язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Пенсиялар. Нафақа. Ижтимоий ҳимоя/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Нафақа. Компенсация ва бошқа тўловлар/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 26.03.1992 й. ПФ-366-сон "Пенсиялар, стипендиялар ҳамда бюджет ҳисобидаги муассасалар ходимларининг иш ҳақи миқдорларини ошириш тўғрисида"ги Фармони

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

26.03.1992 й.

N ПФ-366

ПЕНСИЯЛАР, СТИПЕНДИЯЛАР ҲАМДА БЮДЖЕТ

ҲИСОБИДАГИ МУАССАСАЛАР ХОДИМЛАРИНИНГ

ИШ ҲАҚИ МИҚДОРЛАРИНИ ОШИРИШ ТЎҒРИСИДА



Истеъмол моллари ва хизматларга чакана нархлар ошиб бораётган шароитда республика аҳолисини ва аввало унинг ночор табақаларини ижтимоий ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида:


1. 1992 йилнинг 16 мартидан халқ таълими, соғлиқни сақлаш, маданият, ижтимоий таъминот, фан, уй-жой-коммунал тармоғи, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамда Ўзбекистон Мудофаа ишлари вазирлиги тизими ходимларининг иш ҳақи, шу жумладан, имтиёзли овқатланиш учун ҳар ойлик товон тўловлари 1,7 баравар оширилсин.


2. 1992 йилнинг 16 мартидан олий ўқув юртлари талабаларининг, аспирантларнинг, докторантларнинг стипендиялари, кийим-бош ва овқат билан таъминланмайдиган техникумлар ҳамда ҳунар-техника билим юртлари ўқувчиларининг стипендиялари 1,5 баравар кўпайтирилсин, бунда имтиёзли овқатланиш учун ҳар ойлик қўшимча тўловларнинг аввалги миқдорлари ҳамда талабаларнинг ошхоналари ва буфетларида тушлик овқатларнинг қийматидан 50 фоизли чегирмалар сақлаб қолинсин.


3. 1992 йилнинг 16 мартидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иш ҳақи ва меҳнат пенсиясининг энг оз миқдори ойига 550 сўм қилиб белгилансин.

Улуғ Ватан урушининг қатнашчилари ва ногиронларига энг оз миқдори 700 сўм бўлишидан келиб чиқиб, пенсиялар миқдори белгилансин, бунда Улуғ Ватан уруши III гуруҳ ногиронлари пенсияларининг миқдори энг оз иш ҳақи даражасигача етказилсин.


4. 1992 йилнинг 1 апрелидан фуқароларнинг солиқ олинмайдиган даромадларининг энг паст даражаси ойига 550 сўм миқдорида белгилансин.


5. Аҳоли даромадларининг даражасини тўғрилаб олиш мақсадида ойига 1600 сўмдан ошадиган иш ҳақидан даромад солиғи миқдорларини ошириш зарур деб ҳисоблансин. Шунга асосан Вазирлар Маҳкамаси даромад солиғининг конкрет миқдорларини аниқласин ҳамда уларни солиқ тўловчиларга етказсин.


6. Республика вазирликлари, идоралари, уюшмалари, концернлари, корхоналари ва хўжаликлари меҳнат унумдорлигини ўстириш ва ишлаб чиқариш (ишлар ва хизматлар)нинг ҳажмларини ошириш ҳисобига ушбу Фармонда белгиланган минимумни эътиборга олган ҳолда ишловчиларнинг маошини янада кўпайтиришга доир чора-тадбирлар комплекси амалга оширилишини таъминласинлар.


7. Ўзбекистон Давлат банки, тегишли тижорат банклари, Ўзбекистон Республикасининг вазирликлари ва идоралари, Нафақа жамғармаси, Ижтимоий таъминот вазирлиги, бюджет ҳисобидаги муассасалар ва ўқув юртларининг раҳбарлари 1992 йилнинг 1 апрелигача ушбу Фармонда белгиланган пенсиялар, стипендиялар ва иш ҳақи миқдорларидан келиб чиқиб, аванс тўловларини таъминласинлар.


8. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси ушбу Фармонни рўёбга чиқаришга оид ташкилий чора-тадбирларни кўзда тутувчи қарор қабул қилсин.

9. Ўзбекистон Республикасининг Адлия вазирлиги бир ой муддат ичида амалдаги қонунларни мазкур Фармонга мувофиқ ҳолга келтириш тўғрисидаги таклифларни тайёрласин.


10. Фармоннинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси ва Давлат банки зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                  И. Каримов

"Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси", 1992 й., 5-сон, 225-модда