язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Тадбиркорлик субъектлари/ Ўзбекистон Республикасининг 21.12.2007 й. ЎРҚ-135-сон "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 07.11.2007 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 30.11.2007 й. маъқулланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

21.12.2007 й.

N ЎРҚ-135



"АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТЛАРИ ВА

АКЦИЯДОРЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИНИ

ҲИМОЯ ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА"ГИ ЎЗБЕКИСТОН

РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУНИГА ЎЗГАРТИШ

ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ҲАҚИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2007 йил 7 ноябрда қабул қилинган

Сенат томонидан 2007 йил 30 ноябрда маъқулланган



1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 26 апрелда қабул қилинган "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги 223-I-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 йил, N 5-6, 61-модда; 1997 йил, N 2, 56-модда; 1998 йил, N 3, 38-модда, N 9, 181-модда; 1999 йил, N 9, 229-модда; 2001 йил, N 1-2, 23-модда; 2003 йил, N 1, 8-модда, N 9-10, 149-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 йил, N 4, 154-модда; 2007 йил, N 7, 325-модда) қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин:


1) 15-модданинг биринчи қисми учинчи хатбошиси "фаолият соҳаси" деган сўзлардан кейин "(асосий йўналишлари)" деган сўзлар билан тўлдирилсин;


2) 16-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Жамият уставига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ёки жамият уставини янги таҳрирда тасдиқлаш ушбу Қонунда ҳамда жамият уставида белгиланган тартибда ақциядорлар умумий йиғилишининг қарорига биноан амалга оширилади";


3) қуйидаги мазмундаги 24-1-модда билан тўлдирилсин:


"24-1-модда. Олтин акция


"Олтин акция" - айрим акциядорлик жамиятларини бошқаришда давлат иштирокининг махсус ҳуқуқи бўлиб, у стратегик аҳамиятга эга бўлган давлат корхоналари хусусийлаштирилаётганда ёки акциядорлик жамиятларининг давлат акция пакетлари хусусий мулк этиб реализация қилинаётганда Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорига асосан жорий қилинади ва мамлакатнинг иқтисодий манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлайди.

"Олтин акция" қийматга эга эмас, бошқа шахсга берилмайди ҳамда гаровга қўйилмайди, устав фонди миқдорини белгилашда ва дивидендларни ҳисоблашда инобатга олинмайди.

"Олтин акция" устав фондида давлат улуши бўлмаган ёки бу улуш йигирма беш фоиздан ошмайдиган акциядорлик жамиятларида жорий этилиши мумкин. Давлатнинг "олтин акция"дан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

"Олтин акция" акциядорлик жамиятининг кузатув кенгаши таркибига давлат вакилини (бундан буён матнда давлат вакили деб юритилади) тайинлаш воситасида реализация қилинади. Давлат вакили акциядорларнинг умумий йиғилишида ва кузатув кенгаши мажлисларида ушбу Қонуннинг 65-моддаси биринчи қисмининг иккинчи - тўртинчи, еттинчи, саккизинчи, ўн саккизинчи, ўн тўққизинчи хатбошиларида, шунингдек 82-моддаси биринчи қисмининг еттинчи, йигирма иккинчи - йигирма тўртинчи хатбошиларида кўрсатилган масалалар бўйича вето қўйиш ҳуқуқи билан мажбурий тартибда иштирок этади. Вето қўйиш ушбу қарорлар қабул қилинган куни ёзма шаклда амалга оширилади";


4) 47-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Акциядорлар реестри рўйхатга олинган акция эгаларининг уларга тегишли эгаси ёзилган қимматли қоғозларнинг сони, номинал қиймати ва тоифалари кўрсатилган, ҳар қандай белгиланган санадаги ҳолатга кўра тузилган ҳамда бу акция эгалари, уларга тегишли қимматли қоғозларнинг сони ва тоифалари айнан тўғрилигини аниқлаш имконини берадиган рўйхатидир. Ўзига нисбатан "олтин акция"ни жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилинган жамият акциядорлари реестрига давлат вакили ҳам киритилади. Эмитентлар акциядорлар реестрини давлат томонидан қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш ва мувофиқлаштириш юзасидан ваколат берилган орган белгилаган шаклда юритиши шарт. Акцияларни жойлаштирган жамият ёки ихтисослашган рўйхатчи жамият акциядорлари реестрининг сақловчиси бўлиши мумкин. Оддий (одатдаги) акция эгалари бўлмиш акциядорлари беш юз ва ундан ортиқ бўлган жамият реестр юритиш ҳамда сақлашни ихтисослашган рўйхатчига шартнома асосида топшириши шарт";


5) 48-модда қуйидаги мазмундаги бешинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Давлат вакилига акциядорлар реестридан кўчирма бериш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади";


6) 49-модда:

қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Давлат вакилини жамият акциядорлари реестрига киритиш ҳақидаги ёзув давлат вакилини тайинлаш тўғрисидаги тегишли қарор илова қилинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси томонидан реестр сақловчини хабардор қилиш асосида амалга оширилади";

иккинчи ва учинчи қисмлари тегишинча учинчи ва тўртинчи қисмлар деб ҳисоблансин;


7) 66-модда:

қуйидаги мазмундаги тўртинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Ушбу Қонун 21-моддасининг иккинчи ва тўртинчи қисмларида кўрсатилган масалалар бўйича қарор, агар мазкур қарорни қабул қилиш ваколати жамият кузатув кенгашига берилмаган бўлса, акциядорларнинг умумий йиғилишида иштирок этаётган, жамиятнинг овоз берувчи акциялари эгалари бўлган акциядорларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади";

тўртинчи - ўнинчи қисмлари тегишинча бешинчи - ўн биринчи қисмлар деб ҳисоблансин;

қуйидаги мазмундаги ўн биринчи қисм билан тўлдирилсин:

"Акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан давлат вакили иштирокисиз қабул қилинган қарорлар, шунингдек вето қўйилган қарорлар ижро этилмайди";

ўн биринчи қисми ўн иккинчи қисм деб ҳисоблансин;


8) 67-модда қуйидаги мазмундаги бешинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Давлат вакили акциядорлар умумий йиғилишининг сиртдан овоз бериш йўли билан (сўров йўли билан) қабул қилинган қарорига вето қўйишга ҳақли";


9) 69-модданинг:

биринчи, учинчи, бешинчи ва олтинчи қисмлари "акциядорларга" деган сўздан кейин "ва давлат вакилига" деган сўзлар билан тўлдирилсин;

иккинчи қисми "акциядорларни" деган сўздан кейин "ва давлат вакилини" деган сўзлар билан тўлдирилсин;


10) 74-модданинг:

номи "акциядорларнинг" деган сўздан кейин "ва давлат вакилининг" деган сўзлар билан тўлдирилсин;

биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Акциядорларнинг умумий йиғилишда иштирок этиш ҳуқуқи шахсан акциядор томонидан ёки унинг вакили орқали амалга оширилади. Давлат вакилининг акциядорларнинг умумий йиғилишида иштирок этиш ҳуқуқи унинг шахсан ўзи томонидан амалга оширилади";


11) 82-модданинг:

биринчи қисми қуйидаги мазмундаги йигирма тўртинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"акциядорлик жамиятининг бошқа хўжалик жамиятларидаги иштироки билан боғлиқ битимлар тузиш";

йигирма тўртинчи хатбошиси йигирма бешинчи хатбоши деб ҳисоблансин;


12) 83-модда:

номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"83-модда. Жамият кузатув кенгаши

аъзоларини сайлаш, тайинлаш";


учинчи қисми "сайланишлари" деган сўздан кейин "тайинланишлари" деган сўз билан тўлдирилсин;

қуйидаги мазмундаги ўнинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Давлат вакили лавозимига кўра жамият кузатув кенгашининг аъзоси бўлиб, акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан сайланмайди (қайта сайланмайди)";


13) 85-модда:

қуйидаги мазмундаги тўртинчи ва бешинчи қисмлар билан тўлдирилсин:

"Ушбу Қонун 21-моддасининг иккинчи ва тўртинчи қисмларида кўрсатилган масалалар бўйича қарор жамият кузатув кенгаши томонидан бир овоздан қабул қилинади.

Жамият кузатув кенгаши томонидан давлат вакили иштирокисиз қабул қилинган қарорлар, шунингдек вето қўйилган қарорлар ижро этилмайди";

тўртинчи - еттинчи қисмлари тегишинча олтинчи - тўққизинчи қисмлар деб ҳисоблансин;


14) 90-модданинг учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Битим тузиш тўғрисида қарор қабул қилинаётган санада жамият активлари баланс қийматининг эллик фоизидан ортиқ қийматни ташкил этувчи мол-мулк хусусида йирик битим тузиш тўғрисидаги қарор акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан қабул қилинади".


2-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                 И. Каримов



"Халқ сўзи", 2007 йил 22 декабрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2007 йил, 50-51-сон, 514-модда


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси", 2007 йил, 12-сон, 606-модда