язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Тадбиркорлик субъектлари/ Акциядорлик жамиятининг Ижро этувчи органи ҳақида Намунавий Низом (ЎзР ВМ 22.08.1998 й. 361-сон қарорга 3-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

1998 йил 22 августдаги

361-сон қарорига

3-ИЛОВА


Акциядорлик жамиятининг ижро этувчи органи ҳақида

НАМУНАВИЙ НИЗОМ

                  

I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1.1. Мазкур Низом __________ акциядорлик жамияти ижро этувчи органининг мақомини белгилайди ва унинг ишини, аъзоларини тайинлаш тартибини, шунингдек ҳар бир аъзосининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тартибга солади. Ижро этувчи орган деганда якка бошчилик қиладиган ижро этувчи орган (директор), коллегиал ижро этувчи орган (бошқарув, дирекция), ёлланадиган тижорат ташкилоти (бошқарувчи ташкилот) ёки якка тадбиркор (бошқарувчи) тушунилади. Акциядорлар умумий йиғилишининг қарорига кўра ижро этувчи орган ваколатлари шартнома бўйича, шу жумладан танлов асосида тижорат ташкилотига (бошқарувчи ташкилот ёки якка тартибдаги тадбиркорга (бошқарувчига) берилиши мумкин. Агар жамият уставида ўзгача ҳол назарда тутилмаган бўлса, шартнома шартлари Кузатувчи кенгаш томонидан белгиланади.

1.2. Низом Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ва _______________ акциядорлик жамиятининг Уставига мувофиқ ишлаб чиқилган.



II. АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИНИНГ ИЖРО ЭТУВЧИ

ОРГАНИНИ ТУЗИШ ТАРТИБИ


2.1. Акциядорлик жамияти ижро этувчи органининг сон таркиби Акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан белгиланадиган тартибда қабул қилинган маъмурий-хўжалик харажатлари сметалари асосида ва доирасида жамиятнинг Кузатувчи кенгаши томонидан белгиланади.


2.2. Акциядорлик жамиятининг Ижро этувчи органи раҳбари ва унинг шахсий таркиби, агар жамият уставида ушбу масалаларни ҳал этиш жамият Кузатувчи кенгаши ваколатига тегишли деб топилмаган бўлса, жамият акциядорларининг умумий йиғилиши томонидан сайланади (тайинланади, ёлланади ва ҳоказо). Жамият уставига мувофиқ ёки тегишли равишда Акциядорлар умумий йиғилиши ёки жамият Кузатувчи кенгашининг қарорига кўра якка бошчилик қилувчи ижро этувчи орган, коллегиал ижро этувчи орган раҳбари танлов асосида тайинланиши мумкин.

2.3. Ижро этувчи орган аъзолигига номзодлар кўриб чиқилганда ва тасдиқланганда қарор оддий кўпчилик овоз билан Акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан ёки Кузатувчи кенгаш томонидан қабул қилинади.

2.4. Акциядорлик жамияти ижро этувчи органи аъзолигига номзодларни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш Акциядорлар умумий йиғилиши ёки Кузатувчи кенгаш томонидан шахсий тартибда амалга оширилади. Ижро этувчи орган аъзолигига номзод жамиятга ўзи жиноий жавобгарликка тортилганлиги фактлари тўғрисида маълум қилиши шарт.

Ижро этувчи орган таркибига у ёки бу номзодни тавсия этар экан Кузатувчи кенгаш раиси контракт тузиш шартлари, бошқарув фаолияти учун мукофотлаш миқдори ва номзоднинг шахсий аризаси билан тасдиқланган контракт тузишга номзоднинг розилиги тўғрисида ахборот беради.


2.5. Акциядорлик жамиятининг ижро этувчи органи аъзолигига номзодлар ўзларининг номзодлари кўриб чиқилаётганда акциядорлар умумий йиғилиши томонидан ёки Кузатувчи кенгаш мажлисида қатнашишлари мумкин.

2.6. Ижро этувчи орган таркибига таклиф қилинган номзодлар Акциядорлар умумий йиғилиши ёки Кузатувчи кенгаш томонидан маъқуллангандан кейин якка бошчилик қилувчи ижро этувчи орган, коллегиал ижро этувчи органнинг раҳбари ва ҳар бир аъзоси билан тегишли лавозим бўйича мажбуриятларни бажариш юзасидан контракт тузилади. Якка бошчилик қилувчи ижро этувчи орган ва коллегиал ижро этувчи органнинг раҳбари билан контракт уни узайтириш ёки тўхтатиш мумкинлиги тўғрисида ҳар йили қарор қабул қилинган ҳолда бир йил муддатга тузилади. Шартномани жамият номидан Кузатувчи кенгаш раиси ёки Кузатувчи кенгаш томонидан вакил қилинган шахс имзолайди.

2.7. Акциядорлар умумий йиғилиши томонидан тайинланадиган ижро этувчи орган таркибига кирадиган шахснинг ваколатлари муддатидан олдин тўхтатилган тақдирда, унинг вазифалари Жамият кузатувчи кенгашининг қарори билан белгиланадиган шахс томонидан жамият акциядорларининг навбатдаги Умумий йиғилишигача бўлган даврда вақтинча бажарилишига йўл қўйилади.

2.8. Акциядорлик жамиятининг ижро этувчи органи аъзоси акциядорлик жамиятнинг Уставини, шунингдек контракт шартларини бузганлиги учун бир вақтнинг ўзида контракт бекор қилинган ҳолда эгаллаб турган лавозимидан чақириб олиниши мумкин. Акциядорлик жамиятининг ижро этувчи органи аъзосини чақириб олиш ва у билан тузалган контрактни бекор қилиш ҳақидаги қарор Акциядорлар умумий йиғилиши ёки агар жамият уставида унга бундай ҳуқуқ кўпчилик овоз билан берилган бўлса, Кузатувчи кенгаш томонидан қабул қилинади.

Кузатувчи кенгаш якка бошчилик қилувчи ижро этувчи орган, жамиятнинг коллегиал ижро этувчи органи раҳбари билан тузилган шартномаларни, улар томонидан қўпол бузилишларга йўл қўйилганда ёки жамият йиллик бизнес-режасининг тасдиқланган параметрлари бажарилиши барбод қилинганда муддатидан олдин тўхтатиш ҳуқуқига эгадир.


III. АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИ ИЖРО ЭТУВЧИ

ОРГАНИНИНГ ВАКОЛАТЛАРИ ВА ТАРКИБИ


3.1. Жамиятнинг ижро этувчи органи ваколатига жамиятнинг жорий фаолияти раҳбарлигининг барча масалалари киради, Акциядорларнинг умумий йиғилиши мутлақ ваколатига ёки Кузатувчи кенгашнинг ваколатига кирган масалалар бундан мустасно.

3.2. Ижро этувчи органнинг сон таркиби бошқарув вазифалари бир ходим томонидан имкони борича кўп бажарилиши, бошқарув аппаратини қисқартириш, ишлаб чиқаришни бошқаришда бир-бирини такрорловчи бўгинларнинг тугатилиши ва у билан боглиқ бошқарув харажатларининг қисқариши принципларидан келиб чиқиб белгиланади.


3.3. Акциядорлик жамиятининг ижро этувчи органига:

- ижро этувчи орган раҳбари ўринбосари, бош бухгалтер, бош муҳандис ва бошқа бош мутахассислар;

- асосий ишлаб чиқариш бўлинмаларнинг раҳбарлари бўлган бошқарувчилар;

- акциядорлик жамияти фаолиятининг муҳим йўналишларини таъминловчи бошқа мутахассислар кириши мумкин.


3.4. Ижро этувчи орган аъзолари лавозим йўриқномаси томонидан белгилаб берилган ваколатлар, улар билан тузилган меҳнат контракти шартлари, Акциядорларнинг умумий йиғилиши, жамият Кузатувчи кенгашининг, ижро этувчи органнинг қарорлари ва ижро этувчи орган раҳбарининг кўрсатмалари доирасида иш тутади.

Якка бошчилик қилувчи ижро этувчи органни, жамиятнинг коллегиал ижро этувчи органи раҳбари ва аъзоларини моддий рағбатлантириш жамият фаолияти самарадорлигига қараб амалга оширилади.

3.5. Акциядорлик жамиятининг ижро этувчи органи раҳбари мазкур Низомга мувофиқ акциядорлик жамияти фаолиятидаги ўзгаришлар ва бошқа ҳолатлар муносабати билан акциядорлик жамиятининг ижро этувчи органи таркибига қўшимча номзодлар бўйича таклифлар киритиш ҳуқуқига эга.



IV. АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИ ИЖРО ЭТУВЧИ

ОРГАНИНИНГ РАҲБАРИ

4.2. Ижро этувчи орган раҳбари акциядорлик жамияти фаолиятининг барча масалаларини мустақил равишда ҳал қилди, Умумий йиғилиш ёки Кузатувчи кенгашнинг ваколатига киритилган масалалар бундан мустаснодир.


4.3. Ижро этувчи орган раҳбари:

- акциядорлик жамияти номидан ишончномасиз иш юритиш, бошқа ташкилотлар ва органлар билан бўлган ўзаро муносабатларда унинг манфаатларини ифодалаш;

- акциядорлик жамиятининг Устави ёки бошқа ҳужжатлари билан олдиндан келишган доираларда унинг мол-мулки ва пул-маблагларини тасарруф қилиш.

- шартномалар ва контрактлар, шу жумладан меҳнат шартнома (контракт)лари тузиш;

- ишончномалар бериш;

- банкларда ҳисоб-китоб счётлари ва бошқа счётлар очиш;

- ўзига бўйсунувчи барча ходимлар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар ва кўрсатмалар бериш;

- ходимлар штатини тасдиқлаш, уни бутлаш ҳуқуқига эгадир.


4.4. Ижро этувчи орган раҳбарининг вазифалари:

- ўз ваколатлари доирасида жамиятнинг самарали ва барқарор ишлашини таъминлаган ҳолда унинг жорий фаолиятига раҳбарлик қилиш, Акциядорлар умумий йиғилиши ва Кузатувчи кенгашнинг мутлақ ваколатига киритилган масалалардан ташқари;

- Акциядорлар умумий йиғилиши ва жамият Кузатувчи кенгаши қарорларининг бажарилишини ташкил этиш;

- ишлаб чиқариш бирликлари, цехлар ва жамиятнинг бошқа таркибий бўлинмаларининг ўзаро самарали ҳаракатини таъминлаш;

- жамият шартнома мажбуриятларининг бажарилишини таъминлаш;

- ишлаб чиқариш ва ижтимоий соҳани ривожлантириш учун зарур бўлган миқдорларда фойда олишни таъминлаш;

- жамиятни ривожлантириш дастурлари ва бизнес-режалари ишлаб чиқилишига раҳбарлик қилиш, уларни ташкил этиш ва бажарилишини назорат қилиш;

- жамият фаолиятида қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилинишини таъминлаш;

- жамиятда бухгалерия ҳисоби ва ҳисоботининг ташкил этилиши, зарур ҳолати ва ишончлигилигини таъминлаш, йиллик ҳисоботлар ва бошқа молиявий ҳисоботлар тегишли органларга ўз вақтида тақдим этилиши, шунингдек акциядорларга, кредиторларга ва бошқа олувчиларга юбориладиган жамият фаолияти тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилиши. Ижро этувчи органнинг раҳбари йилнинг ҳар чорагида йиллик бизнес-режа бажарилишининг бориши тўғрисида Кузатувчи кенгашга ҳисобот беради;

- жамиятнинг молиявий-хўжалик фаолияти тўғрисидаги ҳужжатлар жамиятнинг Кузатувчи кенгаши, тафтиш комиссияси ёки жамият аудитори талабига кўра тўсиқларсиз тақдим этилиши;

- давлат статистика ҳисоботи тегишли органларга тўлиқ ва ўз вақтида тақдим этилишини таъминлаш;

- жамиятнинг тижорат сирини ташкил этувчи ахборотларнинг сақланиши, агар бундай ахборотни учинчи шахсларга бериш унинг вазифалари доирасига кирмаса, жамиятнинг тижорат сирини ташкил этувчи маълумотлар рўйхати Кузатувчи кенгаш томонидан белгиланади;

- хизмат ёки тижорат сирини ташкил этувчи ахборотнинг жамият ходимлари томонидан сақланишини таъминлаш;

- жамиятнинг коллегиал ижро этувчи органи мажлислари ўтказилишини ташкил этиш, жамият номидан ҳужжатларни ва ижро этувчи орган мажлиси баёнларини имзолаш;

- жамиятни ихтисослашган ходимлар билан таъминлаш, жамият ходимларининг билими, малакаси, тажрибаси ва қобилиятларидан энг яхши фойдаланиш чора-тадбирларини кўриш;

- меҳнат ва технология интизомига риоя қилиниши;

- ижтимоий кафолатларга риоя қилинишини таъминлаш ва жамият ходимларининг меҳнатини муҳофаза қилиш;

- жамоа музокораларида ижро этувчи орган вакилларининг иштирокини таъминлаш. Жамоа шартномалари ва битимлар тузилишида иш берувчи сифатида қатнашиш. Жамоа шартномаси бўйича мажбуриятларни бажариш;

- ўз ваколатига тегишли ишларнинг ҳолати тўғрисидаги ахборотни Акциядорларнинг умумий йиғилишига ва жамиятнинг Кузатувчи кенгашига белгиланган муддатда тақдим этиш;

- амалдаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган ахборотлар улар томонидан олиниши, Акциядорларнинг умумий йиғилишида қатнашиш, дивидендлар ҳисобланиши ва тўланиши бўйича акциядорларнинг барча ҳуқуқларига риоя қилиш;

- ички ҳужжатларга, амалдаги қонун ҳужжатларига ва бошқа меъёрий ҳужжатларга риоя қилиш.


4.5. Ижро этувчи орган раҳбарининг аниқ ҳуқуқлари ва мажбуриятлари контрактда у билан олдиндан келишиб олинади.



V. АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИ ИЖРО ЭТУВЧИ

ОРГАНИНИНГ ИШ ТАРТИБИ


5.1. Акциядорлик жамияти ижро этувчи органининг мажлиси зарур ҳолларда, бироқ бир ойда камида бир марта ўтказилади. Ижро этувчи орган томонидан Кузатувчи кенгаш ёки Акциядорларнинг умумий йиғилиши ҳал қилиши учун киритиладиган масалалар мажбурий тартибда акциядорлик жамиятининг ижро этувчи органи мажлисида олдиндан муҳокама этилади. Акциядорлик жамияти ижро этувчи органининг фикри ҳақида Кузатувчи кенгашда ва Акциядорларнинг умумий йиғилишида ижро этувчи орган раҳбари ёки у томонидан ваколат берилган ижро этувчи орган аъзоси ахборот беради ва ҳимоя қилади.


5.2. Акциядорлик жамияти ижро этувчи органининг мажлисини ижро этувчи орган раҳбари ёхуд кўриб чиқилаётган масалалар тегишлилиги бўйича унинг ўринбосарларидан бири олиб боради.


5.3. Акциядорлик жамияти ижро этувчи органи котиби акциядорлик жамияти ижро этувчи органи мажлислари баёнлари юритилишини ташкил этади. Ижро этувчи орган мажлислари баёнларидан кўчирмалар:

мажбурий тартибда Кузатувчи кенгаш раҳбарига ва тафтиш комиссияси раҳбарига;

бошқа мансабдор шахслар ва аудиторларнинг талабига кўра фақат ижро этувчи орган раҳбарининг рухсати бўйича;

амалдаги қонун ҳужжатлари томонидан назарда тутилган ҳолларда бошқа шахсларга ва органларга (шу жумладан давлат органларига) берилади.



VI. АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИ ИЖРО ЭТУВЧИ

ОРГАНИ АЪЗОЛАРИНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


6.1. Агар ижро этувчи орган аъзоси акциядорлик жамияти томонларидан бири ҳисобланган битишувдан молиявий манфаатдор бўлган тақдирда, у қарор қабул қилингунча ўзининг манфаатдорлиги тўғрисида хабар беришга мажбур ва овозга қўйилганда қатнашмайди.


6.2. Ижро этувчи орган аъзолари уларга хизмат мавқеи билан берилган ҳуқуқлардан ўзлари меҳнат муносабатларида бўлган юридик ва жисмоний шахсларнинг мақсадлари манфаатлари йўлида фойдаланмасликлари керак.


6.3. Акциядорлик жамияти ижро этувчи органи аъзолари акциядорлик жамияти мол-мулкини тасарруф қилишдан шахсий фойда кўриш бўйича ҳаракатларга йўл қўйилмаслиги керак.


6.4. Акциядорлик жамияти ижро этувчи органининг аъзолари аъзолик даврида фаолияти акциядорлик жамияти маҳсулотларини сотиш ёки хизматлар тақдим этишда қийинчилик тугдирадиган корхоналарни таъсис этиш ёки таъсис этишда қатнашиш ҳуқуқига эга эмаслар. Ижро этувчи орган аъзоси акциядорлик жамиятида лавозимга тайинланганда худди шундай корхоналардаги ўз иштирокини тўхтатиши ва бу тўхтатиш тўғрисида акциядорлик жамияти Кузатувчи кенгашини хабардор қилмоги лозим.


6.5. Акциядорлик жамияти ижро этувчи органи аъзолари ўз вазифаларини бажармаганлиги ёки зарур даражада бажармаганлиги, натижасида жамиятига етказилган зарар учун Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига ва жамият Уставига мувофиқ акциядорлик жамиятига етказилган зарарни қоплаш бўйича тўлиқ ҳажмида акциядорлик жамияти олдида жавоб берадилар.


6.6. Бунда овоз беришда қатнашмаган ёки жамиятга зарар етказишга олиб келган қарорга қарши овоз берган ижро этувчи орган аъзолари жавоб бермайдилар.


6.7. Жамият ёки жамиятнинг жойлаштирилган оддий акцияларининг ҳаммаси бўлиб камида бир фоизга эга бўлган акциядор (акциядорлар) жамиятга етказилган зарарларни қоплаш тўғрисида ижро этувчи орган аъзоларига ёки акциядорлик жамияти ижро этувчи органининг айрим аъзоларига нисбатан даъво билан судга мурожаат этишга ҳақлидир.