язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Транспорт/ Темир йўл, ҳаво ва автомобиль транспортида юк ва йўловчилар ташиш бўйича фаолиятни лицензиялаш тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 12.05.1996 й. 175-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

1996 йил 12 майдаги

175-сон қарорига

1-ИЛОВА



Темир йўл, ҳаво ва автомобиль транспортида

юк ва йўловчилар ташиш бўйича фаолиятни

лицензиялаш тўғрисида

НИЗОМ


1. Ўзбекистон Республикасида юк ва йўловчиларни транспортда ташишни лицензиялаш ҳаракат ва учиш хавфсизлигини таъминлаш, транспорт объектларидан фойдаланишда экология нормаларига риоя қилиш ва транспорт хизмати бозорининг нормал ишлаши, ушбу хизматлар истеъмолчилари манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида амалга оширилади.


2. Юк ва йўловчилар ташишнинг қуйидаги турлари лицензияланади:


а

темир йўл транспортида:


йўловчилар ташиш;


йўловчиларни халқаро ташишлар;


юк ташиш;


юкларни халқаро ташишлар;


вокзаллар фаолияти;


юк саройлари фаолияти;


республика ичидаги транспорт-экспедиторлик фаолияти;


халқаро транспорт-экспедиторлик фаолияти;

б

автомобиль транспортида:


шаҳарда йўловчилар ташишлар;


шаҳар атрофида ва шаҳарлараро йўловчилар ташишлар;


йўловчиларни халқаро ташишлар;


шаҳарда юк ташишлар;


шаҳар атрофида ва шаҳарлараро юк ташишлар;


юкларни халқаро ташишлар;


автовокзаллар, автостанциялар ва автокассалар фаолияти;


республика ичида транспорт-экспедиция хизмати кўрсатиш;


халқаро транспорт-экспедиция хизмати кўрсатиш;

в

ҳаво транспортида:


маҳаллий ҳаво йўлларида юк ташиш;


маҳаллий ҳаво йўлларида йўловчилар ташиш;


халқаро ҳаво йўлларида юк ташиш;


халқаро ҳаво йўлларида йўловчилар ташиш;


аэропортларда ҳаво кемалари, йўловчилар ва юкларга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ фаолият;


корхоналар ва аҳоли эҳтиёжлари учун авиация ишлари.


Корхоналар (ташкилотлар), бажариладиган ишларга кўра, юк ва йўловчилар ташишларнинг бир неча тури учун лицензияга эга бўлишлари мумкин.


3. Йўловчилар, юклар ташишларнинг ва авиация ишларининг қуйидаги турлари лицензияланмайди:

а) Ўзбекистон Республикасининг махсус қонунчилик ҳужжатлари асосида амалга ошириладиган;

б) аҳоли ҳаёти ва саломатлигини хавф остига қўядиган ҳамда авария-қутқарув ва тиклаш ишларини талаб қиладиган табиий офатлар, эпидемиялар, йирик авариялар оқибатларини тугатиш билан боғлиқ бўлган.


4. Лицензия олиш учун комиссияга қуйидагилар тақдим этилади:

а) белгиланган шаклдаги ариза;

б) таъсис ҳужжатлари ёки уларнинг тасдиқланган нусхалари;

в) Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси органлари томонидан (авиация ташишлари ва ишларини бажариш учун берилган) аттестация варақаси нусхаси;

г) транспортда ташишларни таъминлаш, авиация ишлари учун корхона (ташкилот) эга бўлган ҳаракат состави (ҳаво кемалари) парки (тури, маркаси ва сони) тўғрисида маълумотлар, шунингдек юклаш-тушириш механизмлари, омборхона бинолари, майдончалар, техник хизмат кўрсатиш ва ҳаракатдаги составни, чипта-босма аппаратларини тузатиш постлари, йўловчилар учун кутиш жойлари, транспортга чиқариш майдончалари мавжудлиги ва уларнинг ҳолати тўғрисида, шунингдек объектлар, бинолар, ер усти иншоотлари ҳамда лицензияланадиган фаолиятни бажариш асбоб-ускуналарининг тайёрлиги тўғрисида маълумотлар ва бажариладиган ишларга кўра зарур маълумотлар;

д) халқаро ташишларга хизматларни амалга ошириш (кўрсатиш)га лицензия беришда халқаро ташишларни ташкил этиш билан боғлиқ бўлган корхона (ташкилот)нинг профессионал жиҳатдан яроқлилигини тасдиқловчи ҳужжатлар ва ташқи иқтисодий алоқалар қатнашчиси гувоҳномасининг нусхаси қўшимча равишда талаб қилинади;

е) лицензия бериш учун йиғимни тўлаганлик тўғрисидаги ҳужжатлар.

"г" ва "д" кичик бандларида кўрсатилган ҳужжатлар "Ўзбекистон темир йўллари" компанияси, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" авиакомпанияси ва "Ўзавтотранс" корпорациясининг   (фаолият турига кўра) эксперт хулосаси билан бирга тақдим этилади.

Корхона (ташкилот) раҳбарлари тақдим этилган маълумотларнинг тўғрилиги учун жавобгардирлар.


5. Лицензиялар олиш учун давлат пошлинаси амалдаги қонунчиликка мувофиқ ундирилади.


6. Лицензия бериш (бермаслик) ҳақидаги қарор тўғри расмийлаштирилган ҳужжатлар олингандан кейин 10 кундан кечиктирилмай қабул қилинади.

Комиссия ҳужжатлар тегишли равишда расмийлаштирилмай тақдим этилганда, шунингдек улар амалдаги қонунчилик ва мазкур Низом талабларига мувофиқ келмаган ҳолларда лицензиялар беришни рад этиш ҳуқуқига эга. Лицензия беришни рад этишга бошқа сабаблар, шу жумладан мақсадга мувофиқ эмаслиги туфайли йўл қўйилмайди.

Лицензия беришни рад этиш туррисидаги қарор асосланган бўлиши ва мурожаат қилувчига ёзма равишда жўнатилиши керак.

Мурожаат қилувчи томонидан ҳужжатлар қайта расмийлаштирилган тақдирда улар 5 кун муддатда қайта кўриб чиқилади.


7. Лицензия бериш:

а) ҳаракатдаги состав (ҳаво кемалари), авиация техникаси ёхуд бошқа шартлар ташишлар (парвозлар) хавфсизлигини таъминлаш ёки амалга оширилишига рухсат сўраладиган фаолият хусусиятига оид белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаганда;

б) мурожаат қилувчининг ишлаб чиқариш базаси экологик ва бошқа белгиланган талабларга мувофиқ келмаганда;

в) авиация ташишлари ва ишларини бажариш учун ариза берувчининг аттестация варақаси амалга оширилишига рухсат сўраладиган фаолият хусусиятига мувофиқ бўлмаганда;

г) тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри маълумотлар кўрсатилганда;

д) ариза берувчи қонунда белгиланган тартибда лицензияланадиган фаолият бўйича ноҳалол рақобатчиликда айбдор деб тан олинганда;

е) Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда рад этилади.


8. Лицензиялар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси комиссиясининг қарорига биноан белгиланган шаклда 5 йил муддатгача берилади.

Ариза берувчининг асосланган илтимосига биноан лицензиянинг амалда бўлиши муддати белгиланган миқдордаги пошлина тўлангач яна шунча муддатга узайтирилиши мумкин. Лицензиянинг узайтирилиши ёзма равишда тасдиқланади.

Лицензияларда амалда бўлиш ҳудудлари ва бажариладиган ишларнинг турлари бўйича чеклашлар назарда тутилиши мумкин.

Лицензия ҳаракатдаги состав, техник воситалар, бинолар, иншоотлар, асбоб-ускуналар, қурилмалар ва бошқа объектлардан фойдаланишнинг амалдаги қоидаларида назарда тутилган зарур гувоҳномалар, иш дипломлари, сертификатлар ва бошқа ҳужжатларга эга бўлиш мажбуриятидан озод қилмайди.


9. Лицензияни бошқа шахсларга бериш ман этилади. Лицензиатнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли ўзгарганда лицензия унинг берилиши учун белгиланган тартибда қайта расмийлаштирилиши лозим.


10. Лицензия эгаси:

а) йўловчилар ва юк ташиш ҳамда ишлар бажаришда ҳар бир автотранспорт воситасида, ҳаво кемасида махсус лицензия карточкаларининг бўлишини таъминлашга;

б) Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ва норматив ҳужжатларига, шунингдек лицензия шартларига риоя қилинишини таъминлашга;

в) комиссия ва "Ўзбекистон темир йўллари" компанияси, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" авиакомпанияси ҳамда "Ўзавтотранс" корпорацияси талабларига биноан лицензияланган фаолияти ҳақидаги маълумотларни тақдим этишга;

г) ўз ташкилий-ҳуқуқий шаклининг ўзгарганлиги ҳақида бир ҳафта муддатда комиссияни хабардор этишга мажбурдир.


11. Лицензия бланклари ва лицензия карточкалари қатъий ҳисобдаги ҳужжатлар ҳисобланади, серияси ва тартиб рақамига эга бўлиб матбаа йўли билан тайёрланади.


12. Лицензия шартларига риоя этилиши устидан назорат "Ўзбекистон темир йўллари" компанияси, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" авиакомпанияси ва "Ўзавтотранс" корпорацияси томонидан таъминланади.


13. Лицензия қуйидаги ҳолларда комиссия томонидан бекор қилиниши мумкин:

а) лицензиат аризасига биноан;

б) агар лицензия олиш учун такдим этилган материалларда ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар мавжудлиги аниқланса;

в) агар корхона (ташкилот) томонидан лицензияда белгиланган фаолият турига амал қилинмаётган бўлса;

г) Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда.


14. Лицензияни бекор қилишга асослар аниқланган ҳолларда комиссия корхона (ташкилот)га тартиб бузилишини тузатиш зарурлиги ҳақида огоҳлантириш хати беради. Агар корхона (ташкилот) огоҳлантириш хатини олгач 30 кун муддатда тартиб бузилишини бартараф этмаса комиссия лицензияни бекор қилади ва тегишли фаолиятнинг тўхтатилиши лозим бўлган муҳлатни белгилайди.

Лицензиянинг бекор қилингани ҳақидаги қарор нусхаси 3 кун муддатда корхона (ташкилот) ва у жойлашган ҳудуддаги ҳокимликка жўнатилади.

Қарор нусхаси олинган кундан бошлаб 10 кун муддатда лицензия ва лицензия карточкалари "Ўзбекистон темир йўллари" компанияси, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" авиакомпанияси ва "Ўзавтотранс" корпорациясига топширилиши зарур.


15. Корхона (ташкилот) лицензия бериш рад этилганлиги ёки унинг бекор қилингани тўғрисидаги қарор нусхасини олгандан сўнг 30 кун муддатда судга арз қилиш ҳуқуқига эга.


16. Мазкур Низомнинг 2-бандида кўрсатилган фаолиятни лицензиясиз ёки мазкур Низомда назарда тутилган тартибни бузган ҳолда амалга оширган корхона (ташкилот)лар амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавоб берадилар.