат бўлганда тегишли хулоса тайёрлаш учун экспертларни - илмий-тадқиқот ташкилотларининг мутахассисларини жалб қилиш;

е) ўз функционал вазифалари доирасида:

аниқланган бузилишларни бартараф этиш тўғрисида шаҳарсозлик фаолияти субъектлари ва қурилиш материаллари, буюмлари, конструкцияларини тайёрловчилар (етказиб берувчилар) томонидан бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар бериш;

идоралар ва ташкилотларнинг объектлар қурилиши сифатини назорат қилувчи техник назорат хизматлари ҳамда синов қурилиш лабораториялари ишларини танлаб назоратдан ўтказиш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар тузади;

техник тартибга солишнинг норматив ҳужжатлари талаблари бузилиши аниқланганда қурилиш материаллари ва буюмларини ишлаб чиқаришни, сотиш ва қурилишда қўллашни тўхтатиб қўйиш. Тадбиркорлик субъекти фаолияти тўхтатиб қўйилишига олиб келувчи қурилиш материаллари ва буюмларини ишлаб чиқариш, сотиш ва қўллашнинг, қурилиш-монтаж ишларини давом эттиришнинг тўхтатиб қўйилиши суд тартибида амалга оширилади, фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар пайдо бўлишининг ҳамда аҳолининг ҳаёти ва соғлиғига бошқа реал таҳдиднинг олди олиниши муносабати билан фаолиятни ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга тўхтатиб қўйиш ҳоллари бундан мустасно;

тасдиқланган лойиҳа ечимлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари бузилишлари аниқланганда, ушбу бузилишлар пишиқлик ва мустаҳкамлик тавсифлари пасайишига олиб келганда, шунингдек бинолар ва иншоотларда авариялар хавфи пайдо бўлганда қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилишини тўхтатиб туриш;

буюртмачилар ва пудратчиларга шаҳарсозлик соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларини бузаётган (уларнинг буйруқлари билан тайинланган) мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида тақдимномалар киритиш;

лойиҳа бўйича бажарилган қурилиш-монтаж ишларининг сифати ва тўлиқлиги, қурилиш объектларининг техник ҳолати ҳақида эксперт хулосалари бериш;

шаҳарсозликка оид қонун ҳужжатларининг бузилишлари тўғрисидаги материалларни суд органларига, прокуратурага бериш;

қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилишда қоидалар бузилган ҳолда топширилган объектларни статистика ҳисоботидан чиқариш тўғрисида статистика органларига тақдимнома киритиш.


10. Инспекция:

шаҳарсозлик фаолияти субъектлари томонидан лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ қурилиш-монтаж ишларининг сифати таъминланиши зарур тарзда назорат қилиниши;

объект қурилишида қўлланаётган қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкцияларининг техник жиҳатдан тартибга солишга доир норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги юзасидан зарур назорат ташкил этилиши;

қурилиш материаллари, конструкциялари ва буюмлари ишлаб чиқарувчилари томонидан техник жиҳатдан тартибга солишга доир норматив ҳужжатлар талабларига риоя этиш юзасидан зарур назоратнинг таъминланиши учун жавоб беради.



IV. ИНСПЕКЦИЯНИНГ НАЗОРАТ

ФУНКЦИЯЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


11. Қурилиш объектларида назорат ишлари буюртмачи ва пудратчининг буйруқлари (мавжуд бўлганда) билан тайинланадиган уларнинг масъул вакиллари иштирокида ўтказилади.

Зарур ҳолларда, назорат қилиш мақсадлари учун лойиҳалаштириш, банк ва (ёки) бошқа манфаатдор ташкилотлар мутахассислари шартнома асосида жалб этилиши мумкин.


12. Қурилиш материаллари, конструкциялари ва буюмлари ишлаб чиқарувчи корхоналарда назорат ишлари техник жиҳатдан тартибга солишга доир норматив ҳужжатларга (мавжуд бўлганда) риоя этилиши учун масъул бўлган мансабдор шахслар (бош муҳандис, цех бошлиғи, техника назорати бўлими бошлиғи ва бошқалар) иштирокида ўтказилади.


13. Назорат ишлари натижаларига кўра қурилиш объектида юритиладиган ишларни бажариш дафтарида тегишли ёзувлар қайд этилади, Инспекция инспектори, буюртмачи ва пудратчининг вакиллари имзолайдиган далолатнома тузилади, зарур ҳолларда ёзма кўрсатма берилади.

Унинг учун маъмурий жазо бериш назарда тутилган шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишлари ҳолатлари юзасидан ёзма кўрсатма Инспекция раҳбарининг имзоси билан берилади.

14. Инспекция инспекторлари ўз функционал вазифаларини бажаришда давлат назоратининг бошқа ваколатли органлари билан ўзаро ҳамкорлик қиладилар.



V. ИНСПЕКЦИЯ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


15. Инспекцияга Ўзбекистон Республикаси "Давархитектқурилиш" қўмитаси раиси буйруғи билан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган бошлиқ бошчилик қилади.


16. Инспекция бошлиғининг ўринбосари "Давархитектқурилиш" қўмитаси раиси билан келишган ҳолда Инспекция бошлиғининг буйруғи билан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.


17. Инспекциянинг инспекторлари ва бошқа ходимлари Инспекция бошлиғининг буйруғи билан тайинланади.

Инспекцияларнинг инспекторлари ўз функционал фаолиятини "Давархитектқурилиш" қўмитаси томонидан ҳар уч йилда ўтказиладиган аттестация натижаларига кўра бериладиган сертификатлар асосида амалга оширадилар.


18. Ҳудудий инспекция тўғрисидаги низом, Инспекциянинг штат жадвали ва харажатлар сметаси "Давархитектқурилиш" қўмитаси томонидан тасдиқланади.


19. Инспекциянинг ташкилий тузилмаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.


20. Инспекциялар фаолияти қуйидаги манбалар ҳисобига молиялаштирилади:

а) Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурига киритилган объектларда лойиҳа бўйича бажарилган қурилиш-монтаж ишларининг сифати ва тўлиқлиги юзасидан назорат функцияларини амалга ошириш учун бажарилган қурилиш-монтаж ишларининг қийматидан (ҚҚСсиз) ажратмалар:

мукаммал таъмирлаш объектлари бўйича - 0,05 фоиз;

янги қурилиш ва реконструкция қилиш объектлари бўйича - 0,08 фоиз;

б) тадбиркорлик субъектларининг қурилаётган объектлари бўйича шартнома асосида назоратни амалга ошириш ишларини бажаришдан қурилиш-монтаж ишлари қийматининг 0,03 фоизи миқдоридан ортиқ бўлмаган даромадлар;

в) қурилиш материалларини сертификатлаштириш, мавжуд бинолар ва иншоотларни тиклаш ёки реконструкция қилиш юзасидан уларнинг техник ҳолатини текшириш бўйича шартнома асосида ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишдан, шунингдек лаборатория хизматлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган хизматларнинг бошқа турларини кўрсатишдан олинган даромадлар.


21. Қурилиш материалларини сертификатлаштириш, мавжуд бинолар ва иншоотларнинг техник ҳолатини текшириш бўйича бажарилаётган ишлар ва кўрсатилаётган хизматларнинг, шунингдек лаборатория хизматлари ва Инспекция томонидан кўрсатилаётган хизматлар бошқа турларининг қийматини аниқлаш методикаси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда "Давархитектқурилиш" қўмитаси томонидан тасдиқланади.


22. Ҳар ойда Инспекциянинг шартнома асосида тушадиган даромадларининг 10 фоизи Ўзбекистон Республикаси "Давархитектқурилиш" қўмитасига ўтказилади.



VI. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


23. Инспекция ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан "Давархитектқурилиш" қўмитасига ёки судга мурожаат қилиниши мумкин.


24. Ноқонуний хатти-ҳаракатлари ҳамда юридик ва жисмоний шахсларга зарар етказилганлиги учун Инспекция инспекторлари қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.


25. Инспекцияни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 31-сон, 327-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами", 2011 йил, 7-сон, 67-модда