язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Пенсиялар. Нафақа. Ижтимоий ҳимоя/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Пенсия таъминоти/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 25.08.1992 й. ПФ-458-сон "1992 йил 1 сентябрдан нафақалар, стипендиялар ҳамда бюджет ҳисобидаги ташкилотлар ходимларининг иш ҳақи миқдорларини ошириш тўғрисида"ги Фармони

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

25.08.1992 й.

N ПФ-458



1992 ЙИЛ 1 СЕНТЯБРДАН НАФАҚАЛАР,

СТИПЕНДИЯЛАР ҲАМДА БЮДЖЕТ ҲИСОБИДАГИ

ТАШКИЛОТЛАР ХОДИМЛАРИНИНГ ИШ ҲАҚИ

МИҚДОРЛАРИНИ ОШИРИШ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг бир йиллиги байрам қилиниши муносабати билан:


1. Республика ҳудудида иш ҳақи ва меҳнат нафақасининг энг оз миқдори ойига 1250 сўм қилиб белгилансин.

1992 йил 1 сентябрдан бошлаб фуқаролар иш стажининг оз-кўплигига ва хизматларига қараб меҳнат нафақаларининг табақалаштирилган миқдорлари жорий этилиб, бунда мазкур Фармонда белгиланган энг оз миқдор асос қилиб олинсин.


2. Улуғ Ватан урушининг қатнашчилари ва ногиронларига энг оз миқдор 1600 сўм бўлишидан келиб чиқиб, нафақалар миқдори белгилансин, бунда Улуғ Ватан уруши III гуруҳ ногиронлари нафақаларининг миқдори энг оз иш ҳақи даражасигача етказилсин.


3. Бюджет ҳисобидаги муассасалар ва ташкилотлар ходимларининг иш ҳақи 25 фоиз оширилсин.


4. Фуқароларнинг солиқ олинмайдиган даромадларининг энг паст даражаси ойига 1250 сўм миқдорида белгилансин.

Меҳнаткашлар барча тоифаларининг ўртача иш ҳақи умуман оширилишини ҳисобга олиб, ойига 5250 сўмгача бўлган иш ҳақидан олинадиган даромад солиғининг энг кам миқдори (12%) белгилансин.


5. Олий ўқув юртлари талабаларининг стипендиялари, техникумлар ҳамда кийим-бош ва овқат билан таъминланмайдиган ҳунар-техника билим юртлари ўқувчиларининг стипендиялари 1,5 баравар кўпайтирилсин, бунда имтиёзли овқатланиш учун ҳар ойлик қўшимча тўловларнинг аввалги миқдорлари бекор қилинсин. Талабаларнинг ошхоналари ва буфетларида тушлик овқатлар қийматидан 50 фоизли чегирмалар сақлаб қолинсин.


6. Республика вазирликлари, идоралари, уюшмалари, концернлари, корхоналари ва хўжаликлари меҳнат унумдорлигини ва ишлаб чиқариш (ишлар ва хизматлар)нинг ҳажмларини тегишли даражада оширишни таъминлаган тақдирда ушбу Фармонда белгиланган энг оз миқдорни ҳисобга олиб, ишловчиларнинг маошини янада оширсинлар.


7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йил 27 июнда 433-сон Фармони 4, 5, 6-бандлари ва 3-бандининг имтиёзли овқатланиш учун ойлик қўшимча ҳақ тўлаш тўғрисидаги қисми ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


8. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддат ичида ушбу Фармонни рўёбга чиқаришга оид ташкилий чора-тадбирларни кўзда тутувчи қарор қабул қилсин.

9. Фармоннинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                            И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси", 1992 й., 10-сон, 414-модда