язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Таълим. Фан. Маданият/ Таълим/ Дарсликлар ва ўқув қўлланмалари. Дастурлар/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 12.07.2010 й. 144-сон "2010-2011 ўқув йилига тайёргарлик кўриш учун мактаб бозорлари ва ярмаркалари ўтказишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

12.07.2010 й.

N 144


2010-2011 ЎҚУВ ЙИЛИГА ТАЙЁРГАРЛИК

КЎРИШ УЧУН МАКТАБ БОЗОРЛАРИ ВА

ЯРМАРКАЛАРИ ЎТКАЗИШНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ТЎҒРИСИДА



Янги 2010-2011 ўқув йилига ўз вақтида тайёргарлик кўриш, умумтаълим мактаблари, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларини мактаб анжомлари, ўқув-методик қўлланмалар ҳамда мактаб кийими ва пойабзали билан таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, бошқа манфаатдор тузилмалар билан биргаликда шу йил 1 август - 10 сентябрь кунлари барча аҳоли пунктларида асосан мамлакатимизда ишлаб чиқарилган мактаб товарларининг кенг турларини (мактаб-ёзув анжомлари, дарсликлар, ўқув-методик қўлланмалар, ўқувчилар формаси ва ҳоказоларни) сотиш бўйича махсус мактаб бозорлари ва ярмаркаларини ўтказсинлар.

Махсус мактаб бозорлари ва ярмаркаларини юқори даражада ўтказишни ташкил этиш учун шахсий масъулият Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимлари зиммасига юклансин.


2. Махсус мактаб бозорлари ва ярмаркаларини ўтказиш ишларини мувофиқлаштириш учун 1-иловага* мувофиқ таркибда Ишчи гуруҳ тузилсин.

Ишчи гуруҳ (Ш.М. Мирзиёев) Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, бошқа вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда:

шу йил 28 июлгача бўлган муддатда туманлар ва шаҳарлар бўйича махсус мактаб бозорлари ва ярмаркалари умумтаълим мактаблари, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ва аҳоли учун қулай жойлашувини тасдиқласин, уларни юқори савияда ва қулай вақтда ўтказиш учун зарур шарт-шароитлар яратсин;

бир ҳафта муддатда ҳар бир минтақа бўйича умумтаълим мактаблари, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг мактаб-ёзув анжомлари, мактаб кийими ва пойабзалига бўлган эҳтиёжини аниқласин, уларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш, сотиш ва мактаб бозорлари ва ярмаркалари ўтказиладиган жойларга етказиб бериш юзасидан комплекс тадбирларни ишлаб чиқсин;

мактаб бозорлари ва ярмаркаларида барча зарур мактаб-ёзув анжомлари, мактаб кийими ва пойабзали қулай нархларда мавжуд бўлиши юзасидан таъсирчан назоратни таъминласин;

мактаб бозорлари ва ярмаркалари ўтказиладиган жойларда умумий овқатланиш, чанқовбосди ичимликлар ва музқаймоқ сотиш шохобчалари ташкил этсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, "Ўзулгуржисавдоинвест" уюшмаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2010 йил 25 июлгача махсус мактаб бозорлари ва ярмаркаларини ўтказиш жадвалини уларнинг аниқ муддатлари ва жойларини, шунингдек уларнинг самарали ташкил этилиши учун масъул шахсларни кўрсатган ҳолда ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин.

Ҳар 10 кунда Вазирлар Маҳкамасига мактаб бозорлари ва ярмаркаларини зарур миқдорда ва турда мактаб-ёзув анжомлари, мактаб кийими ва пойабзали билан таъминлаш бўйича бажарилган ишлар, шунингдек мактаб бозорлари ва ярмаркалари иши самарали ташкил этилиши тўғрисида таҳлилий ахборот тақдим этилсин.


4. "Ўзулгуржисавдоинвест" уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази томонидан тақдим этилган буюртманомалар асосида жойларда ташкил этилган махсус мактаб бозорлари ва ярмаркаларига 2-иловага мувофиқ рўйхат бўйича мактаб-ёзув анжомлари, мактаб кийими ва пойабзали мунтазам етказиб берилишини таъминласин.


5. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази:

2010 йил 25 июлгача мавжуд эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда чакана савдода эркин сотиш учун қўшимча равишда нашр этиш талаб қилинадиган дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар рўйхати ва миқдорини белгиласинлар ҳамда Ишчи гуруҳ билан келишган ҳолда Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигига тақдим этсинлар;

умумтаълим мактаблари, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларида ташкил этиладиган махсус мактаб бозорлари ва ярмаркалари фаолиятини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратсинлар.


6. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги нашриёт-матбаа ижодий уйлари, "Шарқ" компанияси билан биргаликда эркин сотиш учун нашр этиладиган дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларнинг нашр этилиши ва жойларга етказиб берилишини таъминласин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, "Шарқ" компанияси, "Ўзкитобсавдо" акциядорлик компанияси билан биргаликда 2010-2011 ўқув йили учун нашр этилган дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларнинг махсус мактаб бозорлари ва ярмаркалари орқали сотилишини ташкил этсинлар.


7. "Ўзбекенгилсаноат" давлат-акциядорлик компанияси, "Ўзбекчармпойабзали" уюшмаси Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг буюртманомаларига биноан ўқувчилар учун юқори сифатли мактаб кийими ва пойабзали ишлаб чиқарилишини таъминласинлар ҳамда уларнинг махсус мактаб бозорлари ва ярмаркаларини ўтказишда қатнашадиган савдо ташкилотларига шартнома асосида, белгиланган муддатларда етказиб берилишини таъминлаш чора-тадбирларини кўрсинлар.


8. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси оммавий ахборот воситалари орқали жойларда мактаб бозорлари ва ярмаркалари фаолияти ташкил этилиши тўғрисида кенг реклама-ахборот ишлари олиб борсин, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан аҳдлашув бўйича махсус видеороликлар тайёрланишини таъминласин.


9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                               И. Каримов



*) 1-илова рус тилидаги матнда берилган.






Вазирлар Маҳкамасининг

2010 йил 12 июлдаги

144-сон қарорига

2-ИЛОВА



Махсус мактаб бозорлари ва ярмаркаларида

сотувда бўлиши мажбурий бўлган мактаб-ёзув

анжомлари, мактаб кийими ва пойабзали

РЎЙХАТИ


1. Ёзув дафтари


2. Умумий дафтар


3. Кундалик дафтар


4. Блокнот


5. Расм дафтари


6. Нота дафтари


7. Канцелярия дафтари


8. Ватман қоғоз


9. Шарикли ручка


10. Рангли ва оддий қаламлар


11. Фломастер


12. Қалам очгич


13. Ўчиргич


14. Ўқувчилар пенали


15. Саноқ чўплари


16. Акварель бўёқлар


17. Пластилин


18. Елим


19. Тушь


20. Циркуль


21. Линейка, бурчакли линейка, транспортир


22. Ёзув қоғози


23. Рангли қоғоз


24. Силлиқ қоғоз


25. Оддий ва рангли бўр


26. Портфеллар, ранецлар


27. Мактаб кийими ва пойабзали



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2010 йил, 28-29-сон, 232-модда.