язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Пенсиялар. Нафақа. Ижтимоий ҳимоя/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Ногиронлик, вақтинча меҳнатга кобилиятсизлик (ТМЭК, ТМК)/ 16 ёшгача бўлган болаларга ногиронликни тайинлаш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 27.06.2007 й. 1695-сон билан рўйхатга олинган 12.06.2007 й. ССВ 6-сон ва МАИМҚВ 29/1-сон қарори билан тасдиқланган)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2007 йил 27 июнда 1695-сон

билан рўйхатга олинган

Соғлиқни сақлаш вазирлиги,

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий

муҳофаза қилиш вазирлигининг

2007 йил 12 июндаги

6, 29/1-сон қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



16 ёшгача бўлган болаларга ногиронликни

тайинлаш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ижтимоий ҳимоя йили" Давлат дастури тўғрисида" 2007 йил 23 январдаги ПҚ-573-сон қарорига мувофиқ 16 ёшгача бўлган болаларга (кейинги ўринларда матнда болалар деб юритилади) ногиронликни тайинлаш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Жисмоний ёки ақлий нуқсонлари борлиги туфайли турмуш фаолияти чекланганлиги муносабати билан ижтимоий ёрдам ва ҳимояга муҳтож бўлган болалар ногирон деб ҳисобланади.

Болаларнинг турмуш фаолияти чекланганлиги уларнинг ўз-ўзига хизмат қилиш, юриш, йўлни топа олиш, мулоқот қилиш, ўз хатти-ҳаракатини назорат қилиш, шунингдек таълим олиш ва меҳнат фаолияти билан шуғулланиш қобилияти ёки имкониятини тўла ёхуд қисман йўқотганлигида ифодаланади.


2. Болаларни ногирон деб топиш уларнинг қонуний вакиллари - ота-оналари, фарзандликка олувчилари ёки васийлари (ҳомийлари)нинг доимий яшаш жойидаги туман (шаҳар) даволаш-профилактика муассасаларида фаолият кўрсатаётган врачлик маслаҳат комиссияси (кейинги ўринларда матнда ВМК деб юритилади) томонидан мазкур Низомда белгиланган тартибда амалга оширилади.


3. ВМКга туман (шаҳар) даволаш-профилактика муассасаси бош шифокори раислик қилади.

ВМК таркиби бош шифокор ўринбосари, бўлим бошлиғи ва даволовчи шифокорлар (педиатр, терапевт, психиатр, фтизиатр ва бошқа мутахассислар)дан иборат таркибда туман (шаҳар) даволаш-профилактика муассасаси бош шифокори томонидан тасдиқланади.


4. ВМК томонидан бериладиган болаларни ногирон деб топиш тўғрисида тиббий хулоса (кейинги ўринларда матнда тиббий хулоса) ногирон болаларга ижтимоий нафақа тайинлашга асос бўлиб ҳисобланади.



II. БОЛАЛАРНИ НОГИРОН

ДЕБ ТОПИШ ТАРТИБИ


5. Болаларни тиббий текширувлардан ўтказиш жараёнида шифокорлар (педиатр, терапевт, психиатр, фтизиатр ва бошқалар) томонидан уларда ушбу Низомнинг 1-иловасида берилган "Тиббий кўрсатмалар рўйхати"да кўрсатилган касалликлар ва ногиронлик белгиларини аниқлаган ҳолатларда, болаларнинг тиббий ҳужжатлари (касаллик тарихидан кўчирма, зарурият бўлган ҳолларда рентген УЗИ, ЭЭГ, компьютер томографияси, лаборатория-биохимик синамалари ўтказилган текширувлар) уларнинг қонуний вакиллари - ота-оналари ёки васийларининг (ҳомийларининг) доимий яшаш жойидаги ВМКга тақдим этилади.


6. Болалар ВМК томонидан бериладиган тиббий хулоса асосида ногирон деб топилади.


7. ВМК тиббий хулосани беришда қуйидагиларни эътиборга олади:

болаларнинг тиббий ҳужжатларидаги маълумотлар (касаллик тарихидан кўчирма, айрим ҳолларда рентген УЗИ, ЭЭГ, компьютер томографияси, лаборатория-биохимик синамалари ўтказилган текширувлар);

ногиронликка сабаб бўлган ҳолатлар (туғма, наслдан-наслга ўтадиган касалликлар ёки жароҳат ва сурункали касалликлар, орттирилган патологик ҳолатлар натижасида юзага келган ногиронлик);

ногиронликнинг ҳажми ва таркиби;

касалликнинг хусусияти, болаларнинг ёши, унинг аъзолари функциясининг бузилиш даражаси, компенсатор механизмлар ҳолати, касалликларнинг кечиши, ижтимоий мослашув имкониятлари;

болаларнинг тиббий, шахсий-психологик, ижтимоий-педагогик омиллар комплексларини қамраб олган якка тартибдаги реабилитация дастури тарзида белгиланадиган ижтимоий ҳимояга муҳтожлиги ва бошқалар.


8. Тиббий хулоса болаларни белгиланган тартибда амбулатория ва шифохоналар шароитида тўлиқ текширувлардан ўтказилгандан сўнг ВМК қарорига мувофиқ берилади.


9. ВМК тиббий хулосани беришда ушбу Низомнинг 1-иловасида берилган "Тиббий кўрсатмалар рўйхати"га асосланади.


10. Касалликлар ва уларнинг патологик ҳолатларига мувофиқ тиббий хулосалар 1 йил муддатга, 2 йил муддатга ва ундан кўп бўлган муддатга берилади.


11. "Тиббий кўрсатмалар рўйхати"нинг I бўлимида кўрсатилган ҳолатлар, яъни касалликлар жароҳат ёки амалга оширилган тиббий амалиётлар натижасида болаларнинг аъзоси ва аъзолар тизимларининг функцияси бузилиши сабабли, гарчи даволаш натижасида кўрсатилган ҳолатлар тикланиши мумкин бўлсада, болаларнинг яшаш фаолиятини чекланишига ва ижтимоий ҳаётга мослаша олмасликка олиб келган ҳолатларда тиббий хулосалар 1 йил муддатга берилади. Бунда тиббий хулоса бериш болаларнинг шифохоналарда (шу жумладан, ихтисослаштирилган шифохоналарда) ҳамда амбулатория-поликлиника шароитида 6 ой давомида давом этган патологик ўзгаришларни инобатга олган ҳолда ВМК томонидан амалга оширилади.


12. "Тиббий кўрсатмалар рўйхати"нинг II бўлимида кўрсатилган ҳолатлар, яъни болалар организми функцияларининг кучли равишда бузилган, уларнинг ўзгалар ёрдамига муҳтожлиги сезилган ва ўз-ўзига хизмат қилиш чегараланган, лекин болаларда тузалиш эҳтимоли бўлган ҳолатларда тиббий хулоса 2 йил муддатга берилади. Бунда тиббий хулосалар ВМК томонидан ҳар 2 йилда қайта расмийлаштирилади. Тиббий хулосаларни қайта расмийлаштиришда болаларнинг физиологик, анатомик, аъзо ва унинг тизимларининг компенсатор ҳолатлари, уларнинг тез ўсувчанлиги ва тикланиши ҳисобга олинади.


13. "Тиббий кўрсатмалар рўйхати"нинг III бўлимида кўрсатилган ҳолатлар, яъни ўз-ўзига хизмат қилишнинг тўлиқ йўқолишига олиб келувчи организм фаолиятининг кескин, турғун ва орқага қайтмас бузилиши натижасида болаларнинг яшаш фаолиятининг кучли даражада чегараланишига ва ижтимоий ҳаётга мослаша олмасликка олиб борадиган аъзо ва унинг тизимларининг патологик ҳолатларида тиббий хулоса болаларнинг 16 ёшга тўлгунгача бўлган муддатга берилади. Бунда болаларнинг аҳволини динамик кузатиш, уларни реабилитация техник воситалари билан таъминлаш ва ҳаётга мослашувчанлигини белгилаш мақсадида тиббий хулоса дастлаб 2 йил муддатга берилади. Мазкур муддат тугагач ВМК томонидан тиббий хулоса болаларнинг 16 ёшга тўлгунгача бўлган муддатга берилади.


14. Ногирон болаларга тиббий хулоса берилиши билан бирга ВМК томонидан ногирон болаларнинг ота-оналарига фарзандларига тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатишлари лозимлиги, шу билан бирга, болаларга протез-ортопедия маҳсулотлари ҳамда реабилитация техник воситалари ажратилиши зарурлиги тушунтирилади.


15. ВМК касаллик тавсифига кўра ҳар бир ногирон болага якка тартибдаги реабилитация дастурини тузади ва унинг ижросини таъминлайди.



III. БОЛАЛАРНИ НОГИРОН ДЕБ ТОПИШ

ТЎҒРИСИДА ТИББИЙ ХУЛОСАНИ

РАСМИЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ


16. Тиббий хулосага боланинг касаллик тарихидан олинган маълумотлар ҳамда унинг туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси, ота-онаси ёки васийининг (ҳомийсининг) паспортидаги маълумотлар, шунингдек, ҳудудий даволаш-профилактика муассасасининг бош шифокори ҳамда ВМК аъзоларининг исми, фамилияси ва лавозими тўғрисидаги маълумотлар киритилади.


17. Тиббий хулоса 1 ёки 2 йиллик муддатга берилган ҳолатларда тиббий хулосада 16-бандда кўрсатилган маълумотлардан ташқари, шунингдек боланинг навбатдаги тиббий кўрикдан ўтиш санаси ҳам кўрсатилади.

Болани қайта кўрикдан ўтказиш муддатлари касалликнинг оғирлик даражаси, унинг кечиши, функционал етишмовчиликнинг турғунлиги, ўз-ўзига хизмат қила олиш ҳолати, ҳаракатланиш, чамалаш, мулоқот, ўқиш, ўз юриш-туришини назорат қилиш қобилиятининг башорат қилинадиган динамикасига қараб белгиланади.


18. Низомнинг 2-иловасида кўрсатилган касалликлар ва уларнинг паталогик ҳолатлари ногирон болаларда мавжуд бўлган тақдирда тиббий хулосада мазкур болалар учун лозим бўлган ёрдамчи воситалар (махсус асбоб-ускуна, мосламалар ва ҳаракат учун воситалар) кўрсатилиши лозим.


19. Тиббий хулосалар ВМК томонидан болаларга тааллуқли тиббий ҳужжатлар қабул қилиб олинган кундан бошлаб 1 ойлик муддатда берилади.


20. Тиббий хулоса ВМК томонидан ушбу Низомнинг 3-иловасида белгиланган шаклда расмийлаштирилади ва ҳудудий даволаш-профилактика муассасасининг бош шифокори ва ВМК аъзолари томонидан имзоланади ҳамда мазкур даволаш-профилактика муассасасининг юмалоқ муҳри билан тасдиқланади.


21. Тиббий хулоса берилгач, бу ҳақда болаларнинг амбулатор картасига (112-шакл) қайд киритилади.


22. Болаларнинг ота-оналари ёки васийлари (ҳомийлари) ВМК томонидан тиббий хулосалар берилган кундан бошлаб 10 кун муддат ичида тиббий хулосани ўзлари доимий яшаш жойидаги туман (шаҳар) ижтимоий таъминот бўлимларига топширишлари лозим.


23. Тиббий хулоса бериш билан боғлиқ барча ҳужжатларнинг сақланиши ВМК раиси томонидан таъминланади.


24. Ногирон болаларга тиббий хулоса бериш масъулияти ВМК раиси зиммасига, унинг назорати эса Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказий шифохоналари бош шифокорлари ҳамда Тошкент шаҳрининг туман (ҳудудий) тиббий бирлашмалари бошлиқлари зиммасига юклатилади.



IV. НИЗОЛАРНИ ҲАЛ ЭТИШ

ВА ЖАВОБГАРЛИК


25. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказий шифохоналари ҳамда Тошкент шаҳрининг туман (ҳудудий) тиббий бирлашмалари қошида болаларга ногиронликни белгилашда юзага келадиган низоларни кўриб чиқиш учун Апелляция комиссияси ташкил этилади.


26. Апелляция комиссияси таркиби Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказий шифохоналари бош шифокори ҳамда Тошкент шаҳрининг туман (ҳудудий) тиббий бирлашмалари бошлиқлари томонидан тасдиқланади.


27. Тиббий хулоса натижаларидан норози бўлган ногирон болаларнинг ота-оналари ёки васий (ҳомий)лари тиббий хулоса берилган кундан бошлаб бир ой муддат давомида бу тўғрисида Апелляция комиссиясига ёки судга мурожаат қилишлари мумкин.


28. Апелляция комиссиясининг хулосаси якуний деб ҳисобланади ва тиббий хулоса мазкур комиссия хулосаси асосида болаларнинг қонуний вакиллари - ота-оналари, фарзандликка олувчилари ёки васийлари (ҳомийлари)нинг доимий яшаш жойидаги туман (шаҳар) даволаш-профилактика муассасаларида фаолият кўрсатаётган ВМК томонидан берилади.


29. Тиббий хулоса бериш тартибини бузган айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.





Низомга

1-ИЛОВА



16 ёшгача бўлган болаларга ногиронликни белгилаш учун

ТИББИЙ КЎРСАТМАЛАР

Р Ў Й Х А Т И

I. 1 йил муддатга ногиронлик белгиланадиган касалликларнинг

номлари ва уларнинг патологик ҳолатлари

Касалликларнинг номлари ва патологик ҳолатлари

Клиник кўринишлар ва функционал ҳолатларнинг тавсифи

1. Бош ва орқа мия жароҳати оқибати, марказий нерв системасининг вирусли инфекциялари, туғруқ жароҳатлари оқибатида бош суяк ичи тўқималарининг ёрилиши ва қон кетиш оғир асоратлари, асоратланган постнатал энцефалопатия. Гидроцефалияни декомпенсация даври, мия дисфункцияси, ақлий-нутқий ривожланишдан орқада қолиш, бош ва орқа мия қон айланишининг оғир бузилишлари, ақлий заифлик.


Ҳаракат, руҳий ва нутқ бузилишларининг аниқ клиник кўринишларида ҳаракатнинг (чуқур парез, плегия, чуқур парапарез, параплегия, чуқур трипарез, триплегия, гемиплегия, чуқур гемипарез, чуқур тетрапарез, тетраплегия, афазия, дизартрия, порциал ва генераллашган эпилептик хуружи, хотирани бузилиши.

Нейроинфекция асоратлари: менингит, энцефалит, миелит, менингоэнцефалит, лейкоэнцефалит, энцефаломиелит. Спастик тетрапарез, гемипарез, контрактура, интеллектнинг орқада қолиши, тутқаноқ хуружлари, ғилайлик, ютинишни бузилиши, нутқни кучли бузилиши.

Бош ва орқа мия туғруқ жароҳатларининг оғир асоратлари:

Субдурал, субарахноидал, паренхиматоз, қоринчалар ичига ва бошқа қон қуйилишлар. Перивентрикуляр лейкомаляция, елка плексити ва бошқа плекситлар, миелит. Қўл ва оёқларда парез, фалажлик, мушак гипотрофияси, тутқаноқ хуружи, ақлий ва нутқий ривожланишдан орқада қолиш, ғилайлик, дисфагия, дизартрия, чаноқ аъзолари фаолиятининг бузилиши.

Постнатал энцефалопатия асоратлари, тез-тез тутқаноқ хуружи ўрта ва кучли даражадаги олигофрения, кучли гиперкинез, кучли парезлар.


2. Хирургик амалиётидан кейинги ҳолатлар: қизилўнгач, меъда ва ичакларнинг ўтказувчанлигини бузилиши - оқмалар, ахлат ва сийдик тутаолмаслик, сурункали юрак, қон томир, буйрак, жигар, ўпка етишмовчилиги. Қулоқ-томоқ-бурун касалликлари. Иккала қулоқда радикал операция ўтказилганидан кейин ва унинг икки қулоқда кондуктив ҳамда нейросенсор эшитиш пастлиги асоратини берганда, эшитиш қобилиятини 60-80 Дбга пасайиши). Ўсмирлар ангиофибромаси сабабли ўтказилган хирургик амалиётидан кейинги ҳолат. Риноген ва мия қутиси ичи асоратлари сабабли хирургик амал ўтказган беморлар (мия ва мияча хўппозлари, менингит, синусотромбоз). Чақалоқларда узоқ назоратни талаб қиладиган суяк-мушак тизимини туғма аномалияси (ривожланиш нуқсонлари ва деформациялари).


Операциядан кейинги даврда узоқ қайта тиклаш ва реабилитацион муолажаларни талаб қиладиган ҳолатлар, деформацияни гипс боғлами ёрдамида босқичма-босқич даволаш ҳолати.


3. Сийдик таносил системаси касалликлари.


Буйрак функцияси бузилишининг яққол клиник кўринишлари, буйрак тўқимасида патологик жараённинг юқори фаоллик даражаси. (Жараён 6 ойдан узоқ давом этса) Ҳар йили 2 ойдан кўпроқ қайталанадиган патологик ҳолатлар. (буйрак етишмовчилигининг 2-3 даражаси, битта буйрак йўқлигида иккинчи буйракнинг пиелонефрит билан касалланиши).


4. Тромбоцитопеник Пурпура ва бошқа геморрагик ҳолатлар.


Коагулопатия ва тромбоцитопатия, троибоцитопеник пурпура оғир асорат билан 2 ой ва ундан ортиқ ҳар йили хуруж билан кечиши. Тромбоцитларнинг сони 50000дан кам бўлиши, тромбоцитлар функциясини кескин пасайиши.


5. Ошқозон яра касаллиги. 12 бармоқли ичак яраси.


Асоратли кечиши. Касаллик ҳуружининг бир йилда икки ва ундан ортиқ қайталаниши, қон кетиши.


6. Бачадондан дисфункционал қон кетиш.


Касалликнинг асоратли кечиши.

Анемия, НВ 60 г/л дан паст бўлиши, сурункали кечиши

(6 ойдан ортиқ).


7. Бириктирувчи тўқиманинг систем шикастланиши (систем қизил югурук, дерматополимиозит), ёшлар ревматоид артрити ва тугунчали периартериитнинг оғир турлари.


Ҳар йили 3 ойдан кўпрок қайталанадиган патологик ҳолатларнинг юқори фаоллик даражаси, функционал етишмовчилик ёки бузилишининг II-III даражаси.


8. Қон айланиш системаси туғма аномалиялари (ривожланиш нуқсонлари: очиқ артериал йўли, бўлмачалараро туғма нуқсони, қоринчалараро туғма нуқсони) операциядан кейинги ҳолати.


Ўпка гипертензияси ва гипоксемия билан асоратланган ҳолатларда бўлиши.


9. Узоқ вақт давом этадиган касалликларда, 3 ойдан кўпроқ кучли таъсир қилувчи препаратлар қўлланилганда вужудга келадиган ҳолатлар.


Терапевтик ёндошишни талаб қиладиган модда алмашинуви, иммун тизими, қон томирлар деворининг бузилиши, периферик қонда патологик ўзгаришлари (умумий оқсилни пасайиши, гемоглобинни 60 гр/лдан камайиши, анизоцитоз).


10. Гепатит В, С ва Делта- Агентли турлари.


Периферик қонда гиперферментемия (2-3 фаоллик даражасида - АСТ, АЛТ 1 ммол/л, ТИМОЛ миқдорининг 7 ммол/л, ва билирубиннинг 20,5 ммол/л дан юқори бўлиши, гепатоспленомегалия натижасида диспептик ва астеник бузилишлар.


11. Ирсий модда алмашинуви касалликлари (фенилкетонурия, галактоземия, целакия ва бошқалар).


Ташҳис қўйилгандан бошлаб махсус пархезнинг зарурлиги.


12. Лейкозлар, Ходжкин касаллиги

(лимфогрануломатоз). Гемобластозлар.


Лейкоцитоз (периферик қонда лейкоцитлар сони 20 мингдан 30 минггача), анизоцитоз, пойкилоцитоз, (лейкемик узилишлар) гемоглобин 60г/л гача, тромбоцитлар миқдорининг 50 мингдан пасайиши.


13. Хавфли ўсмалар.


Хирургик ва бошқа даволаш усуллари ҳамда химиотерапия ва нур билан даволашдан сўнг ҳамда "II-III босқичда"ги ҳолатлар.


14. Туғма гидроцефалия.


Белгилари: кучли мия қутиси гипертензияси, тез-тез такрорланувчи талваса хуружлари, кўз тубидаги асоратлар, парезлар, плегиялар, ақлий, нутқий, мотор ривожланишида орқада қолишлар.


II. 2 йил муддатга ногиронлик белгиланадиган

касалликларнинг номлари ва уларнинг патологик ҳолатлари


А. Асаб тизими фаолиятининг бузилиши


Касалликларнинг номлари ва патологик ҳолатлари

Клиник кўринишлар ва функционал ҳолатларнинг тавсифи

1. Туғма ва орттирилган асаб тизими шикастланишларининг оқибатлари (травматик, перинатал инфекцион, интоксикацион, орттирилган туғма-дегенератив ва бошқа кўринишлар). Эпилепсия.


Доимий яққол кўринишидаги ҳаракат бузилишлари: кучли парапарез, параплегия, кучли трипарез, триплегия, кучли гемипарез, гемиплегия, кучли тетрапарез, тетраплегия, гиперкинезлар, бошқарувнинг бузилиши, нутқ, кўриш, чаноқ аъзоларининг, орқа мия фаолиятининг бузилишлари;

Тез-тез қайталанувчи даволанишга резистент тутқаноқлар ( ойда 4 ва ундан ортиқ катта ёки кунда тез-тез кичик ёки талвасасиз тутқаноқлар);

6 ой ва ундан кўпроқ давом этадиган оғир руҳий ҳолатлар. Яққол ақлий заифлик (имбецил ёки идиотик даражасига мос келадиган ҳолатлар).


2. Овоз ва нутқга тааллуқли симптом ва белгилар.


Турғун алалия, афазиянинг умумлашмаган шакли, оғир даражадаги дизартрия.


3. Ақлий заифлик.


Ақлий заифликнинг кучли дебиллик даражасини кўриш, эшитиш, нутқ бузилишлари, таянч-ҳаракат аппарати ва бошқа аъзо ва тизимлар патологиясининг шахсиятни ўзгариши билан кечиши.


В. Ички аъзолар ва тизимларнинг бузилиши


Касалликларнинг номлари ва патологик ҳолатлари

Клиник кўринишлар ва функционал ҳолатларнинг тавсифи

1. Хиқилдоқ ва трахеянинг туғма ва орттирилган касалликлари.


Трахеостомиясиз мустақил нафас олаолмаслик.


2. Қон ва қон яратувчи органлар касалликлари ва иммун механизмни жалб этувчи айрим бузилишлар.


Йилида 1 марта анемик кризлар, периферик қонда гемоглобин миқдорининг 60 г/лдан пасайиши, эритроцит, лейкоцит, тромбоцитлар сонининг камайиши (эритроцитлар - 2,5 млндан, лейкоцитлар - 3 мингдан, тромбоцитлар - 100 мингдан пасайиши), анизоцитоз, пойкилоцитоз, микроцитоз.


3. Астма.


Оғир кечиши (ойда 4 ва ундан ортиқ қайталаниши, гармонларга мойиллиги).


4. Ошқозон, 12 бармоқли ичак яра касаллиги. Ичакнинг бошқа касалликлари. Целиакия. Жигар ( жигар фибрози ва циррози, ўт пуффаги, ўт йўллари ва ошқозон ости бези касалликлари, сурункали вирусли гепатит) касалликлари ва туғма ривожланиш нуқсонлари.

Овқат ҳазм қилиш ва жигар функциясининг яққол бузилиши даражасида (гиперферментемия, иккиламчи жигар белгилари).

Овқат ҳазм қилиш жараёнининг яққол бузилиши: сурункали диарея, оқсилсиз шишлар, стеаторея, глюкозатолерантлик синамасида ясси қанд эгрилиги, теридаги хлоридлар синамасида С1-60ммол/лдан юқори бўлиши. Махсус парҳезнинг зарурлиги, жисмоний ривожланишдан ортда қолиш, паст бўйлик.

5. Қон айланиш системаси туғма аномалиялари (ривожланиш нуқсонлари, маълум бир ёшгача операция қилиб бўлмайдиган ҳолатлар, юрак ва йирик қон томирларда ўтказилган хирургик амалиётидан кейинги ҳолатлар).


Турғун юрак ва қон айланиши етишмовчилигининг II Б-III даражаси, яққол сурункали гипоксемия, синкопал ҳолат, юрак ритмининг бузилиши, жумладан кардиостимулятор имплантациясидан сўнгги ҳолат.


6. Тери ва тери ости клетчаткаси, шиллиқ парда касалликлари.


Тери ва шиллиқ парданинг тарқоқ шикастланиши, (яраланган, эритродермия ва бошқалар)


7. Бошқа туғма ва ирсий касалликлар ва синдромлар, шу қаторда митохондриал касалликлар, модда алмашинув бузилишлари касалликлари.


Ҳаётий фаолиятининг ва таянч-ҳаракат тизимининг кучли бузилиши.

Хромосома бузилишлари: Даун синдроми, Клайнфельтер синдроми, Шерешевский-Тернер синдроми, Патау синдроми, Эдвардс синдроми ва бошқалар.

Марказий нерв тизимининг зарарланиши билан кечувчи ирсий касалликлар: ирсий нерв-мушак касалликлари - миопатиялар, неврал амиотрофиялар, ирсий нейродегенератив касалликлар - гепатолентикуляр дегенерация (Вильсон-Коновалов касаллиги) ва бошқалар.

Таянч-ҳаракат аъзоларининг ирсий касалликлари: ирсий рахитсимон касалликлар, мукополисахаридозлар; тугалланмаган остеогенез, Марфан синдроми, Элерс-Данло синдроми ва бошқалар.

Асаб тизимининг бошқа системали касалликлар.

Г. Ортопедик ва хирургик касалликлар


Касалликларнинг номлари ва патологик ҳолатлари

Клиник кўринишлар ва функционал ҳолатларнинг тавсифи

1. Суяк-мушак система ва бириктирувчи тўқима касалликлари (этиологияга боғлиқ бўлмаган полиартритлар, коллагенозлар, остеомиелитларнинг оғир шакллари ва уларнинг асоратлари).


а) Суяк тўқимасининг яққол деструкцияси (остеопороз, тоғай билан узвийлиги), мушаклардаги патологик ўзгаришлар, мушак ва суякларнинг нуқсонига олиб келадиган, яъни қайталанувчи патологик синишлар, бўғимлар фаолиятининг II-III даражали функционал етишмовчилигига олиб келадиган миофиброз ва диффуз кальциноз.

б) Умуртқа поғонаси ва кўкрак қафасининг III-IV даражали деформацияси натижасида таянч ҳаракат аппаратининг ва нафас олиш фаолиятининг II-III даражали функционал етишмовчилиги. Бир ёки бир нечта бўғимларнинг контрактуралари ва анкилозлари, катта найсимон суякларнинг ёлғон бўғимлари.

в) Мутиляция, контрактура, синдактилия, полидактилия, артропатия натижасида бир оёқ-қўл ёки унинг сегментида туғма нуқсонлар бўлиши натижасида оёқ-қўллар функциясининг III-IV даражали бузилишлари.

г) Суяк-бўғим тизимида оғир операциялардан сўнгги ҳолатлар.


2. Лаб ва танглай ёриғи (қуён лаб ва бўри танглай), тил, оғиз ва ҳалқумнинг бошқа туғма аномалиялари (ривожланиш нуқсонлари).


Қаттиқ ва юмшоқ танглайнинг туғма дефекти, манқаланиш, овқатнинг нафас йўлларига ўтиши ва нутқ дефекти билан кечиши.


3. Қизилўнгач, овқат хазм қилиш ва сийдик системаси касалликлари (буйракнинг бужмайиши, уретропиелопластика, цитопластика операциялари ва қайта пластик операцияларидан кейинги ҳолат), жароҳатланиши ва нуқсонлари, ошқозон ва йўғон ичакнинг тотал резекцияси ёки ингичка ичакнинг 2/3 қисмини кесилиши - қисқа ичак синдроми, ичакнинг оқмалари (илиостома, колостома) қорин оралиқ проктопластикаси, ярали чандиқли торайишлар туфайли меъдага гастростома қўйиш, сунъий қизилўнгач пластикаси.


Овқат ҳазм қилиш функциясининг турғун бузилиши, сийдик ва ахлат тутаолмаслик, ичак, сийдик ва сийдик-таносил оқмалари, хирургик аралашувга ёки вақтига қараб хирургик даволаш мумкин бўлмаган ичак, сийдик ва сийдик-таносил оқмалари.


III. 16 ёшгача бўлган муддатга ногиронлик белгиланадиган

касалликларнинг номи ва уларнинг патологик ҳолатлари


А. Нерв системасининг касалликлари ва руҳий бузилишлар

1. Церебрал фалаж ва бошқа фалажли синдромлар (қўл-оёқларнинг узоқ вақт фалажлиги ёки чуқур парезлари, турғун иккиламчи тарқоқ атетоз типидаги гиперкинезлар, хореоатетоз, координациянинг яққол бузилиши).

2. 2 йил ва ундан ортиқ доимий равишда даволашга қарамай давом этаётган тез-тез қайталанувчи эпилепсия (ойига 4 ва ундан ортиқ катта ёки кунда тез-тез кичик ёки тутқаноқсиз кечувчи).

3. Ташҳиси тасдиқланган насл-генетик ва дегенератив касалликлар (стабил ва зўраювчи турлари).

4. Келиб чиқиши ҳар хил бўлган ақлий заифликнинг чуқур ва оғир тури.

5. 6 ой давом этадиган (сурункали) оғир шизофрения ва бошқа руҳий бузилишлар ва хулқ-атвор бузилишлари.


Б. Кўз ва унинг қўшимча аппарати касалликлари ва жароҳатлари

Кўриш ўткирлигининг яхши кўрадиган кўзда 0,04 - 0,08 (коррекция билан)га пасайиши ёки кўриш майдонининг боғланиш нуқтасидан ҳамма йўналиш бўйича 15 градусгача торайишига олиб келадиган икки томонлама орқага қайтмайдиган турғун ва даволаб бўлмайдиган туғма ва орттирилган кўриш аъзоси шикастланишлари.


В. Ички аъзолар касалликлари

1. Бронх - ўпка тизимининг туғма ва ирсий касалликлари (аниқланмаган кистозли фиброз - муковисцидоз, альвеолит сурункали кечиши билан ва ўпка туғма аномалиялари).

2. Туғма ва орттирилган характердаги бронх - ўпка касалликларида II-III даражали турғун нафас етишмовчилиги, шу билан биргаликда яққол интоксикация билан кечувчи сурункали сил касаллиги. Бронхиал астманинг гормонга боғлиқ тури.

3. Юракнинг иноперабел фонида II-III даражали қон айланишининг турғун етишмовчилиги.

4. Жигарнинг туғма, ирсий, орттирилган касалликларида кучли турғун қайта тикланмайдиган функционал бузилишлари.

5. Сурункали буйрак етишмовчилигининг III-босқичи.

6. Бирламчи артериал гипертония (гипертония касаллиги), буйраклар шикастланиши устунлиги билан.

7. Диабетик нефросклероз.


Г. Ўсма касалликлар

Инкурабел ёмон сифатли ўсмаларнинг оғир шакли. Аъзолар функциясининг кучли бузилиши кузатилганда хирургик муолажалар мумкин бўлмаган ҳолатдаги хавфсиз сифатли ўсмалар.


Д. Хирургик касалликлар ва анатомик

нуқсонлар ҳамда деформациялар:

1. Тузатиб бўлмайдиган доимий нажас ва сийдикни тутаолмаслик, йўғон, тўғри ичак ва орқа чиқарув тешигининг туғма ва орттирилган оқмалари, сийдик, таносил аъзолари оқмалари.

2. Муҳим аъзолар: ўпка, жигар, ичаклар ва аноректал соҳасининг, ўт йўлларининг атрезияси, буйрак, сийдик пуфагининг йўқлиги, яққол ривожланмаганлиги туфайли патологик асоратларда муҳим аъзоларнинг турғун функционал бузилишлари.

3. Суяк-мушак система ва бириктирувчи тўқима касалликларида яққол қайта тикланмайдиган функционал бузилишлари:

а) бир ёки ундан ортиқ оёқ ва қўлларда орттирилган деформациялар;

б) анкилоз, контрактура, патологик синиш, скелет деформациясига олиб келадиган умуртқа поғонасининг тизимли зарарланиши;

в) таянч-ҳаракат аппаратининг ривожланиш нуқсонлари туфайли мустақил ҳаракат ва ўз-ўзига хизмат қилиш имконияти йўқлиги.


Е. Эндокрин тизими касалликлари

Ички секреция безлари функциясининг етишмовчилиги:

қандли диабет (инсулинга боғлиқ қандли диабет);

қандсиз диабет (питиутрин-резистент шакли);

Иценго-Кушинга синдроми, сурункали буйрак усти безларининг бошқа бузилишлари (Адиссон кризи), тотал адреноэктомиядан кейинги ҳолати, буйрак усти бези пўстлоғининг оғир туғма дисфункцияси, оғир туғма йод етишмовчилиги синдроми, гипофизар нанизм, туғма ва орттирилган гипотиреознинг оғир шакли, гипопаратиреоз, тиреотоксикоз.


Ж. Қон ва қон яратувчи органлар касалликлари

1. Лейкозлар Ходжкин касаллиги (лимфогрануломатоз), хавфли гистиоцитоз.

2. Қон ишлаб чиқаришнинг туғма ва орттирилган гипо-апластик ҳолатлари. Гемоглобин 60г/л, кўрув майдонида лейкоцитлар 3000 мм/кубдан кам, анизоцитоз, пойкилоцитоз, микроцитоз.

3. Пурпура ва бошқа геморрагик ҳолатлар, коагулопатия ва тромбоцитопатиянинг оғир шакллари. Оғир геморрагик криз билан кечувчи доимо қайталаниб турувчи сурункали тромбоцитопеник пурпура (тромбоцитларнинг қонда 50 минг ва ундан камроқ бўлиши).


З. Иммун механизмини жалб этувчи айрим бузилишлар

1. Туғма иммун тизим танқислик ҳолатлари.

а) Оғир мужассамлаштирилган антителалар (антитаначалар) етишмовчилиги устун бўлган иммунодефицит ҳолатлар, полиморфядроли нейтрофиллар функционал бузилишлари, септик грануламатоз - жигар, ўпка, лимфа тугунлари ва бошқа аъзоларнинг қайталаниб турувчи бактериал шикастланиши билан кечиши.

б) Қон зардобида иммуноглобулин Е нинг концентрацияси 1000 КЕД/л.дан юқори бўлиши билан жигарда, ўпкада, тери остида "совуқ" абсцессларнинг қайталаниши билан кечувчи гипериммуноглобулин Е синдроми.

2. Орттирилган иммунтанқислик ҳолатлари.

а) ОИВ инфекциясининг ёйиқ тасвири.

б) ОИТС - одам иммун танқислиги синдроми


И. Қулоқ, томоқ ва бурун касалликлари

1. Кондуктив ва нейросенсор карлик ёки эшитиш қобилиятининг тўла йўқотилиши.

2. Эшитишнинг бузилишига олиб келувчи қулоқ туғма аномалиялари (ривожланиш нуқсонлари). Икки томонлама қулоқнинг туғма ривожланмаслиги ёки тузатиб бўлмас аномалияси (қулоқ супраси ва ташқи эшитув йўлининг бўлмаслиги).

3. Хиқилдоқ туғма аномалиялари (ривожланиш нуқсонлари).

4. Хиқилдоқ ва кекирдак юқори қисмининг орттирилган чандиқли торайиши, 2-3-даражали нафас етишмовчилиги билан.

5. ЛОР органлари мохови (лепраси).

6. Оғиз бўшлиғи шиллиқ қаватининг гранулёма ва грануламасимон шикастланишлари.

7. Сурункали ринит - Озена (сассиқ тумов).





Низомга

2-ИЛОВА


Ногирон болаларга ёрдамчи воситалар, протез-ортопедия

маҳсулотлари ва алоҳида ҳаракат воситаларини бериш учун

ТИББИЙ КЎРСАТМАЛАР

Р Ў Й Х А Т И


Ёрдамчи воситалар - бу қуйидаги функционал бузилишлар ёки анатомик дефектларда бузилган функцияларни компенсация қилиш ва ижтимоий маиший мослашувни енгиллаштириш учун қўлланиладиган мослаштириш асбоблари, махсус асбоб-ускуналар:

1. Кучли намоён бўлган моно-геми "парапарез", "тетрапарез".

2. Кучли намоён бўлган атаксия.

3. Кучли намоён бўлган гиперкинетик синдром.

4. Доимий равишдаги сийдик ва нажас тута олмаслик, шу билан биргаликда сийдик ва нажас оқмалари.

5. Яхши эшитмаслик (тугоухость), карлик.

6. 4 бармоқсиз кафт чўлтоғи.

7. Қўл-оёқ бўғимларининг кучли намоён бўлган контрактуралари.

8. Елка, тирсак ёки тизза бўғимларининг доимий равишда осилиб туриши.

9. Шопар бўйича товон чўлтоқлиги ва ундан баландроқ ампутацион дефектлар.

10. Тўлиқ кўрлик: иккала ёки яхшироқ кўраётган кўзнинг хира кўриши (кўриш ўткирлиги 0,08о коррекция билан, кўриш майдонини ҳамма йўналишлар бўйича 15о торайиши).

11. Муковисцидоз.

12. Юрак ритмининг бузилиши.

13. Гемофилия.

14. Қандли диабет.


Алоҳида ҳаракат воситалари билан таъминлаш учун тиббий кўрсатмалар

Алоҳида ҳаракат воситаларига кресло-аравача киради ва йўқотилган ҳаракат функциясини ёки бўш жойда чамалашни компенсация қилиш мақсадида берилади.

Кресло-аравача, сайр қилдирадиган кресло-аравача 3 ёшдан ошган ногирон болалари бор оилаларга берилади.


Кресло-аравача берилиши учун тиббий кўрсатмалар

1. Юрак етишмовчилигининг II Б - III даражаси

2. Координациянинг кучли бузилиши.

3. Бир нечта қўл ёки оёқларнинг фалажи ёки кучли парези.

4. Иккала болдир чўлтоғи ва ундан юқорироқ сатхдаги ампутациялар.


Сайр қилиш учун кресло-аравачани берилишига тиббий кўрсатмалар

1. Икки қўл ёки иккала оёқларнинг фалажи, кучли парезлари.

2. Иккала болдирнинг чўлтоғи ёки ундан юқорироқ сатхдаги ампутациялар.





Низомга

3-ИЛОВА


16 ёшгача бўлган болани ногирон деб топиш

ТИББИЙ ХУЛОСА

____-сон


200___ й. __________                                                ___________ туман (шаҳар)



1. Боланинг фамилияси, исми, отасининг исми ________________________


2. Туғилган йили ___________________________________________________


3. Боланинг ота-онаси ёки васийи (ҳомийси)нинг фамилияси, исми-шарифи

___________________________________________________________________


4. Ота-онанинг ёки васий(ҳомий)нинг доимий яшаш жойи ______________

___________________________________________________________________


5. Ташҳис (касалликнинг номи):

Асосий ____________________________________________________________

Асорати ___________________________________________________________

Қўшимча ташҳис ___________________________________________________


6. Хулоса:


7. Хулосанинг ҳақиқийлиги ____________дан _____________гача


8. Навбатдаги тиббий кўрикдан ўтиш санаси


9. Боланинг махсус асбоб-ускуна, мослама ва ҳаракат учун воситаларга муҳтожлиги:

Ҳа (воситанинг номи) ______________________________________________

Йўқ.


ВМК раиси (Ф.И.О., лавозими ва имзоси):

ВМК аъзолари (Ф.И.О., лавозими ва имзоси):


Муҳр жойи



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2007 йил, 25-26-сон, 277-модда.