язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Пенсиялар. Нафақа. Ижтимоий ҳимоя/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Пенсия таъминоти/ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг 11.04.1992 й. 186-сон "Нафақалар, стипендиялар ҳамда бюджет ҳисобидаги муассасалар ходимларининг иш ҳақи миқдорларини ошириш чоралари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИ ҲУЗУРИДАГИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

11.04.1992 й.

N 186



НАФАҚАЛАР, СТИПЕНДИЯЛАР

ҲАМДА БЮДЖЕТ ҲИСОБИДАГИ

МУАССАСАЛАР ХОДИМЛАРИНИНГ

ИШ ҲАҚИ МИҚДОРЛАРИНИ ОШИРИШ

ЧОРАЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Нафақалар, стипендиялар ҳамда бюджет ҳисобидаги муассасалар ходимларининг иш ҳақи миқдорларини ошириш тўғрисида” 1992 йил 26 мартдаги Фармонига мувофиқ Ўзбекистон давлат банки, тегишли тижорат банклари, республика вазирликлари ва идоралари томонидан нафақалар, стипендиялар ва иш ҳақининг Фармон билан белгиланган янги миқдорларидан келиб чиқиб, аванс тўловлар амалга оширилаётганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Ижтимоий таъминот вазирлиги:

нафақалар энг кам миқдорининг 1992 йил 16 мартгача амал қилган қайта ҳисоб-китобини ўтказсин;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Пенсия фонди, Меҳнат вазирлиги ва Адлия вазирлиги билан биргаликда 10 кун муддат ичида юқорида қайд қилинган Фармон билан белгиланган энг кам миқдордан келиб чиққан ҳолда иш стажининг давомийлигига ва фуқароларнинг хизматларига боғлиқ равишда меҳнат ва шахсий пенсияларни табақалаштириш тартибини назарда тутувчи Вазирлар Маҳкамаси қарорининг лойиҳасини тайёрласин.


3. Меҳнат вазирлиги Молия вазирлиги ҳамда тегишли вазирликлар ва идоралар, республика бюджетидан маблағ билан таъминланадиган бошқа ташкилотлар ва муассасалар билан биргаликда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши билан келишиб, тариф ставкалари ва окладларнинг - иш ҳақига қўшимчаларнинг бошқа турларини ҳисобга олган ҳолда - халқ таълими, соғлиқни сақлаш, маданият, ижтимоий таъминот, фан, уй-жой-коммунал хўжалиги тармоқлари (номоддий ишлаб чиқариш соҳалари) ходимлари меҳнатининг рағбатлантирилишини таъминлайдиган янги миқдорларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.


4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2 ва 3-бандларда қайд этилган аҳоли тоифалари учун 1992 йил бюджетида нафақалар, стипендиялар ва иш ҳақини ошириш учун зарур бўлган маблағларни назарда тутсин, бунда ушбу мақсадлар учун бюджетдан ташқари маблағларни ва бошқа манбаларни жалб этишни таъминлаш эътиборга олинсин.


5. Вазирликлар, идоралар, уюшмалар, концернлар, бирлашмалар, корхоналар ва хўжаликлар 1992 йилда ва ундан кейинги йилларда меҳнат унумдорлигининг ўсиши ва ишлаб чиқариш (ишлар, хизматлар) ҳажмини ошириш ҳисобига иш ҳакининг белгиланган энг кам миқдорини ҳисобга олган ҳолда ишловчиларнинг иш ҳақи янада ўсишини таъминловчи чора-тадбирларни амалга оширсинлар.


6. Ўзбекистон давлат банки, “Ўзсаноатқурилишбанк”, “Ўздеҳқончиликсаноатбанк”, “Ўзжамғармабанк”:

иш ҳақи, стипендиялар ва нафақалар тўлаш учун республика корхоналари, муассасалари ва ташкилотларини нақд пул билан ўз вақтида таъминласинлар;

корхоналар ва ташкилотлар томонидан республика Пенсия фондига суғурта бадалларининг ўз вақтида ва тўла ўтказилиши устидан қаттиқ назорат ўрнатсинлар.


7. Чўл ва сувсиз жойларда, баланд тоғларда ва оғир табиий-иқлим иш шароитларида ишлаганлиги учун аввал имтиёзлар жорий этилган корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар ходимларининг иш ҳақига 1992 йил 1 апрелдан бошлаб 2500 сўм миқдорида коэффициентлар ҳисоблаш учун чегараланган миқдор белгилансин, иш ҳақининг 2500 сўмдан ошувчи қисмига эса коэффициент ҳисобланмайди.

Коэффициентлар ҳисоблаш учун чегараланган миқдорнинг ошиши муносабати билан иш ҳақига сарф-харажатлар корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар ҳисобидан ва уларнинг ўзларининг маблағлари доирасида амалга оширилади.


8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 3 кун муддат ичида Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Раёсатига кейинчалик уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдаги сессиясида кўриб чиқиш учун фуқаролардан солиқ олишнинг вақтинчалик тартиби тўғрисида таклиф киритсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Меҳнат вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддат ичида амалдаги қонунчиликка ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифни ишлаб чиқсинлар ва Вазирлар Маҳкамасига киритсинлар.


10. Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 21 январдаги 22-сон қарорининг 6-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазирнинг ўринбосарлари, Вазирлар Маҳкамаси комплекслари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари зиммасига юклатилсин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                            И. Каримов