язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Қурилиш ва архитектура/ Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 02.12.2003 й. 538-сон қарорига 4-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2003 йил 2 декабрдаги

538-сон қарорига

4-ИЛОВА


Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура

ва қурилиш қўмитаси тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси (кейинги ўринларда матнда "Давархитектқурилиш" қўмитаси деб юритилади)нинг мақоми, вазифалари, функциялари, ваколатлари ва фаолиятининг ташкилий асосларини белгилайди.


2. "Давархитектқурилиш" қўмитаси:

шаҳарсозлик ва шаҳарсозлик фаолияти соҳасида давлат сиёсатини амалга оширувчи ваколатли давлат органи ҳисобланади;

ўз фаолиятини давлат бошқаруви бошқа органлари ва жойлардаги давлат ҳокимияти органлари билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади;

ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисоб беради.


3. "Давархитектқурилиш" қўмитаси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Олий Мажлис қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа қонун ҳужжатларига ҳамда мазкур Низомга амал қилади.


4. "Давархитектқурилиш" қўмитасининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари вазирликлар, идоралар, маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органлари, муассасалар ва ташкилотлар, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, хўжалик юритувчи субъектлар ва уларнинг бирлашмалари, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.


5. "Давархитектқурилиш" қўмитаси юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга, мустақил балансга, банкда ҳисоб рақамларига эга бўлади.


II. "ДАВАРХИТЕКТҚУРИЛИШ"

ҚЎМИТАСИНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


6. Қуйидагилар "Давархитектқурилиш" қўмитасининг асосий вазифалари ҳисобланади:

- шаҳарсозлик ва шаҳарсозлик фаолияти соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, замонавий архитектура ва шаҳарсозлик талаблари технологияларини ҳисобга олган ҳолда ҳудудларни жойлаштириш, режалаштириш ва қуришнинг илмий асосланган схемаларини таъминлаш;

- лойиҳалаштириш ва қурилиш-монтаж ишлари сифати, шаҳар ва қишлоқ аҳоли яшаш пунктларини режалаштириш ва қуришда шаҳарсозликка оид қонун ҳужжатлари, шаҳарсозлик нормалари, қоидалари ва стандартларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш;

- шаҳарсозлик фаолияти соҳасида ягона илмий ва техника сиёсатини амалга ошириш, тегишли ахборот базасини яратиш;

- капитал қурилишда ислоҳотларнинг боришини мувофиқлаштириш ва унинг мониторингини олиб бориш, капитал қурилишда иқтисодий ислоҳотларнинг боришини акс эттирувчи кўрсаткичлар тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, капитал қурилишда ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш ва Вазирлар Маҳкамаси киритиш;

- капитал қурилишни янада ислоҳ қилиш масалаларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва уларнинг мониторингини олиб бори, танлов савдоларини ташкил этиш ва ўтказишнинг белгиланган тартибига риоя этилишини назорат қилиш, шартнома муносабатларининг ролини ошириш, қурилишда нархларни шакллантириш тизимини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

- лойиҳалаштириш ва пудрат ишлари, қурилиш материаллари бозорларида рақобат муҳитини янада шакллантиришга кўмаклашиш;

- хусусийлаштириш жараёнларини чуқурлаштиришда, хусусий ва қўшма корхоналар, инжиниринг, консалтинг, суғурта ташкилотлари ва бозор инфратузилмасининг бошқа ташкилотларини ташкил этишда, шаҳарсозлик фаолияти соҳасида кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришда кўмаклашиш;

- танлов савдолари натижалари бўйича тузилган шартномалар мажбуриятлари бажарилиши мониторингини олиб бориш, объектлар қурилиши сифати ва муддатлари устидан назорат қилиш, марказлаштирилган манбалар ҳисобига молиялаштирилаётган объектларни қуриш сифати ва муддатларини назорат қилиш;

- қурилиш ва қурилиш материаллари, буюмлар ва конструкциялар ишлаб чиқариш соҳасида стандартлаштириш тартибини белгилаш ва у бўйича ишларни ташкил этиш, лойиҳалаштириш ва конструкциялаш ҳам шу жумлага киради;

- шаҳарлар, қишлоқ аҳоли яшаш пунктлари ва қишлоқлар орасидаги ҳудудларни режалаштириш ва қуришда шаҳарсозлик нормалари, қоидалари ва стандартларига риоя қилиниши, маданий мерос объектлари сақлаб қолинишини ҳисобга олган ҳолда уларнинг архитектура-режалаштирилиши ва архитектура-бадиий сифатларини яхшилаш, архитектура ва шаҳарсозликда миллий ва маданий анъаналарни ривожлантириш устидан назорат қилиш.


III. "ДАВАРХИТЕКТҚУРИЛИШ"

ҚЎМИТАСИНИНГ АСОСИЙ ФУНКЦИЯЛАРИ


7. "Давархитектқурилиш" қўмитаси ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

- шаҳарсозлик ва шаҳарсозлик фаолияти соҳасида давлат шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, бошқа қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини таъминлайди, уларга риоя этилиши ва уларнинг қўлланиши устидан мониторингни амалга оширади;

- ўз ваколатига кирувчи масалалар бўйича республика мақсадли дастурлари, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш прогнозларининг шаҳарсозлик бўлимларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда қатнашади;

- Ўзбекистон Республикаси ҳудудида аҳоли жойлашишининг Бош схемаси ишлаб чиқилишини, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар (вилоятлар гуруҳлари) ҳудудларини режалаштириш схемалари ва умумдавлат аҳамиятига эга бўлган алоҳида тартибга солинадиган шаҳарсозлик объектларининг шаҳарсозлик ҳужжатлари, шунингдек шаҳарсозлик фаолияти соҳасида илмий-тадқиқот ишлари ишлаб чиқилиши ташкил этилишини таъминлайди;

- шаҳарлар, шаҳар посёлкаларининг бош режаларини тасдиқлайди, тасдиқланиши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ваколатига тегишли бўлган шаҳарларнинг бош режалари бундан мустасно, ва Тошкент шаҳрининг, вилоят марказларини ва маданий мерос объекти аҳамиятига эга бўлган шаҳарларнинг марказий қисмларини батафсил режалаштириш лойиҳаларини тасдиқлайди;

- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига умумдавлат аҳамиятига эга бўлган алоҳида тартибга солинадиган шаҳарсозлик фаолияти объектлари учун чегараларни белгилаш тўғрисида таклифлар киритади;

- давлат шаҳарсозлик кадастри, шаҳарсозлик фаолияти объектлари мониторинги юритилишини амалга оширади, шаҳарсозлик ва танлов ҳужжатларини экспертизадан ўтказади;

- капитал қурилишда иқтисодий ислоҳотларнинг бориши ва унинг аҳволини, лойиҳалаштириш ва қурилиш ташкилотларини, қурилиш индустрияси корхоналарини рейтинг баҳоларини акс эттирувчи кўрсаткичлар тизимини жорий этади;

- лойиҳалаш ва пудрат ташкилотлари, қурилиш индустрияси корхоналари ва инвестиция фаолиятининг бошқа қатнашчилари тўғрисидаги маълумотлар банкини, шунингдек қурилиш материаллари, конструкциялари ва буюмлари нархлари, қурилиш машиналари ва механизмлари қиймати, транспорт харажатлари, ҳудудлар, тармоқ вазирликлари ва идоралари бўйича қурувчи ишчилар иш ҳақи тўғрисидаги маълумотларнинг ахборот банкини шакллантиради;

- Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси билан биргаликда Қурилиш-пудрат ташкилотлари реестрини юритади;

- шаҳарсозлик ва шаҳарсозлик фаолияти соҳасида давлат нормалари ва қоидалари ишлаб чиқилиши, рўйхатдан ўтказилиши, тасдиқланиши, амалга жорий этилиши ва қайта кўриб чиқилиши тартибини белгилайди;

- муҳандислик изланишлари соҳасида ягона техника сиёсатини амалга оширади, капитал қурилиш учун комплекс муҳандислик изланишларининг давлат фондини яратади;

- турар жой, жамоат бинолари ва бошқа биноларнинг кўп марталаб қўлланиладиган якка тартибдаги, намунавий ва тажриба лойиҳаларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

- лойиҳалаштириш ва қурилиш-монтаж ишлари сифатига, шаҳарсозлик ва шаҳарсозлик фаолиятида шаҳарсозлик нормалари, қоидалари ва стандартларига риоя этилиши устидан давлат архитектура-қурилиш назоратини амалга оширади, қурилиш объектлари рўйхатдан ўтказади ва қурилиш-монтаж ишларини бошлашга рухсатномалар беради;

- етакчи лойиҳа-қидирув ташкилотларининг лойиҳа фаолиятини мувофиқлаштиради;

- шаҳарсозлик соҳасида илмий тадқиқот ишларининг буюртмачиси вазифасини бажаради, уларнинг натижаларини қурилиш нормалари қоидалари ва стандлартларига киритади, лойиҳалаштириш ва қурилиш соҳасида янги концепцияларни яратади;

- қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқади ва маъмурий жазоларни қўллайди, йўл қўйилган қоида бузилишларида айбдор бўлган шахсларни жавобгарликка тортиш учун материалларни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва судга беради;

- капитал қурилишда давлат харидлари тизимини такомиллаштириш ишларини ва танлов савдолари мониторингини, шартнома муносабатларини мустаҳкамлаш, шартнома мажбуриятлари бажарилиши таъминланиши учун жавобгарликнинг турли шаклларини жорий этиш бўйича ишларни ташкил этади;

- қурилиш қийматини аниқлаш методларини ишлаб чиқади, моддий-техника ресурслари сарфининг смета-норматив базасини ва норматив кўрсаткичларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштиришни ташкил этади;

- капитал қурилишда шартномавий жорий нархлар ва тарифларни шакллантириш бўйича методологик кўрсатмалар ва тавсияларни ишлаб чиқади;

- манфаатдор вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан биргаликда шаҳарсозлик ва шаҳарсозлик фаолиятида таркибий, илмий-техник ва иқтисодий сиёсатининг асосий йўналишларини белгилайди;

- тармоқни ривожлантиришнинг ягона илмий-техник концепцияси ўтказилишини таъминлайди ва мақсадли илмий-техник дастурларни амалга оширади;

- қурилишнинг техник даражаси ва индустриялаштирилишини ошириш, комплекс механизациялаш ва автоматлаштириш, ресурсларни тежаш, материаллар ва меҳнат сарфини камайтириш, қурилиш материалларини лойиҳалаштириш ва ишлаб чиқариш, капитал қурилишда ишларнинг сифатини яхшилаш ишларини ташкил этишда қатнашади;

- шаҳарсозлик фаолияти, инвестиция жараёнини бошқариш, шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш, пудрат ишлари ва қурилиш материаллари бозорини такомиллаштириш, янги техникани ва қурилиш-монтаж ишлари технологияларини қўллаш масалалари бўйича хорижий мамлакатлар ва ташкилотлар билан халқаро илмий-техник ва иқтисодий ҳамкорликни амалга оширади ва уларда қатнашади, мамлакатимиз корхоналари ва ташкилотларига хорижий шериклар билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатишда кўмаклашади;

- ўз ваколатлари доирасида шаҳарсозлик ва шаҳарсозлик фаолияти соҳасида мутахассислар тайёрлаш ва уларни қайта тайёрлашни ташкил этади;

- қурилиш соҳасида фаолиятнинг айрим турларини лицензиялайди, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг қурилиш соҳасида лицензиялаш комиссиясининг ишчи органи функциясини бажаради, унинг қарорларига кўра лицензияларни расмийлаштиради, лицензия битимлари тузади, лицензиялар реестрини юритади, лицензиатлар томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади, лицензияларнинг амал қилишини ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга тўхтатиб туради ҳамда лицензияларнинг амал қилишини тиклайди;

- қурилиш материаллари, буюмлар ва конструкцияларни стандартлаштириш ва сертификатлашни амалга оширади;

- ҳар йили 1 февралгача Вазирлар Маҳкамасига капитал қурилишда иқтисодий ислоҳотларнинг бориши ҳамда қурилиш маҳсулотлари қийматига таъсир қилувчи нарх шакллантирувчи омилларнинг ҳолати тўғрисидаги таҳлилдий маълумотномаларни тақдим этади, унда марказлаштирилган манбалар ҳисобига молиялаштирилаётган объектлар қурилишига харажатлар моддалар бўйича кўрсатилади;

- аҳолини шаҳарсозлик фаолияти тўғрисида мунтазам равишда хабардор қилиб боради;

- қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


IV. "ДАВАРХИТЕКТҚУРИЛИШ" ҚЎМИТАСИНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


8. "Давархитектқурилиш" қўмитасига ўзига юкланган функцияларни амалга ошириши учун қуйидаги ҳуқуқлар берилади:

- ўз ваколатлари доирасида шаҳарсозлик ва шаҳарсозлик фаолияти соҳасида капитал қурилишдаги иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш масалалари ишлаб чиқилишини мувофиқлаштириш;

- ўз ваколатига кирувчи масалаларни ҳал этиш учун зарур бўлган материалларни вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органлари, корхоналар ва ташкилотлардан сўраш ва белгиланган тартибда олиш;

- ўз ваколатига кирувчи масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ва методологик ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда тасдиқлаш;

- ўз ваколатига кирувчи масалалар юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг топшириғига кўра халқаро даражада Ўзбекистон Республикаси манфаатларини ифодалаш, ўз ваколатига кирувчи масалалар бўйича хорижий давлатлар билан битимлар тайёрлаш ва тузишда, халқаро ва ҳукуматлараро ташкилотлар (комиссиялар) ишида қатнашиш;

- шаҳарсозлик ва шаҳарсозлик фаолияти соҳасида энг муҳим муаммоларни ишлаб чиқиш ва кўриб чиқиш бўйича идоралараро комиссиялар ва кенгашлар ташкил этиш;

- илмий-тадқиқот, технология, лойиҳа-конструкторлик ташкилотларини, олий ўқув юртлари ва бошқа муассасалар мутахассисларини, шунингдек алоҳида олимларни материалларни ишлаб чиқишга жалб этиш;

- шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги энг яхши илмий-техник ишланмаларни ҳамда ҳудудларни режалаштириш ва қуриш лойиҳаларини танлаш учун танловлар эълон қилиш ва танлов комиссиялари ташкил этиш;

- лойиҳалаштириш ва қуришнинг сифати ҳамда техник даражасини, ишлаб чиқарилаётган қурилиш материаллари, буюмлар ва конструкцияларни стандартлаштириш ва сертификатлаш ишлари ташкил этилишини белгиланган тартибда назорат қилиш; назорат натижалари бўйича тегишли қарорлар қабул қилиш;

- танлов ҳужжатларининг сифати ва таркибини, марказлаштирилган манбалар ҳисобига молиялаштириладиган капитал қурилишда товарлар (ишлар, хизматлар)ни харид қилиш бўйича танлов савдоларини ташкил этиш ва ўтказишнинг белгиланган тартиб-қоидаларига риоя этилишини текшириш;

- молиялаштиришнинг марказлаштирилган манбалари ҳисобига амалга оширилаётган қурилишда танлов савдолари натижалари тўғрисида буюртмачиларнинг ҳисоботларини келишиш;

- молиялаштиришнинг марказлаштирилган манбалари ҳисобига амалга оширилаётган қурилиш объектлари бўйича танлов савдолари ва тузилган шартномалар шартларининг буюртмачилар ва пудратчилар томонидан бажарилиши мониторингини ўтказиш;

- тасдиқланган лойиҳа ҳамда қурилиш нормалари ва қоидалари бузилган ҳолда амалга оширилаётган объектлар қурилишини тўхтатиб қўйиш;

- қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий жазолар бериш;

- материалларни объектларни фойдаланишга қабул қилиб олиш қоидаларини бузиш ҳоллари бўйича - ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ҳамда объектларни (якка тартибдаги уй-жой қурилишидан ташқари) қурилиш нормалари ва қоидалари бузилган ҳолда фойдаланишга топшириш ҳоллари бўйича статистика органларига статистика ҳисоботидан чиқариш учун - бериш;

- вазирликлар, идоралар ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви бошқа органларининг, шунингдек улар тасарруфидаги ташкилотларнинг шаҳарсозлик ва шаҳарсозлик фаолияти масалалари бўйича қонун ҳужжатларига зид бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки бекор қилиш тўғрисида таклифлар киритиш;

- шаҳарсозлик ва шаҳарсозлик фаолияти масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни мустақил равишда ёки бошқа вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ишлаб чиқиш ҳамда белгиланган тартибда тасдиқлаш.


9. "Давархитектқурилиш" қўмитаси қуйидагилар учун жавоб беради:

- шаҳарсозлик ва шаҳарсозлик фаолияти соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, замонавий архитектура ва шаҳарсозлик талаблари технологияларини ҳисобга олган ҳолда ҳудудларни жойлаштириш, режалаштириш ва қуришнинг илмий асосланган схемаларини таъминлаш;

- шаҳарлар, қишлоқ аҳоли яшаш пунктлари ва қишлоқлар орасидаги ҳудудларни режалаштириш ва қуришда лойиҳалаштириш, қурилиш-монтаж ишлари сифатига, шаҳарсозлик нормалари, қоидалари ва стандартларига риоя қилинишини ҳисобга олган ҳолда уларнинг архитектура-режалаштирилиши ва архитектура-бадиий сифатларини яхшилаш, архитектура шаҳарсозликда миллий анъаналарни ривожлантириш устидан назорат қилиш;

- лойиҳалаштириш ишларини такомиллаштириш, лойиҳалаштириш ва қурилиш ишлари сифатини ошириш, қурилишда норматив базани янгилаш;

- капитал қурилишни янада иқтисодий ислоҳ қилиш масалаларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва уларнинг мониторингини олиб бориш, нархларни шакллантириш, пудрат ишлари ва қурилиш материаллари бозорини ривожлантириш методларини такомиллаштириш;

- моддий-техника ресурсларини сарфлашнинг смета-норматив базасини ва норматив кўрсаткичларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш;

- танлов савдоларини ташкил этиш ва ўтказиш тартибига риоя қилиш, танлов савдолари натижалари бўйича тузилган шартнома мажбуриятларининг буюртмачилар ва пудратчилар томонидан бажарилиши мониторингини олиб бориш, объектларни қуриш сифати ва муддатларини назорат қилиш.



V. "ДАВАРХИТЕКТҚУРИЛИШ"ҚЎМИТАСИ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


10. "Давархитектқурилиш" қўмитасига Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тасдиқланадиган ва лавозимдан озод этиладиган раис бошчилик қилади.

"Давархитектқурилиш" қўмитаси раисининг Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган тўрт нафар ўринбосарлари, шу жумладан, бир нафар биринчи ўринбосари бўлади.

11. "Давархитектқурилиш" қўмитаси раиси:

"Давархитектқурилиш" қўмитаси фаолиятига раҳбарлик қилади ва "Давархитектқурилиш" қўмитасига юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

"Давархитектқурилиш" қўмитасининг марказий аппарати штат жадвалини тасдиқлайди;

тегишли органларда, шунингдек халқаро ташкилотларда "Давархитектқурилиш" қўмитаси номидан вакиллик қилади;

Қўмитага қарашли ташкилотларнинг уставлари (низомлари)ни белгиланган тартибда тасдиқлайди, уларнинг раҳбарларини лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади, Қўмитага қарашли ташкилотлар раҳбарлари билан қонун ҳужжатларига мувофиқ шартномалар тузади, уларни ўзгартиради ва бекор қилади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


12. "Давархитектқурилиш" қўмитасида раис (ҳайъат раиси), унинг ўринбосарлари (лавозимига кўра), шунингдек "Давархитектқурилиш" қўмитаси фаолиятининг асосий йўналишларини мувофиқлаштирувчи таркибий бўлинмалари раҳбарларидан иборат таркибда ҳайъат ташкил этилади.

Ҳайъатнинг аъзолари сони ва шахсий таркиби "Давархитектқурилиш" қўмитаси раисининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

13. Ҳайъат қуйидагилар билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади:

"Давархитектқурилиш" қўмитаси фаолиятининг шаҳарсозлик ва шаҳарсозлик фаолияти соҳасида давлат сиёсатини амалга оширишни давом эттириш, замонавий архитектура ва шаҳарсозлик талаблари технологияларини ҳисобга олган ҳолда ҳудудларни, шу жумладан, қишлоқ ҳудудларини жойлаштириш, режалаштириш ва қуришнинг илмий асосланган схемаларини таъминлаш, лойиҳалаштириш ва қурилиш-монтаж ишлари сифати, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ва ободонлаштириш ишларини кенгайтириш, шаҳар ва қишлоқ аҳоли яшаш пунктларини, намунавий лойиҳаларни режалаштириш ва қуришда шаҳарсозликка оид қонун ҳужжатлари, шаҳарсозлик нормалари, қоидалари ва стандартларига риоя этилиши юзасидан назоратни амалга ошириш, шаҳарсозлик фаолияти соҳасида ягона илмий ва техника сиёсатини амалга ошириш, тегишли ахборот базасини яратиш, капитал қурилишда иқтисодий ислоҳотларнинг боришини мувофиқлаштириш ва унинг мониторингини олиб бориш, капитал қурилишда иқтисодий ислоҳотларнинг боришини акс эттирувчи кўрсаткичлар тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш соҳасида давлат сиёсатини амалга оширишни давом эттириш бўйича ушбу Низомда белгиланган асосий йўналишларини тайёрлаш ва амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси "Давархитектқурилиш" қўмитаси номенклатурасига кирадиган лавозимларга кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш, тайёрлаш ва қайта тайёрлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ижро интизомини мустаҳкамлаш, уларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш учун "Давархитектқурилиш" қўмитаси раҳбарлари ва ходимларининг шахсий жавобгарлигини ошириш.

Ҳайъат "Давархитектқурилиш" қўмитаси ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқиш ҳуқуқига эга.

Ҳайъат мажлисига "Давархитектқурилиш" қўмитаси ваколатига кирадиган масалалар бўйича бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар раҳбарлари таклиф этилиши мумкин.

Ҳайъат унинг мажлисида таркибининг ярмидан кўпи қатнашган тақдирда ваколатли бўлади. Кўриб чиқилаётган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.

Ҳайъат қарорлари "Давархитектқурилиш" қўмитасининг қарорлари ва раиснинг буйруқлари билан амалга оширилади. Раис ва ҳайъат аъзолари ўртасида келишмовчиликлар пайдо бўлган тақдирда раис пайдо бўлган келишмовчиликлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот берган ҳолда мустақил равишда қарор қабул қилади. Ҳайъат аъзолари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига хабар қилишлари мумкин.

Ҳайъат фаолияти тартиби унинг ҳайъат тасдиқлайдиган регламентида белгиланади.

14. "Давархитектқурилиш" қўмитаси ҳузурида шаҳарсозлик ва капитал қурилишда илмий-техника тараққиёти муаммоларини мақбул тарзда ҳал этиш йўлларини кўриб чиқиш ва излаш учун илмий-техника кенгаши тузилади. Илмий-техника кенгашига Қўмита раиси бошчилик қилади. Кенгашнинг шахсий таркиби ва унинг тўғрисидаги Низом Қўмита раиси томонидан тасдиқланади. Вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар мутахассислари Илмий-техника кенгашида ишлашга жамоатчилик асосида жалб қилиниши мумкин.


15. Бошқармалар ва бўлимлар "Давархитектқурилиш" қўмитаси марказий аппаратининг асосий таркибий бўлинмалари ҳисобланади.

"Давархитектқурилиш" қўмитаси бошқармалари ва бўлимлари бошлиқлари "Давархитектқурилиш" қўмитаси раисининг буйруғи билан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.


16. "Давархитектқурилиш" қўмитаси таркибига қуйидагилар киради:

- Қорақалпоғистон Республикаси архитектура ва қурилиш қўмитаси;

- вилоятлар ва Тошкент шаҳар архитектура ва қурилиш бош бошқармалари;

- шаҳарлар ва туманлар архитектура ва қурилиш бошқармалари (бўлимлари);

- Давлат экспертизаси ҳудудий бошқармалари;

- Давлат архитектура-қурилиш назорати ҳудудий инспекциялари;

- Қурилишда танлов савдолари ва нархларни шакллантириш ҳудудий консалтинг марказлари;

- Қурилишда стандартлаштириш ва сертификатлаш республика маркази;

- Капитал қурилишда иқтисодий ислоҳотлар ва нархларни шакллантириш маркази;

- "AQATM" ахборот-жорий этиш маркази.

17. Қорақалпоғистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар архитектура ва қурилиш бош бошқармаларининг бошлиқлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонининг Ташкилий-назорат хизмати билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг фармойишига мувофиқ лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.

Шаҳар ва туман архитектура ва қурилиш бошқармаси (бўлими) бошлиқлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли Комплекси билан келишган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари қарорига мувофиқ лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.

Бошқа таркибий бўлинмалар раҳбарларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш тўғрисидаги қарорни Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси қабул қилади.


18. "Давархитектқурилиш" қўмитаси марказий аппарати тузилмаси ва ходимлари сони, Қорақалпоғистон Республикаси архитектура ва қурилиш қўмитаси ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳар архитектура ва қурилиш бош бошқармалари, шаҳар ва туман архитектура ва қурилиш бошқарма (бўлим)лари тузилмаси ва ходимлари сони Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

19. "Давархитектқурилиш" қўмитаси марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси архитектура ва қурилиш қўмитаси ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳар архитектура ва қурилиш бош бошқармалари, шаҳар ва туман архитектура ва қурилиш бошқарма (бўлим)лари таъминоти харажатларини маблағ билан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳамда бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига амалга оширилади.

20. "Давархитектқурилиш" қўмитаси марказий аппаратининг штат жадвали, шунингдек унинг таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомлар ҳамда уларнинг штат жадвали молия органларида рўйхатдан ўтказилгандан кейин, "Давархитектқурилиш" қўмитаси раиси томонидан тасдиқланади.


21. "Давархитектқурилиш" қўмитаси ходимларини моддий рағбатлантириш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

"Давархитектқурилиш" қўмитасида Ривожлантириш ва моддий рағбатлантириш жамғармаси ташкил этилади. Жамғарма маблағлари капитал қурилишда қонунбузишлар учун жазо жарималари қўллашдан Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси тасарруфига тушган маблағларнинг бир қисмини ажратиш ҳисобига ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига белгиланган тартибда шакллантирилади.

Ривожлантириш ва моддий рағбатлантириш жамғармаси тўғрисидаги низом Молия вазирлиги билан келишган ҳолда "Давархитектқурилиш" қўмитаси ҳайъатининг қарори билан тасдиқланади.


22. "Давархитектқурилиш" қўмитаси қонун ҳужжатларига мувофиқ журналлар, газеталар таъсис этади ва нашр қилади ҳамда радио ва телевидениеда мавзули дастурлар шакллантирилишини таъминлайди.

23. "Давархитектқурилиш" қўмитасини қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2003 йил, 23-сон, 233-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2003 йил, 12-сон, 128-модда