язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Давлат ҳуқуқий тизими асослари/ Суверенитет. Конституция. Давлат рамзлари/ Давлат герби, мадҳияси, байроғи. Пойтахт/ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг 28.08.1992 й. 401-сон "Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвирини тайёрлаш ва ундан фойдаланиш масалалари" тўғрисидаги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИ ҲУЗУРИДАГИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

28.08.1992 й.

N 401



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ

ГЕРБИНИНГ ТАСВИРИНИ ТАЙЁРЛАШ ВА

УНДАН ФОЙДАЛАНИШ МАСАЛАЛАРИ


Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг "Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тўғрисида"ги Ўзбекистон Қонунини амалга киритиш ҳақида" 1992 йил 2 июлдаги қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвирини тайёрлаш ва уни кўплаб чиқариш Тартиби 1-иловага мувофиқ ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган муҳрларни ва ҳужжатлар бланкаларини тайёрлаш, улардан фойдаланиш, сақлаш ва йўқ қилиш Тартиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


2. Ўзбекистон ССР Минмстрлар Советининг "Ўзбекистон ССР Давлат герби тасвири туширилган печатларни ва ҳужжатларнинг бланкаларини тайёрлаш, сақлаш ва йўқотиб ташлаш Тартибини тасдиқлаш тўғрисида" 1981 йил 18 сентябрдаги 751-сон ва "Ўзбекистон ССР Давлат герби тасвиридан фойдаланиш Тартиби ҳақида" 1981 йил 21 сентябрдаги 754-сон қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                          А. Муталов






Вазирлар Маҳкамасининг

1992 йил 26 августдаги

401-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвирини

тайёрлаш ва уни кўплаб ишлаб чиқариш

ТАРТИБИ


1. Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвирини металлдан, гипсдан ва бошқа материаллардан қуйиш, шунингдек, гербнинг ёғочдаги гравюрасини, ҳажмли шаклларини бошқа техникада ўйиш ва тайёрлаш ушбу тасвирнинг бадиий қийматини таъминлаш ва унинг тасдиқланган эталонга тўлиқ мувофиқ бўлиши шарти билан юридик ва жисмоний шахслар томонидан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг рангли, график ва ҳажмли тасвирининг репродукцияси, унинг ҳажмларидан қатъи назар, ҳар доим "Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Қонунида тасдиқланган гербнинг рангли, қора-оқ ва ҳажмли тасвири эталонларига мос бўлиши керак.


2. Ўзбекистон Республикаси Давлат гербини кўплаб чиқаришни Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тегишли тасвирини муҳрларда, муассасаларнинг бланкаларида, мақтов ва фахрий ёрлиқларда, дипломларда, гувоҳномаларда ва шу муассасаларнинг бошқа расмий ҳужжатларида фойдаланиш ҳуқуқи берилган барча муассасалар амалга оширишлари мумкин. Бу муассасаларга Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тегишли тасвирини маъмурий биноларни безаш ва шу биноларнинг пештоқидаги ахборот ёзувларига туширишга рухсат этилади.


3. Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвиридан вимпелларда, халқаларда, нишонларда, шунингдек, бинолар ва витриналарни безашда декоратив мақсадларда фойдаланилиши мумкин. Бунинг учун мазкур буюмлар Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан тасдиқланган, бинолар ва витриналарни жиҳозлаш эса тегишли ҳокимликлар томонидан маъқулланган бўлиши керак.

4. Ўзбекистон Республикаси гербининг тасвирини туширишда ёки уни кўплаб чиқараётганда унга ҳурматсизлик билан муносабатда бўлишга йўл қўйилмайдиган шароит яратилиши зарур.


5. "Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тўғрисида" ги Қонун талабларига ва Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвирини тайёрлаш ҳамда уни кўплаб чиқариш Тартибига риоя этилиши учун масъулият тегишли давлат органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарлари зиммасига юклатилади.


6. "Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тўғрисида"ги Қонуннинг ва мазкур Тартибнинг аниқ бажарилишини кузатиб бориш ҳокимликлар зимасига юклатилади.






Вазирлар Маҳкамасининг

1992 йил 28 августдаги

401-сонли қарорига

2-ИЛ0ВА



Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири

туширилган муҳрлар ва ҳужжатлар бланкалари

тайёрлаш, фойдаланиш, сақлаш ва йўқ қилиш

ТАРТИБИ


1. Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири туширилган муҳрлардан Ўзбекистон Республикасининг Олий Кенгаши, унинг Раёсати, Ўзбекистон Республикасининг Президенти ва унинг девони, Вазирлар Маҳкамаси, республика Олий Кенгашининг қўмиталари, комиссиялари ва Котибияти, Ўзбекистон Республикасининг дипломатия ваколатхоналари ва консуллик муассасалари, Ўзбекистон Республикасининг вазирликлари ва давлат қўмиталари, Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши ва Вазирлар Маҳкамаси тасарруфидаги давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, Ўзбекистон Республикасининг судлари ва ҳакамлик судлари, Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий назорат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси халқ депутатлари сайловларини ўтказувчи Марказий сайлов комиссияси, Ўзбекистон Республикасининг прокуратура органлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви маҳаллий органлари, давлат нотариал конторалари, банклари муассасалари ва ташкилотлари, барча даражалардаги давлат илмий ва ўқув юртлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан муҳрларда Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвирини тушириш ҳуқуқи берилган республика ва маҳаллий бўйсунувдаги бошқа давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари фойдаланадилар.

Давлат ихтиёрида бўлмаган ва мулкчиликнинг аралаш шаклларига асосланган жамоат ташкилотлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири туширилган муҳрлардан, ҳужжатлар бланкалари ва бурчаклари тамғалардан фойдаланишига йўл қўйилмайди.


2. Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири туширилган муҳр диаметри 40-45 миллиметрли думалоқ шаклдаги металл, полимер ёки каучук буюмдан иборат бўлади.

Доира ўртасида Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири, муҳрнинг айланасига эса вазирликнинг, идоранинг (марказий муассасанинг) номи, сўнгра бош бошқарманинг (бошқарманинг) номи ва муассаса, корхона, ташкилотнинг номи ёзилади. Ҳар бир реквизит аввал давлат тилида, сўнгра эса рус тилида кўрсатилади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг муҳрдаги тасвири "Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида" 1992 йил 2 июлдаги Ўзбекистон Республикаси Қонунида баён этилган тасвирга қатъий мос бўлиши керак.


3. Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири туширилган муҳр штемпель-ўймакорлик корхоналари томонидан, муассасалар, корхоналар ва ташкилотларнинг буюртмалари бўйича тайёрланади, бунда тасдиқланган намуналар (эскизлар) ва ички ишлар органларининг муҳрни тайёрлаш учун рухсатномаси албатта илова қилинади.


4. Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири туширилгаи муҳрни тайёрлашга рухсат олиш учун давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, прокуратуралар, судлар, давлат нотариал конторалари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси қонуни билан Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвирини муҳрларга тушириш ҳуқуқи берилган республика ва маҳаллий бўйсунувдаги бошқа корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар илтимоснома билан бирга қуйидагиларни ҳам тақдим этадилар:

муҳр тайёрлаш учун дастлабки буюртма берилаётганда - уларнинг юқори ташкилот томонидан имзоланган икки нусхадаги намуналари (эскизлари), шунингдек, уставдан, низомдан, буйруқдан ёки бундай муҳрлардан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжатлардан кўчирма;

корхона, муассаса, ташкилот, илмий ва уқув юртларининг номи ўзгариши муносабати билан муҳр тайёрлаш учун буюртма берилаётганда уларнинг раҳбарлари томонидан имзоланган икки нусхадаги муҳр намуналари (эскизлари) ва юқори ташкилотнинг номни ўзгартириш ҳақидаги устави, низоми, қарори, буйруғи ёки фармойишидан кўчирма;

муҳрлар эскирганлиги муносабати билан уларни тайёрлаш учун буюртма берилаётганда - мазкур корхона, муассаса, ташкилотнинг раҳбари томонидан имзоланган икки нусхадаги муҳр намунаси (эскизлари).


5. Металл, полимер ёки каучук муҳрларнинг намуналари (эскизлари) алоҳида-алоҳида топширилади.


6. Муассасалар, корхоналар ва ташкилотлар Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири туширилган фақат бир нусхадаги полимер, каучук ёки металл муҳрга эга бўлишлари мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири туширилган "2" рақамли қўшимча муҳр ички ишлар органлари рухсати билан тайёрланади.


7. Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири тушириб тайёрланган муҳрни бериш, уни сақлаш ва штемпель-ўймакорлик корхонаси томонидан яроқсиз ҳолда ишлаб чиқарилган муҳрни йўқ қилиб ташлаш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.


8. Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири туширилган муҳр унинг акс эттирилиши Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида махсус назарда тутилган ҳужжатларга, шунингдек, муҳим маълумотлар ёзилган бошқа ҳужжатларга қўйилади.


9. Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири туширилган муҳрдан, Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири туширилган ҳужжатлар бланкаларидан қонуний фойдаланиш учун ва уларни сақлаш тартибига риоя этилиши учун масъулият орган ёки муассаса, корхона, ташкилот раҳбари зиммасига юклатилади.

Орган ёки муассаса раҳбари Ўзбекистон Реслубликаси Давлат гербининг тасвири туширилган муҳрни ва Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири туширилган ҳужжатлар бланкаларини сақлаш, шунингдек, улардан фойдаланиш учун масъулиятни, зарур ҳолларда, ўз буйруғи билан ўзига бўйсунувчи ходимлардан бири зиммасига юклаши мумкин.


10. Орган ёки муассаса раҳбари алмашганда Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири туширилган муҳр ва Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири туширилган ҳужжатлар бланкалари далолатнома бўйича янги тайинланган ёки сайланган раҳбарга далолатнома бўйича берилади.


11. Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири туширилган муҳрлар ва бланкалар ёнмайдиган металл шкафда ёки сейфда сақланади ва махсус дафтарда ҳисобга олинади. Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири туширилган муҳрни сақлаш учун масъул мансабдор шахслар унинг бузилишига ёки йўқолишига йўл қўймасликка мажбурдирлар.


12. Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири туширилган муҳр йўқолган тақдирда орган ёки муассаса, корхона, ташкилот раҳбари уни топиш чора-тадбирларини кўришга, шунингдек, бу ҳақда дарҳол ички ишлар органларига хабар беришга ва матбуотда эълон қилишга мажбурдир.

Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири туширилган йўқолган муҳр ўрнига янгисини тайёрлаб беришга рухсат умумий асосларда берилади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири туширилган йўқолган муҳр ўрнига тайёрлаб берилган муҳр матнида "Д" (дубликат) ҳарфи бўлиши керак.


13. Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири туширилган муҳрлардан фойдаланишга эҳтиёж қолмаганда, шунингдек, бузилган ёки яроқсиз ҳолга келганда йўқ қилиш учун ички ишлар органларига топширилади.


14. Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири туширилган ҳужжатлар бланкалари ташкилий-фармойиш ҳужжатлари андазаларига мувофиқ равишда органлар, муассасалар, корхоналар ва ташкилотлар томонидан тайёрланади.



"Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами", 1992 й., 8-сон, 26-модда